3 – боб пул айланмаси ва унинг таркиби
Марказий банк пул муомаласини тартибга солишда ва нақд пулли ҳисоб – китобларни ташкил этишда қуйидаги ишларни бажаради
Download 193.64 Kb.
|
3 тема ключ
Марказий банк пул муомаласини тартибга солишда ва нақд пулли ҳисоб – китобларни ташкил этишда қуйидаги ишларни бажаради:
Нақд пул айланмасини хомчўт (прогноз) қилади; Пул муомаласини ташкил этади ва тартибга солади; Нақд пулларни тижорат банкларига жўнатиш, қабул қилиш, сақлаш ва самарали фойдаланиш устидан назоратни ташкил этади. Нақд пул айланмасини хомчўт (прогноз) қилиш тартиби. Нақд пул айланмасини хомчўт қилиш тижорат банкларининг айланма кассаларини хомчўтини тузиш йўли билан амалга оширилади. Марказий банк Ҳисоб – китоб касса марказлари (ҲККМ) ва тижорат банкларининг тегишли ҳудудлар бўйича айланма кассаларни хомчўтини амалга оширади ва пул муомаласи ҳолатини таҳлил қилиб боради. Банкларнинг касса айланмалари хомчўти маълум даврлар учун нақд пулларнинг тушуми ва чиқими асосида тузилади. Банклар касса айланмалари хомчўтини тузиш учун ўзлари хизмат кўрсатадиган юридик шахслардан уларнинг депозит ҳисобварағи бўйича ҳар чоракнинг бошланишидан 30 кун олдин буюртманомаларини оладилар. Банк бўлими хизмат кўрсатадиган юридик шахсларнинг асосий депозит ҳисобварағи бўйича айланма касса хомчўти асосида банкда нақд пулларнинг тушум манбалари ва чиқим моддаларининг йиғма қайдномасини тузади. Таъкидлаш лозимки, банклар томонидан тузилган айланма касса хомчўти амалиётда доимо ҳам бажарилавермайди. Ушбу ҳолат объектив ва субъектив сабаблар билан изоҳланади. Албатта, бу ижобий ҳолат сифатида баҳоланмайди. Чунки, банклар ўз мажбуриятларини тўлиқ равишда бажармаслиги аҳоли ва мижозларнинг уларга бўлган ишончини пасайишига сабаб бўлади. Банклар юридик шахслардан олган чораклик айланма касса хомчўтини ойма – ой тақсимлаб чиқадилар. Бунда қуйидагилар ҳисобга олинади: – ҳар бир ойнинг иш кунлари сони ва бошқа хусусиятлари; – чакана товар айланмаси, иш ҳақи фондлари ҳажмининг ойлар бўйича ўзгариб туриши мумкинлиги; – аҳолининг солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддатлари. Тижорат банклари айланма касса хомчўтини янги чорак бошланишидан 15 кун олдин Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармаларига тақдим этади, улар эса Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бўйича умумлаштирилган айланма касса хомчўтларини чорак бошланишидан камида 5 кун олдин Республика Марказий банкига тақдим этадилар. Тижорат банклари ва Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари касса айланмалари хомчўти билан биргаликда тушунтириш хатларини ҳам қўшиб жўнатишлари лозим. Тушунтириш хати қисқа бўлиши керак, унда касса айланмаларининг тўлиқ асосланган хомчўти ҳамда ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан ўзгаришларга тушунтиришлар берилади. Пул муомаласини ташкил этиш ва тартибга солиш. Марказий банк пул муомаласини тартибга солишда пул – кредит сиёсатининг бевосита ва билвосита инструментлардан фойдаланади. Марказий банк пул муомаласини тартибга солишда тижорат банклари ва Марказий банкнинг Ҳудудий бош бошқармалари (МБ ҲББ) билан ўзаро ҳамкорликда фаолият юритади. Пул муомаласини ташкил этиш ва тартибга солишда тижорат банклари қуйидаги ишларни амалга оширади: жисмоний шахсларнинг бўш пул маблағларини омонатларга жалб қилишга, жисмоний шахслар пул даромадларининг нақд пулсиз тартибда омонатларга ўтказилишини кенгайтиришга, товар ва хизматлар учун нақд пулсиз ҳисоб – китобларни, шу жумладан банк карталаридан фойдаланган ҳолда ривожлантиришга қаратилган чоралар кўрадилар; юридик шахслар билан келишган ҳолда уларнинг кассаларидаги нақд пул қолдиғи лимитлари, пул тушумларини банкка топшириш тартиби ва муддатларини белгилайдилар; нақд пул маблағларининг ҳар куни келиб тушиши устидан доимий мониторингни амалга оширадилар; ҳақиқатда тушган тушумлар ва берилган нақд пулларнинг касса айланмаларининг хомчўт ҳисоб – китобларидан фарқ қилиш сабабларини таҳлил қиладилар ҳамда нақд пул тушумларининг кўпайишини таъминлаш чораларини кўрадилар. Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармаси (МБ ҲББ) зиммасига пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги тижорат банкларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва унинг мониторинги юклатилади. МБ ҲББлари хусусан қуйидаги ишларни амалга оширади: пул муомаласининг ҳолатини ўрганади, банкларнинг касса айланмаларини таҳлил қилади, пул муомаласининг ҳолатини тавсифловчи кўрсаткичларни жамлайди ва тартибга соладилар; пул муомаласини мустаҳкамлашга қаратилган таклифларни тайёрлаб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг жойлардаги давлат бошқарув органлари муҳокамасига қўядилар; нақд пулга бўлган талабни узлуксиз таъминлашни назарда тутиб, минтақалар ва тижорат банклари филиаллари ўртасида нақд пул маблағларини тезкор қайта тақсимлашни амалга оширадилар; тижорат банклари билан биргаликда нақд пул захиралари ҳажмининг энг кам миқдорини тасдиқлайдилар; банкларнинг пул муомаласига доир ишларини таҳлил қилади ва ўрганадилар. Хўжалик юритувчи субъектлар "Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидалари"га (1998 йил 17 декабрда 565 – сон билан рўйхатга олинган) мувофиқ ўз кассаларида нақд пул қолдиқлари бўйича белгиланган лимитлар доирасида нақд пулга эга бўлишлари мумкин. Юридик шахслар кассадаги белгиланган нақд пул қолдиғининг лимитдан ортиқча қисмини банк билан келишилган тартибда ва муддатларда ҳисобвараққа киритиб қўйиш учун банкка топширишлари шарт. Кассадаги нақд пул колдиғи лимитларини, тушумни топшириш тартиби ва муддатларини белгилаш учун банклар йилнинг биринчи чорагида савдо ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан буюртманома – ҳисоб – китоб оладилар. Кассадаги нақд пуллар қолдиғи лимити ҳар йили кассага эга бўлган ва нақд пулли ҳисоб – китобларни амалга оширувчи барча юридик шахсларга белгиланади. Юридик шахснинг турли банкларда бир нечта ҳисобварақлари мавжуд бўлган тақдирда у ўз ихтиёрига кўра хизмат кўрсатувчи банкларнинг бирига кассадаги нақд пул лимитини белгилаш учун ҳисоб – китоб билан мурожаат этади. Банкларнинг бирида касса қолдиғи лимити белгилангандан сўнг юридик шахс белгиланган касса қолдиғи лимити тўғрисидаги хабарномани унга тегишли ҳисобварақлар очилган бошқа банкларга жўнатади. Кассадаги нақд пуллар лимитини белгилаш учун буюртманома – ҳисоб – китобни хизмат кўрсатувчи банкларнинг бирортасига тақдим этмаган юридик шахслар бўйича касса қолдиғи лимити нолга тенг деб ҳисобланади, юридик шахс томонидан банкка топширилмаган нақд пул маблағлари эса лимитдан ортиқча деб ҳисобланади. Кассадаги нақд пуллар қолдиғининг қуйидаги лимитлари белгиланади: доимий нақд пул тушумига эга ва уни иш кунининг охирида банкка топшириши лозим бўлган юридик шахслар учун – кейинги иш куни эртасига нормал иш фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган миқдорда; кейинги кунда топшириши шарт бўлган юридик шахслар учун – ўртача кунлик нақд пул тушумидан ортиқ бўлмаган миқдорда; тушумни ҳар куни топширмаслик ҳуқуқига эга бўлган юридик шахслар учун – тушум суммаси ва уни топшириш бўйича белгиланган муддатга боғлиқ бўлган миқдорда; доимий нақд пул тушумига эга бўлмаган юридик шахслар учун – ўртача кунлик нақд пул харажати миқдорида (меҳнат ҳақи тўловлари, вақтинчалик ишга лаёқатсизлик бўйича нафақа, мукофот ва стипендия харажатларидан ташқари). Юридик шахслар ўз кассаларида нақд пулларни белгиланган лимитлардан ортиқча миқдорда фақат меҳнатга ҳақ тўлаш, ижтимоий суғурта бўйича нафақалар, пенсия ва стипендиялар бериш учун, банкдан олинган кунни қўшиб ҳисоблаган ҳолда, 3 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддат мобайнида (банклардан узоқ масофада жойлашган юридик шахслар эса 5 иш кунигача) сақлаш ҳуқуқига эга. Бу муддат тугагач, кўзланган мақсад учун ишлатилмаган пуллар банкка қайтарилади ва кейинчалик юридик шахсларга уларнинг биринчи талаби биланоқ ўша мақсадларга ишлатиш учун берилади. Пулнинг айланишини тезлаштириш ва банк кассаларига тушумларнинг ўз вақтида тушиши заруратидан келиб чиққан ҳолда, банклар томонидан ҳар бир юридик шахсга уларнинг раҳбарлари билан келишилган тарзда тушум топшириш вақти ва тартиби белгиланади. Кассадаги нақд пул қолдиқларининг белгиланган лимитлари, тушумни топшириш тартиби ва муддатлари банклар томонидан ҳар бир юридик шахсга ёзма равишда маълум қилинади. Банклар юридик шахсларнинг пул тушумларини ўз вақтида ва тўлиқ топширишлари бўйича мониторинг олиб борадилар. Нақд пулларни тижорат банкларига жўнатиш, қабул қилиш, сақлаш ва самарали фойдаланиш устидан назоратни ташкил этади. Марказий банк тижорат банкларини нақд пулга бўлган талабини қондириш мақсадида касса буюртмаларига асосан уларга нақд пулларни жўнатади, улар ўртасида нақд пулларнинг тақсимланиши ва мақсадли фойдаланиши устидан умумий мониторингни ташкил этади. Марказий банк тижорат банкларининг айланма кассасига нақд пулларни сақлашнинг максимал миқдорини ўрнатади. Унга тижорат банкларининг айланма кассасидаги нақд пуллар 10101 – «Айланма кассадаги нақд пуллар» ҳисобварағида ҳисобга олиб борилади. Ўрнатилган касса лимитидан ортган нақд пуллар тегишли 10102 – «Захирадаги нақд пуллар» ҳисобварағига кирим қилинади ва Марказий банкнинг тегишли рухсати билан ишлатилади. Марказий банк ушбу ҳисобварақдаги касса лимитидан ортиқча маблағларни ишлатиш бўйича тижорат банкига: – тижорат банкига фойдаланишга рухсат бериши ҳақида; – бошқа тижорат банкига жўнатиш ҳақида; – Марказий банкнинг Хисоб – касса марказининг захира фондига топшириш ҳақида бўлиши мумкин. Таъкидлаш лозимки, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилояларда тижорат банкларининг айланма кассасидаги нақд пулларни ва касса лимитидан ортиқча маблағларни ишлатиш ва назорат қилиш ишлари Марказий банкнинг Ҳудудий бош бошқармалари орқали амалга оширилади. Download 193.64 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling