Россия империясининг Фарғона вилоятига аҳолини кўчириш сиёсати ва унинг оқибатлари


Download 34.83 Kb.
bet1/2
Sana19.01.2023
Hajmi34.83 Kb.
#1102656
TuriДиссертация
  1   2
Bog'liq
Ш.Воҳидовга (2)


Навоий давлат педагогика институти тадқиқотчиси Равшанов Шерзод Раҳматовичнинг “Россия империясининг Фарғона вилоятига аҳолини кўчириш сиёсати ва унинг оқибатлари (ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошлари)” мавзусидаги 07.00.01-Ўзбекистон тарихи ихтисослигидан тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тақдим этган диссертация авторефератига
ТАҚРИЗ
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги эълон қилинганидан сўнг, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий соҳаларда ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида тарих фанини ривожлантириш, тарихий билимларни юксалтиришга ҳам катта эътибор қаратилиб, натижада Ўзбекистон тарихининг турли даврларини ўрганишга бағишланган кўплаб тадқиқотлар амалга оширилди.
Шу нуқтаи назардан Россия империяси томонидан Қўқон хонлигини босиб олиниши, ўрнида Фарғона вилоятини ташкил этилиши, уни уездларга бўлиш орқали рус бошқарув тизимини ўрнатилиши, рус қишлоқ ва посёлкаларидаги иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётни замонавий нуқтаи назардан ўрганиш долзарб вазифалардан биридир.
Россия империясининг Туркистонда жумладан, Фарғона вилоятида рус қишлоқ ва посёлкалари ташкил этилиши тарихини, уларда русийзабон аҳолининг жойлашуви, сони, миллий-этник таркиби, уларга бўш ер фондларининг яратилиши, кўчирилганларнинг хўжалиги ва моддий турмуши ҳамда кўчирилган аҳолининг ижтимоий, маданий, маънавий эҳтиёжларини қондириш борасидаги сиёсати тарихини архив манбалари ва мавжуд адабиётларнинг танқидий ва қиёсий таҳлили орқали очиб бериш зарурати танланган диссертация мавзусининг долзарблигини белгилаб берган.
Россия империяси томонидан Туркистонни босиб олиниши, бошқаруви, саноати, русийзабон аҳолини кўчириш сиёсати ва умуман мавзу доирасида бўйича кўплаб тадқиқот ишлари бажарилган, бироқ империянинг Фарғона вилоятига рус аҳолини кўчириш сиёсати масаласи тадқиқот объекти бўлмаган. Диссертант ўз тадқиқотида айнан Россия империясининг Фарғона вилоятига аҳолини кўчириш сиёсати ва унинг оқибатлари масаласини бирламчи материаллар асосида холисона тадқиқ ва илмий таҳлил этиб бера олган.
Тадқиқот ишининг ижобий томонларидан бири тадқиқотчи Равшанов Шерзод Россия империясининг Фарғона вилоятига русийзабон аҳолини кўчириш сиёсати масалаларини ўрганар экан, Россия империясининг ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларидаги вилоятлари негизида қўшни давлатлар, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон республикалари ҳудудларига рус аҳолини кўчиши масалаларини ҳам атрофлича тадқиқ қилган.
Тадқиқотчи Ш.Р.Равшанов томонидан танланган мавзу айнан юқорида таъкидланган муаммоларнинг таҳлилига бағишланган бўлиб, диссертация кириш, уч боб, хулоса, фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхатидан иборат. Диссетациянинг тадқиқот қисми 145 бетни ташкил этади.
Диссертациянинг “Фарғона вилоятининг ташкил топиши, вилоятга аҳолини кўчириш сиёсатидаги дастлабки босқич ва ўзига хос жиҳатлар таҳлили” деб номланган биринчи бобида Фарғона вилоятининг ташкил этилиши ва империя аҳолисини вилоятга кўчиришнинг дастлабки босқичи, вилоятга рус аҳолисини кўчирилишидаги ўзига хос жиҳатлар, рус аҳолисини кўчирилишидаги фарқланувчи омиллар бошқа вилоятлар билан солиштириш ва таққослаш асосида таҳлил этилган. Диссетрант томонидан мазкур бобда аҳоли зич яшайдиган ушбу минтақада маҳаллий аҳолига шундоқ ҳам ер фондлариниг етишмаслиги, кўчиб келганларни жойлаштириш учун маъмурият томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиш ҳолати, алоҳида махсус кўчириш комиссиялари ташкил этилганлиги, кўчиб келганлар асосан ижтимоий-иқтисодий қийин аҳволдаги қатлам вакиллари бўлганлиги ва уларнинг кўплаб қийинчиликларга учраганлиги манбалар асосида ёритиб берилган.
Шунингдек, Россия империясининг Фарғона вилоятидаги солиқ сиёсати ўзининг мустамлакачилик моҳияти билан ажралиб турганлиги, маҳаллий аҳолига кўплаб солиқ ва йиғимлар солинганлиги, лекин кўчириб келтирилган рус фуқароларига, айниқса истеъфодаги ҳарбийларга жуда катта солиқ имтиёзлари берилганлиги, лекин шунга қарамай, ердан фойдаланишда ижобий натижаларга эришилмаганлиги, империянинг Туркистонда, жумладан, Фарғона вилоятида ҳам мустаҳкам ва барқарор рус деҳқончилигини вужудга келтириш режалари амалда ўзини оқламаганлиги каби салбий оқибатлари таҳлиллар асосида очиб берилган.
Кўчирилган аҳолининг Фарғона вилояти ҳудудлари бўйлаб жойлашуви, сони, миллий-этник таркиби ва хўжалик ҳаёти” деб номланган тадқиқотнинг иккинчи бобида кўчирилганларнинг Фарғона вилояти қишлоқ ва уездлари бўйлаб жойлашуви, сони, миллий-этник таркиби ва кўчириб келтирилган аҳолининг хўжалиги ва моддий турмушидаги мавжуд муаммолар архив ҳужжатлари асосида тадқиқ этилган.
Шунингдек мазкур бобда кўчириб келтирилган аҳолининг хўжалиги, моддий турмуши ва бу билан боғлиқ муаммолар, хусусан уларнинг 50 фоиздан ортиғи ўзбошимчалик билан кўчиб келганлиги, ҳукумат кўчиб келганларни жойлаштириш учун жуда кўплаб муаммо ва қийинчиликларга дуч келганлиги, кўчиб келганларга маҳаллий деҳқончилик маданияти нотаниш бўлганлиги, рус деҳқонларининг оғир меҳнатли пахтачиликдаги улуши деярли йўқлиги, улар асосан кўп меҳнат талаб этмайдиган экинлар экканлиги, баъзан ерларни қаровсиз қолдирганлиги, сотганлиги ёки ижарага бериб юборганлиги ва маълум сабабларга кўра кўпчилиги бир жойда қўним топмаганлиги таҳлил этилган.
Диссертациянинг “Фарғона вилоятига кўчирилганларнинг маънавий-маърифий ҳаёти ва тубжой аҳоли билан ўзаро таъсир масалалари” деб номланган учинчи бобида кўчирилган аҳолининг ижтимоий, маънавий-маданий эҳтиёжларини қондириш борасидаги ҳукумат тадбирлари ва натижалари, Россия империясидан Фарғона вилоятига кўчирилганлар учун бўш ер фондларининг яратилиши, тубжой аҳоли билан муносабатлар тадқиқ этилган. Шунингдек, диссертант мазкур бобда вилоятдаги таълим, соғлиқни сақлаш масалалари ва улардаги мавжуд муаммолар ҳақида ҳам қимматли маълумотларни бирламчи манбалар асосида ўрганган.
Ишнинг хулоса қисмида Россия империясининг Туркистонга аҳолини кўчириш сиёсати буюк давлатчилик ва миллий шовинизм мақсадларига қаратилганлиги, ярим асрдан ортиқ кўчириш тажрибасини қўллаш натижасида Туркистон минтақаси аҳолисининг миллийэтник таркибида ўзгаришлар юз берганлиги, кўчириш компаниясини ташкил этиш, унинг меъёрий ҳуқуқлари ва қонунчилик асосларини яратиш учун империя ҳукумати кўплаб қонун, қарор ва қоидалар ишлаб чиқганлиги, “Кўчириш бошқармаси” каби муассасаларга асос солинганлиги, Фарғона вилоятига аҳолининг кўчиши, рус қишлоқ ва посёлкаларининг пайдо бўлиши Туркистон генерал губернаторлигининг Каспийорти, Еттисув, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларига нисбатан кеч содир бўлганлиги, Фарғона вилоятига кўчирилган деҳқонлар хўжаликнинг асосан лалмикор деҳқончилик соҳаси билан шуғулланиб, донли (бошоқли) экинлар буғдой, арпа, тариқ, сўли етиштириш билан шуғулланганликлари, маҳаллий деҳқонлар кўчиб келганлардан янги экин навларини парваришлашни ўрганганликларини, ўз вақтида туб жой аҳолиси рус деҳқонларига сунъий суғоришга асосланган деҳқончилик маданиятини ўргатганликлари ва халқларнинг ўзаро маданий таъсир масалалари ҳам тадқиқот ишида кўзга ташланади.

Download 34.83 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling