2-маъруза Қадимги юнон ва рим адабиёти


Download 76.55 Kb.
bet4/4
Sana08.05.2023
Hajmi76.55 Kb.
#1443863
1   2   3   4
Bog'liq
2- ma\'ruza

Биринчи Рим шоири юнонистонлик Ливий Андроник (284-204) бўлган. Андроник қадимги Сатурн вазнида “Одиссея” достонини лотин тилига таржима қилади.
Гнней Невий ҳам худди Андроник сингари ўзининг трагик асарларининг мазмунини юнон ёзувчилари асарларидан олган.
Невий трагедиялари қаҳрамонлари саҳнага Рим сенаторлари киядиган алвон ҳошияли устки либос, яъни ПРОТЕКСТА кийиб чиқадилар. Шу сабабли мазкур асарларни ПРОТЕКСТАТА деб атаганлар. Невий ёзган протекистаталардан биз фақат иккитасининг номинигина биламиз. Булар “Ромул” ва шоирнинг замондоши Клавдий Марцелнинг Кластидий шаҳри яқинида галлар билан бўлган жанги ҳақидаги “Кластидий” трагедиясидир. Невий талантининг энг юқори чўққиси “Пун уруши” достонидир. Рим миллий достончилигига асос солиш жиҳатидан бу асар лотин адабиёти тарихида муҳим ўрин тутади. Достон яқинда бўлиб ўтган биринчи Карфаген уруши воқеаларига бағишланган. Бироқ асарда худди Гомер достонларида бўлгани каби, реал тарихий ҳодисалар мифологик афсоналар билан чатишган ҳолда тасвир этилади.
Дастлабки Рим шоирлари орасида энг йириги, албатта Квинт Энний (239-169) бўлган. Унинг асарлари – “Гекуба”, “Ифигения”, “Александр”, “Медея” трагедиялари. Энний ўзининг ўткир маҳоратини “Анналлар” (Солномалар) достонида янада кенгроқ намойиш қилган. 60 000 мисрадан иборат 18 боб (Бизга қадар 1200 мисраси етиб келган) салмоқдор бу асар Эннийнинг Трояни ташлаб қочишдан бошланиб, то шоирнинг замонасига қадар давом этган бутун Рим тарихини ўз ичига олади.
2) ПЛАВТ–улуғ Рим комедиянависи. Унинг энг ўткир ва мароқли асарларидан бири “Мақтанчоқ жангчи” комедиясидир. “Хумча” комедияси ҳам ўзининг бадиийлиги ва социал моҳияти жиҳатидан “Мақтанчоқ жангчи” асаридан қолишмайди. Бу комедиянинг асосий мавзуси бойликнинг инсон хулқини бузадиган ярамас таъсирини кўрсатишдан иборат. Айни замонда Рим жамияти учун бу масала жуда муҳим бўлган.
ЦИЦЕРОН–ўзининг оташнафаслиги билан Демосфен даражасида турадиган ва антик дунёнинг иккинчи улуғ сўз устаси сифатида танилган нотиқ Марк Туллий Цицерондир. “Оратор ҳақида”, “Брут”, ва “Оратор” асарлари машҳур.
ЛУКРЕЦИЙ–ички ғалаёнларни тугатиш, замондошларига маънавий тасалли бериш мақсадида Эпикур фалсафасини ташвиқ қилган мутафаккир шоирларнинг энг йириги 6 бобдан иборат “Буюмлар хислати” поэмасининг муаллифи Тит Лукреций Кардир (98-55).
ВЕРГИЛИЙ ҳаммаси бўлиб учта асар ёзган: «Буколикалар» (Чўпон шеърлари). «Георгикалар» (Деҳқон шеърлари). «Энеида» достонидир.
Вергилийнинг биринчи йирик асари «Буколикалар» ўнта шеърдан иборат тўпламдир. Бу тўпламга киритилган шеърларни кўпинча эклогалар яъни шеърий парчалар ҳам деб юритишган. Вергилий чўпонларнинг осуда, беташвиш ҳаётини аҳён-аҳёнда бузиб туришади. Масалан: Италиянинг шимолий қисмларидаги ерларни Октавиан қўшинлари томонига мусодара қилиш муносабати билан деҳқон оммаси бошига тушган оғир кунларни баъзи эклогаларда аниқ кўришимиз мумкин.
Георгикалар поэмаси мазмун жиҳатидан биринчи поэмага ўхшаш. Неча ўн йиллаб давом этган уруш оқибатини тугатиш, вайрон бўлган майда ва ўртаҳол деҳқон хўжаликларини тиклаш, умуман деҳқончиликни ривожлантириш масалалари, юртнинг осойишталиги, халқнинг тинчлиги йўлида қайғурган чинакам ватанпарвар шоир шу аснода асарини ёзади.Дидактик мазмундаги бу поэма йирик тўрт қисмдан иборат каттагина асардир: Ғаллакорликка, Боғдорчиликка, Чорвачиликка, Асаларичиликка бағишланади.
Вергилийни Рим поэзиясининг чўққисига кўтарган, унинг шуҳратини ер юзига таратган улуғ асари Энеида достонидир.
Қадимги манбаларнинг шаҳодатига кўра «Энеида» достони устида шоир ўн йил ишлаб, асарни эрамиздан аввалги 19 йилда деярли тугатади.
Энеида бутун воқеаси Троя шаҳри тор-мор қилинганидан сўнг бош қаҳрамон Энейнинг ўз ҳамроҳлари билан бирга Италияга қараб йўлга чиқиши, унинг денгизда тортган оғир машаққатлари, ниҳоят манзилга етиб келиши, Рим давлатини барпо қилиш йўлида олиб борган курашлари тасвирларидан иборатдир. Асар ҳар бири олти бобдан (қўшиқдан) иборат икки қисмга ажратиб ёзилган. Биринчи 6 боб қаҳрамоннинг Троядан чиқиб Италияга етиб келиши даврида кечирган саргузаштларига, кейингиси Италия тупроғидаги жангларига бағишланади.
ГОРАЦИЙ–Вергилийнинг замондоши ҳамда дўсти, Август даврининг иккинчи улуғ шоири Квинт Гораций Флакк. Горацийнинг асарлари бизга қадар тўла ҳолда етиб келган. Улар қуйидагилар: «Эподлар» деб аталувчи 17 та шеърдан иборат тўплам. «Сатиралар» деб аталувчи 18 та шеърдан иборат 2 тўплам. «Қасидалар» деб аталувчи 103 та шеърдан иборат 4 та тўплам. «Номалар» деб аталувчи 23 шеърдан иборат 2 та тўплам. «Байрам мадҳи» деб аталувчи алоҳида 1 та шеър.
Горацийнинг тамомила янги оригинал ва юксак бадиий асарлар яратгани «Эподлар» тўпламининг ҳамма шеърларида равшан сезилиб туради.
Гораций ижодининг энг сўнгги маҳсули «Номалар» дир. Рим адабиётида Горацийга қадар нома ёзганлар талайгина, уларнинг барчаси номаларини назмда, шеърий шаклда ёзганлар. Бироқ номаларни биринчи бўлиб назм шаклига кўчириб, уларга юксак бадиий тус берган ва махсус адабий жанр сифатига кўтарган шоир Горацийдир.
ОВИДИЙ. Август замонасининг охирги улуғ шоири, элегиянавис шоирларнинг энг сўнгги буюк вакили Публий Овидий Назондир. Овидийнинг адабий фаолияти 3 қисмдан иборат: “Amores” (ишқий элегиялар) тўплами билан бошланади. Шу жанрнинг тамойилларига кўра тўпламнинг бир қанча шеърлари шоирнинг Коринна деган маъшуқасига бағишланади. Аммо бу аёлнинг бўлган-бўлмаганлигини аниқлашнинг сираям иложи йўқ. Овидийнинг элегияларида Тибулл ҳамда Проперций асарларида бўлгани каби чуқур муҳаббат туйғуларини, оғир изтироб аламларини, севги йўлида фидойилик ва самимийликни ахтариш ҳам бефойда. Шоирнинг ўз тили билан айтганда у фақат «Хуррам муҳаббатнинг хушчақчақ куйчиси» бўлган. Овидийнинг олдинги шоирлардан яна бир фарқи шундаки, бу адиб Вергилий ижодида бошланган усулни давом эттириб, ўзининг ижодида нотиқлик санъати қоидаларидан бениҳоя кенг фойдаланади ва шу йўсин Рим поэзиясининг келгуси тараққиёти йўлида янги даврни бошлайди.
«Қаҳрамон аёллар» ёки «Мактублар» деб аталувчи иккинчи асари ҳам Овидий ижодининг илк маҳсулларидан бўлиб, машҳур афсонавий хотинларнинг ўз ошиқларига ёзган номалар тўпламидан иборатдир. Турли-туман мавзуларга масалан, меҳмон кутиш, таом тайёрлаш, ҳар-хил ўйинлар уюштириш, пардоз қилиш, ясаниш, ҳатто баъзи касалликлардан даволаниш ва бошқа масалаларга атаб шеърий асарлар ёзиш эллинизм замонасида кенг ёйилган эди. Одамларга таълим бериш мақсадларини кузатган дидактик мазмундаги бу тариқа асарларга тақлидан Овидий ўзининг Ars amatoria «Севги санъати» поэмасини яратади.
Овидийнинг бошланғич давр ижодига кирадиган яна иккита асарининг мавжуд эканлиги маълум: А) «Пардоз малҳамлари». Б) «Севги давоси»
Августга манзур бўлиш учун Овидий бир даража илмий мазмундаги жиддий мавзуларга қўл уриб «Метаморфозалар» (турланиш) ҳамда «Фасто» (Ойнома) деган катта-катта икки достонни бирдан бошлайди.
«Метаморфозалар» Овидий ижодининг чўққиси, Рим адабиётининг улуғ ёдгорликларидан биридир. Йирик- йирик 15 бобдан гекзаметр вазнидаги 12 000 мисрадан иборат бу салмоқли достон Юнон ва Рим мифологияларида ниҳоятда кўп учрайдиган афсонавий турланишлар, маъбуд ва маъбудаларнинг, сув ва ўрмон париларининг, айниқса одамларнинг жониворларга, ўсимликларга, тоғ ва тошларга, ҳатто юлдузларга айланиб қолишлари ҳақидаги ривоятлар ҳикоя қилинади. Поэмага ана шундай ривоятлардан 250 таси киритилган. Фикримизнинг исботи сифатида асарга кирган афсоналардан бирини келтирамиз.
Фаста (Ойнома) достонида Овидий ҳам худди Каллимах сингари ойларнинг номларига муфассал изоҳ беради, ҳар қайси ойда ўтказиладиган байрамларни ва бу байрамларнинг қандай афсона ва ривоятлар билан боғлиқ бўлганлигини баён этади. Янги асарда шоирни асосан Рим тарихига, инчунун Август хонадонига алоқадор афсоналар қизиқтирган. Поэманинг ўзи ҳам Октавианга бағишланган.
Метаморфозалар достони деярли қўлдан чиқиб, «Фаста» поэмаси ярмига етиб қолган эди. Эрамиздан кейинги 8 йилда Октавиан Августнинг буйруғи билан Овидий Рим империясининг узоқ вилоятига, Қора денгиз қирғоғига Томи (ҳозирги Констанца) шаҳрига сургун қилинади. Сургун сабаблари то шу кунгача маълум эмас. Сургун йилларида шоир ўзининг сўнгги асарлари–беш қисмдан иборат «Ғамгин элегиялар» Tristia, 4 қисмдан иборат Epistolae ex Ponto “Понтдан мактублар”, “Қора денгиздан мактублар” тўпламларини ва бошқа асарларини ёзади. Овидийнинг сургунда ёзган элегияларининг мазмуни бир-бирига яқин. Масалан, “Ғамгин элегиялар” тўпламининг биринчи қисмида сургун сафарининг машаққатлари, Римни абадий ташлаб кетиш, рафиқасидан, қариндошларидан, дўстларидан айрилиш, денгиз тўлқинлари, ўлим даҳшатлари ҳақида ҳикоя қилади.
Download 76.55 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling