7-мавзу: Ўзбек хонликларининг россия империяси


Download 66.87 Kb.
Sana07.03.2023
Hajmi66.87 Kb.
#1244068
Bog'liq
O‘ZBEK XONLIKLARINING ROSSIYA IMPERIYASI TOMONIDAN BOSIB OLINISHI. MUSTAMLAKACHILIK ZULMIGA QARSHI MILLIY OZODLIK HARAKATI. JADIDCHILIK

7-МАВЗУ: ЎЗБЕК ХОНЛИКЛАРИНИНГ РОССИЯ ИМПЕРИЯСИ


ТОМОНИДАН БОСИБ ОЛИНИШИ. МУСТАМЛАКАЧИЛИК ЗУЛМИГА ҚАРШИ МИЛЛИЙ ОЗОДЛИК ҲАРАКАТИ. ЖАДИДЧИЛИК.

Режа:


  1. Россия империяси томонидан ўзбек хонликларининг босиб олиниши.

  2. Туркистонда Россия империясининг мустамлакачилик сиёсати.

  3. Империянинг мустамлакачилик зулмига қарши миллий озодлик ҳаракатлари.

  4. Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг вужудга келиши ва жадидларнинг фаолияти.



Таянч сўз ва иборалар: Россия ҳарбий экспедициялари. Англия – Россия рақобати. Ҳарбий истеҳкомлар. Оқмасжид қалъаси. Тошкентга ҳужум. Мулла Алимқул. Туркистон генерал – губернаторлиги. Фон Кауфман. Вассал. Хивага юриш. Гандимиён шартномаси. Қўқон хонлигининг тугатилиши. Пўлатхон қўзғолони. Мустамлака бошқарув тизими. Тошкент қўзғолони. Дукчи Эшон қўзғолони. 1916 йилги қўзғолон. Жадидчилик ҳаракати. Янги усул мактаблари. Жадидчилик ҳаракатининг етук сиймолари.

Адабиётлар:


  1. Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. –Т.: Шарқ, 1998.

  2. Каримов И.А. Юксак маънавият - енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008.

  3. Жадидчилик: ислоҳот, янгиланиш, мустақиллик ва тараққиёт учун кураш. –Т.: 1999.

  4. Зиёев Ҳ. Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураши. –Т.: Шарқ, 1998. –Б.360-363.

  5. Зиёев Ҳ. Ўзбекистон мустамлака ва зулм исканжасида. –Т.: Шарқ, 2006.

  6. Исмоилбек Гаспринский ва Туркистон. Масъул муҳаррир Н. Каримов.- Т.: Шарқ. 2005.

  7. Usmonov Q. va boshq. O’zbеkiston tarixi. -T.: IQTISOD-MOLIYA, 2006. –B.218-247.

  8. Usmonov Q. va boshq. O’zbеkiston tarixi. -T.: IQTISOD-MOLIYA, 2016. –B.201-230.

  9. Эшов Б. Ўзбекистонда давлат ва маҳаллий бошқарув тарихи. –Т.: Янги аср авлоди, 2012. –Б.415-461.

  10. Shamsutdinov R., Mo’minov X. O’zbеkiston tarixi: o’quv qo’llanma. – T.: Sharq, 2013. – B.133-395.

  11. Shamsutdinov R. va boshq. Vatan tarixi (XVI–XX asr boshlari); K.2.: Mas’ul muharrir: Q.Usmonov.

– T.: Sharq, 2016. –B.136-305.

  1. Ўзбекистоннинг янги тарихи. Биринчи китоб. Туркистон Чор Россияси мустамлакачилиги даврида. –Т.: Шарқ, 2000. –Б. 221-343; 259-318; 426-444.

  2. Ўзбекистон тарихи / Р. Муртазаева умумий таҳрири остида. –Т.: Янги аср авлоди, 2003. –Б.335-380.

ХVIII аср охири ва ХIХ аср бошларида буюк Темур салтанатини уч тарқоқ ўзбек хонлиги ўзида гавдалантирди. Подшо Россияси Ўрта Осиё минтақасига кўз олайтириб, бу ердаги мавжуд хонликлар ҳақида кенг кўламда жосуслик маълумотларини тўплай бошлади. Бу ҳолат «Москва савдо компанияси» деб аталган ташкилотнинг вакили Антони Женкинсон бошчилигидаги элчиларнинг фаолиятида яққол намоём бўлди. Антони Женкинсон Ричард ва Роберт Жонсонлар билан биргаликда 1558 йилнинг апрелидан то 1559 йилнинг 2 сентабригача Бухорода бўлди, у ерда Абдуллахон ИИ билан учрашди. Шайбонийлар сулоласининг салоҳиятли ва машҳур вакилларидан ҳисобланган Абдуллахон рус подшосининг элчиси билан бўлган суҳбатда Россия, Англия ва Туркия давлатларининг ҳарбий қудрати, қурол-аслаҳаси ҳақида маълумот олишга қизиққан бўлса, Женкинсон ва унинг ҳамрохлари Бухоронинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий аҳволи ва халқаро алоқалари ҳақида имкон қадар кўпроқ маълумот тўплашга интиладилар.


Россия маъмуриятининг кўрсатмасига биноан Сибирда жойлаштирилган рус ҳарбий
қисмлари ХIХ аср 30-йилларида Қўқон хонлиги томонидан Сарисув дарёси ва Улутовда қурилган ҳарбий қўрғонларни бузиб ташлади, усталик билан Шарқ томондан Қўқон хонлиги ҳудудларига суқулиб киришини эса давом эттиради.
Шунингдек, Россиянинг хонликларга тазйиқи ғарбдан-Оренбург томондан ҳам кучайиб борди. Ўрта Осиёни қўлга киритиш учун дастлаб «қозоқ даштлар»ини истило қилиш зарур деган Пётр I нинг васиятига изчил амал қилган Россия империяси қозоқ даштларида қурган ҳарбий истеҳком воситасида аста-секин Хива ҳудудига яқинлашмокда эди. Империя сиёсатини амалга оширишда муҳим рол ўйнаган Оренбург генерал- губернатори Василий Перовский Хива хонлигини тиз чўктиришга киришди. У катта қўшин билан 1839 йилда Хива устига юриш бошлади. Хива ҳони Оллоқулихон ҳам ўзбек, қозоқ, ва туркманлардан иборат бирлашган лашкар билан русларга қарши отланди. Охир- оқибат, Перовский қўшини зарбага учраб, орқага чекинишга мажбур бўлди. Бу ғалаба Россияга қарши кураш байроғини кўтарган қозоқ, истиқлолчиларини ҳам руҳлантирди. Узоқ йиллардан бери қозоқларнинг мустақиллиги учун жанг қилаётган Кенесари Қосимов ҳаракати кенг қулоч ёйди. Хива хони унга доимо мадад бериб турди.
ХIХ аср иккинчи ярми бошларида Туркистон хонликларини буйсундириш мақсадида Россия олиб бораётган сиёсат Буюк Британиянинг шу борада узоқни кўзлаган режаларига жиддий хавф солар эди. Шунинг учун Англия турли йўллар билан Ўрта Осиёдаги давлатларни Россияга қарши отлантириш пайига тушади.
1831-1833 йилларда Ост-Индия компанияси лейтенанти Александр Берне Ҳиндистондан Афғонистонга, ундан Бухорога сайёҳ сифатида келади. Бу «саёҳат» натижасида йиғилган далиллар ва шахсий кузатувлар «Бухорога саёҳат» деб номланган уч жилдлик китобга асос бўлди. Бу ўринда А.Бернснинг ўзбек халқи хусусида билдирган фикрлари диққатга сазовордир: «Ўзбеклар муомалада камтар ва самимий. Улар менинг ким эканимни билмаганликларидан, барча нарсалар хусусида, ҳукмдорлари ва сйёсатдан тортиб, бозордаги аҳвол ҳақида ҳам тортинмай сўзлашдилар».
Англия ўз дипломатлари, сайёҳлари ҳамда айғоқчилари воситасида Бухоро, Хива ва Қўқон хонликларини Россияга қарши иттифоққа уюштиришга ҳаракат қилди. Улар шу мақсадда форс ва турк тилларини яхши билган Конолли, Берне, Арчи Тодд, Аббот ва Шекспир каби зобитларни ўзбек хонликларига юбордилар.
Англия Туркия билан ҳамкорликда. Ўрта Осиё давлатларининг ҳарбий иттифоқини вужудга келтиришга кўп уринди, Айниқса, Крим урушида (1853-1856) Англия Ўрта Осиё хонликларига, Афғонистон ва эронга ўз одамларини юбориб, бу мамлакатларни Россияга қарши отлантириш ҳаракатини кучайтирди. Аммо Туркия ҳам, Англия ҳам Россия хуружига қарши ўзбек хонлари бирлигини вужудга келтиришни таъминлашнинг уддасидан чиқа олмади. Чунки хонликлар Ўртасида ўзаро нифоқ-низолар кучли бўлиб, уларнинг илдизи чуқур кетган эди. Бунинг устига, Россия дипломатияси Бухоро, Хива ва Қўқон хонликларини бир-бирига қарши гижгижлаб, ўзининг иғвогарона сиёсатини изчиллик билан юритар эди. Россия бу йўлда собит туриб, Тўрғай вилоятини, 1846 йилнинг кузига келиб, Сирдарёнинг Орол денгизига қуйиладиган еридаги Қозолини ишғол этди ва 1847 йилда Раим, 1848 йилда Казалинск истеҳкомларини қурди. Бу аҳвол Хивани ташвишга солди. Ҳон ўз норозилигини билдириб, элчиларини Петербургга жўнатди. Хива элчиларини рус амалдорлари бу истеҳкомлар савдони йўлга қўйиш ва чўлда тинчлик ўрнатиш учун қурилди, деб алдадилар. Хива ҳони бу истеҳкомларни йўқ, қилишга ҳаракат қилди, лекин Сирдарё ва Оролбўйидаги рус истеҳкомларидаги қўшинларни йўқотиш хусусидаги Хива ҳукуматининг маслаҳатларига қулоқ солмадилар.
Россиянинг урушқоқ доиралари Оренбург ва Сибир орасидаги ерларнинг
«ҳимоясини мустаҳкамлаш учун» Иргиз ва Тўрғай дарёларининг бўйида истеҳкомлар қуришни жадаллаштирдилар. Улар ўзбек хонликларини аста-секин босиб олиш учун, биринчи навбатда, Қўқон хонлигининг муҳим стратегик нуқталарини эгаллашга диққатни каратди. Оқмачит қалъасига ҳужум шу тариқа бошланди.
1852 йилнинг 16 апрелида шижоатли лашкарбоши Ёқуббек раҳбарлигидаги Оқмачит
қалъаси ҳимоячилари душманга қарши қаҳрамонона жанг қилиб, рус аскарларини Оренбургга чекинишга мажбур этишди. Шундан сўнг ўзбеклар билан бўлган жангларда катта тажриба тўплаган Оренбург генерал-губернатори граф В. Перовский 1853 йилда ташаббусни ўз қўлига олиб, яна ҳужумга тайёрланди. Перовский Оқмачит ҳимоячиларига мактуб йўллаб, таслим бўлишни таклиф килди: «Гарчанд сизлар қалъа ичида турган бўлсаларингиз ҳам Оқмачит олинган деб ҳисоблайверинг. Мен шу ерда турибоқ барчангизни битта қўймай кириб ташлашим мумкин. Аммо, мен бундай қилмайман, чунки, биз бу ерга бир ёки икки кунга эмас, балки абадул-абад келдик, энди орқага қайтмаймиз». Қалъа мудофаачилари бу мактубга «биз бир томчи қон ва кўчада бир дона кесак қолгунча, ҳамма қуролларимиз синиб битгунча курашаверамиз», деб жавоб беришди.
Ёрдамчи кучлар олиб келиш учун кетган Ёкуббекнинг кечикишидан фойдаланган руслар йигирма икки кунлик қуршовдан сўнг мудофаа аҳамияти жуда катта бўлган Оқмачит қалъасини забт этдилар.
Россия давлатининг ҳукмрон доираларида эса бу пайтга келиб Қўқон, Хива хонликлари ва Бухоро амирлигига нисбатан истилочилик руҳи устун келиб, Александр ИИ (1855-1881) ҳукуматининг ташқи сиёсатида жангари генераллар мавқеи кучайди. Генерал-адъютант граф Д. Милютиннинг ҳарбий вазир лавозимига, граф Н. Игнатевнинг эса Бош штаб Осиё бўлими раҳбарлигига тайинланиши Россиянинг Ўрта Осиёдаги сиёсатида кескин ўзгаришлар бўлишидан дарак берарди. Россия матбуотида эса Ҳиндистондек бой ўлкани мустамлакага айлантирган Англиядан ўрнак олиб, Осиёда фаол ҳаракатга чорловчи мақолалар пайдо бўла бошлайди.
Империя ҳарбий вазирлигида ўзбек хонликларининг иқтисодий ва сиёсий аҳволига оид жосуслик маълумотлари етарлича тўпланган эди. Генерал унвонига кўтарилган граф Н. Игнатевнинг ўзбек хонликларининг ҳақиқий аҳволи ва уларни Россия назоратига олишни қай юсинда амалга ошириш ҳақидаги ахборотлари бу маълумотлар орасида алоҳида ажралиб турарди.
Граф Игнатев биринчи галдаги вазифа сифатида Қўқон хонлигига қарши бевосита ҳарбий ҳаракатлар бошлашни таклиф қилган. Ана шу таклифга кўра, Россия 1860 йилда Қўқон хонлигига қарши эълон қилинмаган уруш бошлади.
1864 йилнинг 2 октабрида эрталабдан бошлаб ҳар икки томон ўртасида тўплардан ўқлар узилди. Бу вақтда эшонқули додҳох мадрасаси муллаваччалари, хусусан, эшон Шарифхўжа Офоқхўжа ўғли, эшон Хожихон Маликхожи юзбоши ўғли Саъид Аҳрорхўжа Сотиболдихўжа ўғли, пичоқчи уста Содиқ Ҳазар, ўратепалик Хидирназар заргарнинг укаси ва бошқа зиёли вакиллари «ғазотни ва бу шарафли урушни Қуръон, тафсир ва ҳадислардан олинган сўзлар билан исботлаб, ҳаммани ғазотга ва урушга чорлади. Уларнинг ўзлари ҳам Қўқон дарвозасига бориб, тўпчиларга қўшилиб ўқ жойлашда ва отишда қатнашдилар».
Тошкент девори тўплардан ўққа тутилгандан кейин подполковник Обух 2 рота аскари ва 4 тўпи билан ҳужумга ўтиб, деворнинг бир қисмини тешишга эришди. Шундан кейин рус аскарлари подполковниклар Обух ва Лерх қўмондонлигида шу жойдан шаҳарга бостириб кириш учун зовурни кечиб ўтишга ҳаракат қилганлар. Муҳаммад Солиҳнинг гувоҳлигига кўра, «уруслар олўа чопиб зовурга ўзларини отдилар; уларнинг иккинчи гуруҳи ёрдамга келмокда эди. Шу онда девор устидаги шертабиат ва довюраклар ўзларини пастга ташлаб, зовур ичида уруслар билан ёқама-ёқа ушлашиб бир-бирларини ханжар билан ўлдира бошладилар. Ҳатто баъзи кишилар кўрқиб кетаётган душман орқасидан қувиб ва ушлаб, ханжар ва қилич билан жанг қилдилар. Зовур ичидаги уруслардан уруш ва талаш билан 72 кишининг боши танасидан кесилиб, яроғ-аслаҳалари ўлжа олиниб, ғозийларга бўлиб берилди».
1865 йилнинг баҳорида генерал Черняев Ниёзбек қалъасини босиб олди. Тошкентга русларнинг иккинчи ҳужуми бошланди. Черняев юрт хоинларидан бири Абдураҳмонбек Шодмон ўғлининг маслаҳати билан Бўзсув тўғонини бузиб, уни Чирчиқ сойига буриб
юборди. Абдураҳмонбек аслида Тошкент шаҳрининг Чувалачи маҳалласидан бўлиб, Черняевга муҳим маълумотларни етказиб турган хиёнатчилардан эди. Абдураҳмонбек кўнгилли равишда Россия хизматига ўтади.
Генерал Черняев эса шаҳарни тўпга тутишда давом этар эди. Унинг зарбдор кучлари Сирдарё қирғоғидаги Чиноз қалъасини эгаллади. 1865 йил 14 июндан 15 июнга ўтар кечаси полковник Абрамов, подполковник Жемчужниковлар қўмондонлигидаги 7 рота ва 8 замбаракдан ташкил топган аскарлар аста-секин боғлар орасидан Камолон дарвозаси томонга қараб юрдилар. 15 июн эрта тонгда рус аскарлари тўсатдан Тошкентнинг Камолон дарвозаси деворидан ичкарига бостириб кирдилар. Муҳаммад Солиҳнинг сўзларига қараганда, руслар даставвал деворнинг бир киши ўтадиган тор жойидан кириб олишган сўнгра дарвоза ва девор устига чиқишиб, у ердаги тўпни ерга улоқтирганлар ҳамда Муҳаммад Солиҳ ва унинг атрофидаги кишиларга қарата милтиқлардан ўқ отишган. Шу пайтда мулло Исматилло деган бир киши қўлтиғидан тўрт бўлак тошни чиқариб: «Биз ҳам чимкентликларга ўхшаб гуноҳкор бўлиб, ҳаром ўлайликми? Яхшиси, бу заминда ғозий ёки шаҳид сифатида ўлганимиз афзал»,-деб қичқирган.
Рус аскарлари Камолон дарвозасидан кириши биланок Абрамов 250 аскар билан девор ёнидан ўнг томонга кетган. Туркистон вилоятининг ҳарбий губернатори қилиб тайинланган генерал Черняев 1866 йил январ ойида Бухоро амирлигини буйсундириш учун унга қарши эълон қилинмаган уруш бошлади. Унинг қўмондонлиги остида қўшинлар Жиззах томон отландилар. Бу хабарни эшитган амир Музаффар ўзи тахтга қайта ўтқизган ва таъсирида деб ҳисобланган Қўқон ҳони Худоёрхонга русларнинг йўлини тўсишни буюрди. Худоёрхон эса Россия билан тўқнашишдан қўрқиб, амир Музаффарнинг фармонини бажармади.
Рус истилочилари Бухоро хонлигига қарши уруш ҳаракатларини икки ҳарбий мавсумда-1866 ва 1868 йилларда ўтказади. 1866 йилда олиб борилган истилочилик босқинлари оқибатида хонликнинг Ўратепа, Жиззах ва Янгиқўрғон сингари ҳудудлари Россия таркибига киритилади. Иккинчи ҳарбий мавсумда-1868 йил қирғинбаротида эса Самарқанднинг олиниши, амир қўшинларининг Зирабулоқда ўзил-кесил тормор этилиши содир бўлади. Ўрта Осиёнинг қадимий пойтахтларидан бири, Соҳибқирон Амир Темур довруғини жаҳонга ёйган Самарқанднинг босиб олиниши, нафакат хонликда, шу билан бир қаторда, дунё афкор оммаси кўз ўнгида, шимолдан келган оқ айиқнинг ёвуз мақсадлари чегара билмаслигини намоён этган эди. Амир Музаффар талафотлар олдида қаттиқ эсанкирашга тушади, у ўз тасарруфидаги ҳудуднинг қарийб тенг ярмидан маҳрум бўлган эди.
Россиянинг ҳукмрон доиралари Туркистон генерал-губернаторлигини ўзининг Ўрта Осиёдаги ҳарбий режаларини амалга ошириш учун таянч марказига айлантириб, бу сафар истилочилигини Хива хонлигини тўла бўйсундиришга қаратдилар. Улар Пётр I васиятини сира унутмаган эдилар. 1717 йилги Бекович-Черкасский қўшинининг ҳалокати ва 1839 йилда Перовский юришининг барбод бўлганлиги рус генералларининг хотирасидан чиқмаган эди. Пётр I нинг босқинчилик режасини тўла амалга ошириш учун тайёргарлик ишларини поёнига етказишгач, истилочилар Хива хонлигига кўз тика бошладилар.
Хива хонлиги мустақиллиги билан мустамлакачиларга жиддий хавф солиб турар эди. У минг йиллардан буён давом этиб келаётган қадим Хоразм давлати тимсоли сифатида ҳам Россия учун хавфли кўринди. Россия империяси ўз тасарруфидаги қозоқларни озодлик курашига рағбатлантириб турган Хива эканлигини ҳам яхши биларди. қозоқларнинг миллий-озодлик курашига раҳбарлик қилган Кенесари Қосимов Хивадан доимо мадад олиб, ўн йил давомида Россияни безовта килиб келаётганлигини ҳам унутмадилар. Масаланинг сиёсий томонидан ташқари, Санкт-Петербург бутун Туркистон ўлкасида тижорат ишларини ҳам батамом ўз қўлига олишни мақсад қилиб қўйган эди. Каспий денгизининг Шарқий соҳилларидан Туркистон шаҳарларига олиб борувчи барча савдо йўллари эса Хива хонлиги ҳудудларидан ўтар эди.
1872 йил охирларида ҳарбий вазир бошчилигида Петербургда Туркистон, Оренбург
генерал-губернаторлари ва Кавказдаги подшо ноиблари иштирокидаги маҳфий кенгашда Хива хонлигини босиб олишга қарор қилинади. Генераллар режасига кўра, Туркистон генерал-губернаторлигига қарашли кучлар шарқдан, Оренбург губернатори ва Кавказ ноиблиги иҳтиёридаги ҳарбий кучлар эса ғарбдан ва шимоли-ғарбдан Хива устига юришлари керак эди:
Россиянинг тажовузкорона нияти Хива хони ва унинг олий мансабдорларига сир эмас эди. Сайид Муҳаммад Рахимхон II (1865-1910) 1872 йилда Ҳиндистон висе-қироли ҳузурига элчи жўнатиб, руслар таҳдидига қарши Англиядан мадад сўраган эди. Хоннинг элчиси Аминбой Муҳаммад ўғли Калкутта шаҳрида лорд Норсбрук билан музокаралар олиб борди. Англиянинг ҳукмрон доиралари Хива мустақиллигини сақлаб қолишдан манфаатдор бўлсалар ҳам, Россия билан очиқ тўқнашувдан хавфсирар эдилар. Лондон ўзининг бой мустамлакаси Ҳиндистонга руслар таҳдид солишидан ва Афғонистондаги мавқеига Россиянинг жиддий хатар етказишини ҳисобга олиб, Хивага ёрдам кўрсатмаслик йўлини тутди. Ҳиндистон висе-қироли Норсбрук шу сабабли элчига иложи борича руслар билан алоқани яхшилаш воситаларини ишга солишни ҳамда қўшни мусулмон давлатлари иттифоқини вужудга келтиришни маслаҳат берди. Лорд Норсбрук, агар руслар билан уруш бўлиб колса, Англия ёрдамига умид қилмасликни ҳам очиқ изҳор қилди.
Хива энди ўз кучи ва имкониятига қараб иш қуриши лозим эди. Хонлик қўшинида ҳаммаси бўлиб 27 эски замбарак, 2 минг отлиқ аскар, 4 минг навкардан иборат қўшин бўлиб, улар ҳам асосан пойтахтда жамланган эди. Хива истилосига отланган Россия қўшини ҳам сон, ҳам сифат жиҳатдан, шунингдек ҳарбий техника имконияти, қурол- яроғлари билан ҳам Хива хонлиги қўшинидан устун эди. Мазкур ҳарбий операсияга раҳбарлик қилувчи зобитлар ва генераллар амалий тажрибаси ҳам хивалик лашкарбошилардан кўп даражада юқори эди. Туркистон қўшинларига (22 рота, 1800 казак ва 18 тўп) генерал Кауфман, Оренбург отрядига генерал Верёвкин (15 рота, 600 казак, 8 тўп), Манғқишлоқ отрядига полковник Ломакин (12 рота, 800 казак, 8 тўп) қўмондон бўлиб, Орол флотилияси ҳам улар иҳтиёрига берилган эди.
1873 йил 29 май куни русларнинг асосий кучлари Хива остоналарида пайдо бўлдилар. Хива ҳони ортиқча қон тўкилишини истамай, музокаралар бошлаш ҳақида ўз вакилларини фон Кауфман ҳузурига жўнатди. Аммо урушқоқ генерал хоннинг таклифини оқибатсиз қолдириб, ҳужумга киришди.
Хива мудофааси йўлбошчиларининг номлари тарих саҳифаларига умрбод ёзилиб қолди. Зеро, 1873 йилда Хивани мудофаа қилган кишиларнинг исм-шарифлари истиқлол тарихидан муносиб жой олиши фарздир. Урганч дарвозасига Муҳаммад Ризо тўра, Тошоёқ дарвозасига Абдуқодир тўра, Боғишамол дарвозасига Раҳимбердибек Оллоҳберди тўра Мағфур, Шайх дарвозасига Оллоҳберганбек ибн Худойберганбек тўра ўғли тайин этилди. Шаҳар ташқарисида эса русларга қарши жанг майдонига чиққан Худоёр қушбеги, Раҳматулла ясовулбоши, Абдулла Маҳрам, Маҳмуд ясовулбошиларнинг навкарлари фидокорона жанг қилдилар.
Ўрта Осиёнинг арзон хом ашё манбаи ва рус саноат моллари сотиладиган кулай бозор бўлишини 1826 йилдаёк генерал-маёр Веригин император Николай I (1825-1856)га йўллаган тақдимномасида баён қилган эди. Веригин Россияда ишлаб чиқарилаётган моллар мамлакат ичкарисида ҳам зўр-базўр сотилаётгани ва сифати паст бўлгани учун Европа бозорларида сира рақобатга дош беролмаслигини кўрсатиб, Ўрта Осиё бу жиҳатдан рус саноат моллари сотиладиган қулай бозорга айланиши мумкинлигини баён қилган эди. Бу фикрни сенатор граф К.К. Пален ривожлантириб шундай деган эди:
«Туркистонни истило қилишнинг сиёсий сабабларини ҳисобга олмаган такдирда ҳам бу ўлка Россия тарафидан босиб олинишининг дастлабки кунлариданоқ Россия учун икки жиҳатдан қизиқиш уйғотган эди:

    1. Молиявий сиёсат жиҳатидан давлат даромади манбаи ва ички ишлаб чиқариш маҳсулотлари учун янги бозор.

    2. Мустамлакачилик сиёсати нуктаи назаридан марказий губерниялардаги ортиқча

аҳолини кўчириш учун янги ҳудуд сифатида диққатга лойиқ эди».
Империя юкори сиёсий доираларининг нуфузли вакили сенатор граф К.К.Пален ўлканинг метрополияга тўлайдиган солиқлари микдорини аниқ билгани ҳолда уларни янада ошириш режасини ҳам ишлаб чиққан эди. Бу режа изчиллик билан амалга оширилган. Агар ХIХ аср охирида ер солиғи 4 миллион сўмни ташкил қилган бўлса, 1914 йилга келиб у 75 фоизга купайди. Россиянинг Туркистондан оладиган даромади 300 фоизга ошди ва 1916 йилга келиб 38.329 минг сўмни ташкил қилди.
Империянинг Туркистон хом ашёсидан оладиган фойдасининг аниқ микдорини ҳеч ким билмаган ва у фақат метрополия буржуазиясигагина маълум эди. Россия тўқимачилик саноати маҳсулотлариқкиммати 1900 йилдан 1913 йилга қадар 150 фоиз ошганидан келган фойда ҳам шу рус капиталистларининг чўнтагига тушган ва унинг ҳисобини ҳам ҳеч ким билмайди.
Россия ҳукмрон доиралари Туркистон ўлкасига мўмай даромад манбаи ва арзон хом ашё макони сифатида қараб, халққа солинадиган солиқ ва мажбуриятларни кўпайтириш сиёсатини қўллаб келди. Ўлкада солиқлар миқдори тинимсиз ошиб борди. 1889 йилдан 1896 йилгача мустамлака маъмурияти солиқларни 40 фоизга оширди. Генерал-губернатор императорга 1895-1897 йиллар бўйича берган ҳисоботида солиқларни янада кўпайтириб, ўлкадан олинадиган даромадни ошириш учун аҳолидан янги ҳарбий солиқ ундиришни таклиф килди.
Рус капитали учун ўлка дарвозасини кенг очиб берган темир йўл шахобчалари ўргимчак тўри мисол ҳар ёққа илдиз отиб, 1885 йилда Ашхободга, 1886 йилда Марв, Чоржуй ва Амударёгача бориб етди, Қорақум саҳросидан ўтган пўлат излар 1888 йилда Самарқандга туташди. 1898 йилда Марв-Кушка тармоғи қурилиб, бир йилдан сўнг Фарғона водийси ва Тошкент ҳам темир йўл билан боғланди. Шундай қилиб, кейинчалик Ўрта Осиё темир йўли деб номланган Каспиёрти темир йўлининг узунлиги 1748 чақиримга етди. Мустамлака хом ашё манбаларини метрополия саноатига яқинлаштиришнинг навбатдаги вазифаси-Туркистон-Сибир темир йўлини қуриш кун тартибига қўйилди.
Маҳаллий ва подшо амалдорларининг ўтказган зулмлари, иқтисодий оғир аҳвол, ижтимоий адолатсизликлар оқибатида Фарғона водийси деҳқонларининг бир неча бор тарқоқ ҳолдаги кўтарилишлари бўлиб турди. Агар 1899 йилда биргина Қўқон уездида шундай «тартибсизликлар» 9 марта содир этилган бўлса, 1900 йилга келиб, уларнинг сони 20 тага, 1904 йилда 33 тага, 1905 йилда 55 тага, 1906 йил 63 тага ва 1907 йилда эса 67 тага етди.
Юқорида кўрсатиб ўтилган сабаблар вилоятда жиноятчиликнинг ўсишига ҳам олиб келди. Туркистон ўлкаси истило этилгач, халқнинг асрлар бўйи эъзозлаган аҳлоқий- маънавий қадриятлари оёқ ости қилинди, шариат меъёрлари бузилди. Оқибатда майда жиноятлар-ўғрилик, ароқхўрлик, товламачиликлар сони ортиб борди. Масалан, Фарғона вилояти бўйича 1906 йил 125 та жиноят содир этилган бўлса, 1907 йилда уларнинг сони 131 тага, 1908 йил 174 тага, 1909 йилда эса 254 тага етди.
Биринчи жаҳон урушида Россиянинг иштироки ва урушдаги мағлубиятлар, нафақат империянинг марказий ҳудудларида, балки чекка мустамлакалар, хусусан, Туркистонда ҳам халқ оммаси норозилигининг кучайиши, ижтимоий-сиёсий фаоллигининг ортишига сабаб бўлди. Бундан хавфсираган мустамлакачилар аҳолининг тобе ҳолатда тутиб туришнинг турли йўлларини излай бошладилар. Маҳаллий аҳолида ҳукуматга, подшоҳ ва унинг оила аъзоларига садоқат руҳини камол топтириш учун чор амалдорлари барча масжидларда подшоҳ ва унинг оила аъзолари номига хутба ўқилишини ташкиллаштирдилар.
Хуллас Россия империяси томонидан Туркистоннинг босиб олиниши маҳаллий аҳолининг иқтисодий аҳволини оғирлаштириб юборди. Миллий, диний, иқтисодий зулм кучайиб кетди.
Мустамлакачилар томонидан омманинг қаттиқ эзилиши, охир-оқибатда қуролли
чиқишлар ва қўзғолонларни келтириб чиқарди. Айниқса, бу ҳолат Фарғона вилоятида кескин тус олди. Фарғона вилояти иқтисодий ва меҳнат ресурслари жиҳатидан Туркистон генерал-губернаторлигидаги етакчи вилоят ҳисобланган. 1898 йилги халқ қўзғолонининг шафқатсизларча бостирилиши, маҳаллий аҳолидан қаттиқ ўч олиниши кишиларни иродасини бука олмади. Аксинча, халқнинг мустамлакачиларга бўлган қаҳр-ғазабини ошишига сабаб бўлди, холос. Яна шу каби халқ ҳаракатларининг пайдо бўлишидан чўчиган подшо амалдорлари Фарғона водийси аҳолиси устидан назоратни кучайтирдилар. Рус-япон уруши аҳолининг турмуш даражасини кескин пасайишига олиб келди.
Уруш Туркистоннинг иқтисодий аҳволига салбий таъсир кўрсатди. Пахтанинг харид нархи кескин тушиб кетди. Мустамлакачилар учун Туркистон ўлкаси пахта етказиб берувчи асосий база ҳамда ижтимоий, иқтисодий ва миллий зулм объектига айланди. Бу зулмни амалга оширишда, ўлка бойликларини талашда темир йўллар муҳим восита бўлди. 1916 йил 25 июндаги Подшо Николай II нинг фронт ортидаги ишлар учун ерли аҳолидан мардикорликка олиш ҳақидаги фармони бутун Туркистонда маҳаллий аҳолининг кескин норозилигини келтириб чиқарди. Бу норозиликлар оммавий ғалаёнлар, кичик амалдорларнинг уйларига ўт қўйиш ва ўлдиришларда ўз ифодасини топди. Подшо фармонига мувофиқ, Туркистон генерал-губернатори 1916 йил 23 августда буйруқ чиқарди. Бунга кўра, фақат Фарғона областининг ўзидангина 51 233 киши мардикорликка
сафарбар қилиниши лозим эди.
90-йилларда Туркистонда рўй берган энг йирик халқ ҳаракати 1898 йилги Андижон қўзғолонидир. У Андижонда бошланган бўлса-да, Ўш ва Наманганни ҳам қамраб олди. Бинобарин, уни Фарғона қўзғолони деб аталса тўғрироқ бўлади. Ушбу даврдаги барча қўзғолонлар каби бў ҳаракат ҳам бостирилди. Маҳаллий халқдан қаттиқ ўч олинди, жазоланди.
Қўзғолоннинг сабаби Россия империясининг пахтачиликни ривожлантиришдаги ваҳшиёна сиёсати эди. Шарқий Фарғона энг йирик пахтакор вилоят ҳисобланар, зотан, Туркистондаги жами пахтазорларнинг учдан бир қисми Фарғонага тўғри келарди. Халқ оммасининг мустамлакачилар ва бойлар томонидан эзилиши, судхўрликнинг авж олиши ва ҳоказолар қарздорлар, чоракорлар, батракларни кўпайтириб юборди. Бу эса, табиий равишда омманинг кўтарилишини, қўзғолонни келтириб чиқарди. Туркистонда жадидчилик ҳаракати ўзининг чуқур маҳаллий илдизларига эга. Туркистон халқларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётда жаҳон халқларидан ортда қолаётганлигини ХIХ асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган илғор фикрли зиёлилар ўз вақтида англаб етган эдилар. Улар бу қолоқлик исканжасидан қутилишнинг ягона йўли деб илм-маърифатни танладилар.
Илм тараққиётнинг негизи эканлигини англаб етган илғор зиёлилар аввало қолоқликдан қутилишнинг асосий шарти деб, маърифатни танладилар. Шу мақсад йўлида ХIХ асрнинг сўнгги чорагида дастлабки янги усул мактаблари очилди.
Фарғона ўқув юртлари инспекторининг Туркистон ўқув юртлари Бош инспекторига 1909 йил 6 декабрда йўллаган янги усул мактаби ҳақидаги маълумотномасида кўрсатилишича, водийдаги дастлабки янги усул мактаби Қўқон уездида Аҳмаджон қори томонидан 1892 йилда очилган.
Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг атоқли намояндаларидан Ишоқхон Ибрат ҳам Қўқонда мадрасани тамомлагач, 1886 йилда Тўрақўр ғонда мактаб очади лекин у тез орада ёпилади. Шундан сўнг Ибрат 1887 йилдан 1895 йилгача Осиё ва Европанинг кўплаб мамлакатларида бўлади. ўндан ортиқ чет тилларини ўрганади, ғарб илм-фани ва техникаси ютуқлари билан танишади. Сафардан қайтгач эса ўз юрти тараққиёти учун изчил амалиётга киришиб, жадидчилик ҳаракатининг фаолларидан бирига айланади.
Жадидларнинг ҳаракати туфайли ХХ аср бошларига келиб водийда ўнлаб янги усул мактаблари фаолият кўрсатмоқда эди. Айниқса, Рус-Япон урушидаги мағлубиятдан сўнг бошланган ижтимоий сиёсий ҳаракатлардаги жонланиш туркистонлик жадидлар фаоллигининг ошувига катта туртки бўлди ва жадидчилик ҳаракати ушбу жараёнлар таъсирида сиёсий тус ола бошлади.
Тараққийпарварлар омма орасида маърифатни кенг ёйиш, миллатнинг сиёсий онгини юксалтириш борасида оммавий нашрлар, босмахоналар очдилар, театр томошаларини ташкил этдилар. Бу борада Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Садриддин Айний, Файзулла Хўжаев, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Абдурауф Фитрат ва бошқаларнинг хизматлари беқиёс бўлди. Туркистон ўлкасидаги дастлабки тараққийпарвар жамиятлар, тадқиқ этилган манбалар берган маълумотларга кўра, 1905-1907 йилги биринчи рус инқилобидан сўнг, эрон ва Туркиядаги ижтимоий- сиёсий ҳаракатлар таъсирида вужудга келган. Осиё мамлакатларидаги инқилобий ҳаракатлар, мусулмон дунёсидаги, хусусан, Туркистондаги ижтимоий-сиёсий ва диний фикрларнинг тараққиётида муҳим босқич бўлиб хизмат қилди.
1904-1905 йиллардаги Рус-япон урушида Россиянинг мағлубияти империядаги барча эзилган халқлар олдида мустабид подшо тузуми обрўсини кескин тушишига олиб келди. Бу эса сиёсий фикрлар ривожига туртки бериб, миллий озодликка эришиш орзуларини ушалишига ишонч уй ғотди. Шарқдаги инқилоблар ва ўлкага у ерлардан кириб келган турли хил ғоявий оқимлар бу ерлардаги мухолиф кучларнинг бирлашиши, миллий-сиёсий ташкилотлар ҳолига келиши ва ривожланиши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
Умумий диний ва миллий мақсадлар йўлидаги муштараклик Россиянинг илғор мусулмон зиёлиларини ягона ғоя теварагида жипслашишга чорлади. Ва ниҳоят, 1905 йилнинг 15 августида Нижний Новгородда Россия мусулмонларининг И съезди чақирилди. Съездга Россиянинг турли минтақаларидан 150 га яқин делегатлар ташриф буюрдилар. Биринчи мусулмон съезди Бутунроссия мусулмонлари иттифоқи («Иттифоқи муслимин»)ни тузилганлигини эълон қилди. Иттифоқ Низоми эса, «Каспий» ва «Ҳаёт» газеталарининг муҳаррири бўлган Алимардонбек Тўпчибошев томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, 1906 йил январ ойида Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган мусулмонларнинг ИИ съездида тасдиқланди.
«Иттифоқ» дастури эса, 1906 йил 16-21 август кунлари Нижний Новгородда бўлиб ўтган Бутунроссия мусулмонларининг III съездида қабул қилинди. «Иттифоқи муслимин»нинг тузилиши Россия мусулмонлари ижтимоий-сиёсий ҳаракатлари ривожида катта аҳамиятга эга бўлди. Биринчи жаҳон уруши йилларида ўлка зиёлилари ижтимоий- сиёсий ҳаётга фаол аралаша бошладилар. Худди шу даврда Туркистонда ҳам миллий нашрлар ва жамиятлар сони ортиб бориб, жадидлар томонидан қолоқликдан қутулиш ва миллий тараққиёт сари дадил қадамлар ташлана бошлади.
1916 йил Қўқон шаҳрида тараққийпарварлар томонидан «Ғайрат» жамияти тузилади. Бу жамиятнинг ўз олдига қўйган мақсадлари, биринчидан, янги усул мактабларини дарслик, дафтар ва ўқув қуроллари билан таъминлаш бўлса, иккинчидан, ерли халқ орасида китоб, газета ва журналларни маҳаллий тилда чоп этиб, тарқатишдан иборат бўлган.
1916 йилга келиб жадидлар томонидан Андижон шаҳрида «Тараққийпарвар» жамияти тузилди. Бу даврда ўлка жадидларининг сиёсий фаоллиги анча ошган бўлиб, улар ўз йиғилишларида, газета ва журналлардаги мақолаларида маърифий мавзулар билан бирга ижтимоий, иқтисодий масалаларни ҳам кўтариб чиқа бошлаганлар. Андижондаги бу жамият таниқли жадид Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев раҳбарлигида тузилган бўлиб, бу ҳақда чор айғоқчилари ҳам тез орада хабар топадилар.
Фарғона вилояти ҳарбий губернаторининг фармойиши асосида Андижон уездида
«Тараққийпарвар» жамияти ҳақида яширин сўров ва текширувлар ўтказилади. Текширув натижаларига кўра, ташкилот сафида маҳаллий миллат вакилларидан ташқари Чайкин, Шапиро ва Окун каби шахсларнинг борлиги, ташкилот раҳбарлиги Асадуллахўжаев қўл остида эканлиги кўрсатиб ўтилади. Участка пристави Биршертнинг таъбирича, жамият ташкилий жиҳатдан яхши уюштирилган.
Бутун Туркистон ўлкасида бўлган каби, Андижонда ҳам мустамлакачи маъмурлар жадидларни ўзларининг энг хавфли душманлари деб билар эдилар. Тарақийпарварлар халқ орасида ташвиқот-тарғибот ишларини яхши йўлга қўйганлар.
Халқ орасида ўз нуфузига эга бўлган маҳаллий бойлардан Аҳмадбекҳожи Темирбеков, Пошшахўжа Умархўжаев, уезд судяси таржимони Ўразалиев Акбарали Бойтурсунович ва бошқалар ушбу жамият аъзолари эдилар.
Шундай қилиб, айтиш мумкинки, ХХ аср бошларида Туркистондаги ижтимоий- сиёсий вазият ғоят оғир бўлиб, маҳаллий аҳолининг ҳуқуқсизлиги, таҳқирланиши ҳаддан ошган, Водий мустамлакачилар учун арзон иш кучи ва хом ашё базасига айланиб қолган эди. Илғор зиёлилар Туркистон метрополиянинг хом-ашё базасига айланиши билан бирга, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий жабҳаларда жаҳон тараққиётидан ортда қолаётганлигини сездилар. Ватан тақдири ҳақидаги бундай ўйлар охир-оқибатда мустақиллик учун курашнинг ўзига хос йўлларини излаб топишни тақозо этди. Мавжуд вазиятда, яъни, кучли сиёсий-ҳарбий таянчга эга бўлган мустамлакачи ҳукумат билан миллат келажаги йўлида беллашишнинг ягона йўли, халқни дунёвий илм-фан билан қуроллантириш, халқаро талаблар доирасидаги мутахассислар тайёрлашдан иборат эди. Бу эса ўз ўрнида жадидчилик ҳаракатининг келиб чиқишига сабаб бўлди.
Жадидчилик ҳаракати дастлаб ҳақли равишда маърифатпарварликдан бошланди. Туркистонда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли, Файзулла Хўжаев, Абдулла Авлоний, Убайдулла Асадуллахўжаев, А. Зоҳирий, О. Маҳмудов, И. Ибрат, Ҳамза, Чўлпон, А. Ибодий, Дадамирза қори ва бошқалар эди.
Рус мустамлакачилигига қарши кураш турли кўринишларда бўлса-да, давом этди. Бу кураш бошида миллатнинг илғор фикрли зиёлилари турдилар. Дастлаб мактаб-маориф, ёш авлод таълим ва тарбиясини ислоҳ этиш ғоясидан бошланган бу ҳаракат, кейинчалик ўз ичига сиёсий муаммоларни ҳам кенг кўламини қамраб олди.
Аввал маорифни ислоҳ қилишдан бошланган Туркистон ўлкасидаги жадидчилик ҳаракати 1917 йил феврал инқилобидан кейин янги сифат ўзгаришларини бошидан кечира бошлади. 1908-1917 йиллар ичида туркистонлик тараққийпарвар кучлар аста-секинлик билан бўлса-да, ягона сиёсий куч сифатида бирлашиб, ўз ташкилотларига ва оммавий нашрларига эга бўлдилар. Сўнгра ўлкада миллий-демократик давлатчиликни тиклаш ишларида фаол иштирок этдилар. Ягона мақсад йўлида ушбу ташкилотлар номидан ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб бордилар.
Туркистон жадидлари ҳам ўлкадаги бошқа тараққийпарварлар қатори ўзларининг дастлабки фаолиятларини маърифатпарварликдан бошлаган эдилар. Ватанни озодликка, миллий мустақилликка етаклашдек муқаддас ғоя энг илғор қарашли жадид зиёлиларнинг фикрида бўлгани ҳолда, мавжуд шароитда уни амалга ошириш мушкул эди. Унга фақат тинимсиз маърифий-сиёсий фаолият орқалигина эришиш мумкин эди. Жадидлар юрт истиқлолини ва тараққиётини замонавий билимлар билан қуролланган етук мутахаcсисларсиз тасаввур эта олмаганлар. Шу мақсад йўлида ўтган аср охирларида жадидлар бутун Туркистонда янги усул мактаблари очиш зарурлигини англадилар ва уларни ташкил этиш учун ҳаракат бошладилар.
Шундай мактабларнинг ташкил топишига бир томондан чор маъмурлари, иккинчи томондан ижтимоий воқеликка ўзининг тор дунёқараши нуқтаи-назардан баҳо берувчи кишилар тўсқинлик қилдилар.
Туркистон халқлари турмушидаги ҳар бир янгилик мустамлакачи маъмурлар назаридан четда қолмаган, албатта. ХХ аср бўсағасида ўлкамизда янги усул мактабларининг пайдо бўлиши ҳам уларни ғоятда ташвишга сола бошлади.
Жадидлар ҳалқни илм - маърифатда, ҳақ-ҳуқуқда дунёнинг тараққий қилган миллатлари билан тенг, бақамти кўрмоқни орзу қилдилар. Бутун аҳли-вужудини мана шу муқаддас ишга-миллатнинг равнақи ва муҳофазаси йўлига сарф этдилар. Бу шунчаки мутаассибона бир орзу эмас, замонасининг баланд-пастидан хабардор, тарих ва тақдирни теран англаган, Шарқни ҳам Ғарбни ҳам баб-баравар билган ва кўрган кишиларнинг аниқ ва режали ҳатти-ҳаракати эди.
Жадидларнинг янги шароитлардаги фаолиятлари бир неча йўналишларда кечди. Аввало маърифатпарварлик устувор йўналишларидан бири сифатида қолди. Жумладан,
улар чор тузумнинг зулми нисбатан юмшаган шароитда янги усулдаги мактабларни ташкил этиш бўйича куч-ғайратларини сезиларли даражада кучайтиришди. 1910 йилга келиб ўлканинг турли жойларида 50 га яқин бундай мактаблар ташкил этилди. Тошкент ва Қўқон жадид мактабларининг йирик маркази бўлиб қолди.
1917 йил феврал инқилоби бошларига келиб чор ҳукумати томонидан Туркистонда 4 мингдан ортиқ бола ўқийдиган 100 га яқин янги усулдаги мактаблар рўйхатдан ўтказилган, шулардан 39 таси - Сирдарё, 30 таси - Фарғона, 18 таси - Еттисув, 5 таси - Самарқанд вилоятларида жойлашган. Уларнинг ҳаммаси хусусий маблағлар ҳисобига фаолият юритар эди. Ўқиш пуллик бўлгани билан унинг миқдори ойига 50 тийиндан 3 сўмгача эди.
Жадид матбуоти жадидчилик ғояларининг жарчиси бўлиб майдонга чиқди. «Садойи Туркистон», «Садойи Фарғона», «Ҳуршид», «Ойна» ва бошқа газеталар саҳифаларида илм-маърифат улуғланган, янги усул мактаблари тарғиб қилинган, бидъат-хурофотлар, халқимиз орасидаги зарарли ва ноҳуш одатлар - ароқхўрлик, тамаки чекиш, дабдабали тўйлар ўтказиш, исрофгарчиликлар кескин танқид қилинган.
Туркистон жадидларининг биринчи миллий газетаси 1906 йил 27 июнда «Тараққий» номи билан чиқди, унга таниқли жамоат арбоби Исмоил Обидов (Габидов) муҳаррирлик қилди. Шуниси диққатга сазоворки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 25 июн қарори билан ушбу газета биринчи сонининг чиққан куни «Матбуот куни» сифатида кенг нишонланмоқда.
«Тараққий» билан бир қаторда Тошкентда туркистонлик жадидларнинг 1906 йилда
«Ҳуршид», 1907-1908 йилларда «Шуҳрат», «Тужжор» газеталари пайдо бўлди. «Ҳуршид» ва «Шуҳрат» газеталари Туркистонда мухториятчилик ҳаракатининг бўлғуси йўлбошчиларидан бири Мунаввар Қори, «Тужжор» газетаси эса Тошкентлик йирик бой Саидкаримбой Саидазимбой ўғли томонидан нашр этилган.
Туркистонда бундан кейин бир қатор жадид газета-журналлари - «Осиё»,
«Самарқанд», «Садои Туркистон», «Садои Фарғона», «Ойна», «Ел байроғи», «Турон» ва бошқалар пайдо бўлди. Жадидларнинг бу босма нашрлари 1905 йилда Россия Конституцияси юмшатилган сензурани қабул қилгандан сўнг юзага кела бошлади. Уларнинг кўпчилиги қисқа муддат чиққан бўлса-да ислоҳотчилар ғояларини тарқатишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Жадидларнинг ислоҳотчилик ғоялари асосан матбуот орқали тарғиб қилинар эди.
Масалан, Чўлпон миллий қадриятлар, миллий урф-одатлар ҳимоя қилишга бағишланган мақолаларининг бирида шундай дейди: «...Ей қариндошлар... катта илтимосимиз шулдурки, Оврўпонинг мўдосидан, шишасидан, бузуқ аҳлоқидан намуна олмасдан ва бунларға бул жиҳатдан тақлид қилмасдан, балки, илм, фан, ҳунар, саноатга ўҳшашлик маданиятларидан намуна олуб, бул жиҳатдан тақлид қилмоғимиз лозимдур. Оврўпонинг мўдоси ва бузуқ ахлоқи сизларни хонавайрон, беватан, асир-қул қиладур. Бундан сақланингиз!!!».
Чўлпон ҳар соҳада замон талабига мос иш тутиш тарафдори эди. Жумладан, иқтисодиётда Европанинг техника ютуқларидан фойдаланиш зарурлигини у қуйидагича ифодалайди: «Оврўпонинг мактаб, мадраса, илм - фан, саноат, ҳунарга ўхшаш маданиятлари сизларни обод, маъмур олим қилуб, жоҳилликдан, асорат қуллигидан қутулдуродур. Биродарлар кўзларингизни очуб яхши ўйланглар!!!...». Чўлпон деҳқонлар учун махсус банклар очиш лозимлигини ва бу каби тадбирларнинг афзаллик томонларини баён қилиб беради: «...Амриҳоликлар экин асбоблари ишлатуб, биз 10 киши 10 кунда қилғон ишимизни, онлар 2 киши билан 10 соатда қилмоқдадурлар!... Шул осон асбоблар Русияни бутун деҳқонларида бордур. Бизлар ҳам шул экин асбобларидан олиб ишлатсак оғир меҳнатларимиз енгилланур эди...».
Машҳур жадид Абдулваҳҳоб Ибодиев ўзининг мақолаларининг бирида илм-фан тараққиёти ҳақида қимматли фикрлар беради, илмсизлик оқибатидаги халқнинг ҳолати баён этилади: «Илм-шараф ва бойликлари (қўлларида бўлғон тижорат ва касблари)
бошқаларга ўтуб, беллари тамом букулуб, минг хўрлик билан умр ўтказмоқдалар...». Чор мустамлакаси даврида мазлум халқ вакили сифатида бу фикрни очиқ баён этиш, албатта, жасорат эди. Туркистон аҳли бошига ёққан бу балолардан қутилишнинг йўли - маорифни ислоҳ қилиш, асосий эътиборни таълим-тарбия ишларига қаратиш, Оренбург, Қозон, Уфа каби шаҳарларига талабалар юбориш, қимматлик бойлар ёрдами ила мактаб биноларини замонавий ҳолга келтириш лозим эканлигини таъкидлаб ўтади: шундагина «...тез фурсатда Туркистонимиз халқининг илм ва маърифат тобмоқлари табиийдур»,-деб, келажакка умид билан боқади.
Янги усулдаги мактаб хоналарининг ички тузилиши, эски мактаблардан парта, ёзув тахтаси, географик харита ва ўқитувчи учун стол-стулнинг борлиги билан ажралиб турган. Мактабларда болалар 2-3 йил ўқишни давом эттирганлар. Усули савтия мактаблари эски усул мактабларидан таълимнинг сифати билан ҳам фарқ қилган. Бу эътирофлар ўша давр матбуотида ҳам ўз аксини топган. Масалан, Андижондаги Азим Қодиров мактаби 3 синфли бўлиб, 1-синфда болаларга ўқиш ва ёзиш, 2-синфда тажвид, ҳисоб, 3-синфда эса ибодати исломия, сарфи туркий ўргатилган. 1900 йил май ойида Отабек қози иштирокида ушбу мактаб ўқувчиларидан имтиҳон олинган. ўқувчилар имтиҳонларни муваффақиятли топширганлар. Имтиҳон иштирокчиларидан Тожиддинбек Отабеков ёзганидек: «...Ески замон мактаблари бирлан усули жадид мактабини фарқи ниҳоят даражада маълум ва равшан бўлди. Усули жадид мактаби бирлан эски замон мактабларини бир жойга бормоқ учун оташ ароба бирлан пиёда одимга мисол қилсак ҳам тўғридур...».
Жадид мактабларининг сони ортиб борган сари, улардаги таълим тизими ҳам такомиллашиб борган. Имтиҳонлар кенг халқ оммаси кўз ўнгида, қишлоқ ёки шаҳарларнинг илғор зиёлилари даврасида «Имтиҳон мажлиси» номи билан ўтказилган. Бундай ҳолатларда янги усул мактаблари ўзининг афзаллик томонларини тўлиқ намойиш эта олган.
Жадидлар маърифатчилик фаолиятининг яна муҳим бир тармоғи - театр санъати эди. Туркистон театр санъатининг тўнғич саҳна асари Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмаси эди. Бу асар Самарқанд, Тошкент ва бошқа шаҳарларда ижро этилгач, 1914 йилнинг феврал ойи охирларида муаллиф бошлиқ Самарқандлик ҳаваскорлар ва маҳаллий ёшлар ҳамкорлигида Қўқонда ҳам саҳнага қўйилади.
Театр орқали маърифат тарқатиш ғоясига эътибор қаратиб, Андижон жадидлари ҳам 1914 йилнинг 6 июнида «Падаркуш»ни саҳнага қўйдилар.
Тараққийпарварлар халқ оммасини миллий урф-одатларни асраб-авайлашга, маънавий-маърифий савиясини юксалтиришга чорладилар, ҳашамдор тўйлар, серҳаражат ва сермашаққат азадорлик маросимлари, тўй ва азаларни риёкорлик, дабдабабозлик билан ўтказишга жиддий равишда қарши чиқдилар.
Ижтимоий-сиёсий ҳаёт фаоллашувининг муҳим кўрсаткичи сифатида нашриёт, хусусан, матбуот фаолиятининг кескин жонланганлигини кўриш мумкин. Жадидларнинг маърифатпарварлик мафкураси ижтимоий жиҳатдан анча бой ва ранг-баранг бўлган. Унда ҳозирги кунимизда ҳам жамиятни тўлқинлантирадиган, ҳаяжонга соладиган тарихий вазифа ва масалалар ўз аксини топган. Жадидчилик ҳаракати тарихини ўрганиш бугунги кунда шунинг учун ҳам долзарбки, бу ҳаракат вакиллари истиқлолимиз учун ўша даврдаёқ кураш бошлаганлар. Аввал бошда маърифат соҳасида фаолият кўрсатган жадидлар, аста-секин ижтимоий тараққиёт курашчилари сифатида майдонга чиқдилар.
Жадидчилик дастлаб маданий - маърифий оқим сифатида пайдо бўлганлиги табиийдир, албатта. Чунки, илғор мусулмон зиёлилари ижтимоий ва мустамлакачилик зулмининг асосий сабабларини замонавий илм-фан ютуқларидан бехабарликдан ва маориф ишларидаги қолоқликдан изладилар. Шу сабабли, улар мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг ягона йўли таълим ислоҳоти деб қарадилар ва маърифатпарварликка асосий эътибор бердилар. Янги усул мактаблари, кутубхоналар очдилар, дарслик, ўқув қўлланмалари ёздилар ва нашр эттирдилар. Айни пайтда улар инсон ҳуқуқлари, миллий, диний, иқтисодий эркинликлар кафолатланган, ҳуқуқий-
демократик миллий давлатчиликнинг назарий асосларини яратишга ҳаракат қилдилар.
Download 66.87 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling