181-масала. Одамларда рангларни ажрата олмаслик (дальтонизм) рецессив белги бўлиб, уни белгиловчи d гени ва унинг доминант аллели D гени (рангларни нормал ажрата олишлик) X хромосомада жойлашган. Рангларни нормал ажрата оладиган қиз, худди шундай рангларни нормал ажрата оладиган йигитга турмушга чиққан. Оилада туғилган қизларнинг ҳаммаси нормал, ўғилларининг айримлари эса дальтоник бўлган. Ота-онанинг генотипи қандай бўлган?
182-масала. Рангларни яхши ажрата оладиган қиз, худди шундай фенотипга эга бўлган йигитга турмушга чиққан. Оилада туғилган барча болалар рангларни яхши ажратган. Лекин, аёл иккинчи марта бошқа бир эркакка турмушга чиққанда, бу кейинги оилада нормал болалар билан бирга дальтоник болалар ҳам туғилган. Эслатилган барча кишиларнинг генотипини аниқланг.
183-масала. Рангларни нормал ажрата оладиган қиз, дальтоник йигитга турмушга чиққан. Оилада дальтоник қиз бола туғилган. Дальтоник боланинг туғилишига ота айбдорми? Шу оилада кейинги туғиладиган болаларнинг қандай фенотипга эга бўлиш эҳтимоли бор?
184-масала. Одамларда кўз ранги жигарранг (доминант) ва кўк (рецессив) бўлади. Кўз рангини таъмин этувчи генлар аутосомада жойлашган. Дальтонизмни белгилайдиган рецессив ген ва унинг доминант аллели X хромосомада жойлашган. Жигарранг кўзли, рангларни яхши ажрата оладиган аёл (отаси кўк кўз ва дальтоник), кўк кўз, рангларни нормал ажрата оладиган эркакка турмушга чиққан. Шу оилада ўрганилаётган белгилар бўйича қандай фенотипга эга бўлган фарзандлар туғилиши мумкин?
185-масала. Ота-она соғлом бўлган оилада учта бола туғилган бўлиб, улардан бири гемофилия (қоннинг нормал ивимаслиги) касаллиги туфайли вафот этади. Қолган икки фарзанд соғлом бўлган. Гемофилик боланинг туғилиш сабабини тушунтиринг. Соғлом болаларнинг генотипи қандай бўлиши мумкин?
186-масала. Альбинизм (терида пигментнинг бўлмаслиги) рецессив белги бўлиб, уни таъмин этувчи ген ва унинг доминант аллели аутосомада жойлашган. Гемофилия касаллигини келтириб чиқарувчи ген ва унинг доминант аллели эса жинсий хромосомада жойлашган. Эркак киши альбинос, гемофилик бўлиши мумкинми?
Do'stlaringiz bilan baham: |