Ҳаёл тушунчаси ва моҳияти Режа


Download 24.66 Kb.
Sana22.01.2023
Hajmi24.66 Kb.
#1108640
Bog'liq
hayol tushunchasi va mohiyati


Ҳаёл тушунчаси ва моҳияти


Режа:

  1. Ҳаёл тўғрисида умумий тушунча

  2. Ҳаёл турлари ва ҳусусиятлари.

  3. Ҳаёл жараёнларининг физиологик асослари.

  4. Ҳаёл шакллари тўғрисида тушунча.



Психологияда хаёл тафаккур сингари билиш жараёнларидаи бири ҳисобланиб, у инсоний ички ва ташқи хусусиятли ва изланишли фаолиятида, муайян даражага эга бўлган муаммоли вазиятнинг вужудга келиши ва унинг ҳал қилинишида иштирок этади. Агарда хаёлни генетик жиҳатидан келиб чиқиши таҳлил қилинадиган бўлса, у албатта инсоннинг меҳнати махсулини образлар, тимсоллар ёрдами билан акс эттирмасдан туриб, бевосита фаолиятга киришиш мумкин эмас, чунки фикри мулоҳазаларни тасаввур қилиш туфайли яққол тафаккурнинг предметига узатилади. Худди шу боисдан хаёл ёрдами билаи инсон томонидан кутилаётган натижа, яъни кутилмаган тасаввур образлари яратилади, гўёки бу жараёнда ижодий фаолиятнинг модели ишлаб чиқилади, фантастик тимсоллар тизими янгиликларнинг мутлақ таркиблари билан бойиб боради, ички фаоллик эса унинг механизмига айланади.
Жаҳон психологиясида хаёл инсоннинг ижодий фаолиятнинг таркибий қисми сифатида талқин қилинади, у тизимий хусусиятли хатти-ҳаракатнинг оралиқ ва якуний маҳсуллари орқали акс этади, муаммоли вазиятда ноаниқлик, номаълумлик аломатлари вужудга келса, у ҳолда фаолият режасини қайта кўриб чиқишни таъминлайди. Шу нарсани алохида таъкидлаб ўтиш керакки, ҳеч қачон хаёл ижодий фаолият дастурининг яратувчиси сифатида намоён бўлмайди, балки унинг айрим ўринларини тўлдиришнинг ва алмаштиришнинг тимсолларини яратади, холос.
Хаёлнинг билиш жараёни сифатидаги асосий вазифаси шундан иборатки, у амалий фаолият бошланмасдан туриб, унинг маҳсулини олдиндан тасаввур қилиш ва уларнинг тимсоллар тариқасида вужудга келтиришдан иборатдир. Инсон шахсий фаолиятида айрим қийинчиликлар вужудга келса, уларни бартараф қилиш учун одам ўйланади, фикрий образларни яратади, уларга янги қўшимчалар киритади. Айтайлик, инсон стул ясамокчи бўлса, у энг аввал унга оид кисмларни тайёрлайди, шахс хаёлан унинг сифатига эътибор беради, кейин уларни яхлитлайди, ўзаро бирлаштиради ҳамда буюм шаклида гавдалантиради. Бинобарин, хаёл ишнинг ҳар бир боскичида бевосита иштирок қилади, йўл-йўлакай кўрсатмалар, қўшимчалар киритиб боради.
Хаёл билиш жараёнлари билан узвий алоқада ҳукм суради, уларни акс эттириш имкониятининг тўлароқ рўёбга чиқишига ёрдам беради. Айниқса, у тафаккур билан бсвосита алоқада бўлади, худди шу боисдан уларнинг ҳар иккаласи ҳам башорат қилиш, олдиндан пайқаш, сезиш, истиқбол режасини тузиш имкониятига эга. Шунинг учун улар ўртасида бир қатор ўхшашликлар ва айрим фарқлар мавжуддир. Бу ҳолат қуйидагиларда ўз ифодасини топади: 1) хаёл тафаккур сингари муаммоли вазиятда, масала ва топшириқлар ечиш жараёнида туғилади; 2) янги ечим, усул, восита қидиришда ва уларни саралашда умумийлик мавжуд; 3) хаёлнинг ҳам, тафаккурнинг ҳам пайдо бўлиши шахснинг эҳтиёжларига бевосита боғлиқ; 4) эҳтиёжларни қондиришнинг дастлаб хаёлий образлари яратилади, унинг натижасида вазиятни ёрқин тасаввур қилиш имкони туғилади; 5) хаёлда олдиндан акс эттириш жонли тасаввурлар тарзида, яққол тимсоллар шаклида вужудга келса, тафаккурда улар умумлашмалар, тушунчалар. билвоситалик хусусияти орқали рўёбга чиқади.
Хаёл жараёни тафаккурдан фарқли вазиятнинг маълумотлари қанчалик ноаниқ бўлса, шунчалик таъсавур образлари яралиши учун қулай имконият туғилади, унинг механизмлари тезкорликда ишга тушади. Ниҳоят даражада катта ноаниқликларга эга, воқеликдан тубдан узоқ фантазия оламида образлар, чизгилар, бадиий тўқималар яратади.
Муаммоли вазият ўзининг хусусиятига кўра бир даврнинг ўзида хам хаёлнинг, ҳам тафаккуриинг иштирок этишини тақозо қилади. Агарда муаммонинг ечими, масаланинг шарти аниқ бўлса, бу ҳолда тафаккуриинг иштироки устуворлик қилади, мабодо номаълумликларнинг миқдори кўпайиб кетса, у такдирда хаёл ёки фантазия етакчи роль ўйнай бошлайди.
Хаёлнинг энг аҳамиятли томони шундан иборатки, у тафаккур предметига тааллуқли ҳолатлардаги етишмовчиликда ҳам у ёки бу йўл билан муаммоли вазиятдан енгилроқ чиқиб кетишга муҳим замин ҳозирлайди. Инсонда мавжуд нарсаларнинг ички тузилиши, унинг ривожланиши, ўзгариши тўғрисидаги маълумотларнинг етишмаслиги туфайли шахс хаёлга ва фантазияга мурожаат қилади. Чунки, хаёл инсоннинг ақлий зўр беришда, стресс, аффект ҳолатларида асаб тизимининг танглигидан халос этиб, тана аъзолари функциясини тиклайди, ишчанлик қобилятини барқарорлаштиради.
2. Хаёл турлари тўғрисида умумий тушунча
Хаёл ўзининг фаоллиги билан атроф муҳитни ўзгартиришга йўналтирилган шахсни ижодий фаолиятининг муҳим шарти сифатида хизмат қилади. Баъзи бир психологик маълумотларга қараганда, гаҳо хаёл фаолиятнинг функциясини бажаради, бунда у хатти-ҳаракатларнинг сунъий равишдаги мажмуаси вазифасини ижро этади, холос. Инсон қуйидаги холатларда яққол тасаввурдан йироқ бўлган хаёлот оламига кириб бориши мумкин: 1)инсон ҳеч қандай йўл билан ҳал қилиб бўлмайдиган масалалар, муаммолар исканжасидан беркиниш мақсадида; 2) турмушнинг оғир шароитларидан, заҳматларидан ҳимояланиш ниятида; 3)шахсий нуқсонларнинг таъқибидан; 4) ушалган армондан; 5) патологик ҳолатга учраганда; 6)алкоголизм, наркомания ва бошқа вазиятларда. Хаёлот (фантазия) турмушда гавдаланиши мумкин бўлмаган, амалга ошириш имконияти йўқ хатти-ҳаракатлар дастурини намоён этади.
Юқоридаги мулоҳазалар негизидан келиб чиқувчи хаёлнинг бундай шакли психология фанида пассив хаёл деб номланади. Психологияда актив, ихтиёрий, ихтиёрсиз, тикловчи ва ижодий турлар тўғрисида ҳам муайян маълумотлар мавжуддир.
Инсон пассив хаёлни олдиндан ихтиёрий режалаштириб юзага келтириши ҳам мумкин. Худди шу боис ирода билан ҳеч бир боғлиқ бўлмаган, жўрттага «кашф» қилинган, бироқ ҳаётда гавдалантиришга йўналтирилган хаёлнинг ўзига хос образлари мажмуаси « ширин хаёл» дейилади. Одатда «ширин хаёл»да фантазиянинг маҳсуллари би-лан инсоннинг эҳтиёжлари ўртасидаги алоқа енгиллик билан юзага келганлиги туфайли қувончли, ёқимли, қизиқарли нарсалар ҳақида одамлар хаёл сурадилар. Демак, у реалликдан тубдан узоқлашади. Гоҳо пассив хаёл ҳеч ўйламаганда, ихтиёрсиз равишда вужудга келиши ҳам мумкин, бунда қуйидаги ҳолат юз беради; А) онг назоратининг кучсизланиши, Б) иккинчи сигналлар тизимининг сусайиши, В) инсоннинг вақтинча ҳаракатсизланиши, Г) уйқусираш кезида, Д) аффектив вазиятдан, Е) туш кўришда, Ё) галлюцинацияда; Ж)патологик ҳолатларда ва ҳоказо.
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, пассив хаёл ихтиёрий ва ихтиёрсиз турларга ажратилганидек, актив хаёл тикловчи ва ижодий кўринишларга бўлинади.
Ўзининг моҳияти билан тасаввурларга мувофиқ келадиган тасаввурлар, тасвирлар тизимини яратувчи хаёл тикловчи хаёл деб аталади.
Ижодий хаёл тикловчи хаёлдан фарқли ўлароқ оригинал ва ижодий маҳсулотларда гавдаланувчи янги образларнинг яратилишидан иборат хаёлнинг туридир.
Хаёлнинг муҳим томонларидан бири-унинг ижодиёт ва шахс муносабатининг яхлит ҳолда талқин қилиш хусусиятидир. Ижодиёт шахснинг ички имкониятлари ва захираларинииг рўёбга чиқишининг асосий шартларидан биридир. Худди шу сабабдан шахс ўзининг ижодий фаолияти билан, биринчидан, инсоннинг яратувчилик қудратини амалиётда намойиш қилади. Иккинчидан, у ижодиёт таъсирида янги фазилатларни эгаллайди, нафосат, бадиий ижод, техник қобилият, кашфиёт ижтимоий муаммоларни интеграция қилиш ёки мавжуд умумий қонуниятлардан келиб чиқиб, уни дифферснциаллаштиради. Учинчидан, жаҳон фанига ўз улушини қўшади ва цивилизацияга ўз таъсириии ўтказади, ижтимоий тараққиёт ҳаракатлантирувчисига айланади. Ижодиёт давомида шахс мотивацион, эмоционал, иродавий барқарорлик, характернинг мустаҳкамлиги ва бошқа индивидуал-типологик хусусиятлардаги етуклик ижодиёт маҳсулига, унинг самарадорлигига, сифатига муносиб равишда ижобий таъсир ўтказади. Ижодиёт таркиблари билан шахснинг хусусиятлари ўртасидаги уйғунликнинг юзага келиши икки ёқлама таъсир ўтказиш механизми сифатида мухим роль ўйнайди, яъни фаолиятда шахс ўзининг янги қирраларини очади, унинг фазилатлари эса ижодий изланишларнинг муваффақиятли якунланишини таъминлайди.
Хаёлнинг аналитик хусусияти бўйича хаёлнинг мазмунини, моҳиятини, предметини, асосан тубдан янги маҳсуллар, янгича образлар, тимсоллар, тасвирлар яратилишидан, атроф-муҳитнинг ифодаси, янги безакли, жилоли эканлигини қайд қилишдан иборатлигидан тан олишдир.
Хаёл аналитик ҳолатдан ташқари синтетик хусусиятга ҳам эгадир. Хаёлнинг синтетик ҳолати ушбу феноменлар орқали ифодаланади: агглютинация муайян тасаввурларни бир-бирига қўшиб ёки улардан фойдаланиб, нарса ва ҳодисаларнинг янги образларини яратишдан иборат хаёл феноменидан биридир;
Агглютинация феномени образлар синтезлашув жараёнининг соддароқ кўринишидан бири ҳисобланиб, инсониятнинг кундалик ҳаёти ва фаолиятида рўй-рост яхлитлаштириш имконияти йўқ хилма-хил хислатлар, фазилатлар, сифатлар ва қисмларни акс эттиради. Одатда агглютинация ёрдами билан донишманд халқ томонидан яратилган эртак тимсоллари, афсона тасвирлари яратилади ёки хаёлий композицияси тўқиб чиқарилади
Гиперболизация феномени хаёл образларини ҳамда тасаввур шаклларини ўзлаштириш жиҳатидан яқин агглютинацияга ёндош, ўхшаш психик жараёндир. Гиперболизация нарсалар ва жониворларни нафақат (бармоқдек кичик бало, уйдек тухум, тоғдек паҳлавон, тарикдек бола, туядек бурга ва ҳоказо) билан тавсифланибгина қолмасдан, балки тасаввур образлари (тимсоллар, тасвирлар) миқдорини кўпайтириш ёки уларнинг ўрнига алмаштириш хусусиятларини ҳам намоён этади.
Хаёл жараёнларининг, шу жумладан фантазия образларининг вужудга келиши инсон мияси фаолиятининг маҳсули ҳисобланиб, бош мия катта ярим шарлари пўстлоқ қисмининг функцияси орқалиамалга ошади.
Хотиранинг физиологик асоси муваққат нерв боғланишларининг ўзаро бирикуви ҳамда фаоллашувидан иборат бўлса, хаёл жараёнида инсон онтогенезида юзага келтирилган боғланишлар тизими бузилиши оқибатида янги тизим ҳосил қилинади. Фавқулоддаги бундай ҳолат маълум эҳтиёж ёки бирорта тасодифий таассурот орқали мия пўстида кучли кўзғолиш ўчоғининг ҳосил бўлиши туфайли вужудга келиши мумкин. Худди шу боисдан хаёл сураётган шахсда нерв ҳужайраларининг гуруҳлари ўзаро янгитдан боғланиши, шунинг учун фактазия образларига хос янгилик ва ўхшашлик аломатлари мазкур янгича боғланишга бўйсунади.
Шундай қилиб, хаёл мия катта ярим шарлари пўстининг функцияси ҳисобланишига қарамасдан, унинг физиологик механизмлари миянинг бошқа қисмлари билан боғлиқ эканлиги тўғрисида фараз қилишга имкон туғдиради.
Инсон мияси фантазия образларига ҳамда организмнинг периферик қисмларига бошқарувчанлик таъсирини ўтказиб, уларнинг фаолиятини ўзгартириб туради. Шахс асабийлашганида бирор нарса ҳақида қаттиқ ўйласа, албатта тана аъзоларида кўзга ташланадиган ўзгаришлар содир бўлиши мумкин. Юзага келган бундай аломатлар «стигмат»лар деб номланади (юнон stigma доғ ёки чандиқ деган маънони англатади). Қўрқинч ҳолати тўғрисида хаёл образлари яратилса, одамга учуқ чиқиши, лаблари ёрилгандай ҳис этиши воқеликлари учраб туради. Масалан, чекиш ва ичишни мутлоқ ташлаган шахс папирос ёки спирт ичимлиги тўғрисида ўйласа, унинг оғиз бўшлиғида тамаки таъми, ароқнинг аччиқлиги пайдо бўлиши мумкин. Инсон жуда сувга ташна бўлса ёки очлик азоби қийнаса, улар тўғрисида ўйласа, «ширин қониқиш» «лаззатланиш» ҳислари вужудга келади.
Психологияда кўрқинч ҳолати тўғрисида муайян материаллар тўпланган ва таҳлил килинган. Қўрқинч юнон phobos «фобия» деб номланади. Фобия муайян шароитлар ва вазиятларда шахсда вужудга келадиган кучли асосга эга бўлмаган қўрқинч ва ташвишланишдан иборат, инсон томонидан енгиш имконият йўқ муттасил психопатологик ҳолати. Мазкур патологик ҳолатнинг баъзи бирларига тушунча беришга ҳаракат қиламиз: 1)агарафобия - шахснинг гавжум майдонлардан, шоҳ кўчалардан ўтишига қўрқиши; 2) каустрофобия- инсоннинг эшигини қулфлаб ёлғиз ўтиришидан қўркиши; 3) монофобия- шахснинг якка-ю ёлғиз, ҳеч кимсиз қолишдан қўрқиши; 4) атропофобия-инсоннинг кўпчилик даврасидан, ҳалойикдан қўрқиши; 5) назофобия-одамнинг касал бўлиб қолишдан қўрқиши; 6) эйротрофобия- шахснинг кўпчилик даврасида изза бўлишдан, ўзини йўқотиб қўйишдан қўрқиши; 7) дидактоген- ўқувчи ёки талабанинг ўқитувчидан қўрқиши; 8) ятроген- беморнииг шифокордан қўрқиши ва ҳоказо.
Хаёлнинг органик жараёнлари билан узвий боғлиқлиги ҳақидаги маълумотлар яна идеомотор (юнон idea- тушунча, тасаввур, лотинча motor ҳаракатлантирувчи деган маънони билдиради) актлар (ҳаракатлар)да мужассамлашган бўлади. Инсон у ёки бу ҳаракатни тасаввур қилиш биланоқ худди шу нарсанинг табиий равишда бажарилиши бошланади. Масалан, шахс қайсидир ашулани дилдан ўтказса, унинг хиргойиси амалга оширилади ёки рубоб тўғрисида тасаввур қилинса, ундаги бармоқ ҳаракати тасодифий ижрога киришади ва бошқалар.
Хаёлнинг асосий шакли хаёлот ёки фантазия деб номланади, лекин чет эл психологиясида хаёлнинг синоними сифатида қўлланилади. Фантазия инсон онгида инъикос этила бошлаганда эътиборан борлиқнинг қиёфасини ўзгартиришга йўналган бўлади, воқеликнинг унсурларини ўрин алмаштириш хусусиятига ҳам эгадир. Шунингдек, фантазия инсоният дунёси учун маълум бўлган омилларга нисбатан янги нуқтаи назар топишга ва шу йўсинда ёндашишга имкон беради ҳамда бадиий, илмий билиш қадриятларни ўзида мужассамлаштиради.
Одатда боланинг асосий фаолияти ўйинга айлана борган сари боғча ва кичик мактаб ёши даврида жадал ривожланиши билан тавсифлапади. Маълумки, таъкидланган ёш давридаги болалар учун фантазия образлари уларнинг ўйин фаолияти учун дастур тариқасида вужудга келади: а) бола ўзини космонавт сифатида ҳис қилади; б) конструктор ролини бажаради; в) ўзини персонаж хулқ-атвори билан таққослайди; г) ролли, сюжетли ўйинларда муайяи ролларга киришади ва хоказо.
Хаёлнинг ўзи фаолиятнинг ҳар хил турларида таркиб топади, уни амалга ошириш ва уюштириш учун алоҳида аҳамият касб этади. Боланинг хаёли ташқи таянчларга (ўйинчоқларга) асосланувчи фаолиятдан сўзлар билан содда ҳамда бадиий ижодиётни амалга оширишга шароит туғдирадиган ички фаолиятга ўсиб ўтади. Унинг хаёли нутқни эгаллаш муносабати билан шахслараро муомала ҳам тараққий этади. Нутқ фаолиятининг юксак кўрсаткичи кўрмаган, эшитмаган нарса ва ҳодисаларни тасаввур қилиш имконини яратади. Худди шу боис болалар чўплардан от образларини, стулдан ҳаракатланувчи тех-никани яратиш имконига эга бўлади. Шунинг учун фантазия ижтимоий тажрибанинг бири сифатида гавдаланади.
Орзу хаёл шаклларидан бири ҳисобланиб, шахснинг ўзи учун энг ёқимли истиқбол образларини хаёлида (тасаввурида) яратишда гавдаланади. Орзу инсоннинг эҳтиёжлари, хоҳиш-истаклари, интилишлари билан бевосита боғлиқ бўлиб, уни келажакда фаолиятни амалга оширишга ундайди.
Шахснинг ижодий фаолияти моҳиятида фантазия иштирок этмасдан иложи йўқ, чунки ҳамиша ҳам унинг амалий хатти-ҳаракатларвда хаёл жараёнлари рўёбга чиқавермайди. Аксарият ҳолларда хаёл жараёнлари шахс амалга оширишни истайдиган образлар шаклида мужассамлашади ҳамда ички фаолият тусига айланади. Келажакка шахсни ундовчи, унинг хоҳиш-тилакларини акс этгирувчи образлар мажмуаси орзу дейилади. Орзу-шахснинг атроф муҳитни, ижтимоий вокеликни ўзгартиришга, ўрин алмаштиришга йўналтирилган ижодий кучлари, илҳомлари ва интилишларини турмушга татбиқ этишнинг асосий шартларидан биридир. Шу билан бирга орзу шахсий ва ижтимоий ҳаётни илмий фараз қилишнинг унсурларидан ҳисобланади. Мамлакатимизда тараққиётни олдиндан кўра билиш, мақсад кўзлаш, келажаги буюк давлат ғоялари, миллий истиклол мафкураси ва миллий истиқлол ғояси ғоят муҳим аҳамиягга эга. Шунинг учун орзу батамом тугалланиши маълум бир сабабларга кўра мувақкат кечиктирилган фаолиятга ундовчи мотив (сабаб) тариқасида юзага келиши мумкин. Шунинг учун ҳам инсон қўли билан бунёд этилган нарса ўзининг ижтимоий тарихий моҳияти жиҳатидан моддийлаштирилган, татбиқий хусусиятли шахснинг орзусидир. Ана шу нарсаларга нисбатан ўта зарур эҳтиёж ҳис қилган аждодларимизнинг орзулари яққол кўринишда гавдаланганлигининг шоҳиди бўламиз: 1) учар гиламлар; 2)ойнаи жаҳон; 3) электр чироғи; 4) ўзи юрар аравалар; 5) лип этиб чиқиш (лифт); 6) даштга сув чиқариш ва ҳоказолар.
Бадиий ва илмий ижодида фаитазиянинг ўрни тўғрисида муайян даражада ишлар қилган, чунки санъат ва адабиёт ижодий фаолиятининг зарурий унсури сифатида хизмати баҳоланган. Маълумки, рассом ҳамда ёзувчининг ижодий фаолиятвда иштирок этувчи хаёл образларининг муҳим хусусиятлари-бу унинг эмоционал кечинмалар ҳис-туйғулар билан мужассамлашгандир. Ҳозирги даврда: 1) бадиий ижодиёт 2) бадиий таржима; 3) илмий ижодиёт психологияси: 4) адабий қобилият ва истеъдод психологияси сингари махсус соҳалар хаёл турлари, жараёнлари, шакллари кабиларга асосланган ҳолда тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Мустақил мамлакатимизнинг ёшлари (фуқаролари) янгиликлар яратиш ва кашфиётлар амалга ошириш, ўзлари ёқтирган ишлар, муқаддас ижтимоий хаёл йўллари, ватанга муҳаббат, ифтихор, садоқат, содиқ дўстлик, қаҳрамонлик, иймон-эътиқод, бахт -толе тўғрисида узлуксиз равишда орзу қиладилар. Шахс томонидан тасаввур этилаётган орзулар ҳақиқатдан ҳам гўзал, эзгу ниятли, порлок келажакка қаратилган бўлса, улар инсон хислатига айланади.
Мавзу юзасидан саволлар
1.Хаёл турлари ва хусусияталри.
2.Хаёлларда аналитик-синтетик фаолият.
3.Ширин хаёллар ва фантазия.
4. Хаёл жараённинг физиологик асослари.


Таянч иборалар
Пассив, актив, ижодий, орзу, туш, фантазия, агглютинация, гиперболизация
Download 24.66 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling