Ҳовуз сиғими (16,5 м3) шлак узатувчи чўмичдаги эритмани бирданига қабул қилиш имконини беради. Ҳовузнинг остидаги тешикдан сув берилади ва унинг фонтанли томчиларига шлак эритмаси қуйилади. Шлак эритмаси кўпчийди ва қотади, ҳовуз тагига чўкиб, бўлаклар шаклида совийди, шундан сўнг бу масса майдаланади ва фракцияларга эланиб ажратилади Ишлаб чиқариш цикли чўмичда шлак эритмасини ҳовузга қуйиш ва тўлдириш, кўпчиши (1,5-2 минут), совиши ва кристалланиши (сув қуймаган ҳолда), ҳовузни бўшатиш ва уни кейинги циклга тайёрлаш 15-20 минутни ташкил этади. Олинган шлакли пемзанинг ҳажми 25м3 гача ташкил этади. Шлак эритмасининг ғоваклаштириш режимини унинг таркибини ўзгаришига қараб тартибга солиш мумкин. Хандақ-сачратиш усули ўта содда ҳисобланади. Шлак эритмаси хандаққа тушишидан олдин оловга бардошли қопламали трубадан узатилаётган сув таъсирига учрайди, кўпчийди ва ҳандақ тубига йиғилади. Совиган шлак экскаваторда қайта ишланиб майдалашга узатилади ва ундан сўнг эланиб фракцияларга ажратилади. Бироқ бу усулда шлакли пемза ишлаб чиқариш истиқболли эмас, чунки олинган маҳсулотнинг сифати паст ва структураси бир жинсли бўлмайди. Сув-пуркаш усули шлакли эритма массасини сув-ҳаволи аралашмали томчиларнинг кучли таъсирида алоҳида гранулаларга ажратиш, кейин эса ҳали суюқ гранулаларни шиддатли равишда сув-ҳаволи аралашмада қайта ишлаш ва кўпчитишдан иборат. Шлак эритмасини ғоваклаштириш пурковчи қурилмада (расм-10.2) бажарилади. Аралаштириш камерасида кўпчиган гранулалар экранга ташланади, у ердан эса шлак қабул ускунасига тушади ва бўлакларга ажратилади. Олинган шлакли пемза биржинсли майда ғовакли таркибга эга бўлиб, ғоваклари ўлчами 1мм гача ташкил этади. Расм-10.2.Томчилаб сув-пурковчи қурилманинг схемаси: 1-қабул камерасининг девори; 2-йўналтирувчи лоток; 3-сувли қатлам; 4-аралаштириш камераси; 5-ишчи сегментли сопло. Гидроэкран усули шлак эритмасини кетма-кет иккита сувли тарновда қайта ишлаш (расм-10.3)ни ўз ичига олади. Биринчи тарновда кўпчувчи шлак эритмаси сув томчилари билан биргаликда вертикал экранга ташланади, у ердан акс эттирилиб иккинчи тарновга тушади, у ерда ҳам сув томчилари билан қайта ишланиб, пластинкали узатувчи орқали совитиш ва майдалаш учун жўнатилади. Бу усулда шлакли пемза чақиқ тошини ишлаб чиқариш технологик схемаси келтирилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |