ҲАЛҚА Қисса биринчи боб


Download 0.5 Mb.
bet19/35
Sana22.02.2023
Hajmi0.5 Mb.
#1222559
1   ...   15   16   17   18   19   20   21   22   ...   35
Bog'liq
(shayximiz kitoblari) Halqa Akrom Malik (1)

ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ





    • Биласизми, хоним, – деди Хўжа Алининг хотини Анжелинани диққат билан тинглагач. – Биз уй аёлларимиз. Сиз айтаётган кўп гапларга ақлимиз етмайди, эримиз сўрамаса, бирор масалада маслаҳат ҳам беролмаймиз. Чунки биз аёлларнинг фарз ибодатдан кейинги энг муҳим иши – фарзанд дунёга келтириш, уни парваришлаш, тарбиялаш, эрнинг хизматини қилиш ва уй ичини озода, батартиб, саришта сақлаб, борни ошириб, йўқни йўндиришдир. Аёлларнинг жамиятдаги ўрни, уларнинг ҳуқуқини таъминлаш каби тумтароқ сафсаталардан шахсан менинг энсам қотади. Ҳуқуқ талаб қилиб кўчага чиққан хотин шу қадар оқила, шу қадар жасур экан, нима учун бир эрни эплай олмабди? Ҳайронман. Ундай аёлларнинг ичига шайтон уя қуриб олгани аниқ.

Анжелина Зайнаб хоним суҳбатидан сўнг, муслималарга чуқур эҳтиром ила қарай бошлаган эди. Шунинг учун, Хўжа Алининг завжаси айтаётган фикрларда асос бор, деб ўйлади.
Ҳолванинг хамирини қориб суҳбатлашаётган хонимдан сўради:

    • Сабринисо хоним, сиз менинг наздимда жуда кескин фикрламоқдасиз,

  • деди нима табассум билан. – Ахир, аёлларга ҳам жуда ноёб салоҳият ато этилади. Наҳотки, бу салоҳият уй ичида увол бўлиши керак? Аёллар ичида жуда ҳам илмли шифокорлар, адибалар, муаллималар, ҳатто, ҳарбийлар етишиб чиққан. Сиз бу ҳақиқатни инкор этяпсиз. Бу гаплар шахсий фикрингизми ёки динингиз шуни талаб этадими?

    • Диним ҳар муслим ва муслимага илм олишни фарз этган. Ислом оламидаги аёлларнинг фаҳму фаросати, илму маърифати туфайли ҳам Ер юзини забт этган, инсониятга нажот йўлини етказган даҳолар, улуғ фотиҳлар, буюк мутафаккирлар етишиб чиқдилар, – деди Сабринисо хоним келинига тайёр ҳолвани бериб юбораркан. – Аёлнинг ички дунёсидаги ғайритабиий қувватни инкор этмаяпман. Менинг эътиқодим шуки, номаҳрам эрлар орасида юрган аёл жуда катта йўқотишларга йўлиқади. У, аввало, ҳаёсидан айрилади. Аллоҳ беркитишни буюрган аъзоларини бегона эркакларга кўз-кўз этиб, Роббисини норози қилади. Онаси очиқ болдир ва сонлар, яланғоч елка, ўралмаган бўйин, рўмол бош билан, шаҳват уйғотувчи атирлар сепган ҳолда бегона эрлар орасида юрганини кўрган ўғиллар мардликни, рашкни, ҳамиятни бой беради, қизлар эса оилага меҳр беришдек ички, табиий савқдан айрилиб, умрини кўча учун зийнатланиб ўтказади. Қаранг, бугун йигитлар хотинчалиш, қизлар эркакшода! Чунки жамиятда номаҳрам эр ва хотинлар аралашиб кетди. Аёллар ўз салоҳиятларини, ким бўлишларидан қатъий назар, исломий рухсатлар ҳудудида намоён этсин. Табиб бўлсин, олима бўлсин, тижорат қилсин, бироқ Аллоҳнинг чегараларини бузмасин. Ҳозир одамларга бу тўғрида гапириш жуда ҳам эриш туюлади. Ҳатто, мусулмонлар бу қонунни қабул қила олишмайди. Аёллар эркини бўғяпсанми, дейишади. Ўрта асрларда ёки ғорда яшашни истайсанми, дейишади. Ундай эмас, ҳар қандай муслима ўз қобилиятини Аллоҳнинг амрига мувофиқ юзага чиқарсин, кучини эр, фарзанд ғамхўрлиги ва бошқа мусулмонларнинг манфаати учун йўлласин. Шунчаки, тирикчилик ёки зерикмаслик учун ишлайдиган ҳар қандай аёлга, айниқса, муслималарга ачинаман.

    • Жуда ҳам бошқача қарашлар, – деди Анжелина. – Сиз ўз фикрига, қатъий эътиқодга эга экансиз. Очиғи, хулосаларингизга ҳозир муносабат билдира олмайман. Уларни хато ёхуд тўғри, дейиш шахсан мен учун қийин. Айтинг-чи, сизнинг бундай мустаҳкам ёндашувингиз қай тариқа шаклланди? Оила муҳити, олган таълимингиз ёки яшаш жараёни – қайси бири сизни шу нуқтага олиб келди?

    • Гапларимдан хафа бўлманг, меҳмон, – деб жилмайди Сабринисо хоним. – Сиз айтаётган сабаблар билан қатъий бир нуқтани топиш маҳол бўлса керак. Мен эртага Аллоҳимнинг қаршисида туриб ҳисоб беришим

ҳақида ўйлайман ва бу мени ана шундай эътиқод устида собит этади. Эрим Хўжа Али аслига нисбатан жуда ёш кўринади. Уни ҳамма элликка ҳам тўлмаган, деб ўйлайди. Ҳолбуки, у олтмишдан ошиб кетган. Биз бундан қирқ уч йил аввал турмуш қурдик. Ўшанда Хўжа Али жуда кўркам, бақувват эди. У ўн тўққизни қоралаган, мен ўн саккизга тўлгандим. Сизга иккимиз бошимиздан нималарни ўтказганимни айтиб бераман, шояд, айтаётганларимни яхшироқ англасангиз!
...Хўжа Али мадрасада ўқир эди. Мусулмонлар мавзесидаги мадрасани “Дорул ҳуффоз” деб аташарди. У ерда, асосан, Қуръон таълими бериларди. Хўжа Али ўн олти ёшида Қуръонни ҳифз этди. Кейин қандолат сирларини ўрганиш учун Бухорий ҳолвачига шогирд тушди. Хўжа Алининг отаси Хўжа Асқар камбағал, лекин жуда мухлис одам эди. У тирикчиликка кўп эътибор бермасди, табиатан боқибеғам эди. Хўжа Асқарни танбал ёки ишёқмас дея олмасдилар, чунки у дин уламолари, илми толиблар ва масжид хизматлари учун елиб кетади, хотини Нигор нолиса: “Илтимос, нолима, хотин, нима қилай, пул топишга ҳеч қизиқа олмадим. Ризқимизни Аллоҳ беряпти-ку. Мана, ўғлимиз қори бўлди”, – деб таскин беради.
Оила эса катта: беш ўғил, уч қиз. Хўжа Али учинчи фарзанд. У жуда меҳнаткаш, тиришқоқ. Акалари ҳам ҳар хил ҳунармандларга шогирд тушдилар.
Биз улар ҳақида кўп тўхталмаймиз, чунки Хўжа Алининг тақдири ҳақида ёзяпмиз.
Хўжа Али икки йилда уйига бир-икки рупий кўтариб кела бошлади. Ўн тўққиз ёшида эса устозининг маҳалласидаги бир қизни кўриб, эсидан айрилиб қолди, гўё. Бу унинг қиз болага нисбатан илк талпиниш туйғуси эди. Бухорий ҳолвачи энг зеҳнли, энг яхши шогирдининг хаёлчанлигини сезди ва гап нимада эканлигини дарҳол пайқади. Бироқ текширишга қарор қилди. Бир ҳафтадан кейин Хўжа Али мис қозонга эриган шакарни эмас, доғланмаган ёғни учинчи марта қуйиб юборди. Кекса қандолатчи шогирдининг билагидан ушлаб, ўзининг хонасига судради. Бошқа шогирдлар ҳадиксираб қараб қолишди. Уста эшикни зичлаб ёпди. Хонанингнинг яримдан кўпини бир тирсак кўтарилган сўри эгаллайди. Сўри ўртасида хонтахта ва атрофида кўрпача. Деворда ўйма токчалар, китоблар, чала ёнган шамлар. Тахмон.
Уста хонтахтанинг тўрига ўтирди. Шогирдга синовчан тикилди.

    • Хўжа Али, – деди мулойим.

Хўжа Али бўйи чўзилиб, соқоли бироз қалинлашган, пешонасида ҳуснбузар, томоғида эса “кекирдаги” бўртган, елкаси кенгайиб, йигитнинг ўзига ҳам худди ноқулайлик туғдираётгандек. У қилган хатосидан изтиробда, бошини эгиб, елкасини букиб олган, икки қўли орқасида. Бошидаги салла ҳам ўнг ёнга бироз қийшайган, қалин қўнғир сочлар эса салланинг тагидан тошиб, пешонасига кокил бўлиб тушган, қулоқ, бўйинларини ҳам ёпган.
Уста шогирди хушсурат йигит бўлганини кўнглидан ўтказди. Бу ёшда йигитларнинг хаёлида нима бўлиши мумкин?!

    • Хўжа Али, бошингни кўтар, болам, – деди яна Уста. Шогирд бошини бироз кўтариб, устозига хижолатомуз боқди. – Ўғлим, сен билан очиқ гаплашайлик. Сира қўрқма, хўпми?

    • Хўп, – деди Хўжа Али. У ўзини оқлашга ҳам уялаётган эди.

    • Қани, ўтир, – деди Уста. Шогирд шиппагини ечди, қўлини қовуштириб, устози кўрсатган жойга чўкди.

    • Болам, ҳамма шогирдларимга қаттиққўлман, – деди Уста шошилмай.

  • Лекин нимани ўйлаяпсизлар, нимани хоҳлаяпсизлар, кайфиятингиз қандай

  • ҳаммасини баҳоли қудрат кузатаман. Алҳамдулиллаҳ, ҳар бирингиз ихлос билан, меҳр билан, иштиёқ билан ишлайсиз, ўрганасиз. Акс ҳолда, келганингиз куниёқ ҳайдаб юборардим. Иш пайтидаги хатоларингизни доим маъзур тутаман. Зотан, сиз совуққонлик, бефарқлик билан ёки қасддан эмас, нохосдан хато қиласиз, бу кечиришга лойиқ. Ихлос – энг муҳими, маҳорат Аллоҳ насиб этса, қўлга киради. Сенинг бир ҳафтада бир эмас, бир неча марта саҳвга йўл қўйишинг ҳам қасддан ёки лоқайдликдан эмас, бошқа сабабдан содир бўлди. Ўша сабабни айтасанми?

Хўжа Али индамади, лекин “дув” қизарди. Уста нишонда адашмаганига ишонч ҳосил қилди ва сўради:

    • Болам, уялмасдан айт: у кимнинг қизи?

Хўжа Али Устадан бу саволни кутмаган эди, шунинг учун, довдиради, жойида ўтиролмай қолди, ҳаёси унинг ҳароратини кўтариб юборди, ёноқлар қип-қизариб, овози қалтиради:

    • Йўғе, устоз... Йўғе, ҳалиги...

    • Болам, Абдулҳайнинг қизими? – шогирднинг ҳолатига эътибор бермагандек навбатдаги саволни рўпара қилди Уста. Хўжа Али йўқ, деб бош қимирлатди. Уста эса шогирди шу маҳалладаги ошиқ бўлганига амин эди. Чунки етти кун саҳардан оқшомгача шу ерда кун ўтказаётган йигит Кашмир гўзалини тушида кўриб, севиб қолмас, ҳарқалай.

Кекса ҳолвачи бўйи етган қизи бор хонадонларни бирма-бир айтаверди.

    • Шайх Қосимнинг қизими? – деган эди, Хўжа Алининг кўзи чарақлаб кетди, бошини кўтариб, ҳатто, овозини хийла баландлатиб:

    • Ҳа! – деб юборди.

Устоз шогирднинг беғубор ҳолатидан завқланиб, беозор кулди:

    • Яхши, болам, катта қизими? Яхши. Сен иложи борича кўнглингни хотиржам қил, мен отанг билан маслаҳат қилай, совчиликни тезлаштирай.

Хўжа Али бундай лутфни ҳеч кутмаган эди, унинг назарида, Уста унинг тушида сўради, совчилик ҳақида айтди.
Бухорий ҳолвачи Хўжа Али билан гаплашиб бўлгач, кўча яктагини кийиб, чиқиб кетди. Шогирдлар, ҳатто, халфа (Устанинг ўринбосари) Хўжа Алини ўраб олиб савол бера кетдилар:

    • Нима бўлди?

    • Уста нима деди?

    • Жазоладими?

    • Уста қаерга кетди?

Хўжа Али ҳеч кимга жавоб бермади, фақат ўзига ўзи илжайгани илжайган эди.

    • Бу савдойи бўлиб қолибди, – деди Халфа, ниҳоят. – Ҳамма ишга! Хўжа Алининг юраги дукурлади. Кимнидир кўргиси келяпти.

Қандолатхонадан секин сирғалиб чиқди, оёғи уни Шайх Қосимнинг боғ ҳовлисига олиб кетди. Фақир бўлса-да, Шайхнинг меҳмони кўп: косибу ҳунармандлар, олиму талабалар, ёшу қари дам-бадам киради, чиқади.
Йигит орқа эшикка ўтди. Бу ер хилватроқ. Кўчадан ичкарига йўлак билан кирилади.
Шу ерда Хўжа Али қизни тасодифан, бир марта, ён тарафдан кўрди. Унинг хаёлида бир гўзал қиёфа қолди. Энди фақат шу чеҳрага термилиб ўтиришни истарди у. Бошқа ҳеч нарса керак эмас: ҳолва ҳам, новот ҳам, пашмак ҳам, парварда ҳам!
Ухласа ҳам, тушида қизнинг ён томондан узорини кўради.
Ҳозир у йўлак қаршисига келиб ўтирди. Зора, қиз адашиб бўлса ҳам, кўчага чиқса! Ҳеч бўлмаса, бир марта, бир мартагина жамолини кўра олса!
Йигитнинг кўнгли тоқатсизликдан ёнаётган эди. У оқшомгача Шайх Қосимнинг боғ ҳовлисининг деворига тикилиб вақт ўтказди. Аслида, вақт ўтганини у идрок этмади. Пешинни ҳам, асрни ҳам, шомни ҳам қазо қилди, ҳолбуки, намоз ўқиш ёдидан мутлақо фаромуш бўлди. Йигитнинг кўзлари эса ҳамон деворда.
Кимдир елкасига секин қўлини қўйди. Хўжа Али оёғини қучоқлаб, иягини билагига қўйиб ўтирган эди, чўчиб қаради: тепасида Уста турибди!

    • Ассалому алайкум, Уста!.. – деб сакраб туриб кетди Хўжа Али.

    • Ва алайкум ассалом, – сокин алик олди Уста. – Намозларни ўқидингми, болам?

Хўжа Али шу ондагина фарз ибодатларини унутганини эслади.

    • Йўқ, унутибман, Устоз, – деди изтироб билан.

    • Овқат едингми? – яна сўради Уста.

    • Овқат? Йўқ...

    • Уйингга бор, ота-онанг хавотир олмасин, қазо намозларингни ҳам ўқи, қолдириб юборма, майлими?

    • Хўп, албатта, Устоз!..

Хўжа Али шошиб йўлга тушаркан, Уста уни тўхтатди:

    • Дарвоқе, болам, биз шайх Қосим билан гаплашдик, эртага яна келамиз, жавобини айтишади. ИншаАллоҳ, шайх сенга қизини беради.

Хўжа Али тўйгача ҳаяжонда юрди. Хайрият, катталар йигирма кунда тўйни ўтказишди, Бухорий ҳолвачи ўртада тургани учун иш жуда осон кўчди.
Тўйдан сўнг, бир ойдан ўтиб, Хўжа Али ишга келди. Энди уни таниб бўлмасди: у шердай кучга тўлганди, ишлаб чарчамасди.
Сабринисо Хўжа Али кутганидан аъло чиқди. Келинчак камбағалгина оилага файз киритди. Хўжа Алининг икки акаси ҳали бўйдоқ эдилар, ота уларга ҳам қиз излаб қолди.
Бир йилга бормай, улар уйланишди. Тўй жуда ихчам ўтди.
Ҳиндистонда иқтисодий инқироз беҳад кучли. Бойларнинг ҳам бели ингичкалаб кетган. Қолаверса, Исломда тўйдан мурод никоҳ эълони ва эҳсон бўлгани учун Хўжа Асқарнинг ўғиллари валимаси фақат энг яқинлар келишди.
Келаси бир йилда икки ака аёллари билан алоҳида чиқишди. Оилада Хўжа Али ота-она хизматида қолди. У жуда мамнун эди.
Аёли Сабринисо жуда меҳнаткаш, синиқдил ва ибодатгўй эди. Нафл рўза ва намозлар ўқигани эрини рағбатлантирарди, уламолар суҳбатида бўлишга чақирарди, “Кўп ишламанг, кам, лекин баракали ишланг, барака эса Аллоҳнинг зикрида!”, – дер эди эрига.
Хўжа Али уйланиб, ҳаётига ранг, мазмун кирганини сезди. Устанинг дуоси билан уйида қандолатхона очди. Аёлига ҳам ҳунаридан ўргатди. Сабринисо ҳомиладор ҳолида ҳам меҳнат қиларди. Ишлаётганида эса лаби тинимсиз қимирлайди. У бу ҳолда ё Қуръон, ё бирор дуони ўқийди.
Беш йил ичида ёш оилада икки ўғил туғилди. Хўжа Асқар жуда мамнун, дастурхони тўлиб-тошмаса-да, ҳар кунги егулиги учун Аллоҳга шукур этади.
Ўшанда Сабриниса учинчи фарзандига юкли эди. Хўжа Али ширинликларини шаҳар марказига элтиб сотишни ўрганди.
Навбатдаги савдода у мижози билан тортишиб кетди. Бу нусха Хўжа Али билан жанжаллашгани келган эди.

    • Ширинлигинг айниган экан, – деди ўша мижоз лабини дўрдайтириб.

  • Ташлаб юбордим.

    • Кечиринг, соҳиб, сизни эслолмадим. Қачон мендан харид қилгансиз?

  • деб сўради ажабланиб Хўжа Али.

    • Эслай олмайдиган бўлиб қолдингми? – мижоз важоҳат билан Хўжа Алига яқинлашди. Харидорнинг думалоқ ва семиз юзи, осилган тоғорадай қорни, бетартиб ва қазғоғи тошиб чиққан сочлари ва дидсиз кийиниши у ҳақда беихтиёр салбий таассурот уйғотар эди. Хўжа Алининг бундай одамлар билан тортишишга вақти йўқ, муросага қарор қилди:

    • Майли, соҳиб, янглишаётган бўлсангиз-да, сизга текинга ширинлик бераман, – деди иложи борича ўзини босиб. – Қандай ширинлик оласиз?

    • Сен мени жинни, деяпсанми? Мен тиланчи эмасман, ўз ҳақимни сўраяпман! – харидор овозини кўтарди. – Сен ёлғончи экансан!

Хўжа Али бу одамнинг нияти яхши эмаслигига амин бўлди.

    • Менга қара, – деди жиддийлашиб. – Нима хоҳлаяпсан? Мақсадинг нима?

    • Мақсадим сени жағингни эзиш! – дедию харидор Хўжа Алига мушт солди. Хўжа Али чап беришга улгурди ва рақибининг мешдай қорнига жавоб зарби йўллади.

Икки дақиқадаёқ мешқорин ерга думалади. Шуни кутиб тургандек, оломон йиғилди. Орада кимдир:

    • Одамлар! Мусулмонлар ҳиндларни уряпти! – деб бақирди.

    • Нима?

    • Қани?

    • Қаерда?

Ҳамма томондан одам ёғилди: ҳиндлар, мусулмонлар Хўжа Алини ўраб олди. Ерда ётган “харидор” бир амаллаб тураркан жарбдийда овозда бақирди:

    • Манави мени кофир ҳинд, деди! Урди!

Энди тумонатни бошқариб бўлмайди. Ҳиндлар қий-чув билан Хўжа Алига ёпирилди.
Кимдир Хўжа Алининг қўлидан тортиб оломон ичидан суғуриб чиқди.

    • Тезда бу ердан қоч! – деди уни қутқарган киши. У серсоқол ўрта яшар мусулмон эди.

    • Ўйланма! Тезда кет! Бу ер сен учун хавфли!

Хўжа Али бошқа иложи йўқлигини билиб, оломондан тезда узоқлашди.
Одамлар орасида эса даҳанаки олишув қизиб борарди.

    • Мусулмонлар ҳаддан ошяпти!

    • Уларни ҳайдаш керак!

    • Ўрнини билиб юрсин улар!

    • Қани анави зўравон?

    • Ур уни!

    • Мусулмонларда айб йўқ!

Муштлашув бошланди: ҳинд мусулмон бўлса, бас, уришни, майиб қилишни истар эди. Оломон шовқин кўтарди, шайтоний васваса ҳамманинг эсини олиб қўйди.
Биров тош билан, биров сўйил, биров пичоқ билан бир-бирига ҳужумга ўтди.
Полиция етиб келди, ҳавога ўқ узилди, урушаётганлар бирма-бир ҳибсга олинди.
Бу можаро, аслида, биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмасди, фақат бу ҳудудда ҳинд-мусулмон тўқнашуви деярли содир бўлмас эди.



    • Бу қандай бемаънилик! – тезкор мажлисда полиция бошлиғи Мукеш Мукрининг фиғони фалакка чиқди. Чунки қамоқ тўлиб кетди, вазият издан чиқишига бир баҳя қолди. – Бу ишнинг ортида ким турибди! Ҳаммасини аниқланг! Айбдорни ким бўлишидан қатъий назар, жавобгарликка тортинг! Менинг ҳудудимда бундай хунрезликка йўл қўймайман!

    • Мукеш соҳиб, – эшикни қия очиб мўралади полиция бошлиғи ёрдамчиси.

    • Ҳа! – деди Мукеш асабий.

    • Сизни ҳоким ўринбосари чақирибди.

Бош зобит айнан шу масалада ҳисобот беришини билиб, дастлабки маълумотларни олиб, ҳоким идорасига борди.

    • Мукеш соҳиб, сизнинг узоқ йиллик меҳнатларингизни биз ҳамиша қадрлаймиз, – деди уни ўз хонасида қабул қилган ҳоким ўринбосари. Бош зобитни унинг ўта хотиржамлиги ҳайрон қолдирди. Чунки у амалдорни асабий ёки ғазабнок ҳолда кўришини тахмин этганди.

    • Ташаккур, жаноб! – деди бош зобит.

    • Мусулмонларнинг ҳиндларни таҳқирлаши ҳақидаги ишни ўрганяпсизми?

    • Биз воқеага аниқ ном бермадик, буни оддийроқ қилиб, бетартиблик, деб атаяпмиз, – тушунтирди Мукеш. – Диний ёки ирқий адоват таърифидан узоқ турганимиз маъқул, деб ўйлайман.

    • Бу ўйлашингиз менга ёқмади, – деди ҳоким ўринбосари. – Сиз кўриниб турган ҳақиқатни яширмоқчимисиз? Диний адоватни хаспўшлайсизми? Мусулмонлар ҳиндларни кофир, мушрик, деб жанжал кўтарганлари ҳаммага аён!

Бош зобит амалдорнинг бу қадар ишонч билан гапираётганидан ажабланди.

    • Мени маъзур тутинг, пандит жий, – деди эҳтиром билан. – Мен, башарти, диний адоват юзага келган тақдирда ҳам буни муроса йўли билан ҳал этишни истайман. Одамнинг эътиқоди билан ҳазиллашиб бўлмайди. Эътиқодга ҳужум фақат қон тўкишга етаклайди. Сизга бироз нотўғри хабар берибдилар. Жанжал биз томондан, яъни бироз жоҳил ҳиндлар тарафидан чиқарилган. Бизнинг шаҳримизда мусулмонлар жуда беозор. Улар ўз меҳнатидан ортиб, бош қашишга вақт топишмайди.

Ҳоким ўринбосари бош зобитни жим тинглади. Худди уни маъқуллагандек, чеҳраси очилиб:

    • Ишлаш тамойилингиз таҳсинга лойиқ, – деди. – Ўзим жаноб ҳокимга ҳисобот бераман. Сиз маълумотларни қолдириб, хизматга қайтаверинг.

    • Ижозатингиз билан, – деди бош зобит ва хонани тарк этди.

Ўринбосар ҳокимнинг ҳузурига кирди.

    • Бош зобитнинг фикрича, бу оддий жанжал, жаноб ҳоким, – деди маълумотлар қоғозини ҳокимга тақдим этаркан.

    • Мен ҳам шундай ўйлайман, – деди ҳоким варақларга кўз югуртириб.

  • Сиз янгисиз, балки, яхши хабардор эмасдирсиз, мен диний адоватга қарши жиддий курашаман. Мусулмон ва ҳиндлар, насронийлар орасида келишмовчилик бўлмасин, дейман. Йигирма йилдан буён менинг шаҳримда мусулмон ёки ҳинд бир-бирига дин сабабли овоз ҳам кўтармади. Мен бор эканман, бунга йўл қўймайман.

    • Ҳурматим борган сари сизга зиёда бўлаётир, ҳоким жаноблари! – ялтоқланди ўринабосар.

У ўз хонасига қайтди, тоза варақ олди ва қуйидагиларни ёзишга киришди:
“Жаноб Қора Синхга.
Мен ўзимга юкланган вазифани адо этишга киришдим. Кўплаб амалдорларни ўзимга оғдириб олдим. Шаҳарнинг бой қатлами ҳақида пухта ахборот жамладим. Ҳинд-мусулмон тўқнашувининг биринчи қисмини амалга оширдим.
Бу воқеа Кашмирдаги каби катта қон тўкиш, мусулмонлар қирғинини келтириб чиқариши лозим. Бироқ шаҳар ҳокими ва бош зобити эскича фикрли одамлар. Иккаласи болаликдан дўст эмиш. Улар диний адоватга қарши туришларини айтиб мақтанишди. Жаноб Қора Синхдан бу иккисига қандай чора кўриш ҳақида буйруқ кутаман. Бизнинг лойиҳаларимизга бу икки қария жиддий тўсиқдир.
Ҳурмат билан Сариқ Жосус”.

Download 0.5 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   15   16   17   18   19   20   21   22   ...   35




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling