Амир темур ва темурийлар даврида самарқанд амир Темур ва темурийлар давлати пойтахти
Download 184 Kb.
|
2-seminar mavzu
АМИР ТЕМУР ВА ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИДА САМАРҚАНД Самарқанд Амир Темур ва темурийлар давлати пойтахти Амир Темур ва темурийлар даврида Самарқандда илм-фан ва маданият. Mirzo Ulug`bek hukmronlihi davrida Samarqand. Амир Темур ва темурийлар даври Марказий Осиё маданияти тарихида алоҳида ўрин тутади. Бу даврдаги маданий ютуқлар умумбашарий цивилизацияси даражасида бўлган. Хусусан, темурийлар даврида меъморчилик, илм-фан, адабиёт, санъат, ҳунармандчилик равнақ топди. Мамлакат, шунингдек йирик шаҳарлар Самарқанд, Шаҳрисабз, Бухоро, Термиз, Тошкент ва Ҳиротнинг ободончилиги, маданий равнақи йўлида Мовароуннаҳр ва Ўрта Шарқ мамлакатларидан, Ҳиндистондан кўплаб фан ва санъат аҳллари, ҳунармандлар, меъмор ва мусаввирлар жалб қилинган. Амир Темур ибн Тарағай Баҳодир (1336-1405) асос солган давлат дастлаб Мовароуннаҳр ва Хоразмда вужудга келган бўлиб, 1380-1402 йилларда Темур томонидан олиб борилган урушлар натижасида кенгайиб, Эрон, Ироқ, Озарбайжон ва Ҳиндистоннинг шимолий қисмигача ёйилди. Бугунги Самарқанднинг дунё меъморчилиги ва маънавияти марказларидан бири мақомини эгаллашида Соҳибқирон Амир Темурнинг ўрни ва роли каттадир. 1370 йил ҳокимият тепасига келган Амир Темур кўп ўтмай Самарқандни ўз давлатининг пойтахтига айлантирди. Самарқанд шаҳри Турон давлатининг пойтахти сифатида XIV-XV асрлар ўз тараққиётининг гуллаган даврини бошдан кечирди. Бу даврда шаҳар қиёфаси, ундаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёт мисли кўрилмаган даражада юксалди1. Қулай географик минтақада жойлашган Самарқанд қитъалараро ўтадиган Буюк ипак йўлининг тарихий чорраҳаси эди. Бундан ташқари, Самарқанднинг мўътадил ҳавоси, зилол сувлари, унумдор тупроғи, бетакрор табиати, мард ва шижоатли халқи ҳам Амир Темурнинг диққатини ўзига тортган. Амир Темур Самарқандга келганида, бу ерда мўғуллар истилосидан на мудофа деворлари ва на бирор бир ҳашаматли бино сакланиб қолган эди. Чингизхон бошчилигидаги босқинчилар Самарқанднинг қадимги ўрни - Афросиёбни шу даражада вайрон қилган эдики, у ерда ҳаёт кечиришнинг имкони йўқ эди. Бу босқиндан омон қолган аҳоли шаҳарнинг жанубидаги работда истиқомат қиларди. Амир Темур Чингизхон бузган Афросиёбни қайта тиклашдан кўра янги шаҳар бунёд қилишни маъқул кўради. Бу шаҳар ўз даврида энг шавкатли ва маҳобатли сиёсий марказ кўринишига эга бўлган. Ана шу мақсад йўлида Самарқанд унинг қадимий маркази Афросиёбдан жануброқда бутунлай янгича асосда қурилди. 1370 йилнинг кузида Амир Темур Самарқандда катта қурултой чақиради ва унга барча амирлар, беклар, лашкарбошилар, олиму уламолар, шариат пешволарини чорлайди. Қурултойда миллий давлатчиликни қайта тиклаш ва ривожлантириш билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама қилинади. Қурултойда пойтахт Самарқандда амалга ошириш лозим бўлган ишларга ҳам алоҳида эътибор берилади. Шу боис амир Довуд девондаги мансабига қўшимча равишда Самарқанд доруғаси этиб тайинланади. Амир Оқбуғо Самарқанддаги қурилишларга кетадиган харажатлар бўйича мутасадди этиб тайинланади. Амир Темур бунёд қилинадиган шаҳар атрофини баланд ва мустаҳкам мудофаа девори билан ўраш ҳақида фармон чиқарган. 1370 йилнинг ўзидаёқ шаҳар девори ва давлат қароргоҳи – Арк ва қалъа қайта тикланди, сарой ва қасрлар бино қилинди2. Шаҳарга кириш тарафларига Оҳанин, Шайхзода, Чорсу, Коризгоҳ, Сўзангарон ва Феруза каби номлар билан аталувчи олтита дарвоза ўрнатилади. Амир Темур Самарқандни қайта қуришда, шаҳар истеҳкомлари, унинг ободончилиги, фаровонлиги ва хушманзаралигига алоҳида эътибор берган. Давлатни бошқариш учун девонхона – Арки аъло зарурлигини яхши билган Соҳибқирон зот уни шаҳарнинг ғарбий томонидаги тепалик устида барпо қилишга киришади. Ўттиз тўрт гектар майдонни эгаллаган арк икки қатор мудофаа девори билан ўралган. Мудофаа деворининг ташқи томонидан чуқур ва кенг хандақ қазилиб, у Новадон ариғининг суви билан тўлдирилган. Аркнинг ички ҳудуди икки қисмга ажратилган бўлиб, унинг шимолий томонида маъмурий бинолар ҳамда ҳарбий мақсадда фойдаланиладиган иншоотлар жойлаштирилган. Жанубий қисмида эса зодагонларнинг турар жойлари қад ростлаб турган. Шунингдек, Амир Темур ҳар сафар ҳарбий юришлардан қайтгандан сўнг шаҳарда ноибни ўзгартириб, тартиб интизомни янада қаттиқ назоратга олиб, пойтахтни қайта қўлга киритгандай шаҳар бошқарувида ислоҳотлар ўтказган. 2019/9/23 10:17 Аркнинг ичида Кўксарой ва Бўстонсарой номли икки ҳашаматли қаср қурилади. Кўксарой тўрт қаватли бўлиб, унинг мовий гумбази узоқ-узоқлардан кўриниб турган. Кўксарой ҳақида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида шундай ёзади: «Темурбек солғон олий иморатлардин бири Кўксаройдурким, Самарқанднинг Аркида воқеъ бўлубтур. Ажаб хосиятлиқ имораттур. Темурбек авлодидин ҳар ким бош кўтариб тахтқа ўлтурса ҳам мунда ўлтурур, ҳар ким тахт доияси била бош қўйса ҳам мунда қўяр, ҳаттоким, кинояти бўлуб эрдиким, фалон подшоҳзодани Кўксаройға чиқардилар, яъни, ўлтурдилар»3. Кўксаройда Амир Темурнинг тахти, хазинаси ва бой кутубхонаси жойлашган. Бу ерда Соҳибқирон хориждан келган элчиларни ҳамда сарой аъёнларини қабул қилган. Амир Темурдан кейин ҳам Кўксарой темурий ҳукмдорлар учун расмий сарой вазифасини ўтаган. Булардан ташқари Аркда давлат девонхонаси, қурол-яроғлар устахонаси ва аслаҳахона, тангалар сўқиладиган зарбхона, қамоқхона каби бинолар жойлашган. Самарқанд шаҳри бош режа асосида қурилгани боис Бўстонсарой, Кўксарой, Қутби Чаҳордаҳум, Руҳобод ва Амир Темур мақбараси, Муҳаммад Султон мадрасаси ва хонақоҳлари бир қаторда жойлашган. Тарихий манбаларда шаҳарда майдонлар, ҳовузлар, фавворалар, кўчалар, масжид ва мадрасалар барпо қилингани ҳақида маълумот берилади. Мудофаа деворларини шимолий қисмида Шайхзода ва Темир дарвоза “Оҳанин” бўлган. Шарқий томонда эса Феруза дарвозаси қурилган4. Амир Темурнинг бевосита раҳбарлиги ва ташаббуси билан Самарқандда 20 дан зиёд маҳобатли меъморлик иншооти барпо қилинган. Бу иншоотларнинг лойиҳасини шахсан Амир Темурнинг ўзи кўриб чиқиб, зарур ўзгартиришлар киритгани, лойиҳалар мукаммал ҳолатга келтирилганидан сўнгина тасдиқлангани тўғрисида Шарафиддин Яздий ва Низомиддин Шомий каби тарихчилар маълумот берадилар. Амир Темур томонидан 1403 йилда бунёд этилган Амир Темур мақбараси (Гўри Амир), 1399-1404 йилларда Амир Темур буйруғи асосида қурилган Бибихоним жомеъ масжиди ва мақабараси, асосан 1375-1435 йилларда қайта бунёд этилган Шоҳи Зинда мақбаралар мажмуи, темурий Абу Саид (1451-1469) ва Султон Аҳмад Мирзо (1469-1494) даврида қурилган Оқсарой, темурийлар даврига оид Хўжа Абди Берун ёдгорлиги, Ишратхона, Руҳобод, 1424-1428 йилларда қурилган “Улуғбек расадхонаси”, Қутби Чаҳордаҳум каби мақбара мажмуалари, сарой ва Бўстонсарой сингари қасрлар Самарқандга салобат бағишлаган. Бибихоним масжиди жомеъси шарқнинг энг гўзал иморатлари билан баҳслаша олган. Бу муҳташам бинони ўз кўзи билан кўрган Испания қиролининг элчиси Руи Гонсалез де Клавихо ўз “Кундаликлари”да қуйидагича ёзиб қолдирган: «Бу улуғ амир барпо этган энг йирик иншоот ва дунёдаги энг катта масжидлардан бири эди; уни салтанатнинг турли вилоятларидан келтирилган ўнлаб энг яхши меъморлар, муҳандислар, наққошлар ва ғишт терувчилар амирзодалар раҳбарлиги остида тўрт йил ичида қуриб битказдилар. Бинонинг ичкарисига кириладиган монументал порталга етти хил маъданнинг қоришмасидан ишланган, зангламас ва жарангдор, тилла суви юритилган бронза дарвоза ўрнатилган бўлиб, уни тайёрлаш сирлари асрлар давомида йўқолиб кетган. Энг катта марказий залининг пойдевори қурилишида Ҳиндистондан келган филлар ҳам ишлатилган бўлиб, улар беш юз сангтарош тоғ ён бағирларидан кесиб олган оғир тошларни қурилишга етказиб турган. Залнинг тепасига ердан уч юз метрча баландликда улкан мовий гумбаз – «Самарқанд мовий гумбази» тикланган эди. Соҳибқирон Амир Темур Самарқанднинг бир-биридан гўзал ва бетакрор иморатларини форсча, арабча, мўғулча ва бошқа услублар уйғунлигида қуриб, санъатда ўзига хос янгича услуб ва меъморчилик асосларининг пайдо бўлишига замин яратди. Демак, турли услублар ўртасида интеграция юз берган. Демак бу муҳташам ва салобатли бинолар орқали том маънода маданиятлараро кўприк қўйилган. Бу биноларнинг айримларигина бизнинг куларгача етиб келган. Кейинчалик Амир Темур асос солган шаҳар маркази Регистон майдони меъморчилик ансамбллари шаклланган. Совет даврида қўйилган катта тўсиқларга қарамай ўзининг ҳаётини хавф остига қўйиб Амир Темур фаолиятини холисона ёритган академик олим И.Мўминов ҳам Соҳибқирон Амир Темурнинг яратувчилик маҳоратини юксак баҳолаб шундай ёзган: «Темур Самарқанддаги аҳволни бутунлай ўзгартириб юборди. У Самарқандда Кўксарой, Бибихоним масжиди, Шоҳизинда мавзолейи, Самарқанд атрофида Боғи Чинор, Боғи Шамол, Боғи Дилкушо, Боғи Беҳишт, Боғи Нав каби боғ ва саройларни қурдирди. Йўллар қуриб, Қўқон-Зарафшон дарёлари орқали кўприклар солинди, шунингдек, кейинчалик Амударё ва Сирдарёга кўприк қурилди, Тошкент атрофига каналлар, жумладан, Сирдарёдан Оҳангаронга ҳам канал ўтказилди. Шаҳар типидаги Оҳангарон қишлоғи қурилди. Бухоро, Шахрисабз, Фарғона, Туркистонда карвон саройлари ва бошқа қурилишлар билан бирга ирригация иншоотлари қад кўтарди. Шаҳар, қишлоқлар, ҳаммомлар, мадрасалар, мақбаралар қурилиши ўша давр учун мисли кўрилмаган миқёсда, масштабда олиб борилди. Қурилишга маҳаллий архитектор усталар – соҳиби ҳунарлардан ташқари Темур забт этган ўзга мамлакатларнинг кўплаб қурувчилари, меъморлари жалб этилди». Олим И.Мўминов бу қурилишлар Ўрта ва Яқин Шарқда ривожланган бадиий тафаккурни ўзида ифодалаганлигини алоҳида таъкидлаб ўтган. Демак, Амир Темур бунёдкорликлари давлатчиликдаги муҳим хусусият бўлиб, улар ва давлат қудрати билан уйғунликда бир-бирини тўлдирган. Темурийлар даврида қурилган саройлар икки хил бўлган. Биринчиси- маъмурий-сиёсий вазифани бажарган бўлиб, қалъа ёки ҳисор ичига қурилган. Иккинчиси - шаҳар ташқарисидаги қароргоҳлар бўлиб, қабул маросими, мажлислар ўтказилган ва ҳордиқ чиқарилган. Амир Темур ва Мирзо Улуғбекнинг асосий қароргоҳи Самарқанддаги Кўксарой ва Бўстонсаройда бўлган. Амир Темурнинг шарқ шаҳарсозлигига киритган яна бир катта янгилиги Самарқанднинг ичкари ва ташқарисида бир-биридан гўзал баҳаво боғ-сарой барпо қилинганида яққол кўринади. Бу боғларнинг марказида ҳашаматли кўшклар ҳам барпо қилингани учун улар боғ-саройлар, деб аталган. Боғ-саройларнинг номлари, жойлашган ўрни ва тузилиши ҳақидаги маълумотлар, асосан, Шарофиддин Али Яздий, Низомиддин Шомий ва испан элчиси Клавихо асарларида қайд этилган. Амир Темур Самарқанднинг шимолидаги Чўпонота мақбараси яқинида набираси (Мироншоҳнинг қизи)га атаб қурдирган боғ Боғи Баланд деб номланади. Уни барпо қилишда Эрон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлар боғчилик санъати усталари ҳамда меъморлари қатнашган5. Боғ ўртасида Табриз оқ мармаридан қурилган ҳашаматли қаср бўлиб, унинг атрофидаги узумзор, анжирзор ва олмазорлар боққа гўзал бир тароват бахш этиб турган. Амир Темур Самарқанднинг ғарбида суюкли хотини Туман оға (Хайруннисо)га атаб қурдирган (1378) боғ Боғи Беҳишт деб аталган6. Ёзма манбаларда боғ «Боғи Жаннат» номи билан ҳам машҳур. Тарихчи Шарафуддин Али Яздийнинг ёзишича, боғ ўртасидаги атрофи ҳандак билан муҳофаза этилган сунъий тепалик устида оқ мармардан курилган ҳашаматли сарой бўлган. Саройга бир неча кўтарма кўприклар орқали кирилган. Саройнинг бир тарафида ҳайвонот боғчаси ҳам бўлган. Боғи Давлатобод эса Амир Темурга у Ҳиндистон юришидан қайтган куни – 1399 йил 22 апрелда ҳадя килинган. Археологик тадқиқотлар (И.А.Сухарев, 1936 ва Ў.Алимов, 1967)га кўра, у Самарқанддан 13 км жанубда, Катта Ўзбекистан трактининг чап томонида жойлашган. Амир Темур бу боғда зафарли юришлардан қайтгач, дам олган, тантанали маросимлар ўтказган, элчиларни кабул қилган7. 1397 йил баҳорида у Самарқанднинг машҳур боғларидан бири «Боғи Шамол»да ажойиб бир сарой қурдирган. “Қурилишни тезроқ ниҳоясига етказиш учун эроний ва боғдодий меъморларга аскарлар ёрдам беришган. Ўзи эса иш боришини назорат қилиб туриш учун қурилиш майдонига чодир тикдирган. Шарафуддиннинг ривоятига кўра, бу сарой ҳандақ билан иҳота қилинган сунъий тепа устига Табризнинг соф оқ мармаридан бино этилган, бир неча кўприклар шу боққа уланган, бир томонида ҳайвонот боғчаси ҳам бўлган. Амир Темур бу саройни ўзининг ворисларидан бири Мироншоҳнинг қизига ҳадя қилган эди. Конигил даштида илгари машҳур бўлган барча боғлардан гўзал бир боғ барпо этилади. Унинг анжирлару бошқа турли мевали дарахтлар соя ташлаб турган узун йўлакларидан ўтиб, атрофи баланд оқ мармар устунлар билан ўралган бир қасрга борилган. Амир Темур боғ ўзи ўйлаганидек чиққанлигини кўргач, унга Боғи «Дилкушо», яъни «Дилга қувонч бахш этувчи» боғи дея ном беради. Амир Темур Кеш йўли устидаги ҳайбатли қоя устига ҳам ажойиб бир сарой қурдирди. Деворлари мармар ва оқ кошин билан қопланган. Бу саройни зилол булоқлардан сув ичган ям-яшил боғ ўраб турган. Темур бу боққа «Тахти қорача» деб ном қўйди. Соҳибқирон Амир Темур даврида ҳаммаси бўлиб Самарқанд атрофида 12 та гўзал ва бетакрор боғлар барпо этилган. Булар: боғи Нақши Жахон, боғи Беҳишт, боғи Шамол, боғи Давлатобод, боғи Булду, Боғи Майдон, боғи Баланд, боғи Чинор, боғи Жахон Намо, боғи Нау бўлиб, улар учун жой танлашда жойнинг баҳоволигига, баланд-пастлигига, сув манбаининг озкўплигига ва табиатнинг бошқа хусусиятларига алоҳида эътибор берилган. У.Олимовнинг айтишича, Соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқанд боғлари икки хил кўринишда қурилган. 1. Геометрик шаклда тартиб берилган чорбоғлар. Бу кўринишдаги боғлар тўртбурчак шаклида қурилиб майдони 1х1 км.ни ташкил этган. 2. Табиат хушманзаралари асосида ташкил топган боғлар табиий манзарага баъзи бир тузатишлар киритган ҳолда барпо қилинган. Бу боғлар майдони тартибли боғларникига нисбатан кенгроқ бўлган. Зарафшон дарёси, Дарғом, Аббос, Қораунас каналлари ва Обираҳмат, Боғи Шамол, Боғи Баланд ариқлари боғларни сув билан таъминлаган. Ариқлардан ташқари боғларнинг турли қисмларидан ўрин олган ҳовузлар (25х25:32х64 м.) фавворалар (4х4:5х5 м.), шунингдек боғ ўртасида жойлашган саройларни ўраб турган сув ҳавзалари (Хандақлар кенглиги – 20-25 м.) боғларга файз киритиш билан биргаликда ҳавосини мусаффолаштирган, микроиқлим яратган. Боғларнинг турли хилдаги мевали, манзарали дарахтларсиз, кўкатларсиз, гулларсиз, тасаввур қилиш жуда қийин. Уларнинг соясида сайр қилиб юрган оҳулар, товуслар ва сув хавзаларида сузиб юрган ўрдаклар, ғозлар, балиқлар боғ кўркини янада жозибалаштирган. Боғларнинг турли қисмларига жойлаштирилган чодирлар, шийпончалар ва уларни боғловчи йўлкалар бўлган. Самарқандда масжид, мадраса ва мақбаралар билан бир қаторда кўприк ва ҳаммомлар қурилган, шаҳар ташқарисида эса қўриқхона ва боғ-роғлар барпо этилган. 1403–1404 йилларда Самарқандда бўлган Испания элчиси Руи Гонзалес де Клавихо Амир Темур фармони билан олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кузатиб ҳайратда қолган эди. Бу кўҳна дунё тарихида қатор жаҳонгирлар ҳукмронлик қилиб ўтган. Уларнинг аксарияти ўзидан фақат култепага айланган вайроналарнигина қолдирган. Улардан фарқли ўлароқ, Амир Темур умр бўйи бунёдкорлик билан машғул бўлган. Унинг “Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим”, деган сўзлари бунинг ёрқин исботидир. Клавихо ўз асарининг “Самарқанднинг бойлиги” қисмида шундай ёзади: “Бу юрт дон-дун, мева-чева, парранда гўшти, бошқа ҳар хил гўшт, қўйингки ҳамма нарсага бой мамлакатдир. Қўйлари катта, сердумба, жуда йирик бўлади. Думбаси одам қўлида зўрға кўтарадиган даражада оғир – ярим пуд, яъни думбаси 8-10 кило келадиган қўйлар бор. Сердумбали қўйлар шу қадар кўп ва арзон эдики, подшоҳ лашкари Самарқандга йиғилиб келган кезларда бундай қўйлардан бир жуфтининг нархи 1 дукат турарди. Бошқа моллар ҳам шу қадар арзон, бир ярим фанега арпанинг баҳоси чамаси ярим реал эди. Нонни сув текин деса бўлади, гуруч эса ҳаммаёқни босиб кетган эди. ... Самарқанд ва унинг атрофидаги ерлар ҳайратомуз даражада мўл-кўл ва бой эди. Мана шундай бойлиги туфайли шаҳар Самарқанд, деб аталади. Унинг ҳақиқий номи Семизкент, яъни бой қишлоқ, демакдир. Самарқанд ана шу номдан келиб чиққан”8. Амир Темур мамлакатни бошқарган даврда Мовароуннаҳрнинг деҳқончилик воҳаларида, хусусан, Зарафшон водийсида қатор суғориш тармоқлари қазилиб, суғорма деҳқончилик майдонлари кенгайтирилди. Янги-янги қишлоқлар барпо этилди. Соҳибқирон давлат пойтахти Самарқанд атрофида қад кўтарган бир қанча қишлоқларни Шарқнинг машҳур шаҳарлари Димишқ (Дамашқ), Миср (Қоҳира), Бағдод, Султония ва Шероз номлари билан атади. Зеро Самарқанд ўзининг катта ва янги шаҳар эканлиги, беқиёс гўзаллиги ҳамда теварак-атрофининг обод этилганлиги жиҳатидан жаҳондаги энг йирик шаҳарлардан ҳам устунроқ турмоғи лозим эди. Соҳибқирон Амир Темур эса айнан Самарқанд атрофига шундай номдаги гўзал қишлоқларни барпо этди ва уларга нисбатан Самарқанднинг тутган мавқеини таъкидлади. Унинг фикрича, Самарқанд катталиги, гўзаллиги ҳамда теварак атрофининг обод этилганлиги жиҳатидан дунёдаги энг йирик шаҳарлардан ҳам устунроқ турмоғи лозим эди. Соҳибқирон Амир Темур даврида олиб борилган бунёдкорлик ишларининг деярли барчасида илмий лойиҳа, меъморий-бадиий ечим, нур ва соя услубларии юксак даражада ишлаб чиқилган ва бу қурилишлар аниқ режалар асосида олиб борилган. Ҳ. Вамбери ҳатто Амир Темур тарафидан қурилган бу иморатларнинг юз йиллардан кейинги харобалари ҳам дунёнинг энг гўзал иншоотларидан устунлигини қайд этиб, бундан кейинги юз йилликларда мусулмон дунёсида бунёд этилган йирик қурилишларда Амир Темур салтанати меъморчилиги мактабидан андоза олгани, унга тақлид этилгани ҳақида ёзиб қолдирган. Соҳибқирон Амир Темурнинг Конигил майдонида чодирлардан катта кўчма шаҳар қургани унинг меъморчилик санъатининг муҳим чўққиларидан бири ҳисобланади.Бу кўчма шаҳар «Юксак тартиб-интизом ва фидойилик билан ишланган. Амир Темур ўрдуси йигирма минг чодирдан иборат ҳақиқий бир шаҳар тиклади. Бу шаҳарнинг ўз уйлари, кўчалари, майдонлари ва бозорлари бор эди. Шаҳарнинг қоқ марказидан Соҳибқироннинг чодири жой олди. Испан элчиси Клавихони, айниқса, ўрду ёрдамчи қисмларининг ташкил этилиши қаттиқ хайратга солади. Клавихо ўз “Кундаликлари”да бир-биридан гўзал чодирларни таърифлаб, улардан бирининг сирти олмахон мўйнасидан, ичкариси оқ мўйна билан безатилгани, яна бошқа чодирнинг сувсар мўйнаси билан қоплангани ва чодир ичкарисидагилар ойнадан ташқарини кўра олишлари, ташқаридагилар эса ичкаридагиларни кўра олмаслиги, махсус мослама билан қурилган эшиклар чодир ичига ёқимли елвизак бериб туриши, чодирлардан ташқарига чиқмай махсус матолардан қурилган йўлаклардан бошқа чодирларга ўтиши мумкинлигини алоҳида таъкидлаган. Ибн Арабшоҳ чодирлар ва ўраб турган сарой (матодан ишланган тўсиқ)ни шундай таърифлади: «Темур амр қилди, унинг суродиқаларини бу яшнаган жаҳон маркази қилиб қўйдиларки, гўё у ушбу айланаётган фалаклар доирасининг (марказий) нуқтаси бўлди. Бу қурилган чодирлар ва ўтовлар устидаги атрофи ўралиб ўрнатилган бир кўтарма эди. Унда катта дарвоза бўлиб, у орқали ичидаги мавжуд жой ва манзилларга кенг дахлиз бўйлаб кириларди. Дарвозанинг иккита баланд шоҳи бўлиб, одамлар уларга бошларини эгар ва (уларни) мушоҳида қилган пайтда кишилар эсдан жудо бўларди. Шу икки шоҳ (борлиги) сабабидан бу (жой) «Зулқарнайн» («икки шоҳли») деб лақабланарди. Бу даргоҳнинг ичкарисига Темур учун бир қанча чодир, хайма ва ўтовлар тикдилар. Шулар жумласидан бир чодир бор эдики, унинг юқорию қуйисига олтин билан зарҳал берилиб, ичию сирти нафис патлар билан безатилган эди. Чодирлардан яна бири батамом харирдан тикилиб, турли-туман нақшлар, хилма-хил алвонли бўёқлар билан безалиб тўқилган, яна бошқа бирига бошидан охиригача йирик марваридлар қадалганки, уларнинг ҳар бир донасининг қийматини барча асрорлар билимдони (тангри)дан бошқа ҳеч ким билмайди; яна бири тилло бўлаклари устида турли-туман жавоҳирлар билан шундай безатилганки, у одамзод кўзини ўйнатиб, ақлини даҳшатга солади. Уларнинг ораларида нақшли равоқлар, зарҳал берилган чодирлар даҳлизлари ва йўлаклари, кишини ҳайратга соладиган иншоатлар бор эди. Улар орасида ором олиш учун елпиғичлар берадиган (канопдан ясалган) елпиғичлар, фойдали (нарсалар) ва заруратлар, очилиб қулфланадиган нарсалар бор эди». Соҳибқирон Амир Темур Боязид Елдиримни енггач унинг хазинасидан бир саропарда олиб келган эди. Ушбу ситора хилма-хил нақшлар билан нақшланган бўлиб, наботот, иморатлар ва аршлар, турли-туман хашоратлар, қушлар, вахший ҳайвонлар, кекса ва ёш кишилар, аёллар, болалар расмлари, китобот нақшлари, мамлакатлар ажойиботлари, мусиқа асбоблари ва ҳайвонлар ғаройиботлари суратлари алвонли бўёқлар билан безатилгани бўлиб, улар бекаму кўстлик ва етукликда ўта камолга молик эди. Улар шундай маҳорат билан ишланганки, гўёки суратлари ҳаракатга тушиб, сен билан суҳбат қураётгандек ва қуйи эгилиб турган мевалар эса ўзини теришга сени чорлаётгандек туюлади. Бу ситора дунё ажойиботларидан бири бўлиб, у ҳақда (бошқалардан) эшитиш кўз билан кўргандек эмасдир. Чодирлардан иборат бу шаҳарчанинг ички дизайни ҳам шоҳона ва санъаткорона тузилган. Чодирдан бирининг ички тузилиши манбаларда шундай таърифланади, «Баландлиги одам кўкраги келадиган марварид дурлар билан безатилган тилла сандиқ. Бу сандиқда қулоқли тилла пиёлалар мавжуд. Сандиқнинг бир кичик эшиги бўлиб, ичига қулоқли олтита пиёлалар қўйилган. Сандиқ тепасида олтита олтин кўза, олтита олтин пиёла, сандиқ ёнида баландлиги бир қарич келадиган олтин пиёла, унга икки қарич зумрад ўрнатилган. Хонтахта қаршисида эман дарахти шаклида ясалган, одам оёғи йўғонлигида ясалган олтин дарахт, баландлиги одам бўйи, мевалари сарғиш, қизил, зангори ёқутлар, зумрадлар, ферузалар, ниҳоятда санъаткорона қўйилган. Дарахтда гўё мева емоқчидай, ёхуд учиб кетмоқчидай, мева еяётгандай марваридларни тумшуғида ушлаб турарди». У хонадаги хайратомуз хонтахталар, кўрпачалар ва бошқаларни ҳам санаб ўтган. Темурийлар даври санъатининг ёрқин тимсоли бўлмиш ушбу чодир шаҳарда хатто кўчма масжид ҳам ўрнатилган. У икки қават бўлиб, гир айланаси ёғоч йўлаклар ва айвонлардан иборат. Масжид бошдан оёқ тилла ва ложувард рангли нақшлар билан безатилган бўлиб, уни исталган пайтда бузиш ва йиғиш мумкин эди. Ибн Арабшоҳнинг айтишича, бу афсонавий чодир шаҳарчада ҳунармандлар ўзларининг шоҳ асарларини намойиш қилганлар. “Бир қамиш тўқувчи ҳунарманд (қамишдан) мукаммал қурол-яроғли бир отлиқни ясаб чиқарди ва унинг суратини камолига етказиб, хатто тирноқларию киприкларини ҳам ясади. Унга (отлиққа) зарур бўлган қурол-яроғлардан ёй, қилич ва бошқа тааллуқли нарсаларнинг ҳаммасини дақиқ усулда камолига етказиб ясади. Ушбу анжомларнинг барчаси қамишдан эди. Пахта тикувчилар пахтадан тиклиги ярашган, баланд, пишиқ ишланган, гўзал суратли нафис ва чиройли бир мезана ясадиларки, у ўз жисмининг оқлиги жаннат ҳуридан кўра ҳам юқори ва бўйининг баркамоллиги баланд қасрлардан ҳам баланд эди”. Самарқанд Амир Темурнинг саъйи ҳаракатлари туфайли мукаммал кўринишга эга бўлиб, сиёсий марказларга қўйиладиган барча талабларга тўлиқ жавоб берган. У ўз даврида дунёнинг энг гўзал шаҳри ва сиёсий маркази сифатида донг таратган. Бу даврда пойтахт Самарқандда савдо ва ҳунармандчилик ғоятда ривожланади. Янги бозорлар, савдо расталари барпо этилади. Шаҳар билан деҳқончилик воҳалари, чорвадор кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳоли ўртасида айирбошлаш, савдо алоқалари кенгаяди. Мамлакатнинг ички ва ташқи савдоси кенгайиб, тараққий этишида Самарқанд катта ўрин тутарди. Клавихонинг таърифлашича9, Самарқанд бозорида буғдой ва гуруч мўл ва арзон бўлган. Унда ҳунармандчилик маҳсулотлари: атлас кимхоб, ип ва жун тўқима моллари, мўйнали ва ипакли пўстинликлар, атторлик маҳсулотлари, зиравор ва дориворлар, зарҳал ва ложувардлар ва бошқа моллар сотилган. Пойтахтга чет эл мамлакатларидан, хусусан, Хуросондан маъданлар, Ҳинд ва Синддан ёқут ва олмос, Хитойдан атлас, яшим (яшма) тоши, мушк ва бошқа моллар, ўзга ерлардан олтин ва кумуш олиб келинган. Клавихо Самарқандга Хитой пойтахти Хонбалиқ (Пекин)дан 800 туялик савдо карвони келганини ўз кундалигида қайд этган. Амир Темур ҳукмронлиги даврида Самарқанд, алоҳида мақомига кўра, давлат ичидаги давлатга ўхшар эди. Алоҳида муҳтасиблар бозорлардаги тартиб-қоидани, тозаликни, тарози тошларининг тўғрилигини, нарх-навони назорат қилиб борган. Яна бир гуруҳ муҳтасиблар эса шариат қонунлари бажарилишини ва вақф ишларини кузатиб борган. Шу боис испан элчиси Клавихо қуйидагиларни ёзган: «Самарқандда қонунга қаттиқ риоя килинади, жаноб (Амир Темур)нинг рухсатисиз бир киши иккинчи кишини хафа этиши ёки бировга нисбатан зўравонлик қилиши мумкин эмас». Шунингдек, давлат раҳбарининг рухсатисиз бозорда нарх-навони кўтарган савдогарлар ҳам жазоланган. Клавихо шундай келтирилади: “.... Бундан ташқари, ўзи йўқлигида гўштнинг нархини ошириб сотган бир қанча қассобларни ҳам жазолашни буюрди. Шунингдек, молларга ортиқча нарх қўйиб сотишда айланган кафшдўз, этикдўз ва бошқа бир қанча ҳунармандларнинг маблағларининг бир қисмини мусодара қилишни буюрди”10. Бу даврда Амир Темур ва унинг маҳаллий ноиблари Хитой ва Ҳиндистондан Ўрта Осиё орқали Яқин Шарқ ва Европа мамлакатларига томон йўналган халқаро карвон йўли – Буюк ипак йўли ва унинг тармоқларини қатъий назорат остига олади. Савдо карвонлари қатновининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларга қулайликлар яратиб бериш мақсадида жиддий чоратадбирлар кўрилади. Шаҳарларда карвонсарой, ипак йўли бўйлаб работлар, қалъалар ва кўприклар қурилади. Натижада Шарқ билан Ғарб мамлакатлари ўртасида савдо-сотиқ ва элчилик алоқалари кенгаяди. Амир Темур ҳукмронлиги даврида Самарқандда кумуш ва бронзадан «мирий», «танга», шунингдек, «нимтанга» ва «тангача» зарб қилинган. Амир Темур томонидан олтин тангалар фақат Хоразмда зарб этилган. Самарқанд ва бошқа зарбхоналарда «фулус» ёки «фулус танга» деб номланган мис тангалар зарб қилинган. Темур давлатида мавжуд 40дан ортиқ зарбхоналарда зарб қилинган тангалар ўзининг турли хусусиятлари билан фарқланган. Тангаларнинг юз қисмида асосан Амир Темур давридаги расмий хонлар Суюрғатмиш ва Маҳмуд Султонларнинг исмлари битилган. Танганинг орқа томонидан давлат муҳри туширилган. Ушбу танга зарби анъанаси Амир Темурнинг ўғли Шоҳрух ва Мирзо Улуғбек томонидан давом эттирилди. Масалан, Мирзо Улуғбек томонидан 1449 йилда Самарқандда Амир Темур тангаларига ўхшаш тангалар зарб қилдирган. Улуғбек тангаларида ҳам бобоси ва отаси даври тангаларидек тамға туширилган. Темурийлар даври тангалари ўзининг қадри ва сифати билан анчайин баланд бўлиб, бу иқтисодиётни барқарорлашда муҳим омил бўлди. Шуни ҳисобга олган Шайбонийлар ҳам ўз ҳукмронликларининг дастлабки даврида Шоҳрух тангаларидан ички бозорда кенг фойдаланишган11. Амир Темур ҳукмронлиги даври (1370-1405) ва темурийзодалар Шоҳрух ибн Темур (1409-1447), Улуғбек ибн Шоҳрух (1447-1449), Абу Саид ибн Султон Муҳаммад (1457-1469)лар даврида иқтисодий муносабатларни барқарорлаштиришга, пойтахтда фаровонликни таъминлашга кучли эътибор берилди. Улуғбек отаси Шоҳруҳнинг кўмаги билан аввал (1413) Хоразмни, сўнгра (1415) Фарғона ва Қашғарни ўз тасарруфига олиб, давлатининг ғарбий ва шарқий чегаралари хавфсизлигини таъминлаган. Улуғбек Мовароуннаҳрни идора этиш, ташқи ва ички сиёсатга алоқадор ҳар қандай масалани ҳал этишда отаси билан маслаҳатлашиб ва келишиб, унинг рози-ризолиги билан ҳал этарди12. Шоҳруҳ 1447 йил 12 март куни невараси Султон Муҳаммад исёнини бостириш вақтида Рай вилоятида оламдан ўтади. Шоҳрух вафотидан сўнг Хуросон ва Мовароуннаҳрда темурий шаҳзодалар ўртасидаги низолар яна авж олади. Бу кураш оқибатида замонасининг машҳур олими ва ҳукмдори Мирзо Улуғбек 1449 йил 27 октябрда 55 ёшида Самарқанд яқинида фожиали суратда ҳалок бўлади. Улуғбек Мовароуннаҳрни 40 йил (1409-49) идора этган эди. Улуғбек фожиасидан сўнг тахтга чиққан Абдуллатиф ўлдирилгач, Самарқандда Улуғбекнинг куёви Абдуллоҳ Мирзо, Бухорода эса Мироншоҳнинг набираси Султон Абу Саидлар подшоҳ қилиб кўтарилади. Абдуллоҳ Мирзо мамлакат барқарорлигини тиклаш учун барча чораларни кўради, аммо Темурийлар тахтида узоқ вақт ўтира олмайди. Аввал у амакиваччаси Абу Саид билан курашади. Ўзаро жангларнинг бирида Абдуллоҳ Мирзо ҳалок бўлади. Абу Саид Абулхайрон ёрдамида Самарқандни эгаллаб, Мовароуннаҳрга ҳоким бўлиб қолади. Хуллас, Амир Темур томонидан барпо этилган салтанат унинг неваралари Халил Султон (1405-1409); Улуғбек (1409-1449); Абдуллатиф (1449-1450); Абдулло Мирзо (1450-1451); Абу Саид ибн Султон Муҳаммад (1451-1469); Султон Аҳмад Мирзо ибн Абу Саид (1494-1495); Бойсунғур Мирзо (1495-1497); Султон Али Мирзо ибн Султон Маҳмуд (1498-1500)лар даврида ўз давлатларининг пойтахтини Самарқандда қолдиришган13 ва шаҳарнинг ободлиги ҳамда фаровонлигига эътибор қаратишган. Темурий ҳукмдорлар ва шаҳзодалар адабиёт ва санъатга, илм-фанга яқин кишилар эди. Улардан 22 таси шоир бўлиб, улар ўзлари шеър ёзиш билан бирга ижодкорларга ҳомийлик ҳам қилган. Ҳалил Султон, Ҳусайн Бойқаро девон ҳам тузганлар. Download 184 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling