42-мавзу. Ўзбекистонда Ислом молиясини ривожлантириш масалалари Режа


Download 32.86 Kb.
bet1/4
Sana25.03.2023
Hajmi32.86 Kb.
#1295937
  1   2   3   4
Bog'liq
42-мавзу


42-мавзу. Ўзбекистонда Ислом молиясини ривожлантириш масалалари
Режа:

  1. Ислом молияси. Ислом молиясининг назарий асослари.

  2. Ислом молияси тараққиётининг асосий босқичлари.

  3. Ислом молиясининг асосий инструментлари. Мудораба. Мушорака. Муробаҳа. Истисна. Суғурта фаолияти (такафул). Лизинг фаолияти (ижара). Қимматли қоғозлар билан боғлиқ операциялар (сукук).

1-савол баёни. Ҳар қандай муассасавий тармоқ уни тартибга солувчи қоида ва низомлар, ўрнатилган қонунлар мавжуд бўлган тақдирда фао­лият кўрсатади. Мусулмонлар турмуш тарзини тартибга солув­чи қоидалар ислом қонунлари мажмуи – шариатда ифодаланган.


Ушбу қонунлар тўрт манбага эга. Биринчиси – муқаддас Қуръон бўлиб, у диний билимларнинг асл ва ўзгармас манба­си ҳисобланади. Қуръон Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васал­лам орқали Жаброил (алайҳиссалом) воситасида етказилган Аллоҳнинг ваҳийларини ўз ичига олган бўлиб, бутун инсоният­га йўлланган илоҳий кўрсатма ҳисобланади.
Мазкур қонунларнинг иккинчи манбаси ҳадислар ҳисобланади. Улар Пайғамбар Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васал­ламнинг қавллари ва тутумлари ёки улар билан боғлиқ воқеалар тўғрисидаги қисқа ривоятлар бўлиб, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам суннатлари асосини ташкил этади.
Шариат қонунини шакллантирувчи учинчи манба «ижмо» деб аталади. Ижмо – обрўли исломий олимлар томонидан аниқ бир масала ёки ҳолат учун ишлаб чиқилган ечимлардир. Ислом анъаналарида Қуръон ва суннатдан мустақил хулоса чиқариш ҳуқуқига эга уламолар мужтаҳидлар деб аталади.
Тўртинчи манба «қиёс» деб номланади. Ушбу атаманинг дастлабки аҳамияти «ўлчаш» ёки «икки ашё ўртасида таққослаш ўтказиш» сўзларидан келиб чиқади. Қиёс – мураккаб ва муно­зарали масалалар бўйича Қуръон ва ҳадисларда баён этилган асосларга кўра, мужтаҳидлар томонидан янги ечимларни иш­лаш ва монандлиги асосида ҳукм чиқаришдир.
Ислом ҳуқуқшунослигида Қуръон ва ҳадисларга асосланган далиллар шаръий (қонуний) далиллар дейилади, уларнинг ишонч-лилиги ҳар қандай гумонлардан холидир, чунки мазкур икки манба ислом таълимотининг мутлақ ҳаққоний ва мустаҳкам асосини ташкил этади. Ижмо ва қиёсга асосланган далиллар, шунингдек, «фуру» – шариат ҳуқуқининг тармоғи сифатида ҳам маълум.
Шундай қилиб, ислом йўл-йўриқ кўрсатувчи тартибларни таклиф этади ва инсон ҳаётининг барча жабҳалари, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар (муомала) учун қоидалар мажмуига риоя этишга амр қилади. Ислом тамойилларига мувофиқ шакллантирилган молиявий ва иқтисодий тизим за­монавий ва умумқабул қилинган тизим билан қандай қилиб ва қай даражада уйғунлашиши мумкин? Мана шундай тизим иқтисодий ресурсларни жойлаштириш, тақсимлаш ва айирбош­лаш масалалари билан қай тарзда шуғулланиши мумкин? Унинг асосий қоидаларидан айримлари қай йўсинда лозим даражада таҳлилий синчковлик ила изоҳланиши мумкин? Ислом тамойил­ларига асосланган молиявий, ижтимоий ва иқтисодий тизимни шакллантириш ёки кўриб чиқишга жалб этилган тадқиқотчилар мазкур ва бошқа кўплаб масалаларни тадқиқ этадилар.
Фақат сўнгги бир неча ўн йилликда ушбу молиявий ва иқтисодий низом ҳамда меъёрларни замонавий таҳлилий ата­малар нуқтаи назаридан изоҳлаш учун жиддий саъй-ҳаракатлар амалга оширилганига қарамай ва кўплаб тадқиқотлар чоп этилган бўлса-да, барибир «исломий молия» ёки «исломий иқтисодиёт» сингари «исломий» атама қўшилган турли ижти­моий фанларга нисбатан аниқ таърифни қўллаш юзасидан ай­рим чалкашликлар сақланиб турибди. Мана шундай тизимнинг турли жабҳаларини бир бутун сифатида эмас, балки алоҳида кўриб чиқиш тенденцияси бунинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Масалан, «исломий молия» атамаси кўпинча «фо­изни ман этувчи» тизимни таърифлаш учун ишлатилади. Лекин мана шундай содда баён этиш нафақат нотўғри, балки қўшимча чалкашликларнинг манбаси ҳам ҳисобланади.
Исломий молия индустрияси глобал молиявий активларнинг қарийб 1% ини ташкил этади ва 2002–2012 йилларда йилига 20% га ўсди. Исломий молиявий хизматларга корпоратив ва улгуржи бозорда талабнинг ортиб бориши тармоқ ўсишини рағбатлантириб турган омиллардан бири ҳисобланади. Ушбу тармоқда банклар асосий бўғинни ташкил этмоқда ва глобал банк саноатида у қадар катта бўлмаган, лекин ўсиб бораётган тармоқни ўзида акс эттирмоқда. XX аср охири – XXI аср бош­ларида исломий банк иши ўсишидаги улкан ўзгаришлар йи­рик анъанавий банкларнинг ҳам диққат-эътиборини, «исломий дарча» деб аталадиган муқобил маҳсулотларни тақдим этишга қаратишига туртки бўлди. Чунки исломий банклар умумий молиявий муҳитда вужудга келади ва ишлайди, улар бозорда рақобатбардошликни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ муаммо­ларга рўбарў бўлади. Бундан ташқари, мазкур банклар шариат кўрсатмаси талабларини бажаришлари лозим бўлади.
Инқироздан (2008 йилги жаҳон молиявий инқирози назарда тутилмоқда) кейинги даврларда муқобил молияларнинг ўсиши янада кучайди. Даставвал исломий молиявий маҳсулотлар ҳаммабоп бўлмаган бўлса-да, охирги йилларда у кўплаб мижоз­ларни ўзига жалб этиб, кенгайди. Глобал иқтисодиёт панаси­да қолиб кетган исломий молия энди олдинги сафларга чиқиб қолди. Ҳозирги вақтда аксарият йирик молиявий муассасалар консалтинг, бухгалтерия ҳисоби, шунингдек, ахборот тадбир­лари туфайли муқобил молиялар соҳасига у ёки бу даражада жалб этилмоқда. Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги вақтда исломий молия 105 та мамлакатда ишлаб ту­рибди, аксарият мамлакатлар қонунчилигида мазкур соҳа учун меъёрий-ҳуқуқий асосни яратишга муваффақ бўлинди. Ислом дунёсининг ўзида мазкур молиявий муассасалар молиявий му­носабатларнинг асосий иштирокчилари бўлиб қолмоқдалар.
Исломий молиявий тизим маънавий-ахлоқий қоидалар билан мувофиқ келадиган аниқ ижтимоий йўналишга эгадир. Исломий иқтисодиёт уламолар (Ғаззолий, Форобий, Абу Юсуф, Ибн Хол­дун) ва шарқ олимлари томонидан кўриб чиқилган ҳамда илоҳий мазмун ила белгиланган қонунлар билан тартибга солинувчи жами­ят тузумининг бир қисми сифатида тушунилган, Иброҳим (а. с.), Мусо (а. с.), Исо (а. с.) ва Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам билан тугаган Пайғамбарлар занжири воситасида олам ҳақидаги таълимот орқали инсониятга етиб келган. Мана шу маънода ис­ломий иқтисодиёт яна бир – «тавҳид иқтисодиёти» (тавҳид –арабчадан ёлғиз илоҳга сиғиниш) деб аталган номга ҳам эга. Иқтисодиётнинг ижтимоий йўналганлиги ривожланишнинг асосий мақсадини – хўжалик фаолияти натижаларини тақсимлашда иж­тимоий адолатни таъминлашни тақозо этади. Мана шу мақсадга эришиш воситаси иқтисодиётнинг реал секторини ривожланти­риш ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришиш ҳисобланади. Шу билан бир қаторда уламолар ва иқтисодчилар маънавий одоб ва ахлоқнинг ўзига хос ўрнини, хўжалик фаолиятидаги суистеъ­моллик ва қонунга хилоф ҳаракатлардан асрайдиган унинг ўзгача қобилиятини алоҳида таъкидлайдилар.
Ислом бозор иқтисодиёти ва бозор таъсирини рад этмай­ди. Ҳатто манфаат олишга бўлган рағбат мантиқ доирасида мақбулдир. Хусусий мулкчилик буткул рад этилмайди. Шу билан бирга исломий ва капиталистик иқтисодиёт ўртасидаги асосий фарқ шунда рўёбга чиқадики, дунёвий капитализмда фойда олишга бўлган рағбат ёки хусусий мулкчилик иқтисодий қарорларни қабул қилиш учун чекловсиз имкониятларни берди. Уларнинг эркинлиги бирон-бир илоҳий қўлланма тарафидан на­зорат қилинмайди. Агар айрим чекловлар мавжуд бўлса ҳам, улар инсон томонидан ўрнатилган ва демократик қонунчилик воситасида доимо ўзгартирилиши мумкин, у бирон-бир илоҳий таъсирлар доирасидаги ваколатни ўзига олмайди. Мана шун­дай муносабат жамиятда номувофиқликка олиб келувчи ай­рим ҳаракатларга йўл очиб беради. Фоизлар, қимор ўйинлари, чайқовона битимлар бойликларни озчиликнинг қўлида жамла­нишига олиб келувчи тенденцияга эга. Инсоннинг носоғлом туйғулари ноахлоқий ва зарарли воситалар кўмаги билан пул ишлаб топиш мақсадларида эксплуатация қилинади. Жиловлаб бўлмайдиган даражада фойда олиш монополияларни яратади, улар бозор таъсирини фалаж қилади ёки ҳеч бўлмаганда унинг табиий фаолиятига халақит беради.
Шундай қилиб, бозор таъсирига асосланганлиги таъкидла­наётган капиталистик иқтисодиёт монополиялар эмас, балки фақат эркин рақобат муҳитидагина тўғри ишлай оладиган талаб ва таклифнинг табиий жараёнини амалда тўхтатиб қўяди. Баъ­зан дунёвий капиталистик тизимда жамиятнинг манфаатлари­га ишламайдиган маълум бир иқтисодий фаолият тўғрисидаги нуқтаи назар юксак қадрланади ва унинг фаолияти давомли бўлади, чунки бу ўзларининг кучли мавқелари боис қонунчилик ҳокимиятида ҳукмрон бўлган айрим таъсир доираларининг ман­фаатлари билан мувофиқ келади. Демократик ҳукмронлик дои-расидан ташқари ҳар қандай ҳокимият буткул рад этилади ва «Яратганга ишонч» (ҳар бир АҚШ долларининг олд томони­даги таъкидлар) амалда ижтимоий-иқтисодий соҳадан чиқариб ташланган, илоҳий кўрсатмалар ёки бошқача айтганда, ахлоқ ва одоб иқтисодий фаолиятни бошқариш амалиётида тан олинмайди.
Исломий молиялаштиришнинг ўзига хос муҳим хусусиятла­ридан бири – воқеликдаги (реал) активлар асосида молиялашти­ришдир. Молиявий соҳанинг оддий капиталистик концепциясида банк ва молиявий муассасалар фақат пуллар ва монетар мажбуриятларни сотиб оладилар ва сотадилар. Бошқа томон­дан ягона илоҳга эътиқодда пуллар савдо предмети сифатида тан олинмайди. Пуллар ўзича ҳеч қандай қийматга эга эмас, у фақат алмашинув воситаси, товар ёки хизматнинг пулдаги экви­валентидир. Қандайдир қийматга эга бирон нарса пулга сотил­са ёки турли валюталар бир-бирига алмашганда, фойда пайдо бўлади. Пуллар (бир валютада) ёки уларнинг ўрнини босувчи қоғозлар билан кредит-қарз амалиётлари натижасида олинган фойда ўзида пуллик қўшимча қийматни ифодалайди, демак, у ман этилган ҳисобланади. Шундай қилиб, оддий молиявий му­ассасалардан фарқли равишда муқобил (исломий) молиялашти­риш ҳамиша воқеликдаги (реал) активларга асосланади, олди-сотди жараёнида воқеликдаги қўшимча қиймат юзага келади. Буни воқеликда активларни яратадиган бўнакли молиялашти­ риш воситаларида (салам ва истисноъ асосида) кўриб чиқамиз. Асосан салам амалиётлари ишлатиладиган қишлоқ хўжалигида молиявий муассаса мижози ҳосилни сотганидан кейин ўз фой­дасини молиялаштирувчи билан бўлишиб олади. Истисноъ билан бўлган ҳолатда молиялаштириш маблағи инфратузилма активларини ишлаб чиқаришга йўналтирилади, тўлови кечик­тирилган активни буюртмачига сотишдан келган тушум орқали молиялаштирувчи ўзининг пули ва ўрнатилган фойдани қайтиб олади.

2-савол баёни. Маълумки, шариат – бу жуда ҳам қадимий (тахминан 1500 йиллик) диний, маънавий-ахлоқий, ҳуқуқий тизим. Бироқ унинг молиявий қисми бир неча асрлик «парокандалик» давомида унутилди ва мусулмон Шарқининг ўз анъанавий ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий-молиявий, ҳамда таълим тизимлари асосан Ғарб мамлакатларида пайдо бўлган муқобил тизимларга алмаштирилди. Бу даврда мустамлакага айлантирилган мусулмон давлатларининг (яъни аҳолисининг аксарияти мусулмонлардан иборат бўлган мамлакатлар) бир қанчасида ислом қонунчилигидан фақатгина «никоҳ ва жаноза» каби маросимлар сақланиб қолди десак, катта хато бўлмаса керак. Шу маънода, табиийки, яқиндагина (XX асрнинг ўрталарида) мустақилликка эришган мусулмон давлатлари ва минтақаларининг ҳуқуқшунослик мактаблари бир неча аср давомида йиғилиб қолган мураккаб ва жиддий масалаларни, ҳамда замонавий долзарб муаммоларни ҳал қилишга тайёр эмаслиги маълум бўлди. Бунинг сабаби эса, бир неча асрлик мустамлакачилик даврида ижтиҳоднинг мумиёдек қотиб қолиб, долзарб муаммоларни ҳал қилувчи тизимдан ҳуқуқшунос олимларнинг тор даврасидагина ўрганиладиган назарий масалалар мажмуасига айланиб қолганлиги бўлди, ва бу, шубҳасиз ислом ҳуқуқшунослигининг энг катта фожиаларидан бири бўлди дейиш мумкин.


Бу ҳолатда ислом илмий тафаккурини бироз бўлса ҳам қўзғатиш кучига эга бўлган нарса – нафақат ислом фиқҳини яхши билган, балки мусулмон олами учун турғунлик даври бўлган мустамлакачилик пайтида жаҳонда юз берган улкан ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ўзгаришларни чуқур англаб етган шахслар томонидан амалиётга татбиқ қилиниши мумкин бўлган ҳақиқий жонли мавзуни юзага чиқариш эди. Иккинчи жаҳон урушининг тугаши билан ислом оламида пароканданлик якун топишига умид пайдо бўлди. Айнан шу даврда мусулмон давлатлари ўз мустақиллиги ва ўз тақдирини ўзи белгилаш учун кураш бошлади ва ҳудди шу даврда ислом иқтисодиёти илмий назарияси ва тамойиллари яратила бошланди. Ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб то ҳозирги кунгача бўлган бу даврни 3 та алоҳида босқичга ва бошланиши муқаррар бўлган 4-босқичга ажратиш мумкин.

Download 32.86 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling