1-Маъруза. Кириш


Ўрта Осиёда ҳозирги замон агрометерология фани ва унинг ривожланишида Ўзбекистон олимларининг ҳиссаси


Download 181.5 Kb.
bet11/13
Sana14.05.2023
Hajmi181.5 Kb.
#1460530
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13
Bog'liq
Агро-1-Кириш

Ўрта Осиёда ҳозирги замон агрометерология фани ва унинг ривожланишида Ўзбекистон олимларининг ҳиссаси
Ҳозирги замон агрометеорологияси XIX аср охирларида метеорология фанининг амалий бўлими ҳисобланиб, кейинчалик мустақил фан сифатида ажралиб чиқди. Унинг дастлабки асосчилари рус олимлари А.И. Воейков ва П.И. Броунов агрометеорологик изланишларнинг тамойилларини ишлаб чиқдилар. Кейинчалик бу изланишлар, тамойиллардан Ғарб давлатларининг барчаси ва Америкада фойдаланишди.
Ҳозирги замон нуқтаи назаридан Ўзбекистонда агрометеорология бўйича ХХ асрнинг бошларида бирмунча фенологик кузатишлар ташкил этилган. Лекин ўша даврда ўсимликнинг ўсиши, ривожланишини кузатишда ягона услуб бўлмаган. Агрометеорологик кузатишларнинг йиллик қатори асосан қисқа, тадқиқот объектлари тез-тез ўзгариб турган. Туркистонда иқлимни тизимли ўрганиш ХIX асрнинг иккинчи ярмидан бошланган.
Бунга исбот сифатида 1993 йили Санкт-Петербургда чоп этилган «Ўрта Осиёда гидрометеорологиянинг ривожланиши баёни» китобини келтирамиз. ХIХ асрнинг ўрталари ва ХХ асрнинг 60-йилларига қадар Ўзбекистонда агрометеорологиянинг ривожланиши Л.Н. Бабушкиннинг «Ўзбекистонда агрометеорология асослари» (2004) китобида ёритилган. Бу китоблар асосида гидрометеорология соҳасида хизмат этган олим ва мутахассисларнинг агрометеорологияга оид асосий ишлари билан таништириб ўтамиз.
1921 йили махсус «Ҳосилга хизмат» ва Туркистон метеорология институти (Туркмет) ташкил этилган, кейинчалик 1925 йилдан бошлаб унинг номи ўзгартирилиб Ўрта Осиё метеорология институти (ЎОМИ) деб аталган. Унинг вазифасига республикада қишлоқ хўжалик экинлари ҳолатини, ривожланишини агрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш, ноқулай иқлимий шароитлардан қишлоқ хўжалигини муҳофаза этиш каби ва Ўрта Осиёда гидрометеорология хизматини ташкиллаштириш вазифаси юклатилган. 1920 йилларнинг ўрталарида агрометеорологик хизмат фақат манфаатдор қишлоқ хўжалиги идораларида йўлга қўйилган ва иқлимий шароитларнинг қишлоқ хўжалиги экинлари ҳолатига таъсирини сифатий баҳолашга оид ахборотлар бериш билан чекланган. У даврда миқдорий кўрсаткичлар бўлмаганлиги сабабли агрометеорологик башоратлар тузилмаган. Бу даврнинг охирларида Л.Н. Бабушкин ва А.А. Скворцовлар ғўза ривожланишининг алоҳида фазалараро давомийлигини ҳаво ҳароратига боғланиши асосида ўсимликнинг ривожланиш тезлигини агрометеорологик кўрсаткич орқали ифодалаганлар. Л.Н. Бабушкин томонидан ўтган асрнинг 20-йилларида қора совуқларни агроиқлимий ўрганиш ишлари ғўза ва бошқа ўсимликларни етиштиришда татбиқ этилди.
1930 йилдан токи 1941 йилгача метеорологик станциялар атрофидаги пахтазорларда микроиқлимни ўрганиш ва метеорологик омилларнинг агротехник тадбирларга, ғўза турлари зичлигига, ўсишига, ривожланишига, маҳсулдорлик элементларига таъсири ўрганилди. 1933 йилдан бошлаб ғўзанинг асосий фазаларга кириши, гуллаши ва кўсакларнинг очилишига оид агрометеорологик башоратлар тузиш бошланди.
1950 йилгача бажарилган илмий ишлар натижаси Л.Н. Бабушкиннинг «Метеорологик омиллар ва ўсимликлар» илмий асарида баён қилинган бўлиб, бу китоб 1953 йили чоп этилди. Бу ишлар билан баробар ғўза, беда, картошка, қанд лавлаги ва бошқа ўсимликларда микроиқлимнинг шаклланиш қонуниятлари ва экинзорларнинг иссиқлик баланси каби умумий агрометеорологик ишларга ҳам эътибор берилди. 1950 - йилларда бошланган яйлов ўсимликлари агрометеорологиясига ва зоометеорологияга оид илмий ишлар минтақамизда ривожлана бошлади.
Ўрта Осиё минтақаси учун Л.Н. Бабушкиннинг агроиқлимшунослик соҳаси бўйича бажарган «Ўрта Осиё пахтачилик зоналарини агроиқлимий районлаштириш» (1960), «Ўрта Осиёнинг агроиқлимий таснифи» (1964) асарларида ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини ҳудудлар бўйича жойлаштиришда агроиқлимий ресурслардан самарали фойдаланиш мақсадлари учун амалий тавсиялар ёритилган.
Ўрта Осиё ҳудуди сунъий суғориш минтақасида жойлашган ва 1950-йиллардан бошлаб суғориладиган ерларни ўзлаштириш мақсадида ғўзанинг намлик таъминоти шароитини агрометеорологик баҳолаш ва башоратлаш ишлари ривож топди.
1960 йилларда катта ҳудудларда чўл-яйлов ўсимликлари ҳо-латини баҳолашга оид илмий-тадқиқот ишлари бошлаб юборилди.
Автомаршрут ва самолётлар ёрдамида ўсимликларни кузатиш услублари ишлаб чиқилди. 1960-1970 йиллари ғўза ва бошқа ўсимликларнинг ҳаётий жараёнига таъсир этувчи радиацион тартибот, иссиқлик баланси ва микроиқлимий шароитларни батафсил ўрганиш кенгайди.
Бундай илмий-тадқиқот ишлар якуни И.Г. Грингофнинг «Қизилқумнинг яйлов ўсимликлари ва об-ҳаво» (1967), Ф.А. Мўми-новнинг «Иссиқлик баланси ва ғўза ҳосилининг шаклланиши» (1970), В.В. Карнаухованинг «Ғўзанинг маҳсулдорлиги ва агрометеорологик шароитлар» (1973), Ф.А. Мўминов, А.Қ. Абдуллаевларнинг «Ғўза экинининг намлик таъминотини агрометеорологик баҳолаш» (1974) каби илмий асарларида умумлаштирилди ва чоп этилди. Бу ишлар натижасида қишлоқ хўжалигига агрометеорологик хизмат кўрсатиш доираси янада кенгайди.
1960 йилларнинг бошларида И. Туропов чигит экилган эгатларни ёруғликка тиниқ полимер плёнкалар билан мульчалашга доир тажрибаларни ўтказди. Бу тажрибаларда назоратдаги, яъни плёнкасиз ерларда экилган чигитлардан униб чиққан ғўзага нисбатан, плёнка остида етиштирилган ғўзада ривожланиш, ўсиш ва кўсакларнинг очилиши тезроқ бўлганлигини аниқлади. Пахта майдонининг иссиқлик баланси ва микроиқлимини текшириб, олинган маълумотларни ўзаро таққослаб Ўзбекистон иқлими шароитида полимер плёнкаларини мульча сифатида қўллаш мумкинлигини исботлаб берди.
Ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб ишлаб чиқариш талабига мувофиқ Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон бўйича туман (район), вилоят ва республика пахта ҳосилини узоқ муддатли башоратлаш усуллари яратилди. Бунда биринчи марта миқдорий агрометеорологик кўрсаткичлар ягона услуб асосида Ф.А. Мўминов, В.В. Карнаухова, А.Қ. Абдуллаевлар (1971) томонидан ишлаб чиқилди. Кейинчалик пахта толаси сифатига метеорологик омилларнинг таъсирини баҳолаш услуби А.Қ. Абдуллаев, Ф.А. Мўминов, О.Н. Рейзвих ва бошқа ҳаммуаллифлар томонидан яратилди. 1970-1985 йиллар орасида Ўзбекистон Республикасининг вилоятлари бўйича агроиқлимий ресурсларга оид маълумотномаларнинг чоп этилиши, ўша даврда қишлоқ хўжалигини илмий асосда янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Ўзбекистонда ҳам қишлоқ хўжалиги олий ўқув юртларининг талабалари учун 1989 йилда Р.Ю. Зверева ва Ҳ.А. Арғинбоевлар томонидан ўзбек тилида ёзилган «Агрометеорологиядан амалий машғулотлар» ўқув қўлланмаси ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Агрометеорология фанининг Ўрта Осиёда тараққий этишига асос солган Ўзбекистон олимлари, профессорлар Л.Н. Бабушкин, Ф.А. Мўминов, И.Г. Грингоф ва география фанлари доктори А.Қ. Абдуллаев ва бошқалар бу фанга оид бирин-кетин ёзган мақола ва илмий асарларида ҳозирги замон қишлоқ хўжалиги метеорологиясининг ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик йилларига назар ташласак, бу даврда қишлоқ хўжалигига агрометеорологик хизматни такомиллаштиришнинг янги усулларини яратиш бўйича агрометеорологик ва агроиқлимий илмий-тадқиқот ишларни бажариш янада ривожланганлигига гувоҳ бўламиз.
А.Қ. Абдуллаев ишлаб чиқариш (ташкилий ва агротехник тадбир) - агрометеорологик омиллар мажмуасини ҳисобга олган ҳолда агрометеорологиянинг янги йўналишига асос солди ва пахтачиликка агрометеорологик хизмат таъминот доирасини кенгайтирди, натижалари эса «Ўзбекистонда ғўзанинг ҳолатини агрометеорологик баҳолаш ва ҳосилдорлигини башоратлаш» (1997) илмий асарида ёритилди.
О.Л. Бабушкин, Т.М. Мухторов Т.Е. Сумочкиналар томонидан қоракўл қўйларни чўл ва ярим чўл яйловларда ўтлатиш шароитлари, ем-хашак заҳираси, қўйларни қўзилатиш ва жунини олиш даврида метеорологик омилларнинг таъсирини ўрганиш ва баҳолаш усулларини яратиш каби турли илмий ишлар бажарилди
Ф.А. Мўминов, Ҳ.М. Абдуллаевлар «Ўзбекистон Республикасининг агроиқлимий ресурслари» (1997) ва Ҳ.М. Абдуллаев, Г.Х. Холбоевлар «Ўзбекистонда шоли маҳсулдорлиги ва агрометеорологик шароитлар» (2001) илмий асарларида қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш учун агроиқлимий ресурслар баҳоланди ва шолига таъсир этувчи агрометеорологик омиллар текширилди. Бундан ташқари, бу даврда Ю.М. Денисов, В.О. Усмонов ва бошқалар томонидан ғўза ўсимлигининг вегетация даврида ҳосил шаклланишининг математик модели ишлаб чиқилди, А.Қ. Абдуллаев, А.А. Абзаловлар эса ғўза ўсимлигидаги физиологик-биохимик жараёнларга метеорологик омилларнинг таъсирини текширдилар, муҳим натижалар эса мақолалар сифатида чоп этилди.
Ўзгидромет тармоғидаги Гидрометеорология илмий-текшириш институти (ГМИТИ) ва Ифлосланиш мониторинги бошқармаси (ИМБ) олимлари (В.Е. Чуб, Т.А. Ососкова, В.О.Усмонов, Т.А. Спекторман, А.Қ. Абдуллаев ва бошқалар) мумкин бўлган иқлим ўзгаришларининг қишлоқ хўжалик экинларига, табиий ресурсларга ва халқ хўжалигининг бошқа турли тармоқларига таъсир этиши мумкинлигини турли сценарийлар асосида ўргандилар ва бирмунча илмий-тадқиқот ишларини бажардилар. Натижалари В.Е. Чубнинг «Иқлим ўзгариши ва унинг Ўзбекистон Республикаси табиий-ресурс потенциалига таъсири» (2000) асарида умумлаштирилган.

Download 181.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling