1893 йилда илк бор у Япония соҳилларига денгиз сафарига оддий матрос бўлиб борган. 1894 йилда ишсизларнинг Вашингтонга кўчишида қатнашган, дайдиларча ҳаёт тарзи учун қамоққа олинган, сиёсий ҳаракатларга қўшилган


Download 26 Kb.
Sana15.06.2023
Hajmi26 Kb.
#1485525
Bog'liq
Jek London


Jek London
Америкалик таниқли ёзувчи Жек Лондон (1876-1916) ёшлигида жуда кўп касблар билан шуғулланган. 1893 йилда илк бор у Япония соҳилларига денгиз сафарига оддий матрос бўлиб борган. 1894 йилда ишсизларнинг Вашингтонга кўчишида қатнашган, дайдиларча ҳаёт тарзи учун қамоққа олинган, сиёсий ҳаракатларга қўшилган. 1895 йилда АҚШ ишчи партияси, 1901 йил Соцалистик партияга аъзо бўлган. Кейинроқ Калифорния университетига ўқишга киради ва кўп ўтмай ўқишни ташлаб кетади.
Адабий фаолияти 1893 й.дан бошланган. Ёзувчининг кўпгина ҳикоя тўпламлари, қатор қисса ва романлари шимол мавзуида ёзилган («Бўри боласи», 1900; «Изғирин болалари», 1902 ва б.). «Қор қизи» (1902), «Ҳаёт учқуни» (1907), «Шимолий Одиссея» (1910), «Инсонга ишонч» (1914), «Қадим денгизчилардек» (1917), «Чандиқли одам» (1900), «Олтин дара» (1905) ва б. саргузашт асарлар муаллифи. «Олис ўлкада» (1899), «Аёл мардлиги» (1900), «Гулхан ёқиш» (1910), «Қиш ҳақида қисса» (1904) асарларида табиат билан уйғунлашиб кетган меҳнацевар индейсларнинг ўзига хос ҳаётини тасвирлаган. «Ёввойи куч» (1905), «Оқсўйлоқтиш» (1906) асарлари ҳайвонот олами ҳақида.
«Денгиз бўриси» (1904) «Мартин Иден» (1909), «Уч қалб» (1920) романлари машҳур. Лондоннинг ижодида Г. Спенсер, Ф. Ницҳе фалсафий таълимотларининг таъсири сезилади. «Мартин Иден» роман-биографиясида бош қаҳрамоннинг паймонаси тўлган чоғда ҳам «яшашга иштиёқи»ни акс эттирган. Унинг индивидуализм таъсирида ёзилган мазкур романида ғарбча «баркамол инсон», яъни «супермен» назарияси ҳам илгари сурилган. Лондон 16 йиллик ижодий фаолияти мобайнида 19 роман, 18 тўплам (152 ҳикоя), 3 песа, 8 автобиографик ва публицистик характердаги китоб яратган. «Ҳаётга муҳаббат» (1961), «Қиш ҳақида» (1962), «Мартин Иден» (1968) ва б. асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.
Атрофни қоронғулик чулғаган бўлса-да, ҳаво дим эди. Бунақаси ҳатто Сан-Францискода ҳам камдан-кам бўлади. Эски Алта-Ино клубининг очиқ деразасидан кўчанинг ғовур-ғувури шундоққина қулоққа чалинади. Ичкарида порахўрликка қарши курашиш ва агар унга барҳам берилмаса, шаҳар жиноятчиларга тўлиши тўғрисида баҳс кетарди. Башариятнинг тубанликлари, хусуматлари, ахлоқий бузуқликларига ҳар турли мисоллар келтирилди. Охирида кимдир ўтган кунги воқеани ёдга олди ва ўша машъум куннинг тунида рингда ўлдирилган машҳур навқирон боксчи О’Брайен номини ҳеч ким тилдан қўймади. Бу исм ичкаридагиларни жонлантириб юборди. О’Брайен тўғрисўз, хушхулқ йигит эди. Ичмас, чекмас, сўкинмас ва ёш маъбудлар сингари кўркам эди. Ҳатто рингга ҳам ибодат китобчаси билан кўтариларди. Китобча кийимхонадан, палтосининг чўнтагидан чиқди… вафотидан сўнг.
У беғубор ва хушсурат, қайсики, одамни тарк этиб, ўрнида туйқус кексалик пайдо бўлганда уни беихтиёр ўзига ром этадиган ёшликнинг тимсоли эди. Бу кеча биз ушбу умрнинг баҳорига интилдикки, Орзу кела солиб, барчамизни дераза ортида ғазаб-ла шовқин солаётган шаҳардан олислардаги ўзининг салтанатига олиб кетди. Бардуэл бизга ўқиб бермоқчи бўлган Торонинг мисраларида бундай кайфиятнинг еллари бирмунча эсиб турарди. Лекин айнан у эмас, тақирбош, хўппасемиз Трифден кечамизнинг хаёлий қаҳрамони сифатида намоён бўлди. Аввалига унинг ҳикоясини эшитиб ўзимиздан, овқатдан сўнг неча стакан вискининг бошига етди экан, деб сўрадик, бироқ кейин бу ҳақида ўйламай ҳам қўйдик.
— Бу воқеа минг саккиз юз тўқсон саккизинчи йилда бўлганди, ўшанда ўттиз бешда эдим, — сўз бошлади Трифден. — Билиб турибман, хаёлларингизда чамалаб кўряпсизлар… нимаям дердим, ҳақиқатдан юз ўгиролмайсан — ҳозир қирқдан ўтдим, афти-ангоримга қараб эса ўн йил кўпроқ бериш мумкин. Шифокорлар ҳам айтишяптики… жин урсин, бу оқ халатлиларни!
У таги чуқурроқ стаканни оғзига олиб келиб, ҳовурини босиш учун аста симирди.
— Аммо мен ёш эдим… қачонлардир. Ҳа, ўн икки йил аввал сочларим сийқа эмас, қуюқ, ўзим эса бақувват, келишган, хипча эдим. Энг узун кун ҳам мен учун ғоят қисқа туюларди. Сен эслайсанку, Милнер, биз сен билан анчадан бери ош-қатиқмиз. Ўзинг айт, зап азамат эмасмидим?
Милнер бош силкиди. У Трифден каби тоғ муҳандиси бўлиб, Клондайкда ризқини териб юрарди.
— Сен ҳақсан, қария, — деди Милнер. — Ўша оқшом қандайдир мухбир танноз тўполон кўтарганида ўрмон кесувчиларни боплаб таъзирини берганинг сира ёдимдан кўтарилмайди. У пайтда Слэвин сафарда эди, — батафсилроқ тушунтирди бизга Милнер, — унинг иш бошқарувчиси ўзининг гумашталарини Трифденга рўбарў қилганди.
— Энди эса аҳволимга қаранглар, — деди аламнок Трифден. — Олтин васвасаси мени не кўйларга солди. Чўнтагимда неча миллионлар борлиги ёлғиз Яратганга аён, қалбим эса бўм-бўш, томирларимда бир томчи-да қайноқ қон оқмайди. Энди мен нақ медузаман — бир тоғора совуқ илвираган хамир… Вуй-й!
Унинг овози қалтираб кетди ва яна тасалли учун вискига талпинди.
— У вақтлар аёллар мендан кўз узишмасди. Ҳозиргача оила қурмаганим ғалати кўринади… Ҳаммаси ўша қизни деб… Айнан ўша ҳақда сўзлаб бермоқчиман. Мен уни оқ танлилар истиқомат қиладиган жами масканлардан минг мил — балки, унданда узоқроқдир — олисларда учратдим. У менга ҳозиргина Бардуэл ўқиб берган Торонинг мисраларидан — илоҳлар, ёруғ кунда дунёга келганлар ҳамда қора тунда туғилган малоикалардан парча келтирганди.
Булар Голстедга ўрнашиб олганимдан сўнг юз берди. Голстед сойи қанчалик олтин тўла ўра эканлиги хаёлимга ҳам келмаганди. Қоятоғдан Катта Бандикўл орқали шарққа “юриш” қилдим. Шимолда Қоятоғ нафақат тоғ тизмаси, балки ўтиб бўлмас чегара, девордир. Қадимда дарбадар овчилар бу тоғдан камдан-кам ўтишган, аммо бундай юраги бутунларнинг аксари йўлдаёқ бандаликни бажо келтиришарди. Шунинг учун ҳам бу машаққатли йўл ҳисобланар ва мен ушбу йўлни босиб ўтишга бел боғладим. Бундай жасурликдан ҳар ким фахрланса арзийди. Ҳозир ҳам ҳаётимдаги бошқалардан кўра шу ишимдан кўпроқ ғурурланаман.
Мен ўзга оламга тушиб қолгандим. Унинг бепоён кенгликларини ҳали биров текширмаган, бирор оқ танли одам оёғи тегмаган, ҳинду қабилалари эса бу ерларда ўн минг йиллар илгариги ибтидоий шароитда кун кўришарди… Негаки улар ўшанда ҳам ҳозиргидек оқ танлилар билан баъзи-баъзи ҳоллардагина савдо муносабатларига киришишарди. Вақти-вақти билан алоҳида ҳинду гуруҳлари шу мақсадда тоғдан ўтишарди. Лекин Гудзонов кўрфази Компанияларига ҳам манзилга етиб, бу жойларни эгаллаш насиб этмади.
Энди қизга қайтайлик. Мен агар Калифорнияда бўлганида дарё ҳисобланадиган, номсиз, бирорта харитага киритилмаган сой бўйлаб юқорига кўтарилдим. Кўз ўнгимда гоҳ баланд тош деворлар билан ўралган, гоҳ яланг хушманзара водий намоён бўлди. Яйловлардаги ўт-ўланлар одамбўйи чўзилган, майсазорлар гулларга бурканган, ҳар-ҳар ердаги қорақарағайларнинг шох-шаббалари тарвақайлаб кетганди. Елкаларига залворли юклар ортилган итларим батамом кучдан қолишди, панжалари қонталаш бўлиб кетди. Мен қандай бўлмасин ҳиндулар қўналғасини излашга тушдим. Улардан чана ва ит ҳайдовчиларни ёллаб, биринчи қор билан йўлда давом этиш умидида эдим.
Мени кузнинг охири бўлса-да бу ерларда гулларнинг очилиб тургани ҳайрон қолдирди. Чамаси, мен субарктик Американинг қаеридадир, Қоятоғдан юқорироқда тургандим, ҳақиқатда эса ҳаммаёқда бошдан-оёқ яшил гилам тўшалганди. Қачон бўлмасин бу ўлкаларда оқлар пайдо бўлади ва бу далаларга буғдой сепишади.
Ниҳоят, гулхан тутунига кўзим тушди, итларнинг акиллашини эшитдим — ҳиндуларники — ва қўноққа етиб бордим. Бу ерда тахминан, беш юзтача ҳинду бўлиб, гўштни сурлашга мўлжалланган устунлар сонидан кузги ов мавсуми омадли келганини тушундим. Худди шу ерда уни, Люсини учратдим. Уни шундай чақиришарди. Ҳиндулар билан фақат имо-ишора орқали гаплаша олдим. Мени улкан вигвамлар — гулхан ёниб турган тарафи очиқ чодирга бошладилар. Вигвам оловранг буғу терисидан эди. Ичкарида озодалик ва саранжомлик ҳукм сурарди. Бундай саришталикни ҳали биронта ҳинду чайласида кўрмагандим. Ётаржой янги кесилган қорақарағай шохларига тўшалганди: бир қучоқ мўйна устидан оппоқ парқувдан тайёрланган адёл солинганди. Бундайин адёлни биринчи кўришим эди. Унинг устида оёқларини чалиштирганча Люси ўтирарди. Қорачадан келган, ёнғоқранг. Уни қиз деб атадим. Йўқ, у аёл эди, шукуҳли, камолотга эришган буғдойранг амазонка. Кўзлари эса мовий эди. Ҳа, мана ўшанда мени нима сеҳрлаган: унинг кўзлари, кўм-кўк — нигоҳларида дарё мовийлиги-ю, само кўклиги қоришиб кетганди, гўё. Айниқса, уларда қуёш нурларига чўммаган қайноқ хушчақчақлик жилваланар, уларда чуқур инсонийлик билан бирга… қандай тушунтирсам экан… чексиз назокат бор эди. Тағин нимани айтсам экан? Бу мовий кўзларда донишманд-файласуф хотиржамлиги янглиғ оташин азобни ҳам, ғам-андуҳни ҳам, осудаликни ҳам ўқидим.
Бирдан Трифден ҳикоясини тўхтатди.
— Биродарларим, сизлар, балки, мени ортиқча ичиб қўйди, деб ўйлаётгандирсизлар. Асло. Бу кечликдан кейин бешинчиси. Мен мутлақо ҳушёрман ва тантанавор руҳдаман. Ахир, ҳозир мен билан ўтмишдаги бахтиёр ёшлигим гаплашяпти. Айни замондаги “қария Трифден” эмас, ёшлигим тасдиқламоқдаки, бу кўзлар бир пайтлар мен кўрган энг ажиб кўзлар эди: шундай хотиржам ва шу билан бир вақтда маъюс, доно ва синчков, кўҳна ва жўшқин, мамнун ва илтифотли. Йўқ, дўстларим, уларни тасвирлагани сўз тополмайман. Келинглар, яхшиси, у ҳақида гапириб бера қолай, ўзларинг тушуниб олаверасизлар…
Люси ўрнидан қўзғалмай, қўл узатди. “Ёт киши, — деди у, — сиз учун хурсандман”.
Қўпол шимоли-ғарб лаҳжасини биласизларми? Қай аҳволга тушганимни фараз қилаверинглар. Мен оқ танли аёл кишини учратдим, лекин унинг лаҳжаси… Дунёнинг нариги бурчагида оқ танли аёлга дуч келиш ажойиб, бироқ, Худо хайрингни бергур, унинг лаҳжаси кўнгилни ғаш қилар, қулоқни бузуқ оҳангдек батанг қиларди. Барибир аёл жозибали эди. Қулоқ солинг, ўзларинг амин бўласизлар.
У ишора берганди шу заҳотиёқ ҳамма чиқиб кетишди. Ҳиндулар унга қабила бошлиғига бўйсунгандай сўзсиз бош эгишарди. У эркак ҳиндуларга мен учун чодир тикишни ва итларимга ғамхўрлик қилишни буюрди. Буйруқ бажо келтирилди. Улар ҳатто мокасинимнинг боғичига ҳам қўл теккизишмади. Улар бу аёлда Итоат Этиш Керак Бўлган сардорни кўришарди. Бу ерлардан минг мил нарида ёввойилар қабиласини оқ танли аёл бошқармоқда, деган ўйдан ларзага келдим.
“Ёт киши, — деди у, — ўйлашимча, сиз бу водийга қадами етган илк оқ танлисиз. Ўтиринг, гурунглашамиз, кейин эса таомга. Қаёққа йўл олдингиз?”
Яна унинг талаффузи ғашимга тега бошлади. Бунга эътибор қилманглар. Ишонтириб айтаманки, парқув адёлга чўкиб, бу дилбар аёлга қулоқ берганча ўзим ҳам буни ўйламай қўйдим.
Бу водийда бир ҳафтача бўлдим. У ёқларда қолишни унинг ўзи таклиф этди. Ит, чана ва ҳайдовчиларни ваъда қилди. Унинг чодири бошқаларникидан алоҳида, дарёнинг юқори қирғоғида бўлиб, бир нечта ҳинду қизлар унинг хизматида эди. Биз у билан суҳбатлашардик, тинмай суҳбатлашардик, бу то биринчи қор тушиб, чана юргизишга имкон бўлмагунча давом этди. Люсининг айтишича, у чегарада туғилган экан, қашшоқ кўчманчилар оиласида. Биласизларми, уларнинг ҳаёти қанақа: меҳнат, меҳнат, боши-кети кўринмайдиган қора меҳнат…
“Мен оламнинг гўзаллигини пайқамасдим, — сўз бошлади Люси. — Бунга вақтим йўқ эди. Билардим, у ёнимда, кулбамиз атрофида, аммо нон пиширишим, супуриб-сидиришим, ҳар хил юмушларни бажаришим керак эди. Гоҳида ўлгудек эркинликни истардим, айниқса, баҳорда, қушлар навоси ақлдан оздираёзганда. Яйловларда оёқларим шабнамдан ивимагунча югургим, ўрмонга кириб, узоқ-узоқларга кетгим, довонга чиқиб, у ердан олисларга тикилгим келарди. Дараларда, кўллар бўйида санғишни, қундузлар, олачипор гулмоҳилар билан дўстлашишни, олмахонлар, қуёнлар, турли жониворлар орқасидан писиб бориб, уларни кузатишни, сир-асрорларидан воқиф бўлишни хоҳлардим. Менга шундай туюлардики, гарчи вақтим бўлганида ҳам майсалар устида ётиб, жонзотлар биз одамлар билмаган нарсалар ҳақида пичирлашаётганига қулоқ солган бўлардим”.
Трифден стаканини тўлдирмагунларича кутиб турди.
— Бир сафар эса шундай деганди:
“Мени ёввойи ҳайвонлардек ой нурида, юлдузлар ҳамроҳлигида тунлари дайдиш истаги қийнарди, зулматнинг муздек баҳмали баданимни эркалаши учун ортимга қарамай югургим келарди. Қайсидир оқшом, оғир, жазирама кундуздан сўнг — шу куни нимага қўл урмай, ишим юришмади — бутунлай ҳолдан тойдим. Отамга аҳён-аҳёнда тунлари сайр қилгим келаётганини билдирдим. У ажабланиб менга бақрайиб турди-да, икки дона хапдори берди ва жойимга ётиб, мириқиб ухлаб олишимни маслаҳат берди. Шундан буён ўз истакларимни бировга ишонмайман”.
Уларнинг хўжалиги оғир аҳволга тушиб, оила камбағалликка юз тутди ва улар Сиэтлга кўчиб ўтишди. У ерда Люси иш куни асрга татигулик ва меҳнати оғир, тинкани қуритадиган фабрикадан иш топди. Бир йил ўтиб, арзон ресторанга официант сифатида ишга кирди.
“Азалдан, — деди бир куни менга Люси, — хаёлпарастроқман. Лекин қозон-товоғу фабрика ва арзонгаров ресторанларда хаёлпарастликка ўрин бор деб ўйлайсизми?”
Ўн саккизга тўлганда Жунода ресторан очмоқчи бўлган кишига турмушга чиқди. У кишининг озроқ жамғармаси бўлиб, Люсига бойваччадек кўринганди. Люси уни севмасди — буни доимо таъкидларди — аммо қиз чарчаганди, машаққатли меҳнат жонига текканди. Бунинг устига Жуно Аляскада жойлашган. Люси бу мўжизавий ўлкага кўчиб ўтишга жон-дили билан рози бўлди. Бироқ умидлари саробга айланди. Эри арзон ресторан очди. Тез орада Люси унинг нима сабабдан уйланганини англаб етди: мақсад — текин хизматкорга эга бўлиш экан. Люси барча юмушларни — мижозларга хизмат кўрсатишдан тортиб идиш-товоқ ювишгача бир ўзи бажаришига тўғри келди. Қолаверса, кун бўйи жиз-биз қиларди. Шу тарзда тўрт йил яшади.
Download 26 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling