42-мавзу. Ўзбекистонда Ислом молиясини ривожлантириш масалалари Режа


Download 32.86 Kb.
bet4/4
Sana25.03.2023
Hajmi32.86 Kb.
#1295937
1   2   3   4
Bog'liq
42-мавзу

Учинчи босқич
Шу билан бир вақтда, ислом молияси салоҳиятини, ҳамда классик ислом молияси шартномаларининг чегараланган имкониятларини англаб етган жаҳон молия тизими намоёндалари ҳисобланувчи Ғарбнинг қатор йирик банклари, юридик компаниялари ва бошқа манфаатдор томонлар замонавий талаблар ҳамда халқаро стандарт ва амалиётларга жавоб берадиган мураккаб ислом молияси маҳсулот ва шартномаларини яратишга киришдилар. Шу тариқа ислом банкчилиги тараққиётининг учинчи босқичи – ўзгаришлар (транфсормация) ва янги ғоялар даври (мослашув даври деса ҳам бўлади) бошланди. Халқаро даражадаги банкчилар ва ислом молияси тизимини жаҳон молияси тизими билан уйғунлашуви тарафдорлари юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, шунингдек янги молия маҳсулотлари яратиш мақсадида ислом молияси фиқҳи соҳаси ҳуқуқшунослари билан яқиндан ҳамкорлик қила бошладилар. Умумий саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ 90-йилларнинг ўрталаридан бошлаб маҳаллий ва жаҳон бозорларида анъанавий тизим билан рақобатлаша оладиган мураккаб ислом молияси маҳсулотлари даври бошланди.
90-йиллар охиридан бошлаб Форс кўрфази мамлакатларидаги аҳоли ва бизнес вакиллари ислом молияси маҳсулотларининг мазмун-моҳиятини яхши тушуниб етиши натижасида, бундай маҳсулотларга нисбатан бўлган талаб ҳам юксалиб борди. Энг асосийси, бу мамлакатларда жуда катта миқдордаги бўш маблағларнинг (ресурслар) борлиги бўлди. Банкчилар буни пайқамаслиги ва бундай «катта ширин кулчанинг» бир бўлагини бўлса ҳам «узиб» олиш имкониятини қўлдан бериши табиийки, мумкин эмасди. Шу тарзда бир қатор анъанавий банклар Форс кўрфази мамлакатлари ҳамда Малайзияда ислом ҳуқуқи меъёрлари асосида фаолият кўрсатувчи шаҳобча ва банкларни оча бошлади.
Шариат соҳаси ҳуқуқшунослари (асосан ислом банкларининг шаръий кенгашлари аъзолари) билан йирик банкчиларнинг замонавий молиявий шартномалар моҳиятини тушуниб етиш ва уларни шариат талабларига мослаштириш мақсадидаги ўзаро яқиндан ҳамкорлиги яна бир ажойиб ҳодиса бўлди. Уларнинг яна бир вазифаси шариат доирасидаги шартномаларни шариат талабларига тамомила бефарқ бўлган халқаро ҳуқуқ меъёрларига мослаштириш бўлган.
Буюк Британия ислом молияси ва замонавий молия усуллари (финтек) марказига айланди.
Яна бир янгилик  ислом молияси соҳасида инглиз тилининг кенг қўлланиши бўлди. Умуман олганда, ислом банклари учун молиявий бозорларнинг глобаллашуви шароитида инглиз тилининг жорий қилиниши оддий ҳол албатта. Бироқ, бунгача битимларнинг шариат нуқтаи назаридан кўриб чиқилиши, маъқулланиши ва назорат қилиниши фақат араб тилида (айниқса форс кўрфази давлатларида) амалга оширилган. Банкларнинг шаръий кенгашлари аъзолари бўлган ислом ҳуқуқшуносларининг аксарияти (айниқса Форс кўрфази мамлакатларида) инглиз тилини билмаслиги банкчилар ва шаръий кенгашлар ўртасидаги мулоқотни анчагина мураккаблаштирди. Шу боис шаръий кенгашлар аъзолари тегишли ҳужжат ва шартномаларни батафсил ўрганиш ўрнига ислом банклари ходимлари ёки маслаҳатчилар томонидан тайёрланган умумлаштирувчи қисқача маълумотларни кўриб чиқарди, холос. Табиийки, бундай умумлаштирувчи маълумотлар ҳужжатни шаръий жиҳатдан тўлиқ баҳолаш ва маҳсулотларни тўғри шакллантириш учун зарур бўлган барча жараён, кўрсаткич ва омилларни тўлиқ ва батафсил қамраб олиш имкониятини бермайди. Албатта бунинг оқибатида асл маъно буткул ёки қисман йўқолади ва натижа ҳам шунга яраша бўлади. Мазкур ҳолат ҳозирги кунга қадар ислом молияси ривожланиш суръатларини бирмунча секинлаштириб келмоқда.
Шундай қилиб айтиш мумкинки, 90-йиллар охирида бошланган ислом молияси ривожланишининг 3-босқичи давомида соҳадаги ўсиш суръати, миқёси ва жаҳон молия тизимига мослашиши ҳамда унинг иштирокчилари билан рақобат қилиши борасидаги имкониятлари нуқтаи назаридан мисли кўрилмаган натижаларга эришилди. Айни пайтда шуни аниқ тушиниб етиш лозимки, маънавий-ахлоқий жиҳатдан «бетараф» бўлган (яъни ахлоқий меъёрлар асосида фаолият юритмайдиган) анъанавий жаҳон молия тизими ислом молиясини фақат ўз шартлари асосида, яъни ўзига тўлиқ сингдирган/мослаштирган шаклда қабул қилиши мумкин.
Ҳали бошланмаган, аммо кутилаётган тўртинчи босқич
Соҳа жаҳон молия тизимининг бир қисми бўлиш баробарида қандай қилиб ўзининг беқиёс хусусиятлари, қадриятлари ва асл мақсадларини сақлаб қолиши мумкинлигини англаб етиши муҳим аҳамиятга эга. Янги авлод ислом молиячиларининг кун тартибида қандай тўсиқлар, истиқбол ва вазифалар турибди?
а) Юқорида айтиб ўтганимиздек, ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб ислом молияси анъанавий молия тизими ва дунёвий ҳуқуқ тизимларининг катта майдонида ўйинга кирди. Яъни ислом банк-молия муассасалари бир маромда ва самарали ишлаётган анъанавий банк-молия тизими билан мижозлар учун тўғридан-тўғри рақобатга киришди. Бу ҳолат ислом молияси тизими эътиборини беқиёс ва тугал таклифлар яратишдан анъанавий молия маҳсулотларини “тескари мослаштириш”га (reverse engineering) қаратди, яъни анъанавий ҳуқуқшунослар ва ислом банкчилари анъанавий банк-молия маҳсулотларини ҳар томонлама ўрганиб, мижозларга математика нуқтаи назаридан ўхшаш молиявий натижа берувчи ислом маҳсулотлари яратишга киришиб кетишди. Табиийки, бунда барча ҳужжатлар керакли меъёрларга риоя қилган ҳолда расмийлаштирилди. Ислом молиясининг ҳудди мана шу сингиб/мослашиб кетиши ва унинг «кредитлашга» йўналтирилганлиги жиддий танқид ва айбловларга сабаб бўлди. Танқидчилар ислом молияси ўзининг беқиёс хусусиятларини йўқотаётганлигини, унинг жамиятдаги қашшоқлик даражасини пасайтириш, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари молиявий қамровини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ўсиш жараёларидаги ўрни ва аҳамияти юқори эмаслигини таъкидлашар эди. Уларнинг фикрича, агар ислом молияси масалага шундай «расмий» ёндашувни давом эттираверса, ўзининг асосий моҳиятидан ажралиб, борган сайин мавжуд анъанавий банк-молия тизимининг «тиргович»ларидан бирига айланиб қолади, холос.
Шу боис, соҳа учун бурилиш нуқтаси ва асосий муаммо - реал иқтисодиётнинг ривожланиши ва фаоллашуви, молиявий маблағларни иқтисодиёт субъектлари ўртасида адолатли ва самарали тақсимланиши, ҳамда анъанавий банк тизимига муқобил молия тизимини яратиш орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари молиявий қамровини оширишдаги асл мақсад ва вазифаларини аниқ-тиниқ тушуниб олиш ҳисобланади.
б) Ислом микромолия институтлари улуши ва аҳамиятининг юксалиши. Бугунги кунда ислом молиясининг учдан икки қисми ислом банкларида жамланган. Эҳтимолий мижозларнинг барқарор ва етарли даражадаги даромади йўқлиги, гаровга қўйиш учун мулки ва кредит тарихи мавжуд эмаслиги, лойиҳалар ва тадбиркорлик фаолиятининг хатар даражаси юқорилиги ҳамда бошқа сабаблар туфайли аксарият мусулмон давлатлардаги аҳоли ва кичик бизнеснинг катта қисми ислом банклари хизматидан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Ислом микромолия ташкилотлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга энг муҳтож қатламлари билан ишлаш учун барча керакли воситаларга эга бўлса-да, бу имкониятдан амалда деярли фойдаланилмайди. Шундай экан, улкан ижтимоий қатламлар қашшоқликнинг боши берк кўчасидан чиқа олмаяпти. Устига-устак, бу каби муассасаларнинг ислом молияси тизимидаги улуши ва аҳамияти жуда кичкина. Айни пайтда, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг эҳтиёжларини молиялаштириш ва қашшоқлик даражасини камайтириш учун қарзи ҳасана, закот, вақф ҳамда замонавий молия усуллари (финтек) каби воситалардан фойдаланишнинг катта имкониятлари мавжуд.
Шу маънода, ҳақиқатан ҳам, ислом микромолия муассасалари аҳамиятини ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ва кичик бизнеснинг эҳтиёжлари ҳамда тўлов қобилиятига мос келувчи молия маҳсулотлари яратиш, ахборот-коммуникация технологиялари ва ижтимоий молиялаштириш усулларидан фойдаланиш кўплаб мамлакатларда кузатилаётган оммавий қашшоқликни енгиш ва аҳолининг катта қатламини молиявий-иқтисодий жараёнга жалб қилиш ва, шу орқали, иқтисодий фаолликни жадаллаштириш ҳамда соғлом иқтисодий ўсиш учун зарур шароитлар яратишга қодир.
в) Аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат бўлган ёки аҳолининг катта қисмини мусулмонлар ташкил қиладиган қатор давлатлар бор. Айни пайтда турли сабабларга кўра аҳоли томонидан, давлат даражасида ёки анъанавий банк ҳамжамияти доирасида ислом молиясига нисбатан нотўғри ёки нохолис фикр ва муносабат шаклланган. Бу эса соҳанинг жамиятдаги юқори бўлмаган аҳамияти, амалга татбиқ қилиниши, ривожланиши ва фойдаланиш даражаси пастлигининг асосий сабабларидан биридир.
Шу боис, халқаро ислом ташкилотлари, илмий ҳамжамият, таълим муассасалари, ислом банк-молия муассаса ва гуруҳлари ўзларининг тор миллий доирасидан ташқарига чиқиши ва ислом молиясини муваффақиятли жорий қилган давлатлар тажрибасини аҳоли ва миллий мувофиқлаштирувчи ташкилотлар, молия бозори иштирокчилари ва амалдорлар орасида кенг тарғиб қилиши ва шу орқали ислом молияси моҳиятини қабул қилиш ва тушуниб етиш даражасини ошириши зарур.
Ислом молияси жаҳон молия инқирозини нисбатан муваффақиятли тарзда енгиб ўтиб, ўзининг тизимли хатарларга нисбатан барқарор эканлигини, дунёвий ҳуқуқ муҳитида яшовчанлиги ва мослашувчанлигини исботлади ва умумий иқтисодий ўсишга сезиларли ҳисса қўшиб келмоқда. Бунда у, ўз диний эътиқодларига асосланган ҳолда ислом молиясига мурожаат қилаётганлар учун ҳам, бу тизим орқали ўз молиявий эҳтиёжларини янада тўлароқ қондиришни ният қилаётганлар учун ҳам имкониятлар тақдим этмоқда.
Яна бир муаммо – анъанавий банк ҳамжамияти молия бозоридаги ўз ҳиссасининг камайиши ва мижозларнинг оммавий равишда ислом банкларига ўтиб кетишидан ҳавотирланган ҳолда «ислом банк тизими таҳдидлари»ни бўрттириб кўрсатишидир. Ваҳоланки, ислом банк-молия тизими ривожланишининг сўнгги 30 йил давомидаги тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳаттоки ўз диний удум ва эътиқодларини сақлаб қолган мусулмон давлатларида ҳам молия соҳасининг асосий улуши анъанавий банк тизими ҳиссасига тўғри келмоқда. Мисол учун, Саудия Арабистонидан ташқари (у ерда иккала тизимнинг улуши тенг) бошқа Форс кўрфази давлатлари, Покистон, Бангладеш, Малайзия, Индонезия, Миср, Туркия ва бошқа мамлакатларни кўрадиган бўлсак, уларнинг барчасида ислом банк тизими кўп йиллардан буён жуда кичкина улуш билан қаноатланиб келмоқда. Шу билан бирга, айнан ислом банк тизими аҳолининг кўлида бўш турган катта миқдордаги пул маблағларини «тўшак тагидан» олиб чиқиб, реал иқтисодиётга жалб қилишга, шу орқали иқтисодиёт, тижорат ва аҳоли фаровонлигини сезиларли даражада фаоллаштиришга хизмат қилмоқда. Шундай экан, ҳар қандай ҳуқуқий тизим доирасида ва ҳар қандай шароитда ҳам ислом банклари иқтисодий фаоллашув ва ўсиш манбаси, ҳамда банк-молия соҳасида соғлом рақобатни таъминловчи муқобил тизим сифатида намоён бўла олади.
г) Ислом молияси бир қатор давлатларда муваффақиятли ишламоқда. Ўтган йиллар давомида «стартап» (яъни бошланғич даражадаги) шаклда ривожланган ислом молия тизими бугунги кунга келиб етарли даражада тажриба орттирди ва мана энди шу орттирилган тажриба билан бўлишиш учун халқаро миқёсга чиқиш вақти келди. Ислом банклари ва бутун соҳа вакиллари янги бозорларга (яъни ўз миллий чегараларидан ташқарига) дадил чиқиб бориши, бизнес ҳамкорликни ва «жануб-жануб» кўринишидаги (яъни ривожланаётган давлатлар ўртасидаги, масалан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) аъзолари ўртасидаги) халқаро савдони илгари суриши ва қўллаб-қувватлаши, ҳамда ислом банк-молия тизимини жорий қилаётган давлатларда тўлақонли ҳуқуқий / молиявий ислом инфратузилмасини яратиш бўйича маҳаллий мувофиқлаштирувчи ташкилотлар билан билан ҳамкорликни йўлга қўйиши мақсадга мувофиқ.
Ислом молияси соҳаси олдида турган бошқа қатор муаммоларни ҳам санаб ўтиш мумкин, негаки «мураккаблик ва муаммолар» ҳар қандай тизимга хос. Муаммоларни англаб етиш ва тан олиш самарали ечимлар топиш йўлида бошланғич нуқта ҳисобланади. Бу эса тизимнинг ўзи ва унинг барча «таркибий қисмларини» соғломлаштиради. Агар соҳа вакиллари юқорида айтиб ўтилган муаммоларнинг ҳеч бўлмаса бир қисмини ҳал қилишса ҳам, бу - тизимнинг ривожланиши ва юксалишида улкан қадам бўлар эди.

3-савол баёни. Исломий молия-кредит муассасалари товар-пул айланмаси билан бевосита боғлиқ ва воқеликдаги активлар билан таъминланган, мазмуни ва тузилишига кўра ўзига хос бир қатор воситаларни таклиф этади. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, исломий молия воситаларининг хусусияти қуйидаги тавсифларга асосланган: а) судхўрликнинг мавжуд эмаслиги; б) воқеликдаги қўшимча қийматнинг яратилиши; в) воқеликдаги активлар билан таъминланганлиги; г) ахлоқий-маънавий жиҳатлардан ташкил топганлиги; д) фойда ва зарарларни тақсимлаш, улушли иштирок; е) томонлар ҳар бирининг ахборотдан баравар бохабарлиги. Исломий молия воситалари тўрт таркибий қисмлар асосида шаклланади: 1) Сотиш (байъ): мулкка ёки мулк предметига эгалик ҳуқуқини ўтказишни кўриш учун; 2) Ижара: мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини ўтказишни кўриш учун; 3) Ҳадя (ҳиба): мулк предметини бепул (ҳақ олмай) бериш; 4) Ccуда (арияҳ): мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини бепул (ҳақ олмай) бериш. Исломий иқтисодий адабиётда молиявий воситаларнинг маълум белгилари бўйича турли таснифлари келтирилади. Чет эллик олимлар Грейс ва Иқбол исломий молия воситаларини: битимни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган транзакцион битимлар ва банк молиявий воситачи сифатида иштирок этадиган битимларга ажратадилар. Транзакцион битимлар реал сектордаги ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлиб, савдо, айирбошлаш ва иқтисодий фаолиятни молиялаштиришни қамраб олади. Воситачилик битимлари транзакцион битимларнинг бажарилиш шаффофлиги ва самарадорлигини енгиллаштиради. Исломий молия воситаларининг Грейс ва Иқбол томонидан воситачилик ва транзакцион битимлар бўйича таснифланиши 1-расмда берилган.



Ўз навбатида, малайзиялик олим Судин Хорун исломий банк тизимида ишлатиладиган беш тоифадаги воситаларни келтиради: биринчи тоифага фойда ва зарарларни тақсимлашга асосланган воситалар, иккинчисига эса олди-сотдига асосланган воситалар, учинчисига – йиғим ва комиссияларни ўз ичига олган воситалар киради. Тўртинчи тоифа бепул хизматларни, бешинчиси эса – ёрдамчи хизматларни ўз ичига олган воситаларни баён этиб беради. Иброҳим Варде исломий молиявий маҳсулотларни мазкур воситалардан фойдаланишда вужудга келадиган ҳуқуқий, молиявий, иқтисодий ва сиёсий муносабатлар мажмуига асосланиб таснифлайди. Шунга мувофиқ равишда у сотишга асосланган муробаҳа, мусовама, истисноъ, салам, таварруқ ва ийна каби битимлар кирадиган маҳсулотларни ажратиб кўрсатади. Иккинчи гуруҳдаги воситалар ижара (ёллаш)га асосланган маҳсулотлардир. Учинчи гуруҳга эса фойда ва зарарларни бўлишиш ҳамда улушли иштирокка (музораба ва мушорака) асосланган маҳсулотлар киради.
Исломий молия соҳасидаги россиялик мутахассис Р. И. Беккин исломий молиявий маҳсулотларнинг қуйидаги таснифини келтиради:
– фойда ва зарарларни тақсимлаш механизмига асосланган воситалар ёки молиялаштиришнинг инвестициявий воситалари: музораба, мушорака;
– қарз билан боғлиқ молиялаштиришга асосланган воситалар: муробаҳа, салам, шунингдек, истисноъ ва ижара.
Р.Р. Воҳидов молиявий воситаларнинг энг кўп тарқалган икки гуруҳини кўрсатиб ўтади: капиталда иштирок этишга асосланган воситалар ва қарз билан боғлиқ молиялаштиришга асосланган воситалар. Капиталда иштирок этишга асосланган воситаларга Р. Р. Воҳидов музораба ва мушоракани, қарз билан боғлиқ молиялаштиришга асосланган воситаларга – муробаҳа, ижара, салам ва сукукни киритади. Исломий молиявий маҳсулотларни шакллантириш тамойили бўйича таснифи 2-расмда келтирилган.

Шундай қилиб, аксарият исломий банклар томонидан ишлатиладиган ва халқаро стандартлар билан қатъий белгиланган асос бўлувчи воситалар қуйидагилар ҳисобланади:
1) Шерикчилик шартномаси (улушли молиялаштириш): – музораба, мушорака;
2) Савдо келишуви (қарз билан боғлиқ молиялаштириш). Мазкур воситалар ўртасидаги тафовут активларни сотиш муддатлари билан таърифланади: – муробаҳа, ижара, истисноъ, салам.
3) Қуйидагилар қўшимча воситалар ҳисобланади: – қарзи ҳасан (фоизсиз қарз), агентлик тўловлари (ваколат, жуъла), сукук (капитални мақсадли қимматбаҳо қоғозларга йўналтириш).
Демак, исломий молия-кредит муассасалари амалий фаолиятида тез-тез ишлатиб туриладиган ва бизга маълум бўлган ис ломий молиявий воситаларни шу тарзда ўрганиб ва умумлаштириб, уларни учта шаклга ажратиб кўрсатиш мумкин:
а) шерикчиликка (ёки фойда ва зарарларни тақсимлашга, бошқача айтганда улушли молиялаштиришга) асосланган маҳсулотлар: музораба ва мушорака;
б) олди-сотди битимларида (бошқача айтганда, қарз билан боғлиқ молиялаштириш) иштирок этишга асосланган маҳсулотлар: муробаҳа, ижара (лизинг), салам, истисноъ;
в) банк комиссия (тариф)лари тўлашга асосланган маҳсулотлар (ёки комиссион маҳсулотлар); ваколат (агентлик битими). Реал иқтисодиёт эҳтиёжларига хизмат кўрсатувчи транзакциялар тафовутини акс эттирувчи кенг тарқалган исломий молиявий воситаларнинг таснифи шулардан иборат.
Download 32.86 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling