1-мавзу: Ўзбек бастакорлари уюшмасининг ташкил топиши ва унинг фаолияти режа
Download 143.11 Kb.
|
Ўзбекистон бастакорлар тарихи маъруза
2. Телман Хасанов
Телманнинг навқирон ёши уни расман оркестрга қабул қилинишига йўл бермаса - да, ёш созанда учун катта ижод ва тажриба мактабига айланди. 19 ёшни қаршилагач у расман Ўзбекистон радио қўмитасида халқ чолғулари оркестри созандасига айланди. Телман Хасанов қаламига мансуб илк асарлар ана шу даврда яратилди. Булар лирик характердаги биринчи қўшиқлар эди. Телман Хасанов 1957 йили Хамза номидаги мусиқа билим юртига ўқишга киради ва уни муваффақиятли тамомлайди. Ўқиш даврида ўз отасига ёрдам бериб, унга мусиқий драмалар, қўшиқлар ва арияларни нотага тушириш жараёнида ёрдам берар, шунингдек оркестр чолғулари учун партитураларни кўчиришга кўмаклашар эди. Билим юртини тамомлаган кезлари уни иқтидорли талабалар қаторида Консерваторияда ўқишга тавсия қилинишига қарамай, у бу даргоҳга фақат 1968 йилдагина, композиторлик бўлимига ҳужжат топширади. Шу даврга келиб, ёш талабанинг ўқишига эндигина Тошкент давлат миллий университитетини тугаллаган рафиқаси Муқаддамхон ёрдам бериб турарди. Талабалик йилларида Телман Хасанов халқ орасида танилишга улгурган бастакор бўлсада, бор шижоати билан ўқишга шўнғиб, композиторлик ижодиётининг сир-асрорларини эгаллаш борасида катта меҳнат қилади. Шу йилнинг ўзида Телман Хасанов оиласида тўнғич фарзанди Абдулазиз таваллуд топади. Консерваторияда композиция бўйича сабоқларини тажрибали ва малакали композитор Георгий Мушель синфида олади. Консерваторияда таълим олиш босқичларида Телман Хасанов мусиқа назарияси, гармония, полифония, мусиқий фольклор ва оркестровка каби фанларни мукаммал ўрганишга киришади. Ўқиш билан бир вақтда радиода иш фаолиятини давом эттиради. Талабалик даврида ёзилган асарлар қаторидан турли хил чолғу таркиблари ва оркестр учун яратган асарлари ўрин олди. Булар орасида скрипка, виолончел ва фортепиано трио, чанг ва оркестр учун концерт, Ҳ.Муҳаммадзохиднинг сўзига ёзилган "Сўлим диёр" қўшиғи, С.Қўқонбеков шеърига басталанган "Отамга ёдгорлик" ва бошқалар ўрин олди. Икки йил давомида Телман Хасанов (1970-71) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қошидаги ашула ва рақс ансамблининг бадиий раҳбари сифатида, 1972 йилда Мухиддин Қори-Ёқубов номидаги Ўзбекистон давлат филармониясидаги таниқли "Шодлик" ашула ва рақс ансамблининг бадиий раҳбари ва дирижёри сифатида фаолият олиб боради. Ўша йили Телман Тошкент консерваториясини муваффақиятли тамомлади. Битирув иши сифатида у фортепиано ва оркестр учун ёзган ўзининг концертини имтиҳон комиссияси эътиборига тақдим этади. Мазкур асарда композиторнинг ўзига хос ёрқин муаллифлик хати, ҳиссий кечинмаларга бой, фольклор анъаналарга таянган, мусиқий чолғуларнинг кенг бўлган тембр палитрасини маҳорат билан ишлатиши кўзга ташланади. 1972 йил Телман Хасанов "Ўзгостелерадио" бош мусиқий муҳаррирининг ўринбосари этиб тайинланди ва бу лавозимида ўн бир йил (1972-1981) мобайнида ишлаб келди. Юртимизда машҳур бўлган "Марҳабо талантлар" танлови ("Хуш келибсиз, истеъдодлар") шу даврда ташкил этилган бўлиб, Телман Хасанов зиммасига ёш иқтидорларни республика бўйлаб топиш ва саҳанага чиқариш вазифаси юкланди. Шу танловлар орқали таниқли хонандалар – Ҳуррият Исроилова, Сайёра Қозиева, Ғиёс Бойтоевлар илк бор саҳнага кўтарилдилар. 1975-1977 йилларда у "Ўзгостелерадио" халқ чолғулари оркестрида дирижёр бўлиб ишлайди. 1977 йили эса Ўзбекистон давлат телерадиосининг бош мусиқий муҳаррири этиб тайинлангач, шу лавозимда уч йил давомида фаолият олиб борди. 1975 йил республикамиз олдида қилган катта хизматлари учун Телман Хасанов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланди[4]. 1980 йилда Телман Хасанов A.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг оркестр дирижёрлиги бўлимига ишлаш учун таклиф олди. Бу ижодкорнинг педагогика соҳасидаги илк қадамлари бўлишига қарамай, унинг талабалари қўлга киритган ютуқлари мисолида жадал ривож топишидан дарак берди. Қолаверса, 1982-1986 йиллар мобайнида Телман Хасанов Дони Зокиров номидаги Ўзгостелерадио халқ чолғулари оркестрининг бош дирижёри сифатида фаолият олиб борган эди. У 1983 йили Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасиининг аъзосига айланади. 1987- 1991 йиллар давомида Композиторлик уюшмасининг тарғибот бюроси директори бўлиб ишлайди. 1991 йилдан бетоб бўлишига қарамай, ижод қилишдан тўхтамади, ўз шогирдлари билан мунтазам машғулотлар олиб бориб, уларга сабоқ берди. 2020 йил Телман Хасанов бу оламни тарк этди. Унинг фарзанди Абдулазиз, бугунда эса набиралари хам боболари, оталари касбини мусиқа санъатида давом эттириб, мусиқа санъатига композиторлик соҳасида тўртинчи авлод ижодкорлари сифатида ижод қилиб келишмоқда. Телман Хасановнинг фарзанди Абдулазиз учинчи авлод вакили сифатида ўз фаолиятида дастлаб созандалик, сўнг композиторлик ва педагогик фаолияти, бугунда эса замон зайли билан янги ижод тури аранжировка (сайқал қилиш) борасида ҳам моҳир усталардан бири саналади. Download 143.11 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling