4-боб. Якунловчи қоида
21. Мазкур Тартиб талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 638-сон қарорига
3-ИЛОВА
Санаторий туридаги ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари тўғрисида
НИЗОМ
1-боб Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом алоҳида шароитларда даволаниш ва соғломлаштиришга, таълим ва тарбия олишга муҳтож болалар ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилган ҳамда санаторий туридаги ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда — ихтисослаштирилган таълим муассасалари) фаолиятини тартибга солади.
2. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, ўз уставига амал қилади.
3. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқув-тарбия, даволаш-соғломлаштириш муассасалари ҳисобланади ва даволаниш, соғломлаштиришга муҳтож болаларга уларнинг билим олиш имкониятларига мувофиқ равишда умумий ўрта маълумотга эга бўлиш ва тарбия олишида ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилади.
4. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, ғазначилик бўлимларида шахсий ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампларга, бланкаларга эга бўлади.
5. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари аккредитацияси аттестация асосида, ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
2-боб. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг вазифалари
6. Қуйидагилар ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:
шахснинг ақлий, ҳиссий ва жисмоний ривожланишига ёрдам берадиган шарт-шароитлар яратиш;
баркамол, жисмонан ва маънавий соғлом шахсни вояга етказиш, ўқувчиларда маданий-эстетик қадриятларни, фуқаролик ва ватанпарварлик ҳисларини шакллантириш;
давлат таълим стандартлари асосида сифатли таълим олиш, шу жумладан, касбга йўналтириш, болаларнинг индивидуал қобилиятларини ривожлантириш, иқтидорли ва қобилиятли болаларни тақдирлаш ва қўллаб-қувватлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
болаларнинг психофизиологик ёш хусусияти, мойиллиги, қобилияти, қизиқиши, ҳаёти ва соғлиғи муҳофазаси талабларига мувофиқ равишда реабилитация ҳамда даволаш-соғломлаштириш тадбирларини ўтказишни таъминлаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |