14-Мавзу. Ислом қадриятлари
Download 204.56 Kb.
|
14. Ислом қадриятлари
- Bu sahifa navigatsiya:
- Таянч тушунчалар
- 1-савол баёни
- «Бир кеча кундуз «рибот»
14-Мавзу. ИСЛОМ ҚАДРИЯТЛАРИ Режа: 1. Исломда инсон ҳуқуқлари ҳимояси,тенглик,адолат,толерантлик ва ватанпарварлик ғояларининг талқини. 2. Исломда никоҳ ва эр-хотиннинг ҳуқуқи ҳамда мажбуриятлари. 3. Исломда ахлоқий қадриятлар:дўстлик, ўзаро ёрдам ва соғлом турмуш тарзи. 4. Ислом динида фан ва таълимга муносабат. Таянч тушунчалар Ислом, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий тенглик, адолат, толерантлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ватанпарварлик ғоялари, Ислом динида никоҳ ва оила муносабатлари, эр ва хотиннинг мажбуриятлари, Исломда ота-онага муносабат ва фарзанд тарбияси, Исломда ахлоқий қадриятлар, дўстлик, ўзаро ёрдам, соғлом турмуш тарзи, фан, таълим, маданият, санъат ва меъморчилик 1-савол баёни: Ислом фалсафасида инсон камолотига алоҳида урғу берилган. Яъни инсоннинг шаклланиши учун диний билимлар билан бир вақтда дунёвий билимларни пухта эгаллаб хақ йўлдан тоймаслик, ҳаётда эзгу излар қолдириб, иймон-эътиқод ва ҳидоят йўлида улуғ мақсадлар билан яшашга даъват этилган. Шахснинг одоб-ахлоқининг шаклланишида, шахс ва жамият муносабатларида диний таълимот, хусусан унинг қадриятларини ўрни катталиги уқтирилган. Инсон диний онгдаги маънавий қадриятлар орқали ўзида меҳнатсеварлик, инсонпарварлик, адолатлилик, имонлилик, инсофлилик, одамларга ишонч ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш каби ахлоқий меъёрларни шакллантиради. Ислом фалсафасининг мазмуни Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда, уларга асосланган ислом фалсафаси, тасаввуф, одоб-ахлоқ масалаларига бағишланган дунёвий ва диний олимларнинг асарларида ўз ифодасини топган. Бу билимларни тарғиб қилиш ислом маърифати доирасига киради. Халқимиз тарихидан маълумки, илм-фан, адабиёт, санъат ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда дунёвийлик ва динийликка нисбатан кўп ҳолда тўғри ёндошилганлиги учун ижтимоий ва илмий соҳада жаҳонга машҳур кашфиётлар қилинди. Марказий Осиёда етишиб чиққан мутафаккирлар жамиятнинг пайдо бўлиши, моҳияти ва истиқболлари тўғрисида, шахс ва жамият муносабатлари, давлатни бошқариш хусусида илғор илмий қарашларни илгари сурдилар. Марказий Осиё мутафаккирлари ҳақиқатга эришишнинг икки хил йўлини, яъни бири диний, иккинчиси илмий йўлни ривожлантиришга катта эътибор қаратдилар. Инсон диний йўл билан илоҳий зот - яратувчига ишониш ва унга сиғиниш, турли диний анъана ва қадриятларга риоя қилиш орқали илоҳий ҳақиқат йўлига киришни ўз олдига мақсад қилиб қўйса, илмий йўл билан табиат ва унинг қонуниятлари, объектив оламни билишга интилади. Марказий Осиё мутафаккирлари жамиятнинг пайдо бўлиши, унинг мазмуни ва моҳияти, шахс ва жамият муносабатлари, инсон ва унинг маънавий камолотига тегишли бўлган ўзларининг қарашларини илгари сурдилар. Ўзбекистон ҳудудида кенг тарқалган исломнинг ҳанафия мазҳаби маҳаллий халқлар миллий урф-одатлари, анъаналари билан уйғунлашиб, диний ғоя шаклланишига ўзининг таъсирини кўрсатди. Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қурилаётган ҳозирги шароитда, миллий ғоя тарғиботида исломий қадриятлардан фойдаланиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. 1. Ислом инсон ҳуқуқларини, шунингдек, шахс ва жамият манфаатларини ҳимоя қиладиган ва инсон қадр-қимматига ҳурматни таъминлайдиган дин бўлиб ҳисобланиб, бу ҳуқуқлар шариат ва унинг меъёрлари томонидан ҳар бир кишига, унинг ирқи ва танасининг рангидан қатъи назар, кафолатланади. 2. Ислом нуқтаи назаридан инсон энг муносиб ва олижаноб мавжудот бўлиб, Аллоҳ таоло ердаги ва осмондаги бор нарсаларни унга бўйсундириб қўйган, унга онг ва фикрлаш қобилиятини инъом этган. Инсон қадр-қиммати ҳақида тасаввур Исломда мукаммал назарияга таянади. 3. Ислом динида инсон ҳаётига, унинг танаси ва ор-номуси дахлсизлигига тажовуз қилиш, уни қийноққа солиш, тириклигида унга қарши моддий ёки маънавий жиҳатдан зиён етказиш, унинг ўлимидан кейин, ҳатто уруш пайтида ҳам мурдасини таҳқирлаш тақиқланади, чунки инсонга ҳурмат унинг ўлимидан кейин ҳам кўрсатилиши лозим. 4. Инсоннинг яшаш ҳуқуқини асраш учун Исломда фақат ҳақиқат учун ва ҳимоя қилиш йўлида, фақат огоҳлантирган ва урушни очиқ эълон қилган ҳолдагина уришишга қонун билан рухсат этилади. Ислом ирқий ёки миллий муросасизлик ёки ўлжа учун уруш олиб боришни тақиқлайди. Ислом ҳарбий ҳаракатларга чекловлар белгилаган ва ўзини Аллоҳга хизмат қилишга бағишлаган одамлар, аёллар, болалар ва қарияларни, агар улар уруш ҳаракатларида қатнашмаган бўлса, ўлдиришни таъқиқлаган. Жанг майдонидан узоқда меҳнат қилаётганлар, масалан, деҳқонларни, агар улар уруш ҳаракатларида қатнашмаган бўлса, ўлдириш таъқиқланган. Исломда шунингдек, одамларнинг озиқ-овқат билан таъминланиши ҳақида ғамхўрлик қилган ҳолда, экин майдонлари ва чорвани нобуд қилиш ҳам таъқиқланган. Инсон ҳаётига тажовузларнинг олдини олиш чораси сифатида шариатда етказилган зиёнга тенг жазо белгиланган. Инсон руҳини сақлаб қолиш учун Ислом унинг ҳаётига қасд қилишни таъқиқлайди. Онгни сақлаш учун Исломда май ишлаб чиқиш тақиқланади, чунки у соғлом фикрлашни йўқотишга ва идрок қилишнинг бузилишига олиб келиб, ақл-ҳушдан айиради, шунингдек, инсоннинг фикрлаш қобилияти сусайиши ва онгини йўқотишига олиб келадиган ҳамма нарса таъқиқланган. Мусулмон олимлар ақл-идрок ва онгнинг қиммати ва уларнинг инсон ҳаётига таъсирини тушуниб етганлар. Яшаш ҳуқуқи ҳамда тана ва ҳис-туйғу органлари дахлсизлигининг таркибий қисмларидар бири сифатида Исломда мусулмонларга зиён келтирадиган ҳар нарсадан узоқлашиш талаб қилинади. Исломда мусулмонларни қийноққа солиш, уларнинг қадр-қимматини ерга уриш, таҳқирлаш ёки мазаҳ қилиш тақиқланади. Ислом динида эркинлик инсон ҳаётнинг асоси ҳисобланади. Эркинлик, мусулмон олимларининг тушунишича, инсоннинг ҳаракат қилиш қобилиятидир. Исломда дин асослари, Ислом арконлари, унинг қадриятлари ва меъёрлари, шунингдек, умумий манфаатларига риоя қилишда сўз ва фикр эркинлигига таянилади. Ислом динида сўз эркинлиги Ислом жамиятини ташкил қиладиган, унинг хатларини тузатадиган, тўғри йўлдан қандай бориш ва умумий ишларда қандай қилиб муваффақиятга эришиш мумкинлигини тушунтириб берадиган шариат меъёрлари билан тартибга солинади. Шариат эркаклар учун ҳам, аёллар учун ҳам ҳуқуқшунослар «фуқаролик эркинлиги» деб атайдиган ҳуқуқни кафолатлайди. Аёл киши тўлиқ ҳуқуқий лаёқатга эга бўлиши, у мулк билан боғлиқ ҳаракатларни ҳеч қандай тўсиқларсиз амалга ошириши, оила қуриши, никоҳга рози бўлиши ёки бўлмаслиги мумкин. Ислом дини бағрикенглик динидир. Унда илм ва олимлар ҳурмат қилинади. Ислом динида бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенглик, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, тинч-тотув яшаш каби ғоялар илгари сурилган. Ислом динида миллатидан, элатидан, танасининг рангидан қатъий назар, инсон инсонлиги учун улуғланади. Ислом дини инсонлар зиммасига ер юзида эзгулик билан яшаш ва яратиш вазифасини юклайди. Тинчлик ва осудаликни ўрнатишнинг омилларидан бири сифатида Ислом дини одамлар ўртасидаги адолатни сақлаш зарурлигини уқтиради. Эзгулик қилиш, Ислом таълимотига кўра, инсон ҳаётидаги энг муҳим вазифадир. Ислом дини кишиларни тенгликка, биродарликка, тинч-тотув яшашга, эзгуликка чақиради. Ислом динида саховат, меҳмоннавозлик, жасорат, сабр ва қаноат, қўли очиқлик, бағри кенглик, мурувватлилик, кенг феъллилик, тўғрилик, вафодорлик ва содиқликка катта эътибор берилиб, бу ахлоқий қадриятлар юксак маърифат белгиси деб қаралган. Ислом динида ким бировга эҳсон қилса, унинг фойдаси ўша кишининг ўзига қайтиши, бировга яхшилик қилган киши ўзида руҳий қаноат ҳис этиши, бошқалар томонидан ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлиши таъкидланади. Қуръони каримда эҳсонга лойиқ кишиларга биринчи навбатда ота-оналар киритилади. Ислом динида қариндошлар, етимлар, камбағаллар, қўни-қўшниларга ҳам яхшилик қилиш зарурлиги таъкидланади. Ислом динида эзгулик қилиш, эл-юртга фойда келтириш, одамларни тўғри йўлга солиш юксак маънавий фазилат сифатида эътироф этилади. Ислом динида яхшилик тушунчаси остида ростгўйлик, қаноат, сахийлик, шижоат каби фазилатлар кўзда тутилади. Жамият ҳаётида диний онг ривожланиб бориши билан, диннинг моҳияти чуқурроқ англаниб, диний бағрикенглик ҳам ривожлана боради. Ҳозирги даврда Ўзбекистондаги турли конфессияга мансуб диний ташкилотлар ўз фаолиятларини ўзаро тенг ҳуқуқлилик, ҳамдўстлик ва ҳамкорлик асосида амалга оширмоқдалар. Диний бағрикенглик турли динларнинг, турли динларга мансуб барча кишиларнинг тенглиги, умумий эзгу мақсад йўлидаги ҳамкорлигини ўзида ифодалайди. Динийлик дунёвийликка хизмат қилиши зарур, деганда дунёқарашнинг эзгулик, яхшилик, ҳалоллик, тинчлик, дўстлик каби юксак инсоний фазилатларни тарбиялаши назарда тутилади. Диний бағрикенгликнинг қарор топиши, мустаҳкамланиши, ривожланиши барча кишиларни эътиқодидан қатъий назар миллий ғоя ва мафкурани амалга ошириш йўлида бирлаштиради. Ўзбекистонда янги демократик, фуқаролик жамияти асосларини яратишга киришилган ҳозирги ўтиш даврида диний бағрикенглик қанчалик муҳим бўлса, диний бағрикенглик учун миллий мафкура ҳам шунчалик муҳимдир. Республика аҳолисининг миллий қиёфаси фақат Шарқ эмас, балки, Ғарб цивилизациясига мос умуминсоний тамойиллар, ислом, христианлик ва бошқа динларга эътиқод, анъана ва урф-одатлар, ранг-баранг турмуш тарзидан иборат маънавий мезонларни ўзида акс эттиради. Бунда Ўзбекистонда яшаётган халқларнинг ўтмиши, бугунги ҳаёти, келажак билан боғлиқ орзу умидлари асрлар оша ёнма-ён яшаш жараёнида шаклланган ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, қардошлик туйғулари уйғунлашган тарзда намоён бўлади. Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни асраб – авайлаш, барча фуқаролар ўз эътиқодини амалга ошириши учун зарур шароитларни яратиб бериш, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, улар ўртасидаги қадимий муштарак анъаналарини янада ривожлантириш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Диний бағрикенглик ҳам динлараро ҳамда ҳар бир диннинг ичидаги турли хил йўналишлар ва мазҳабларнинг эзгу ғояларини қадрлаш, бир-бирларини ҳурмат қилиш асосида амалга оширилади. Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифларда Ислом қонун ва қоидалари, шариат ахкомлари билан бир қаторда, атроф-муҳитни тоза сақлаш, табиат бойликларидан тўғри фойдаланиш, уларни исроф қилмаслик, инсоннинг яшаш тарзи, шахсий гигиенаси, зурриётни тозалигига, ўсимлик-ҳайвонот дунёсини асрашга, умуман экология ва табиатни муҳофаза қилишга катта аҳамият берилган. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммоси жаҳондаги миллионлаб одамларни, улар қаторида дин аҳлларини хам ташвишга солмокда. Улар бу муаммоларни ижобий ҳал қилишда Қуръон ва Суннага мурожаат қилмокдалар. Биосферадаги ҳар бир нарсада сув, тупроқ, ҳаво, тоғ, ҳайвонот, наботот ва микрожонзотлар муайян ўлчов билан бир-бирига боғлиқ, мутаносиб ҳолда яратилган. Агар бу мувозанат бузиладиган бўлса, инсоният учун қатор муаммолар келиб чиқиши ва оқибатда табиат мухофазаси халокатга юз тутиш мумкин. 1. Қуръони Каримнинг “Аъроф” сураси 56-оятида, “Обод қилиб қўйилган ер юзида бузғунчилик ишларини қилманг” дейилган. Ҳадисларда оламнинг бирлиги, ундаги қатрадан тортиб океангача, заррадан бошлаб Қуёшгача, одам, ўсимлик, ҳайвонот дунёси Худонинг иродаси билан ўзаро боғланганлиги ва ўзаро бир-бирига мувофиқ ҳолда ҳаракатда эканлиги айтилган. Муқаддас китобларимизда Аллоҳ таоло инсон учун зарур бўлган эҳтиёжларни муҳайё қилганлигини, унинг соғлом ирсий тараққиёти учун соф ҳаво, тоза сув, озиқ-овқат, шифобахш нур, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини инъом этганлиги уқтирилади. Авлод-аждодларимиз сувни муқаддас санаб, уни ифлослантиришни эса гуноҳ деб ҳисоблаганлар. Ислом динида сув ҳаётнинг асосий унсури деб ҳисобланиб, Қуръони каримда «Барча тирик нарсани сувдан қилганмиз», бошқа бир ерда эса «Барча жонзотни сувдан яратдик» деган жумлалар мавжуд. Ислом динида инсон экологиясига ҳам эътибор қаратилиб, инсоннинг маънавий камолотига асосий эътибор берилган. 2. Наботот ва ҳайвонот олами Исломда инсон учун энг зарур нарсалардан ҳисобланган. Кимдир буларга зарар келтирса инсониятга зиён келтирган бўлади. Ислом дини табиатга зарар келтирмасликка, меҳрибонлик билан муносабатда бўлишга чақиради. Қуръони каримда ҳам ҳайвонлар ва хашаротларнинг номлари билан номланган суралар мавжуддир. Қуръони каримнинг Анъом сурасида, «Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор, осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди сизлар каби (Бизнинг қўл остимиздаги) жамоалардир», дейилган. Демак, ҳамма жонзотлар табиатда яшашга, ҳаётий фаолият ҳуқуқига эгадир. Яна бир Ҳадиси шарифда: «Ким дарахт экиб уни муҳофаза қилишда сабр қилса, мева бергунича парвариш қилса, у одамга мевасидан келган ҳар бир фойда учун Аллоҳ ҳузурида ажр савоб бўлгай», - дейилган. Қуръони карим ва Ҳадиси шарифлардаги шунга ўхшаш баёнлар уламолар учун: Деҳқончилик касблар ичида энг афзали» дейишга асос бўлган. Табиатни асраш, муҳофаза қилишда Ислом дини инсоният тарихида биринчи марта айрим жойларда, маълум вақтларда хайвонот ва ўсимлик дунёсига зарар келтириш, ов қилиш, ўлдиришни қатьий ман қилган. Фиқҳшунос уламолар қайси ҳайвон учун қандай жарима тўланиши зарурлигини белгилаб берганлар. Бундай гуноҳ ишлар тасодифан ёки қасддан қилинишидан қатьий назар гуноҳкорлар барибир жазоланадилар. Ислом дини йил давомида махсус жойларда ҳайвонларни сабабсиз ўлдириш, дарахтларни кесиш ва ўсимликларни нобуд қилишни ман қилган. Бу атроф муҳитини ҳимоя қилишга ёрдам берган. Инсон қаерда дунёга келса, ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсон маънавиятининг муҳим жиҳатидир. Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддас тушунчалардир. Ислом дини таълимотида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги масалалари ҳадисларда кенг ёритилган. “Душман билан тўқнашиб жанг қилишни орзу қилманглар. Аммо жанг бошланиб қолса, сабот ва матонатли бўлинглар!” дейилади ҳадисларда. Халқимизда «ўзга юртда шоҳ бўлганингча ўз юртингда гадо бўл», деган ҳикматли сўз ҳам бор. Ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унутган киши ҳеч қачон она Ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди. 1. Исломда Ватан тушунчаси кенг қамровли бўлиб, аввало у истиқомат маскани, яъни уй-жой маъносида ишлатилади. Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган Ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам ислом динида улкан савобли амал саналади. Ҳадисларда «Бир кеча кундуз «рибот», (яъни душман қаршисида туриш) бир ой тутилган нафл рўза ва ўқилган тунги намоздан яхшидир», деган фикр баён қилинган. 2. Уламолардан бири, «Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини», деб ислом динида ватанпарварликнинг муҳимлиги масаласига ўз муносабатини билдирган. Ўз ватанини севиш, у билан фахрланиш, унинг бахт-саодати йўлида фаолият олиб бориш ватанпарварликнинг намоён бўлишидир. Инсоннинг ўз она тилини, миллий маданияти, анъаналари, урф-одатлари, диний эътиқодини ҳурмат қилиши ҳам ватанпарварликка асосланади. 3. Ватанни турли зарарли оқимлар ва кучлардан ҳимоя қилиш инсоннинг ватанпарварлиги асосида амалга оширилади. Зарарли ғоялар ва мафкураларга қарши кураш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш уларнинг онги ва қалбига ватанпарварлик туйғусини сингдириш асосида амалга оширилади. Ватанимиз тинчлиги, осойишталигини таъминлашдек масъулиятли, шу билан бирга, савобли ишларни амалга оширишда бошқа фуқаролар билан бирга дин вакиллари ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Download 204.56 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling