Инсонпарварлик тамойили ҳар бир бола учун ўз қобилиятларини максимал даражада ривожлантира оладиган зарур шароитларни ўз вақтида яратиб беришдан иборат бўлиб, у болани изчил ва батафсил ўрганиш, унинг йўлида учрайдиган қийинчиликларни йўқотиш йўллари ва воситаларини излашни талаб этади.
Болаларни мажмуавий (комплекс) ўрганиш тамойили болага ташҳис қўйишда зарур мутахассисликлар (тиббий, дефектологик, психологик ва педагогик) бўйича олинган маълумотларга танишни назарда тутади. Агар шифокор, дефектолог, психолог ва педагогларнинг фикрлари турлича бўлса, бола қайта текширувдан ўтказилади.
Болани ҳар томонлама ва яхлит ўрганиш тамойили боланинг идрок этиш, эмоционал-иродавий сифатлари ва хулқини текширишни кўзда тутади. Унга кўра боланинг ривожланишига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган жисмоний ҳолати ҳам ҳисобга олинади. Болани ҳар томонлама ва яхлит ўрганиш унинг ўқув, меҳнат ва ўйин каби фаолияти жараёнидаги ҳаракатларини кузатишга асосланади.
Болани динамик ўрганиш тамойилга биноан текшириш давомида улар биладиган ва бажара оладиган ишларни эмас, балки уларнинг ўқитишдаги имкониятларини ҳам ҳисобга олиш муҳим эканлигини назарда тутади. Л.С.Выготскийнинг “яқин ривожланиш зонаси” – болаларнинг ўқишдаги мавжуд имкониятлари ҳақидаги таълимоти мазкур тамойилнинг асосини ташкил қилади.
Сифатий-миқдорий ёндашув тамойили бола бажарган топшириқни баҳолашда якуний натижанигина эмас, балки усули, масалани ечиш учун танланган йўлнинг рационаллиги, ҳаракатларнинг мантиқий кетма-кетлиги, мақсадга эришишдаги қаътийлик ва тиришқоқликни ҳам ҳисобга олиш зарурлигини асослайди.
Маълум турдаги патологияли болаларни бошқа болалар гуруҳларидан ажратиш тамойили ҳар бир махсус таълим муассасаси ўзи қоидаларига эгалигини тавсифлайди.
Ривожланишдаги нуқсонлар даражасига кўра табақалаштирилган таълимни ташкил этиш тамойили ривожланишида бир хил, лекин даражасига кўра турли четланишга эга болаларни ажратган ҳолда ўқишларини назарда тутади, бинобарин, уларни ўқитиш методикасида сезиларли фарқлар мавжуд (масалан, кўзи ожиз болалар тактил асосда (Брайн тизими бўйича), ёмон кўрувчилар эса кўриш асосида ўқитилади).
Do'stlaringiz bilan baham: |