Алишер Навоийнинг "Насойимул муҳаббат"
Download 41.47 Kb.
|
Mumtoz asarlarni sharhlab oqitish
Мо бурунро нангарему қолро,
Мо дарунро бингарему ҳолро. (Биз ташқи тузилишга ва сўзга қарамаймиз, биз ичкарига ва ҳолга боқамиз), дейди Худованд Мусога қараб. Бу Қуръондаги оятнинг шеърий таржимаси экани кўриниб турибди. Зеро, инсон қалби Оллоҳнинг уйи, бу уй қанча тоза, саришта бўлса, Оллоҳ нури, Оллоҳ илму ҳикмати унда шунча акс этади. Кўнгил— бу жавҳар, сўз эса – араз(ҳодиса) дейди Румий. Агар киши фикрини сўз билан ифодаласа ҳам, лекин бу сўз кўнгилдан чиқдими ёки йўқми –муҳими шу! Сўз – қурол, мақсад эса – кўнгил. Кўнгил ўртанмаса, эҳтиросларга тўлишмаса, сўзда таъсир бўлмайди: Чанд аз ин алфозу измору мажоз, Сўз хоҳам, сўз, бо он сўз соз! (Қачонгача бу сўзлар, киноя ва мажозларни келтирасан, олов истайман, олов, олов билан қизитгин). Олов —Оллоҳнинг ишқи, олов— маъно, олов— Ҳақ ишқида ёнган кўнгил дарди.Демак, Моҳиятга ишқ олиб боради. Шу боис Жалолиддин Румийнинг “Маънавий Маснавий” асарини инсон тафаккурини оловлантириб, илоҳий моҳиятни англаш сари олиб борадиган Ишқнинг тафсири деса бўлади. Тинглагил, най не ҳикоят айлагай, Айрилиқлардан шикоят айлагай… деб бошланади бу муаззам фалсафий достон. Най — Аслидан ажралган руҳ тимсоли, ошиқ қалб рамзи. У аслига қараб тинимсиз равишда интилади, нола-изтироблар билан ўзлигини ва ўз Роббини англаб боради. Румий бу маънони оламжаҳон ҳикоят ва масаллар келтириб, Қуръон оятлари ва ҳадислардан фойдаланиб тушунтириб беради. Унинг ўткир мушоҳадалари “Ичиндаги ичиндадир” асарида ҳам ёрқин намоён бўлган. Бу асарда ҳам ташқи ва ички оламлар қиёси, мақсад, ғояни, ҳақиқатларни шарҳлаш асосий ўринни эгаллаган. Одамлар кўп ҳолларда кўзга кўринган ташқи белгилар, сурат-шаклларга қараб ҳукм чиқарадилар, дейди мутафаккир. Сийрат ва моҳиятни англашга ожизлик қиладилар, шунда улар одатлар, маросимлар, ақидаларга ёпишиб оладилар: мазҳаббозлик, тарафкашлик билан шуғулланадилар. Холбуки, Илоҳ талабгори булардан юқори кўтарилиши лозим. Дарвешлар, сўфийлар ана шундай одамлардир. Моҳиятни идрок этмай тавҳид сирини, иймон нурини эгаллаш, илм-маърифат қозониш мумкин эмас. Илоҳ ҳақида тасаввурлар ҳам ҳар хил. Бу тасаввурларнинг ҳақиқати тўпланса, балки Оллоҳ маърифатига яқинлашиш иложи топилар? Румий қуйидаги масални келтиради: тўртта кўзи ожизга филнинг қанақа эканлигини англатмоқчи бўлибдилар. Филни уларнинг олдига олиб келибдилар. Улардан бири филнинг хартумини ушлаб, ҳа, илонга ўхшар экан дебди. Иккинчиси оёқларини пайпаслаб, фил бинонинг устунига ўхшаш экан дебди. Учинчиси қорнини ушлаб, қопга ўхшар экан дебди, тўртинчиси филнинг қулоқларига қўл текизиб, супрага ўхшар экан дебди. Демак, уларнинг бирортасида ҳам фил ҳақида тўлиқ тасаввур йўқ. Шу каби одамларда ҳам алоҳида-алоҳида олинганда Худо ҳақида тўлиқ тасаввур йўқ. Фақат қалб кўзи билан идрок этадиганлар бу Моҳиятга яқинлашиб борадилар. Суратга ишқибоз зоҳирбинлар эса бундан маҳрумдирлар. Румий келтирган мана бу масал ҳам шу ўринла ибратли: Бир тулки шердан қутилиш учун унга қараб: ўрмонда сендан ҳам зўр бир жонвор пайдо бўлибди, у сенга ҳужум қилиб емоқчи, дебди. Шернинг қаҳри келиб, қани ўша махлуқ, деб сўрабди. Тулки шерни қудуқ бошига олиб бориб, сувга қарагин кўрасан, дебди. Шер сувга қараган экан, ўз аксини кўрибди ва ҳали сенми мени ейдиган дея ўзини қудуққа ташлабди ва ҳалок бўлибди. Румийнинг хулосаси: суратпарастлик, ҳовлиқмалик, манманлик тақлидчиликни юзага келтиради. Манманлик эса охир-оқибатда инсонни ҳалокатга олиб боради. Шундай қилиб, инсон руҳи Оллоҳдан ажралиб, “Оллоҳга қайтар экан”(Қуръон ояти), у албатта юксалиб ирфон нуридан баҳраманд бўлиб бориши лозим. Бўлмаса, моҳиятлар моҳияти, жамики ҳақиқатлар ҳақиқати – Ҳақ таъолони англамай, ҳодисалар, аразлар, суратлар ичида ўралашиб қолади. Албатта, Румий сурат ва ҳодисалар оламини инкор этувчи эмас. У тажаллиёт фалсафасининг мутафаккири сифатида Оллоҳ нурининг бутун мавжудот бўйлаб тарқалиши, ҳар бир нафислик оҳанглар, ҳаракатларда бу нур зуҳур этишини ғазалларида тараннум этган. Аммо у ҳодиса ва сурат билан чекланишга қарши. Киши оламнинг ўзини, ҳодисаларини идрок этиш билан чегараланмасдан, ҳодисадан моҳиятга қараб бориши даркор. Шунда у шариат босқичидан ҳақиқат мартабасига кўтарилади. Камолот сари интилганлар йўлда тўхтаб қолиши мумкин эмас. Ана шу маънода Жалолиддин Румий барча динлар ва мазҳабларни ҳам ўзимга сиғдираман ва яна барчасидан ўзиб кетаман, дейди. Бу ўринда шуни ҳам қайд этмоқчимизки, Румий барча мазҳаблар ва динларни бирлаштиришни мақсад қилган эмас ёхуд улар ўрнига янги умумжаҳоний дин таклиф қилгани ҳам йўқ. (Маълумки, ХХ аср бошида Эронда Баҳоулло деган киши ўзини пайғамбар деб, баҳоия дини дунёнинг ягона дини деб эълон қилган эди. Бу дин тарафдорлари ҳозир ҳам бор. Аммо улар тасаввуфни ҳам, Румийни ҳам хуш кўрмайдилар. Жалолиддин Румий ўзининг барча қарашларида ислом фалсафаси, Қуръон ғояларига таянади. Пайғамбаримиз ҳадисларидан кўплаб мисоллар келтиради. Умуман олганда, чуқур ўйлаган одам Румий таълимоти исломнинг ўзагидан келиб чиқишини яхши англаб етади. Нега? Чунки ислом дини нисбатан янги дин бўлганлиги сабабли олдинги динларнинг ирфоний жиҳатини мустаҳкамлади, зотан, ислом бутпарастликка қарши курашиб шаклланган дин. Бутпарастлик эса суратпарастлик, зоҳирбинликдир. Шунинг учун исломда тавҳид биринчи ўринда туради: Худо мутлақ ва ягона яратувчи зот эканлиги чуқур исботланади. Исломда, шунингдек, сувратга эмас, маънога, ғояга эътибор қилиш етакчи фикрдир. Тасаввуф айнан ана шунга суянади ва исломий иймонни, тавҳидни яна ҳам ривожлантиради. Шу боис Румийнинг фикрларини исломий тавҳиднинг янада чуқурлашуви, ирфоний мазмун кашф этиши деб билишимиз лозим. Шу ерда Румийнинг яна бир фикрини ўқувчиларга етказмоқчиман. Румий дейдики, Оллоҳнинг яратган одамлари чексиз бўлганидай, Унинг илми ҳам чексиздир ва Қуръони карим Оллоҳ илмининг ҳаммаси эмас. Қуръон бу илмнинг бир қисми – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга араб тилида юборилган илм. Оллоҳ илми олдинги пайғамбарларга бошқа тилларда ҳам юборилган эди, демак, кейин ҳам бу илм кашф этилиши мумкин. Шундай бўлгач, динларни бирлаштириш мумкинми? Йўқ, мумккин эмас, дейди Румий. “Ичиндаги ичиндадир” китобида у ёзади: “Сиз қандай қилиб динни бир қиласиз? Бу фақат қиёматда мумкин. Бу ер дунёдир ва шунинг учун ҳам диннинг бир бўлиши мумкин эмас. Чунки бу ерда уларнинг турли-туман истаги ва тилаги бордир. Дин Дунёда бирлашолмайди, фақат қиёматда бир бўлади. Қиёматда уларнинг ҳаммаси бирлашади, бир қулоқ, бир тил ҳолига келади”. Ҳа, дунё касрат (кўплик) олами. Касрат эса хилма-хиллик, турли хил қарашлар, тушунчалар, истак ва хоҳишлар демакдир. Дин ана шунга мос равишда кўпдир. Қиёматда улар бирлашади, чунки ҳамма ягона Парвардигор ҳузурида бўлади, истаклар Оллоҳ истагига келиб уланади. Оллоҳ—ваҳдат. Ваҳдат эса касратни бирлаштиради. Демак, динларнинг, мазҳаблар, таълимотлар, қарашларнинг турли-туман бўлиши қонуният, табиий ҳол. Унда булар орасидаги жанжал ва тортишувлар ҳам қонуниятми? Жалолиддин Румий буни очиқ айтмаган. Аммо “дин дунёда бирлашмайди” деган фикрнинг ўзи улар орасидаги фарқлар, демакки, “менинг диним ҳақ”, “менинг мазҳабим тўғри” деган тортишувлар сақланаверади, деган маънони ҳам англатади. Зеро, бу тортишувлар замирида дунёвий манфаат ётади. Диққат қилинса, Румий “дин дунёда бирлашмайди” дейиш билан дин, гарчи Худога эътиқодни талаб қилса-да, охират ҳақида сўзласа-да, аммо у дунёвий ҳодисадир. (Бу ўринда муаллиф мансух бўлган динларни назар тутган—Н.И.) Дунёга эмас, балки Оллоҳга боғланиш, ҳаққа етишиш учун риёзатларни роҳат деб улуғ муҳаббат билан интилиш фақат тасаввуф таълимотига хос. Ана шу жиҳати билан тасаввуф аҳли, айниқса, Румий, Ибн Арабий, Жомий, Машраб каби улуғ орифлар барча динлар ва мазҳаблардан юқори турганлар, мазҳаблараро тортишувларни маънисиз ва беҳуда нарса деб қараб, одамларни буни англашга ва бирлашишга чақирганлар. Тасаввуф гуманизмининг умумжаҳонийлиги ва ўлмаслиги ҳам шундадир. Бу мақолада биз “Маънавий Маснавий”нинг биргина жиҳатини гапирдик, холос. Румий буюк мутафаккир инсон сифатида дунё зиддиятлари, зиддиятларнинг ўзаро вобасталиги (“қарама-қаршиликлар бирлиги”), дунёда миллиард шаклу шамойилда мавжуд бўлган ашёларнинг ўзаро алоқаси, бир-бирига ўтиш—эврилишлари, модда алмашинишнинг заррадан коинот қадар амал қилиши, ҳаёт ва ўлим сабаблари (ҳаёт— зиддиятлар “келишуви”, “ярашиши”, ўлим — зиддиятлар “жанги”), жисм ва руҳ, олам ва Илоҳ ҳақида ёзади, буларни ажабтовур ўткир мантиқ билан таҳлил ва тадқиқ этади. “Маснавий”да бир неча юз ҳикоят ва ривоятлар келтирилган. Қуръони каримнинг юзлаб ояти тилга олиниб, тафсир этилган. 690 ҳадисга румиёна шарҳ берилган. Кўз олдимизда ҳам калом илмининг улуғ билимдони, ҳам тасаввуф таълимотини сарбаланд чўққига олиб чиққан ориф инсон ва ҳам муқтадир даҳо шоир гавдаланади. Оддий латифалар, ҳикоятлардан Румий фавқулодда фалсафий-сўфиёна маънолар чиқаради, теран тафаккури доирадан доирага, даражадан даражага кўтарилиб боради. “Қуръоннинг уч қабат ботиний маъноси бор”, деб қайд этади у ва ана шу маъноларни изчил бизга тушунтиради. Бутун “Маснавий” бошдан охиригача икки муҳим ғоянинг талқинига бағишланган десам хато қилмайман. Бу ғояларнинг бири—тақлидчилик, зоҳирбинликнинг жаҳолатдан эканлигини исботлаш бўлса, иккинчиси—илоҳий маънолар, Ҳақ ҳақиқатига эришган чин сўфийларни улуғлашдир. Асарнинг бошидан бошлаб найга мурожаат қилган шоир, найнинг ботиний олами, ноласи, асроридан кўплар бехабар эканлигини таъкидлайди.Ва мана шу бехабарликнинг ўнлаб кўринишларини, салбий оқибатларини тамсил, ҳикоялар шарҳи билан очиб беради. Най – руҳи Илоҳдан ажралган ва ўша аслига қараб шиддат билан интилаётган ошиқ орифдир. Бутун “Маснавий” шу ошиқ ориф қалбининг тафсиридир. Бу қалб – Шамс Табризийнинг, шайх Ҳусомиддиннинг, улуғ Жалолиддин Румийнинг қалбидир, уларнинг пок руҳлари таратган нурдир. Бу ориф қалби – касрат дунёсини обдон ўрганиб, ваҳдат оламига парвоз этади, шу олам шавқида илоҳий ҳикматларни тизиб ташлайди. Шу боис Румий асарларини англаш, ундан баҳра олиш кишига ҳузур бағишлайди, бу асарлар маънавиятнинг кони, маънолар хазинасидир. Жалолиддин Румийнинг номи ҳар ҳолда Ўзбекистонда бегона эмас. Бу ном кўпларга таниш. Бунда Жамол Камол таржима қилган Радий Фишнинг китоби муайян рол ўйнади. Шу каби Ж. Жабборов шоирнинг бир даста ғазалларини таржима қилиб, нашр эттирди. Истеъдодли шоиримиз Асқар Маҳкам “Маънавий Маснавий” таржимасига қўл урибди. Бунга унинг ҳаққи бор. Чунки Асқар Маҳкам ўзи сўфиёна шеърлар ёзиб юрган, қалбида Румий ғоялари жўш урган одам. Асқар Маҳкам ишининг фазилати ва фойдали томони шундаки, у фақат Румий байтларини таржима қилиш билан чегараланмаган. Балки туркиялик атоқли румийшунос олим Мавлоно Обидин Пошшо шарҳини ўзбек тилига табдил этиб келтирибди. Бошқача айтганда, Асқар Маҳкамнинг ишини ижодий ва тадқиқотий иш деса бўлади. Умуман, бу ўринда қадимги шориҳлар анъанаси сақланган, яъни: аввал оригинал байт келтирилади, кейин унинг назмий таржимаси, сўнгра лисоний-насрий таржимаси берилади ва шундан кейин байт шарҳланади. Мавлоно Обидин шарҳи ўзигача бўлган бир неча мўътабар шарҳларга суяниб ёзилгани, хийла чуқурлиги билан қимматли. Албатта, бу шарҳ ҳам Румий маъноларини тўлиқ қамраб олади, дея олмаймиз. Ҳар қандай шарҳ, ҳар қандай талқин ва таржима буюк аслиятни англашга кўмак берувчи бир воситадир. Жумладан, тақдим этилаётган шарҳ ҳақида ҳам шуни айта оламиз. Ушбу китоб “Маснавий” биринчи дафтарининг (ҳаммаси олти дафтар) бир қисмини ўз ичига олади. Демак, тақдим этилаётган китоб Румий ижоди билан дастлабки танишувдир. Таржимон сидқи дилдан меҳнат қилган, менимча, шарҳнинг бир қанча ўринларини тўлдириб, қўшиб таржима қилган. Натижада, бугунги ўзбек китобхонига тўҳфа бўладиган бир қимматли асар вужудга келган. Агар “Маснавий”нинг барчаси шу зайлда шарҳ билан бирга таржима қилиб нашр этилса, бу, шубҳасиз, маданий-маънавий ҳаётимизда бир воқеа бўлади. Асқар Маҳкам эса миннатдор китобхонларнинг дуосини олади. Download 41.47 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling