Абу Али ибн Сино иш устида. Рассом: Р. Арибжанов
Download 1.82 Mb.
|
Ибн Сино
Абу Али ибн Сино Ибн Синонинг дунёқараши Аристотель таълимоти ва Форобий асарлари таъсирида шаклланди. Унинг фикрича, фалсафанинг вазифаси мавжудотни, яъни барча мавжуд нарсаларни, уларнинг келиб чиқиши, тартиби, ўзаро муносабати, бир-бирига ўтишини зарурият, имконият, воқелик, сабабият омиллари асосида ҳар томонлама ўрганишдан иборат. Оламда мавжуд барча нарсалар иккига бўлинади: зарурий вужуд (вужуди вожиб) ва имконий вужуд (вужуди мумкин). Зарурий вужуд энг иродали, қудратли, доно Тангридир. Қолган нарсалар имконият тарзида мавжуд бўлиб, Тангридан келиб чиқади. Зарурий вужуд билан имконий вужуд муносабати сабаб ва оқибат муносабатидир. Бу жараёнда оламдаги ҳамма нарсалар эманация тарзида, яъни қуёшдан чиқаётган нур шаклида аста-секин амалга ошади. Шу тартибда имконият шаклида мавжуд бўлган ақл, жон, жисм, улар билан боғлиқ осмон сфералари келиб чикади. Булар ҳаммаси субстанция (жавҳар) бўлиб, яна борлиқда акциденция — нарсаларнинг белгилари, ранги, ҳажми, хиллари мавжуд. Жисм шакл ва моддадан ташкил топади. Худо абадий, унинг оқибати бўлмиш материя ҳам абадийдир. Унинг ўзи бошқа тайин жисмларнинг асосидир. Нарсаларнинг моддий асоси ҳеч қачон йўқолмайди. Материянинг энг содда бўлинмас шакли 4 унсур: ҳаво, олов, сув, тупроқдан иборат. Уларнинг турлича ўзаро бирикуви натижасида мураккаб моддий нарсалар ташкил топади. Мураккаб нарсалар шаклан ўзгариши мумкин, лекин уларнинг моддий асоси бўлган 4 унсур йўқолмайди, абадий сақланади. Абу Али ибн Сино ҳайкали. Бухоро Ибн Сино фикрича, аввал тоғ-тошлар, сўнг ўсимлик, ҳайвонот ва тараққиётнинг якуни сифатида бошқа жонзотлардан ақли, тафаккур қилиш қобилияти ва тили билан фарқ қилувчи инсон вужудга келган. Ҳодисаларни чуқур билиш, фан билан шуғулланиш инсонгагина хосдир. Инсон билимлари нарсаларни билиш ёрдамида вужудга келади. Билиш ҳиссий билиш ва тушунчалар ёрдамида фикрлашдан ташкил топади. Сезгида нарса-ҳодисаларнинг айрим, ташқи белгилари, тайин томонлари билинса, ақл уларнинг моҳиятини, ички томонларини абстракциялаштириш ва умумлаштириш ёрдамида била олади. Инсон ақли турли фанларни ўрганиш ёрдамида бойийди, ривож топади. Ибн Сино тушунчасида билимларни чуқур ўрганиш орқали худони билиш мумкин деган фикр ётади. У мавжуд билимларни эгаллаган инсонгина ҳақиқий мусулмон бўла олади, деб тушунади. Ибн Сино мантиқни илмий билишнинг, мавжудотни ўрганишнинг илмий усули деб билади. «Мантиқ, — деб ёзади Ибн Сино — инсонга шундай бир крида берадики, бу крида ёрдамида инсон хулоса чиқаришда хатолардан сақланади». У мантиқий усуллар, таърифлаш, ҳукм, хулоса чиқариш, исботлаш масалаларини чуқур ўрганди, мантиқ фанини Форобийдан сўнг билишнинг тўғри методи сифатида ривожлантирди. Ибн Сино ўз давридаги табиий фанларнинг ривожига ҳам улкан ҳисса қўшган олимдир. Унинг табиий-илмий қарашлари «Китоб аш-шифо»нинг табиий фанларга оид қисмида баён қилинган. Олимнинг баъзи геологик жараёнларга оид мулоҳазалари ҳозирги илмий назарияларга жуда яқиндир. Унингча, вулқонлар аслида тоғ пайдо бўлиши ва зилзилалар билан боғлиқ. Тоғ пайдо бўлишининг ўзи эса 2 йўл билан бўлади: 1) кучли ер қимирлаши вақтида ер қобиғининг кўтарилиши; 2) сув орқали ва ҳавонинг аста-секин таъсири натижасида чуқур жарликлар пайдо бўлиб, натижада уларнинг ёнида баландлик ҳосил бўлиб қолиши. Зилзиланинг пайдо бўлишига ҳам бир неча сабаблар бор. Уларнинг бири газсимон ё оловсимон буғ бўлади. Мана шу буғ ҳаракатга келиб, ерни қимирлатади. Сувларнинг ер остига сизиб кириши, текис ер четининг ўпирилиши, баъзида тоғ чўққиларининг куч билан қулаши хам зилзилага сабаб бўлади. Олим фикрича, ер юзасининг маълум қисми бир маҳаллар денгиз туби бўлган, замон ўтиши билан геологик жараён оқибатида сув ҳавзалари ўрни ўзгарган. Бир вақтлар денгиз бўлиб, ҳозир қурукликка айланган ерларда денгиз ҳайвонларининг тошқотган қолдиқлари сақланиб қолган. У бундай ерларга Куфа, Миср ва Хоразм ерларини киритади. Абу Али ибн Сино ҳайкали. Рига. 2006 йили очилган. Муаллиф: Равшан Миртожиев Ибн Сино минералогия (маъданшунослик) соҳасида ҳам салмоқли ишлар қилган. У минералларнинг оригинал таснифини таклиф этди. Унга кўра, барча маъданлар 4 гуруҳга: тошлар, эрийдиган жисмлар (металлар), олтин-гугуртли ёнувчи бирикмалар ва тузларга бўлинади. Бу тасниф то 19-асргача деярли ўзгаришсиз сақланиб келди. Ибн Синонинг геология ва минералогияга оид фикрлари унинг «ал-Афъол ва-л-инфиолот» («Таъсир ва таъсирланиш») асарида ҳам учрайди. Ибн Сино бошқа табиий фанлар қатори кимё билан ҳам шуғулланган ва унга оид асарлар ҳам ёзган. Бу асарларини у турли даврда ёзган бўлгани учун уларда Ибн Синонинг кимёга бўлган муносабатининг эволюцион ўзгариб бориши яққол акс этган. Унинг кимё соҳасида айтган фикрлари ўша даврдаги алкимё учун ниҳоятда илғор эди. Ибн Сино 21 ёшида, яъни илмий фаолиятининг бўсағасида металлар трансмутациясига, яъни оддий металларни олтин ва кумушга кимёвий йўл билан айлантириш мумкинлигига ишонган ва мутақаддим кимёгарларнинг китоблари таъсири остида «Рисола ас-санъа ила-лбарақий» («Барақийга атаб санъат (ал-кимё)га доир рисола») номли кичик асар ёзган. Лекин 30 ёшларга бориб, илмий тажрибаси ортган ёш олим бу соҳадаги уринишларнинг зое кетишига амалда ишонч ҳосил қилади ва «Рисола ал-иксир» («Иксир ҳақида рисола») асарида кимёвий йўл билан соф олтин ва кумуш олиш мумкинлигига шубҳа билдиради. 40 ёшларда ёзишга киришган «Китоб аш-шифо»да эса кимёгарларнинг трансмутация соҳасидаги барча ҳаракатлари беҳуда эканлигини назарий жиҳатдан исботлашга уринди. Унинг фикрича, ўша вақтда маълум бўлган ҳар бир металл ўзича алоҳида бир модда бўлиб, кимёгарлар ўйлагандек бир ягона металлнинг тури эмас. У олтиннинг алоҳида бир элементлигини билмасада, уни нарсалардан ясаб бўлмаслигини ҳам англаган эди. Олимнинг бу назарий мулоҳазалари ўрта аср кимёсининг илмий кимёга ўсиб ўтишида муҳим роль ўйнади. Download 1.82 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling