Al bukhariy university nodavlat oliy ta’lim muassasasi “tаsdiqlаymаn” M. Axmedov
Download 2.32 Mb.
|
DINSHUNОSLIK умк 2022 23 ,05,22
БУДДАВИЙЛИК
ТАЪЛИМОТИ Будданинг 84 мингта насиҳати 108 жилддан иборат “Кангьюр”да, унинг талқин ва тафсири 225 жилддан иборат “Тенгьюр”да акс этган. Шунингдек, Будданинг ҳаётига бағишланган ва милоднинг II асрида ёзилган “Махавоцу”, милоднинг II–III асрларида ёзилган “Лалитавистара (“Будданинг ҳаёти”)”, буддавий файласуф Ашвагхоша томонидан милоднинг I–II асрларида яратилган “Буддхачарита”, милоднинг I асрида ёзилган “Абнихишкрамансутра” ва “Ниданакатха”, “Дҳаммапада” (“Дҳарма йўли”, “Будданинг фикр–ғоялари”) каби асарлар буддавийликнинг муҳим манбаларидан ҳисобланади. Буддавийлик қадимий ҳинд динийфалсафий таъли мотлари таъсирида шаклланганини алоҳида қайд этиш лозим. Буддавийликда ўша даврда ҳам устувор бўлган каста тизими ва унда руҳонийларнинг бошқалардан устунлиги ҳақидаги қарашлар ва амалиёт ҳам инкор қилинган. Булар Будданинг “Ўзингга озор етмасин десанг, ўзгаларга озор берма, бошқаларга озор берсанг, ўзинг ҳам озор чекасан. Ҳирсу ҳавас барча бахтсизликларнинг сабабчисидир. Вақт ўтиши билан ҳамма нарса ўзгаради, шунинг учун, ҳеч нарсага ортиқча кўнгил боғлама, кўнгилни тоза тут, ҳақиқат ва боқий саодат изла. Ёмонлик қилма, гуноҳдан сақлан. Ҳамиша яхшилик қил. Бошқаларни севсанг, ўзинг ҳам, бошқалар ҳам бахтли бўлишади. Ўзгаларнинг айтганларини рад этма ва қоралама, ўзни бахтли қилиш учун ўзгаларни бахтсиз қилиш инсофдан эмас”, деган сўзларида теран акс этган. Буддавийлик таълимотининг ўзига хос жиҳатлар барча жонли нарсаларга муҳаббат билан қарашнинг тарғиб этилишида, ақл кўрсатмаларига қатъий бўйсуниш ва ҳиссиётга берилмасликда ҳам акс этган. Буддавийликда оламлар ва уларга хос хусусиятлар ҳақидаги қарашлар муҳим ўрин эгаллайди. Будда таълимотига кўра, олам уч босқичли бўлиб, унинг биринчиси – энг юқори мутлақ осойишталик ҳукм сурадиган “нирвана” (санскритча – сўлиш, ўчиш) оламидир. Унда инсон барча ташвишлардан халос бўлади, ҳеч бир истак–хоҳиш, эҳтиросларга ўрин қолмайди. “Нирвана”да руҳ – “сансара” (санскритча – кезиш, кўчиб юриш, ўзгариш) кишанларидан тўла озод бўлиб, олий мақомга эришади. Донишмандлар “нирвана”ни инсон билимлари доирасидаги сабаб–оқибат “дҳарма” (санскритча – қонун, бурч, ҳақиқат, нарса, ҳолат) оқими тўхтаб, руҳнинг номуносиб ва эзгу бўлмаган амаллардан холи бўлган ҳолати, деб изоҳлайдилар. Иккинчи олам – “рупалока” (санскритча – жаннат) “боддҳисаттвалар” (санскритча – моҳияти билим бўлган инсон) истиқомат қиладиган жой ҳисобланади. Унда жаннатнинг яратувчиси, Будданинг бири – Амитабҳа ҳукмронлик қилади. Бу ерда савоб ишлари туфайли руҳи гуноҳдан озод бўлган ва “нирвана”га кўтарилиш ҳуқуқига эга бўлган инсонлар яшайди. Учинчи олам – “камалока” (санскритча – дўзаҳ) энг қуйи оламдир. Бу ерда одамлар ва ҳайвонлар яшайди. Оламнинг бу қисмида руҳ қафасда яшайди. Руҳ озод бўлиши ва юқори оламга кўтарилиши учун инсон савобли ишлар қилиши лозим бўлади. Чунки жон қафасдан қутулишга ва юқори оламда яшашга интилса ҳам, гуноҳлари туфайли кўтарила олмайди. Буддага эътиқод туфайли инсоннинг жони бир неча марта туғилишдан кейин жаннатга ва ундан кейин “нирвана”га кўтарилиши мумкин. Ёвуз инсоннинг руҳи қуйи оламда азобланаверади ва юқори оламга кўтарила олмайди. Инсон қанча ёвуз бўлса, унинг руҳи қайта туғилишида яна қуйи оламга тушади, яъни буддавийлик таълимотига кўра, ўлим инсонни ҳаёт азоб–уқубатларидан халос эта олмайди. “Нирвана”га ўтиш ҳар бир кишининг иродасига боғлиқ бўлиб, буддавийликка астойдил эътиқод қилганлар иккинчи оламга кўтарилишлари, гуноҳкор кишиларнинг жонлари қафас ичида қолиши, нафсга берилганлар дўзахга тушишлари мумкин. “Сансара”нинг оғир азоб–уқубатларидан қайта туғилишлардан сўнг “архат” (санскритча – ҳақиқатни англаш, қалб кўзининг очилиши, тушуниш ва сукут сақлаш) ҳолатига эришган кишиларгина халос бўлиши мумкин. Кишилар қайта туғилиши натижасида турли мавжудот қиёфаси (ўсимлик, ҳайвон, инсон)да намоён бўлиши мумкин. Чунки буддавийликка кўра, инсон ўлимидан кeйин ҳам қайта туғилади. “Сансара”ни енгиб ўтганлар “архат” ҳолатига эришиб, бу дунё қийинчиликларидан холос бўладилар. “Архат”га эришиш ва ундан “нирвана”га ўтиш учун “нажотнинг олижаноб саккиз йўли”ни босиб ўтиш лозим бўлади. Буддавийлик заминида “Будда”, “дхарма” ва “сангҳа” (санскритча – роҳиблар жамоаси, “олий ҳақиқат”га етишган авлиёлар)га эътиқод ётади. “Будда” олий ҳақиқатга етиш тимсоли бўлса, “дхарма” Сиддҳартҳа Гаутама қолдирган “тўрт олий ҳақиқат”, “сангҳа” у асос солган ва ҳозиргача фаолият кўрсатиб келаётган роҳиблар жамоаси ҳамда “олий ҳақиқат”га етишган авлиёларни англатади. Буддавийликда Буддага эргашиб, “дхарма” талабларини бажариш ва “сангҳа” жамоаси аъзоси бўлиш талаб этилади. “Сангҳа” муқаддаслик ва қудрат тимсоли бўлиб, роҳиблар жамоасига қабул қилинган шахс маълум амалларни бажариши ва белгиланган қатъий қоидаларга амал қилиши лозим бўлган. Жумладан, тирик мавжудотларни ўлдирмаслик, ёлғон сўзламаслик, ўғрилик қилмаслик, зинога йўл қўймаслик, маст қилувчи ичимлик ичмаслик, куннинг иккинчи ярмидан то эртанги саҳаргача овқат тановул қилмаслик, кийимдан ортиқ ҳеч нарса билан танани безамаслик, дунё лаззатларидан ўзини тийиш, баланд ва юмшоқ ўринда ётмаслик, пул ишлатмаслик каби ахлоқий талабларни адо этишга қасамёд қилган ва унга риоя этганларгина роҳиблар жамоасига қабул қилинган.
Download 2.32 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling