Al bukhariy university nodavlat oliy ta’lim muassasasi “tаsdiqlаymаn” M. Axmedov
Download 2.32 Mb.
|
DINSHUNОSLIK умк 2022 23 ,05,22
- Bu sahifa navigatsiya:
- Дзэн буддизм”
Будда фикрича, инсон “Панча шила” (санскритча – беш насиҳат)га амал қилиши, қотиллик, ўғрилик, гумроҳлик, ёлғон сўз, маст қилувчи нарсалардан сақланиши лозим. Буддавийликка эътиқод қилган ҳар бир роҳиб ғийбат қилмаслик, қўпол ва бекорчи сўзларни гапирмаслик, ўзгалар мулкига кўз олайтирмаслик, бировга нафрат билан қарамаслик, адолат ҳақида ўйлаш, муносиб инсонлардан яхшиликни аямаслик, ахлоқий хатти–ҳаракат қоидаларига амал қилиш, ўзида савобли ишлар қилиш истагини тарбиялаш, ота–она ва қарияларни ҳурматлаш, улар ҳақида қайғуриш, ҳақиқат, адолатни тарғиб қилиш, ўз камчиликларини бартараф этиш каби вазифаларни адо этиши лозим. Буддавийлар ҳар ойда икки марта “Тийилиш куни” маросимини ўтказадилар. Ибодатдан олдин муаттар ҳид таралиб туриши учун Будда ҳайкали атрофига гуллар қўйилиб, шамлар ёқилган. Ибодат Будда ҳайкалига қараб бажарилади. Буддавий роҳиблар муқаддас китобдан парчалар ўқишади. Маросим тугагач, роҳиблар ибодатга келган кишилар устига, улар ўз навбатида ерга сув сeпадилар. Шу йўл билан роҳиблар билан оддий кишилар ўзларидаги яхши ҳислатларни ўзаро баҳам кўришга интилишларини намойиш этадилар. Ибодат пайтида гулдан фойдаланишда ҳам чуқур рамзий маъно бор. Зеро, сўлиб қолган гул ҳаётнинг ўткинчилиги, муаттар ҳид эса буддавийликка эътиқод қилувчиларнинг гўзал хулқ–атворли бўлиши лозимлигини эслатади. Буддавийликда ибодатлар холи (якка ҳолда) ҳам амалга оширилади. Бу инсоннинг истаган пайтда ибодат қилиш, ўз ички оламига кириб, ишонч–эътиқодининг моҳияти ҳақида мушоҳада юритишига имкон яратади, деб ҳисобланади. Диний урф–одат ва маросимларнинг оддийлиги буддавийликнинг жаҳоннинг турли мамлакатларида кенг тарқалишига сабаб бўлган. Будданинг туғилган, нурланган ва вафот этган кунларини хотирлаш билан боғлиқ маросимлар мавжуд. Хусусан, Будданинг туғилган куни оммавий байрам сифатида нишонланишини алоҳида қайд этиш лозим. Буддавийлар учун янги йилнинг бошланиши ўз ахлоқий хатти–ҳаракатларига баҳо бeриш, покланиш ва савобли ишларни бажариш ҳақида қайғуриш вақти бўлиб ҳисобланади. Апрeль ойида 2–З кун давомида нишонланадиган “Янги йил байрами”да Будда, авлиёлар, аждодлар ёдга олиниб, сув сeпилади. Сув сeпиш ёмғир чақириш ва хотиржам ҳаёт бeлгиси ҳисобланади. Шимолий Ҳиндистон ва Марказий Осиё ҳудудларининг Кушонлар салтанати ҳукмронлиги остида бирлаштирилиши натижасида буддавийлик Узоқ Шарққа ҳам кириб борди. Кейинчалик Шарқий Туркистон, Хитойга ёйилди. Канишка, Вима Кадфиз ва улардан кейинги Кушон императорлари буддавийлик дини анъаналарини амалда ривожлантириш, бошқа халқлар ўртасида тарқатиш учун Балх, Марв, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Шош, Туркистон, Қува, Косон, Ўш, Болосоғун, Кошғар ва бошқа шаҳарларда ибодатхоналар қуриб, унинг муқаддас китоблари, сутра (санскритча – ип, тўплам, баён, диний–фалсафий ибора)ларни ўрганиш, таржима қилиш ва шарҳлаш учун шароит яратдилар. Будданинг ўлимидан сўнг шогирдлари орасида ажралиш рўй берди. “Хинаяна” (санскритча – кичик ғилдирак) йўналиши анъанавий қарашларга риоя қилиши билан бирга Будда таълимотига қатъий мантиқий изчиллик беришга интилди. “Маҳаяна” (санскритча – катта ғилдирак) йўналиши Будда таълимотининг барча томонларини ислоҳ қилди. Буддага илоҳийлик тусини бериб, диний маросим ва ибодатларни жорий этди. Ушбу йўналишларнинг маҳаллий қадриятлар ва бошқа динлар билан синтезлашуви эса “ламаизм”, “важраяна”, “дзэн (чань) буддизм”, “тянтай”, “дхиана” каби йўналишларнинг вужудга келишига замин яратди. Буддавийликнинг илк йўналишларидан бири, нажот топишнинг тор йўли бўлган “хинаяна” милоддан аввалги I асрда шаклланган бўлиб, унинг асосий қоидалари “Типитака”да баён қилинган. “Хинаяна”ни Будда кичкина қайиқ мисолида тушунтирган: киши ёлғиз ўзи унга ўтириб, тинч–омон дарёдан сузиб ўтиши мумкин. Бундай киши “архата” деб аталган. У бутун куч–қудрати ва имкониятини олий мақсад сари қаратиб, ҳақиқатни англайди. “Архата” фақат ўзи ҳақида қайғуради ва ҳар бир киши “нирвана”га эришиш учун ўзи ҳаракат қилиши кераклиги, бошқаларнинг ёрдами билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини уқтиради. Раҳм–шафқат, ачиниш, ҳамдардлик қанчалик юксак ва гўзал ахлоқий меъёр бўлмасин, инсонни чеклаб қўяди. Ҳамиша кимгадир ва нимагадир таянган киши олтин занжирга кишанланган бўлади. Ваҳоланки, темир ёки олтиндан бўлганидан қатъи назар, занжир занжирлигича қолаверади. Шунинг учун ҳам “хинаяна”да киши фақат ўзига нажот бериши, бошқаларнинг ҳаётига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги, ҳар бир кишининг ўз нажот йўли бўлиши эътироф этилган. “Архата” бошқаларга устозлик қилиш, панд–насиҳат қилиш, бошқаларга кўмак беришдан кўра, сукутни афзал кўради. “Архата” юксак камолот ва “нирвана”га эришган киши ҳисобланади. “Хинаяна” йўналиши эътиқодига кўра, киши роҳиблар жамоасига кириб, якка–ёлғизликда таркидунёчилик ва тақводорлик билан ҳаёт кечириш орқали кундалик ҳаёт ташвишларидан халос бўлиши мумкин. “Хинаяна”да “Будда тишига сиғиниш”, муқаддас жойларни зиёрат қилиш каби дабдабали маросимлар пайдо бўлган. Буддавийларнинг муқаддас жойи Шри Ланка бўлиб, бу ерга турли мамлакатлардан буддавийликка ибодат қилувчилар ташриф буюрадилар. Шри Ланканинг аввалги пойтахти бўлган Канди шаҳрида дунёда машҳур “Будданинг тиши” ибодатхонаси жойлашган. Бу ерда Будданинг тиши сақланади. Ривоят қилинишича, Будда вафотидан сўнг унинг жасади оловда куйдирилган. Будданинг шогирдларидан бири ўша жойдан Будданинг тишини топиб олган ва бу тиш ибодатхонада сақланган. “Будданинг тиши” ибодатхонанинг ер остида, кумушдан ясалган қўнғироқ ичида олтин идишларда сақланади. Ижтимоий ҳаётнинг ўзгариб бориши ва буддавийлик тартиб–қоидаларини унга мослаштиришга интилиш натижасида руҳий камолот аҳдига риоя этувчи, худога илтижо қилувчи, роҳибларга инъом–эҳсон берувчи ҳар қандай диндор нажот топиши мумкин, деган қоидага асосланган “маҳаяна” (санскритча – нажот топишнинг кенг йўли) йўналиши вужудга келишига замин яратилган. Худоларга етиш йўллари барча учун мумкин бўлгани сабабли “маҳаяна” йўналиши “катта ғилдирак” номини олган, яъни ҳамдардлик ва хайрихоҳлик билан бошқаларни ҳам олий мақсад сари етаклаш, уларга ёрдам бериш ва боддҳисаттва мақомига эришишларига кўмаклашиш ҳақидаги ғоялар унинг мазмун–моҳиятини ташкил этган. “Боддҳисаттва” қарама–қаршилик ва зиддиятда ҳам ҳақиқатни кўра оладиган, ким бўлишидан қатъи назар, бойми, камбағалми, барчага ўз нажот йўлини таклиф қила оладиган кишидир. “Маҳаяна”да “халоскорликнинг ажойиб саккиз йўли”га амал қилиш орқали азоб–уқубатлардан қутулиш мумкинлиги инкор этилиб, бу йўлдан воз кечилган. Бунинг ўрнига боддҳисаттва – устозлар ва роҳибларга сиғиниш орқали нажот топишнинг йўли кўрсатилган. “Маҳаяна”да “дунё бир рўё (йўқлик), фақат “нирвана” ҳақиқатдир, Сиддҳартҳа ўгитларига амал қилувчи, худога илтижо қилувчи, роҳибларга моддий ёрдам бeрувчи, дунёвий ишлар билан шуғулланувчи ҳар бир киши нажот топиши мумкин”, дeб уқтирилади. “Адибудда” (санскритча – абадий Будда) – дунёнинг олий қиёфасиз субстанцияси, яъни “нирвана” деб ҳисобланади. “Маҳаяна”да жаннат даражалари ҳақидаги таълимот етакчи ўринни эгаллашини алоҳида қайд этиш лозим. Унга кўра, “Боддҳисаттва”лар худонинг эманацияси сифатида инсоннинг азоб–уқубатлардан халос бўлишига мададкор бўладилар. Худонинг марҳаматига эришиш йўли муқаддас “сутра” (диний–фалсафий адабиёт)ларни такрорлаш билан амалга ошиши таъкидланган. “Маҳаяна”нинг асосий қоидалари “йогочара” ҳамда “мадҳъямика” диний–фалсафий мактаблари томонидан ишлаб чиқилган. “Йогочара” мактаби вакиллари “фақат инсон онгини реал мавжудлик, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг фикрича, онг ташқи дунёнинг барча объектларини вужудга келтира олгани учун унинг фаоллигини сўндириш орқали қайта туғилиш занжири – “сансара”дан қутулиш мумкин”. “Мадҳъямика” мактаби вакиллари индивидуал онг мавжудлигини инкор этиб, фақат “шунёт” (“бўшлиқ”) мавжудлиги, у муайян сифатга эга эмаслиги, уни таърифлаш ҳам, тажриба йўли билан ҳам билиб бўлмаслиги, уни фақат интуиция – ички сезим қуввати (қалб кўзи) орқали англаш мумкинлигини эътироф этганлар. Кейинчалик “маҳаяна” буддавийликнинг янги йўналишлари учун асос бўлиб хизмат қилди. “Дзэн буддизм” V–VI асрларда Хитойда пайдо бўлган маҳаяна йўналишидаги мактабларидан биридир. Унинг асосчиси афсонавий роҳиб Боддхидхарма ҳисобланади. “Дзэн” (лотинча – медиатация, фикрни жамлаш, диққат билан мушоҳада қилиш) буддизмнинг асосий хусусиятлари сифатида назариядан кўра амалиётга, диний ўгит ва қонун– қоидаларни ёдлаш ўрнига мушоҳада қилишга алоҳида эътибор берилишини, иррационализм ва мистикага мойилликни қайд этиш мумкин. Дзэн буддистлар “йога” машқларини бажариш, жисмоний меҳнат қилиш, санъат тури билан шуғулланишга катта аҳамият берадилар. Ҳар қандай ақида ва эътиқод шаклларини (ҳаттоки, Буддани ҳам) инкор қилиш, ҳеч кимга тақлид қилмаслик ва руҳий эркинликка эришиш, “вақт–абадийлик”, “субъект–объект”, “ҳаёт–ўлим”, “ҳақиқат ва ёлғон”, “яхшилик ва ёмонлик” каби зиддиятларни бартараф этишни камолотга эришишнинг олий йўли, деб ҳисоблайдилар. Дзэн буддизмда ташқи оламдан узилиб, абадий ташвишлардан четланиш ва фикрни бир нуқтага жамлашга алоҳида эътибор берилади ва “сатори” (санскритча – йилт этиб кўриниш)ни тарғиб қилинади. Транс ҳолатига тушган кишининг ҳақиқатга эришиши дзэннинг олий мақсади, деб билинади. “Дзэн буддизм” барчани ирқи, миллати, диний эътиқодидан қатъи назар, “ҳаммага мос жонли амалий ҳақиқат” сирларидан огоҳ бўлишга чақиради. Ҳозирда дзэн буддистлар 10 миллиондан ортиқ, уларнинг 85 фоизи Японияда яшайди. Унда илгари сурилган ғояларнинг бевосита “дилдан–дилга” узатилиши, инсоннинг ўз руҳий моҳияти билан яқинлиги, белги ва шаклларга қарам бўлмаслик, яъни фикрнинг сўз ва белгиларсиз ифода этилиши, инсоннинг ўз ички дунёсига мурожаат қилиши орқали Будда каби баркамолликка эришиш мумкинлиги ҳақидаги қарашлар оммавий тус олган. Ҳозирда Японияда дзэн ибодатхоналари диний, сиёсий ва маданий марказга айланиб, ёшлар тафаккури, турмуш тарзи, фаолиятига катта таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, дзэн санъати хитой ва япон маданияти анъаналаридан бирига айланган. Самурайлар дзэн буддизм тарғиботчилари ҳисобланади. Дзэнга “ҳаммага мос жонли амалий ҳақиқат” деб таъриф беришган, яъни инсон ички дунёси орқали ҳақиқат ва баркамолликка эришиши мумкинлиги эътироф этилган ҳолда қатъий тартиб ва махсус руҳий машқларга амал қилиш талаб этилади. Бугунги кунда дзэн буддизм Ғарбий Европа мамлакатлари, АҚШ ва Канада ёшлари орасида кенг тарқалганини қайд этиш лозим. Шу аснода медиатация қонун ва талабларини бузиб талқин этиш, маст қилувчи ичимлик ва наркотик моддалардан фойдаланиш орқали “нирвана”га эришиш мумкин, деган қарашлар ҳам кенг ёйилиб бораётганини таъкидлаш зарур. Ёшларнинг бундай қарашлар таъсирига берилиши уларнинг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатиб, носоғлом майлларнинг кучайиши, алкоголизм ва наркоманиянинг чуқур илдиз отишига замин яратмоқда. Ламаизм (тибетча – энг улуғ) VII–ХIV асрларда Тибетда маҳаяна йўналиши таъсирида вужудга келган. Муқаддас диний китоблар “Кангъюр” ва “Тенгъюр”да баён қилинган барча қонун–қоида ва талаблар ламаизм эътиқодининг асосини ташкил этади. Ламаизм таълимотига кўра, инсон буддавийлик ақидаларига таяниб, фақат ламалар ёрдамида нажот топади, гуноҳлардан покланади, ламалар ёрдамисиз оддий кишилар жаннатга туша олмайди. Будданинг Ер юзига яна қайтиши ва дунёда адолат ўрнатишига ишонч ламаизм таълимотида муҳим ўрин эгаллайди. Худоларнинг Ердаги вакили ҳисобланган ламаларга ва дунёвий ҳокимиятга сўзсиз бўйсуниш, ибодат ва расм–русумларни дабдабали ўтказиш, муқаддас китоблар талқинини театрлаштирилган томошаларда акс эттириш, худоларнинг ғазаби, ёвуз руҳлар зиёнини қайтариш учун турли дуо ва афсунлар ўқиш ламаизмга хос хусусият ҳисобланади. Одам ўлдириш, ўғрилик, ёлғончилик, туҳмат, ғийбат, бекорчи сўзлаш, очкўзлик, кек сақлаш, зино қилиш ламаизмда ҳам оғир гуноҳ саналади. Ламаизм таълимотига кўра, гуноҳ қилишдан ўзини тийиш фазилат ҳисобланиб, инсонга “энг яхши қайта туғилиш”га ёрдам беради. Ламаизмнинг олий диний раҳнамоси Далай–Лама (тибетча – “денгиздек улуғ лама”) туғилган мавжудотларнинг энг улуғи, “боддҳисаттва”нинг Ердаги кўриниши, тирик худо ҳисобланади. “Ламаизм” тибетликларнинг асосий дини ҳисобланади. Тибетда 3000 дан ортиқ буддавийлик ибодатхоналари мавжуд. Шунингдек, ламаизм Россиянинг, Бурятия, Тува, Олтой каби ҳудудларида ҳам кенг тарқалган. Download 2.32 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling