ҲАЛҚА Қисса биринчи боб
Download 0.5 Mb.
|
(shayximiz kitoblari) Halqa Akrom Malik (1)
Акром МАЛИК ҲАЛҚАҚисса БИРИНЧИ БОБ...Ҳинд уммонидан сузиб бораётган кеманинг номи “Урватул вусқо” бўлиб, йўловчилар бу кемага Индонезия бандаргоҳидан чиқишиб, Саудия соҳилларида тупроққа тушадилар. Мусулмон ширкатига тегишли кема минг нафар йўловчини сиғдиради. Улар ичида ҳар тоифа инсонларни учратиш мумкин. Бироқ кеманинг қатъий қоидаси бор: унда Исломий ахлоқ ҳукм суради. Кемага чиқишда бу қоида ҳар бир инсонга тушунтирилади. Очиқ кийиниш, ажнабий мусиқалар тинглаш, беҳаё одатлар таъқиқланган. Сархуш қилувчи ичимликлар ичилмайди, тамаки чекилмайди. Кемада ихчамроқ масжид бор. Кеманинг бўлмалари ҳар бир оила учун алоҳида. Ғайридин аёл ё ўзи, ё эри билан чиқа олади. Муслималардан ҳамиша маҳрамлари бўлиши талаб этилади. Истисно ҳолатлар ҳам бор, буни кема раҳбарияти ҳал қилади. Эрнинг бўйи баланд аммо озғин, инглизларга хос юзи оқ –сариқ, сочлари қизғиштоп –жингалак, бурни узун, ёноқлари туртиб чиққан, сепкилли, кўзлари кўкиш рангда. Аёлнинг ҳам ҳақиқий инглиз қиёфаси бор: сочлари жигарранг, кўзлари мовий, пешонаси кенг, қиррабурун, ияги бироз олдинга чўзилган, истарали аёл. Кўзлари тагидаги сепкил уни меҳрибон кўрсатади. Эрнинг исми Жозеф, аёлнинг исми Анна. Жозеф соқол қўйган. Қулоғидаги сирғасини кемада ечди. Анна эса кўкрагини ёпиб, узун либос кийди, муслималар ичида ажралиб қолмаслик учун, аниқроғи, уларнинг ҳурматини сақлаш ниятида оқ, зарланган, сариқ гулли рўмолни бошига енгил ташлаб юрибди. Жозеф ва Анна иккиси ҳам журналист. Улар ишлайдиган ахборот агентлиги ўз нашрлари, теле ва радиоканалари ҳамда интернет сайтларига эга. Ахборот агентлиги халқаро мақомга эгалиги боис номи “Blue sky's sight” (таржимаси “Мовий само нигоҳи” бўлиб, қисқартмаси BSS) дир. Жозеф ва Анна БСС телеканалининг “Махсус лойиҳалар” бўлими ходимлари. Жозефнинг таклифи билан “Исломий руҳият” деган лойиҳа тасдиқдан ўтди. Иккиси айни пайтда кемада мусулмонлар билан яқиндан танишишлари керак. Мусулмонлар нима учун динни, айнан Исломни танлаганларини билишни истардилар. Улар камера, овоз ёзиш ускуналарини тайёрлашди. Каттароқ хонани ижара олдилар. Кема раҳбари Масъуд Ҳасандан тасвир ишлари учун рухсат сўрадилар. Исломий руҳиятни англай олсангиз, бу динни қабул қиласиз, – деди Масъуд Ҳасан уларнинг лойиҳаси ҳақида билгач. – Чунки ўзини билган одам учун бошқа йўл қолмайди. Биз диндор бўлиш учун келмадик, – деди Жозеф. – Биз мусулмонлардаги радикаллик сабабларига қизиқамиз. Мен Ислом тарихини ўқидим. Қуръоннинг таржимаси билан танишдим. Динингиз шартлари, талаблари ҳақида ўргандим. У бир дин, холос. Мусулмонлар нима учун террорни одат қилишлари тушунарсиз. Пайғамбарларингиз даврида, ундан кейин ҳам Ислом сиёсий қудрат эди. Муҳаммаднинг фаолияти урушни, қон тўкишни тақозо қилган. Бироқ ҳозир мусулмонлар яна нимани исташлари ноаниқ. Ўшани аниқлаймиз. Биз теран фикрли инсонлармиз, – деди Анна. У Жозефнинг қайсидир гаплари Масъуд Ҳасанга ёқмаганини сезганди. – Масалага холис қараймиз, жаноб Масъуд. Биз на Исломни, на насронийликни улуғламаймиз. Биз ўртада икки томонни келиштирамиз. Дунёга Исломий руҳиятни билдирамиз. У жуда ёмон эмас, менимча. Қўрқишга ҳам ҳожат йўқ. Яқиндан танишсанг, аждар ҳам ваҳший эмаслигини тушунасан. Масъуд Ҳасаннинг ёши қирқдан ошган. Жуссадор. Салобатли. Юзи табассумдан ёруғ. Оқ оралаган соқоли, сочи қалин. Миллати малай. Кўзи қийиқ. У мусулмон оиланинг фарзанди. Отаси катта тижоратчи эди. Тинч ва Ҳинд уммонидан Америкага, Африкага, Саудия, Яман ва Амирликларга улгуржи маҳсулот юборарди. Кенжа ўғли Масъудга ҳамма болалари қатори илм берди, динни танитди, улғайгач, олийгоҳда ўқитди, Масъуд Мисрдаги Азҳар олийгоҳининг Куала Лумпур бўлимини битирди. Олий таълимдан кейин отаси билан маслаҳатлашди. Шу кемани сотиб олди. У ҳозир журналистларнинг сўзларини диққат қилиб тинглагач, жилмайганча деди: Марҳамат. Мусулмонлар ила суҳбатлашинг. Сизларга бирор нарсани уқтирмайман. Ишингизни якунлагач, фикрларингиз, хулосаларингиз билан бўлишарсизлар, иншаАллоҳ. Масъуд Ҳасан Анна учун яна бир бўлмани берди. Анна муслималар билан алоҳида суҳбатлашадиган бўлди. Бу жойга бир неча стуллар қўйилди. Тасвирга олиш ва овоз ёзиш учун тўла шароит ҳозирланди. Саудия соҳилларига етиб олгунимизча йигирма кун сузамиз , – деди Анна ўзига ўзи гапиргандек. – Бу вақтда кўп ишга улгуриш мумкин. Сизлар мусулмон ўлкаларида яшаб кўришингиз керак, – деди Масъуд Ҳасан. – Бу суҳбатлардан ҳам ҳақиқатларни билиб оласиз, иншаАллоҳ, бироқ исломий турмуш чиройини унинг ичидан ҳам ҳис қилиш лозим. Лойиҳамизнинг иккинчи қисмида бу назарда тутилган, жаноб Масъуд, деди Жозеф. –Кемангиздаги мусулмонларнинг суҳбати ҳозирча биз учун кифоя. ... Тушдан кейин Жозефнинг студиясига элликдан ошиқ кўнгиллилар йиғилишди. Уларнинг ҳар бири ўз ҳикоясига эга эди. Ҳурматли мусулмон дўстларим! – деди Жозеф. – Таклифимизни ерда қолдирмаганингиз учун раҳмат. Сизларга тарқатган эълонномамизда айтганимиздек, биз Ислом жозибасини ўрганамиз. Одамлар нима учун Ислом йўлида жонларини ҳам беришдан қайтмайдилар? Исломнинг жозибаси нимада ва нима учун дунёнинг энг замонавий одамлари Исломга қизиқадилар? Яна бир саволимиз бор. Бу ошкора айтилмайди. Лекин мен айтаман. Ислом янги –янги одамларни ўзига жалб этса -да, мусулмонларни ҳам йўқотади ва Исломга ашаддий қарши кишилар бор. Мен уларни қудратли ҳукумат вакиллари орасида ҳам кўрдим. Улар Исломдан ҳайиқадилар ё нафратланадилар. Нима учун? Бунинг жавобини уларнинг ўзлари ҳам билмайдилар. Айтаётган жавоблари жавоб ўрнида эмас. Қандайдир шахсий ва тор хулосалар. Бу онгли ечим саналмайди. Сизларнинг ҳақиқатга асосланган ҳикояларингиз бизга тўғри хулоса қилишда ёрдам беради, деб ишондик. Жозеф нутқининг шу нуқтасида бир нафас тўхтадию, тингловчиларига бир қур назар солди. Ҳаммалари оқ либосли кишилар бўлиб, кўйлаклари тиззасига тушади. Аксари мусулмонлар соқол ўстиришган аммо ирқлари ҳам, миллатлари ҳам турлича. Уларни бирлаштирган хусусият чеҳраларидаги ёруғлик эди. Бу ёруғлик Жозефга ҳам мулойимлик, ҳам кишини қўрқитадиган ҳайбат ўлароқ туюлди. Кўзларида раҳмдиллик порлайди. Бу Жозефни илҳомлантирди. Сизлар мен ҳақимда шуни билишингизни истардимки, мен Ислом ёки мусулмонлар ҳимояси учун келганим йўқ. Мен Инсонлар ҳимояси учун келдим. Чунки Ислом ҳам одамзоднинг ҳамма ғоялари қатори нуқсонли, деб биламан. Чунки унинг ичида ҳам ўзаро қарама –қарши гуруҳлари бор. Хусусан, сунний ва шиийлар марказий рақиблар ҳисобланади. Бу икки йирик гуруҳ ҳам бир неча ўнлаб тармоқларга эга. Ҳақиқатан, мураккаб. Шу қадар мураккабликка қарамасдан мен бу лойиҳани илгари сурдим. Жозеф бир лаҳза ниманидир эслади, фикрларини тартиблаб олиб, давом этди: Тарқатилаётган ахборотларнинг умумий манзарасида мусулмонларнинг ҳуқуқлари кўп бора поймол этиляпти, энг кўп қўпорувчилик ҳам Ислом номидан бўлаётир. Нима учун? Шу саволларга қониқарли жавоб изламоқдаман. Дарвоқе, – Жозеф ниманидир унутиб, энди эслагандек жилмайди. – Ёшим ўттизда. Хотиним Анна ўттиз иккида. У билан қизиқишларимиз бир хил чиққани учун яқинда турмуш қурдик. Сизларда аёлларнинг эркаклар билан суҳбатлашиши таъқиқланган экан. Бу қонунларингизни ҳурмат қиламан. Хотиним бир аёл сифатида муслималарнинг ички маънавий оламига қизиқяпти. Суҳбат учун ижозат берганингиз учун Сизлардан беҳад миннатдормиз. Марҳамат, ушбу стулга орангиздан бир киши келиб ўтирсин. Биз унинг ҳикояси билан лойиҳамизни очамиз. Тингловчилар бироз шивирлашиб, маслаҳатлашишгач, уларнинг ичидан ўрта ёшли киши ўрнидан турди... ... Анна муслималар қаршисида бироз ҳаяжонланди. Хонани тўлдирган муслималарнинг кўпи бошдан оёғига қадар ўранган, фақат кўзлари кўринади; бошқаларининг юзлари очиқ бўлса -да, бўйинлари, қулоқлари, пешоналарини ҳам рўмол билан яшириб олишган, либослари кенг, деярли қоматни билдирадиган кийим кийган бирор аёл кўзга ташланмади. “Улар мода балосидан узоқда”, – деб ўйлади Анна беихтиёр. У Европа, Американинг ресторанларида, офисларида, байраму анжуманларида қатнашган, ўз йўналиши бўйича Стенфорд университети бакалаври, назарида, ўранган бу аёлларнинг қандайдир қудрати бор эди. Бу қудрат унда тортиниш ҳиссини уйғотди. Анна бу туйғуни охирги марта қачон туйганини эслолмади. Ҳеч қачон бировнинг олдида мажбурият сезган эмас. У ҳамиша ўзи хоҳлаганидек кийинди, ўз хоҳишича яшади. Бирор истагига тўсиқ қўймади. Муслималар билан кўришганда уларнинг жаҳли чиқмасин ёки уларнинг қадриятларига беҳурматлик бўлмасин учун Анна, баданига ёпишиб турса -да, узун либос кийди, сочининг ярмини кўрсатса -да, бошига рўмол ўради, лекин бу ҳолати ҳам унга муслима аёлларнинг қаршисида эркин туриб, сўзлашига етарли эмаслигини у ҳозир тушуниб қолди. Иффат пардаси билан иҳоталанган муслималар қошида Аннани хижолат қилган ҳиссиётнинг номи, ёддан чиқарилган Ҳаё эди. Шундай бўлса -да, у ўзини тутиб, сўз бошлади: Ассалому алайкум, азиз муслималар! Сизларнинг қаршингизда нутқ ирод этиш мендан ирода талаб этяпти, – қизаринқираб кулди Анна. – Мен Ғарб юрагида улғайган аёлман. Ғарб аёлларининг дунёси менга равшан. Ўзим шу дунёданман. Сизларни, айнан, муслима аёлларни зулмат ичида, деб таърифлайдиган дунёдан мен норозиман. Биласизми, нима учун? Муслималар Аннани қизиқиш билан тинглаётган эдилар. Биласизларми, нега? – саволини такрорлади Анна. – Аёл зоти зулматда қолиши учун бу дунёга келмаган, аёл дунёни зулматдан қутқариш учун яралган. Аёл қаерга бормасин, у ўша маконни нурга чулғасин. У шу қадар кучли бўлсин! Муслималар Аёл! Уларни зулмат қўйнида қолдилар, дейиш Аёл шаънига туҳматдир. Мен шундай ҳисоблайман. Биласизми, мен феминизмга мойил аёлман. Ўзимни том маънода феминист, дея олмасам -да, Аёл шаъни, ҳуқуқини юқори қўяман. Аёлга менсимай боқишларига тоқатим йўқ. Сизлар мана шундай чодралар ичида, эр ва фарзанд хизматида қолиб кетган бўлсангиз -да, Аёллик ҳурриятингиз учун бирор имкон топишингизга аминман. Аёллик ҳуррияти, деганда мен Аёлнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаш эркини тушунаман. Ўзингиз истаган касбни эгаллаш, бўш вақтни мароқли ўтказиш, Ер шарининг гўзал масканларида дам олиш каби нуқталарда бу эркни ҳис этиш мумкин. Муслималардан баъзилар бу нутқдан таъсирлана бошлади. Аннанинг сўзларида жозиба бордек туюлди уларга. Сизлар эргашадиган Муҳаммад пайғамбарни ҳам аёли Ҳадича қўллаган экан. Эрини пайғамбар, деб ишонган. Муҳаммад ўз йўлига ишониб қадам босиши учун ҳамма шароитни тайёрлаган. Макка аристократияси, олигархияси ичида Ҳадичанинг мавқеи баланд бўлган. Муҳаммадга Ҳадичанинг мавқеи ижобий таъсир берган, албатта. Бу билан нима демоқчиман? Аёл Ислом динида бўлса ҳам, у ҳамиша ёруғликни топа олади, зулматда қолиб кетмайди, демоқчиман. Шу фикримни исботлаш мақсадида «Исломий руҳият» лойиҳасига қўшилдим. Эрим Жозеф бу лойиҳа муаллифи, Анна проектор орқали деворга тасвир тушириб, Жозефнинг расмини кўрсатди. Сизлар билан суҳбатлашаман. Истасангиз, юзингизни экранда кўрсатмаймиз. Сиз менга аёлнинг Исломда бўлиши унга қандай қулайлик ёки ноқулайлик туғдиришини айтиб беришингизни истардим. Марҳамат, ким биринчи бўлади? Муслималар бир неча он сукут сақлашди, ўзаро шивирлашиб ниманидир маслаҳат қилишди. Кексароқ аёл ўрнидан турди. Мен бошлаб бераман, – деди Аннага. Марҳамат, бу ерга келинг! – Анна ўртага қўйилган стол ва стулга чорлади. Столда орхидея гули, шиша идишда ичимлик суви ва финжон бор эди. Ўзингизни таништиринг, илтимос, тасвир олиняпти, овоз ёзиляпти, – деди Анна у муслимага. Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамд айтаман. Унинг Расули, Элчиси, суюкли набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, оилаларига, асҳобларига салом ва саловотлар йўллайман. Аллоҳнинг исми билан сўзимни бошлайман. Сизларга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва барокатини тилайман, эй муслима опа-сингилларим! Қадрли Анна! Гўзал нутқингиз учун ташаккур. Гўзал тарбиянгиз учун сизга раҳмат. Шижоатингиз сизга хайр келтирсин. Бу шижоат сизни Ҳақ йўлга бошласин! Менинг исмим Ҳожар. Ўзим Малайзияда яшайман, – деб сўз бошлади Ҳожар хоним. Хонимнинг овози сеҳрли эди, гўё. Майин, айни пайтда қатъий. Қадам босишлари, ўтиришлари, ҳар бир ҳаракатлари виқорли эди. Анна унга қараб, бундай жозиба давлат тепасида ўтирган президент ва бош вазир хонимларда ҳам учрамаслигини ичида тан олди. Тўғри, Британия қироличаси Елизавета хоним билан бундан беш йил олдин кўришганди. Қиролича етимларга хайрия тадбирига ўғли Чарлз билан келган эди. Анна қироличани етимларни эркалаб турганида ёнига яқинлашди. Сўнг зоти олияларига хайрли кун тилади. Қиролича унга қараб майин жилмайиб, «Хайрли кун!» – деди. «Сиз билан суҳбатлашсам, майлими?» – сўради Анна шошиб. «Майли, қизалоғим. Қандай саволларинг бор?» – илтифот қилди Қиролича. Шу пайт Қиролича ходимларидан бири пайдо бўлди. “Кечирасиз, ёш хоним. Зоти олияларининг дастурида сиз билан суҳбат йўқ”, – деди у. “Жонатан, қизга рухсат бер. Зерикиб тургандим. Саволини берақолсин”, – деди Елизавета хоним. “Исмим Анна, зоти олиялари. Ёшим йигирма еттида. Мен ҳамиша Ер юзидаги энг донишманд Қиролича билан, яъни Сиз билан суҳбатлашишни орзу қилганман», – деди Анна ҳаяжони тошиб. “Муҳим саволингни берақол, Анна, – деди Қиролича. – Ёшим тўқсонда. Мен ҳам баъзида чарчайман”. “Афв этинг, зоти олиялари, – ўзининг эзмалигидан уялиб кетди Анна. – Сизнингча ҳақиқий Аёл қандай бўлиши керак?” Қиролича Аннага табассум билан: “Қизалоғим, ҳақиқий Аёл қироличалардек эъзозга лойиқ бўлиши керак. Ҳамма қиролича бўлолмайди, табиий. Бироқ қироличаларнинг ахлоқини ўрганиши мумкин. Европада қироличалар, маликалар жуда кўп. Уларни насабидан кўра, сулосасининг қатъий қонунга айланган Ахлоқи чинакам қироличага айлантиради. Сиз ёшлар эса ахлоқни менсимайсизлар”. Британиянинг эъзозли Онаси билан бўлган суҳбат шу. Анна бу қисқа суҳбатдан бениҳоя таъсирланган эди. Шундан кейин у ҳаётини тартибга солишга кўп интилди. Ўзини пок тутишга ҳаракат қилди. Дугоналаридан фарқли ўлароқ эрта турмуш қурди. Жозефдаги жиддият уни ўзига жалб этди. Ёниб севмаса -да, эрига қалбдан боғланди. Ораларидаги илиқ меҳрни ўзлари яхши ҳис этардилар. Анна Ҳожар хонимга боқиб, унинг сўзини тинглаб, беихтиёр Қироличани эслади, хаёлини шу хотиралар яшиндек ёритиб ўтди. Анна, ўзинг бўлмаган жой ҳақида гапириш қийин, – давом этди Ҳожар хоним. – Бошингдан ўтмаса, изтиробни ҳам, бахтни ҳам танимайсан. Муслималарга аёл, деб қараётганингиз жуда яхши. Лекин бу аёлларни Ислом шарафлаган, улар ўзларини эмас, уларни Ислом зулматдан нурга чиқарган, деб фикрласангиз, энг тўғриси шу бўлади, иншаАллоҳ. Зотан, Ислом муҳит жорий этган мажбурият эмас, Ғарбда шундай фикр бор, Ислом – соф инсоний фитратнинг соғлом эҳтиёжидир. Анна сўзлаётган бу аёл оддий аёл эмаслигини тушуниб етди. Download 0.5 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling