3-мавзу: ишлаб чиқаришда фаолият жараѐнида юзага келадиган жароҳатланишлар ва касб касалликлари ҳамда уларни олдини олиш тадбирлари
Download 103.24 Kb.
|
3-Маъруза (1)
- Bu sahifa navigatsiya:
- Таянч иборалар
3-МАВЗУ: ИШЛАБ ЧИҚАРИШДА ФАОЛИЯТ ЖАРАЀНИДА ЮЗАГА КЕЛАДИГАН ЖАРОҲАТЛАНИШЛАР ВА КАСБ КАСАЛЛИКЛАРИ ҲАМДА УЛАРНИ ОЛДИНИ ОЛИШ ТАДБИРЛАРИ Режа:
Жароҳатланиш, бахтсиз ҳодиса ва касб касалликлари ҳақида тушунча. Бахтсиз ҳодисаларни таҳлил этиш. Саноат жароҳатланиши ва касб касалликларини ўрганиш усуллари. Таянч иборалар. Жароҳатланиш; заҳарланиш; касб касалликлари; бахтсиз ҳодиса; касбий заҳарланиш; шикастланиш; технологик жараѐн Жароҳатланиш, бахтсиз ҳодиса ва касб касалликлари ҳақида тушунча. Саноат корхоналарида хавфсизлик техникаси, саноат санитарияси ва ѐнғин хавфсизлиги қоидаларига, меъѐр ва тавсияномаларига риоя қилмаслик ишчиларни жароҳатланишга, заҳарланишига ва касб касалликларига олиб келиши мумкин. Инсон танасининг тери ѐки айрим қисмлари ташқи механик, кимѐвий, иссиқлик ва электр таъсири натижасида шикастланса, буни жароҳатланиш деб аталади. Жарохатланишга урилиш натижасида лат эйиш, кесилиш, суяк синиши ва чиқиши, кимѐвий ѐки иссиқликдан куйиш, иссиқ уриши, совуқ уриши, ўткир заҳарланиш ва электр токи таъсирида организмнинг баъзи қисмларида ҳаѐт фаолиятининг бузилиши киради. Жарохатланиш тушунчаси бахтсиз ҳодиса деб ҳам юритилади. Жароҳатланиш уч турга бўлинади. Биринчиси, ишлаб чиқаришда, иш жойида жароҳатланиш; Иккинчиси иш билан боғлиқ, лекин ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган жароҳатланиш; Учинчиси ишлаб чиқариш ва иш билан боғлиқ бўлмаган жароҳатланиш. Ишлаб чиқаришда, иш жойларида олинган жарохатланишга, ишчи маъмурият томонидан буюрилган ишни бажариш чоғида иш жойида, цехда, завод ҳудудида юк ортиш ва юк тушириш ѐки баъзи юкларни бир жойдан иккинчи жойга кўчириш вақтида олган жарохатланишлар киради. Иккинчи тур жароҳатланишлар ишга бориб-келиш вақтида транспорт воситаларида, командировка вақтида ѐки корхона маъмуриятининг топшириғига мувофиқ ишлаб чиқариш ҳудудидан ташқаридаги баъзи бир ишларни бажарганда олинган жароҳатланишлардан иборат. Учинчи тур жароҳатланишга маст бўлиш натижасида олинган жароҳатлар, давлат мулкини ўғирлаш ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатларидаги жароҳатланишлар киради. Агар бахтсиз ходиса у маъмурият томонидан хавфсиз иш шароитни яратиш соҳасида йўл қўйилган хато орқасида бўлмай, балки ишчининг меҳнатини муҳофаза қилиш қоида ва меъѐрларига амал қилмаслиги натижасида келиб чиққан бўлса, унда ишчи ҳам маъмурият ходими билан бирга жавобгар ҳисобланади. Бунда моддий тўлов миқдори маъмурият ходими ва ишчининг айбдорлик даражасига қараб белгиланади. Меҳнат қонунларига асосан ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган жароҳатланишдан йўқотилган иш кунларига корхона томонидан ҳақ тўланиши керак деб белгиланган. Саноат санитарияси меъѐрларининг бузилиши натижасида ишлаб чиқариш жойларидан ажралиб чиққан зарарли омиллар таъсиридан ишчи касбий заҳарланиш ѐки касб касаллигига чалиниши мумкин. Касбий заҳарланиш ишчининг нафас олиш, овқат ҳазм қилиш натижасида келиб чиқиши мумкин. Касбий захарланиш бир смена давомида юз берса, уни ўткир заҳарланиш дейилади, агар узоқ муддат давомида заҳарли моддалар йиғилиши натижасида юз берса, сурункали заҳарланиш дейилади. Сурункали заҳарланиш касб касалликларига олиб келади. Касб касаликларига қониқарсиз иш шароитларида ишлаш натижасида келиб чиқадиган ҳамма касалликлар киради. Масалан, ҳаво босимининг ортиқ ѐки кам бўлиши натижасида кессон ѐки тоғ касаллиги, саноатда ажралиб чиқадиган чанг таъсиридан пневмокониоз касаллиги, яллиғланиш ва заҳарли моддалар таъсиридан дерматит ва яра касалликлари келиб чиқади. Шунинг учун ҳам ишлаб чиқариш корхоналарида юз берган ҳар қандай бахтсиз ҳодиса ҳар томонлама текширилади ва ҳисобга олинади. Текшириш ва ҳисобга олиш умумий ўрнатилган қатъий тартиб асосида олиб борилиши керак. Йўл қўйилган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини ҳисобга олиш ва текшириш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш туфайли бундай бахтсиз ҳодиса ва касб касалликларининг қайтарилишининг олди олинади. Download 103.24 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling