13-мавзу. Жаҳон хўжалиги ва унинг эволюцияси. Жаҳон бозори. Режа
Download 36.37 Kb.
|
13.1 Jaxon xo\'jaligi
- Bu sahifa navigatsiya:
- 1. Иқтисодий ривожланишнинг умумжаҳон томонлари ва ишлаб чиқаришнинг байналминаллашуви
13-МАВЗУ. ЖАҲОН ХЎЖАЛИГИ ва унинг эволюцияси. ЖАҲОН БОЗОРИ. Режа: 1. Иқтисодий ривожланишнинг умумжаҳон томонлари ва ишлаб чиқаришнинг байналминаллашуви. 2. Халқаро иқтисодий муносабатларнинг шакллари. 3. Халқаро иқтисодий интеграциянинг моҳияти, шакллари ва объектив асослари. Ҳозирги замон жаҳон хўжалиги ривожининг муҳим тамойили миллий хўжаликларнинг байналминаллашуви, шу асосда жаҳон хўжалиги ва аввало жаҳон бозорининг шаклланиши ва ривожланишидан иборат. Ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши, унинг миллий хўжалиги кўп даражада нафақат бу мамлакатнинг ички имкониятлари билан, балки унинг халқаро ижтимоий меҳнат тақсимотида қатнашиш даражаси ва миқёси, бутун инсоният ресурслари билан аниқланади. Ушбу мавзуда жаҳон хўжалигининг таркиб топиши, бунда ишлаб чиқаришнинг байналминаллашуви ва глобаллашув жараёнларининг ўрни, халқаро иқтисодий муносабатларнинг шакллари, жаҳон инфратузилмасининг ривожланиши, жаҳон хўжалиги алоқаларини халқаро тартибга солиш масалалари баён этилади. Халқаро интеграциянинг моҳияти, мақсад ва шакллари баён этилади. Халқаро иқтисодий интеграциянинг турлича назариялари таҳлил этилиб, жаҳондаги асосий интеграцион гуруҳлар кўриб чиқилади. Миллий иқтисодиётнинг дунё мамлакатлари билан боғланган мураккаб иқтисодий муносабатлари тизимида халқаро савдо муносабатларининг тутган ўрни таҳлил қилиниб, халқаро савдонинг ривожланиши, омиллари ва тузилиши қараб чиқилади. Халқаро муносабатларнинг молиявий ёки валютага оид томонлари баён этилади. Халқаро ваюта-кредит муносабатлари, валюта тизими, валюта курси ва валюта сиёсати, уларга таъсир кўрсатувчи омиллар баён этилади. 1. Иқтисодий ривожланишнинг умумжаҳон томонлари ва ишлаб чиқаришнинг байналминаллашуви Жаҳон хўжалиги – бу халқаро меҳнат тақсимоти, савдо-ишлаб чиқариш, молиявий ва илмий-техникавий алоқалар орқали бирлашган турли мамлакатлар хўжаликлари тизимидир. Жаҳон хўжалиги субъектлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади: - ўз ичига халқ хўжалиги мажмуини олувчи давлат; - трансмиллий корпорациялар; - халқаро ташкилот ва институтлар; - миллий иқтисодиёт чегарасидан чиққан, хўжалик барча соҳалари таркибидаги фирмалар. Жаҳон хўжалиги миллий хўжаликдан ягона жаҳон бозорининг мавжудлиги билан фарқланади. Жаҳон бозорининг амал қилишига ривожланган мамлакатларнинг иқтисодий сиёсати аҳамиятли таъсир кўрсатади. Жаҳон бозорининг ўзига хос хусусияти бўлиб жаҳон нархлари ва халқаро рақобат тизимининг амал қилиши ҳисобланади. Айнан халқаро рақобатнинг мавжудлиги турли даражадаги миллий қийматларни ягона байналминал қийматга келтиради. Жаҳон нархи жаҳон бозорига неъматларнинг асосий ҳажмини етказиб берувчи мамлакатлардаги шарт-шароитлар орқали аниқланади. Мамлакатлар ўртасида сотиш бозорларини эгаллаш учун кескин рақобат кураши олиб борилади. Турли мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларининг турли-туманлиги улар тараққиёт даражасини қандайдир битта нуқтаи-назардан баҳолаш имконини бермайди. Шунга кўра, мазкур мақсадда бир неча асосий кўрсаткич ва мезонлардан фойдаланилади: мутлақ ва нисбий ЯИМ; миллий даромад ва унинг аҳоли жон бошига тўғри келувчи миқдори; миллий иқтисодиётнинг тармоқ тузилмаси; мамлакат экспорти ва импорти таркибий тузилмаси; аҳолининг турмуш даражаси, сифати ва бошқалар. Жаҳон хўжалик алоқаларининг тез ўсиши шундай даврларга тўғри келадики, бу даврда ишлаб чиқариш омилларининг ҳаракати тезлашади, капитал миллий чегарадан ўсиб чиқади, ишчи кучи миграцияси кучаяди, халқаро меҳнат тақсимотининг шаклланиш жараёни тезлашади. Бу шундан гувоҳлик берадики, хўжалик алоқаларининг байналминаллашувини кўп жиҳатдан ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиш мантиқи тақозо қилади, яъни у миллий чегарадан ўсиб чиқади ва объектив равишда ишлаб чиқаришнинг байналминаллашувини зарур қилиб қўяди. Ишлаб чиқариш ёки иқтисодий ҳаётнинг байналминаллашуви – бу мамлакатларнинг жаҳон миқёсида иқтисодий алоқаларининг кучайиши ҳамда иқтисодий муносабатларнинг тобора кенгроқ жабҳаларини қамраб олиш жараёни ҳисобланади. Барча иқтисодий жараёнларнинг байналмиллалашуви натижасида жаҳон хўжалигининг қуйидаги таркиби вужудга келди: товар ва хизматлар жаҳон бозори; капиталлар жаҳон бозори; ишчи кучи жаҳон бозори; халқаро валюта тизими; халқаро кредит-молия тизими. Миллий хўжаликлар ва улар ўртасидаги иқтисодий алоқалар негизида шаклланган жаҳон хўжалиги асосида халқаро меҳнат тақсимоти ётади. Download 36.37 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling