15-мавзу. ЎЗбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятининг давлат томонидан тартибга солиниши
Хусусий тадбиркорликни самарали бошқариш ва ривожлантиришда давлатнинг роли
Download 0.77 Mb.
|
2 5433769048376610754
1.3. Хусусий тадбиркорликни самарали бошқариш ва ривожлантиришда давлатнинг роли
Юқорида айтиб ўтилганидек, кичик бизнеснинг, хоҳ у ривожланган мамлакатларда бўлсин, хоҳ ривожланаётган ва иқтисодий ўтиш давридаги мамлакатларда бўлсин, асосий ҳусусиятларидан бири иқтисодиётнинг ушбу сектори доимо давлат томонидан қўллаб-қувватланишга эҳтиёжманд эканлиги ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб ҳозирги кунга қадар кичик бизнеснинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва тартибга солиш давлатнинг муҳим функцияларидан бири бўлиб келмоқда. Ҳозирги кунга қадар мамлакатимизда давлатнинг кичик бизнесни қўллаб-қувватлаши асосан қуйидаги йўналишларда амалга ошириб келинди: мамлакатимизда кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорликнинг ривожланиши учун лозим бўлган ҳуқуқий-меъёрий асос яратилди; кичик бизнеснинг ривожланишида устуворликлар белгиланди, кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг Дастури ишлаб чиқилди ва жорий этилмоқда; кичик бизнеснинг ривожланишига ёрдам берувчи бозор инфратузилмасига асос солинди; имтиёзли солиқ, субсидиялар, давлат ва бюджетдан ташқари фондлардан бериладиган имтиёзли кредитлар, халқаро молия институтлари кредитларини жалб этиш кичик бизнес ривожланишини рағбатлантиради; ҳуқуқий ва жисмоний шахсларга хорижий ва миллий валютада микрокредит бериш механизми ишлаб чиқилди ва жорий этилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадаллаштириш ғамда унинг янада ривожланиши учун тегишли ижтимоий – иқтисодий шарт – шароит яратишда Ўзбекистон Республикасининг президентининг «Ўзбекистон иқтисодиётида хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини тубдан ошириш чора – тадбирлари тўғрисида»ги 2003 йил 24 январдаги фармони муҳим аҳамият касб этади. Унга биноан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун шарт – шароитлар яратиш, уларни молиявий, моддий – техникавий ресурслар билан таъминлаш, тадбиркор ва хорижий инвесторлар манфаатлари ҳамда ҳуқуқларини муҳофаза қилиш учун иқтисодий – ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш вазифаси белгиланган. Хусусий тадбиркорликнинг самарали фаолият юритишлари учун етарли ҳуқуқий, иқтисодий шароитни вужудга келтириш мақсадида 2003 йил 11 декабрда Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий корхона тўғрисида» ги қонун қабул қилинди. Тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш механизмини осонлаштириш мақсадида «Тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун рўйхатдан ўтказиш тартиботлари тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида» 2003 йил 20 августда Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабиул қилинди. Унга кўра, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда розилик берувчи ташкилотлар сони кескин қисқартирилди. Уларни давлат рўйхатидан ўтказадиган ташкилот, яъни туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспексиялари ташкил этилди. Республика бўйича ташкил этилган 210 та инспексия 2003 йил 1 октябрдан ўз фаолиятини бошлади. Улар тадбирокрлик субъектларини рўйхатга олиш билан бир вақтда уларни солиқ ва статистика органлари ҳисобига қўйишади, штамп ва муҳр тайёрлашга рухсат беради, инженерлик коммуникациялари, яъни газ, энергия, сув, иссиқлик таъминоти, канализация, телефон алоқасига қўшилишга ҳамда уй – жойни корхона учун объектга айлантиришга, тадбиркорлик объектларини қуриш ва реконструксия қилишга рухсат берувчи ҳужжатларини раймийлаштиради. Қабул қилинган кафолатлар, имтиёз ва преференциялар кичик бизнеснинг жадал ривожланишига имконият яратди, бунинг натижасида унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилдаги 33,8 фоиздан ҳозирги вақтдаги 56 фозигача кўпайди. Бугунги кунда жами банд аҳолининг 79 фоиздан кўпроғи мазкур соҳада меҳнат қилмоқда. Ўтган йилнинг ўзидагина кичик бизнес соҳасида 400 мингдан кўпроқ янги иш жойлари яратилди. Тадбиркорлар учун енгиллик яратиш мақсадида қуйидаги тўловлар миқдорини камайтириш бўйича ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилди: архитектура-режалаштириш топшириғини (АРТ) ишлаб чиқишга кетадиган тўловлар – 2 мартагача; экологик экспертизадан ўтказиш тўловлари – 20 фоиздан 90 фоизгача; турар жойларни нотурар жой тоифасига ўтказиш харажатлари – 9 мартагача; лойиҳалаш ҳужжатларини экспертиза қилиш харажатлари – 2 мартагача. Шунингдек, банкда ҳисоб рақами очиш ва ёпиш учун олинадиган тўловлар умуман бекор қилинди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида уни тартибга солувчи 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари лойиҳалари экспертизадан ўтказилди. Бунинг натижасида 26 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, 76 та идоравий меъёрий-ҳуқуқий ва қонун ости ҳужжатлари лойиҳалари экспертизадан ўтказилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик янада ривожланишини таъминлаш, мамлакат иқтисодиётининг барқарор фаолият юритишида унинг ролини ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 15 майдаги "Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-1112-сонли қарори қабул қилинди. Қарорда тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор муҳим қўшимча имтиёз ва преференциялар жорий этилиши назарда тутилади. Ҳозирда жаҳонда кечаётган молиявий-иқтисодий инқироз шароитида республикамизда экспортга маҳсулот чиқарадиган корхоналарнинг ташқи бозорда рақобатдошлигини ошириш ва экспортни рағбатлантириш учун қўшимча омиллар яратиш мақсадида қуйидаги молиявий имтиёзлар берилди: тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган, хорижий инвестиция иштирокида ташкил этилган корхоналарни бюджетга барча турдаги солиқ ва тўловлардан (қўшилган қиймат солиғи бундан мустасно) озод қилиш муддатини 2012 йилгача узайтирилди; корхоналарнинг кредиторлик қарзларини реструктуризациялаш ва бюджет, бюджетдан ташқари фондларга электр энергияси, табиий газ ва коммунал хизматлар бўйича пеняларни ҳисобдан чиқариш бўйича тадбирлар амалга оширилди; экспортер корхоналар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддатларини 20 кунгача қисқартирилди; ўз вақтида валюта тушумларига келиб тушмаганлиги учун жарима чоралари ҳисобланадиган муддатни 30 кундан 60 кунгача узайтирилди; жорий йилда хўжалик юритувчи субъектларни текширишлар сони 60 фоиздан ошиқ миқдорга камайтирилди. Шу билан бирга, берилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати ўзайтирилди, айланма маблағларни тўлдириш учун бериладиган кредитларнинг энг ўзоқ муддати 12 ойдан 18 ойга оширилди. 2013 йилнинг 1 январидан саноат соҳасида фаолият кўрсатаётган кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлов ставкаси 8 фоиздан 7 фоизга камайтирилди, молиявий, маиший ва бошқа хизматларни кўрсатаётган микрофирмалар ва кичик корхоналар ягона солиқ тўловидан 3 йил муддатга озод этилди. Бунда микрофирмалар ва кичик корхоналар, нодавлат хўжалик юритувчи субъектларни оладиган дивидендларининг инвестицияларга, аввал олинган кредитлар учун ҳисоб-китоб қилишга йўналтириладиган қисми 5 йил муддатга солиқдан озод этилди. Шунингдек, ягона солиқ тўлови ставкаси бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудлардаги чакана савдо, улгуржи ва чакана савдо фаолиятини юритувчи дорихоналар учун 1 фоизгача пасайтирилди. Бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтказиш йиғими белгиланган ставканинг 20 фоизи миқдорида, савдо корхоналаридан эса минимал ойлик иш ҳақи миқдорида ундириш белгиланди. Ўтган йилда кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорлик фаолиятини молиявий ресурслар билан таъминлаш борасида ижобий ўзгаришларга эришилди. Имтиёзли кредит ставкалари, масалан, бизнесни бошлаш учун ажратилувчи кредит ставкаси 5%дан 3% га қадар пасайтирилди ва ҳ.к. Бироқ бу борада бир қатор камчиликлар ҳам мавжуд бўлиб, айрим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг етарли даражада аниқликда ишлаб чиқилмаганлиги вазирликлар ва давлат идораларининг, шунингдек, маҳаллий ҳукумат органлари томонидан тадбиркорлар манфаатларининг ҳимоя қилинишига маълум даражада тўсқинлик қилувчи қонуний ҳужжатлар қабул қилинишига олиб келмоқда. Бу эса, табиий равишда, жойларда кичик бизнеснинг ривожланишига халақит беради. Кичик бизнеснинг жадал суръатларда ривожланиши учун зарур ва ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилган меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш билан бир қаторда барча қабул қилинган низомлар, қонуний ва меъёрий ҳужжатларнинг ҳам юқори даражада аниқликда бажарилишига эришиш зарур. Бу мамлакатда тегишли ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш ва жамиятнинг барча аъзолари томонидан қонунларга риоя қилинишини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш заруриятини юзага келтиради. Бироқ, Ўзбекистонда, бошқа кўплаб ўтиш даври иқтисодиётини бошидан кечираётган мамлакатлардаги каби, бундай механизмлар ҳали тўлиқ шакллантирилмаган. Бу кичик бизнеснинг ривожланишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмаяпти, албатта. Ана шундай салбий таъсирларнинг оқибатларидан бири кичик тадбиркорларнинг ўз қонуний ҳуқуқларини билмасликлари ва улардан ўз манфаатларини ҳимоя қилишда фойдалана олмасликлари ҳисобланади. Тадбиркорлар манфаатларини солиқ инспекцияси, санитария ва бошқа хизматлар вакиллари томонидан амалга ошириладиган ноқонуний хатти-ҳаракатлардан тўлиқ ҳимоя қила оладиган самарали механизмлар шакллантирилмаган. Амалиётда солиқ бошқаруви органлари томонидан кичик корхоналарнинг банклардаги ҳисоб рақамларидаги пулларидан раҳбариятни огоҳлантирмасдан солиқ мажбуриятларини ундириб олиниши каби салбий ҳолатлар кузатилмоқда. Шунингдек, солиқ ва бошқа текширувчи органлар вакилларининг кичик корхоналарга кутилмаганда «ўз манфаатлари» юзасидан текширувга келиш ҳоллари ҳам учрамоқда. Иқтисодиётни эркинлаштириш шароитида бу каби муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Умуман олганда, кичик бизнеснинг ривожланишини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни юқори аниқликда ишлаб чиқиш тизимининг ривожланиши уларни самарали ижро этиш механизмининг ривожланишига олиб келади. Бу эса, табиий равишда, тадбиркорларнинг ҳуқуқий манфаатларини тўлиқ муҳофаза қила оладиган ҳуқуқий механизмни юзага келтиради. Маълумки, 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорликнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш давлат дастури тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ана шу қарор давлат томонидан кичик бизнеснинг ривожланишини қўллаб-қувватлашнинг аниқ йўналишини белгилаб беришда муҳим аҳамиятга эга. Давлат дастурида тадбиркорлик муҳитини шакллантиришнинг асосий устувор йўналиши сифатида қишлоқ жойларида кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш фаолиятини амалга оширадиган кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорлик субъектларининг ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, қишлоқ жойларида ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани ривожлантириш кабилар кўрсатилган. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш ва техник йўналишдаги маҳсулотларни, қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган, шунингдек, қурилиш фаолияти билан шуғулланадиган, маиший ва коммунал хизматлар кўрсатадиган кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорлик субъектлари тизимини ривожлантириш ҳам устувор масала ҳисобланади. Кўриниб турибдики, мамлакатимизда кичик бизнесни ривожлантириш борасида олиб борилаётган сиёсат макроиқтисодий доирада амалга оширилаётган бўлиб, нафақат ички бозоримизни зарур эҳтиёж моллари билан тўлдириш, балки мамлакатимизнинг экспортга йўналтирилган сиёсатида кичик ва ҳусусий тадбиркорликни ҳаракатлантирувчи кучга айлантиришда намоён бўлмоқда. Мамлакатда бозор инфратузилмаси, яъни бозор тизимини амалга оширишда иштирок этадиган ва унинг ривожланишини таъминлайдиган институционал объектлар тизимини ривожлантирмай туриб, том маънодаги бозор иқтисодиётини шакллантириб ва ривожлантириб бўлмайди. Бундай инфратузилманинг амал қилиши табиий равишда, кичик бизнес соҳасининг ривожланишини тартибга солиш ва қўллаб-қувватлаш имкониятини яратади. Кейинги йилларда республикамизда бозор инфратузилмаларини фаол шакллантириш жараёни амалга оширилмоқда. Бу жараённинг натижалари сифатида кичик бизнес субъектларига хизмат кўрсатувчи брокерлик идоралари, кичик улгуржи ва чакана савдо тузилмалари, лизинг ва консалтинг компаниялари, ахборот-маслаҳат марказлари, инжиниринг ва аудиторлик фирмалари, суғурта компаниялари, транспорт-экспедиция корхоналари, ахборот-реклама бюролари ва бошқа турли хил инфратузилмалар тизими фаолият кўрсатиб келмоқда10. Бунда биринчи навбатда, давлатнинг кичик бизнесни ривожлантиришда солиқ механизмидан қандай даражада фойдаланаётганлиги ҳусусида тўхталиб ўтмоқчимиз. Маълумки, Ўзбекистонда мавжуд солиққа тортиш тизими кичик корхоналарга умумий солиққа тортиш тартибида ишлаш ёки ягона солиқни тўлаш имконини беради. Биринчи ҳолатда корхоналар қонунчиликда кўрсатилган барча солиқларни тўлайди. Бундай тартибнинг тадбиркорлар учун қулайлик томони шундаки, унга кўра ўз фаолиятини эндигина бошлаган кичик корхоналар (савдо корхоналари бундан мустасно) турли хил имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бундай имтиёзлардан энг муҳими солиқ тўлашдан вақтинчалик озод бўлиш ҳисобланади. Бундан ташқари солиқ тўлашдан қисман озод бўлиш имтиёзи ҳам мавжуд. Бу имтиёзнинг моҳияти шундаки, даромад солиғига пасайтирилган солиқ ставкаси қўлланади: белгиланган солиқ ставкасидан (31%) фаолиятнинг биринчи йилида 25%и, иккинчи йилида бўлса 50%и тўланади. Бундай имтиёздан фойдаланиш учун кичик корхона савдо фаолияти билан шуғулланмаслиги, илгари фаолият кўрсатган корхона базасида ташкил этилмаган бўлиши ва бошқа шу каби ҳусусиятларга эга бўлиши керак. Умумий солиққа тортиш режимининг камчилиги солиқларнинг (республика ва маҳаллий даражадаги) кўплиги ҳисобланади. Мамлакатимизда амал қилувчи кичик бизнес корхоналарини солиққа тортишнинг бошқа бир тартиби ягона солиқни тўлаш ҳисобланади. Бундай тартибда солиққа тортишнинг иккита объекти мавжуд бўлиб, улар ялпи тушум ёки ялпи даромад ҳисобланади. Ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланадиган корхоналар ялпи тушумдан даромад тўлашса, савдо ва жамоат овқатланиш корхоналари ялпи даромаддан солиқ тўлашади. Бундай тартибнинг энг асосий ижобий жиҳати солиқни ҳисоб-китоб қилишнинг оддийлиги ҳисобланади. Маълумотларга қараганда, жойларда кичик корхоналардан тушган солиқ тушумлари давлат бюджети даромадларида анча кам миқдорни ташкил этади. Бундай муаммонинг олдини олиш учун фаолият кўрсатувчи кичик корхоналар томонидан тўланадиган солиқ ва мажбурий тўловлар ставкаларини камайтириш керак. Бунинг натижасида кичик корхоналарда бюджет даромадларининг муҳим манбаига айланади. Маълумки, кичик корхоналар роли янги иш жойларини яратиш ва иқтисодиётда инновацияларни жорий этишда намоён бўлади. Кичик бизнеснинг солиқ юкини қисқартириш ишсизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларининг қисқаришига олиб келади. Бундан ташқари, бундай ҳолат кичик бизнес ривожланишини давлат томонидан молиялаштириш заруриятини ҳам камайтиради. Энди, мамлакатимизда кичик бизнесни ривожлантиришга халқаро молия институтлари томонидан кредитларни жалб этиш тизимини олиб қарайлик. Ҳозирги кунда кичик корхоналарга тақдим этиладиган кредитларнинг муҳим қисми Япония Иқтисодий ҳамкорлик жамғармаси, Марказий Осиё–Америка тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Осиё тараққиёт банки ҳамда Европа Тикланиш ва тараққиёт банки каби халқаро молия институтлари ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатимизда халқаро кредит линияларини ўзлаштиришда ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки билан бир қаторда Асакабанк, Саноатқурилишбанк, Тадбиркорбанк, Ўзприватбанк, «Ипак йўли» банки, ЎзДЭУбанк, АБН АМРО-банк ва АВИА-банк каби банклар фаол иштирок этмоқда. Бироқ жойларда кичик бизнес субъектлари томонидан хорижий кредит линияларини ниҳоят даражада секин ўзлаштириш ҳоллари кўзатилмоқда. Бунга асосий сабаб, биринчидан, хорижий кредиторлар билан ишнинг яхши ташкил этилмаганлиги ҳисобланса, иккинчидан, қарз олувчиларнинг, яъни кичик бизнес субъектларининг хорижий кредит линиялари томонидан қўйиладиган талабларга мос келмаслиги ҳисобланади. Бу муаммоларнинг олдини олиш учун, биринчидан, хорижий кредит линияларини ўзлаштирган тижорат банкларида халқаро даражадаги билим ва тажрибага эга бўлган мутахассисларни ёллаш, иккинчидан, банклардаги мавжуд мутахассисларни бу борада қайта тайёрлаш тизими сифатини ошириш, учинчидан, кичик корхоналарнинг раҳбарлари ва мутахассис ходимларининг билим ва тажрибасини ошириш тизимини янада ривожлантириш керак ва ҳоказо. Кичик бизнес субъектларининг турли хил молиялаштириш манбаларига эркин кириб боришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилиши керак. Кичик корхоналар, айниқса, шаклланиш жараёнида кредит олиш имконига эга бўлишлари лозим. Бу борада мамлакатимизда кичик бизнес субъектлари фаолиятини молиялаштириш учун айнан шу соҳа субъектлари учун мўлжалланган имтиёзли кредитлаш тизими жорий этилган бўлиб, ушбу тизим кичик бизнес субъектларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Кейинги йилларда тижорат банклари томонидан мақсадли тарзда ажратилаётган микрокредитларнинг берилиши фикримизнинг яққол далили бўла олади. 1 С. С. Ғуломов “Тадбиркорлик ва кичик бизнес” Т.: «Шарқ» нашриёти – матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти- 2002.-22 б 2 Тўхлиев Н. Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти. Т.: «Ўзбекистон миллий энциклопедияси». 1998. - 8- 6. 3 Л. Гуро «Кичик тадбиркорликнинг янги имкониятлари» мақоласи. Бозор, пул, кредит. Журнали. Август-1998 4 И. А. Каримов «Ўзбекистон буюк келажак сари» Т.: «Ўзбекистон», 1999. – 574-б. 5 Т. М. Қоралиев, Ғ. Қ. Яхшибоев Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий таъминлаш механизми “Академия”, Тошкент 2006 й 16-б. 6 Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаси 10.10 Ходиев Б.Ю. ва бошқ. Кичик тадбиркорлик фаолияти асослари (ўқув-амалий қўлланма). – Тошкент: ЕҲ ТЕМПУС дастури “Матадор - 2000” лойиҳаси, 2004, 98-б. Download 0.77 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling