6. Моддий бойликларни сотиш ва бошқача тарзда ҳисобдан чиқаришга доир муомалаларни текшириш.
Аудитор, аввало ишлаб чиқариш заҳираларини сотишга доир муомалаларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини, барча ҳужжатлар - шартномалар, ишончномалар ва товар-транспорт накладнойлари ва бошқа дастлабки ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилишини (жумладан, уларда ҚҚС алоҳида сатр билан ажратиб кўрсатилганлигини) аниқлаши лозим.
Моддий бойликларни сотишга доир муомалаларга материалларни ҳисобга оладиган счётлар (1010-1090) кредитланиб 9220-«Бошқа активларнинг чиқими» счёти дебетланади ва харидорлардан олинган (олинадиган) даромад суммасига эса 5110-«Ҳисоб-китоб счёти» (4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» счёти) дебетланиб, 9220-счёт кредитланади.
Моддий бойликларни текинга бериш бўйича аудитор солиққа тортиш мақсадида улар қийматини аниқлашнинг тўғрилигини текширади. Уларни ҳисобдан ўчириш қуйидаги бухгалтерия ёзувлари билан расмийлаштирилиши лозим: ҳисобдаги баҳосига 9220-счёт дебетланиб, 1010-1090 ва 2910 счётлар кредитланади.
Фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш учун берилган моддий бойликлар қиймати ўртача сотиш баҳоси ёки охирги сотиш баҳоси бўйича ҳисоблаб чиқарилади.
Товар-моддий заҳиралар йўқолишининг ҳисобдан ўчирилишини текшириш. Товар-моддий бойликларнинг камомади, бузилиши ва қайта баҳоланиб баҳосининг пасайтирилишини ҳисобдан ўчирадиган ҳужжатлар, ҳамда айрим турдаги материалларни ташиш чоғидаги табиий камайиш меъёрининг тўғри қўлланилиши махсус пухта текширувдан ўтказилиши лозим. Масалан, зич (герметик) ёпиладиган идишларда ташиладиган товар-моддий заҳиралар бўйича табиий камайиш меъёрлари қўлланилмайди. Шиша идишларда ташиладиган материаллар бўйича эса рухсат этилган синиш меъёри қўлланилади. Табиий камайиш меъёри доирасидаги ва ундан ошган йўқотишлар тегишли тарзда расмийлаштирилган ҳужжатга асосан фақат корхона раҳбарининг рухсати билан таққослаш ведомостидаги камомаддан ошиб кетмаган миқдорда ҳисобдан ўчирилиши мумкин.
Белгиланган табиий камайиш меъёридан ошиқча ҳисобдан ўчириш, ҳамда бузилиш ва арзонлаштиришдан кўрилган йўқотишларга доир муомалалар аудитордан махсус эътибор қаратишни талаб этади.
Арзонлаштириш ва бузилишдан кўрилган йўқотишлар далолатномалар ва инвентаризация рўйхатлари, арзонлаштириш ёки бузилиш содир бўлган санадаги бозор баҳолари, ҳамда арзонлаштириладиган материалларнинг харид баҳолари тўғрисидаги маълумотлар билан тасдиқланган бўлиши лозим.
Бундан ташқари, аудитор дастлабки ҳужжатлар асосида аналитик ва синтетик ҳисоб регистрларидаги ёзувларни ҳам танлаб текширади.
Do'stlaringiz bilan baham: |