Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2020 йил 13 октябрь,
ПҚ-4860-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 октябрдаги ПҚ-4860-сон қарорига
1-ИЛОВА
2020 — 2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси
1-боб. Умумий қоидалар
1. 2020 — 2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда — Концепция) алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни ўқитиш учун инклюзив таълим тизимини ташкил этиш, уларнинг таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш ва таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
2. Концепция Ўзбекистон Республикасида инклюзив таълимни ривожлантиришнинг мақсадлари, вазифалари, устувор йўналишлари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда инклюзив таълимни ривожлантиришга йўналтирилган дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.
2-боб. Ўзбекистонда инклюзив таълимнинг жорий ҳолати ва мавжуд муаммолари
3. Бугунги кунда республика бўйича жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун жами 86 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда (кейинги ўринларда — ихтисослаштирилган таълим муассасалари) 21,2 минг нафар, 21 та санаторий туридаги мактаб-интернатларда 6,1 минг нафар ўқувчилар таълим-тарбия олади. Шунингдек, узоқ муддат даволанишга муҳтож бўлган 13,3 минг нафар ўқувчилар уйда якка тартибда ўқитилади.
2014 — 2016 йилларда Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун инклюзив таълим» лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида:
республиканинг 5 та ҳудудида тажриба-синов майдончалари ташкил этилди;
150 нафардан ортиқ тиббий-психологик-педагогик комиссия ва 1,3 минг нафардан ортиқ педагог ходимлар инклюзив таълим хизматларига ўқитилди;
педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таълим муассасаларининг ўқув режаларига таълим тизимига инклюзив амалиётни татбиқ этишга доир 3 та ўқитиш модули киритилди;
2 минг нафардан ортиқ алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар ва уларнинг ота-оналарига инклюзив таълим хизматлари ташкил этилди;
Тошкент, Самарқанд, Наманган, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида 5 та тажриба-ресурс маркази ҳамда 15 та тажриба мактаблари ташкил этилиб, уларга 800 нафардан ортиқ болалар қамраб олинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |