1-боб. Статистиканинг предмети, методи ва ташкил этилиши


Download 231 Kb.
bet1/8
Sana19.04.2023
Hajmi231 Kb.
#1362989
  1   2   3   4   5   6   7   8
Bog'liq
1-mavzu KIRIL statistika


1-БОБ. Статистиканинг предмети, методи ва ташкил этилиши
REJA:
1. Статистиканинг пайдо бўлиши ва ривожланиши
2. Статистика нимани ўргатади?
3. Мамлакатда статистика ривожининг тарихий босқичлари


1. Статистиканинг пайдо бўлиши ва ривожланиши

Статистика сўзини биз жуда кўп эшитамиз ва ишлатамиз. Лекин кўпчилик бу сўз нимани англатади ва қачон, қаерда пайдо бўлган деган саволларга жавоб беролмайди, ҳатто бу сўзни тўғри ёки нотўғри, ўринли ва ўринсиз ишлатаётганини ўзи ҳам билмайди. Юқорида қўйилган саволларга жавоб бериш учун, статистика тарихига қисқача саёҳат қилайлик.


Инсонларда оддий ҳисобларни амалга ошириш зарурияти туғилганда, бу ишни улар қўлидаги бармоқлари ёрдамида бажарганлар. Жамиятда ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши натижасида инсонлар ҳисоб-китобларни қўл бармоқлари билан эмас, балки айрим предметлар орқали бажаришга киришдилар. Масалан, Грек тарихчиси Геродотни (эрамиздан олдин 484-420 йилларда яшаган) таъкидлашича қадимий форс подшоҳи Дария ўз қўшинларини сони тўғрисида маълумотга эга бўлиш учун ҳар бир аскарга бир донадан тошни олиб келиб бир ерга тўплашни буюради. Худди шундай ишни скифлар подшоси Ариант ҳам бажаради. Ариант тошни эмас, камоннинг мис учини тўплашни буюради. Кейинчалик, инсоният ҳисоб-китоблар олиб бориш техникасининг янги поғонасига ўтади, яъни бошланғич счётлари пайдо бўла бошлайди. Уларнинг тарихи бир неча минг йилларга бориб тақалади. Улар, аввало Хитойда свау-пау (суан-пан) номлари билан пайдо бўлган, кейинчалик Японияда – саробан номи билан. Бундан икки минг йиллар аввал бундай счётлар Греция ва Рим мактабларида ҳам қўлланилган.
Шундай қилиб, яратилган мактабларда аста-секин ҳисоб-китобларни юритиш қоидалари бўйича асарлар пайдо бўла бошлади. Шундай асарлардан бири “Ману қонунлари”дир. Бу асарда (эрамиздан олдинги X аср) Ҳиндистоннинг социал – иқтисодий шароитлари ўрганилган.
Қадимий ҳинд счётларининг бошқаларга ўхшамаслиги, уларнинг катта сонларга мойиллигидир. Қадимги ҳинд трактати “Артхашастра” (тахминан IV-III асрлар, эрамизгача) ўз вақтини иқтисодий-техник ва сиёсий билимларини бутун бир тизимини аниқлаб берган, яъни унда давлат хазинаси счётларини юритиш, давлат бюджетининг даромадлари ва харажатлари схемасини тузиш, савдони мувофиқлаштириш учун давлат органлари томонидан баҳони барқарор даражасини ўрнатиш ва бошқа масалалар кенг ёритилган. Ариабхата (V аср), Брахмагупта (V-VI аср), Маравира (IX аср), Бхаскара (XII аср) ва бошқа ҳинд олимлари ҳисоб-математика адабиёти фондида ажойиб намуналар қолдирдилар.
Ҳисоб-статистика ишларини ривожланишга катта ҳисса қўшган олимлар хитойликлардир. Уларга Кунфуция (Кун Фуцзу, 551-479 й. эрамизгача), Мэн Цзы (372-289 й. эрамизгача) ва бошқаларни киритиш мумкин.
Эрамизгача тўрт мингинчи йилларда йирик қулдорлик давлати бўлган Мисрда жуда кўп статистик ишлар амалга оширилган. Маълумки, бўлган уч мингинчи(эрамизгача) йилларда Миср ёзуви пайдо бўлади. Математика жуда ривожланади. Айрим маълумотларига кўра, эрамиздан 3500 йил илгари Мисрда аҳоли рўйхати ўтказилган. Ўша даврларда Мисрда касрлар ва арифметик амаллар маълум бўлган. Масалан, бир, ўн, юз, минг ва ҳ.к. махсус белгилар билан баён қилинган. Масалан, миллион рақами жуда катта сонга ҳайрон бўлиб қўлини кўтариб турган инсон фигураси орқали белгиланган. Қадимги Мисрда геометрия ва астрономия пайдо бўлади. Биринчи бўлиб календарь ва кадастр тузилади.
Янги эранинг бошларида ҳисоб-математика ишлари билан жуда кўпчилик шуғуллана бошлайди. Бу ишнинг территорияси Ҳинд ярим оролидан Африканинг шимолий денгиз қирғоқлари ва Испания жанубигача кенгаяди. Бу ҳудудда босқинчилик урушларидан сўнг (VII аср), ислом дини устунланган расмий (араб) тили зонаси пайдо бўлади. Минтақанинг ажойиб иқлими, географик, хўжалик ва сиёсий шароитлари умуман фаннинг, шу жумладан статистика фанининг ривожланишига катта ёрдам ва туртки бўлди. Бутун ҳудуддан илмий асарлар тўпланиб, улар араб тилига ўгирилди. Араб ҳисоб-математика асарлари ўзига қисман антик грек муаллифларини ҳамда Ҳиндистон, Хитой, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари олимлари асарларини бирлаштира бошлади.
Демак, хулоса қилиш мумкинки, статистиканинг куртаклари ижтимоий фаолиятнинг тури сифатида давлатларнинг пайдо бўлиши билан ривожлана бошланган. Бу ҳолат, статистиканинг пайдо бўлиши механизмини тўла тушуниш учун жуда муҳимдир. Шуни яхши англаш керакки, қадимий жамиятларда счётларнинг ёки учетнинг айрим элементлари мавжуд бўлган холос. Давлатларнинг пайдо бўла бошлаши, ижтимоий фаолият сифатида статистикани функциялари оммавий маълумотларни тўплаш ва уларни таҳлил қилишни қандайдир оддий аппаратини яратишни талаб қила бошлади. Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, статистика пайдо бўлиши бошланаётган вақтни ўзида ҳукмрон синф вакилларига хизмат қилишга чорланган эди.
Энди давлат йиғимларни тўплаш учун, ер эгаларида қанча ери борлигини, ундан қанча даромад олишини, уруш олиб бориш учун қанча аҳоли ва шундан қанчаси катта ёшдаги эркаклар ва бошқаларни билиш зарурияти туғилади. Бу ишлар қадимги статистик ишлардан фарқ қилади, яъни у фақат рўйхатга олиш эмас,балки статистик ҳисоб-китобларни амалга оширишни талаб этади ва уларни бошланганлигидан далолат беради.
Статистика фан сифатида XVII асрда Англияда пайдо бўлган. Сиёсий арифметика мактабининг намоёндалари Жон Граунт (1620-1674) ва Уильям Петти (1623-1687) статистика асосчилари ҳисобланадилар. Чунки биринчи бўлиб ижтимоий-иқтисодий текширишларда статистикани қўллаш фикри У.Петтида туғилган эди. К.Маркс У.Петтини улуғ ва оригинал иқтисодчи-текширувчилардан бири, сиёсий иқтисоднинг отаси ва маълум бир даражада статистиканинг ихтирочиси деб ҳисоблаган.
У.Петти ўз асарларида (“Солиқлар ва йиғимлар”, 1662й.; “Доноларга сўз”, 1664йил; “Сиёсий арифметика”,1676 йил) ўз тенгдошларини қизиқтирган социал ва иқтисодий саволларга миқдорий ҳисоб-китобларга суянган ҳолда жавоб беришга ҳаракат қилади.
У.Петтининг яқин дўсти, фабрикант, Лорд, Лондон шаҳрининг ҳокими Ж.Граунт биринчи бўлиб ўлиш тўғрисидаги маълумотлар жадвалини тузди. У туғилиш масалаларини ўрганди, биринчи бўлиб ўғил болалар ва қизлар туғилиши ўртасидаги доимий нисбатни очди (14/12), Англия аҳолисини сонини аниқлади (6,5 млн.киши), Лондон аҳолисининг сони 460 минг киши, шулардан қурол олиб юрадигани (ҳарбий хизматга яроқлилари) 81 минг киши эканлигини аниқлади, аҳоли миграциясини ўрганди. Булардан ташқари у оммавий миқдорий ҳодисаларга тааллуқли айрим статистик қонуниятларни аниқлади.
У.Петти ва Ж.Граунт бажарган ишлар илмий статистикани пайдо бўлишига пойдевор бўлиб хизмат қилди.Улар бошлаган иш бир қанча олимлар томонидан давом қилдирилди. Улар орасида Г.Кинг (1648-1712) ва Э.Галлей (1656-1742) бажарган ишлар диққатга сазовордир. Г.Кинг 1696 йилда Англия аҳолисини барча социал гуруҳлари бўйича даромадлар ва харажатлар балансини тузди, астроном Э.Галлей эса 1693 йилда ўлиш жадвалини тузди. У тузган жадвал Ж.Граунтникига нисбатан анча такомиллашган бўлиб, у жадвал маълумотлари суғурта амалиётида ишлатила бошланди.
Шундай қилиб, сиёсий арифметика мактаби яратилди. Бу мактаб (ўша давр учун мисли кўрилмаган муваффақият) вакилларининг асосий хатоси (биз уларни танқид қилмоқчи эмасмиз) шундан иборатки, улар кичик тўпламларни ўрганиб, маълум бир хулосага келганлар. Худди шу сабаб билан улар бир хил хулосаларга хос қонуниятларни ўрганиб, қарама-қарши хулосалар чиқарганлар.
Сиёсий арифметика мактаби билан деярли бир пайтда Германияда тасвирий мактаб (фан) ҳам пайдо бўлади. Бу мактаб асосчилари Г.Конринг (1606-1681) ва Г.Ахенвальдир.
1660 йилда Г.Конринг янги соҳа (фан) бўйича маъруза курсини ташкил қилади – “Давлатшунослик” “Staatskunde”. Бу фан – Г.Конринг фикрича - ҳар бир давлатда диққатга сазовор бўлган фактлар (рўй берган ҳодиса ва воқеалар) ҳақида сўзлаб берувчи фандир. Янги фан ўз олдига давлат ҳолатини таърифлаш, тасвирлаш ёки рўйхатга олишни вазифа қилиб қўйди. Асосий мақсад, бошқарувчи синф вакилларини алоҳида давлатларда бошқарув методлари ва уларнинг бойлиги билан таништиришдан иборат эди. Бу тамойил, Г.Конрингни Германияда жуда машҳур ва донгдор маърузачига айлантирди.
1749 йилда Геттигенда халқаро ҳуқуқ ва статистика профессори Г.Ахенваль (“Давлатшунослик” фанини назариячилари орасида энг кўзга кўринган олимлардан бири) “давлатшунослик” фанини “Статистика” (лотинча “Status” сўзидан олинган бўлиб, ҳодисаларнинг ҳолатини, аҳволини билдиради. “Status” сўзи негизида италянча “Stato”-давлат, амалий сиёсат ва “Statista”- давлат арбоби, давлатни билувчи сўзлари ётади) деб атаган.
XIX асрнинг 40-йилларига келиб статистикадаги тасвирий оқим билан шуғулланиш деярли тўхтатилади ва кейинчалик бутунлай тугатилади. Бунга сабаб, статистика давлатни бошқариш қуролига айлантирилгани бўлса керак.
Статистикани ривожланишига муносиб ҳисса қўшган бельгиялик олим Ламбер Адольф Жак Кетле (1796-1874) ва унинг мактабидир. А.Кетле статистика бўйича 65 та асар ёзган. П.С.Лапласнинг шогирди А.Кетле ўз замонасининг олимлари сингари математика фанига катта аҳамият берган. У ўзининг асосий фикрини “Инсон ва унинг қобилиятларининг ривожланиши ёки социал физика тажрибаси” асарида баён этган. Йирик иқтисодчи олимлар таъбири билан айтганда, А.Кетленинг хизмати шундаки, у оммавий ҳодисаларнинг қонуниятларини очиб берди. Лекин, ўзи уларнинг табиатини тушунмаган А.Кетленинг кенг тарқалган назарияларидан бири “Ўртача киши” назариясидир. Унинг фикрича, ўртача миқдорлар ҳамма вақт доимий миқдорлар таъсирида пайдо бўлади, тўплам бирликларини ўртачадан фарқи тасодифий сабабларга боғлиқ эмиш. Ҳар қанча ҳаракатга қарамасдан “Ўртача киши” аниқланмади ва аниқланиши мумкин ҳам эмас.
Илмий статистикани ривожланиши билан бир қаторда статистика амалиёти ҳам пайдо бўла бошлайди. Ҳаёт тобора қийинлашиб борганлиги сабабли, давлатлар статистик органларни тузишга мажбур бўладилар. Биринчи давлат статистика органи 1756 йилда Швецияда ташкил қилинган. Францияда 1772 йилдан бутун мамлакат бўйича аҳолининг ҳаракатлари тўғрисида ҳисоботлар тузиш бошланади ва 1801 йилда Франция ички ишлар вазирлигида статистик бюро ташкил қилинади. Англияда 1801 йилда аҳоли рўйхати ўтказилиб, 30-йилларда саноат вазирлиги қошида статистика департаменти барпо этилади.
Инсониятнинг ривожланиши ва статистик маълумотларга бўлган эхтиёжларни ошиб бориши статистикани марказлаштириш зарурияти келтириб чиқарди. Бу масаланинг зарурлиги биринчи халқаро статистиклар конгрессида (1853 й. Брюссел) ҳам таъкидлаб ўтилди ва ҳар бир давлатда марказий статистика комиссияларни тузиш таклиф этилди. Ҳаммаси бўлиб, ўнта конгресс ўтказилган. 1880 йилларга келиб давлат статистика органларини расмий бирлаштириш мумкин эмаслигини тушуниб етган мутахассислар статистиклар “очиқ” ассоцияциясини тузиш таклифи билан чиқдилар ва шундай ташкилот –Халқаро статистика институти -1887 йил Римда тузилди. Бу бирлашманинг (бугунги кунда ҳам фаолият кўрсатмоқда) асосий мақсади – давлатларнинг статистик маълумотлари ўзаро таққослама бўлишини таъминлаш ва халқаро статистик тўпламларни нашр этишдир. Ҳеч қандай шубҳа йўқки, бу мақсадга эришилди ва эришилмоқда.
XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср бошларида статистикадаги математик оқим инглиз олимлари томонидан ривожлантирилди. Уларга Англиялик биолог Ф.Гальтон (1822-1911), К.Пирсон (1857-1936), В.Госсет ва Р.Фишерни киритиш мумкин. Бу олимлар томонидан статистикада математик методларни жуда кўп қўлланиши, яъни уни математикалаштирилиши статистика фанининг асосий мақсадларидан бири бўлган ҳодисаларнинг мазмунини ва уларнинг асосий қонуниятларини четга суришга бошлади. Бу хато эканлигини кўпчилик тезда тушуниб етди.
Статистикани ривожланишида рус олимлари ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшганлар: В.Н.Татишев (1686-1750) – Россияда биринчи аҳоли рўйхатини ўтказган ва аҳолини жорий ҳисобини татбиқ қилиш лозимлигини кун тартибига қўйган; К.И.Крилов (1689-1737)-статистикада илк бор давлатни тавсифловчи иқтисодий-статистик маълумотларни статистик жадвал ёрдамида изоҳлаган; Д.П.Журавский – биринчилардан бўлиб, статистика таъриф берган; Семенов Тянь-Шанский (1827-1914) – Россияда унинг бошчилигида илк бор бутун Россия аҳоли рўйхати ўтказилган, кўп йиллар марказий статистика қўмитаси бошлиғи бўлиб ишлаган; Ю.Э.Янсон (1835-1893) – статистика умумий назариясидан илк бор дарслик ёзган (бу дарслик бугунги кунда ҳам, бизнинг фикримизча, энг яхши дарсликлардан биридир); А.И.Чупров (1842-1908), В.И.Ульянов (1870-1924); А.А.Чупров (1874-1926), А.А.Кауфман (1864-1919) ва бошқалар.
Собиқ Иттифоқ даврида ижод қилган ва статистикани ривожланишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган статистик олимларни бугун эслаш жоиздир. Уларга С.Г.Струмилин, В.С. Немчинов, В.Н.Старовский, М.Н.Смит, Б.С.Ястремский, С.М.Югенбург (кўп йиллар Самарқанд кооператив институти статистика кафедрасида ишлаган), А.Я.Боярский, А.И.Газулов, А.И.Петров, Т.В.Рябушкин, В.М.Симчера, Н.Н.Ряузов ва бошқаларни киритиш мумкин.
Ўзбекистон Республикасида статистиканинг ривожланишида ва уни ўзбек халқига ўргатишда диққатга сазовор ишлар қилинган. Биринчи “Статистика” кафедраси 1932 йилда Тошкент, кейинчалик Самарқанд ва бошқа шаҳарларда ташкил этилган. Ҳозирги пайтда деярли ҳамма иқтисодий институт ва факультетларда статистика кафедралари мавжуд. Уларда ўзбек статистикасини яратган ва яратаётган ажойиб олимлар фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг, ўзбек тилида “Статистика” бўйича ўқув адабиётлари чоп этила бошланди. Ўзбек тилида ўқув қўлланма ва дарсликлар яратишда Тошкент Молия институти статистика кафедраси профессор-ўқитувчилари намуна бўлмоқдалар. Профессор Ё.Абдуллаев илк бор статистика умумий назариясидан дарслик (1993 й) чоп этдилар, 1996 йилда шу фандан ўқув қўлланма нашр этилди, 1998 йилда эса ўқувчиларга “Макроиқтисодий статистика: 100 савол ва жавоб” тақдим этилди. Кафедранинг бошқа аъзолари ҳам бу соҳада фаол ишламоқдалар. Масалан, иқтисод фанлари доктори, профессор Х.А.Шадиев “Статистика нимани ўргатади.” (Дарслик)Т.: Ўзбекистон, 1985; Х.А.Шодиев, М.Я.Хамроев “Молия статистикаси”.Т.: Абу Али Ибн Сино, 2002; Х.А.Шадиев “Молия статистикаси бўйича амалиётнома”.Т.: ТМИ, 2002; Статистика (дарслик).Т.: Ибн Сино, 2004 (проф. Х.А.Шадиев тахрири остида); Х.А.Шадиев Молия статистикаси (дарслик).Т.: Иқтисод-молия, 2010й.



Download 231 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5   6   7   8




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling