Амир Темур ва темурийлар давлати тарихий географияси


Download 30.5 Kb.
Sana17.06.2023
Hajmi30.5 Kb.
#1536467
Bog'liq
Темур ва темурийлар давлати тарихий географи



Амир Темур ва темурийлар давлати тарихий географияси
Чиғатой улуси даврида Мовароуннаҳрдаги ўзаро низолар ва тарқоқликни тугатиш мақсадида Амир Темур кураш бошлайди. 1365 йилда Мовароуннаҳр ҳукмдори деб тайинланган Илёсхожа қўшинлари билан Темур ва Ҳусайннинг иттифоқчи қўшинлари ўртасида Чирчиқ дарёси бўйларида бўлиб ўтган жангда Илёсхожа қўшинларининг қўли баланд келади ва у Хўжанд, Жиззах шаҳарларини эгаллаб, Самарқандга юриш қилади. Самарқандда бу пайтда сарбадорлар ҳаракати майдонга чиқиб, мўғулларнинг қўшинига қарши қақшатқич зарба беради. Илёсхожа аввал Самарқандни, сўнгра эса бутун Мовароуннаҳрни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлади. Бундан хабар топган Амир Темур ва Амир Ҳусайн Самарқандга келадилар. Аммо кўп вақт ўтмай Амир Темур ва Амир Ҳусайн ўртасидаги муносабат кескинлашиб, низога айланади. Амир Темурнинг нуфузи ортиб бораётганидан хавфсираган Амир Ҳусайн Балхга қайтиб, унинг қалъа деворлари ва истеҳкомларини мустаҳкамлашга киришади. 1370 йилда Амир Темур Балхга юриш қилиб, Амир Ҳусайнни таслим қилади.
1370 йилнинг 10 апрелида Амир Темур Мовароуннаҳр ҳукмдори деб эълон қилинади.
Амир Темур Мовароуннаҳрнинг ягона ҳукмдори бўлиб олгач, ўз давлатини сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлашга киришади. Аввало 1370 йилнинг май ойида Самарқандга қайтиб шаҳарни тиклайди. Махсус қўшин тузиб, давлат чегараларини кенгайтиришга киришади. Аввал у Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ерларни бирлаштириб, ўзига бўйсундиради.
Мўғуллар даврида Хоразм икки қисмга ажралиб, маркази Урганч шаҳри бўлган шимолий Хоразм Олтин Ўрдага, маркази Кат бўлган жанубий Хоразм эса Чиғатой улусига бўйсунган. 1371 йилда Амир Темур Хоразмга юриш қилиб, уни эгаллайди.
Шундай қилиб, Амир Темур Мовароуннаҳр ва Хоразмда феодал тарқоқлик ҳамда ўзаро низоларга барҳам бериб, Сирдарё воҳасидан то Орол денгизигача бўлган ерларда яшовчи халқларни ягона давлат тасарруфида бирлаштиради. Кейинроқ Шибирғон вилояти, Балх ва Тошкент вилоятлари ҳам Амир Темур ҳокимиятини тан оладилар.
Йигирма йил (1371-1390 йиллар) мобайнида Амир Темур Мўғулистонга етти марта юриш қилиб, мўғул ҳукмдорлари устидан ғалаба қозонди.
1395 йилда Шимолий Кавказнинг Тарак дарёси бўйида Амир Темур ва Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон қўшини ўртасидаги жангда Амир Темур ғалаба қозонади ва Олтин Ўрда ҳокимиятига чек қўйилади.
1381 йилда Ҳирот, Сарахс, Жом шаҳарлари, кейинроқ эса Эроннинг катта қисми Амир Темур ҳокимиятига бўйсундирилади. Уч йиллик (1386-1388 йиллар) ҳарбий юришлар натижасида Жанубий Озарбайжон, Ироқнинг шимолий қисми, Гуржистон ва Арманистондаги ерлар эгалланади. 1392-1396 йиллардаги беш йиллик уруш давомида Амир Темур Ғарбий Эрон, Ироқи Ажам ва Кавказни эгаллайди.
1398-1399 йилларда Амир Темур Ҳиндистонга юриш қилиб, бу ҳудудни ҳам ўз тасарруфига киритади.
1399-1404 йиллардаги етти йиллик уруш даврида эса Шомнинг Халаб, Кумис, Баалбек, Дамашқ каби шаҳарлари, Бағдод ҳамда Туркиянинг катта қисми эгалланади. 1402 йилда Анқара яқинидаги жангда Боязид Йилдирим қўшини яксон қилиниб, Кичик Осиё ҳам Темур ҳокимиятини тан олади.
1405 йили Амир Темур вафотидан кейин темурий шаҳзодалар ўртасида тахт учун кураш авж олди. Амир Темурнинг бу курашда ғолиб чиққан ўғли Шоҳруҳ Самарқанд тахтини эгаллади ва 1409 йилда ўғли Улуғбекни Самарқанд тахтига ўтқазиб, Мовароуннаҳр ҳукмдори этиб тайинлади. Улуғбек даврида (1409-1449 йиллар) мамлакатда ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожланди. Аммо Мирзо Улуғбек ўлдирилганидан кейин тахт учун курашлар яна авж олди. 1451 йили Самарқанд тахтини Мироншоҳнинг набираси Абу Саид Мирзо эгаллади. Унинг вафотидан (1469 йил) кейин ҳокимият учун курашлар яна авж олди, феодал тарқоқлик кучайди. Дашти Қипчоқда яшаган Шайбонийхон қўшинлари Мовароуннаҳрга юриш бошладилар. Бу вақтда, яъни 1500 йили Андижон ҳокими Заҳириддин Муҳаммад Бобур Самарқанд тахтини эгаллаб, уни мустаҳкамлай бошлади. Бироқ 1501 йили Шайбонийхон билан тўқнашувда енгилиб, Ҳиндистонга кетишга мажбур бўлди. Шундай қилиб қудратли темурийлар салтанати инқирозга учради.
Амур Темур давлатинингсиёсий тузуми ҳақида гапирадиган бўлсак, у ўз давлатини барпо қилишда ўтмишда мавжуд сиёсий бошқарув тажрибаларидан кенг фойдаланди. Мазкур давлат ўз таркибий тузилишига кўра кўпинча ҳарбий-сиёсий тартибларга асосланган эди. Қудратли ҳукмдор тарих фанига ихлос қўйганидан бўлса керак, қадимги ва ўрта аср Шарқ мамлакатларидаги турли давлатлар ва уларнинг сиёсий ҳамда маъмурий усули, бошқарув тизимлари ҳақида кенг тасаввурга эга эди. Бироқ унинг давлат бошқарув тизими қўл остидаги бутун ҳудудда ягона марказлашган сиёсий тартиб асосига қурилган бўлиб, бу соҳадаги тажрибалар ўрта асрлардаги Ўрта Осиё давлатларида кенг қўлланилган идора усуллари тажрибаси билан бойитилган эди.
Бошқарув икки идорадан: даргоҳ ва вазирлик (девон)дан иборат бўлган. Даргоҳни олий ҳукмдор бошқарган. Даргоҳ фаолиятини бошқариш, унинг девонлар, маҳаллий ҳокимият идоралари билан боғланиб туриш ишлари Олий девон зиммасида бўлган.
Олий девонда – ижроия ҳокимиятда бош вазир, мулкчилик ва солиқ ишлари вазири, молия вазири турган. Сарҳадлар ва тобеъ мамлакатларнинг бошқаруви билан шуғулланувчи яна уч вазир бўлган ва девонбегига ҳисобот бериб турган. Марказий ҳокимият тизимида шайхулислом, қозикалон, қозийи ахдос (одат бўйича ҳукм чиқарувчи қози), қози аскар, садри аъзам (вақф ерлари мулклари мутасаддиси), додхоҳ (шикоятларни кўрувчи), эшикоға, сарой вазири, ясовул (ҳукмдорнинг шахсий буйруғини бажарувчи), қалақчи (хирож миқдорини аниқловчи), муҳассил (солиқ ундирувчи), тавочи (асосий қўшинларни тўплаш ишига мутасадди амалдор), қоровулбеги, қутвол (қалъабон), муҳтасиб (шариат қоидалари ижросини, бозор тартибларини назорат қилувчи) ва бошқалар бўлган.
Шунингдек, даргоҳда бош ҳожиб, ҳожиблар, хазинабон, хонсолар жибачи, қушчи, баковул, котиблар, битикчилар, табиблар, созандалар, дорихоначилар бўлган.
Амир Темур даврида Мовароуннаҳрда аҳолининг яшаш даражаси ва шароити яхшиланган. Ягона марказлашган давлатнинг шаклланиши ва ривож топиши билан оддий аҳолининг тинч ва осуда яшаб, меҳнат қилишига шарт-шароитлар яратилди.
Мўғуллар истилоси даврида ва ундан кейин Амир Темурнинг марказлашган давлат барпо этгунига қадар Ўрта Осиё ва унга қўшни ҳудудларнинг халқ оммаси ниҳоятда оғир азоб-уқубатлар, қийинчиликлар билан ҳаёт кечираётган эди. Мўғулларнинг вайронгарчилик ва бузғунчилик ишлари туфайли меҳнаткаш аҳолининг яшаш шароити қуйи даражага тушиб қолди. Хўжаликни қайта тиклаш ишлари эътиборсиз бўлган кўчманчи мўғуллар халқ бошига турли солиқлар солдилар, улар орасидан баъзиларини қулларга айлантирдилар.
Амир Темур ҳокимият тепасига келгач, у мамлакатда қайта тиклаш ишлари, ободончилик, суғориш тармоқларини таъмирлаш ишларига катта эътибор қаратди. Турли тоифага мансуб мулк соҳибларини бир қўл остида бирлаштирди. Қаттиқ интизом ҳар қандай зодагонни ўз ҳукмдори олдида бош эгишга мажбур қилар эди. Меҳнаткаш халқ, жумладан ҳунарманд қатламига мансуб кишиларнинг яшаш даражаси анча яхшиланди. Шаҳарларда, маданият марказларида яратувчилик, ободончилик ишлари ниҳоятда кучайиб кетди.
Амир Темур давлатининг сарҳадлари кенг эди. У нафақат ҳозирги Ўрта Осиё балки, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Кавказ, Қозоғистон, Ироқ сингари мамлакат ва ҳудудларни ўз таркибига олган эди. Ижтимоий тузум масаласида тўхталганимизда, айнан шу жойлардаги аҳолининг турли қатламлари, уларнинг ўзаро нисбати, бир-бирига алоқадорлигини назарда тутишимиз мумкин.
Ижтимоий тузумни биз мулк эгалигисиз тасаввур қила олмаймиз. XV асрда зироатчилик билан машғул қишлоқ аҳли орасидан маълум қисми имтиёзли ҳақ-ҳуқуқлар эгаси бўлган. Улар давлатга жуда оз миқдорда солиқ тўлашган. Аҳолининг жуда катта қисмини ижарачи-чорикорлар ва жамоатчи деҳқонлар ташкил қилган. Қишлоқлар жамоа ёки қарийа деб номланган. Унинг мулки бутун жамоа аҳлига қарашли эди.
Ҳунармандчилик соҳасида асосий ишлаб чиқарувчи ижтимоий тоифа вакили эркин ҳунармандлар бўлган. Улар шаҳарда яшовчи савдогарлар билан бир қаторда маданий марказнинг ўрта ҳол тоифалари вакиллари саналганлар. Булар жумласига амалдорлар ва ўрта ҳол ислом пешволарини ҳам киритиш мумкин.
Амир Темур ўзига тобе мамлакатларнинг сипоҳу раият кайфиятини, турмушини бирор киши уларга жабр ситам қилса, уларни жазолаш тадбирларини ўз қонунларида қайд этиб ўтган.
Ҳар бир шахс ўз қобилияти ва ўз хоҳиш иродасига кўра, шунингдек, билим ва тажрибасига мувофиқ муайят вазифани эгаллай олар эди. Албатта, у ўша ишни ва амални уддалай олса, ўз ҳаракатига мувофиқ ижтимоий қатламнинг юқорироқ даражасига кўтариларди.
Темурийлар даврида эса мамлакатда тез-тез содир бўлиб турадиган ички урушларга қарамасдан XV асрда ҳам Мовароуннаҳр ва Хуросон шаҳар ҳамда қишлоқларида бирмунча ободончилик ишлари амалга оширилади.
Бу даврда темурийлар ва уларнинг вилоят ҳокимлари томонидан Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Марв воҳаларида, Тус водийсида ҳамда Ҳирот ва унинг унинг атрофида йирик суғориш иншоотлари барпо этилиб, айрим деҳқончилик вилоятларининг сув таъминоти тубдан яхшиланди. Темурийлар ҳукмронлик қилган даврда амалга оширилган энг йирик суғориш ишларидан бири Самарқанд воҳасида Зарафшон дарёсидан бош олган, Дарғом анҳоридан чиқарилган қадимги Ангор каналининг қайта тикланиши бўлди. Бу канал орқали Зарафшон дарёси оқимининг бир қисми бу даврда кам сувли Қашқадарё воҳасига ташланиб, унинг адоғида жойлашган деҳқончилик ерлари сув билан таъминланади.
Бухоронинг қадимги суғорилган ерлари бўйлаб олиб борилган археологик тадқиқотлардан маълум бўлишича, мўғуллар босқини оқибатида бутунлай вайрон этилган воҳа сув хўжалиги XV асрга келиб тўла тикланади. Унинг деҳқончилик ер майдони бир мунча кенгайди. Улуғбек ҳукмронлик қилган даврда Бухоро воҳасининг жануби-шарқий чегарасига ёндошган Сомонжуқ даштига сув чиқарилиб, янги ерлар ўзлаштирилади.
Бутун аср давомида Мовароуннаҳр ва Хуросонда аввалгидек ер ва мулкчиликнинг асосан тўрт шаклдаги “мулки девоний” – давлат ерлари, “мулк” – хусусий ерлар; “мулки вақф” – мадраса ва ибодатхоналар тасарруфидаги ерлар ва ниҳоят “жамоа ерлари” бўлган. Деҳқончилик ерларининг энг катта қисми давлат мулки ҳисобланган. Бу ерларда аввалгидек мамлакат ҳукмдори Султон ёки амирлар эгалик қиларди. Темурийлар даврида давлат ерларини “суюрғол” тарзида инъом қилиш кенг тарқалади. Суюрғол ерлари ҳажми, шарти ҳамда ер ва ёрлиққа эга бўлган шахсларнинг табақаси жиҳатидан турлича бўлинган. Одатда шаҳар ёки вилоятлардан тортиб, то алоҳида қишлоққача суюрғол шаклида инъом этилган.
Темуримйлар даврида Мовароуннаҳрнинг Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Шоҳруҳия, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши ва бошқа кўпгина шаҳарлари аҳолисининг касб-кори, ички ва ташқи алоқалари билан ўрта аср Шарқининг намунали ҳунармандчилик ва гавжум савдо марказига айланади. Ҳунармандчиликнинг ривож топиб, унинг турли-туман тармоқлари бўйича ихтисосланишининг кучайиши шаҳарларни ҳам ўзгартириб юборади. Шаҳарларда ҳунармандчилик маҳаллаларининг сони ортиб, касб-ҳунар билан боғлиқ бўлган янги-янги гузарлар, кўча-кўйлар, тимлар ва тоқилар (усти гумбазли бозор) пайдо бўлган. Кўпгина шаҳарларда заргарлик, мискарлик, игнасозлик, совутсозлик, тоштарашловчилар, шишасозлар кўнчилик каби ҳунармандчилик маҳаллалари бўлган.
Шаҳарларда, хусусан Самарқанд ва Ҳиротда заргарлик ривож топади. Шаҳар заргарлари орасида олтин, кумуш, ва жез қотишмаларидан турли хил зеб-зийнатлар ва қимматбаҳо буюмлар ясайдиган ва уларга нозик дид билан нафис бадиий ишлов берувчи моҳир усталар сони кўпаяди. Одатда нақшинкор бадиий буюмлар бойлик ҳашамлари ҳисобланиб, улар фақат мулкдор табақаларгагина мансуб эди. Бундай қимматбаҳо жиҳозларни ясайдиган ҳунарманд-заргарлар мутлақ мулкдорларга хизмат қилишар ва улар билан яқиндан алоқада бўларди.
Самарқанд ҳунармандчилигида, айниқса, қоғоз ишлаб чиқариш алоҳида ўрин тутади. Шаҳар яқинида, Обираҳмат анҳори соҳилида қоғоз ишлаб чиқарадиган махсус обжувозлар ва корхоналар бўлган. Самарқанд қоғози ўрта аср шарқи хаттотлигида ғоят машҳур бўлиб, унинг маълум бир қисми чет ўлкаларга чиқарилган.
XV асрда темурийлар давлати узоқ ва яқин қатор қўшни мамлакатлар: Хитой, Ҳиндистон, Тибет, Эрон, Русия, Волга бўйи ва Сибир билан мунтазам савдо-сотиқ қиларди. Хитойдан асосан ипак, шойи, матолар, хусусан атлас ва парчалар, чинни, лаъл, нил бўёқлари, хушбўй зиравотлар; Эрондан сурп, марварид, дурлар; Русия, Татаристон ва Сибирдан қимматбаҳо мўйна, тери, ва мўм олиб келинар эди. Европа мамлакатларидан Самарқандга олиб келинган моллар орасида фаранг газмоллари, мовути, черкас пичоғи бор эди. Ишратхона мақбараси вақфида Миср қатонидан (патасидан) тикилган чойшаб, мисрий салла, Хитой духобасидан тикилган чойшаблар қайд этилган.
Самарқанддан чет мамлакатларига, хусусан Русия, Татаристон ва Сибирга арзон нархли ип матолар, асосан бўз духоба, шойи газлама, қоғоз, қуруқ мева, гуруч, пахта ва калава (йигирилан ип)лар чиқарилган.
Чет давлатлар билан ўзаро савдо-сотиқни кенгайтиришда темурийларнинг қўшни мамлакатлар билан олиб борган элчилик алоқаларида катта роль ўйнайди. XV асрнинг биринчи чорагида Улуғбек ва Шоҳруҳ давлатлари билан Хитой ўртасида мунтазам равишда элчилар алмашиб турилади. Хитой темурийлар билан савдо қилишдан манфаатдор эди. Мовароуннаҳр ва Хуросондан у йилқи сотиб оларди. Ҳар иккала давлат ўртасидаги савдо ва элчилик алоқалари бу даврда янада ривож топади.
XV асрда, хусусан унинг биринчи ярмида мамлакатнинг иқтисодий ҳаётида, айниқса ҳунармандчилик ва ички савдо муносабатларида содир бўлган тараққиёт маълум даражада шу даврда ўтказилган пул ислоҳоти билан ҳам боғлиқ эди. Маълумки, Улуғбек 1428 йилда муомалада фулусий пуллар ислоҳотини амалга оширди. Меҳнаткаш аҳолини ички чакана савдо муносабатларига кенгроқ жалб этиш мақсадида Улуғбек енгил вазнда зарб этилган ва муомалада юрган чақа пулларни ман этди. Эски чақаларни янгисига алмаштириб, ички савдонинг майда мис пулларга бўлган талабини қондириш учун бир вақтнинг ўзида у Бухоро, Самарқанд, Қарши, Термиз, Тошкент, Шоҳруҳия ва Андижон шаҳарларида зарбхоналар ташкил этиб, бир хил вазндаги салмоқдор фулуслар зарб эттирди ва муомалага чиқарди. Эски чақалар қисқа вақт ичида янги фулусларга алмаштириб олингач, мис пуллар зарбини марказлаштириш мақсадида, фақат Бухоро зарбхонаси сақланиб қолиниб, бошқа шаҳарлардаги зарбхоналарга барҳам берилади. Улуғбекнинг бу янги мис фулуслари Мовароуннаҳрнинг барча шаҳар ва қишлоқларида кенг муомалага кириб, давлатнинг ички савдосини нақд пул билан тўла таъмин этади.


Download 30.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling