1-Маъруза. Кириш


Download 181.5 Kb.
bet1/13
Sana14.05.2023
Hajmi181.5 Kb.
#1460530
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   13
Bog'liq
Агро-1-Кириш

1-Маъруза. Кириш




РЕЖА:
1. Агрометеорология курснинг предмети, унинг бошқа фанлар билан боғлиқлиги.
2. Агрометеорологик тадқиқотлар услуби. Тадқиқотлар олиб боришда таянч асосий қонуниятлар.
3. Агрометеорологиянинг мақсади ва вазифаси.
4. Ўзбекистон ва дунёда агрометеорологиянинг ривожланиш тарихи.
Таянч сўз ва иборалар: Агрометеорология, агроиқлимшунослик, агрогидрология, зоометеорология, қишлоқ хўжалиги, ўсимлик, агротехника, объект, экин,микроиқлим, ҳосил чорвачилик, метеорология, катталик, шароит, иқлим, об-ҳаво, ҳудуд, жараён, омил, ғўза, нав, тадқиқот, ҳодиса, муддат, дала, тажриба, ўлчаш, математик, статистика, максимум, минимум, Ўзгидромет, ГМИТИ, кузатиш,

Қишлоқ хўжалиги учун аҳамиятга эга бўлган метеорологик, иқлим, гидрологик ва тупроқ шароитларининг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш объектлари ва жараёнлари билан ўзаро таъсирини ўрганадиган фан қишлоқ хўжалиги метеорологияси деб аталади.


Ҳозирги замон қишлоқ хўжалиги метеорологияси агрометеорология, агроиқлимшунослик, агрогидрология ва зоометеорология каби соҳалар билан узвий боғлиқ. Агрометеорологияни қишлоқ хўжалиги метеорологиясининг асосий, етакчи бўлими деб айтиш мумкин.
Агрометеорология қишлоқ хўжалиги метеорологиясининг метеорологик шароитларини, қишлоқ хўжалик ўсимликларининг ўсиш, ривожланиш ва ҳосилининг шаклланиш жараёнлари ва агротехник тадбирлар билан ўзаро таъсирини ўрганадиган соҳасидир.
Агрометеорология бўйича айрим дарсликларда агрометеорология фанига қуйидагича таъриф берилган: «Агрометеорология қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун аҳамиятга эга бўлган метеорологик, иқлим, гидрологик ва тупроқ шароитларини қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши объектлари ва жараёнлари билан ўзаро таъсирини ўрганадиган фандир». Агрометеорологияга берилган бу таърифнинг мазмуни қишлоқ хўжалиги метеорологиясига берилган таъриф билан деярли мос тушади.
Бу ерда қайд этилган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши объектлари тушунчасига қишлоқ хўжалик экинлари ва ҳайвонлари киради, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши жараёнларига эса деҳқончиликда ерни экин экишга тайёрлаш, экинларни экиш (ёки сепиш, кўчат ўтказиш) дан токи ҳосилини йиғиб-териб олишгача қўлланиладиган агротадбирларни, чорвачиликда эса ем-хашак етиштириш, ҳайвонларни табиий шароитда озиқлантириш, сақлаш ва асраш технологиялари тушунилади.
Агрометеорологиянинг ўрганиш объектларига об-ҳаво, иқлим, тупроқнинг сув ва иссиқлик режими, физик ва физик-механик хоссалари, қишлоқ хўжалиги экинлари, яйлов ўсимликлари ва қишлоқ хўжалик ҳайвонлари, ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши жараёнлари киради. Агрометеорологияда барча объектлар организмнинг атроф-муҳит билан ўзаро таъсири нуқтаи назаридан ўрганилади.
Шундай қилиб, агрометеорология, бир томондан, метеорологик катталикларнинг ўзгаришини ўрганса, иккинчи томондан, метеорологик катталиклар таъсирида маданий ва чўл-яйлов ўсимликларининг ўсиши ва ривожланишини бир вақтда (паралел) кузатиб боради ва бу кузатишлар асосида об-ҳаво ва иқлим шароитларининг ўсимликка таъсирини аниқлайди.
Бу фан XIX асрнинг охиридан бошлаб метеорология фанининг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига қўлланишини ўрганадиган бўлим сифатида қишлоқ хўжалик метеорологияси ривожлана бошланган.
Қишлоқ хўжалик метеорологияси фани мустақил агрометеорология, агроиқлимшунослик, агрогидрология, зоометеорология каби бўлимларни қамраб олади.
Агрометеорология - қишлоқ хўжалик метеорологияси фанининг бўлими, метеорологик шароитлар билан қишлоқ хўжалик экинларини ўсиши, ривожланиши, ҳосилнинг шаклланиши ва агротехник тадбирлари билан узвий муносабатда боғлиқлигини ўрганувчи ва ўзаро таъсир жараёнларини тадқиқотловчи фан. Агрометеорология география фанлари қаторига киради, чунки об-ҳаво, иқлим, тупроқ билан қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришни ва табиий яйлов-пичанзорнинг ўзаро таъсирини ўрганади. Бу фаннинг хусусиятларидан унинг шаклланишида турли илм соҳаси туташган: метеорология, иқлимшунослик, агрономия, ўсимлик физиологияси, тупроқшунослик, география, экология ва бошқалар. Агрометеорология ўзида илмий билим тизими таснифини қамраган, қонун ва тушунчаларга, услублар ва тадқиқот воситасига асосланиб об-ҳаво ва иқлим билан қишлоқ хўжалик жабҳаларидан ишлаб чиқариш жараёнлари орасидаги муносабатларни аниқлайди, сифатий ва соний боғлиқликларини ифодалайди.
Агроиқлимшунослик: - қишлоқ хўжалик метеорологияси фанининг бўлими, иқлим шароитларнинг қишлоқ хўжалик жабҳалари ва жараёнлари билан узвий муносабатда боғлиқлигини ўрганувчи фан. Иқлимни ўрганиш ўсимликшуносликдаги омилларни билишдир. Иқлимшуносликни вазифалари қуйидагилар: 1) техникавий ёки бошқа экинлар учун иқлимий шароитларни маъқбуллигини аниқлаш; 2) агроиқлимий районлаштириш мақсадида ҳудуд-ларни иқлимий ҳусусиятларини текшириш, қишлоқ хўжалик экинларини маъқбул жойлаштириш ҳудудларини аниқлаш; 3) янги агротехник усулларни иқлимий асослаш; 4) қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариш мақсади учун микро-иқлимни яхшиланиши мумкин бўлган томонларини ўрганиш; 5) Микроиқлим-нинг ўзгаришини содир этувчиларни, ташкил этилган суғориш далаларни, ярим ҳимоячи ўрмонзорларни, агротехника тадбирларни ва бошқаларни ҳисобга олиш.
Агроиқлимшунослик иқлимни қишлоқ хўжалик манфаати нуқтаи назаридан қараб, экинлардан юқори ва сифатли ҳосил олиш, чорвачиликнинг маҳсулдорлигини оширишда иқлим шароитларидан тўла фойдаланишни ўрганиш ва уларнинг ўзаро муносабатини ифодаловчи бир хил агроиқлимий районларни белгиловчи - ажратувчи хариталарни тузиш агроиқлимшунос-ликнинг асосий вазифасидир.
Агрогидрология - Кишлоқ хўжалик метеорологияси фанининг бўлими, метеорологик шароитларнинг қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариш жабҳалари ва жараёнлари [сувни-физикавий хусусиятлари] ва [тупроқнинг сувланганлик тартиботи] муносабатларини боғлаб уларнинг ўзаро таъсирини ўрганади.
ҚХМ нуқтаий назаридан агрогидрологиянинг асосий вазифаси агрометеорологик кузатув олиб бориладиган далаларда тупроқнинг ҳолатини, физик хоссаларини, механик таркибини, намлик тартиботини, ўсимликни сувга ва ҳавога бўлган талабчанлик даражасини текширади. Ундан ташқари майдонларда агрогидрологик констант (ўзгармас), ўсимликларнинг турғин сўлишидаги тупроқ сувини, қийматини аниқлаш вазифаси ҳам киради.
Зоометеорология - қишлоқ хўжалик метеорологияси фанининг бўлими, метеорологик шароитларни қишлоқ хўжалик ҳайвонларига таъсирини ўрганади. Унинг вазифаси чорвачилик учун аҳамиятга эга бўлган яйлов шароитда қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг очиқ яйлов шароитида боқишни бошқариш усулларини яратишдир. Метеорологик шароитларни, қоракўл қўйларини қўзилаш, жунини қирқиш давридаги таъсирини соний жиҳатдан ўрганиш, уларнинг миқдорий такрорланиш тақсимотини харита-чизмаларда ифодалашдир.
ҚХМ фанининг асосий вазифаси - бу, қишлоқ хўжалиги жабҳалари (объекти)нинг (масалан экинлар, чорва ва ҳакозаларнинг) мақбул ривожланишига гидрометеорологик омилларни таъсирини ўрганиш ва соний кўрсаткичларни топиб баҳолаш, уларга оид метеорологик ўзгаришларни олдиндан аниқлаш, хўжаликка илмий асосланган тезкор гидрометеорологик хизмат кўрсатиш услубларини яратиш, ҳамда Республиканинг об-ҳаво ва иқлим шароитини тадқиқот этиш билан қишлоқ хўжалиги тармоқларини илмий асосда районлаштириш, экинзорлардан кўпроқ юқори ҳосил ёки маҳсулот олишга ёрдам беришдан иборатдир.
Ҳозирги вақтда ва келажакда қишлоқ хўжалик экинлардан мўл ҳосил олишни агрометеорология хизматисиз тасаввур этиш жуда қийин. Ҳар қандай ҳосилни оширишга қаратилган юқори даражадаги агротехника билан таъминлаш, минерал ўғитларни солиш ва бошқа тадбирлар бажарилмасин, бари бир экинзорларни ҳосилдорлигига об-ҳаво ва иқлим шароити ўз таъсирини кўрсатади.
Мазкур ҚХМ фани бир томондан география, метеорология, атмосфера физикаси, иқлимшунослик, синоптик ва космик метеорологияси билан иккинчи томондан эса - тупроқшунослик, физика, ўсимликлар физиологияси, агрономия, мелеорация, биология, ўсимликшунослик, селекция ва уруғчилик фанлари ва уларнинг бўлимлари билан узвий боғланган.
Ўзбекистонда ҚХМ фанини йўналишлари жаҳон стандартига тўғри келиши шубҳасиз БМТ ҳузуридаги Жаҳон Метеорология Ташкилотининг қишлоқ Хўжалиги Метеорологияси Комиссияси томонидан тан олинган. ҚХМ фанини Ўзбекистонда салохиятини ошириш, ҳеч бўлмаганда ҳозирги даражада тараққиётини сақлаш ва таъминлаш, келажакда илмий йўналишларини ёш кадрларни жалб этиш йўли билан бажариш муҳим масаладир.
Демак агрометеорология фанининг таянч ётакчиларидан бири бу метеорология фанидир.
Метеорология – Ер атмосфераси, унинг тузилиши ва хоссалари, атмосферада рўй берадиган турли ҳодисаларни ўрганадиган фандир.
Метеорология фанининг асосий вазифаси атмосферада рўй берадиган ҳодисаларни физика фани нуқтаи назаридан тушунтиришдир. Метеорология фани ҳаво таркиби, зичлиги, ҳарорати ва намлиги, нурий энергия ва унинг айланишлари, булутлар, ёғинлар, атмосферада ҳаво массаларининг вужудга келиши ва ҳаракати, довуллар, қора совуқ (совуқ уриш) лар, қурғоқчилик, атмосфера ҳолатини тавсифлайдиган бошқа жуда кўп катталиклар ва ҳодисаларни қуруқлик ҳамда дунё океани сирти билан ўзаро таъсирда ўрганади. Метеорология сўзининг ўзи қадимги юнон тилида «метеор»  осмон ҳодисаси, «логос» ўрганиш, билиш деган маънони билдиради. Шундай қилиб, метеорология осмон ҳодисаларини ўрганадиган фандир. Метеорологиянинг асосий вазифаси атмосфера жараёнларини ўрганиш билан чекланмасдан, балки уларга фаол таъсир этиш – об-ҳавонинг ноқулай ҳодисалари зарарини йўқотиш ёки камайтириш масалалари билан ҳам шуғулланади. Масалан, дўл ёғадиган булутларга таъсир этиб йирик дўл ёғишига йўл қўймаслик ва шу билан экинларни дўл уришдан сақлаб қолиш усулларини ишлаб чиқади.
Атмосфера ҳолатининг кескин ўзгаришига сабаб бўладиган бирор физик жараёнга атмосфера ҳодисаси деб юритилади. Бирор жойда аниқ бир вақтдаги ёки вақт оралиғидаги метеорологик катталиклар ва ҳодисаларнинг мажмуаси билан тавсифланадиган атмосфера ҳолати об-ҳаво дейилади.
Метеорологияни баъзан об-ҳаво тўғрисидаги фан деб ҳам атайдилар. Содда қилиб айтилган бу таъриф фаннинг ҳозирги кундаги мазмунини тўғри кўрсатади, деб айта оламиз.
Ҳаво ҳолати ва баъзи атмосфера ҳодисаларининг турлича тавсифларига метеорологик катталиклар дейилади.
Метеорологик катталиклар тушунчаси атмосфера ҳолатини миқдор жиҳатдан тавсифлаш учун киритилади. Ҳаво ҳарорати ва намлиги, атмосфера босими, шамол тезлиги ва йўналиши, булут миқдори, ёғингарчилик, кўринувчанлик узоқлиги асосий ме-теорологик катталиклар ҳисобланади. Ҳар бир катталикнинг қиймати у ёки бу ўлчов бирлигида ифода қилинади. Масалан, атмосфера босими асосан гПа (гектопаскаль) бирликда ифодалансада, кўпинча унинг мм симоб устуни тарзида қўлланилишини ҳам учратамиз.
Қуёш радиацияси, Ер ва атмосфера нурланиши, қуёш шафағи (ёғдуси) нинг давомийлиги каби нур энергиянинг баъзи тавсифларини ҳам метеорологик катталикларга қўшиш мумкин.
Метеорологик ҳодисаларга - туман, яхмалак, қор бўронлари, чанг ва қум бўронлари, момақалдироқ, қуюн, шудринг, қиров ва бошқалар киради. Уларни сифат жиҳатдан ёки метеорологик катталиклар ёрдамида ифодалаш мумкин. Масалан, «Қуюқ туман тушди» ёки «10-15 м масофани кўриш мумкин бўлган туман тушди» ва ҳ.к.
Метеорологик катталиклар ва ҳодисалар ўзаро боғлиқ, улардан бирининг ўзгариши бошқаларининг ўзгаришини юзага келтиради. Масалан, атмосферадаги жараёнларнинг ривожланишида булутлик ўзгарса, унинг ўзгариши ўз навбатида ҳаво ҳарорати, нам-лиги, ёғинлар, шамолларнинг ўзгаришига олиб келади. Натижада, об-ҳаво ҳам ўзгаради. Шунинг учун ҳам об-ҳаво тез ўзгарувчан ва турлича бўлади.
Метеорологик катталикларнинг бирор вақт оралиғи учун қийматлари метеорологик шароитлар (об-ҳаво шароитлари) деб юритилади. Об-ҳаво тушунчаси билан иқлим тушунчаси чамбарчас боғланган. Ҳар биримиз «Об-ҳаво режими» деган сўзларни кўп эшитганмиз, унинг мазмунини яхши тушуниш учун даставвал, «режим (ёки тартибот)» сўзининг маъносини қарайлик.
Одатда, жараён ва ҳодисаларнинг вақт ўтиши билан қонуний равишда алмашиб туриши режим деб юритилади. Об-ҳаво режими эса атмосферада рўй берадиган табиий ҳодисаларнинг йил давомида қонуниятли алмашиниб олдинма-кейин келишини билдиради. Масалан, Ўзбекистонда ёзда об-ҳаво жуда исиб кетади, қишда эса совуқ бўлиб туради, сўнгра об-ҳаво баҳорда яна исий бошлайди. Бундай алмашинув ҳар йили такрорланиб туради. Об-ҳавонинг бундай тартиб билан олдинма-кейин алмашинувида ҳар қайси фаслда катта четлашишлар рўй бермайди. Масалан, Тошкентда қишда январ ойида +35°С, +40°С иссиқ бўлмаган ёки ёзда июл ойида совуқ тушиб қор ёғмаган.
Шундай қилиб, атмосферада рўй берадиган ҳодисалар ва жараёнларнинг бир-бирига яқин тарзда такрорланиб туриши об-ҳаво режими дейилади.
Бирор жойнинг географик жойлашув ўрни билан боғлиқ ҳолда юзага келган кўп йиллик об-ҳаво режимига ёки маълум бир жойга хос бўлган кўп йиллик об-ҳаво режимига иқлим дейилади.
Бирор ҳудуднинг ҳар йилги об-ҳавоси юқорида айтганимиздек, бир хил тарзда такрорланавермайди. Баъзи йиллари ёз жуда иссиқ бўлиб, қиш эса совуқ бўлиши, бошқа бир йиллари эса ёз салқинроқ, қиш эса илиқроқ келиши ва ёғингарчилик кўп бўлиши мумкин. Масалан, 2000-2001 йилларда Ўзбекистонда қиш илиқ ва кам қорли бўлди. Бу маълумот Ўзбекистон иқлимини юмшоқ, илиқ деб тасдиқлашга етарли бўлмайди. Ўзбекистоннинг 1956 йилги иқлим маълумотларида ўша йили республикада қишда қор жуда кўп ёғиб, кучли совуқлар бўлганлиги кўрсатилган. Бу маълумот билан чекланиб Ўзбекистоннинг иқлимини қишда қаттиқ совуқ ва серқорли деб бўлмайди.
Шунинг учун маълум бир ҳудуднинг иқлими деганда, кўп йиллар давомида шу ҳудудда кузатилган об-ҳаво режимининг ўртача қийматига асосланишимиз керак. Маълумки, метеорология фани атмосферада рўй берадиган ҳодисаларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишини (қаерда бўлишидан қатъий назар) умумий тарзда ўрганади, иқлимшунослик фани эса бу жараёнларнинг маълум бирор ҳудуддаги кўп йиллик ўртача ҳолатини ўрганади.
Метеорологик катталиклар ва жараёнлар ўсимликларнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига, ҳайвонларнинг ҳолати ва маҳсулдорлигига оз ёки кўп даражада таъсир қилади, шунинг учун уларни агрометеорология фанида ҳам ўрганилади. Бунда метеорологик катталиклар ва ҳодисаларнинг таъсири, тупроқнинг сув ва иссиқлик режими билан биргаликда таҳлил қилинади. Тупроқнинг сув режимини эса гидрологик катталиклар тавсифлайди.
Об-ҳаво ва иқлимнинг қишлоқ хўжалиги объектларига таъсирини тавсифлаш учун агрометеорологик ва агроиқлим шароитлар тушунчаларидан фойдаланилади.
Қишлоқ хўжалик ўсимликлари ва ҳайвонлари ҳолати ва маҳсулдорлигини аниқлайдиган метеорологик ва гидрологик катталиклар мажмуаси агрометеорологик омиллар, уларнинг бирор вақт давомидаги қийматлари агрометеорологик шароитлар, олинган жойдаги агрометеорологик шароитларнинг кўп йиллик режими агроиқлимий шароитлар деб юритилади.
Шундай қилиб, агрометеорология об-ҳаво ва иқлимнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида қўлланишини ўрганади.
Энди агрометеорологиянинг асосий вазифаларига келсак, биз аввал агрометеорологиянинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши билан чамбарчас боғлиқлигидир. Шунинг учун ҳам агрометеорологиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
1) мамлакатимизнинг турли географик жойларида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг метеорологик ва иқлим шароитлари шаклланиши қонуниятларини ўрганиш;
2) метеорологик омилларнинг ўсимлик ва ҳайвонларнинг ҳолати, ўсиши, ривожланиши ва маҳсулдорлигига таъсирини миқдор жиҳатдан баҳолаш усулларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;
3) метеорологик омилларнинг қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандалари ва касалликларининг ривожланиши ва тарқалишига таъсирини миқдор жиҳатдан баҳолаш усулларини ишлаб чиқиш;
4) қишлоқ хўжалик экинларининг ривожланиши, ўсиши, ҳосил миқдори ва сифати башоратлари усулларини ишлаб чиқиш. Ўзбекистон Республикасида пахтачилик ривожланганлиги учун ғўзанинг турли навлари, дурагайларининг ўсиш, ривожланиш ва пахта ҳосилининг миқдори ҳамда сифати башоратларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;
5) қишлоқ хўжалик экинларининг янги навлари ва дурагайларини географик жойлаштиришни асослаш;
6) об-ҳаво ва иқлимнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун хавфли ҳодисаларига қарши кураш усулларини ишлаб чиқиш ва агрометеорологик асослаш;
7) экинларни парваришлашда агротехникани об-ҳавонинг мавжуд ва кутилаётган шароитларига мослаб танлаш (табақалаш) ни асослаш;
8) ерлар мелиорацияси ва деҳқончиликдаги жадал технологияларни агроиқлимий жиҳатдан асослаш;
9) қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини агрометеорологик ахборотлар билан таъминлаш усулларини такомиллаштириш.

Download 181.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   13




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling