1-Маъруза. Геосиёсат фанининг объекти, предмети ва вазифалари


Download 118.16 Kb.
bet1/2
Sana01.01.2023
Hajmi118.16 Kb.
#1074571
  1   2
Bog'liq
1mavzu


1-Маъруза. ГЕОСИЁСАТ ФАНИНИНГ ОБЪЕКТИ, ПРЕДМЕТИ ВА ВАЗИФАЛАРИ



  1. Сиёсий география ва Геосиёсат ҳақида тушунча.

2. Сиёсий география ва Геосиёсатнинг фанлар тизимида тутган ўрни.
3. Сиёсий география ва Геосиёсатнинг шаклланиши ва ўзаро алоқадорлиги.
4. Геосиёсатнинг тадқиқот объекти ва предмети.
5. Геосиёсатнинг мақсад ва вазифалари.


Таянч сўзлар: сиёсий география, геосиёсат, сиёсий-ҳудудий тизимлар, сиёсий кучлар, сиёсий марказлар, ижтимоий география, иқтисодий география, сиёсий харита.

Ҳозирги замон фанлари тизимида сиёсий география, география фанлари туркумига мансуб ижтимоий - географик фан тармоғи ҳисобланади. Мазкур фан инсоният жамиятининг сиёсий – ҳудудий ташкил этилиши ва ривожланиши қонуниятларини, ҳудудий – сиёсий тизимлар ва жараёнларнинг шаклланиши ва ривожланишини ўрганиши билан алоҳида аҳамиятга эга.


Илк сиёсий географик фикрлар, ғоялар қадим ва ўрта аср олимлари, тадқиқотчилари асарларида ҳам баён қилинган. Аммо, шуларга қарамай, булар ушбу фан сохасини қадимда вужудга келиши учун асос бўла олмади.
Сиёсий география қадим фанлар туркумига мансуб бўлмасада, инсониятнинг ривожланиши билан боғлиқ дастлабки ҳудудий-сиёсий жараёнлар илк давлатчилик шаклларининг пайдо бўлиши ва улар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ривожланиб бориши билан чамбарчас боғлиқдир. Булардан англашиладики, ҳудудий - сиёсий тизимларнинг мазмунини давлатсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, сиёсий география ҳам давлат, давлатларнинг бирлашмалари, сиёсий кучлар ёки улар ўртасидаги турли-туман ўзаро муносабатларнинг сиёсий-ҳудудий жиҳатларисиз ёки бир сўз билан айтганда, дунё сиёсий харитасисиз ўз моҳиятига эга бўла олмайди.
Сиёсий географиянинг ўзига хос хусусияти, унинг қирравий фан сохаси эканлигидир. Жумладан, у география ва сиёсатшунослик фанлари қиррасида вужудга келган, ёки бошқача қилиб айтганда, “Сиёсий география оёғи билан ерга – географияга, боши билан эса сиёсатшуносликка – давлат сиёсатига тегиб туради”1. У нафақат география фани ва унинг турли соҳалари, балки сиёсатшунослик, тарих, иқтисодиёт, социология, демография ва бошқа бир қатор фан тармоқлари билан чамбарчас боғлиқдир. Сиёсий географиянинг базасида юзага келган Геосиёсат фани география ва сиёсат фанлари қиррасида шаклланган.
Жамиятнинг ҳудудий ташкил этилиши ва ривожланишининг сиёсий-географик хусусиятларини, ҳудудий-сиёсий тизимлар ва жараёнларни, дунёнинг сиёсий-географик манзарасини, дунё сиёсий харитасининг шаклланиши ва ривожланиши қонуниятларини билиш ҳамда геосиёсий жараёнлар ҳақидаги тасаввур ва билимларни ҳосил қилиш Сиёсий география ва геосиёсат фанларининг вазифаларига киради.
Бунда энг аввало, қуйидаги вазифаларга асосий эътибор қаратилади:

  • фаннинг илмий - назарий асослари ҳақида тасаввурларни ҳосил қилиш;

  • ҳудудий - сиёсий тизимларнинг шаклланиши ва ривожланиши омиллари ва қонуниятларини билиш;

  • ҳудудий - сиёсий тизимларни таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантириш;

  • дунё сиёсий харитасининг шаклланиши ва ривожланиши қонуниятларини аниқлаш ва таҳлил қилиш;

  • геосиёсий жараёнлар ҳақида тушунчага эга бўлиш;

  • геосиёсий ғоя, концепция ва назарияларни билиш;

  • геосиёсий кучлар ва уларнинг ҳудудий таркибини таҳлил қилиш;

  • геосиёсий вазиятга баҳо бериш;

  • минтақавий интеграция жараёнларини билиш ва таҳлил қилиш;

  • глобализация жараёнлари ва уларнинг сиёсий - географик хусусиятларини билиш;

  • давлатлараро ташқи иқтисодий алоқалар, ҳалқаро меҳнат миграцияси, ҳалқаро капитал харакати қонуниятлари ҳақида тасаввурларга эга бўлиш зарур.

Ҳозирда, жаҳон глобал хўжалик тизимлари тез шаклланиб бораётган бир даврда, дунё сиёсий харитасини, ундаги давлатларнинг тузуми, бошқарув шакли, ўзаро ижтимоий-иқтисодий, сиёсий муносабатларини ҳамда уларнинг минтақавий хусусиятларини билиш ва хулосалар олиш замонавий географик дунёқарашнинг муҳим талабларидан бўлиб хизмат қилади.
Агарда, сиёсий географиянинг тадқиқот объекти таркибига (яъни, ҳудудий-сиёсий тизимларга) эътибор берилса, унда ўрганилаётган икки йирик унсур яққол кўзга ташланади. Бу бир томондан, аввало ҳудуд бўлса, иккинчи томондан сиёсат – давлат, давлатларнинг ҳудудий таркиби, сиёсий кучлар ва уларнинг марказлари билан боғлиқдир.
Сиёсий географиянинг тадқиқот объекти – бу, ҳудудий – сиёсий тизимлардир.
Таъкидлаш жоизки, дунёда, унинг турли минтақаларида ёки алоҳида олинган давлатларда кечаётган сиёсий жараёнларни ҳудудлар, ёки географик омилсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бинобарин, жаҳон давлатлари ёки алоҳида олинган минтақаларнинг шакл - шамойили, географик ўрни, табиати ва унинг бойликлари, демографик (аҳолиси сони, унинг ўсиши, жойлашуви хусусиятлари, таркиби ва б.) ҳамда иқтисодий салоҳияти ўз навбатида ҳудудий - сиёсий тизимларнинг шаклланишига, қолаверса давлат геосиёсатига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Шу сабабдан ҳам сиёсий география, география фанининг кенг пойдеворига таянган холда, унга “эгизак” бўлган геосиёсат фани билан узвий боғлиқ ва алоқадорликка эга.
Шундай қилиб, ҳозирги даврда сиёсий география замонавий иқтисодий ва ижтимоий географиянинг ўзига хос тармоқларидан бири сифатида мазкур фаннинг ижтимоий қанотини кучайишига хизмат қилади. Зеро, анъанавий иқтисодий ва ижтимоий географияни Россия Федерациясида “Иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва рекреация географияси” деб номланиши бежиз эмас.
Аксарият кўпчилик олимлар томонидан сиёсий географиянинг вужудга келиши даври XIX асрнинг оҳири ва XX асрнинг бошлари деб ҳисобланади. Бу энг аввало, жамиятнинг ривожланиши хусусиятлари билан бевосита боғлиқдир. Жумладан, бу даврга келиб, жаҳон ва унинг турли минтақаларида кечган кучли ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар, ўша даврнинг етакчи сиёсий кучлари томонидан дунёнинг бўлиб олиниши, Европада кечган сиёсий жараёнлар ва айниқса Россияда инқилобни содир бўлиши, жаҳон мамлакатларининг икки тоифага – лагерга ажраб қолиши ва шу каби бошқа сиёсий-ҳудудий жараёнларнинг етилиши, мазкур фанни айнан шу даврда вужудга келишига ўзига хос шарт-шароитлар ҳозирлади. С иёсий география ва Геосиёсатнинг фан сифатида вужудга келишида таниқли немис олими, география профессори Ф. Ратцель(1844-1904)нинг хизматлари катта. У хақли равишда сиёсий географиянинг асосчиси – “отаси”дир.
Маълумки, тарихан ғарб, айниқса немис олимлари кўпчилик ҳудуд билан боғлиқ фан сохалари ёҳуд илмий йўналишларнинг вужудга келишида алоҳида ўрин тутадилар. Айниқса, камерал статистика ва давлатларни тасвирлаш, ишлаб чиқариш тармоқлари ва уларнинг корхоналарини, аҳоли жойлашуви тизимларини, хизмат кўрсатишни жойлаштириш билан боғлиқ “Штандорт” (яъни, жойлаштириш) назарияси бунда алоҳида аҳамиятга эга. Бу борада И.Тюненнинг қишлоқ хўжалиги штандорти, А. Вебернинг саноат штандорти, А. Лёш ва В. Кристаллернинг хизмат кўрсатишни жойлаштириш назариялари қаторида Ф. Ратцелнинг жамиятни сиёсий - ҳудудий ташкил этилиши ва ривожланиши билан боғлиқ сиёсий географияси ўз даври фанининг ўзига хос ютуқларидан ҳисобланади.
“Сиёсий география – бу, энг аввало дунё сиёсий харитасини, ҳудудий - сиёсий тизимларнинг шаклланиши ва ривожланиши қонуниятларини ўрганувчи ижтимоий - географик фан” деб аташ мақсадга мувофиқдир.
Сиёсий географиянинг вужудга келиши ва ривожланишидаги илк салмоқли асарлар, тадқиқотлар кўпроқ ғарбда эълон қилинди. Бинобарин, мазкур фаннинг асосчиси Ф. Ратцель томонидан 1897 йили чоп этилган “Сиёсий география” асари том маънода сиёсий географияни фан сифатида вужудга келишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди. Шунинг билан бирга, мазкур олимнинг “Земля и жизнь: сравнительное землеведение” (1903, 1906), “Антропогеография” (1896), “Народоведение”, “Законы пространственного роста государств” (1896), “Море как источник могущества народов” (1900) каби асарлари ўз навбатида сиёсий - географик ғоя ва қарашларнинг ривожланиши замирида геосиёсатнинг вужудга келишига замин яратди. Бинобарин, Ф. Ратцель ўз асарларида “Геосиёсат” тушунчасини бевосита қўлламаган бўлсада (геосиёсат термини илк бор Ф. Ратцелнинг шогирди Р. Челлен (годы жизни)томонидан 1916 йилда чоп этилган “Давлат ҳаётнинг шакли сифатида” асарида қўлланилган), давлат ва унинг сиёсий - ҳудудий тараққиётининг географик жиҳатлари билан боғлиқ қонуниятларни тадқиқ қилган.
Сиёсий география даставвал ғарбда вужудга келган бўлиши билан бирга, унга европа мамлакатларида фан тармоғи сифатида қаралди. Аксинча, собиқ Иттифоқнинг тоталитар сиёсий тузуми даврида эса сиёсий географиянинг ривожланиши қийин кечди. Аммо, шуларга қарамай, бу борада муайян тадқиқотлар олиб борилди. Собиқ Иттифоқ даврида сиёсий географиянинг шаклланишида Н.Н.Баранский, И.А.Витвер, И.М.Маергойз, Б.Н.Семевский, Р.А.Горбацевичларнинг хизматлари катта бўлди. Бу даврда сиёсий географиянинг фан соҳаси ва шу билан бирга ўқув предмети сифатида ўқитила бошланиши ҳам бевосита Н.Н.Баранский номи билан боғлиқ. Ўтган асрнинг 70 - йилларидан бошлаб, айниқса 80 - йилларда бир қатор муҳим илмий тадқиқотлар амалга оширилди. Бу борадаги салмоқли ишлар О.Витковский, С.Б.Слевич, В.С.Ягья, Н.Э.Каледин, В.А.Колосов, Н.С.Мироненко ва бошқалар томонидан бажарилди.
Совет даврининг кўпчилик географ олимлари, одатда сиёсий географияни иқтисодий географиянинг ажралмас бир қисми деб ҳисоблаганлар. Айрим олимлар сиёсий географияни иқтисодий география билан боғлиқ бўлган мустақил фан тармоғи деб ҳисобласалар, баъзилари, жумладан Б.Н. Семевский ва бошқалар сиёсий географияни иқтисодий географиядан холи тарзда тасаввур қила олмадилар, ва бу билан бир томондан сиёсий географияни мустақил бўлиш хуқуқидан маҳрум қилиб ҳам қўйдилар2.
Аксинча, ғарбда сиёсий географияга мустақил фан сифатида қаралди. Жумладан, 1961 йили Лондонда нашр қилинган машҳур “Умумгеографик терминлар луғати”да “Сиёсий география – бу, давлатларнинг бошқарув шакллари, чегаралари ва маъмурий бўлинмалари ҳақидаги географик фандир”, ёки “Сиёсий география – бу ижтимоий географиянинг бир бўлими бўлиб, давлатларнинг чегаралари, маъмурий бўлинмалари, ҳудуди ва ресурсларини ўрганади” деб таъкидланди.
Ўз даврида Антонио Фламиньи – “Сиёсий география – бу, таҳлил(анализ) бўлса, айни пайтда геосиёсат – бу, синтездир” деб айтган эди.
Ҳозирга қадар сиёсий география ва геосиёсат тушунчаларининг ўзаро муносабати, айниқса геосиёсатнинг мустақил фан сифатидаги мавқеи ва роли ҳақида баҳс - мунозаралар мавжуд. Баъзи олимлар уларни ўзаро маънодош деб билсалар, бошқалари аксинча, сиёсий география ва геосиёсатни ўзаро фарқ қилувчи турлича тушунчалар сифатида талқин қиладилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сиёсий география ва геосиёсат ўзининг тадқиқот объекти, мазмун - моҳияти, ички тузилиши, вужудга келиши ва ривожланиши хусусиятларига кўра нақадар ўзаро яқин ва боғлиқ бўлишларига қарамай, алоҳида - алоҳида фан тармоқлари сифатида фаолият кўрсатишга ҳам ҳақлидирлар. Ҳар икки йўналиш ҳам ўз илмий тадқиқот натижалари билан бевосита амалиётга боғланган бўлсаларда, дунё сиёсий харитасидаги XX аср ва айниқса унинг оҳирларидаги ўзгаришлар натижасида ушбу хусусият, яъни амалиётга яқинлик кўпроқ геосиёсатга хосдай туюлади.
Геосиёсат фанининг вужудга келиши ва ривожланиши, унинг тадқиқот объекти ва предмети, йирик олимлар ва уларнинг илмий-назарий фаолияти борасида ҳозирга қадар кўплаб тадқиқотлар амалга оширилган. Аммо, шуларга қарамай, ушбу фаннинг тўлақонли фан тармоғи мақомига эга ёки эга эмаслиги борасида ҳам ханузгача турли баҳс – мунозаралар мавжуд.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, геосиёсат аввало сиёсий географиянинг кенг пойдевори асосида шаклланди ва ривожланди. Бунда, энг аввало географик детерминизм ва унинг негизида шаклланган классик геосиёсат концепциялари назарий пойдевор бўлиб хизмат қилди. Шулардан келиб чиқиб, геосиёсат фанининг шаклланиши йўлини таниқли олим профессор А. Солиев бўйича қуйидагича талқин қилиш мумкин: “географик детерминизм – классик геосиёсат - геосиёсат”.
Географик детерминизм, ёки бошқача қилиб айтганда, жамият ҳаётида, унинг ривожланишида табиий - географик омилларнинг ролига устувор аҳамият қаратиш ғояси, сиёсий география ва геосиёсатнинг вужудга келишида илк методологик асос бўлиб бўлиб хизмат қилган. Бинобарин, геосиёсатни давлатсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, давлатни ҳам унинг ҳудудисиз ва (айниқса, ресурс) салоҳиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам, ҳар қандай давлат куч - қудратининг илк асоси, пойдевори энг аввало ўзи жойлашган ҳудуд ва унинг катта - кичиклиги, табиий шароити, ресурс ҳамда демографик салоҳияти билан боғлиқдир. Бу кўпроқ илк давлатларда кузатилади. Аммо, бу билан давлат тараққиётини тўла - тўкис табиий географик омилларга боғлаб қўйиш ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Бундай детерминистик, социал - дарвинистик, яъни органицистик ёндашув, айниқса геосиёсат фанининг асосчиси Ф. Ратцель асарларида кўзга ташланади. Жумладан, у ўзининг йирик асари – “Сиёсий география”да (1897) тупроқ давлатнинг алмаштириб бўлмас негизи эканлигини, унинг тақдирини тупроқ ва ҳудуд белгилаб беришини таъкидлаш асосида, давлатни тупроққа боғлиқ бўлган холдаги “тирик организм”3 сифатида тушунади. Шунинг билан бирга, у давлатнинг хоссаларини ҳудуд ва унда жойлашган халқ белгилаб бериши, ҳудуд – муҳим сиёсий - географик омил ҳамда сиёсий куч эканлигини таъкидлайди. Булардан кўринадики, Ф. Ратцелнинг фикрича, ҳудуд оддий табиий - географик тушунча (объект) бўлиб қолмай, балки сиёсий аҳамиятга эга бўлиб боради. У давлатни ҳудди биологик организм, яъни дарахт мисоли тупроқ билан уйғунлашган тана сифатида талқин қилар экан, давлатнинг гуллаб - яшнашини унинг қанчалик атроф-муҳит билан мослашуви, уйғунлашувига боғлиқ эканлигини таъкидлайди.
Ф. Ратцель давлатнинг ижтимоий - иқтисодий, сиёсий тараққиётида муайян ҳудудни, яъни “ҳаёт ҳудуди”ни (“Жизненная пространства”) катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлайди. У давлатни ҳудди тирик организмга ўҳшатар экан, - “давлат туғилади, ривожланади ва ўлади” деб тушунтиради.
Ҳозирги даврга келиб, бундай детерминистик фикрлаш албатта мақсадга мувофиқ эмас, зеро жамиятнинг ривожланишида фан - техника тараққиётининг ролини, ишлаб чиқариш кучларини тез ривожланиб бораётганлиги ва аҳоли турмуш даражасининг юксалиб боришини инкор қилиб бўлмайди.
Сиёсий география ва геосиёсатнинг ўзаро алоқадорлигини таъкидлаган холда, уларнинг айрим хусусиятлари ҳам кўзга ташланади. Бинобарин, геосиёсатни бир вақтнинг ўзида ўқув предмети, ва шу билан бирга давлат сиёсатининг муҳим шакли, йўналиши сифатида тушуниш мумкин. Ҳозирда геосиёсатни давлатларнинг ташқи сиёсати билан боғланган ёки муайян давлат ташқи сиёсатининг муҳим бўғини, йўналиши сифатида тушуниш ҳам кенг учрайди.
Геосиёсатнинг тадқиқот объекти борасида турлича қарашлар мавжуд.
Классик геосиёсатнинг йирик намояндаларидан бири Р. Челлен эса, - “Геосиёсат – бу, давлатни ҳудди тирик географик ёки ҳудудий организм сифатида қаровчи доктрина” ёки “Геосиёсат – бу, ҳудудда мужассамланган ва ҳудди географик организм сифатида бўлган давлат ҳақидаги фандир” деб тушунтиради.
Яна бир классик геосиёсат мактаби вакили К. Хаусхофернинг фикрича, “Геосиёсат – бу, ер ва сиёсий жараёнларнинг ўзаро муносабати ҳақидаги фандир. У географиянинг кенг пойдеворига, яъни энг аввало, ҳудуддаги сиёсий организмлар ва уларнинг тузилиши ҳақидаги сиёсий географияга асосланган. Геосиёсат сиёсий харакатларни тегишли воситалар билан таъминлаш ва умуман олганда сиёсий ҳаётга йўналиш беришни мақсад қилиб қўяди. Шундай қилиб, геосиёсат айнан санъат бўлиб, санъат бўлганда ҳам амалий сиёсатни бошқариш санъати бўлиб гавдаланади. Геосиёсат – бу, давлатнинг географик онггидир”4.
Ҳозирги рус геосиёсий тадқиқотчиларидан бири Н.Нартов эса, “Геосиёсат – бу, ҳудуд устидан назорат қилиш ҳақидаги билимлар тизими, фандир”5 деб таъкидласа, яна бир тадқиқотчи Ю. Тихонравовнинг фикрича, “Геосиёсат – бу, сиёсий ва географик муҳитнинг (жойлашган ўрин, рельеф, иқлим, ландшафт, фойдали қазилмалар, иқтисодиёт, экология, демография, харбий қудрат) ўзаро таъсири қонуниятларини ўрганувчи фандир”.
Сиёсий география ва геосиёсатга турли олимлар томонидан жуда кўплаб ва турли-туман тарифлар берилган бўлсада, уларнинг мазмунида икки муҳим объект – ер, яъни ҳудуд ҳамда сиёсат (давлат) ёки сиёсий жараёнлар албатта ўз аксини топганлигини кўриш мумкин.
Ҳозирги глобаллашув даврида Геосиёсат фаниниг ахамияти тобора ортиб бораяпти.
География геосиёсат билан битта илдизга(гео-ер, макон) эга бўлиб, сиёсат нафақат тасвирлаш(графо) балки ўзаро таъсирни билдиради.
«Агар география макон қандай қилиб давлатга таъсир кўрсатишини очиб берса, геосиёсат давлат қандай қилиб маконнинг шароит ва қонунларини енгади ва уни мақсадларига хизмат қилишга мажбурлаш масаласини ўрганади»(Геополитика.,2004).
Геосиёсатнинг ўрганиш объекти бўлиб макон- жахоннинг геосиёсий таркиби ҳисобланади. Ҳозирги шароитларда фан шаклланган даврдан фарқли равишда макон кўп ўлчамли бўлиб бормоқди.
Сайёрамиз глобаллашаётга шароитларда географик макон билан бир қаторда геосиёсатда иқтисодий, савдо, транспорт, харбий, ахборий, демографик, ресурс-хомашё ва бошқа омиллар ҳисобга олинади.
Турли субъектлар(давлатлар, ТНКлар ) томонидан макон устидан назоратнинг қонуниятлари, шакллари, методлари ва ресурслари геосиёсатнинг предмети ҳисобланади.
Сиёсий география ва Геосиёсат фанлари Ғарбда кучли ривожланган. Собиқ Иттифоқда бу фанларни ғарб давлатларининг империалистик қарашлари учун хизмат қиладиган реакцион фан деб тан олмаганлар. Геосиёсатни “ёлғон фан” деб мамлакат хавфсизлигини таъминлашнинг стратегик асосларни ишлаб чиқишда ортда қолиб кетганлар. Геосиёсат фани Москва Давлат университетида фан сифатида ХХ асрнинг 80-йиллари охирида ўқиш бошланган. Геосиёсатнинг фан сифатида таърифлари жуда кўп, объект, предмети бўйича ҳам турлича илмий қарашлар мавжуддир. Шу билан бирга, геосиёсатнинг мақсад ва вазифаларининг турлича талқинлари бордир.
Умумлаштирганда Геосиёсатнинг мақсадларига қуйидагилар киради:
-илмий қарашларнинг модернизацияси;
-жахон тузилмасининг таҳлили:
-давлатлар геостратегиясини ҳис қилиш;
-воқеа-ходисаларни глобал, минтақавий, субминтақавий даражалрда твҳлил этиш ва бошқалар.
Вазифалари: Мамлакатдаги сиёсий воқеа ва ҳодисаларни ер юзаси, ландшафт, макон(замин) хусусиятларига қарамлиги, уларга таъсир назоратини ўрганиш.
Геосиёсат асослари фани география йўналиши талабалрига жамиятнинг сиёсий-худудий ташкил этилиши ва ривожланиши қонуниятларини ўргатади. Бу фан ижтимоий-иқтисодий географик фанлар билан бир қаторда сиёсатшунослик, мамлакатшунослик ва бошқа фан тармоқлар билан узвий алоқадорликдадир. Ушбу фанна ўқитишдан мақсад-талабаларда жамиятнинг сиёсий худудий ташкил этилиши ва ривожланиш қонуниятлари, дунё сиёсий харитисининг шаклланиши ва ўзгариши, ташқи иқтисодий алоқаларнинг географик жихатларига доир билимларни шакллантиришдан иборатдир.

Download 118.16 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling