Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Download 46.3 Kb.
|
СҚ-368-IV 26.08.2021
[ОКОЗ: 1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.08.00.00 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси / 01.08.01.00 Умумий қоидалар. Олий Мажлисга сайловлар / 01.08.01.01 Умумий қоидалар; 2.14.00.00.00 Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия. Спорт. Туризм / 14.02.00.00 Жисмоний тарбия ва спорт / 14.02.01.00 Умумий масалалар] [ТСЗ: 2.Ижтимоий-маданий масалалар / Соғлиқни сақлаш. Санитарияга оид қонун ҳужжатлари] Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори Аҳолини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш жараёнида юзага келаётган муаммолар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 20 ноябрдаги СҚ-180-IV-сонли Қарори билан аҳолини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш жараёнида юзага келаётган муаммолар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровига берилган жавобни кўриб чиқиб ҳамда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати бу борада муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади. Хусусан, югуриш, юриш, велоспорт, бадминтон, стритбол, Workaut ва бошқа спорт турлари бўйича жами 56 мингдан зиёд оммавий спорт тадбирлари ташкил этилиб, ушбу мусобақаларга 4 млн 700 минг аҳоли жалб қилинган. Аҳоли ўртасида 31 мингга яқин соғломлаштириш (эрталабки бадантарбия) тадбирларида 3 млндан ортиқ аҳоли иштироки таъминланган. Маҳалла аҳолисини доимий равишда жисмоний тарбия машғулотларига жалб этиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла» танловини ташкил этиш йўлга қўйилиши натижасида 2021 йилнинг биринчи чорагида маҳаллаларда 70 мингга яқин спорт мусобақаси ўтказилиб, уларда 2 млндан зиёд аҳоли қамраб олинган. Мамлакатимиздаги 10 мингдан ортиқ мактабларда спорт турлари бўйича 64 339 та тўгарак ташкил қилиниб, 1 млн 400 минг нафар ўқувчи жалб этилган. «Ёшлар ҳафталиги» доирасидаги 17 981 та оммавий тадбирга 1 млн 300 минг нафар, «Таълим муассасалари ҳафталиги» доирасидаги 29 680 та оммавий тадбирда 1 млн 600 мингдан зиёд ёшлар иштироки таъминланган. Шунингдек, аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» www.1hls.uz веб-портали ҳамда унинг мобил иловаси яратилиб, ишга туширилган ҳамда юклаб олиш учун Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштирилган. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан биргаликда 2021 йил 1 мартдан бошлаб спортнинг 30 дан ортиқ тури бўйича Олимпия, жаҳон, Осиё ва мамлакат чемпионлари республика бўйича мингта мактабга бириктирилиб, ёшларни профессионал спортга жалб қилиш бўйича «маҳорат сабоқлари» ташкил қилинган. Вазирлик, идора ва ташкилотларда ходимларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун шароитлар яратиш мақсадида «Спорт тарғиботчилари» тайинланган ҳамда уларга қўшимча вазифалар юклатилган. Яратиб берилаётган шарт-шароитлар натижасида спорт билан доимий шуғулланувчи аҳоли сони 2020 йилдаги 19 фоиздан 2021 йилда 21,3 фоизга етказилган. Амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги аниқланди. Жумладан, аҳолини жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш ҳисобини юритишнинг аниқ мезонлари йўқлиги туфайли жойларда бу борадаги кўрсаткичларни реал баҳолаш имкони мавжуд эмас. Айрим ҳудудларда бир марталик оммавий спорт тадбирларига жалб қилинган аҳолини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланувчилар рўйхатига киритиш орқали қамров кўрсаткичларини ошириш ҳолатлари кузатилмоқда. «Саломатлик учун 5000 қадам» каби акциялар бир марталик кампанияга айланиб, мунтазамлик касб этмаяпти. Ҳудудлардаги биринчи раҳбарлар мазкур акцияларда фаол қатнашмаётгани ҳамда оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда улар иштирокида мунтазам тарғибот олиб борилмаётгани аҳолини жисмоний тарбия ва спортга мунтазам жалб қилишда кутилган самарага эришилмаяпти. Ҳудудлардаги спорт иншоотлари, хусусан, Тошкент вилоятидаги футбол стадионлари имкониятларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилмаган. «Workout» (маҳалла ва кўча фитнеси) — махсус спорт майдончаларидаги жиҳозлар қаровсизлиги сабабли фойдаланишга яроқсиз аҳволга келиб қолган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида 2021 йил 1 майга қадар ҳар бир туман маркази ва шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари»ни бунёд этиш белгиланган бўлса-да, айрим ҳудудларда ушбу топшириқ ижроси бугунга қадар бажарилмаган. Хусусан, Тошкент вилоятида 283 та, Сирдарё вилоятида 127 та, Тошкент шаҳрида 85 та, Жиззах вилоятида 55 та, Хоразм ҳамда Сурхондарё вилоятларидаги 48 тадан маҳаллада велоспорт, юриш, югуриш йўлаклари мавжуд эмас. Айрим ҳудудлардаги мутасаддилар томонидан «Саломатлик йўлаклари» сифатида тақдим этилаётган пиёдалар йўлаклари белгиланган ўлчамлар ва талабларга жавоб бермайди. Шунингдек, Тошкент вилоятида 477 та, Қашқадарё вилоятида 268 та, Сурхондарё вилоятида 208 та, Жиззах вилоятида 207 та, Хоразм вилоятида 124 та, Бухоро вилоятида 180 та, Андижон вилоятида 58 та маҳаллада «Workout» майдончалари ташкил қилинмаган. Хоразм вилоятида 171 та, Андижон вилоятида 71 та, Тошкент вилоятида 38 та маҳаллада мини футбол майдонлари йўқ. Спорт объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш ҳамда мазкур соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш тизими етарлича ташкил этилмаган. Инвестиция дастурларига киритилган спорт иншоотларида олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилганлиги туфайли мазкур иншоотлар қабул қилиб олингандан сўнг фойдаланишга яроқсиз аҳволда қолмоқда. Жумладан, Поп туманида 2016 йил қурилган сузиш ҳавзаси 2 йил давомида ишламаган. Маҳаллий бюджетдан қўшимча 500 млн маблағ ажратилиб, қурилишдаги камчиликлар бартараф этилган. Янгийўл туманида 2019 йилдаги инвестиция дастурига киритилган футбол стадионидаги қурилиш ишлари охирига етказилмай, иншоот шу кунга қадар фойдаланишга топширилмаган. Тошкент шаҳридаги Себзор сув ҳавзасида 2020 йилда бошланган реконструкция ва таъмирлаш ишлари белгиланган муддатда (2021 йил март) якунланмаган. Бундан ташқари, таъмирлаш жараёнида йўл қўйилган камчиликлар, сифатсиз бажарилган ишлар туфайли иншоотнинг томидан чакки ўтиши, янги қўйилган иситиш радиаторлардан сув оқиб кетиши каби ҳолатлар кузатилган. Шунингдек, Сув спорти мактабига қарашли Сағбон сув ҳавзаси 2018 йилда марказлашган иситиш тизимидан узилганлиги оқибатида ўқув машғулотлар тўхтатилган. Муқобил иситиш қозонхона қурилишига шу кунга қадар зарур пул маблағлари ажратилмаган. Натижада Сағбон сув ҳавзасида ўтилиши керак бўлган ўқув машғулотлари бошқа иншоотларда пуллик тарзда олиб борилмоқда. Қурилиш-таъмирлаш ишларининг ўз вақтида бажарилмаслиги вақт ўтган сайин объектлар учун белгиланган ҳисоб-китоблардан кўпроқ маблағ сарфланишига олиб келяпти. Бундан ташқари, айрим туманларда спорт комплекслари йўқлиги аҳолини жисмоний тарбия ва спортга жалб этишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, 200 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Янгийўл туманида спорт комплекси мавжуд эмас. Ҳудудларда спорт иншоотлари бир неча йиллардан буён инвестиция дастурларига киритилмаётганлиги ҳам жойларда жисмоний тарбия ва спорт ривожига тўсиқ бўлмоқда. Хусусан, Поп туманида 2016 йилдан буён бирорта ҳам спорт объекти инвестиция дастурига киритилмаган. Мамлакатимизда Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланувчилар сони 22 млндан ошган бугунги кунда «Соғлом турмуш тарзи» www.1hls.uz мобил иловасидан 2021 йилнинг биринчи ярмида фақат 7 минг киши фойдаланган. Туризм ва спорт вазирлиги томонидан «Соғлом турмуш тарзи» платформасида рўйхатдан ўтган ва ундан фойдаланган жисмоний шахслар сонига ҳамда уларнинг спорт натижаларига қараб вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳар чорак якуни бўйича рейтингини тузиш ва улар фаолиятига Ҳукумат томонидан баҳо бериш ишлари етарлича олиб борилмаяпти. Ташкилот ва идораларнинг тегишли ҳудудларида велосипед турар жойлари ва замонавий спорт (шу жумладан, Workout) майдончаларини ташкил этиш ҳолати талаб даражасида эмас. Давлат органлари ва ташкилотларининг касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги жамоа шартномаларида иш куни давомида ходимлар ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларини бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффуслар белгилангани мониторинг қилинмаган. Соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган «Спорт тарғиботчилари» учун йўриқномалар етказиб берилмагани туфайли мазкур тизимдан кутилган самарага эришилмаяпти. Шунингдек, «Спорт тарғиботчилари»нинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама тўлаш учун маблағлар ажратилмаган. Ташкилот ва идораларнинг раҳбар ва барча ходимлари иш вақтидан сўнг ҳафтада камида бир марта жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари (югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқалар) билан шуғулланиши ташкил қилинмаган. Ҳар шанба соат 14:00 дан кейин ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш, мусобақаларни байрамона руҳда, «шоу» кўринишида ўтказиш, ғолиб ва совриндорларни муносиб рағбатлантириш йўлга қўйилмаган. Туман (шаҳар)ларда ҳар чоракда ташкил қилиниши белгиланган «Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла» танловини мунтазам ўтказиш йўлга қўйилмаган. Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади: 1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 20 ноябрдаги СҚ-180-IV-сонли Қарорига мувофиқ, аҳолини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш жараёнида юзага келаётган муаммолар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари юзасидан берилган жавоб ҳамда Сенатнинг Ёшлар, Маданият ва спорт масалалари қўмитасининг ўрганиш якунлари бўйича ахбороти маълумот учун қабул қилинсин. 2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари комплекси (А. Абдуҳакимов): «Саломатлик учун 5000 қадам» каби акцияларни мунтазам ташкил этиш ва уларда ҳудудлар ҳамда ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирокини таъминлаш; ташкилот ва идораларнинг тегишли ҳудудларида велосипед турар жойлари ва замонавий спорт (шу жумладан, Workout) майдончаларини ташкил этиш; ташкилот ва идораларнинг раҳбар ва барча ходимлари иш вақтидан сўнг ҳафтада камида бир марта жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари (югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқалар) билан шуғулланиши ташкил қилиш; ҳар шанба соат 14:00 дан кейин ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш, мусобақаларни байрамона руҳда, «шоу» кўринишида ўтказиш, ғолиб ва совриндорларни муносиб рағбатлантиришни йўлга қўйиш; бир ой муддатда Токио Олимпиадасида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимиз таълим олган мактаб ва олий ўқув юртларида, вояга етган маҳаллаларда уларнинг ибратли фаолиятини тарғиб этишга бағишланган кўргазмалар ташкил қилиш чораларини кўрсин. Ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан 2021 йилнинг 1 декабрига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот берсин. 3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари комплекси (А. Раматов): ҳар бир туман маркази ва шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари»ни белгиланган муддатларда ташкил қилмаган раҳбарларга тегишли чоралар кўриш ва ушбу йўлакларни 2021 йил 1 октябрга қадар тўлиқ ташкил қилиш; инвестиция дастурларига киритилган спорт иншоотларидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилган ҳудудлардаги мутасаддиларга нисбатан тегишли чоралар кўриш ҳамда инвестиция дастурларига киритилган объектларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини доимий назорат қилиш; спорт комплекслари мавжуд бўлмаган Чуст, Янгийўл каби туманларда замонавий спорт комплексларини бунёд этиш ва бир неча йиллардан буён инвестиция дастурларига киритилмаётган ҳудудлардаги спорт иншоотларини мазкур дастурларга киритиш чораларини кўрсин. 4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари комплекси (Ж. Кучкаров) бир ой муддатда соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган «Спорт тарғиботчилари»нинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама тўлаш учун маблағлар тўлиқ ажратилишини таъминласин. 5. Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги: бир ой муддатда аҳолини жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш ҳисобини юритишнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш; ҳудудлардаги спорт иншоотлари, хусусан, «Саломатлик йўлаклари» футбол стадионлари, «Workout» спорт майдончалари имкониятларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш; спорт объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш ҳамда мазкур соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш; аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» www.1hls.uz мобил иловасини оммалаштириш; «Соғлом турмуш тарзи» платформасида рўйхатдан ўтган ва ундан фойдаланган жисмоний шахслар сонига ҳамда уларнинг спорт натижаларига қараб вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳар чорак якуни бўйича рейтингини тузиш ва улар фаолиятига баҳо бериш учун Ҳукуматга таклиф киритиш; давлат органлари ва ташкилотларининг касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги жамоа шартномаларида иш куни давомида ходимлар ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларини бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффуслар белгиланганини мониторинг қилиш; соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган «Спорт тарғиботчилари» учун йўриқномалар ишлаб чиқиш ва ҳудудларга етказиб бериш; Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги билан биргаликда туман (шаҳар)ларда ҳар чоракда «Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла» танловини ҳар чоракда ўтказиб бориш ҳамда маҳаллаларда спортнинг жамоавий ўйин турлари бўйича мусобақалар мунтазам ташкил этилишини таъминлаш, беш муҳим ташаббус доирасида уюшмаган ёшларни спорт тўгаракларига жалб қилиш ишларини самарали ташкил қилиш; уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ҳудудлардаги аҳоли орасида аниқланган касалликларга қарши курашишда яхши самара берадиган спорт турлари ва жисмоний тарбия машқларини татбиқ этиш дастурларини ишлаб чиқиш; Самарқанд вилоятида Халқаро стандартларга жавоб берадиган ёпиқ турдаги велотрек спорт мажмуасини барпо этиш бўйича ишларни 2022 йил 1 декабрга қадар якунлаш чораларини кўрсин. 6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги билан биргаликда ҳар бир мактабдаги бир нафар жисмоний тарбия ўқитувчисининг лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама тўлаш орқали маҳаллаларга «спорт тарғиботчиси» сифатида бириктириш чораларини кўрсин. 7. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига: ҳудудларда инвестиция дастурларига киритилган спорт иншоотларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш ҳамда спорт объектларини инвестиция дастурларига киритиб бориш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш; маҳаллий Кенгашлар сессияларида тегишли мутасадди раҳбарларнинг аҳолини, айниқса ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш юзасидан олиб борилаётган ишлар бўйича ахборотларини ҳар чоракда эшитиш; жойларда спорт иншоотларини таъмирлаш, спорт объектларини керакли жиҳозлар билан таъминлаш ва спорт мусобақаларини ташкил этиш учун маҳаллий бюджетдан маблағ йўналтириш масаласини доимий назоратга олиш тавсия этилсин. 8. Мазкур Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б. Сайфуллаев зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА Тошкент ш., 2021 йил 26 август, СҚ-368-IV-сон Download 46.3 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling