Устозлик шарафи ва масъулияти
Download 120.6 Kb.
|
Устозлик шарафи ва масъулияти
Устозлик шарафи ва масъулияти BY ТЎЛҚИН ЭШБЕК · 30.09.2017 Устоз – отангдан улуғ деган мақол замирида оламча маъно мужассам. Биз шундай бахтли кунларга етишишимизда фидойилик кўрсатган азиз устозларнинг хизматлари беқиёс. “Ўзбек халқ мақоллари”, 5-синфнинг “Одобнома” китобларида, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” ва бошқа улуғ адиб ҳамда алломаларнинг асарларида ушбу мақол моҳияти теран ёритилган. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китобида мазкур мақолни “Устоз – отангдек улуғ” деб бузиб талқин қиладиганлар асосли танқид қилинган. Устозларга бўлган эҳтиром барчага янада кўтаринки руҳ бахш этади. Ушбу мавзуда адабиётшунос Абдураҳмон Пиримқуловнинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси 2011 йил 21 октябрь сонида ёритилган “Устозлик мақоми” сарлавҳали мақоласида шундай ибратли фикрларни ўқиймиз: Шарқда, хусусан, биз ўзбекларда устоз мақоми ниҳоятда баланд. Муайян касб, ҳунар ёхуд санъат эгаси ўз соҳасининг сир-асрорларини шу соҳанинг бошқа етакчи, тажрибали билимдонидан ўрганади ва худди шу жойда устоз-шогирдлик муносабати шаклланади. Илм жабҳасида бу сўз расмий характерга эга. Дейлик, бир фан номзодининг фақат биргина расмий устози бўлади. Халқимиз тилидаги машҳур мақолни эсга олайлик: Устоз – отангдан улуғ. Ушбу мақол шаклини бир оз таҳрир билан «отангдек» дейдиган ҳам бўлишди. Бу унча тўғри эмас. Унутмаслик керакки, бу ўринда гап «гап» ҳақида эмас, «мақол» ҳақида кетяпти. Мақол бу халқ оғзаки ижодининг ўзига хос жанри — адабий ҳодисадир. Адабиёт эса сўзга, фикру мулоҳазага пардоз беради, ошириб гапиришни тақозо қилади. Бинобарин, мақолга сўз санъати мезонларидан келиб чиқиб муносабат билдириш лозим. Мақол таркибидаги «дан»ни «дек» деб ўзгартириш унинг сўз санъатига хос хусусиятини хийла сийқалаштиради. Демоқчиманки, адабий унсур муболағасиз қўлланса, мақолнинг ўзига хос тароватига путур етади. Боз устига мақол моҳияти ота мавқеини пасайтиришни эмас, устозга кўрсатилиши лозим бўлган алоҳида эҳтиромни ўзида мажассамлаштирган. Мақол моҳиятини англашнинг мураккаб жиҳати йўқ. Бўлмайдиям. Баъзилар дейдики, ота фарзандни дунёга келтирган зот, у кишидан устун бўладиган инсон ҳаётда бўлиши мумкин эмас. Тўғри, бу фикрда жон йўқ эмас. Шу билан бирга, бу шарқона ахлоқ мезонларини ёхуд унинг моҳиятини, шунингдек, эстетик сўз жозибасини идрок этадиганлар фикри эмас. Устозни улуғлаш отага бўлган эҳтиромнинг олий босқичи. Алҳол, ўзгача эмас. Ҳаётда гоҳо оилавий шароитидан, аниқроғи отасининг ношудлигидан азият чеккан одамлар ҳам учрайди. Уларга шу мақол шаклларини кўрсатсангиз, шубҳасиз, биринчисини — «отангдан улуғ» деган муқобилни танлайди. Бу ерда бошқа парадокс бор. У ўз фикрининг тўғрилигини етарлича англаяпти. Яъни, у масалага ўз ҳаётидан келиб чиқиб муносабат билдиряпти. Шунга қарамай, унинг фикри машҳур мақол моҳиятига тўла мос. Ҳозир «шогирди» ҳақида оғиз кўпиртириб гапирадиган «устозча»лар кўпайиб бораётгандек. Айниқса, қўшиқчилар ўртасида. Савияли ёки ўзига яраша дунёқарашли мухлисга эга бўлмаган уч-тўрт хонандалар ҳали ўз йўналишига етарлича эга бўлмай туриб, «шогирдларим» дея бонг уриш нақадар одобсизлик эканини билишмайди. Улар шогирдлари ҳақида мақтаниб сўзлашдан олдин, устозлик бурчларини тўлиқ адо этиш ҳақида ўйласалар яхши бўлур эди. Эл орасида машҳур, деган эътироф ҳам рағбат, албатта, аммо бу ҳали устозлик рутбасига эришди дегани эмас. Устозлик мақоми бу тушунчалардан баланд туради. Яхши санъаткор бўлиш эҳтимол осондир. Бироқ устоз санъаткор бўлишнинг ўзига яраша масъулияти бор. Бу фикр изоҳга муҳтож бўлмаса керак. Нуфузли санъаткоримиз, Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов ўз услуби, йўналишида ижод қилиб, халқ назарига тушаётган бир неча шогирдлари бўлгани ҳолда яқинда берган бир интервюсида: «Менинг шогирдим йўқ, мабодо санъатимдан баҳраманд бўлиб, қўшиқларимни айтиш орқали ўз йўналишини топишга интилаётган хонандалар мени ўзларига устоз билсалар, мен ҳам уларни шогирдим, деб ҳисоблайман», дебди. Ана буни чинакам устоз эътирофи десак, арзийди. Ҳақиқий устоз камтар бўлсин. Талабчанлик, қатъийлик, меҳрибонлик ва бошқа фазилатлар худди шу камтарликдан униб чиқаверади. Алқисса, устоз — отангдан улуғ. Зинҳор ўзгача эмас. Суратда: ўнгдан ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ва проректор Давлатбой Жумабоев талабалар билан маънавий-маърифий тадбирдан сўнг. луғ шоирнинг муаллимга эҳтиромидан дилинг яйраб кетади, дейди Дониш домла талабаларига уни ибрат қилиб кўрсатиб. Қадри билинади энди менга гоҳ, Оддий мактабимнинг ўша беҳашам, Навоий-ку бизга устоздир бироқ, Кимдир ўқитган-ку Алишерни ҳам, Шундай буюк зотга ҳарф ўргатган ким? Оддий муаллим-да, оддий муаллим! Тупроқдай хокисор безовта жонлар, Аммо қаноатда тоғдек улуғвор. Ҳатто Темурдайин соҳибқиронлар, Пирим деб этагин тутган зотлар бор. Қайсар жаҳонгирга йўл кўрсатган ким, Оддий муаллим-да, оддий муаллим! Аяган ҳаётнинг санчиқларидан, Йиқилса кўтарган тўсиқларидан, Отадек эзилган ғуссага ботса, Боладек қувонган ютуқларидан. Уйқуда шогирдин ўйлаб ётган ким? Оддий муаллим-да, оддий муаллим! Йўқдан Берунийни бинолар қилган, Ҳусайнни ибн Синолар қилган, Машрабни машҳур-у дунёлар қилган. Абдуллонинг тилин бурролар қилган, Илон ўйнатгандек сўз ўйнатган ким? Оддий муаллим-да, оддий муаллим! Улфат кўп-у аммо бир дўсти ҳамроҳ — Ҳалим тополмадим ундан ҳалимроқ. Қанча устоз кўрдим, қанча олийгоҳ, Олим тополмадим ундан олимроқ. Бола юрагимда бебаҳо тилсим — Оддий муаллим-да, оддий муаллим! Юзга кираман мен Худо хоҳласа, Эҳтимол юздан ҳам ўтарман бир кун. Қайноқ қучоғида ҳурлар чорласа, Ҳеч кимдан қарзим йўқ кетарман бир кун. Бўлса ҳам, бир зотда бўлади қарзим, Оддий муаллим-да, оддий муаллим! Муҳаммад ЮСУФ, Ўзбекистон халқ шоири Download 120.6 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling