1-боб. Статистиканинг предмети, методи ва ташкил этилиши


Мамлакатда статистика ривожининг тарихий босқичлари


Download 231 Kb.
bet6/8
Sana19.04.2023
Hajmi231 Kb.
#1362989
1   2   3   4   5   6   7   8
Bog'liq
1-mavzu KIRIL statistika

3. Мамлакатда статистика ривожининг тарихий босқичлари

Совет тизими даврида статистика моҳиятига кўра халқ хўжалиги статистикаси бўлиб, унинг предмети – биринчи навбатда, халқ хўжалиги тармоқлари ҳисобланган. Статистика тармоқ ёндашишига асосланиб, собиқ Иттифоқнинг турли жўғрофий ҳудудларида жойлашган республикалар ва вилоятлар бўйича амалга оширилган. Статистик тўпламларда асосий кўрсаткичлар сифатида режа бажарилишининг мутлақ ва нисбий кўрсаткичлари фойдаланилган.


Ўзбекистон Республикасида статистика узоқ ва мураккаб, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ва тарихий ривожланишнинг хусусиятларига боғлиқ йўлни босиб ўтди.
Совет давригача бўлган вақтда Ўзбекистон статистикаси Россия империяси таркибида давлат статистикасини шакллантириш ва унинг ташкилий асосларини яратиш, ташкилий-услубий ишларини такомиллаштириш ишлари билан характерланади.
Совет статистикасининг дастлабки босқичи (1917-1930 йй.) статистика услубиётининг ривожи жадаллашди. Бунда хорижий статистика ютуқларидан кенг фойдаланишга ҳаракатлар бўлган. Махсус уюштирилган рўйхатлар ва тадқиқотлар ўтказилган ва биринчи марта халқ хўжалиги баланси тузилган.
Статистикадаги кейинги босқич 1930 йиллардаги маъмурий-буйруқбозлик тизимининг яратилиши ва оммавий қатағонлар натижасида анча сусайди.
Бу даврда статистика тезкор вазифаларни ечиш, режа бажарилишини мониторинг қилиш масалаларига бўйсундирилиши натижасида аналитик вазифалар ижросига путур етказилди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида (1941-1945 йй.) статистиканинг роли сезиларли даражада ошди. У меҳнат ва моддий ресурсларни тезкор ҳисобга олиш, ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш каби муҳим вазифаларни бажарди. Бу даврда иқтисодиёт ва статистикада баланс ишланмалари кенгайди, индекс назарияси чуқурлаштирилди, иқтисодий-математик модел ва усулларни ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш кенгайди.
Шуни қайд қилиш лозимки, социалистик хўжалик юритишнинг айрим босқичларида статистиканинг ташкилий шакллари ўзгартирилиб, мамлакат иқтисодиёти ривожи вазифалари билан узвий боғлиқликда бўлиши таъминланган. Бироқ статистиканинг тамойиллари ва тузилиши халқ хўжалигини режалаштириш ва бошқариш хусусиятлари билан белгиланган эди. Бу хусусиятлар, биринчи навбатда, мулкчиликнинг асосий улуши давлат ҳиссасига тўғри келганлиги билан белгиланган эди. Давлат статистикасининг ташкилий тузилмаси халқ хўжалиги бошқаруви тузилмаси билан бир хиллиги билан характерланган.
Хусусан, мулкчиликнинг давлат шакли хўжалик юритувчи суъектлар фаолиятини режалаштириш ва ушбу режалар ижросини назорат қилинишини тақазо қилар эди. Шу сабабли статистиканинг ташкилий асосини режа топшириқлари юзасидан ёппасига кузатиш ташкил қилган. Статистик саволномаларнинг назорат функцияси уларнинг номларида ҳам акс эттирилган – статистик ҳисобот, яъни статистик бирликлар давлат бошқарув идораларини қизиқтирган барча масалалар бўйича улар жойлашган маъмурий ҳудуддаги статистика идораларига ҳисобот беришга мажбур эдилар.
Маъмурий-ҳудудий бошқарув тамойилидан келиб чиққан ҳолда тегишли статистика идоралари ўз ҳудудлари бўйича умумлаштирувчи статистик ахборотларни шакллантирганлар.
Амалда барча статистик ахборот почта орқали ёки шахсан қоғоз шаклида корхона ва ташкилотлар – юридик шахслар томонидан тақдим қилинадиган статистик ҳисоботларга асосланган.
Олинган ахборот ҳажмига кўра, қўлда (кичик ҳажмларда бўлса), клавишли ҳисоблаш машиналар ва кичик ЭҲМларда (ўртача ҳажмларда бўлса) ва махсус дастурлар асосида ЭҲМларда (катта ҳажмда ва қайта ишлашга белгиланган муддат қисқа вақтларда бўлса) қайта ишланган.
Туман статистика бўлимидан вилоят статистика бошқармаларига ахборотларни узатиш телетайп алоқаси ёки статистик ҳисобот шаклида почта орқали жўнатилган.
Вилоят статистика бошқармалари республика статистика идораларига ахборотларни почта орқали қоғоз ва магнит ленталарида, ёки телетайп алоқаси орқали юборилган.
Амалдаги статистика тизими қатъий марказлашган характерга эга бўлиб, ижобий томонлари билан бирга бир қанча жиддий камчиликлардан ҳам холи эмас эди.
Статистик ахборотларни тўплаш ва қайта ишлашдаги жиддий камчиликлардан бири сифатида ҳисоблаш техникасидан етарли даражада фойдаланмасликни келтириш мукин. Чунки маълумотларни қайта ишлаш дастурий таъминот пакет режимига мўлжалланган. Пировард ахборотлардан фойдаланувчилар учун статистик ахборот файлларини статистик таҳлил қилиш ва диалог режими мавжуд эмас эди. Республикада статистик услубиёт маркази мавжуд бўлмаганлиги сабабли статистика ривожи оқсаган.
Статистика услубиёти ва ташкил қилиниши соҳасида халқаро тажриба алмашуви йўлга қўйилмаган. Корхона ва ташкилотлар иқтисодчи ходимларининг кўп вақти статистик ҳисоботларни тузишга сарфланган, аммо олинган статистик маълумотлар етарли даражада фойдаланилмаган, ахборот манбалари бир бирини такрорлаган, статистик ахборотлар кенг ахборотлардан фойдаланувчилар учун чегараланган ёки маълумотларни тарқатиш ёпиқ бўлган.
Ўша даврдаги статистиканинг ижобий томони сифатида статистика услубиётининг ягоналиги, техник ва дастурий воситаларнинг бир хил андозадалиги натижасида кичик ҳажмдаги инвестицион харажатлар билан ҳисоблаш тизими фаолиятининг самарадорлигини таъминланганлигини келтириш мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг мустақилликка эришиши, барча иқтисодий муносабатлар тизимида туб ўзгаришларга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар статистика тизимини жиддий такомиллаштириш, барча ҳисоб ва статистика тизимида комплекс такомиллаштиришни талаб қилар эди. Туб ўзгартиришларга эҳтиёж – иқтисодиётдаги турли мулкчилик шаклларининг ҳолати ва имконияти тўғрисида ҳаққоний ва аниқ маълумотлар асосида жамият ҳаётини бошқариш ва самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини прогнозлаш ҳамда бошқарув қарорларини баҳолаш зарурияти билан белгиланган эди.
Ушбу жараён босқичма-босқич амалга оширилди. Мустақил Ўзбекистон статистика тизимини қайта қуришда бошланғич пункт бўлиб 1992 йил ҳисобланади. Шу йили иқтисодиёт талабидан ҳисоб ва статистиканинг орқада қолаётганлиги айниқса кучли намоён бўлган эди. Бу босқичда қайта қуришнинг асосий йўналиши статистика ва прогнозлаштириш идоралари ишлари орасидаги ўзаро алоқани таъминлашга қаратилди. Ушбу мақсадда 1992 йилнинг 5 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитасини тузиш тўғрисида”ги Фармонига кўра “Ўзистиқболстат” давлат қўмитаси тузилди. Фармонга биноан Ўзбекистон ривожланиш истиқболларни белгилаш Қўмитаси ва Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси бирлаштирилди.
“Ўзистиқболстат” таркибида истиқболни белгилаш ва статистика ҳудудий бошқармалари, Бош ҳисоблаш маркази, Иқтисодиёт ва статистика илмий-текшириш институти, Кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ташкил қилинди.
Жойларда Истиқболни белгилаш ва статистика идоралари обрўсини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва статистика қўмитаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда Истиқболни белгилаш ва статистика бош бошқармалари, туман ва шаҳарларда истиқболни белгилаш ва статистика бўлимлари тузилди.
“Ўзистиқболстат” Давлат қўмитасига ойлик “Иқтисод ва статистика” журнали ва муҳим халқ хўжалиги муаммоларини ҳал қилиш учун идоралараро комиссия ва кенгашларни тузиш ваколати берилди.
Аналитик материаллар, истиқболдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнозларини ишлаб чиқиш жараёнига илмий-тадқиқот институтлари, технологик, лойиҳа-конструкторлик ташкилотлари, олий таълим муассасалари (ОТМ) ва бошқаларни ҳамда айрим олимлар ва йирик мутахассисларни жалб қилиш ҳуқуқи берилди.
Барча ташкилий ўзгаришлардан асосий мақсад ўзбек статистикаси фаолиятини мамлакат иқтисодиётини прогнозлаш талабларига яқинлаштириш, бозор иқтисодиёти йўлидаги ўзгаришларда фаолликни ошириш бўлган.
“Ўзистиқболстат” статистика соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, халқаро андозалар ва тавсияларга, илмий ишланмаларга асосланган статистик услубиётни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, республика иқтимоий-иқтисодий ривожи ва бозор ўзгаришларини ифодаловчи статистик кўрсаткичларнинг комплекс ва тизимли бўлиши, статистик ахборотларнинг ҳаққоний, объектив ва яхлитлиги, республикада содир бўлаётган жараёнлар ва тенденцияларни таҳлил қилиш, амалдаги қонунчиликка биноан умумлаштирувчи статистик кўрсаткичларнинг очиқлиги, ҳаққонийлиги, ошкоралиги учун масъул бўлган.
Иқтисодий муносабатлар тизимини қайта қуришдаги иқтисодий ислоҳотлар, қўйилган вазифаларни самарали бажариш мамлакатда статистика ва ҳисоб тизимини тубдан ислоҳот қилинишини талаб қилар эди. Статистика тизимининг халқаро андозаларга ўтказиш ва ислоҳотларнинг кўп мақсадли йўналишлари масалаларининг кенг кўламлилиги ва мураккаблиги уни амалга оширишда давлат иштироки зарурлигини талаб қилди. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 24 августда 433-сонли қарори билан 1996 йилгача бўлган даврга мўлжалланган “Ўзбекистон Республикасини халқаро амалиётда қўлланиладиган статистика ва ҳисоб тизимига ўтиш тўғрисидаги Давлат дастури” қабул қилинди.
Қабул қилинган дастур миллий статистикани тизимий-концептуал ислоҳ қилишнинг меъёрий базасини яратди.
Статистикани тизимий ислоҳ қилиш бир қанча ўзаро боғланган ишларни амалга оширишни назарда тутган. Улар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин: статистик ахборот тизимини яратиш ва уни фаолият юритиш тизимини ташкил қилиш; статистик услубиётни такомиллаштириш; статистик ахборот тизимини технологик ривожлантириш; статистикани ислоҳ қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий таъминотини такомиллаштириш ва ҳ.к.
Ушбу Дастурни амалга ошириш ишларида кўпгина давлат идоралари, етакчи иқтисодий ва бошқа илмий муассасалар ва ОТМ қатнашган.
Бир мақсадга йўналтирилган ва босқичма-босқич Дасурнинг ҳаётга татбиқ қилиниши қуйидаги натижаларга эришишга имкон берди:
- бозор иқтисодиёти талабларига мос келувчи миллий ҳисобчилик янги концептуал макроиқтисодий моделни – Миллий ҳисоблар тизими (МҲТ) методологиясини ўзлаштириш бошланди;
- нархлар, меҳнат, ташқи ва ички савдо статистикаси тубдан янгидан ташкил қилинди, статистиканинг молия, бюджет ва банк бўлимлари қайтадан шакллантирилди, тармоқлар статистикаси кўрсаткичлари аниқлаштирилди, институционал ўзгаришлар статистикасини яратиш бўйича ишлар бошлаб юборилди, МҲТ схемаси бўйича тармоқлараро балансни ишлаб чиқиш учун шароитлар яратилди, Ягона корхона ташкилотларнинг давлат регистрини шакллантириш учун ташкилий ва меъёрий-ҳуқуқий асослар яратилди ва статистиканинг ахборот-ҳисоблаш тизими такомиллаштирилди. Энг муҳим натижа сифатида давлат статистикаси идораларининг халқаро ташкилотлар билан ўзаро алоқаларининг янги сифат даражасига кўтарилганлигини қайд қилиш мумкин.
Мамлакатда бозор иқтисодиёти ислоҳотларининг янада ривожланиши ва чуқурлашуви, турли мулкчилик шакллари ва иқтисодиёт соҳаларининг ҳолати ва имкониятлари тўғрисида ҳаққоний ва аниқ маълумотларга таянган ҳолда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, шунингдек бошқарув қарорларини баҳолаш зарурияти ва статистикани ислоҳ қилиш Дастурининг амалга ошириш натижалари мамлакат иқтисодий ва статистика тизимлари фаолиятини янада такомиллаштириш, статистика олдида турган муаммоларни ечиш учун уларнинг ташкилий тизимларини оптималлаштириш масалаларни кун тартибига қўйди.
Ушбу масалаларни хал қилиш мақсадида 1997 йилнинг 15 майида “Ўзистиқболстат” Давлат қўмитаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигига айлантирилди.
Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги таркибида аниқ белгиланган статистика вазифаларини бажаришга йўналтирилган, ҳудудий бўлинмаларга эга бўлган Давлат статистика департаменти ажратилган. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар даражасида – статистика бошқармалари, туманларда эса – статистика ва ҳисоблаш марказлари ташкил қилинган.
Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигига асосий вазифалар сифатида қуйидагилар юклатилган эди: иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг аниқ йўналишлари, йўллари ва усулларини аниқлаш, республика иқтисодиётини бошқаришнинг бозор механизмларини таъминлаш; макроиқтисодий ва моддий баланслар, МҲТга асосланган Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларининг вариантли ҳисоб-китобларини ишлаб чиқиш; тўлов, молия ва ташқи савдо балансларини шакллантириш ва назорат қилиш (Молия вазирлиги билан биргаликда); Ўзбекистон иқтисодиётининг оптимал ривожи ва пропорцияларини, минерал ва хом ашё ресурсларидан оқилона фойдаланилиши, барқарор ўсиш ва дунё хўжалигигига интеграциялашувини таъминлашга қаратилган инвестиция дастурларини тайёрлаш ва амалга оширилишини мувофиқлаштириш; иқтисодиёт ва маданият ривожи, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигининг ўсишини ҳисобга олиш ва назорат қилишга қаратилган ҳозирги замон индикатив, аналитик ва статистик услублар ва воситаларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш.
Қабул қилинган халқаро статистика амалиётида қўлланиладиган услубий қоидалар ва андозаларга асосланган ҳолда белгиланган вазифаларни бажариш статистика идоралари фаолиятида жиддий ўзгаришларга олиб келди.
Ушбу даврда статистикани такомиллаштиришдаги фаолиятнинг асосий йўналишлари бўлиб ижтимоий-иқтисодий жараёнларни ҳаққоний ва аниқ ифодалайдиган статистик кўрсаткичлар тизимини такомиллаштириш ҳисобланди. Кўрсаткичлар тизимини тузишнинг концептуал асоси бўлиб статистика ахборот тизими сифатида бошқарув ва ижтимоий тузилмаларнинг ахборотларга бўлган эҳтиёжларини қондириш бўлди.
Бундан келиб чиққан ҳолда кўрсаткичлар тизимининг ривожи ва такомиллашуви республикада умумиқтисодий ривожланиш, миллий хўжаликнинг бозор моделига ўтиши, иқтисодий ва ижтимоий барқарорлик даражасини ифодалаш орқали намоён бўлди. Юқоридагилар статистик кўрсаткичларни қуйидаги бўлимларга таснифлашга имкон берди: макроиқтисодиёт; хўжалик юритишда рақобат иқлимини яратиш; ижтимоий барқарорлик.
Шу билан бирга ушбу босқичда статистикани ислоҳ қилиш устуворлик, энг муҳим, фундаментал йўналишлар учун ресурсларни йўналтириш тамойилларига амал қилинганлиги натижасида халқаро статистика ҳамжамиятига интеграциялашув жараёнини янада жадаллаштирди.
Мамлакатни кейинги даврдаги ривожи статистикани такомиллаштиришда янгича ёндашишлар зарурлигини талаб қилар эди. Ушбу ёндашишга кўра устуворликлар доирасида ишларни янада ривожлантириш ва уларни якунига етказишни ҳамда тизимининг ўзини бозор иқтисодиётига мослаштиришга қаратилган ўзгартиришлар билан биргаликда олиб борилди. Яъни, статистиканинг айрим элементларини фрагментар ислоҳ қилишдан бутунлай яхлитликда статистика тизимини ислоҳ қилишга ўтилди.
Халқаро статистика амалиёти, услубий кўрсатмалари ва андозаларига кўра ушбу ва бошқа статистика муассасаларининг функционал вазифаларини ечиш учун берилган топшириқларни бажариш мақсадида маълум тизимга эга бўлиши талаб қилинади.
Шу сабабли статистика ривожининг янги сифат босқичини яратишда муҳим шарт-шароит ва ҳуқуқий асос бўлиб 2002 йилнинг 12 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан “Давлат статистикаси тўғрисида”ги қонун (ушбу қонунга 2005 йил 20 декабрида, 2010 йил 3 сентябрида ва 2012 йил 3 январида тегишли ўзгартиришлар киритилган) ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 24 декабридаги “Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигини қайта ташкил этиш тўғрисисда”ги фармонига кўра Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги тугатилиб, унинг асосида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ташкил қилинди.
“Давлат статистикаси тўғрисида”ги янги қонун ва юқорида келтирилган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра 2003 йилнинг 8 январида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорга биноан Давлат статистика қўмитаси, миллий ва минтақавий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда халқаро андозалар ва қоидаларга асосланган, давлат бошқарув идоралари, хўжалик юритувчи субъектлар, фуқаролар ва ташкилотларнинг расмий статистика ахборотларга бўлган талабини қондириш учун статистика соҳасида ягона сиёсат олиб борувчи давлат ижроия идораси ҳисобланади.
Республикамиздаги статистика идораларининг фаолияти 1994 йилда БМТнинг Статистика комиссияси томонидан маъқулланган тамойилларларга ҳам асосланади. Расмий статистиканинг асосий тамойилларга риоя қилиши расмий статистика маълумотларига фойдаланувчилар ишончини оширишга имкон беради:

  1. Тамойил. Долзарблик, холислик ва очиқлик.

  2. Тамойил. Профессионализм.

  3. Тамойил. Статистик андозалардан фойдаланиш.

  4. Тамойил. Статистик маълумотлардан тўғри фойдаланиш ва таҳлил қилиш.

  5. Тамойил. Статистик кузатишлар самарадорлиги.

  6. Тамойил. Махфийлик.

  7. Тамойил. Қонунчилик ва ошкоралик.

  8. Тамойил. Миллий даражада мувофиқлаштириш.

  9. Тамойил. Халқаро даражада мувофиқлаштириш.

  10. Тамойил. Статистика соҳасида халқаро ҳамкорлик.

Расмий статистикада ушбу тамойилларга риоя қилиниши миллий статистика идораларида юқори сифатли статистик ахборотлар олинишига имкон бериб, уларга жамият томонидан ишончни оширади.


Статистиканинг ривожи мамлакатдаги ҳозирги вақтдаги вазият, иқтисодиёт ва жамиятдаги ислоҳотлар жараёни, бошқарув тизимини қайта ташкил қилиш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти йўлларига ўтиш ва эски иқтисодий муносабатлардан янги шаклларга ўтиш билан белгиланади.
Иқтисодиётни бошқаришнинг янги тамойиллардан келиб чиққан ҳолда статистика олдида қуйидаги вазифалар қўйилган:
1. Бошқарув идораларининг статистик ахборотларга бўлган эҳтиёжларини таҳлил қилиш ва баҳолаш.
2. Мамлакатда содир бўлаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларни ифодаловчи ҳисоб ва статистиканинг халқаро амалиётига қўлланиладиган статистик кўрсаткичлар тизимини ишлаб чиқиш.
3. Статистик кузатишни ривожлантириш. Статистиканинг асосий вазифасини бажариш мақсадида махсус уюштирилган текширишлар, рўйхатлар, анкета орқали савол-жавобларни ташкил қилиш ва ўтказиш.
4. Статистиканинг ягона услубий асосига таяниб ахборот фондини ташкил қилиш, уни бошқарув ва ўз-ўзини бошқариш идоралари ва бошқа фойдаланувчиларни зарур статистик маълумотлар билан таъминлаш мақсадида мунтазам янгилаб бориш.
5. Ижтимоий-иқтисодий жараёнларни илмий асосланган тезкор таҳлилини ташкил қилиш. Шаклланган статистик ахборотларнинг сифати, тўлалиги, ҳаққонийлиги ва тезкорлигини таъминлаш.
6. Ёппасига ва қисман статистик кузатиш, мақсадли маълумотлар банки ва регистрлар каби усулларни қўллаш мақсадида барча давлат ва нодавлат секторига тегишли хўжалик юритувчи субъектларни тўла қамраб олиш ва ҳисобдаги ҳаққонийликни таъминлаш.
7. Ахборотларга эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда статистик ахборотлар оқимлари схемасини ишлаб чиқиш.
8. Очиқ статистик ахборотларни барча фойдаланувчилар томонидан тенг олиш ҳуқуқини таъминлаш.

Статистика фани статистика олдидаги вазифаларни ечишда қуйидаги вазифаларни бажариш орқали фаол қатнашади:



  • иқтисодиётнинг турли ҳодиса ва жараёнларини билиш воситаси сифатида ифодаланадиган билиш функцияси;

  • методологик функция – статистик кўрсаткичлар тизимини такомиллаштириш ва тузиш;

  • аналитик функция –статистик ахборотлар таҳлилини чуқурлаштириш.

Юқорида санаб ўтилган вазифаларни муваффақиятли бажариш статистика амалиёти ва фанининг методологик бирлиги ва улар фаолиятини мувофиқлаштиришга кўп жиҳатдан боғлиқдир.


Статиститка методологиясининг ҳозирги даврдаги ривожи қуйидаги йўналишларда содир бўлмоқда:



  1. Иқтисодиёт ҳолати ва ривожланиш истиқболларига статистик характеристика бериш.

  2. Тармоқлар ва минтақаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражалари бўйича фарқланишларини ва омиллар таъсирини ўрганиш методологиясини такомиллаштириш.

  3. Халқаро ва минтақалараро таққослашлар методологиясини ривожлантириш.

  4. Миллий ҳисоблар тизими (МҲТ) методологиясини ривожлантириш.




Download 231 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling