1-мавзу. Ijtimoiy ta’minot huquqi fanining tushunchasi, mazmuni, tizimi ijtimoiy ta'minot turlari ijtimoiy ta'minot huquqining asosiy tamoyillari Режа


Download 24.28 Kb.
bet1/2
Sana19.01.2023
Hajmi24.28 Kb.
#1101054
  1   2
Bog'liq
Маъруза матни


1-мавзу. Ijtimoiy ta’minot huquqi" fanining tushunchasi, mazmuni, tizimi. ijtimoiy ta'minot turlari ijtimoiy ta'minot huquqining asosiy tamoyillari
Режа:

  1. Ижтимоий таъминот ҳуқуқи тушунчаси, предмети, методи, тизими ва вазифалари.

  2. Ижтимоий таъминот ҳуқуқига оид муносабатлар тизими.



1.Ижтимоий таъминот ҳуқуқи тушунчаси, предмети, методи, тизими
ва вазифалари

Ижтимоий таъминот деганда асосан давлат йўли билан фуқароларни ижтимоий таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш, давлат ижтимоий таъминот тизимлари назарда тутилади. Аммо, бугунги кунда ижтимоий таъминотнинг бошқа кўринишлари ҳам юзага кела бошлади. Хусусан, Ўзбекистонда турли бошқа ижтимоий жамғармаларнинг ташкил этилганлиги, турли корхоналар, ташкилотлар, айрим фуқаролар томонидан хайр-эҳсон тарзида турли ёрдамлар, тадбирлар уюштирилаётганлиги нодавлат ижтимоий таъминот тизимларини ҳам аста-секин шакллантириб борилаётганлигидан, аҳолининг ёрдамга муҳтож, заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишда уларнинг ўрни, салмоғи ортиб бораётганлигидан дарак беради.
Буларнинг барчаси “ижтимоий таъминот” тушунчаси мазмунан кенгайиб ва бойиб бораётганлигидан, ўзида бозор муносабатларидан келиб чиқувчи хусусиятларни тўлароқ акс эттираётганлигидан нишонадир.
“Ижтимоий таъминот ҳуқуқи” тушунчасига келсак, бу тушунча “ижтимоий таъминот” тушунчаси билан бевосита боғлиқ бўлиб, унинг бир қиррасини, яъни ижтимоий таъминотнинг амалга оширилишига оид ташкилий-ҳуқуқий шаклларни, қонунчилик тизимини, ижтимоий таъминотни амалга оширувчи давлат органлари, тегишли ҳолларда эса жамоат органлари тизимини ўзида акс эттиради.
Ижтимоий таъминотни амалга оширилиши соҳасида юз берувчи ижтимоий муносабатлар ижтимоий таъминот ҳуқуқи фанининг предмети саналади. Аммо, бунинг учун ушбу ижтимоий муносабатлар ижтимоий таъминот соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солиниши, яъни қонун ҳужжатларининг “таъсир доираси”га кириши лозим.
Ижтимоий таъминот ҳуқуқи фани предмети саналувчи ижтимоий муносабатлар таснифи ва тавсифи, уларнинг юзага келиш, барҳам топиш хусусиятлари, бу муносабат иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқий ҳолати, ижтимоий таъминот соҳасидаги ҳуқуқларни ҳимоя қилиш усуллари ва воситаларига оид масалалар кейинги мавзуларда атрофлича ёритилиши боис уларга бу ўринда батафсил тўхтаб ўтириш мақсадга мувофиқ эмас. Шундай бўлсада, фуқароларни пенсиялар, моддий ёрдамлар билан таъминлаш, уларга турли натура шаклида ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш, ижтимоий имтиёзлар бериш пайтида ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга шахслар билан бундай ёрдамни кўрсатиш вазифаси юклатилган давлат ёки бошқа жамоат органлари ўртасида вужудга келувчи ҳуқуқий муносабатлар; фуқаролар, корхона ва ташкилотлар, ижтимоий таъминот органлари ҳуқуқий мақомининг белгиланиши, ижтимоий таъминот шаклларининг амалга оширилиши асослари, шартлари, тартибларининг белгиланиши кабилар ижтимоий таъминот ҳуқуқининг предмети саналади.
Ижтимоий таъмнот ҳуқуқи фани предмети жумласига қуйидагиларни киритиш мумкин:
1) Фуқароларни давлат ижтимоий суғурталаш ва шу асосда уларнинг меҳнат фаолиятини ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажи сифатида тан олиш ва ҳисобга олишга оид муносабатлар;
2) Фуқароларни пенсиялар билан таъминлаш ва пенсия тўлаш билан боғлиқ муносабатлар;
3) Фуқароларни турли нафақалар ва моддий ёрдамлар билан таъминлашга оид муносабатлар;
4) Фуқароларга ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлган муносабатлар;
5) Фуқароларнинг айрим тоифаларига қўшимча ижтимоий кафолат ва имтиёзлар беришга оид муносабатлар;
6) Давлат бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасини шакллантирилиши юзасидан корхона ва ташклотлар, тадбиркорлик субъектлари билан юз берадиган ҳуқуқий муносабатлар;
7) Нодавлат ижтимоий ҳимоясини амалга ошириш чоғида ҳомийлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланувчилар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар;
8) Ижтимой таъминот ҳуқуқидан фойдаланиш соҳасида юз берувчи низоларга доир, моддий ва ҳуқуқий жавобгарликка тортишга оид муносабатлар ва бошқалар.
Ижтимоий таъминот ҳуқуқи ўз табиатига кўра оммавий ҳуқуқий фанлар оиласига мансуб ва бу омил унинг ҳуқуқий тартибга солиш усулларини белгиланишида муҳим ўрин тутади.
Ижтимоий таъминот давлат маблағлари ҳисобидан ва давлатнинг ваколатли органлари томонидан амалга оширилиши туфайли бундай таъминот бериш шартлари ва асослари қонун ҳужжатлари билан императив тарзда белгиланган бўлиб, ижтимоий таъминот олувчи ва уни берилишини таъминловчи орган келишувига кўра ўзгартирилиши мумкин эмас.
Ижтимоий таъминотга оид мажбуриятларни бажарилиши давлат мажбурлови билан кафолатланган ва бу ҳол ижтимоий таъминот муносабатларида одатда давлат мажбурий кўрсатмаларидан фойдаланиш усулини англатади. Ижтимоий таъминот ҳуқуқи предметига кирувчи муносабатларни тартибга солинишида унинг иштирокчиларига берилган ҳуқуқлар ва юклатилган мажбуриятлар аниқ, муайян бўлиб, қонун ҳужжатларида қандай назарда тутилган бўлса, айнан ана шундай тарзда ижро этилиши талаб этилади.
Нодавлат ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиниши чоғида қонун ҳужжатларига биноан хусусий ҳуқуқий усулларга йўл қўйилиши ва бунда унинг шартлари томонлар келишувига кўра белгиланиши, ўзгартирилиши мумкин бўлади (масалан, корхона ўз ҳисобидан қўшимча равишда пенсия билан таъминлаш мажбуриятини олиши, ходим эса бунинг эвазига корхонада муайян муддат давомида узлуксиз меҳнат қилган бўлиши).
Хуллас, ижтимоий таъминот ҳуқуқи фанининг усуллари деганда, бу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш учун қўлланиладиган махсус ҳуқуқий, иқисодий ва бошқа воситалар мажмуи назарда тутилади.
Ижтимоий таъминот ҳуқуқи фан соҳаси ва қонунчилик тармоғи сифатида ўзига хос вазифаларни бажаради.
Унинг фан соҳаси сифатидаги асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
а) Ижтмоий таъминотга оид муносабатларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва бозор муносабатлари ривожланиб бораётган шароитда уни оптималлаштириш йўллари ҳамда воситаларини такомиллаштириш юзасидан илмий-назарий тавсиялар ишлаб чиқиш;
б) Ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимояга оид қонунчиликни халқаро стандартлар ва илғор мамлакатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда такомиллаштириш юзасидан таклифларни илгари суриш, ижтимоий таъминот ва ижтимой ҳимоя соҳасидаги ҳуқуқий ислоҳотлар концепциясини илгари суриш ва илмий-назарий жиҳатдан асослаш;
в) Ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий таъминотни амалга оширувчи давлат органлари иш фаолиятини, таркибий тузилишини ва самарадорлигини янада оширишга оид назарий ва амалий тавсиялар ишлаб чиқиш;
г) Ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимоя соҳасида мутахассис кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш;
д) Ижтимоий таъминот соҳасида чет эл тажрибасин ўрганиш, умумлаштириш ва улардан фойдаланишга доир таклифлар бериш ва ҳ.к.
Ижтимой таъминот қонунчилик тармоғининг вазифалари фаннинг вазифаларидан фарқ қилади. Жумладан, Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонуннинг муқаддимасида қайд этилганидек: “Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қариганда, меҳнат қобилиятини тўлиқ ёки қисман йўқотганда, боқувчисиз қолганда ижтимоий таъминланишдан иборат конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, давлат пенсияларининг ягона тизимини, уларни тайинлаш, ҳисоблаб чиқариш, қайта ҳисоблаш ва тўлаш тартибини белгилайди”.
Ижтимоий таъминотга оид қонунчилик тармоғининг вазифалари сифатида қуйидагиларни кўрсатиб ўтиш мумкин:
1) Фуқароларнинг ижтимоий таъминот олишга бўлган ҳуқуқларини белгилаш;
2) Бу ҳуқуқларни рўёбга чиқарилиш механизмларини кўзда тутиш;
3) Ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи шартлари ва асослари нималардан иборат эканини аниқлаш;
4) Ижтимоий таъминот ҳуқуқидан фойдаланиш чоғида камситишларга ва ижтимоий адолатсизликларнинг бошқа ҳар қандай шаклига йўл қўймаслик;
5) Ижтимоий таъминотни амалга оширилишида қонунийлик тамойили устуворлигига эришиш;
6) Фуқароларнинг, айниқса ижтимоий кўмакка муҳтож шахслар турмуш даражаси етарли даражада бўлишига эришиш;
7) Ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимояни амалга оширувчи давлат ва нодавлат органлари иш фаолияти самарадорлигига ва улар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъмин этилишига эришиш ва бошқалар.
2.Ижтимоий таъминот ҳуқуқига оид муносабатлар тизими.
Ижтимоий таъминот ҳуқуқи фан соҳаси сифатида муайян изчилликда ўзаро боғланган ҳуқуқий тушунча ва институтлар тизимидан иборатдир.
Ижтимоий таъминот ҳуқуқи фанининг ҳуқуқ институтлари бир-бири билан предмети, мақсади ва вазифалари ҳамда бошқа жиҳатларига кўра яқин бўлган ижтимоий муносабатлар гуруҳини тартибга солади. Ижтимоий таъминот ҳуқуқи институтлари ушбу фанга оид ижтимоий муносабатларни табақалашган ҳолда ва айни пайтда яхлит ҳуқуқ соҳасига оид предмет сифатида тартибга солиш имконини беради.
Ижтимоий таъминот ҳуқуқи фани умумий ва махсус қисмларга бўлиниши мумкин.

Download 24.28 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling