1. Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида
Download 303.79 Kb. Pdf ko'rish
|
marge me (1)
1. Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий асослар шаклланиши Коррупция – ҳар қандай давлатнинг сиёсий тузулиши, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш даражасидан қатъи назар, бутун дунёда глобал муаммо ҳисобланади. Коррупция – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан бири ҳисобланади. Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат амалдорлари томонидан шахсий маффатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида фуқаролардан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади. Аммо, умуман олганда, давлат амалдорларигина эмас, балки, хўжалик юрутувчи субъектлари ҳам коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари бўлиши; пора пул билан эмас, балки бошқа шаклда берилиши мумкин; коррупцияга доир муносабатларнинг ташаббусчилари баъзан давлат амалдорлари эмас, балки тадбиркорлар ҳисобланади. Ҳокимият (ижроия, вакиллик ва суд) органларидаги коррупция ҳозирги вақтда жаҳоннинг деярли барча мамлакатлари учун муҳим муаммолардан бири ҳисобланади. Бу турдаги коррупция жиноятларининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, уларни ўзлари қонунга риоя этишлари ва уни муҳофаза қилишлари лозим бўлган кишилар содир этадилар. Аксарият мамлакатларда бу жиноятлар кенг тарқалганлиги, давлат аппарати ходимлари коррупция домига илинганлиги мазкур мамлакатларнинг қонунчиларини порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ва бошқа хавфли мансабдорлик жиноятларига қарши қатъий чоралар кўришга ва аксинча, амалдорларнинг унча хавфли бўлмаган ва кўпроқ даражада тарқалган жиноятларига жиддий эътибор бермасликка (масалан, унча қиммат турмайдиган совға олиш жиноят ҳисобланмайди) мажбур қилаётир. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш борасида бир қатор қонунчилик актлари қабул қилинган. Булар ичида Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда бир қатор қонунлар ва қонуности актларни келтириш мумкин. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2004 йил 26 августда Ўзбекистон Республикасининг «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида» ги Қонуни қабул қилинган. Қонунга асосан Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирларга қуйидагилар киради: махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга ошириладиган назорат; ички назорат; мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирлар; Қонуннинг 8-моддасига биноан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган махсус ваколатли давлат органи пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар ўтказилиши устидан ушбу Қонунда белгиланган тартибда назоратни амалга оширади. Тан олиш керак, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали айрим давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракати кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилиб борилмоқда. Масалан, айнан интернетдаги муҳокамалар туфайли айрим вилоятлардаги юқори мансабдорларнинг қонунга зид хатти-ҳаракати жамоатчиликка ошкор бўлди. Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2012 йил 24 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган. Қонунга асосан хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади: хусусий мулк ҳуқуқини тан олиш; хусусий мулк ҳуқуқи бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва хусусий мулк ҳуқуқини бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдирадиган ҳаракатларнинг олдини олиш; битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш; давлат органининг ва бошқа органнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш; хусусий мулк ҳуқуқини мулкдорнинг ўзи ҳимоя қилиши; бурчни аслича (натура) бажаришга мажбур қилиш; зарарнинг ўрнини қоплаш; неустойка ундириш; маънавий зиённи қоплаш; хусусий мулк ҳуқуқи муносабатларини тартибга солишда қонун ҳужжатлари барқарорлигини таъминлаш давлат органининг ва бошқа органнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид бўлган ҳужжатининг суд томонидан қўлланилмаслиги; мол-мулкнинг айрим турларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқининг вужудга келганлигини, ўзгарганлигини ва бекор қилинганлигини давлат рўйхатидан ўтказиш. Хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш қонунга мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин. Давлат органининг ва бошқа органнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ва хусусий мулк ҳуқуқини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Хусусий мулк ҳуқуқини мулкдорнинг ўзи ҳимоя қилиши усуллари ҳуқуқ бузилишига мутаносиб бўлиши ва ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасидан чиқиб кетмаслиги керак. Қонуннинг 13-моддасига биноан “Хусусий мулкка тажовуз қилишга йўл қўйилмайди. Қонунга хилоф равишда хусусий мулк ҳуқуқини чеклашга ва (ёки) ундан маҳрум қилишга бевосита ёки билвосита қаратилган ҳаракатларга йўл қўйилмайди. Номақбуллиги олдиндан маълум бўлган шартларни мулкдорга мажбуран қабул қилдириш, шу жумладан ундан мол-мулкни, молиявий маблағларни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни топширишни асоссиз равишда талаб қилиш тақиқланади. Мулкдорнинг хўжалик фаолиятига пировард натижада унинг мол-мулки тортиб олинишига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ёхуд мулкдорни ўз мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қиладиган қонунга хилоф равишдаги аралашув тақиқланади. Хусусий мулкка тажовуз қилиш қонунга биноан таъқиб қилинади”. Қонуннинг 14 -моддасига биноан “Давлат органларининг ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ёки улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан давлат органи ва бошқа орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни давлат ва бошқа орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қопланиши керак. Давлат органлари ва бошқа органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларининг айби билан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш суд қарори билан шу мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкин”. Тезкор-қидирув фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2012 йил 25 декабрда Ўзбекистон Республикаси “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Тезкор-қидирув фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ҳимоя қилинишини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш; жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга барҳам бериш ва уларни фош этиш, шунингдек жиноятларни тайёрлаш ва содир этишга дахлдор шахсларни аниқлаш ҳамда топиш; суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазодан бўйин товлаётган шахсларни, бедарак йўқолган шахслар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа шахсларни қидиришни амалга ошириш, шунингдек таниб олинмаган мурдаларнинг шахсини аниқлаш; шахс, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдид солаётган шахслар, ҳодисалар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) ҳақида ахборот тўплаш. Қонуннинг 10-моддасига биноан тезкор-қидирув фаолиятини: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг; Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг; Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг; Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг; Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг; Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг органлари амалга оширади. Бошқа давлат органлари, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар томонидан тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш тақиқланади. Қонуннинг 23 -моддасига биноан тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга кўмаклашаётган шахслар давлат ҳимоясида бўлади. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга кўмаклашаётган шахслар тезкор-қидирув фаолияти учун ажратилган маблағлар ҳисобидан белгиланган миқдорларда тақдирланиш ҳуқуқига эга. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга кўмаклашаётган шахсларнинг, шунингдек улар оила аъзоларининг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига ҳақиқий таҳдид юзага келган тақдирда, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда махсус ҳимоя чора-тадбирларини кўриши шарт. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга кўмаклашаётган шахс тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда иштирок этиши билан боғлиқ ҳолда майиб бўлган, бу унинг меҳнат қилиш қобилиятини йўқотишига ҳамда ногиронликка олиб келган тақдирда, ушбу шахсга қонун ҳужжатларига мувофиқ бир йўла бериладиган нафақа тўланади ҳамда ногиронлик пенсияси тайинланади. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга кўмаклашаётган шахс тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда иштирок этиши билан боғлиқ ҳолда ҳалок бўлган тақдирда, марҳумнинг оила аъзоларига ва қарамоғида бўлган шахсларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бир йўла бериладиган нафақа тўланади ҳамда боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан пенсия тайинланади. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга кўмаклашаётган, уюшган жиноий гуруҳ, жиноий уюшма орасига уларни фош қилиш мақсадида киритилган шахс қонунда белгиланган тартибда қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, қонунга хилоф қилмишлари учун жиноий жавобгарликдан озод этилади. Жиноятчиликнинг барча шакллари айниқса коррупцион жиноятларни олдини олишда жиноятчилик профилактикаси алоҳида ўрин эгаллайди. Шундан келиб чиқиб 2014 йил 14 майда Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Қонуннинг 9-моддасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизими белгиланган. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизимига қуйидагилар киради: ички ишлар органлари; прокуратура органлари; давлат хавфсизлик хизмати органлари; адлия органлари; давлат божхона хизмати органлари; давлат солиқ хизмати органлари; меҳнат органлари; таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари; давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари; Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари. Прокуратура органлари: ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади; ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади; ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади. Қонунда ҳуқуқбузарликларнинг умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик профилактикасини амалга ошириш меёрлари белгиланган. 2008 йил 28 августдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенциясига қўшилиши давлатимизда коррупцияга қарши кураш борасида янги босқич бошланди. Конвенция 2003 йил 31 октябрь куни қабул қилинган. Конвенциянинг 5 моддасига мувофиқ “Ҳар бир иштирокчи – давлат ўзининг ҳуқуқий тизимининг асосий принципларига мувофиқ коррупцияга қарши самарали ва мувофиқлаштирилган жамиятнинг иштирокига кўмаклашувчи ва ҳуқуқ тартибот принципларини ўзида акс эттирган, оммавий ишларни ва оммавий мулкни ишончли бошқариш, ҳалоллик ва порага учмасликни, шаффофлик ва масъуллик сиёсатини ишлаб чиқади, амалга оширади ёки олиб боради”. Конвенцияда белгиланганидек коррупциянинг пора олиш ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш каби одатдаги шаклларидан ташқари, коррупция амалда намоён бўлишининг қуйидаги шаклларини фарқланиши талаб қилинади: мансабдор шахслар тижорат фаолиятида шахсий ёки корпоратив наф кўриш учун бевосита иштирок этиши ; давлат пул маблағларини ўзлаштириш ниятида тижорат тузилмаларига ўтказиш учун ўз хизмат мавқеидан фойдаланиш; ўз корпоратив (сиёсий, диний, миллий ва ш.к.) гуруҳига давлат ресурслари ҳисобидан имтиёзлар бериш; шахсий ёки корпоратив наф кўриш мақсадида оммавий ахборот воситаларига тазйиқ ўтказиш учун ўз хизмат мавқеидан фойдаланиш; мансабдор шахслар ва давлат хизмати ходимлари шахсий бойиш мақсадида тижорат тузилмаларида сохта шахслардан ва қариндошларидан фойдаланиши; шахсий ёки корпоратив наф кўриш мақсадида ахборотни манипуляция қилиш (бузиб кўрсатиш, бермаслик, бериш муддатларини чўзиш ва ш.к.) учун хизмат мавқеидан фойдаланиш; тор группавий манфаатларда норматив ҳужжатлар қабул қилиш ҳақидаги қарорларни илгари суриш; айрим номзодларнинг сайлов фондларига давлат молиявий ва моддий ресурсларини тақдим этиш ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенциясига қўшилиши Ўзбекистон Республикасининг коррупцияни олдини олиш бўйича аниқ чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тизимини такомиллашишига олиб келди ва бу борада ваколатли идоралар ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси Бош Прократураси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий х авфсизлик хизмати ва Адлия вазирлиги вазифаларини аниқлаштирди. Ўзбекистон Республикаси Бош Прократураси ташабуси билан 2014 йил 14 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида” ги қонунининг 7- моддаси асосида Жиноят кодексининг 211-моддасига ўзгартишлар киритилди. Энди башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади. 2015 йилда ИХРТ мониторинг натижалари бўйича Ўзбекистонда коррупцияга қарши олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берилди , 2016 йилда мониторинг гуруҳи томонидан мониторингнинг 3 босқичи якунлари бўйича ИҲРТ ҳисоботининг тақдимоти ўтказилди. Таъкидлаш лозимки , 21 та тавсиядан 20 таси бажарилди. Натижада Transparency international рейтингида Ўзбекистон 19 поғонага кўтарилди. Ҳукумат томонидан 2015 йил 18 май куни Коррупцияга қарши тадбирларни амалга ошириш бўйича амалий хатти-ҳаракатлар Комплекс режасининг тасдиқланиши коррупцияга қарши курашишда муҳим қадам бўлди. Ушбу Комплекс режани амалга ошириш доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши курашиш экспертизасидан ўтказиш методикаси тасдиқланди, коррупция муаммолари илмий-амалий ва социологик жиҳатдан ўрганилди, ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий маърифат бўйича комплекс режалар амалга оширилди, кадрларни давлат хизматига танлов асосида саралаб олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди, идоравий ишонч телефонлари ишини такомиллаштириш чоралари кўрилди ва ҳ.к. Ўзбекистонда хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш мақсадида 2015 йил 20 август куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонуни қабул қилинди. Жиноят кодекси “Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар” деб номланган XIII-1 боб билан тўлдирилди. Жиноят қонунчилигига бир қатор янги жиноят таркиблари хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия- хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ва (ёки) уларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш, тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш, лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва рухсат бериш тартиб- таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш, хўжалик юритувчи субъектларга ва бошқа ташкилотларга пул маблағлари беришни асоссиз равишда кечиктириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф равишда талаб қилиб олиш, тижоратда пора эвазига оғдириб олиш, нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш, нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш киритилди. Шунингдек, тегишли ўзгартиш ва қўшимча Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам киритилди. Ижро ҳокимиятининг халқ вакиллари олдида ҳисобдорлигини таъминлаш мақсадида 2015 йил 9 июнда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида” ги Қонунга ҳокимнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини халқ депутатлари Кенгаши томонидан эшитишни назарда тутувчи янги 25 1 - модда киритилган эди. Шунга кўра, ҳудудий вакиллик органларида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисоботларини доимий равишда эшитиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан кўтарилган “ҳокимнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органи раҳбари сифатидаги мақомини бекор қилиш” масаласини эса тезроқ ҳал этиш мақсадга мувофиқдир. Коррупцияга қарши амалий чора-тадбирлар Комплекс режасига асосан 2015 йил 25 декабрь куни «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиётини тасдиқлаш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 384-мҳ-сон буйруғи қабул қилинди. Услубиётда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларнинг коррупциявий омилларга эга бўлган нормалари сифатида асоссиз равишда кўриб чиқишнинг кенг доирасини ёки умумий қоидалардан чиқувчи истисноларни асоссиз қўллаш имкониятини белгиловчи коррупциявий омиллар, жисмоний ва юридик шахсларга ноаниқ, бажарилиши қийин бўлган ва (ёки) оғирлаштирилган талабларни ўз ичига олган коррупциявий омиллар ҳамда ҳуқуқни тартибга солишдаги бўшлиқлар билан боғлиқ бўлган коррупциявий омиллар белгиланди. 2016 йил 16 январь куни Ҳукумат томонидан 2016-2017 йилларда коррупцияга қарши тадбирларни амалга ошириш бўйича амалий хатти-ҳаракатларнинг кейинги Комплекс режаси тасдиқланди. Унда тадқиқот натижалари ҳамда давлат органлари, фуқаролик жамияти ва илмий доиралар ҳисоботлари асосида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг асосий йўналишлари ҳамда уни амалга ошириш механизми белгилаб берилди. Унда коррупцияга қарши аниқ тадбирлар, давлат бошқарувни такомиллаштириш, самарадор механизм яратиш ва масъул идоралар вазифалари белгиланган. Ушбу хужжат талабларидан келиб чиқиб 2016 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” 62-сонли қарори қабул қилинди. Хужжатда белгиланганидек давлат хизматчилари хизмат вазифаларини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этиши; ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш; ўз хизмат вазифаларини бажаришда бирор-бир шахслар, гуруҳлар ёки ташкилотларга ён босмаслик ва устунлик бермаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик; ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларга барҳам бериш; норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва идоравий ҳужжатларда белгиланган чеклашлар ва тақиқларга риоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини оғишмай бажаришлари мажбур. Давлат хизматчилари ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймасликлари керак. Манфаатлар тўқнашуви давлат хизматчиларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади. Қабул қилинган комплекс режалар асосида ҳар бир вазирлик ва идора томонидан тармоқ режалари қабул қилинди. Режаларда вазирлик ва идораларнинг ишонч телефонлари ва Интернет сайтларини такомиллаштириш, давлат хизматларини кўрсатишнинг, шунингдек ишга ёллашнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш, коррупцияга мойил соҳаларни аниқлаш ва аниқланган хавф-хатарларни бартараф этиш, ходимларнинг одоб- ахлоқ стандартларини жорий этиш, коррупциянинг олдини олиш масалалари юзасидан ҳуқуқий саводхонликни ва хабардорликни ошириш каби чора- тадбирларни назарда тутади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида 2016 йил 5 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4848 сонли Фармони қабул қилинди. Фармонга биноан давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар: ўз фаолиятида юқорида кўрсатилган талабни ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилининг сўзсиз амалга оширилишини таъминлашлари; ўз вазифалари ва ваколатларининг танқидий таҳлили асосида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика қилиш ҳамда уларга йўл қўймаслик борасидаги чора-тадбирларни такомиллаштиришга ва уларнинг самарадорлигини оширишга доир асосланган таклифларни икки ой муддатда, белгиланган тартибда киритишлари; тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари талаблари қатъий бажарилишини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминлашлари белгиланган. Фармон қоидаларини амалда рўёбга чиқариш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкчиликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида бешта энг устувор соҳа бўйича 42 та аниқ чора-тадбир амалга оширилишини назарда тутувчи Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сонли “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши юқорида қайд этилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу ҳужжатда, биринчи навбатда, фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат органларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга, республиканинг инвестицияларни ўзига жалб этувчанлигини оширишга, шунингдек коррупцияга доир ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ва уларнинг профилактикасига қаратилган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган эди. Суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида 2016 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–4850- сонли Фармони қабул қилиниши суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Одил судловни амалга ошириш сифатини яхшилаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кафолатларини кучайтириш мақсадида, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ 2018 йил 13 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (ПФ-5482) Фармони қабул қилинди. Фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ва Ўзбекистон Судьялар ассоциациясининг қуйидагилар орқали суд органлари фаолиятининг шаффофлигини янада таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтириш мақсадида: Ўзбекистон Республикаси Олий суди веб-сайтида суд қарорларини тизимли равишда эълон қилиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш; қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун- моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтирилишини суд амалиётига жорий этиш; судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш; Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан суд ишларини назорат тартибида, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан суд ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриб чиқиш амалиёти обзорларини ҳар чоракда эълон қилиш ва суд тизимини такомиллаштиришга қаратилган амалий ишлар бажарилиши белгиланди. Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида 2019 йил 6 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги № ПҚ- 4096 қарори қабул қилинди. Қарорга асосан қуйидагилар судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимининг асосий вазифалари этиб белгиланди: судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишнинг ягона тизимини ташкил этиш; судьялик лавозимларига номзодларда назарий билимлар, касбий этика, психология, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва қўллашни ривожлантириш; судьялик лавозимларига номзодлар стажировка ўташининг сифат жиҳатдан янги тизимини ташкил этиш, шу жумладан илмий-тадқиқот фаолияти ва ўқув жараёни билан узвий боғлиқлигини таъминлаш; иш юритиш ва танқидий таҳлил қилиш, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда асосланган қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантирадиган интерфаол ўқитиш услубларини таълим жараёнига жорий этиш; судьялик лавозимларига номзодларни қонунчиликдаги долзарб янгиликлар, мамлакатимиз ва хориждаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда норма ижодкорлиги фаолияти ҳолати ва тенденциялари билан таништириш. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 6 июлдаги ПФ-6257-сон Фармони ва тегишли Қарори (ПҚ-5177 –сон 06.07.2021йил) қабул қилинди. Унга кўра, эндиликда: Барча давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади: “Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилади “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” юритилади “Коррупциявий хавфларни баҳолаш электрон тизими” ишга туширилади Давлат хизматчилари, ташкилотлари, корхоналари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади Давлат хизматчиларига республика ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлар очиш ва эгалик қилиш, нақд пул маблағларини сақлаш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади Жиноят кодексида даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатилади Давлат органлари ва ташкилолатларида ишга қабул қилиш очиқ танлов асосида амалга оширилади ва Интернет орқали трансляция қилинади Ҳар йил якуни бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларидаги коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтинг эълон қилинади Давлат хизматчиларининг Одоб-ахлоқ кодекси қабул қилинади. Download 303.79 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling