ЗОҲиджон олов шеърлари


Download 308.77 Kb.
Sana15.07.2020
Hajmi308.77 Kb.
#123861
Bog'liq
Зохиджон ОЛОВ шеърлари


ЗОҲИДЖОН ОЛОВ ШЕЪРЛАРИ

РЎМИЙНИ ЎҚИБ...


Шодон кекирасан қўлингда шароб,

Оғзингни артасан нонга бепарво.

Аммо қайлардадир ютиб минг азоб,

Одамлар очликдан бўлмоқда адо.


Тоғдек таянчларинг ҳаёт экан, бас,

Айт, нечун етмассан улар қадрига?

Шу тоб қаердадир шўрманглай бир кас,

Бош уриб зорланар она қабрига.


Бор, кўнглини кўтар, пойига сурт кўз,

Қалбингда товлансин меҳр деган чўғ.

Бу фоний дунёда отангдек чин дўст

Онангдек мўътабар, азиз жаннат йўқ.


Қўл-оёғинг бутун, тўрт мучанг омон,

Лек ётарсан омад ёмғирин кутиб.

Ўзинг интилмасанг эгилмас осмон,

Ер ҳам бахтга элтмас қўлингдан тутиб.


Худони йўқ дейсан ҳар ён солиб дод,

Ишинг юришмаса, терс келса тақдир.

Яратганни тинч қўй, У бор, барҳаёт,

Сен ўзинг бормисан, ўшандан гапир?!


5.06.2018

* * *
Сўзга таъзимдаман токи жон танда,

Унга бахшидадир ҳаётим, меҳрим.

Худо умр берсин, ҳеч бўлмаганда,

Якунига етсин бошлаган шеърим.
Гарчи йўлим узун, мақсад тоғдек чўнг,

Тангрим, илҳом селин ёғдир беаёв.

Ахир ўзбекларда Абдуллодан сўнг,

Шоир чиқмади, деб қувонмасин ёв.


Ва маҳзун тортмасин дўстлар ҳам асло,

Қучоқ очай шараф истиқболига.

Уялтириб қўйма мени, ё Оллоҳ,

Солиб юраги йўқ тошлар ҳолига...


Элнинг мулки бўлсин айтган ҳар сўзим,

Ҳар сўзки, чўққидек азим, муаззам.

Шеъримга муносиб бўлайин ўзим,

Ўзимга ярашиб турсин шеърим ҳам.


Менга қаймоғин бер олий ҳисларнинг,

Ҳар байтим ошиқда уйғотсин ғайрат.

Шеърим ўқиб, ухлаб қолган қизларнинг

Тушларига кирсин Навоий Ҳазрат.


30.05.2018

ДУО БЕРИНГ


Сўзу оҳанг топдим, лек соз топмадим,

Роз топдиму, дилга ҳамроз топмадим,

Сиздан ҳам устозроқ устоз топмадим,

Менга дуо беринг, Навоий бобо.


Менсиз ҳам беҳисоб воридларингиз,

Беминнат муриди собитларингиз,

Нетай, шогирд демас шогирдларингиз,

Менга дуо беринг, Навоий бобо.


Кўпдур қалби забун, дудуқ шоирлар,

Ўзи бор, сўзи йўқ, қуруқ шоирлар,

Керак бу Ватанга улуғ шоирлар,

Менга дуо беринг, Навоий бобо.


Авлиё шоирим, айлаб каромат,

Кошки, тушларимда қурсангиз суҳбат,

Не тонг, Ҳақ қошида бўлса ижобат,

Менга дуо беринг, Навоий бобо.


Майлига, синдириб ташланг сўнг созим,

Тошларни ёрмаса агар овозим,

Ҳам орзу, ҳам ўтинч, ҳам илтимосим,

Менга дуо беринг, Навоий бобо.


22.02.2018

ЭСКИ ГАП
Қишлоқда эркаклар кўринса бирдан,

Аёл жим, йўл кесмай туриши керак.

Шаҳарда билакс — тавозе билан,

Гўзал хонимларга йўл берар эркак.
Қишлоқда аёллар аста ер чизиб,

Эрга салом берар гўё келинчак.

Бировнинг ёрими, жувонми, қизми,

Шаҳарда аёлга қўл берар эркак.


Ғурурми, уятми, қишлоқлик ўғлон

Севгидан ёнса ҳам очмайди юрак.

Шаҳарда ишқини қилиб юз достон,

Нозанин қизларга гул берар эркак.


Қишлоқда уловга минса мабодо,

Орқада ўлтирар аёл жонсарак.

Шаҳарда-чи, ўзи юриб пиёда,

Севимли ёрига руль берар эркак.


Қишлоқда аёллар ҳатлаб остона

Кўча чиқса синар бошида калтак.

Ўзи кафеларга боринг, деб яна

Шаҳарда ёрига пул берар эркак.


Аммо булар бари эски гап бугун,

Энди беҳудададир юрмоқ тортишиб.

Озроқ чайқалувди замин тунов кун,

Қишлоғу шаҳарлар кетди қоришиб.


27.02.2018

***


Урушлар ҳеч кимга келтирмаган бахт,

Милён-милён бахтни куйдиргани рост.

Улардан қолгуси ғам-қайғу, кулфат,

Аччиқ алам, қонли кўз ёши мерос.


Урушлар — келажак кўксидаги доғ,

Кузга айланмоғи дилбар баҳорнинг...

Урушиб ҳеч киши чиқармаган шох,

Шохи синиб кетган қанча қўчқорнинг.


То уруш бўларкан ҳатто бир лаҳза,

Кўнгилга сиғмагай шодлик ва сурур.

Минглаб мард йигитнинг жасади узра,

Ғалаба байроғи турса ҳам мағрур.


Фақат уч қалтис сўз бордир муштарак,

Шу уч сўзга қурбон бўлгай жон ва тан.

Уч сўз қўрқоқни ҳам этгай шерюрак —

Мушфиқ Она, Ота ҳам азиз Ватан!


Ҳар Она фарзандлар роҳатин кўрса,

Ҳар Ота яйраса чойдан хўплаб хуш.

Ҳар Ватан дўст бўлса, қадрдон бўлса,

Ҳеч қачон, ҳеч қачон бўлмайди уруш!


8.05.2018

ОДАМЛАРГА ҚИЙИН


Роҳату машаққат, висолу фироқ,

Бахту бахтсизликдан иборат олам.

Бунда жон сақламоқ осонмас бироқ,

Одамларга қийин ҳаммасидан ҳам.


Иймони оч-ночор, гарчи қорни тўқ,

Отаси тенгига яйрар уриб дўқ,

Шунча бойлиги бор, битта дўсти йўқ

Одамларга қийин ҳаммасидан ҳам.


Фил каби полвону қуёндек қўрқоқ,

Қўлидан иш келмас сурбет, мақтанчоқ,

Бошим деб кўтариб юрган ошқовоқ

Одамларга қийин ҳаммасидан ҳам.


Фаҳму фаросати ҳайвонга уйқаш,

Фикру ёди емоқ, кайф-сафо, ухлаш,

Фақат кўриниши одамга ўхшаш,

Одамларга қийин ҳаммасидан ҳам.


Яхшига на кун бор, на халоват бор,

Эшитгани дашном, кўргани озор,

Ўз ўғли йиғлатган онамдек хоксор,

Одамларга қийин ҳаммасидан ҳам.


15.05.2018

ОЙДАН ТУШГАН ГУЛ


Моҳим десам, доғи бор, дейсан,

Оҳу десам, шохи бор, дейсан,

Қишда қуёш, ёзда қор, дейсан,

Сенга ўзи нима ёқади?


Ортмагайсан гина, нолишдан,

Айб топарсан дуч келган ишдан,

Одам бўлиб қолган фаришта,

Сенга ўзи нима ёқади?


Мудом бахтга талпинар олам,

Заррасига ризо шоҳлар ҳам,

Жаҳоннинг бор бахти сенга кам,

Сенга ўзи нима ёқади?


Бирам нозик кўнгилчанг тўлмас,

Юзинг, қошу қовоғинг кулмас,

Кулсанг сендан гўзал қиз бўлмас,

Сенга ўзи нима ёқади?


Ойжамол қиз, ойдан тушган гул,

Йўқ бўлса ҳам дунёда буткул,

Айтгил, топай сенга не маъқул,

Сенга ўзи нима ёқади?


14.05.2018

ОДАМ БЎЛ
Беш кунлик ҳаётда яйраб қолсанг, бас,

Шуми фикру ёдинг, шуми ғам-армон?

Ишон, бу лаҳзалар қайта берилмас,

Бир марта келади дунёга инсон.
Қайтиб келаверар ҳар йили баҳор,

Гуллайди ҳар кўклам шафтоли ғужғон.

Қор-ёмғирлар ёғар такрор ва такрор,

Бир марта келади дунёга инсон.


Ҳеч ким ва ҳеч нарса эмасдир маҳфуз,

Ҳатто пайғамбарлар қолмади омон.

Уларнинг йўқлиги билинар, афсус,

Бир марта келади дунёга инсон.


Ўтди қанча фосиқ, золим, муттаҳам,

Шулар боис оқар ҳамон дарё қон.

Яратган кечирсин, аммо яхшиям,

Бир марта келади дунёга инсон.


Сен-чи, абадийдек юрибсан мамнун,

Олтин фурсатларни совуриб хандон.

Бошқа қайтирилмас ҳеч қачон бугун,

Бир марта келади дунёга инсон.


Қай мискин қалбида ёқолдинг чироқ,

Қай маҳзун кўнгилни айладинг шодон.

Ўзингдан ортмайсан ўзингдан, бироқ,

Бир марта келади дунёга инсон.


Ажал қилич солса бўйнингга шитоб,

Ортингда қолмаса из, ному нишон.

Ҳақ қошида қандай берурсан жавоб,

Бир марта келади дунёга инсон?


Зиёга талпингин тўхтама бир дам,

Сен юксал, одам бўл, одам бўл, шоён.

Ҳар пок дилда қайта туғилар одам,

Бир марта келади дунёга инсон.


14.02.2018
КИМ ЎЗИ ЛИДА?
— Лида, жоним Лида! — бақирарди чол,

Уйсиз, юпун дайди, мовий кўз қари.

Гоҳи ижирғаниб, гоҳ қўрқиб хиёл,

Ўтган-кетган ундан юрарди нари.


Мен ҳам ўз йўлимда этарман давом,

Камми бу дунёда бахтсиз, ғамдийда?

Қўл силтаб қўярдим авваллар мудом,

Бу гал хаёлимдан кетмас: «Ким Лида?».


Чол деганим балки чолмасдир асли.

Соч-соқоли ўсган йигитдир ўктам.

Ким билади, бек ё валийдир насли,

Бошига тушгандир чўнг мусибат, ғам.


Ё катта олимдир, ноёб истеъдод,

Шу кўйга солгандир ҳасад лашкари.

Ёки зўр шоирдир у балки, ҳайҳот

Ташлаб кетган ўша суюган дилбари.


Ё қизидир Лида, жигаргўшаси,

Мовий кўзларида қотган изтироб.

Бевақт синиб балки ҳаёт шишаси,

Фарзанд доғи уни қилгандир хароб.


Қанча муаммолар турганда ахир,

Фикру ёдинг чирмаб олса шу савол.

«Лида ким?», туюлар менга негадир,

Дунёнинг азалий жумбоғи мисол.


Опасидир балки бечора, ғариб,

Балки синглисидур содда, ғамгусор.

Йўлига кўз тикиб ётганда оғриб,

Хабар олмагандир ҳолидан бир бор.


Лида ким? Рўшнолик кўрмаган, ёҳу,

Вафодор ёридур — жуфти ҳалоли.

Қай танноз ортидан кетганида у,

Жим, ёстиғин тишлаб қолган аёли.


Ёхуд... онасими, мансаб этиб лол,

Сўнгги сўзи нима бўлгандир армон?

Бу алам, бу фарёд чолнинг эҳтимол,

Бўғзидан отилиб чиққан пушаймон.


Лида деганлари фариштадир ё,

Чолга мадад берган, тинглаган оҳин.

Шаккок ўй кезади шуурда, илло

Балки шундай атар у ўз Илоҳин...


Йилларки, ёдимга тушар шу савол,

Ўтсам ўша маҳзун кўчадан ҳануз.

Қайта учратмадим чолни-ку, алҳол,

Лида кимлигин ҳам билмадим, афсус.


Майлига, излайин уни умрбод,

Майли, то қиёмат тополмай бироқ.

Ё Раб! Ўтган бўлса, руҳин айла шод,

Агар тирик бўлса, яшасин узоқ!


16.02.2018

ХОЛАМНИНГ БОҒИ


Мен ёзда қор ёғса ўзгармас одам,

Бенаф ўзгармоққа жазм қилганим.

Шаҳарнинг энг гавжум кўчасида ҳам,

Билиниб туради тоғдан келганим.


Баъзида қайсару қўполлигим бор,

Кўнглим шу ҳолига бир нозик гулдир.

Сўзларим ҳам дағал, қилмасман инкор,

Балки тоғликларнинг бўлгани шулдир.


Дуч келганни дўст деб алданиб турсам,

Соддалигим қурсин, дейман-да гоҳи.

Ёдимга тушади шаҳарда юрсам,

Болалигим ўтган холамнинг боғи.


Беш ўғил ўстирган бағри кенг бу боғ,

Борсам қувонарди — қовоқ уймасди.

Ҳар не шўхлигимга чидарди бироқ,

Ҳатто номига бир ранжиб қўймасди.


Қани, у кунларга бир фурсат қайтсам,

Бола бўлиб қолсам бир лаҳза, бир он.

Кенг далада ўйнаб сомонлар йиғсам,

Сойларда чўмилсам қийқириб шодон.


Сал ҳаддимдан ошсам шаҳар аҳли ғаш,

Жисми жоним қақшар калтак егандек.

Қарарлар истеҳзо, кулги аралаш,

«Бу холангнинг боғи эмас», дегандек.


Бу ерлар ҳеч қачон эл бўлмас менга,

Гарчи ҳақиқатга тик боқмоқ оғир...

Мен у деб, сен бу деб талашай нега?

Барчамиз йўловчи, барча мусофир.


Истагим — қаерда юрсам-да, асло

Унутмай кимлигим, она-қишлоғим.

Бошим шаҳарларга етса ҳам аммо

Холамнинг боғида турсин оёғим.


2017

ХУЛИО ИГЛИСИАС


Баҳор. Ёмғир ёғар. Мусича каби

Яшил хиёбонда ўлтирарман жим.

Хулио Иглисиас куйлар қайдадир,

Хориж наволарин суймайди жиним.


Аммо кўнгил деган ўзимдан қайсар,

Баъзан тусар ғайри оҳангларни ҳам.

Очиғи, негадир қурғур испаннинг

Овози ёқяпти менга ушбу дам.


Нега ёлғизсан, деб сўрар мендан у,

Қани севган ёринг, қани дўстларинг?

Нега шу ёшингда сўнган оловдек,

Умидсиз киртайиб турар кўзларинг?


Хориж наволари ёқмайди менга,

Аммо кўнгил кўнмас сўзимга баъзан.

Менга ўтмишимни эслатиб қўйди,

Бир бора оҳ тортиб шу қурғур испан.


Концертин кўрганман қай кун тасодиф,

Терлаб-пишиб қўшиқ айтарди майин.

Валек муҳаббатдан куйган юраклар,

Музларди, музларди тинглаган сайин.


Бир лаҳза куйладим Хулио бўлиб,

Гитара қўшилди сокин оҳимга.

Бир лаҳза қайтгандек туйдим ўзимни,

Армонлардан холи хушнуд чоғимга.


Ёмғир ёғар ҳамон. Мусича каби

Яшил хиёбонда ўлтирарман жим.

Хулио дегани куйлар қайдадир,

Хориж наволарин суймайди жиним.


Топдим!

Ҳов кафедан келяпти бу сас,

Кўпроқ мижоз тўплаш ошпаздаги ўй.

Ногаҳон қичқирар томоғин қириб,

— Қўшиқни алмаштир! Шўхроғидан қўй!
Бир зумда одамлар келди тўпланиб.

Кафеда бошлангач жинбазм шовқин.

Ошпаз-ку, хаёлан фойдани санаб,

«Мана, зўр қўшиқ!», деб қўярди мамнун.


Зўр қўшиқ! Нима у? Янграса бешак

Юракларда қолиб кетади абад.

Қўшиқни тушунмас, тушунолмайди,

Қорин қайғусида яшаган бедард.


Беҳад шодон эди бечора ошпаз,

Ўз куйин топгандан кетарди жўшиб.

У қайданам билсин бу дам Хулио

Менинг юрагимда куйларди қўшиқ:

«Носталжи!», «Носталжи!», «Носталжи!»...
6.04.2017

* * *


Шовуллаб бораман, шошиб бораман,

Шумшайиб қайтаман, тутаб қайтаман.

Кўнглимда дардим бор — кимга ёраман,

Ичим тўла ҳасрат — кимга айтаман?


Илҳом селдек тошиб келар баъзида,

Ўпириб кетади юрак қирғоғин.

Асло қайғурмайман, билсанг, аслида

Шеър билан чарақлар кўнгил чироғи.


Шеърсозлар кўп бугун чигиртка каби,

Назм гулзорини айламиш вайрон.

Ажаб, тили бурро, нозикдур таъби,

Ўзин капалак деб ўйлаши ёмон...


Улар элни алдар ёлғончи, беюз,

Шоирман, деб оғзин тўлдираяпти.

Менми, сенми, уми? Ва ёки иблис,

Айт ўзинг, шеърни ким ўлдираяпти?


Баъзан пешонамдан чиқар реза тер,

Борми ишқ дардида ўсган кўнгиллар?

Борми соф туйғулар, борми мард шоир,

Бормикин шеър тинглаб титровчи диллар?


Нега ёзиш керак? Ҳар битта шеъринг,

Элнинг айтар сўзи бўлиб кетмаса?

Шу мушфиқ ватаннинг, шу она Ернинг

Тўрт томони шеърга тўлиб кетмаса?


Шеър — ҳикмат,

Шеър — исён,

Шеър — буюк эпкин,

Бош эгамас кеккайган тоғларга асло.

Ҳайкалингни қўйса, қўйсинлар лекин,

Айланиб қолмагин ҳайкалга аммо.


Шоир жим!

Ғанимлар тутинар жўра,

Эл ҳам жаҳолатга ботар тобора.

Вазирлар, ноиблар, бек, хону тўра,

Шоҳни алдаш билан бўлар овора.
Шоир жим!

Яхшига кун бермас ёмон,

Ҳақ тўнин кийгизар иғволарига.

Сиғинишар ҳатто ғофил оломон,

Ўзлари яратган худоларига.
Шоир, сен жим турма, ийманиб турма,

Миллат узук бўлса, сен унга қош бўл.

Зулматдек оёқлар остида юрма,

Элни уйғотгувчи тонг бўл, қуёш бўл.


Кел, шоир, қўлингни очгил дуога

Токи посбон бўлиб ёдингда турсин.

Ким сўзни хўрласа, сочса ҳавога,

Ҳазрат Навоийнинг арвоҳи урсин.


11.08.2017
ШИРИН
Воҳ ширин, воҳ-воҳ шириндур, оҳ ширин, оҳ-оҳ ширин,

Йўқ, асал суртилмаган лаблар ўзи шундоқ ширин.


Бўлмасин гуллар гулобин сипқориб сарсон, ажаб,

Болари ҳаргиз тополмас боғ аро бундоқ ширин.


Сеҳру жодуда балодур кўзлари мунчоқ санам,

Бир оғиз ёлғон гапирмай алдагай қандоқ ширин?!


Қилса гар нозу карашма қўшмагай қаҳру ғазаб,

Ошиғин асраб-авайлаб ранжигай қувноқ, ширин.


Айлагай сармасту сархуш анбарин сочу тани,

Тонгда иффорин хумори қўзғаган титроқ ширин.

Тингласа булбул хижолат гулшан ичра ногаҳон,

Кулгиси кундуз шириндур, кечалар ингроқ ширин.


Эй Зоҳиджон, қил томошо, бузма оромин валек,

Сақласин олам сукунат ухлагай ул моҳ ширин.


14.03.2017
Download 308.77 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling