2009 йил 17 октябрда «Иқтисодий таълим самарадорлигини ошириш йўллари: назария, амалиёт, муаммолар ва истиқбол» мавзусидаги Республика илмий-амалий конференция


Download 147.61 Kb.
bet1/2
Sana07.04.2023
Hajmi147.61 Kb.
#1337661
  1   2
Bog'liq
Урманова ТДТУ иннов педтех


Урманова Дилбар Тешабаевна, ассистент, ТошДТУ


Олий таълимнинг ўқув жараёнида инновацион педагогик технологиялардан фойдаланиш – давр талаби

Республикамизда жаҳон молиявий-иқтисодий инқироз шароитининг салбий таъсирларини бартараф этишдаги олиб борилаётган ислоҳотлар замирида рақобатбардош юқори малакали кадрларни тайёрлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Олий таълим тизимидаги ўқув жараёнини инновацион педагогик технологиялар ёрдамида такомиллаштириш ушбу устувор вазифани бажаришни фаоллаштиради.


Ҳозирги вақтда олий таълим тизимида жорий этиладиган замонавий педагогик технологиялар талабаларни фанларни замон талабига мос ҳолда ҳамда фандаги янгиликларни ва муаммоларни замонавий ечимлар асосида ўзлаштиришини таъминлаши керак. Ушбу мақсадда олий таълим тизимида барча таълим йўналишлари учун Давлат таълим стандартлари, ишчи ўқув режалар, фанларга доир намунавий ва ишчи ўқув дастурлари такомиллаштирилди. Ушбу такомиллаштирилган меъёрий ҳужжатларда олий таълим жараёнида самарали замонавий ва инновацион педагогик технологиялардан фойдаланиш шартлиги белгиланди.
Бизга маълумки, «инновация» термини барча фанларда ўз аксини топмоқда ва бу терминга иқтисодчи олимларнинг кўп қисми янгилик, «инновация жараёни» эса ушбу янгиликни жорий этиш деган маънони англатишини таъкидладилар. Демак, инновацион педагогик технологиялар ҳам янги педагогик технологиялар ҳисобланиб, ушбу технологиялар ёрдамида таълим жараёни янгича ва замонавий ёндашувлар асосида олиб борилади. Ҳозирги вақтда ноананавий усулларда дарслар олиб бориш, талабаларнинг мустақил иш мавзулар асосида реферат, маъруза, таҳлилий материаллар, меъёрий ҳужжатлар асосида шарҳлар, фанга доир изоҳли луғатлар тайёрлаши уларни рейтинг тизимида самарали баҳолашда катта хизмат қилмоқда. Шунингдек, маъруза дарсларида баҳс-мунозара, анжуман каби шакллардаги инновацион педагогик технологиялардан фойдаланиш талабаларни фанлардаги мавжуд муаммоларни олимлар томонидан таклиф этилган ечимлар асосида ўзларининг илмий шарҳларини тайёрлашга ундайди, бу эса уларнинг келгусида меҳнат фаолиятида дуч келадиган муаммоларнинг ечимларини топишга амалий кўникма ҳосил қилади. Ёхуд фанларнинг семинар ва амалий машғулотларда кичик гуруҳлар ташкил этиш орқали ақлий ҳужум тактикаси ёрдамида кластерлар тузиш каби инновацион педагогик технологиялардан ҳам фойдаланиш талабаларни мавжуд саволни ёки масалани ечишда ўзаро ҳамкорлик катта натижалар беришини англашга ёрдам бермоқда. Бундай мисолларни ҳозирги вақтда жуда кўп келтириш мумкин. Шунинг учун инновацион технологиялардан таълим жараёнида фойдаланиш учун олий таълим даргоҳларида шарт-шароитлар яратиш керак, ҳамда эски услубда жойлаштирилган ўқув столларини дарс жараёнида инновацион педагогик технологиялардан фойдаланишга қулай ҳолда жойлаштириш, машғулотларни олиб боришда оқ ва рангли қоғозлардан, рангли қаламлардан фойдаланиш, мавзуларга доир саволлар ва масалалар тарқатма материаллар кўринишида бўлиши ҳам таълим тизимида ютуқларга эришишга олиб келади.
Таътил даврида талабаларни келгусидаги ўқитиладиган фанларга доир маъруза матнлари, фойдаланиладиган адабиётлар рўйхати, амалий ва семинар машғулотлардаги бажариладиган вазифалар, мустақил иш мавзулари билан таъминланиши профессор-ўқитувчиларни дарсларни мукаммал ўтишларига имконият яратади. Чунки талаба таътил даврида ушбу материаллар асосида фанлар ҳақида ўз тафаккурига мос ҳолда ахборотга эга бўлиб, унда фанга доир мукаммал саволлар шаклланади, ҳамда бу саволларга дарс жараёнида ўқитувчи томонидан тўғри ва аниқ жавоб олади. Бу эса таълим жараёнини ҳозирги даврнинг олий таълим тизимидаги талабига жавоб беришига, яъни рақобатбардош юқори малакали кадрларни тайёрлашга шароит яратади.
Профессор-ўқитувчиларни фанларни ўқитишда албатта маъруза дарсларидаги мавзуларни амалиётда мавзуга оид жараёнларига боғлаган ҳолда олиб бориши, мавзуларни слайдлар орқали ёки презентация (тақдимот) орқали тушунтириш, айниқса, иқтисодий фанларни ўқитишда, рақобат корхоналар ёки рақобат объектларнинг иқтисодий кўрсаткичларни таққослаган ҳолда олиб борилиши, бундай тақдимотларни ўқитувчи талабалар ёрдамида тайёрлаши ҳам таълим жараёнининг самарадорлигини оширади.
Демак, олий таълим тизимидаги ҳозирги давр талаби ҳисобланган инновацион педагогик технологиялардан кенг фойдаланишда қуйидаги ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз: ўқув хоналарни жиҳозлашни замонавийлаштириш; профессор-ўқитувчи ва талабалар ўқув жараёнида давр талабига мос ҳолда ўқув қуролларидан фойдаланиши; талабаларни ўқув жараёнидан аввал фанларга доир материаллар, адабиётлар рўйхати билан таъминлаш; маъруза дарсларнинг айрим мавзуларини албатта баҳс-мунозара ёки анжуман тарзда олиб боришни таъминлаш; маъруза дарсларини презентация(тақдимот) тарзда олиб боришга аудиторияда шароит яратиш; ўқув жараёнидаги машғулотларни амалиётдаги мавзуга оид жараёнларга боғлаган ҳолда олиб боришни таъминлаш; факультетнинг илмий-услубий кенгашида тавсия этилган электрон дарсликларни интернет сайтларига жойлаштириш; семинар машғулотда ёки маъруза дарсида «Энг яхши мустақил иш» каби танлов асосида талабаларни рағбатлантиришга йўналтирилган ноананавий дарс услубини ўтишни шакллантириш; соҳага доир фанлардан кейслар тузишга ва фанларни ўқитишда инновацион технологиялардан фойдаланишга доир услубий кўрсатмалар тайёрлаш.
Бизнинг фикримизча, юқоридаги таклифлар амалга оширилганда таълим жараёнида салмоқли ютуқларга эришиш мумкин.
2009 йил 17 октябрда «Иқтисодий таълим самарадорлигини ошириш йўллари: назария, амалиёт, муаммолар ва истиқбол» мавзусидаги Республика илмий-амалий конференция.

4-секция. Иқтисодий таълим самарадорлигини оширувчи инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш.





Download 147.61 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling