11-мавзу: Мустақиллик йилларида Қорақалпоғистон Республикаси
Download 94.92 Kb.
|
11 MAVZU-ўз
11-мавзу: Мустақиллик йилларида Қорақалпоғистон Республикаси Мамлакатимизнинг шимолий минтақаси – Қорақалпоғистон Республикасида ҳам мустақиллик йилларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган алоҳида эътибор юксак самаралар берди. Пухта ўйланган, боқичма-босқич амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли Қорақалпоғистон Республикаси оддий аграр ўлкадан замонавий ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаси, транспорт-коммуникация тармоқлари ривожланган минтақага айланди. Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисмида, Амударёнинг қуйи қисми, Орол денгизининг жанубий соҳилида жойлашган. Республика жануби-ғарб томондан Қорақум саҳросига туташган. Унинг шимоли-ғарбида Устюрт пасттекислиги, шимоли-шарқий томонида эса Қизилқум саҳроси ястаниб ётибди. Орол денгизининг жанубий ҳудуди қорақалпоқ заминида жойлашган. Қорақалпоғистон умумий ер майдони 166,6 минг квадрат километрдан иборат бўлиб, у ҳудудининг катталиги жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ўртасида биринчи ўринда туради. Республиканинг аҳолиси 1 881,9 минг кишидан зиёддир. Республиканинг маъмурий-ҳудудий тузилмаси 16 та туман ва 1 та шаҳардан иборат: Амударё, Беруний, Бозатов, Элликқалъа, Тўрткўл, Кегейли, Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир, Қонликўл, Шўманой, Қўнғирот, Мўйноқ, Хўжайли, Тахиатош, Нукус туманлари ва пойтахт – Нукус шаҳридир. Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидаги парламент бошқарув шаклига эга бўлган суверен Республикадир. Қорақалпоғистон ўз Конституцияси, байроғи, герби ва мадҳиясига эга. Қорақалпоғистоннинг Конституцияси ва қонунлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва улар шу асосда амал қилади. Республикада умумий раҳбарлик Жўқорғи Кенгес Раиси – Қорақалпоғистон Республикаси парламенти томонидан амалга оширилади. Республиканинг олий ижроия ҳокимияти Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тасдиқланган Вазирлар Кенгаши ҳисобланади. Республика Вазирлар Кенгаши таркибига Кенгаш Раиси, Раиснинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталари раислари, йирик концерн ва бирлашмалар раҳбарлари киради. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, ўз вазифасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таркибига киради. Ўзбекистон Республикаси пойтахти – Тошкент шаҳрида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг доимий ваколатхонаси фаолият юритади. Мустақиллик йилларида бу заминда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, рўй берган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Марказий Осиёда ягона, саҳро бағридаги мўъжиза –Қўнғирот сода заводи, Хўжайли шиша заводи, “Марказий Осиё безак тошлари” қўшма корхонаси, Қўнғирот карбид, Нукус мармар ва кабель заводлари, Ўрга газ кони, “Элтекс” ва “Катекс” каби замонавий ишлаб чиқариш объектлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Тошкент ахборот технологиялари университитетининг Нукус филиали, Олимпия захиралари коллежи бинолари, ўнлаб умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежлар, болалар спорти, болалар мусиқа ва санъат мактаблари... Бундай муҳташам иншоотлар истиқлол шарофати туфайли барпо бўлди. Истиқлолнинг дастлабки йилидаёқ минглаб аҳолини ичимлик суви билан таъминлаган 243 километрлик Туямўйин-Нукус-Чимбой-Тахтакўпир сув тармоғи ишга туширилди. 1991-2010 йилларда ҳудудда газ ва газ конденсати, шиша, кунгабоқар ёғи, кальцийлаштирилган сода, вермикулит концентрати, талькомагнезит, глицерризин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш борасида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари энг савобли ишлардан бўлди. Бу соҳада ҳам ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, унинг манфаатлари учун деган эзгу ғоя доимий устувор вазифа бўлиб келмоқда. 2000 йили Нукус шаҳрини Хўжайли тумани билан боғлайдиган улкан кўприк, 2001 йилда 345 километрлик Нукус-Султонувайстоғ-Мискин-УчқудуқТинчлик-Навоий темир йўли ишга туширилди. Юзлаб километр автомобиль йўллари реконструкция қилинди. Бу равон йўлларнинг узунлиги 4 минг 100 километрдан ошиб кетди. Бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ер ости бойликларини излаш, қазиб олиш ва улардан самарали фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хорижлик шериклар билан “Жел”, “Ғарбий Орол” каби истиқболли конлар очилди. “Устюрт ва Орол денгизи атрофларида геофизика ишларини амалга оширишни кучайтириш” дастуриишлаб чиқилди. Унга кўра, Устюрт кенгликларида сейсмик тадқиқотлар жадал олиб борилмоқда. Айниқса, “Ўзбекгеофизика” акциядорлик жамиятининг “Устюрт геофизика экспедицияси” филиали жамоасининг саъйҳаракатлари таҳсинга муносиб. Ҳозир кунига 45 минг кубометр газ бераётган “Тиллали”, “Сайхун”, “Инъом”, “Арслон” сингари янги конлар ана шу экспедиция изланишларининг самарасидир. Бугун дунё халқларининг эътиборини тортаётган, ҳавасли, ҳайратли нигоҳларига сабаб бўлаётган Устюрт газ-кимё мажмуаси Президентимиз ташаббуси билан барпо этилди. Асрлар оша қақраб ётган бепоён даштда улкан ишлаб чиқариш қуввати қад ростлади. Корхона жаҳоннинг нуфузли нашрлари томонидан 2012 йилнинг энг яхши лойиҳаси, деб топилди. 2014 йили нуфузли “Infrastructure Journal” халқаро нашри мазкур лойиҳа қурилишини “2014 йилнинг нефть-газ соҳасидаги энг йирик битими”, деб эълон қилди. Умумий қиймати 4 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бу машҳур лойиҳа амалга оширилиши мамлакатимиз саноати ривожини янги босқичга кўтариши шубҳасиз. Ҳозир бу ерда йилига 4,5 миллиард куб метр газ қайта ишланмоқда. Бунинг самарасида халқимиз эҳтиёжи ва экспорт учун 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз дистилляти ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида енгил саноатни ривожлантириш, жумладан, пахта етиштиришда замонавий технологияларни, маданий ўсимликларнинг янги навларини соҳага жорий этиш асосида ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. 2016 йилда бу йўналишда учта янги корхона ташкил этилиб, тўрттаси модернизация қилинади. Шу йилнинг иккинчи чорагида момиқ ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Бунёдбек-Хўжайли” оилавий корхонаси фойдаланишга топширилади. Йил охиригача “Ёқубова Гавҳар” фермер хўжалиги калава ип ишлаб чиқара бошлайди. Элликқалъада “Global national-tex” шўъба корхонасида жинси мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Амударё туманидаги “Камекс-КК” корхонасида момиқ, Кегейли туманидаги “Авто Қайип майши” масъулияти чекланган жамиятида ойига 50 минг жуфт пайпоқ ишлаб чиқарилади. “Тўрткўл омад текстиль” масъулияти чекланган жамиятида замонавий технологиялар жорий этилиб, янги иш ўринлари яратилмоқда. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалиги соҳасида мутлақо янги ва самарали иқтисодий муносабатлар жорий этилди. Ер ўз эгасини топди. Бугун Қорақалпоғистон фермерлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисмини етказиб бериш билан бирга, қишлоқ тараққиётида ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий кучга айланиб бормоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам Президентимиз ташаббуси билан барпо этилаётган намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойларга талабгорлар тобора кўпаймоқда. Барча шароитларга эга бундай замонавий уйларда минглаб оилалар бахтли ҳаёт кечирмоқда. Ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда таълимтарбия олиши, истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши учун зарур шароит яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Ўтган давр мобайнида ҳудудда замонавий шароитлар яратилган 99 касб-ҳунар коллежи, 9 академик лицей фойдаланишга топширилди. 2015 йилда 9 минг 700 ўринли 22 та замонавий мактаб биноси барпо этилди. Айни пайтда ҳудуддаги 370 умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларда 170 мингдан зиёд ўғилқизлар замонавий билимларни ўрганмоқда. Ўтган йили Нукус шаҳри марказида 2,5 миллиард сўмлик лойиҳа асосида бунёд этилган ва барча қулайликларга эга “Бахт уйи” фойдаланишга топширилди. Инсон бахт учун дунёга келади. Бу борада мамлакатимизда ёшларга доимий ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Нукус шаҳри, Амударё, Элликқалъа, Беруний, Хўжайли туманларида ижтимоий ҳаётда фаол бўлган юзлаб ёш оилаларга “Камолот” уйлари топширилди. Нукус шаҳрида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди ва бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Темир йўл вокзали, И.Савицкий номидаги санъат музейи таниб бўлмас даражада замонавий қиёфа касб этди. Шаҳарнинг Қорақалпоғистон, Амир Темур, Тўлепберген Қаипбергенов кўчаларида қад ростлаган кўп қаватли замонавий уйларга кўчиб ўтган юзлаб оилалар ҳаётига ўзгача шукуҳ кирди. Шаҳар марказидан оқиб ўтувчи Дўстлик каналининг икки қирғоғи бўйлаб 2,5 километр масофада кўплаб кўнгилочар, дам олиш объектлари ишга туширилди. Минтақада экологик барқарорликни таъминлаш масаласи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ Ислом Каримов бу масалага жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратди. Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси ана шундай олижаноб саъйҳаракатлар самарасида ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича 2013-2017 йилларга мўлжалланган дастури бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Дастурда Оролбўйини экологик соғломлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, чўлланишнинг олдини олиш, Орол денгизининг қуриган ҳудудларида сунъий ўрмонлар барпоэтиш учун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Дастурга кўра, мазкур ишларга 89,39 миллиард сўм, 1635,55 миллион АҚШ доллари ва 57,63 миллион евро маблағ йўналтириш кўзда тутилган. Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси Нукус филиали томонидан 2014 йилда Мўйноқ туманида, Орол денгизининг Ахантай қисмида 1500, Оққум қисмида 34 гектарлик саксовулзор – сунъий ўрмон барпо этилди. Айни пайтда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда 90 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа асосида Орол денгизининг қуриган қисмида чўлланишдан ҳимояловчи митти ўрмонлар бунёд этишга киришилаётгани ҳам ҳудуд аҳолиси турмуш фаровонлигини юксалтириш борасидаги эзгу ишларнинг давомидир. Мустақиллик иншоотларидан яна бири Қўнғирот сода заводидир. Кўплаб соҳалар учун зарур хомашё – кальцийлаштирилган сода ишлаб чиқараётган ушбу йирик корхона ўз маҳсулотининг аксариятини экспортга йўналтирмоқда. Ўтган йили корхона хорижлик буюртмачиларга 24 минг тонна маҳсулот етказиб берди. Ички бозорда “Кварц”, “Асл ойна” акциядорлик жамиятлари, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси Қўнғирот сода заводининг асосий буюртмачиларидир. Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги тубдан яхшиланди. Бугун олис овуллар аҳолиси ҳам замонавий тиббий хизматдан баҳраманд бўлаётир. Чекка туман ва қишлоқлардаги тиббий муассасаларнинг ҳам моддий-техник базаси мустаҳкамланди. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар мустақиллигимизнинг биринчи кунларидан белгилаб олинган энг муҳим вазифаларнинг изчил давомидир. Бугун Қорақалпоғистон шифокорларининг Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Польша ва бошқа кўплаб хорижий мамлакатларда малака ошириши, илғор тажрибаларни қўллаши оддий ҳолга айланди. Мустақиллик йилларида бошқа минтақаларимиз қатори Қорақалпоғистоннинг ривожланишига ҳам улкан эътибор қаратилди. Айнан ана шундай эътибор туфайли бугунги кунда республика пойтахти – Нукус шаҳридан бошлаб, туманлар ва қишлоқлар, ҳатто, энг чекка овуллар ҳам ҳар томонлама ўзгариб, ривожланиб бормоқда. Айниқса, кейинги икки ярим йил ичида Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан қабул қилинган, мамлакатимизнинг ижтимоийиқтисодий ривожланишининг барча йўналишларини белгилайдиган Фармон ва Қарорлари, уларнинг фаол ижроси халқимизнинг турмуш тарзини бутунлай ўзгартиб юборди. Авваломбор, инсон ва ўнинг манфаатларини кўзлаб олиб борилаётган ислоҳатларнинг натижаси юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг бахтли ва ободон турмуши, ўзига ва юрт келажагига бўлган мустаҳкам ишончида кўринмоқда. Барча эски уйлар ўрнига янги, миллий лойиҳалар асосида қурилаётган кўркам бинолар, сўлим ва гўзал хиёбонлар, ҳатто, қишлоқларимизнинг, маҳаллаларимизнинг алоҳида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида янги қиёфа касб этаётганлиги Президентимиз яратиб бераётган имкониятлар самарасидир. Бугинги кунда Қорақалпоғистонда ўтган қисқа вақт мобайнида бир қатор йирик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Нафақат Қорақалпоғистон, балки бутун мамлакатимизнинг фахри бўлган, дунёда “Саҳродаги Лувр” деб шуҳрат қозонган И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейининг муҳташам иккинчи корпуси қурилиб, юксак халқаро стандартлар асосида жиҳозланди ва фойдаланишга топширилди. Қорақалпоқ давлат Ўлкашунослик музейи биноси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаб-интернати, Амир Темур номидаги истироҳат боғи, замонавий имкониятларга эга бўлган йирик спорт мажмуаси бунёд этилди. Имом Эшон Муҳаммад жомъе масжиди реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Нукус шаҳрида – “Нукус полимер” МЧЖ, “Нукусэлектроаппарат” МЧЖ фаолият олиб бормоқда. “Самсунг” бренди остида телевизор, чанюткич ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. Мўйноқ тумани аҳолисин марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминлаш буйича 101 километрлик “Қўнғирот-Мўйноқ” сув қувури ва “Қўнғирот” сув тақсимлаш иншооти қуриб битказилди. Нукус шаҳри марказидан ўтувчи “Дўстлик” каналининг икки қирғоғи ободонлаштирилиб, бугунги кунда бу соҳил атрофлари халқимизнинг энг севимли оромгоҳига айланган. Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент”, “Титан цемент”, Тахиатош туманидаги метал-конструкция ишлаб чиқариш заводи, Элликқалъа туманидаги “Бўстон мега-тексил”, Тўрткўл туманидаги “Вегатекс глобал”, Чимбой туманидаги “Lanextrakt” корхоналарида ҳам ишлаб чиқариш яхши йўлга қўйилган. Нукус шаҳрида “Нукус Мед Тех” МЧЖ, Кегейли туманида “Kegeyli qog’oz” МЧЖ, “Ланко-мия” корхонаси, Амударё туманида “Аму Шохжахон” МЧЖ, Чимбой туманида “Пинток” корхонаси томонидан тиббиёт килиникаси ишга туширилди. Мўйноқ туманида Амфитеатр, “Мўйноқ порлоқ текстил” тикувчилик корхонаси, давлат хизматлари маркази янгидан қурилди ҳамда футбол ўйингоҳи ва Маданият маркази реконструкцияси тўлиқ якунланди. Шунингдек, Нукус шаҳрида Марказий Осиёда ягона бўлган “Имкон” номли Ўзбекистондаги биринчи ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. Булардан ташқари, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бугун Қорақалпоғистонда ҳаёт бутунлай ўзгармоқда. Барча шаҳар ва туманлар, қишлоқлар, маҳаллалар янгича қиёфа касб этмоқда. Замонавий корхоналар, таълим, тиббиёт, маданият, спорт ва ижтимоий соҳанинг бошқа объектлари, коммуникация тармоқлари қурилмоқда. Бу эса, Қорақалпоғистон Республикасининг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги тутган ўрнининг тобара ошиб бораётганлигидан дарак беради. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда. Мустабид тузум даврида чекка ҳудуд сифатида мутлақо эътибордан четда қолган Қорақалпоғистон Республикаси бугун ана шундай тараққиёт йўлидан дадил бормоқда. Download 94.92 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling