1. Молия / Валютани тартибга солиш. Қимматбаҳо металлар (тошлар)]


Download 67.93 Kb.
Sana11.03.2023
Hajmi67.93 Kb.
#1258572
Bog'liq
d43ef96315c77f55845a0ce3ce71b406


[ОКОЗ:

1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.27.00.00 Валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилиш / 07.27.01.00 Умумий қоидалар]

[ТСЗ:

1.Молия / Валютани тартибга солиш. Қимматбаҳо металлар (тошлар)]

Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ВАЛЮТАНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 225-модда; 1994 й., 11-12-сон, 285-модда)
LexUZ шарҳи
Мазкур Қонуннинг янги таҳрири Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 11 декабрдаги 556-II-сон «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуни билан тасдиқланган.
Ушбу Қонун ички хўжалик обороти ва халқаро кредит-ҳисоб-китоб муносабатларида валюта операцияларини амалга ошириш принципларини, валютани тартибга солиш ва валюта ресурсларини бошқаришда давлат идораларининг ваколатларини, юридик ва жисмоний шахслар ҳамда хорижий давлатларнинг валюта бойликларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этишдаги ҳуқуқлари ва бурчларини, валютани назорат қилиш асосларини ва Ўзбекистон Республикасида валютани тартибга солишга доир қонунларни бузганлик учун жавобгарликни белгилаб беради.
I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Асосий тушунчалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикасининг пул бирлиги «сўм»дир.
(1-модданинг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 29 сентябрдаги 2022-XII-сонли Қонуни таҳририда — Олий Кенгаш Ахборотномаси, 1994 й., 11-12-сон, 285-модда)
2. «Валюта бойликлари» жумласига қуйидагилар киради:
чет эл валютаси;
қимматли қоғозлар – чет эл валютасидаги фонд бойликлари (акциялар, облигациялар ва бошқалар);
чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатлари (чеклар, векселлар, аккредитивлар ва бошқалар);
қимматбаҳо металлар – ҳар қандай кўриниш ва ҳолатдаги олтин, кумуш, платина ҳамда платина гуруҳига кирувчи (палладий, иридий, родий, рутений ва осмий), металлар шундай металлардан ишланган заргарлик буюмлари ва бошқа рўзғор буюмлари ҳамда уларнинг парчалари бундан мустасно;
табиий қимматбаҳо тошлар – сайқал берилган ва сайқал берилмаган шаклдаги олмос, лаъл, зумрад, ёқут, александрит, шунингдек марварид, шундай тошлардан ишланган заргарлик ва бошқа рўзғор буюмлари ҳамда уларнинг парчалари бундан мустасно.
3. «Чет эл валютаси» жумласига:
тегишли ажнабий давлатда муомалада бўлган ва қонуний тўлов воситаси ҳисобланган банкнот кўринишдаги чет эл пул белгилари, шунингдек муомаладан чиқарилган ёки чиқарилаётган, аммо Ўзбекистон Республикаси пул белгиларига алмаштирилиши лозим бўлган чет эл пул белгилари;
счётларда ва омонатларда бўлган хорижий давлатларнинг пул бирликларидаги ва халқаро ҳисоб-китоб бирликларидаги маблағлар киради.
4. «Резидентлар» жумласига:
Ўзбекистон Республикасида муқим яшаш жойи бўлган, шу жумладан вақтинча Ўзбекистон Республикасидан ташқарида турган жисмоний шахслар;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ тузилган ва рўйхатдан ўтган юридик шахслар, шу жумладан чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар;
Ўзбекистон Республикасининг иммунитетга ва дипломатия имтиёзларига эга бўлган хориждаги дипломатия, савдо ва бошқа расмий ваколатхоналари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси корхона ва ташкилотларининг чет элдаги хўжалик ёки бошқа тижорат фаолияти билан шуғулланмайдиган ўзга ваколатхоналари киради.
5. «Норезидентлар» жумласига:
хорижда муқим яшаш жойи бўлган, шу жумладан вақтинча Ўзбекистон Республикасида турган жисмоний шахслар;
Ўзбекистон Республикасининг ташқарисида жойлашган бўлиб, ажнабий давлатларнинг қонунларига мувофиқ ташкил этилган ва шу қонунлар асосида фаолият кўрсатувчи юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг корхона ва ташкилотлари иштирокидаги юридик шахслар;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бўлиб, иммунитетга ва дипломатия имтиёзларига эга бўлган чет эл дипломатия, савдо ва бошқа расмий ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар ва уларнинг филиаллари, шунингдек хўжалик ёки бошқа тижорат фаолияти билан шуғулланмайдиган ўзга ташкилот ва фирмаларнинг ваколатхоналари киради.
6. «Валюта операциялари» жумласига:
валюта бойликларига нисбатан бўлган эгалик ҳуқуқининг ўтиши билан боғлиқ операциялар, шу жумладан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда чет эл валютасидан, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг пул бирлигидан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш билан боғлиқ операциялар;
валюта бойликларини хориждан Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва жўнатиш ҳамда Ўзбекистон Республикасидан хорижга олиб чиқиш ва жўнатиш;
халқаро кўламда пул ўтказиш ишларини амалга ошириш киради.
7. Валюта операциялари жорий операцияларга ва капиталнинг ҳаракати билан боғлиқ бўлган операцияларга бўлинади.
8. «Жорий валюта операциялари» жумласига:
молларни экспорт ва импорт қилиш, валюта бойликларининг олди-сотдиси бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш, интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқни рўёбга чиқариш билан боғлиқ, ҳисоб-китоблари тўлов муддатини кечиктирмаслик шарти билан амалга ошириладиган, заём маблағлари берилиши ёки жалб этилишини назарда тутмайдиган операциялар;
банк омонатлари, кредитлари, инвестициялар ва бошқа молия операцияларидан фоизлар, дивидендлар ҳамда ўзга даромадларни хорижга ва хориждан ўтказиш;
савдо билан боғлиқ бўлмаган маблағларни, шу жумладан иш ҳақи, пенсия, алимент, мерос пулларни ўтказиш, шунингдек шунга ўхшаш бошқа операциялар киради.
9. «Капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта операциялари» жумласига:
инвестициялар, шу жумладан қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш;
кредитлар бериш ва олиш;
маблағларни жалб этиш ҳамда уларни счётларга ва омонатларга қўйиш;
тўловлар амалга ошириладиган ёки эгалик ҳуқуқи муайян муддатдан кейин валюта бойликларига ўтадиган молиявий операциялар киради.
10. «Вакил қилинган банклар» жумласига:
Ўзбекистон Республикасининг Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, акциядорлик-тижорат, тижорат, кооператив ва хусусий банклар, шу жумладан чет эл капитали иштирокидаги банклар, валюта операцияларини ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсатномасини олган чет эл банклари (филиаллари, ваколатхоналари) киради.
2-модда. Ўзбекистон Республикаси пул бирлиги билан бўладиган операциялар
1. Ўзбекистон Республикасида ягона қонуний тўлов воситаси бўлган Ўзбекистон Республикаси пул бирлигининг харид қобилиятини мустаҳкамлашга қаратилган ягона пул-кредит сиёсати ўтказилади.
2. Резидентлар ўртасидаги муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг пул бирлиги ҳар қандай талаб ва мажбуриятларнинг тўлови учун чекловсиз қабул қилинади.
3. Ўзбекистон Республикасининг пул бирлиги, башарти, унинг манбаи хориждан Ўзбекистон Республикасига олиб келинган ёки ўтказилган ва Ўзбекистон Республикасининг ўзида қонуний асосда олинган чет эл валютасидаги маблағлардан иборат бўлса, норезидентларнинг мулк объекти бўлиши мумкин.
4. Юридик шахс бўлмиш норезидентлар ўртасида валюта операцияларини, шунингдек ҳар қандай битимларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг пул бирлигида олиб бориладиган ҳисоб-китоблар тартибини ва бу юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси пул бирлигида банк муассасаларида счётлар очиши тартибини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилайди.
Уқтириб ўтилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси пул бирлигидан фойдаланиб битимлар тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш чоғида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилаган тартиб бузилган бўлса, тузилган битимлар ва қилинган ҳисоб-китоблар ҳақиқий ҳисобланмайди.
5. Резидентлар ва норезидентларнинг Ўзбекистон Республикаси пул бирлигини ҳамда бу бирликда ифодаланган қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикасидан четга олиб чиқиши ва жўнатиши Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда белгилаб қўядиган тартибда амалга оширилади.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси худудида чет эл валютасида амалга ошириладиган операциялар
1. Ўзбекистон Республикасида чет эл валютасидаги операцияларни амалга ошириш, шунингдек валюта операцияларини амалга оширишда чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатларидан фойдаланиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Молия вазирлиги билан келишиб олган ҳолда белгилайди.
2. Жисмоний шахс бўлмиш резидентларга Ўзбекистон Республикасида чет эл валютасида иш ҳақи ва бошқа рағбатлантириш тўловларини амалга ошириш тақиқланади. Ушбу Қонуннинг 1-моддаси 4-бандининг тўртинчи хатбошисида санаб ўтилган резидентлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилаган ҳоллар бундан мустасно.
4-модда. Чет эл валютасининг Ўзбекистон Республикаси пул бирлигига нисбатан курси
Чет эл валютасининг Ўзбекистон Республикаси пул бирлигига нисбатан курсини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади.
5-модда. Ўзбекистон Республикасининг валюта бозори
1. Чет эл валютаси сотиб олиш ва сотиш валюта бозорида амалга оширилади.
Чет эл валютасини сотиб олиш Ўзбекистон Республикаси валюта бозорида ҳам, бошқа мамлакатларнинг валюта бозорларида ҳам амалга оширилади.
Валюта бозоридаги операциялар ваколат берилган банклар орқали чет эл валютасининг Ўзбекистон Республикаси пул бирлигига нисбатан бўлган талаб ва таклифларнинг кундалик нисбати асосида қарор топадиган бозор курси бўйича амалга оширилади.
2. Резидентлар ўртасида, шунингдек резидентлар ва норезидентлар ўртасида ваколат берилган банкларни четлаб ўтиб амалга ошириладиган чет эл валютасини сотиб олиш ва сотишга доир битимлар ҳақиқий ҳисобланмайди.
II БЎЛИМ. ВАЛЮТАНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ҲАМДА ВАЛЮТА РЕСУРСЛАРИНИ БОШҚАРИШДА МОЛИЯ ВА БАНК ТИЗИМИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ
6-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг валюта муносабатлари соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги валюта-молия сиёсатининг асосий принципларини шакллантиришда иштирок этади, республика тўлов балансини, Республика валюта фонди валюта маблағлари кирими ва чиқимининг, истиқболга оид тахминларини ишлаб чиқади, валюта бойликларининг оқилона тақсимланишини таъминлайди ҳамда улардан самарали ва мақсадга мувофиқ фойдаланилиши устидан назорат қилади, шунингдек Ҳукумат топшириғига биноан Ўзбекистон Республикасининг олтин-валюта захираларини бошқаради.
7-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг валюта муносабатлари соҳасидаги вазифалари
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикасида валютани тартибга солиб турувчи идора ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз ваколатлари доирасида:
валюта ресурсларини шакллантиради ва ўз балансида бўлган валюта ресурсларини, олтин-валюта захираларини бошқаради;
Ўзбекистон Республикасида чет эл валютаси ҳамда унда ифодаланган қимматли қоғозлар муомала қиладиган соҳани ва муомала қилиш тартибини белгилайди;
Ўзбекистон Республикасида резидентлар ва норезидентлар бажариши шарт бўлган меъёрий ҳужжатлар чиқаради;
валюта бозорида чет эл валютаси олди-сотдиси юзасидан банклараро операцияларни ўтказиш тартибини ўрнатади;
барча турдаги валюта операцияларини бажаради, шу жумладан ўз ҳуқуқларининг бир қисмини ваколат берилган банкларга ўтказади;
резидентлар ва норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикасида чет эл валютаси ҳамда чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказилиши қоидаларини, шунингдек норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг пул бирлиги ва унда ифодаланган қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказилиши қоидаларини белгилайди;
резидентларга тегишли чет эл валютаси ва унда ифодаланган қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикасига албатта ўтказиш, олиб кириш ва жўнатиш тартибини, шунингдек резидентларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги банкларда чет эл валютасидаги счётларни очиши шартларини белгилайди;
Ўзбекистон Республикасининг валюта бозорини тартибга солиб туради;
банклар ва ўзга кредит муассасаларига валюта операциялари ўтказиш учун рухсатномалар беришнинг умумий қоидаларини белгилайди, бундай рухсатномалар беради, шунингдек уларнинг фаолияти устидан назоратни амалга оширади;
валюта операциялари бўйича, шу жумладан ваколат берилган банкларнинг валюта операциялари бўйича ҳужжатлар юритишнинг, ҳисобга олишнинг ва ҳисоботларнинг ягона шаклини белгилайди;
қабул қилинган халқаро қоидалар бўйича Ўзбекистон Республикаси валюта операциялари тўғрисида статистика маълумотларини тайёрлайди ва эълон қилиб боради;
Ушбу Қонунда, шунингдек «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ваколат берилган банклар рўйхатини юритади ва эълон қилиб туради. Валюта операциялари ўтказиш учун берилган рухсатномалар «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шунингдек ваколат берилган банклар рухсатномаларнинг шартларини, амалдаги қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг меъёрий ҳужжатларини бузгани тақдирда қайтариб олиниши мумкин.
8-модда. Валюта операцияларини амалга оширишда ваколат берилган банкларнинг вазифалари
1. Валюта операциялари ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан рухсатнома олган тижорат банклари ва бошқа банклар ваколат берилган банклар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ўз мақомига кўра ваколат берилган банк ҳисобланади.
2. Ваколат берилган банклар зиммасига мижозларнинг валюта тўғрисидаги қонунларга риоя этишлари устидан ва ўтказган операциялари тўғрисида ҳисоботлар тақдим этишлари устидан назорат қилиб бориш вазифаси юклатилади.
III БЎЛИМ. ВАЛЮТА БОЙЛИКЛАРИГА ЭГА БЎЛИШ, УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА УЛАРНИ ТАСАРРУФ ЭТИШ ТАРТИБИ
9-модда. Валюта бойликларига эгалик ҳуқуқи
1. Ўзбекистон Республикасида валюта бойликлари резидентларнинг ҳам, норезидентларнинг ҳам мулки бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида валюта бойликларига эгалик ҳуқуқи бошқа мулк объектларига эгалик ҳуқуқи каби давлат томонидан кафолатланади ва ҳимоя қилинади.
2. Ўзбекистон Республикасида қимматбаҳо металлар ва табиий қимматбаҳо тошларга, шунингдек марваридга эгалик қилиш, уларни тасарруф этиш, шунингдек улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
10-модда. Республика валюта фондларини таркиб топтириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш
1. Республика валюта фонди республика иқтисодиётининг эҳтиёжларини қондириш, Ўзбекистон Республикасининг ташқи қарзини узиш мажбуриятларини бажариш, халқаро тўловларни марказлашган тарзда амалга ошириш, давлатнинг ижтимоий ва иқтисодий дастурларини рўёбга чиқариш мақсадида валюта ресурсларини чет эл валютасидаги маблағлар ва бошқа валюта бойликлари кўринишида жамлайди.
2. Республика валюта фонди:
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва миқдорларда чет эл валютасида олинган даромадга солинадиган солиқ ҳамда чет эл валютасидаги бошқа тўловлар;
зарурат тақозоси билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан чет эл валютаси сотиб олиш;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан олинган чет эл кредитлари ва бошқа манбалар ҳисобига таркиб топади.
11-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг валюта ресурсларини таркиб топтириш ва улардан фойдаланиш
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси пул бирлигининг харид қобилиятини барқарор сақлаб туриш, республика иқтисодиёти тармоқларининг кредит ресурсларига бўлган талаб-эҳтиёжларини қондириш мақсадида чет эл валютасидаги маблағлар ва бошқа валюта бойликлари кўринишида валюта ресурслари жамлайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг валюта ресурслари:
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва миқдорларда чет эл валютасида олинган даромаднинг бир қисмини сотиб олиш;
республика ва хорижий мамлакатларнинг валюта бозорларидан чет эл валютаси сотиб олиш, валюта кредитлари, бошқа манбалар ҳисобига таркиб топади.
12-модда. Корхона ва ташкилотларнинг валюта маблағларини таркиб топтириш ва улардан фойдаланиш
1. Корхона ва ташкилотларнинг валюта маблағлари:
ташқи иқтисодий фаолият ва бошқа тадбиркорлик фаолиятидан чет эл валютасида олинган даромад;
чет эл валютасини ва чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни сотиб олиш;
валюта кредитлари кўринишида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид келмайдиган бошқа шаклларда олинадиган маблағлар ҳисобига таркиб топади.
2. Корхона ва ташкилотларнинг валюта маблағлари ваколат берилган банкларнинг валюта счётлари ва омонатларида сақланади ҳамда улардан ана шу корхона ва ташкилотлар мустақил равишда фойдаланадилар.
3. Корхоналар ва ташкилотлар қўшма дастурларни амалга ошириш учун ўзларининг валюта маблағларини ихтиёрий равишда пай асосида бирлаштиришга ҳақлидирлар.
13-модда. Жисмоний шахс бўлмиш резидентлар ва норезидентларнинг валюта маблағлари
Жисмоний шахс бўлмиш резидентлар ва норезидентлар ўз мулкида Ўзбекистон Республикасига чет эллардан олиб келинган, ўтказилган ёки юборилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олинган ёки сотиб олинган валюта бойликлари бўлишига, бу бойликларни ваколат берилган банклардаги счётларда ёки омонатларда сақлаш ҳамда улардан Ўзбекистон Республикаси қонунларида тақиқланмаган тартибда фойдаланишга ҳақлидир.
IV БЎЛИМ. ВАЛЮТА МУНОСАБАТЛАРИ СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ЧЕТ ЭЛ ВАЛЮТАСИДАГИ ОПЕРАЦИЯЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШИ
14-модда. Резидентларнинг валюта операцияларини амалга ошириш тартиби
1. Резидентлар жорий валюта операцияларини чекловсиз амалга оширадилар.
2. Капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта операциялари резидентлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилайдиган тартибда амалга оширилади.
3. Резидентлар божхона қоидаларига риоя этган ҳолда Ўзбекистон Республикасига валюта бойликларини чекловсиз ўтказиш, олиб кириш ва жўнатиш ҳуқуқига эгадир.
Резидентларга тегишли чет эл валютасини ва чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикасига мажбурий ўтказиш, олиб кириш ва жўнатиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилайди.
Резидентларга тегишли қимматбаҳо металлар, табиий қимматбаҳо тошлар, шунингдек марваридни Ўзбекистон Республикасига мажбурий олиб кириш ва жўнатиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
4. Резидентлар Ўзбекистон Республикаси валюта бозорида чет эл валютасини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилайдиган тартибда Ўзбекистон Республикаси пул бирлигида сотиш ҳуқуқига эгадир.
5. Юридик шахс бўлмиш резидентлар ўзларига тегишли валюта маблағларидан ишлаб чиқариш ва ўз меҳнат жамоаларини ижтимоий-маданий ривожлантириш мақсадларида ҳамда қонунларга зид бўлмаган бошқа мақсадларда мустақил равишда фойдаланишлари мумкин.
6. Юридик шахс бўлмиш резидентлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда ва миқдорда Республика валюта фондига чет эл валютасида солиқ тўлайдилар, шунингдек чет эл валютасида олган даромадларининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига мажбурий равишда сотадилар.
7. Юридик шахс бўлмиш резидентлар олган чет эл валютаси, башарти, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқа қоида белгилаб қўймаган бўлса, Ўзбекистон Республикасидаги ваколат берилган банкларида ўз счётларига мажбурий равишда ўтказилиши лозим.
8. Резидентлар Ўзбекистон Республикасига аввал ўтказилган, олиб кирилган, жўнатилган ёки Ўзбекистон Республикасида сотиб олинган валюта бойликларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда белгилаган тартибда Ўзбекистон Республикасидан четга ўтказиш, олиб чиқиш ва жўнатиш ҳуқуқига эгадир.
9. Жисмоний шахс бўлмиш резидентлар томонидан чет элда чет эл валютасида счётлар ва омонатлар очилиши, уларда валюта маблағлари сақланишига резидентларнинг чет элда бўлиш даври учун, бошқа ҳолларда эса Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилаган тартибда йўл қўйилади.
15-модда. Норезидентларнинг валюта операцияларини амалга ошириш тартиби
1. Норезидентлар божхона қоидаларига риоя этган ҳолда Ўзбекистон Республикасига валюта бойликларини чекловсиз олиб кириш, ўтказиш ва жўнатиш ҳуқуқига эгадир.
2. Норезидентлар чет эл валютасини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилаган тартибда Ўзбекистон Республикаси пул бирлигида сотиш ва сотиб олиш ҳуқуқига эгадир.
3. Норезидентлар валюта бойликларини, агар бу валюта бойликлари аввал Ўзбекистон Республикасига ўтказилган, олиб келинган ёки жўнатилган ёхуд Ўзбекистон Республикасида сотиб олинган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда белгилаган тартибда божхона қоидаларига риоя этган ҳолда ҳеч бир тўсқинликсиз Ўзбекистон Республикасидан четга ўтказиш, олиб чиқиш ва жўнатиш ҳуқуқига эгадир.
4. Норезидентлар ваколат берилган банкларда чет эл валютасидаги ва Ўзбекистон Республикаси пул бирлигидаги счётларга эга бўлиши мумкин.
5. Юридик шахс бўлмиш норезидентлар валюта операцияларини, шу жумладан валюта бойликлари олди-сотдисини фақат ваколат берилган банклар орқали амалга оширишлари мумкин.
6. Жисмоний шахс норезидентлар валюта операцияларини, шу жумладан валюта бойликларининг олди-сотдисини ваколат берилган банклар орқали ҳам, нақд пул билан ҳисоб-китоб қилиш усулида саррофхоналар орқали ҳам амалга оширишлари мумкин.
7. Ваколат берилган банклар томонидан норезидентларнинг чет эл валютасидаги ва Ўзбекистон Республикаси пул бирлигидаги счётларини очиш ва юритиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилайди.
V БЎЛИМ. ВАЛЮТА НАЗОРАТИ
16-модда. Валюта назоратининг мақсад ва йўналишлари
1. Валюта назоратининг мақсади валюта операцияларини амалга ошириш вақтида валюта қонунларига риоя этилишини таъминлашдан иборатдир.
2. Валюта назоратининг асосий йўналишлари:
амалга оширилаётган валюта операцияларининг амалдаги валюта қонунларига мос бўлишини ва шу иш учун керакли рухсатномалар бор-йўқлигини;
резидентлар республика валюта фондига чет эл валютасида солиқ ва бошқа тўловлар тўлаш бўйича мажбуриятларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига чет эл валютасини сотиш бўйича мажбуриятларини қандай бажараётганини;
Республика валюта фондидан ажратиладиган валюта маблағларидан мўлжалланган аниқ мақсадга мувофиқ ва қанчалик самарали фойдаланилаётганлигини;
чет эл валютасидаги тўловларнинг асослилигини;
валюта операциялари бўйича ҳисобга олиш ва ҳисобот мукаммал ҳамда холис бўлишини текширишдан иборатдир.
17-модда. Валюта назорати идоралари ва вакиллари
1. Ўзбекистон Республикасида валютани назорат қилиш валюта назорати идоралари ҳамда уларнинг вакиллари томонидан амалга оширилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ бош бошқармаси Ўзбекистон Республикасида валюта назорати идоралари ҳисобланади.
3. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ валютани назорат қилиш вазифасини амалга ошириши мумкин бўлган ташкилотлар валюта назорати вакиллари ҳисобланади.
4. Ваколат берилган банклар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ҳисобдор бўлган валюта назорати вакиллари ҳисобланади.
VI БЎЛИМ. ВАЛЮТА ОПЕРАЦИЯЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ ҲИСОБОТЛАР ВА ВАЛЮТА ҚОНУНЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК
18-модда. Валюта операциялари тўғрисидаги ҳисоботлар
Валюта операциялари тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш тартибини, уларнинг турлари, шакллари ва уларни тақдим этиш муддатларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ бош бошқармаси билан биргаликда белгилайди. Валюта операциялари тўғрисида ҳисобот тақдим этмаслик валюта қонунларини бузиш ҳисобланади.
19-модда. «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунни бузганлик учун жавобгарлик
«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг талабларини бузганлик учун айбдорлар Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан жиноий, маъмурий жавобгарликка ва фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлигига тортиладилар.
20-модда. Валюта назорати идоралари ва вакилларининг жавобгарлиги
Валюта бойликлари эгаларига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этган валюта назорати идоралари ва уларнинг вакиллари ҳамда мансабдор шахслари валюта бойликлари эгалари олдида Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан жавобгар бўладилар.
21-модда. Ушбу Қонунни қўллашга доир йўриқномалар
Ушбу Қонунни қўллашга доир йўриқномалар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ бош бошқармаси билан биргаликда чиқарилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 7 май,
841-XII-сон
Download 67.93 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling