1. Онг, рухият, онгсизлик Ижтимоий онг, унинг шакллари ва даражалари
Download 141.5 Kb.
|
Bilish va uzini anglash
- Bu sahifa navigatsiya:
- Индивидуал онг
Ижтимоий онг табиий ва ижтимоий воқеликнинг инъикоси, жамиятнинг муайян даврига ёки қисмига тегишли бўлган умумий ҳис-туйғулар, кайфиятлар, қарашлар, ғоялар, назариялар мажмуидир.
Ижтимоий онг туфайли жамиятнинг ўз-ўзини англаши содир бўлади, кечаётган жараёнларга муносабати шаклланади. Ижтимоий ўзгаришлар билан бир қаторда ижтимоий онг ҳам ўзгариб ривожланиб бораверади. Аммо бундан, асло, ижтимоий онгнинг тараққиёти фақат ижтимоий воқеликдаги ўзгаришларгагина боғлиқ экан-да, деган хулоса келиб чиқмайди. Зеро, ижтимоий онг ўз тараққиётида нисбий мустақиллик характерига ва ижтимоий воқеликка фаол акс таъсир эта олиш хусусиятига ҳам эгадир. Ижтимоий онгнинг бундай хусусиятлари нималарда кўринади? Аввало, ижтимоий онгга ворислик хос эканлигини таъкидлаш лозим. Бу ижтимоий онг шаклларининг ўз ривожланиш мантиқига, қонуниятларига эга эканлигида яққол намоён бўлади. Бундан ташқари, ижтимоий онг ривожида унинг турли шаклларининг ўзаро таъсири ҳам муҳим рол ўйнайди. Ижтимоий онг, ундаги ўзгаришлар воқеликка ҳамма вақт акс таъсир этиб келган. Билимлар кўлами, тарихий тажриба ҳар бир даврда айрича бўлганидек, бу таъсирнинг кучи ҳам турлича бўлган. Ижтимоий онгнинг моҳияти уни индивидуал онг билан солиштирганда янада яққол намоён бўлади. Индивидуал онг муайян, гуруҳ, элат, миллатга мансуб бўлган айрим кишининг онги бўлиб, жамиятдаги воқелик ва реал борлиқнинг алоҳида олинган шахснинг онгида акс этишдир. Ижтимоий ва индивидуал онгнинг моҳиятини чуқурроқ англаш учун улар ўртасидаги ўхшаш ва фарқли томонларни тушуниб олиш мақсадга мувофиқдир. Ижтимоий ва индивидуал онг ўртасидаги ўхшашлик бир томондан, ҳар иккаласининг ҳам ижтимоий воқеликни акс эттиришида кўринади. Бошқа томондан, ижтимоий онг воқеликни индивид онги орқали акс эттиради. Чунки, ижтимоий воқеликда юз берадиган ўзгаришлар аввало, алоҳида кишилар онгида ўз аксини топади ва ундан сўнггина ижтимоий онгда гавдаланади. Ижтимоий онг билан индивидуал онг ўртасида фарқли томонлар ҳам мавжудки, улар қуйидагиларда кўринади: Биринчидан, индивидуал онгнинг соҳиби, субъекти алоҳида олинган индивид бўлса, ижтимоий онгнинг субъекти жамиятдир. Иккинчидан, уларнинг фарқи шаклланиш шарт-шароитларида кўринади. Зеро, ижтимоий онг ижтимоий воқеликнинг инъкоси бўлса, индивидуал онг тараққиётига ижтимоий онг билан бир қаторда шу шахсгагина хос бўлган темперамент, характер каби хусусиятлар, унинг моддий аҳволи, оилавий, диний, миллий-маданий мансублиги каби омиллар, ҳамда у бевосита тортилган ижтимоий муносабатларнинг характери ҳам муайян даражада таъсир кўрсатади. Бошқача айтганда, ижтимоий онгга кўламлилик, кенг қамровлилик, индивидуал онгга эса ўзига хослик, бетакрорлик хосдир. Учинчидан, ижтимоий онг ижтимоий воқеликни акс эттирганлиги учун муайян қонуниятларга бўйсўнади, улар асосида ривожланади. Индивидуал онг эса, айрим индивиднинг туғилиши билан шаклланиб, тараққий қилиб бориб, унинг вафоти билан барҳам топади. Аммо бу индивид онгининг бутунлай барҳам топишини ҳамма вақт ҳам англатавермайди. Чунки индивид онги у яратган асарлар, кашфиётлар шаклини олиб, кейинги авлодлар томонидан мерос сифатида қабул қилиб олиниши мумкин. Масалан, Гиппократ ва ибн Сино таълимотлари, Афлотун ва Берунийнинг ғоялари, Навоий ва Гандининг гуманизми кишилар учун ҳамон катта аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда. Тўртинчидан, индивидуал онг айрим соҳаларда ижтимоий онгдан ўзиб кетиши ёки орқада қолиши мумкин. Фан тарихида кескин бурилишлар ясаган олимларнинг, жамият тараққиётининг истиқболларини олдиндан айтиб берган мутафаккирларнинг қарашлари индивидуал онг баъзан ижтимоий онгдан нечоғлик илгарилаб кетиши мумкинлигига ёрқин мисол бўла олади. Download 141.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling