8-мавзу: Қадимги тарихий географиянинг айрим масалалари Режа


Download 27.6 Kb.
Sana16.06.2023
Hajmi27.6 Kb.
#1518271

8-мавзу: Қадимги тарихий географиянинг айрим масалалари
Режа:

  1. Марказий Осиёнинг тарихий географияси борасидаги қарашлар.

  2. Марказий Осиёнинг тарихий географияси борасидаги мавжуд муаммолар.

XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб илк ёзма манбаларда тига олинган Ўрта Осиё қадимги халқларининг ҳудудий жойлашиш чегаралари муаммоси шарқшуносларнинг асрларида долзарб мавзуга айланди(Э. Захау, В. Гейгер, В.Томашек). Бу масала XX аср бошларида кўриб чиқилган(И. Маркварт, А. Херманн) ва археологик маълумотларни ҳисобгаолган ҳолда, кейинги йилларда ҳам илгари сурилган(М.М. Дьяконов, В.М. Массон, Б.Я. Ставийский). Мазкур муамо, айниқса ўттган асрнинг 70-80 йилларида бир қатор тадқиқотчилар(И.В. Пьянков, П.Бернар, Г.П. Франкфор, Э.В. Ртвеладзе, Ж.К. Гарден ва бошқалар) ишларида баён этилди. Мавзу тарихшунослиги И.В. Пьянков томонидан етарлича ёритилган.Тадқиқотчининг ишларидаБақтрия тарихи ва тарихий географиясига мансуб юнон-рим манбаларининг таҳлили катта ўрин эгаллаб, шунингдек, Суғд ва Бақтриянинг тоғли ва дарёлар орқали ўтган ҳудудий чегаралари ҳақидаги антик давр муаллифларининг тасввурларикўриб чиқилди.
Бугунги кунга келиб, муаммонинг умумлаштирилган натижалари, македониялик Алесандрнинг Бақтрия ва Суғдиёна ёки Трансоксианага юришлари масаласига бағишланган Э.В. Ртвеладзенинг монографик тадқиқотларида акс этган. Шу могорафияларда археология ва ёзма манбалар маълумотлари қадиги ҳудудий жойлашиш географияси ва картографияси масалаларини очиб беришда асосий манбалар сифатида талқин қилинган.
XX асрнинг 70-80 йилларида Ўрта Осиёда амалга оширилган кенгқамровли археологик тадқиқотлар натижасида шу минтақанинг тарихий географиясига оид мавжуд илмий қарашлар тубдан ўзгарди.
Мил.авв. II минг йилликнинг охири ва мил.авв. I минг йилликнинг бошларида Ўрта Осиёда янги этномаданий жараёнларнинг ривожланишинатижасида ёзма манбалардан бизга маълум парфияликлар, марғиёналиклар, суғдийлар, бақтрияликлар, хоразмликлар ва сак-массагетлар пайдо бўлади. Ушбу элат ва қабилалар ўзаромаданий таъсир ва алоқалар асосида тараққий этган. Улар яшаган ҳудудлар номи этноним ва гидронимларбилан боғланиши эҳтимолидан ҳоли эмас. Мисол тариқасида қадиги юнон тарихчиларининг ёзишича, Бақтр дарёси гидронимидан бақтрияликлар халқи ва мамлакатининг номи келиб чиққан.
“Авесто”нинг қадимги қисмларида Суғд мамлакати Суғда ва Гава Суғда шаклларида тилга олинган. Суғда “мамлакати” билан боғлиқ бўлган гава тушунчасини Суғданинг энг қадимги номи сифатида талқин қилиш мумкин.
“Авесто”нинг мамлакатлар рўйхатида биринчи навбатда тилга олинган “арийлар сайҳон ерлари” – Арёшайёна, Арёнам Вайжони – бу кенг ҳудудда жойлашган ўлка деб тушуниш керак. Негаки, у ерда бепоён даштлар, кўп яйловларга эга баланд тоғлар ва чуқур кўллар мавжуд бўлган.Арёнам Вайжо(унинг яна бир номи Арёнам Вайчах) Вахви Датия дарёси ҳавзасида жойлашган. “Авесто”да шундай ёритилади: “Қиш у ерда ўн ойдавом этади, ёз икки ой. Қиш ойларининг сувлари совуқ, ерлари совуқ; қишнинг охирида катта тошқин сув пайдо бўлади”. Шунга кўра, Арёнам Вайжо иқлими шимолий дашт ва дашт ўрмон ҳудудлар ҳамда тоғли ўлкалар табиатига яқин бўлиб кўринади. Шу сабабли Урал ва Олтой тоғлари, Ғарбий Сибир иқлими ҳамда Об, Урал ваВолга серсув дарёлари ҳақидаги дашт чорвадор қабилаларининг хотиралари “Авесто” да акс этишининг эҳтимоли юқори. “Авесто”да Вахви Датия(“марҳаматли”, “яхши”) серсув дарёси қатори яна бир катта дарё Ранха тилга олинган. Арёнам Вайжо иқлими совуқ вилояятлар табиатига яқин бўлиб кўринади. Бироқ мазкур географик белгилар Арёнам Вайжонинг ҳудудий жойлашувини аниқлаш учун етарлича маълумотларга эга эмас.
Худди шундай ўхшаш ҳолат Ўрта Осиё кўчманчи қабилаларнинг тарихий географиясига оид. Геродот массагетларнинг ҳудудийжойлашуви ҳақида ёзиб, уларни шарқда, қуёш чиқиши йўналишида, Аракс дарёсининг ортида жойлаштиради ва Аракс дарёси Матиёна тоғларидан бошлаб оқади деб изоҳ беради. Бу таърифда Геродот Кавказ тоғларидан бошланган ва Каспий денгизига қуйилган Аракс дарёси ҳақида ҳам ёзгани эҳтимолдан ҳоли эмас. Бироқ Матиёна тоғлари деганда Ҳиндиқуш назарда тутилганга ўхшайди. У пайтларда Амударё Қорақум тепаликларини ёриб, қадимий Узбой ўзани орқали Каспий денгизига қуйилган. Массагетлар Шарқий Каспийбўйи ва Жанубий Оролбўйи оралиғидаги Узбой ҳавзасида мавсумий истиқомат қилганлар ҳамда Ёйиқ(Урал) ва Эмба дарёларигача ёйилган ҳудудларда кўчиб яшаганлар.
Аҳамонийлар ёзувларида сакларнинг яшаш жойлари денгиз ва дарёлар билан боғланган. Катта серсув дарё ёнида(Амударё) “чўққи қалпоқ кийиб юрган” кўчманчилар, дарё ёки “денгиз ортидаги саклар” ва бошқалари ҳақида ҳам манбаларда маълумот бор.
Қадимги юнон ва рим муаллифлари Ўрта Осиё вилоятлари (Бақтрия ва Суғдиёна) ҳудудий чегаралари ҳақида сўз юритиб, туб жойли халқларнинг аралаш жойлашуви ҳолатини ҳисобга олмаганлар. Антик давр тарихчилари турли юртларнинг ўзига хос географик хусусиятларини ҳамда қадимий халқларнинг ҳудудий жойлашиши чегараларини аниқ белгилаб бераолмаганлар. Геродотнинг асарида “Бақтрия халқи” тушунчаси тилга олиниб, Бақтриянинг ҳудудий чегаралари ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.
Ўрта Осиёда энг қадимги халқларнинг шаклланиши ва алоҳида этник ҳудудларнинг ажрала бошлаши масаласи мураккаб илмий муаммо хисобланади. Бунинг сабаби ёзма манбаларда қадимги элатларнинг ҳудудий ажрала бориши ва маълум ҳудудий чегараларга эга ерларда жойлашиш жараёни аниқ кўрсатилмаганлиги ҳолати билан белгиланган.
Бақтрия, бақтрияликлар(ёки Суғдиёна, суғдийлар ҳамдасаклар) макротопоними ва этнонимлари юнон ёзма манбаларда босқинчиларга қарши турган элатлар ёки давлатнинг бир қисми бўлиб назарда тутилган.
Ўрта Осиёда аҳоли жойлашган ҳудудларнинг топонимлари турли даврларга оид ёзма манбаларда сақланиб келган. Бу ҳудудлар юнон муаллифлари асарларида Марғиёна, Бақтриёна, Хорасмие ва Суғдиёна бўлса, шунга мос равишда қадимги форс ёзувларида Марғуш, Бақтриш, Хуаразми ва Суғуда, “Авесто”нинг энг қадимги қисмларида эса улар – Моуру, бахди, Хваризам ва Суғда шаклида акс этилган.
Қадимги форс манбаларини ўрганиш асосида Ўрта Осиёнинг сиёсий тарихи тўлароқ тадқиқ қилинди. Қадимги форс битикларида Ўрта Осиё тобе сатрапликари санаб ўтилган, уларнинг аҳомонийлар томонидан босиб олиниши кўрсатиб берилган бўлса-да, лекин ушбу юртларнинг ҳудудий чегаралари ва тарихий георгарфиясига оид етарлича маълумотлар ёритилмаган.
Қадимги форс шоҳи Доро I нинг забт этилган мамлакатлар ва сатрапиялар рўйхатида Марғиёна ўрин олмаган.Бироқ Беҳустун ёзувларида Доро I қуйидагиларни айтиб ўтади: “Марғуш(Марғиёна)деб аталган мамлакат мендан ажралиб чиқди. Фрада исмли марғиёналик бир киши уларнинг хукмдори деб эълон қилинди. Ўша пайтда менга тобе Бақтрия сатрапим форс Дадаршишга хабар бериб, шундай дедим: “Мени тан олмаганларни тор-мор қилиш керак”. Дадаршиш қўшинлари йўлга чииб, марғиёналиклар билан жангга киришди. Ахурамазда менга мадад берди. Ахурамазда иродаси билан менинг қўшинларим исёнчилар қўшинларини бутунлай малубиятга учратди. Бу жанг ассиядий ойининг 23-книда содир бўлган. Шундан сўнг давлат қўлимга кирди. Мана мен нималарни Бақтрияда амалга оширдим” Шу ёзувларнинг хулоса қисми Марғиёна Бақтриянинг таркибида бўлганлигидан дарак беради.
Геродотнинг “Тарих” асарида Марғиёна тўғрисида малумотлар йўқ. Суғд эса юнон манбаларида чекка ўлка сифатида ёритилган. Видевдат рўйхатидаБақтриянинг Суғддан кейин тилга олиниши,қадимги форс ёзувларида Суғднинг Бақтриядан сўнг санаб ўтилиши, улар ўртасидаҳудудий чегара мавжудлигини кўрсатади. Гекатей, Геродот ва Ктесийнинг асарларида Ўрта Осиё аҳолисининг ҳудудий жойлашуви, алоҳида дарёлар, тоғлар, воҳа ва даштлар билан боғланган.
Македониялик Александр юришлари ёритилган манбаларда ўз аксини топган маълумотлар тарихий географиянинг муаммоларини ҳал қилишда катта аҳамиятга эга. Манбалар шу нуқтаи назардан тарихий адабиётларда етарли даражада очиб берилган.
Юнон ёзма манбаларида Александр қўшинларининг Мароқандага юришлари йўлида Амударё бақтрия ва Суғд ўртасидаги чегара сифатида таърифланган. Страбон “Окс дарёси бақтрия ерларини Суғдиёнадан ажратади” деб ҳисобланган. Унинг фикрига кўра, бақтрия Арейя(ария) чегараси бўйлаб, шимол йўналишда Марғиёна ва Суғдиёна оралиғида бўлиб, Окс – Амударёдан жануб томонда жойлашган.
Юнон-рим муаллифлари асарларида Бақтрия Суғд билан Арейя ёки Суғд ва Парфия оралиғида жойлашган деб таъкидланади. Бироқ мазкур манбаларда Ўрта Осиё вилоятларининг ҳудудий чегаралари ҳақида аниқ географик маълумотлар йўқ.
Аррианнинг ёзишига кўра, Окс дарёси ортида Суғдиёна ерлари бошланган. Страбон маълумотларида Суғдиёна чегаралари анча кенг бўлиб, окс ва Яксарт оралиғида жойлашган. У ҳолда Суғд таркибига Амударёнинг ўнг қирғоқларида жойлашган, аммо манбаларда тилга олинмаган ва номсиз қолаётган Вахш, Кофирнигон ва Сурхон воҳаларини киритиш мумкин. Бироқ ушбу дарёлар воҳалари тарихий-географик жиҳатдан бақтриянинг таркибида бўлиб, унинг шимолий қисмида жойлашган. Аксинча П.Бернар, Г.П. Франкфорт ҳамда И.Н. Хлопин Страбоннинг маълумтоларини етарлича танқидий кўриб чиқилмаган ҳолда, Амударё ўнг соҳил ҳавзасини Суғд таркибига киритганлар.
Қадимги муаллифларнинг Ўрта Осиё жанубидаги аҳолининг жойлашиши ҳамда тарихий вилоятларнинг ҳудудий чегаралари борасида тасаввурлари бир мунча умумий бўлган. Римлик тарихчи Курций Руфнинг битта гапи бунга мисол бўлади: “Танаис(Сирдарё) бақтрияликларни сифлардан ажратиб туради” ёки тарихчияна шу нарсани аниқ таъкидлайдики, бақтрияликлар “урушқоқ скиф қабилаларидан узоқ бўлмаган жойларда яшайди”.
Шунингдек, Квинт Курций Руф қуйидагича ёзган: “Танаис Осиё ва Европа ўртасидаги чегара бўлган”. Бу тарихий анъана Танаис (Дон) ва Яксарт(Сирдарё) – бир умумий дарё ҳақидаги қадимий географик тасаввурларга асосланган.
Скифлардан(саклардан) ажратувчи чегара – бу Александр Сирдарёдан кечиб ўтган жой бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас, чунки македонияликлар Сирдарёни бошқа жойларда кўрмаганлар. Эҳтимол, ўша жойда Уструшона ёки ҳеч бўлмаса Суғднинг шимолий чегаралари ўтган. Сўнгги аҳамонийлар даврида Суғдиёна Бақтрия сатраплиги таркибига кирган. Шу вазиятга кўра, Сирдарё ҳам Бақтрия чегараси сифатида талқин қилинган.
Страбон сингари Птолемей ҳам Амударёни Бақтрия ва Суғдиёна ўртасидаги чегара сифатида қайд этиб ўтади. Баъзи бир ҳолатларда айнан Суғдиёна фақат Политимет – Зарфшон воҳаси ерлари билан боғланади. Курций Руфнинг таъкидлашича, Суғдиёна тўғри йўналишда бу Политимет жўшқин оқими узунлигида дашт, унин эни стадий. Шу дарё воҳасида мил.авв. 328 йилда суғдийларни жазолаш юришларида иштирок этишган юнонлар тасаввурларида, Политимет воҳаси – Суғднинг аосий ҳудуди деган фикр келган.
Сўнгги йиллар илмий адабиётларда Ўрта осиё қадимги вилоятларининг ҳудудий чегаралари масаласига тегишли баҳс-мунозаралар яна жонланиб кетди. Айниқса, бақтрия ва Суғдиёна чегараларига доир мавзу долзарб масала бўлиб, бу муаммониҳал қилиш учун олимлар махсус тадқиқотлар олиб боришан.
Юнон-рим тарихчилари ҳудуди чегараларни Ўрта Осиёдаги йирик дарёлар бўйича кўрсатиб беришлари борасида шундай фикр билдириш мумкинки, бу анъана туб жойли аҳолининг яшаш ерлари ва вилотларнинг чегаралари тўғрисида қадимги тарихчилар аниқ ва тўла тасаввурга эга бўлмаганларидан гувоҳлик беради. Шу сабабли юнон-рим муаллифлари ҳудудий чегараларини дарёлар бўйича ажратганлар.
Окс ёки Амударё чегара сифатида, “дарё маданий чегара” ва “дарё маъмурий ёки сиёсий чегара” деб таърифлаш мумкин. И.И. Пьянков, Амударё кўп ҳолларда ҳудудий-сиёсий чегара вазифасини бажарган бўлса-да, вилоятлар ўртасида ҳеч қачон маданий чегара бўлмаган деб ёзади. Бу фикр билан тўла қўшилиб бўлмайди, негаки,аҳамонийлар ёки антик даврда Амударё тарихий – маданий вилоятлар ва давлатлар ўртасидаги чегара вазифасини бажармаган.
Қадимги даврларда ўрта Амударё бўйидаги замонавий Керки шаҳри атрофидан бошлаб инсон деярли ўзлаштирмаган ёки жуда кам сонли аҳоли истиқомат қилган “хеч кимга қарашли” бўлмаган бепоён даштлар бошланган. Бундай ҳудудлар кенг масофаларни ташкил этиб, Суғдиёнадаги ҳозирги Бухоро ва Қарши воҳаларига бориб тақалган. Шу сабабли чорвадорлардан иборат аҳоли кас сонли бу даштлар ёзма манбаларда бевосита суғдийларга қарашли деб ёритилган.
Суғдиёна ҳудуди аҳамонийлар даврида ва ундан қадимроқ пайтларда Амударёдан кечиб ўтиш билан бошланмаган, негаки, Қашқадарё воҳасида топиб текширилган ўтроқ суғдий аҳолининг шаҳар ва уй-қўрғонлар харобалари Амударёдан анча олис масофада ҳозирги, Қарши, Яккабоғ ва Китоб воҳаларида жойлашган. Шунинг учун ҳам Суғдиёна билан бақтрия ўртасидаги ҳудудий чегаралар ғарбда Амударёнинг ўнг соҳилида бошланган даштлар орқали ўтган.
Ўтроқ аҳоли ҳудудлари ўртасидаги чегара вазифасини табиий географик омил сифатида чўллар ва толар бажарган. Кўп ҳолатларда чўл ва тоғлар этник чегараларда аралаш жойлашув ерларга айланиб қолганлиги тасодиф бўлмаса керак. Ҳисор, Бойсун ва Кўхитан тизмалари Бақтрия ва Суғд ўртасидаги таиий чегара бўлган.
Ёзма манбалари археология маълумотлари билан солиштириб, географик хариталарда халқларнинг ҳудудий жойлашиш чегараларини қадимги шаҳарлар, дарёлардан кечиб ўтиш жойлари, қадимги алоқа савдо йўллар, тарихий вилоятлар ва деҳқончилик воҳа-туманларни аниқлаш муҳим вазифа.
Алесандр даврида Яксарт – Сирдарё бу Танаис – Дон дарёсининг боланиши деб фараз қилинган. Худди шундай нил бу – Ҳинд дарёсининг қуйи оқими деб ҳисобланган.
Манбаларда Бақтриянинг жанубий чегаралари парнас, паропамис-Ҳиндиқуш тоғлари билан белгиланган. Қадимги дунё муаллифлари бақтрияликлар жойлашган ҳудудни жуда тор қилиб кўрсатганлар. Баъзиларининг айтишича, Ҳинд дарёси бошланган Паропамис тоғларига Бақтрия рўпара бўлб турган. Страбон ҳам Эротосфеннинг маълумотларига асосланиб, “бақтрияликларнинг асосий қисми Паропамис ёнбағрида жойлашиб, унинг бир кичик ери Ҳиндистонга рўпара бўлган” деб ёзади.
Страбон ва Плинийлар Ҳиндиқуш тизмасини Бақтриянинг жанубий чегараси сифатида тўғри кўрсатиб берганлар. Страбоннинг юқорида келтирилган хабарига кўра бақтрияликлар Ҳиндистон рўпарасида жойлашганлар. Суғдиёна эса Бақтриядан юқори шарқ йўналишида, бақтрияликлар мамлакатини Суғдиёнадан ажратган Окс ва Яксарт оралиғида жойлашган. Яксарт суғдийлар ва кўчманчилар ўртасида чегарани белгилаб берган.
Шунингдек, Страбон Аракс дарёси бақтрияликларни скифлардан ажратади деб ёзган. Страбон буни тарихчи Каллисфен маълумотларига асосланиб ёритган. Аракс амударё; бақтрия ерларини Помир тоғларида ёки дарёнинг ўрта оқими даштларида яшовчи саклардан ажратиши мумкин эди. Юнон-македонларнинг ҳарбий юришларида қатнашган Каллисфен бу ҳолатни аниқ кузатиб ёритган.
Арриан Окс ва Яксарт дарёлари оралиғида “паретаклар” ерлари - “тоғли ўлка” Паретакенани жойлаштириб, бироқ унга Суғднинг таркибий қисми сифатида таъриф бермаган. У шундай ёзган: “Александр Суғдиёнада ишларини тугатиб ва қалъани забт этиб, паритаклар устига қўшин тортди”. Амударёнинг ортида жойлашган бошқа бир вилоят Бубакена ҳам Суғд таркибига киритилмаган, аксинча, “суғд ерлари” деб Наутака ва Ксениппа ҳамда “суғд ерлари ва скиф-массагетлар чегарасидаги мутаҳкам жой” Баги деб аталган. У Қизилқум чўлига яқин қуйи Зарафшон ерида жойлашган.
Мазкур маълумотлар Суғд алоҳида воҳа-туман ва вилоятлардан иборат бўлганлигидан дарак беради. Улар Амударё ортида жойлашган. Умуман олганда, антик даври ёзма манбалари ва археология материаллари асосида Бақтрия ва Суғдиёна тарихий географиясига муайян аниқликлар киритиди, алоҳида қадимий вилоятлар ҳудудий жойлашиши масаласига оид тарихий – географик хариталар тузилди.
Қадимги муаллифларнинг маълумотлари, асосан, юришлар ва жанглар тарихига оид бўлиб, йўллардаги тоғлар ва дарёлар ҳамда шаҳарлар ва қалъалар қамал қилинган жойлар билан боғланади. Шу жумладан тоғлар – Парнас, Паропамис ва “номсиз тоғ ўлкаси”; дарёлар – Аракс, Окс, Политимет, Танаис – Яксарт; шаҳарлар – Бақтра(Зариасп), Аорн, Драпсак ва Мароқанда, Кирополис, Бранхийлар шаҳарчаси ва Басилейа – “подшоҳ шаҳри”; вилоятлар – Наутака, Мамакена, Ксениппа, Габаза(Газаба), Паритака, Бубакена; қалъалар – Баги, “Суғд қалъас, Хориен – Сизимитр қалъаси; ўлкалар – Бақтрия, Суғдиёна, Скифия(сак-массагетлар юрти), Хоразм.
Мил.авв. 329 йилда Александрнинг Суғдиёнага ҳарбий юриши қуйидаги йўналишда амалга оширилган: Бақтра – Окс – Бранхийлар шаҳарчаси – Наутака – Марақанда -Кирополис –Яксарт. Шунингдек, Суғдиёнага юриш ҳақидаги ўз ҳикоялари бошида Арриан тилга олган Драпсак ва Аорн шаҳарлари ҳозирги Шимолий Афғонистонда жойлашган эди. Драпсак атамаси шарқий эроний тилларда(жумладан, бақтрияликлар тилида) “драпса”, “драфшо”, яъни “байроқ” тушунчасини англатади. Шу боис шаҳар номини “байроқли” деб аташ мумкин. “Авесто”да эса Бақтрия “баланд байроқли гўзал Бахди” шаклида таърифланган.
Ҳозирги кунга келиб, юнон-рим манбаларида тилга олинган қадимий вилоятлар, шаҳарлар ва қалъаларнинг ҳудудий жойлашуви етарлича аниқланган: Наутака – Суғдиёна вилоятларидан бири бўлиб, Шарқий Қашқадарёдаги ҳозирги Китоб – Шаҳрисабз – Яккабоғ воҳаларида жойлашган, маркази – Узунқир; Ксениппа(шунингдек, бошқа манбаларда – Нихшапайя)-Қарши воҳаси, маркази – Ерқўрғон; Баги(Бага)-Бухоро воҳаси, Басилейа – Суғдиёнанинг иккинчи пойтахти(Кўктепа)
Габаза(Газаба) –бу Наутака вилоятига қўшни тоғ ўлкаси бўлиб, у Кўҳитанг жануби-шарқий ва ғарбий ёнбағирлари ҳамда ҳозирги Деҳқонобод, Оқработ ва ёзма манбаларда машҳур бўлган “Темир дарвоза”деб номланган тор дара – тоғ йўли атрофидаги ерларни ўз ичига олган. Яқинда ҳам Деҳқонобод ва Оқработ оралиғи ерлари “Габзан” деб аталган, Кўҳитангдаги “Газак” топоними “Газаба” тушунчасининг акс –садоси бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Юнон тилидаги “Парейтакена”, “паретаклар” ўлкаси(эҳтимол, унинг номи маҳаллий бақтрия тилидаги “Паритака” – атамасидан келиб чиққан) Сурхон воҳаси билан боғланади. Шунингдек, ёзма манбалардан “паретакенлар” – Мидия қабиласи маълум.
Наутака, Навтака –“янги қурилиш”, “янги вилоят”, “янги қалъа” атамасининг охирги “так” сўзи кўчма маънода –“куч-қувват”, “қудрта” мазмунига эга. “Суғд қалъаси” ва “Хориен қояси”нинг жойлари ханузгача аниқланмаган.
“Нихшапайя” атамасининг келиб чиқиш масаласига биро тавсиф бериш лозим. Мазкур атама Жанубий Бақтрияда топилган ҳужжатларда тилга олинган. Улар мил.авв. 353-324 йилларга, яъни аҳамонийлар подшоҳлари Артаксеркс III ва Доро III –македониялик Алесандр ҳукмронлиги даврига оид бўлиб,сиёҳ билан чармга ва ёғочга битилган. Топилган ҳужжатлардан бирида Нихшапайя шаҳрида мудофаадевори ва ҳандақ қуриш зарурияти ҳақида сўз юритилади, шунингдек, Киш(Кеш) тилга олинган. У дастлаб мил.авв. VII-IV асрларда Узунқир – Подаётоқ шаҳар харобалари ўрнида жойлашган.
Антик даври тарихчилари (Каллисфен, Аристовул, Клитарх) Нихшапайя” сўзиниюнон тилига молаштириб, “Ксениппа” деб аташган. Аслида бу шаҳарнинг номи суғдий тушунчаси “Нихшапа” ёки Никшапа” дан келиб чиқиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу ном таркибида “ап(об) сўзи мавжуд. У суғд тилида – “сув”, “дарё” тушунчаларинианглатади(“авесто” тилида ҳам “ап”-дарёдир). Нихшапа маъноси “дарё бўйидаги шаҳар” бўлиши мумкин.Ҳозирда ҳам Ксениппа-қадимги Қарши воҳасининг маркази Ерқўрғон шаҳар харобалари Қашқадарё бўйида жойлашган. Илк ўрта асрларда Нихшапа “Нахшап” шаклига айланган ва ваақт ўтиб, ўрта асрларда шаҳар Нахшаб – Насаф деб аталган. Шундай қилиб, турли тарихий даврларда номи ўзгариб борган Нихшапа – Нахшаб – Насаф- Қарши шаҳри ривож топган.
Download 27.6 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling