Амир темур ва темурийлар даврида самарқанд амир Темур ва темурийлар давлати пойтахти


Амир Темур ва темурийлар даврида Самарқандда илм-фан ва маданият


Download 184 Kb.
bet2/4
Sana10.11.2023
Hajmi184 Kb.
#1762089
1   2   3   4
Bog'liq
2-seminar mavzu

2.Амир Темур ва темурийлар даврида Самарқандда илм-фан ва маданият
Темурийлар даврида уларнинг давлати ҳудуди шимолда Или дарёси ва Хоразм (Орол) денгизидан жанубда Форс қўлтиғига қадар, шарқда Хитой ва Ҳиндистондан ғарбда Трабзун (Қора денгиз)га қадар улкан майдонни қамраган. Давлат тузилиши, қонун ва қоидалари жиҳатидан улар мусулмон Шарқида ўрта асрларда ҳукм сурган давлатлардан катта фарқ қилмаса-да, аммо унинг бошқарув тизими Турон, Туркистон, Мовароуннаҳр давлатчилигининг асрий анъаналари, салтанатга кирган мамлакатлар билан маданий алоқалар асосида янги тартиб ва қоидалар билан такомиллаштирилган14.
Ибн Арабшоҳ, Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий ва бошқа олимлар қайд этишича, Миср, Шом, Рўм, Озарбойжон, Эрон, Хоразм, Ҳиндистон ва кўплаб бошқа юртлардан минглаб ҳунармандлар кўчириб келтирилган ва ҳаммаси иш билан таъминланган. “Шоҳ, - деб ёзади Клавихо, турли томондан Самарқандга келтирилган ҳар хил тоифадаги эркак ва аёлларнинг ҳаммаси, айтишларича, бир юз эллик мингдан ошиқ бўлган. Булар орасида турк, араб ва бошқа элатлар, арман христианлари, юнон католиклари, насронийлар, якобитлар ва юзи билан ўтга топинувчи ўзига хос масҳабга эга бўлган кишилар ҳам бор эди. Олиб келинган халойиқ ҳайратланарли даражада кўп эдики, шаҳарга, кўча ва майдонларга, қишлоқларга, ҳатто шаҳар ташқарисидаги дарахтлар остига, ғорларга ҳам одам сиғмай кетган эди. Амир Темур уларни бир – биридан ажратмасдан, қавми ва оиласи билан бирга жамоа-жамоа жойлаштирган, зарур шарт-шароит яратиб берган, чунки янги жойда ўз ҳунарларини йўлга қўйишлари, маҳорат ва билимларини намоён қилишлари учун улар ётсирамаслиги, маҳкам ўрнашиб олишлари керак эди15. Самарқанд атрофида Дамашқ, Миср, Бағдод, Султония, Шероз номли қишлоқларнинг пайдо бўлишини шу билан изоҳлаш мумкин. XIV аср охирларидаёқ қурилишда бирга ишлаган маҳаллий ва кўчиб келтирилган меъморлар, усталар ўртасида ўзаро таъсир ва ўзига хос ижодий амалий бирдамлик юзага келган. Мусиқа, рақс, томоша санъатларида бундай бирдамлик ва уйғунлик бирмунча кечроқ пайдо бўлган. XV аср бошларидаёқ умумий бадиий мактаблар шаклланган. Натижада меъморчилик, наққошлик, ўймакорлик, мусаввирлик, мусиқа, рақс, томоша санъатларида ҳам кескин юксалишлар юз берди. Буни аксарият олимлар «Уйғониш даври», «Темурийлар ренессанси» деб атайдилар.
Амир Темур юксак маданият ва маънавият ҳомийси бўлгани учун бепоён давлати ҳудудларидан олимлар, шоирлар, мусаввирлар, мусиқачилар, меъморлар, иқтидорли уста, ҳунармандларни Самарқандга чорлайди. Уларга ғамхўрлик қилади. Амир Темурнинг ўзи, хотинлари, ўғил ва набиралари Самарқандда муҳташам мадрасалар, ҳонақоҳлар, боғлар бунёд қилади. Ана шундай қулай шароит туфайли Самарқанд XIV-XV асрларда Шарқнинг улкан илм-маданият марказига айланади.
Темурийлар давлатининг қудрати айниқса меъморчиликда намоён бўлди. Бу даврда Мовароуннаҳр шаҳарлари қурилишида мудофаа деворлари, шоҳ кўчаларни тартибга солиш, меъморий мажмуаларни қуриш авж олган. Илк ўрта асрлардаги шаҳарнинг асосий қисми бўлган «шаҳристон»дан бирмунча фарқ қилувчи «ҳисор» қурилишини Самарқанд ва Шаҳрисабзда кузатиш мумкин. Салтанат пойтахти Самарқандни безатишга Амир Темур алоҳида эътибор берди. Унинг фармони билан ҳисор, қалъа, улуғвор иншоотлар ва тиллакор саройлар бунёд этилган. Амур Темур даврида Самарқанд Афросиёбдан жанубда, мўғуллар давридаги ички ва ташқи шаҳар ўрнида қурила бошлади ҳамда бу майдон қалъа девори ва хандақ билан ўралиб (1371 й), ҳисор деб аталди. Ҳисор 500 гектар бўлиб, девор билан ўралган.
Шаҳар маҳаллалардан иборат бўлиб, бир қанчаси гузарларга бирлашган. Шаҳарда меъморий мажмуалар шаклланиши Темурийлар даврининг энг катта ютуғи бўлди. Меъморчилик тараққиётнинг янги босқичига кўтарилди. Темурийлар давригача ва ундан кейин ҳам Мовароуннаҳр ҳамда Хуросон меъморчилигида безак ва нақш бу қадар юксалмаган эди. Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даври меъморчилигида безакда кўп ранглилик ва нақшлар хилма-хиллиги кузатилади. Эпиграфик битикларни ҳаттотлик санъатини мукаммал эгаллаган усталар бинонинг махсус жойларига олти хил ёзувда ёзганлар.
Кошин қопламаларда тасвирий мавзулар кам учрайди. Бу даврдаги бино ичининг безаги ҳам хилма-хил бўлган. Девор ва шифт, ҳатто гумбаз ҳам нақш билан зийнатланган. Амир Темур даврида қурилган биноларда кўк ва зарҳал ранглар устун бўлиб, дабдабали нақшлар ишланган. Мирзо Улуғбек даврида, Хитой чиннисига ўхшаш оқ заминдаги кўк нақшлар кўп учрайди.
Бу даврда масжид, мақбаралар кўплаб қурилди. Амир Темур Ҳиндистон юришидан сўнг (1399 й.), Самарқандда жомеъ масжидини қурдирди. Унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси ва мақбара бунёд эттиради. Амир Темур даврида Сароймулкхоним (Бибихоним) мадрасаси ва Амир Темур мажмуасидаги мадраса қурилган.
XV асрда мадраса меъморчилиги ўзининг узил-кесил шаклланган қиёфасига эга бўлди. Мадраса қурилиши ягона тизим бўйича режалаштирилса ҳам, асосий шакллари, уларнинг ўзаро нисбатлари ва безакларига кўра ҳар бири ўз қиёфасига эга эди. Темурийларнинг икки санъат дурдонаси - Самарқанддаги Улуғбек ва Ҳиротдаги Гавҳаршодбегим мадрасалари ягона тизим режаси бўйича қурилганига қарамай, бир-биридан фарқ қилади.
Темурийлар даврида яратилган мақбара, дин арбоби ва руҳонийлар қабрини ўз ичига олувчи панжара-хазира, авлиёлар қадамжолари, даҳмалар алоҳида гуруҳни ташкил қилади. Самарқандда Амир Темур даврида шайх Бурхониддин Соғаржий хилхонаси - Руҳобод мақбараси ва темурийлар хилхонаси - Амир Темур мақбараси, шунингдек, Шоҳизинда мажмуасида пештоқли мақбаралари гуруҳи қурилади.
Мирзо Улуғбек даврида ижодий изланишлар самараси даҳмаларнинг меъморий кўринишига ҳам таъсир ўтказади. Шоҳизинда мажмуасида саккиз қиррали мақбара ва ҳозиргача Қозизода Румий мақбараси деб келинаётган («Султоннинг онаси» учун қурилган, кимлиги номаълум) мақбара қурилади. Қурилиш миқёси ва безаклар бўйича Самарқанддаги обидалар бошқа шаҳарлардан устунлик қилади.
Ободончилик, суғорма деҳқончиликнинг ривожланиши иқтисодий ҳаётда муҳим соҳа - ҳунармандчилик, савдо ва товар-пул муносабатларининг тараққиётига ижобий таъсир кўрсатди. Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даврида тоғ-кон ишлари йўлга қўйилиб, турли маъданлар қазиб олиниши туфайли ҳунармандчилик юксак даражада ривожланди. Ҳунармандчиликка катта эътибор туфайли шаҳарларда махсус гиламдўзлар, сандиқчилар, шишасозлар, эгарчилар, заргарлар маҳаллалари кўпайди, янги бозор расталари, тим ва тоқлар қурилди. Тўқимачилик, кулолчилик, чилангарлик, темирчилик ва бинокорлик, меъморчилик соҳалари асосий ўрин тутди. Самарқандда янги ҳунармандчилик маҳаллалари вужудга келиб, маданият марказларига айланди. Ип, жун, каноп толасидан газмоллар тўқилган. Ипакдан шойи газламалар - атлас, кимхоб, банорас, духоба, ҳоро, дебо каби газмоллар тўқилган бўлиб, улар маҳаллий ва хорижий савдогарлар томонидан ҳарид қилинар эди.
Амир Темур ва темурийлар ҳукмронлиги даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда таълимга эътибор, илм-фанга ҳомийлик давлат сиёсатига айланди. Барча шаҳарларда олий таълим даргоҳлари мадрасалар барпо этилиб, ўз даврининг етук олиму уламолари толиби илмларга дарс беришга жалб этилди. Темурийлар даври ренессанси ривожи бевосита Амир Темур асос солган улкан салтанатда адолатли бошқарув тизими барпо этилганлиги катта ўрин тутган. Қудратли салтанат ва маърифатли жамият барпо этишда қадим туркий давлатчилик анъаналари ва исломий шариатга таяниб иш тутган Амир Темур. ҳар қандай тараққиётнинг асоси сифатли таълим тизими эканлигини чуқур англаган эди.
Соҳибқироннинг салтанат маъмурлари олдига «Катта кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсинлар»; «Мударрислар ва шайхларга кундалик маошларини белгиласинлар»; «Сайидлар, уламо, машойих, фузало, улуғларни азиз тутсинлар», деган вазифани қўйганлиги «Темур тузуклари»да ҳам акс этган. Соҳибқироннинг бу топшириғи табиийки бутун салтанат доирасида ижро этилган.
Амир Темур буйруғи билан мадрасаларда диний илмлар (тафсир, ҳадисшунослик, фиқҳ ва бошқалар) билан бир қаторда дунёвий илмлар (ҳандаса, алжабр\алгебра, риёзат\математика, мантиқ, астрономия\илми нужум, адабиёт, тарих, хаттотлик ва бошқалар) ўқитилиши кенг йўлга қўйилди. Шаҳарлардаги ҳар бир мадрасага вақф ер мулклар ажратилиб, улардан келадиган даромадлар мадрасалар мударрислари ва хизматчилари маоши, кутубхона таъминоти, таъмирлаш ва бошқа ишлар учун етарли бўлган. Амир Темурнинг буйруғи билан Самарқандда ўз даврида ягона бўлган кутубхона барпо этилган бўлиб, Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида (1409-1449) бу кутубхона фонди янада бойитилган ва мамлакатнинг ҳақиқий илм маърифат марказига айланган эди.
Амир Темур ва темурийларнинг турли тадбирлари олиму фузалолар, дин пешволари даврасида ўтган. Масалан, шахсан Амир Темур олдида катта обрўга эга мантиқ, калом, ҳадис илмининг донишманди Масъуд ибн Умар Тафтазоний (1322-1390) Соҳибқирон сафарларида доимо ҳамроҳлик қилган.
Амир Темур даврида Самарқандда Абдужаббор Хоразмий, Шамсиддин Мунший, Нуъмониддин Хоразмий, Хўжа Афзал, Алоуддин Коший, Жалол Ҳирий, Хўжа Муҳаммад Зоҳид каби машҳур олимлар яшаб ижод қилган. Бу даврда Самарқанд Абдумалик Самарқандий, Исмат Бухорий, Бисотий, Лутфулло Нишопурий сингари шоирлари билан шеърият оламида донг таратган. Агарда Амир Темур давригача Самарқандда форс тилли назм ривожланган бўлса, Соҳибқирон ва унинг ворислари даврига келиб туркий тилдаги шеърият ҳам юксак чўққига кўтарилган. Чунончи, Тўғли Хўжа, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Сайфи Саройи, Ҳайдар Хоразмий, каби шоирлар туркий шеъриятни ривожига улкан ҳисса қўшганлар. Шунингдек, темурийлар даврида Самарқанддаги илму фан ривожига ўзбек адабиёти ва шеърияти асосчиси Алишер Навоий (1466-1468 йилларда Самарқандда яшаган), Қозизода Румийнинг шогирди Абдураҳмон Жомий, тилшунос олим “Рисола фи-л-истиора” асаранинг муаллифи Абулқосим ибн Абу Бакр Лайсий Самарқандий (XV аср), темурийлар даврида (1490-йиллар) Самарқандда яшаган, “Шайбонийнома” асарининг муаллифи Муҳаммад Солиҳ (1455-1535)лар ҳам муносиб ҳисса қўшишган.
Айниқса, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг бу борада беназир ўрни бор. Абдураҳмон Жомий кўп марта Самарқанд бўлган. Улуғбек мадрасасида таҳсил кўрган, Хожа Аҳрор Вали каби улуғлар билан ҳамсуҳбат бўлган. Унинг Самарқанддаги ҳаёти ҳақида «Мирзо Ҳамдам» достони яратилган16. 1465-1469 йиллар орасида Самарқандда бўлган Алишер Навоий машҳур фақиҳ Фазлуллоҳ Абу Лайсий мадрасасида ўқиган, уни ўзига устоз деб билган. Алишер Навоий Самарқандда Аҳмад Ҳожибек Вафоий, Мирзобек Самаркандий, Аълои Шоший, Юсуф Андижоний, Риёзий Самарқандийлар билан ижодий алоқада бўлиб асарлар яратган.
Темурийлар даврида миниатюра санъати ҳам тез ривожланди. Бу санъат тури қўлёзмаларни бадиий безаш ишлари билан уйғун ҳолда камол топиб борган. Самарқанд миллий миниатюра санъати ривожида мусаввир Абдулҳайнинг хизматлари катта бўлган. Абдулҳай 1396 йилдан бошлаб Самарқандда яшаган ва кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Унинг шогирдларидан Пир Аҳмад Боғишамолийнинг номи бизга яхши маълум. У Амир Темур барпо эттирган Боғишамол боғидаги кўшкни безашда иштирок этган ва боғнинг номини ўзига тахаллус қилиб олган17. Амир Темур даврида яратилган ноёб миниатюралар бугун Истанбул, Париж, Лондон, Вашингтон, Санкт-Петербург каби шаҳарларнинг музей ҳамда кутубхоналарида сақланмоқда.
Амир Темур ва темурийлар даврида турли диний ва дунёвий илмлар билан биргаликда хаттотлик санъати ҳам ўз тараққиётининг юқори чўққисига чиқди. Бу даврда Муҳаммад ибн Ҳусайн Мирақий Самарқандий (1404 йилда вафот этган) “Ихтиёроти бадиий” асарини шайбоний Абдулатифга бағишлаб кўчирган, Азизуллоҳ Самарқандий (XV аср) Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” китобини жадваллари билан бирга насҳ хатида кўчирган18.
Амир Темур ва темурийлар даврида Самарқанд кулолчилигида бадиий сополчилик алоҳида ажралиб турган. Ранг-баранг безаклар, буёқлар билан безатилган идиш-товоқлар кундалик рўзғор идишларидан кўра кўпроқ санъат намуналарига яқин турган.
Металлга бадиий ишлов бериш санъати Амир Темур давлатида, айниқса, пойтахт Самарқандда жуда ривожлангани тарихий манбаларда ва кейинги даврларда олиб борилган илмий тадқиқотларда қайд қилинган. Моҳир усталар олтин, кумуш, мис ва бронзадан ҳар хил идиш-товоқлар, шамдонлар, қурол-яроғлар ясаган. Қимматбахо металлардан ишланган идиш-товоқлар, қадаҳ, кўза ва офтобалар Амир Темур уюштирган сайил, базм, тўйларда ҳамда элчиларни қабул қилиш маросимларида ишлатилган. Ўша даврда ясалган қандиллар жуда ҳашаматли, қимматбаҳо бўлганини тарихчи Ибн Арабшоҳ ёзиб қолдирган.
Регистон майдонида олиб борилган археологик тадқиқотлар пайти топилган 60 дан зиёд металл буюм XIV-XV асрлардаги Самарқанд чилангарлик мактаби юксак чўққиларга кўтарилганини яққол исботлайди. Бу ерда топилган бронза ва мисдан ясалган кўзалар, офтобалар, лаганлар, косалар, шамдонлар, эшик дасталарнинг сиртига нозик кумуш иплардан ажойиб нақшлар солганки, улар жилоси билан кишини ҳайратга солади.
Амир Темур даврида Самарқандда заргарлик, шишасозлик, сангтарошлик, темирчилик ҳам яхши ривож топган. Уларнинг айрим намуналари дунёнинг турли музейларида сақланмоқда.
Самарқанд қуролсозлик марказига айланиб, шаҳарда махсус совутсозлар маҳалласи вужудга келган. Шаҳарларда мис ва жездан буюмлар ва танга пул зарб қилинган. Амир Темур фармони билан уста Иззиддин бин Тожиддин Исфаҳоний Аҳмад Яссавий мақбараси учун ясаган шамдон, Абдулазиз бин Шарофуддин Табризий қуйган улкан жез қозон ҳозиргача сақланиб қолган. Мисгар ва чилангарлар металлни тоблаш, қуйиш, сиртига нақш солиш, олтин ва кумуш суви юритиш каби мураккаб ишларни бажарганлар.
Самарқанддаги Бибихоним масжиди эшиклари етти хил металл қотишма (ҳафтжўш)дан тайёрланган. Заргарлар олтин, кумуш ва жез қотишмаларидан нафис зеб-зийнат буюмлари ясаганлар. Олтин ва кумуш гардишли, қимматбаҳо тошлар қадалган идишлар сиртига нақш ва ёзувлар ишланган.
Самарқандда шишасозлик ривожланиб турли идиш ва буюмлар ясалган. Қурилишда рангли ойналардан фойдаланилган. Ёғоч ўймакорлигида нақшинкор эшиклар, панжаралар, устунлар, дарвозалар қурилган ва турли буюм, жиҳозлар ясалган. Самарқанд қоғози ҳатто чет ўлкаларда ҳам машҳур бўлган.
Самарқандда ёғоч ўймакорлиги ҳам тараққий қилган. Ёнғоқ ва тут каби пишиқ ёғочлардан ясалган эшикларнинг сиртига геометрик ва ўсимликсимон нақш солинган. Ҳуснихат билан ишланган ёзувлардан эса қўшимча безак сифатида фойдаланилган. Самарқанддаги Шоҳи Зинда ва Амир Темур мақбараларига ўрнатилган ёғоч эшиклар юксак даражадаги санъат асарлари сифатида қадрланади. Уларнинг айрим намуналари бугунги кунда Англияда, Нью-Йоркдаги метрополитен, Эрмитаж музейларида сақланади.
Темурийлар даврида тасвирий санъат турли йўналишлар бўйича юксалди. Самарқанддаги темурийларнинг сарой, қароргоҳларида қабул маросими, жанг воқеалари, ов манзаралари, халқ байрамлари тасвири туширилган деворий суратлар бўлган. Уларда Амир Темур, ўғиллари, набиралари, аёллари ва канизаклари тасвири акс эттирилган. Улуғбек расадхонаси деворида ҳам деворий суратлар мавзу жиҳатдан ранг-баранг бўлиб, услубий жиҳатдан миниатюра жанрига яқин бўлган. Абдураҳмон ас-Суфийнинг фалакиётга оид асарига ишланган бир суратда Андромеда юлдузлар туркуми чочлик аёл қиёфасида тасвирланади. Расадхонада эса, тўққиз фалак кўриниши, етти гардиш, етти ёритқич юлдуз даража, вақт бўлимлари, Ер юзининг етти иқлими тасвирланган.
Амир Темур даврида қурилган Ширинбека оға, Бибихоним, Туман оқа иншоатларида наққошлик ва ҳаттотлик билан бирга, тасвирий лавҳалар ҳам мавжуддир. Ширинбека оға мақбарасида рангли тасвир кўп бўлса, қолган икки бино деворларида оқ ва мовий рангдаги ислимий нақшлар тасвирланади.
Ноёб қўлёзма асарлар кўчириладиган махсус устахона китобатчиликнинг равнақига ижобий таъсир кўрсатди. Амир Темур даврида Самарқандда миниатюра мактаби шаклланди. Тарихий шахсларнинг қиёфалари ҳам миниатюраларда акс этган. Амир Темур ҳаётлик вақтида қиёфаси акс этган миниатюралар ҳали топилмаган.
Самарқанд миниатюра мактаби XIV-XV асрнинг биринчи ярмида шаклланган бўлиб, турли туркумда яратилган бу миниатюраларда Шарқий Туркистон санъатига хос бўлган туркона тимсолларда хитой рассомчилиги таъсири сезилиб туради. Самарқанддаги сарой мусаввирлари Хожа Абдулҳай Наққош ва унинг шогирдлари Шайх Маҳмуд Талилий, Пир Аҳмад Боғи Шамолий, Муҳаммад бин Маҳмудшоҳ ал - Ҳайём, Дарвеш Мансурлар ишлаган расмларда нозик, ранглар усталик билан қўлланган. Ушбу миниатюралар темурийлар даврига хос ов-шикор мавзуида яратилган. Самарқанд мактаби миниатюрачилари вакиллари композиция яратиш ва манзара тасвирида маҳоратлироқ бўлишган.
Самарқанд мактабига хос бўлган 18 та миниатюра Низомийнинг «Хамса» асарига ва 49 та миниатюра «Шоҳнома» асарига ишланган бўлиб, улар ҳозир Туркиянинг Тўпқопу сарой кутубхонасида сақланади. Абдураҳмон ас-Суфийнинг «Силжимас юлдузлар рўйхати» асарига ишланган миниатюраларда хариталар қизил ва қора доиралар билан, катта ва кичик юлдузларнинг ўринлари кўрсатилган бўлиб, ранг бермай, қора сиёҳда график тарзда чизилган. Юлдуз туркуми оддий халқ вакили қиёфасида тасвир этилади. Шарқ миниатюрачилигида оддий халқ ҳаёти мавзуи айнан темурийлар даврида пайдо бўлган. Масалан, «Самарқанд масжидини қуриш», «Искандар деворини бунёд этиш», «Кўчманчилар турмуши», «Жамшиднинг оддий халққа ҳунар ўргатиши” мавзуидаги миниатюралар бунга мисолдир.
Самарқанднинг марказий қисми бўйлаб ўтган кенг кўчанинг икки томонига савдо дўконлари (растаси) жойлаштирилган. Самарқанд савдо майдонларининг кенглиги ва ихтисослаштирилган бозорларга эгалиги билан ажралиб турган. Бозор савдо маркази бўлиши билан бирга ҳунармандчилик ишлаб чиқариши жойи ҳам бўлган. Шунингдек, бозорларда қўлёзма китоблар, ёзув қоғози сотилган, ариза ёки мактуб ёзувчи мирзалар ҳам ўтирган. Савдо растаси унда сотилувчи товар номи билан аталган. Бозорларда адабиёт, шеърият, илм-фан ҳақида суҳбатлар ташкил этилган, фармонлар эълон қилинган ва айбдорлар жазоланган. Турли томошалар шу жойда кўрсатилган, масжид, мадраса, ҳаммом бозорга яқин жойга қурилган.
Соҳибқирон Амир Темурдан сўнг бобосининг бунёдкорлик, ҳомийлик ишларини давом эттириб, Самарқанднинг, умуман, темурийлар давлатининг шон-шуҳратини юксак чўққиларга кўтарган Мирзо Улуғбекдир. Соҳибқироннинг набираси Муҳаммад Тарағай Улуғбек (1394-1449) жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган сиймолардан биридир. Унинг ҳукмронлиги даврида Самарқандда мадраса қурилади. Уларда диний илмлар қатори дунёвий фанлардан ҳам сабоқ берилган. Бошқа машҳур олимлар қатори унинг ўзи ҳам ҳафтада бир маротаба бу мадрасаларда ёшларга дарс берган. Самарқанддаги Бибихоним масжиди, Амир Темур мақбараси, Шоҳизинда ва Регистон мажмуалари қурилиши поёнига етказилди. Бошқа шаҳарларда ҳам карвонсаройлар, тим, чорсу, ҳаммом ва бошқа иншоотлар барпо этилди.
Улуғбек кўп қиррали истеъдод соҳиби эди. У айниқса адабиёт, тарих, математика, астрономия соҳаларига қизиққан. Унинг энг буюк ишларидан бири - Самарқанд шаҳрида Академия ташкил этганидир. Бу илмий мактабда 200дан ортиқ олим Улуғбек раҳбарлигида фаннинг турли соҳалари бўйича изланишлар олиб борган. Қозизода Румий (Салоҳиддин Мусо ибн Муҳаммад), Ғиёсиддин Жамшид Коший, Али Қушчи (Мавлоно Алоуддин Али ибн Муҳаммад Самарқандий), Низомиддин Абдул Али ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн Биржандий, Мавлоно Хавофий каби олимларнинг аниқ фанлар соҳасидаги тадқиқотлари ва илмий хулосалари салмоқли бўлган19. Улар Хоразм Маъмун академияси анъаналарини муваффақиятли давом эттирганлар.
Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасига Мовароуннаҳр ҳукмдори Улуғбек Муҳаммад Тарағай томонидан 1420 йилда асос солинганлиги маълум20. Мирзо Улуғбек мадрасаси Мовароуннаҳр ва Хуросондаги энг йирик мадарасалардан бири бўлиб, у икки қаватли, 48 ҳужрадан иборат эди. Ҳар бир ҳужра 2-4 талаба учун мўлжалланган бўлиб, улар уч қисмдан: ётоқхона, дарсхона, озиқ-овқат маҳсулотлари хонасидан иборат бўлган. Мадрасада юздан ошиқ талабага ўз замонасининг улуғ олимлари: Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Шамсиддин Муҳаммад Хавофий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Аловуддин Али Қушчи каби етук алломалар аниқ фанлар (илми ақлия)дан дарс беришган ва мадраса қошидаги расадхонада ҳам илмий тадқиқот ишлари олиб боришган. Мирзо Улуғбек мадрасаси билан расадхона фаолияти ўртасида узвий алоқалар йўлга қўйилган эди. Мадрасада мантиқ, фиқҳ, адабиёшунослик, тилшунослик, тафсир, ҳадис илмларидан ўз даврининг йирик олимлари Фазлуллоҳ Абулайсий, Абулқосим Самарқандий, Абдураҳмон Жомийлар дарс беришган. Мадрасада мураккаб ўқув жараёни йўлга қўйилган бўлиб, аниқ фанларни ўқитишга кучли эътибор берилган. Айниқса, Маҳмуд Замаҳшарийнинг “Ал Кашшоф” асарини ўзлаштиришга бир неча йил вақт сарфлангани таълим муассасида араб тили грамматикасини ўқитишга кучли эътибор берилганлигидан дарак беради.
Мирзо Улуғбек мадрасасининг илк даврида дунёвий фанларни ўқитишга кенг эътибор берилиб, мадраса таълимини ўтаб, махсус имтиҳонлар топширилгач, битирувчига гувоҳнома (диплом) – санад берилган. Улуғбек яратган илмий мактабда 200 дан ортиқ олимлар фаолият олиб борган. 1417-1420 йилларда қуриб битказилган Улуғбек мадрасасининг биринчи мударриси Мавлоно Хавофий бўлган. Кейин бу мадрасага узоқ вақт мобайнида машҳур аллома Қозизода Румий мударрислик қилган. Тарихий манбаларда Қозизода Румийнинг маърузасини эшитиш учун Абдураҳмон Жомий Ҳиротдан Самарқандга махсус келгани айтилган21.
Мирзо Улуғбек мактаби таъсирида Шарқ мамлакатлари, хусусан, Ҳиндистонда расадхоналар бино қилиниб, астрономик кузатишлар натижасида илмий асарлар яратилди. XVII ва XVIII асрларда яратилган Шаҳобуддиннинг “Зижи Шоҳижаҳоний” ва Савой Жой-Сингҳнинг “Зижи Муҳаммад шоҳий” асарлари ўз тузулиши (конструкцияси), олдига қўйган мақсади ва масалаларни ҳал қилиши нуқтаи-назаридан Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” асари таъсирида ёзилган. Бундан ташқари, Улуғбекнинг самовий жисмлар вазиятини юқори аниқлик билан ўлчаш мақсадида қурдирган астрономик асбоб ҳам айни шу илмий мактабнинг маҳсули бўлиб, унинг қолдиқлари В.Л.Вяткин томонидан 1908 йилда кўҳна Афросиёб яқинида топилган.
Мирзо Улуғбек мадрасаси қошидаги илмий тадқиқот маркази – “Астрономия мактаби”да яратилган ўқув қўлланмалардан XX аср бошларида ҳам фойдаланилган. Масалан, Мирзо Улуғбек мадрасаси талабалари XX аср бошларида ҳам астрономияни Мирзо Улуғбек томонидан 1437 йилда тузилган юлдузлар жадвалига асосан ўрганишган.
Мирзо Улуғбек ислом дини ва илм-фан тараққиёт йўлида улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган. Унинг шахсий ташаббуси билан ҳозирги Регистон майдонида ҳашаматли мадраса, Муқатта масжиди ва хона­қоҳ барпо қилинган, шу ҳудуд атрофида карвонсарой ва ҳаммом қурилган. Бундан ташқари, Улуғбек Соҳибқирон бобосига тақлид қилиб, Чўпонопа тепалигини ғарбий этагида Боғимайдон ва Чиннихона номли иккита боғ-сарой бунёд қилдирган.
1420 йилда Оби Раҳмат ариғининг ёқасида расадхона қурилиши бошланади. Цилиндр шаклли, уч қаватли бу иншоот 9 йил мобайнида қурилган. Расадхона диаметри 48 метр бўлган. Қурилиш тугаши биланоқ бинода илмий ишлар бошланади. Бу ерда Мирзо Улуғбек бошчилигида Қозизода Румий, Али Қушчи, Ғиёсиддин Жамшид Коший каби машҳур олимлар кечаю кундуз юлдузлар илми билан шуғулланади. Расадхонада олиб борилган узоқ ва машаққатли илмий кузатишлар натижасида “Зижи жадидий Кўрагоний”, яъни “Кўрагонийнинг янги жадвали” номли фундаментал асар ёзиб тугалланди. Мирзо Улуғбек яратган бу илмий мактаб фан тарихига “Дорул-ҳикма” (“Донишмандлар уйи”) номи билан кирган22.
Мирзо Улуғбек «Зижи жадиди Кўрагоний» асарида VIII-XI асрларда бошланган фалакиёт илмига оид анъанани давом эттириб, юқори даражага кўтаради. Математикага доир «Бир даража синусни аниқлаш ҳақида рисола», фалакиётшуносликка оид «Рисолаи Улуғбек» ва мусиқа ҳақида «Мусиқа илми ҳақида рисола» каби асарлар ёзди. Булардан ташқари, Улуғбек “Тарихи арбаъа улус” (“Тўрт улус тарихи”) номли тарихий асар ҳам ёзган.
Мовароуннаҳрда Мирзо Улуғбек даврида кўплаб форсий ва туркий тилли ижодкорлар тўпланди. Адабий муҳитни бевосита Улуғбекнинг ўзи бошқарар, Самарқандда ўша даврнинг энг яхши шоирлари йиғилган эдилар. Шоирларнинг сардори («Малик ул-калом») қилиб Мавлоно Камол Бадахший тайинланган эди. Саккокий ўз қасидаларидан бирида Мирзо Улуғбекнинг шеър ёзишини ва унинг шеър ҳақидаги тушунчаси юқори бўлганлигини таъкидлаб ўтган. Мирзо Улуғбек Мавлоно Лутфий шеърларини XV асрнинг машҳур шоири Салмон Соважий асарлари билан тенг кўрган.
Улуғбек саройидаги энг обрўли ўзбек шоирлардан Саккокийнинг лирик шеърлари билан бирга қасидалари ҳам бу шеърий жанрнинг сезиларли ютуғи бўлди. Алишер Навоий «Мажолис ун - нафоис» тазкирасида кўпроқ хуросонлик шоирлар ҳақида маълумотлар берса, Давлатшоҳ Самарқандий «Тазкират уш-шуаро» асарида ўтмишда ўтган ижодкорлар ҳақида маълумот берган. Яқинда (1993й.) маълум бўлган Шайх Аҳмад ибн Худойдод Тарозийнинг ўзбек тилида ёзилган «Фунун ул-балоға» (1437 йил) асари темурийлар даврида Мовароуннаҳр адабий ҳаётини ўрганишнинг янги имкониятларини очди. Шайх Тарозий ўз асарида бизга маълум бўлган машҳур шоирлардан ташқари, бизга номаълум бўлган Муҳаммад Темур Буғонинг туюқларини, Шамс Қисорийнинг «ал-матлубул-баъд» шеърий санъати намуналарини, Жалолий деган шоирнинг ишқий мазмундаги байтларини, «мутасалсал» санъатига оид ўзининг ғазалидан намуналар келтиради.
Темурийлар даври адабиёти ўзбек адабиёти ривожида ўзига хос алоҳида бир босқични ташкил этади. Ундаги инсонпарварлик ва халқчиллик, адолатпарварлик ва маърифатпарварлик ғоялари ҳамон ўз тароватини йўқотгани йўқ.
Бу даврда тиббиёт илми ҳам ўзининг йирик намояндаларига эга эди. Самарқандга келиб ижод қилган табобат илмининг йирик вакилларидан Бурҳониддин Нафис ибн Эваз ибн Ҳаким ал-Кирмоний, Султон Али Хуросоний, Ҳусайн Жарроҳ шулар жумласидандир.
XIV-XV асрларда Марказий Осиёда мантиқ ва фалсафа фанлари билан шуғулланган йирик олимлар пайдо бўлди. Бу фанларнинг ривожи, асосан икки йирик мутафаккир - Саъдиддин бин Умар Тафтазоний ва Мир Сайид Журжоний номлари билан боғлиқдир. Булардан ташқари, Самарқандда ўша даврда Абдужаббор Хоразмий, Шамсиддин Мунший, Абдулла Лисон, Бадриддин Аҳмад, Нўъмониддин Хоразмий, Хожа Афзал, Жалол Хокий ва бошқа олимлар яшаб ижод этганлар.
Мирзо Улуғбек даврида Самарқанднинг Регистон майдони шаклланди, Масжиди муқаттаъ, 210 гумбазли Алика Кўкалдош жоме масжиди қад кўтарди. Шоҳизиндадаги айрим мақбаралар, Чилустун ва Чиннихона саройлари, Шаҳрисабзда Кўкгумбаз масжиди унинг даврида қурилди.
XV асрнинг иккинчи ярмида Самарқандда Хожа Аҳрор мадрасаси, Ишратхона, Оқсарой мақбаралари бунёд қилинди.
Соҳибқирон Амир Темурнинг авлодлари бир неча юз йил давомида Самарқандда саркарда, давлат ва жамоат арбоби, шоир ва олим сифатида мамлакат равнақига улкан ҳисса қўшишган. Амир Темурнинг давлат бошқарувида бунёдкорлик муҳим йўналишлардан ҳисобланиб, Оқсарой биносига ёзилган “Бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз қурган иморатларимизга боқинг” деган сўзлари буни исботлайди ва давлатда меъморчилик ва сиёсат уйғунлашганини кўрсатади. Бу қурилишлар Амир Темурнинг тафаккури, кучи, илми, иродаси, ташкилотчилиги, қалбининг нозиклиги, куч-қудрати этикаси, санъати ва энг асосийси буюк ҳукмдор бўлгани, бу даврда мукаммал давлат бошқарув асослари қурилганлигини кўрсатади.
Улкан салтанатнинг турли ҳудудларидан Самарқандга келган олиму уламолар ижоди, уларнинг илму фаннинг турли соҳаларида олиб борган илмий фаолиятлари мамлакатимизда янги ренессанс даврини юзага келишида асосий ўрин тутди. Олимлар жамиятнинг нуфузли ижтимоий қатламига айланди. Уларнинг яшаши ва илмий фаолият билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди. Саййид Шариф Журжоний, Масъуд Тафтазоний, Жамшид Коший, Али Қушчи, Қозизода Румий, табиб Хусомиддин Кермоний, фалакиётшунос Мавлоно Аҳмад, шунингдек, Улуғбек даврида маҳаллий ва турли мамлакатлардан келган 200 дан ортиқ олимлар илмий - ижодий фаолият кўрсатган. Темурийлар замонида табиий ва гуманитар фанлар соҳасида буюк олимлар етишиб чиқди ва улар жаҳон фани ривожига муносиб ҳисса қўшдилар. Фалакиётшунослик фанида Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид ва Али Қушчилар кашфиётлар қилди. Тарих илмида Ҳофизи Абрў, Шарафиддин Али Яздий, Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд, Хондамир, Зайниддин Восифий ва бошқалар қимматли асарлар яратдилар. Бадиий ижод ва тилшуносликда Давлатшоҳ Самарқандий, Жомий, Алишер Навоий, Атоулло Ҳусайний, Ҳусайн Воиз Кошифий сингари ижодкорлар юксак санъат асарлари билан машҳур бўлдилар.
Мирзо Улуғбек даврида Самарқандда ўзига хос илмий академия шаклланди. Ер куррасини ўлчаш ва фалакиётшунослик жадвалларини тузиш ишлари амалга оширилди. Самарқанд расадхонасининг қурилиши улкан маданий воқеа бўлиб, жиҳози ва илмий ютуқлари жиҳатидан ўша вақтда дунёда тенги йўқ эди. Мовароуннаҳр ва Хуросонда XIV асрнинг иккинчи ярми ва XV асрда рўй берган маданий юксаклик бутун мусулмон Шарқидагина эмас, Европа мамлакатларини ҳам ҳайратга солди. Бу юксаклик Марказий Осиёнинг сўнгги маданий-маънавий ривожинигина белгилаб бермай, қўшни мамлакатлардаги маданий тараққиётга ҳам катта таъсир кўрсатди. Булардан биринчи навбатда сиёсий-ижтимоий омилни кўрсатиш мумкин. Улкан ҳудуд ягона салтанатга бирлаштирилиб, ижтимоий юксалишни таъминлади. Иккинчи – иқтисодий омил - Мовароуннаҳр ва Хуросонда ягона идора тизимининг жорий этилиши иқтисодий осойишталикка, ишлаб чиқаришнинг жадал ривожланишига олиб келди. Давлат томонидан деҳқончилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқнинг ривожига эътибор берилиши ва бу соҳада қатор тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатнинг маънавий-маданий тараққиёти учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этди.
Учинчи - маънавий омил - аввалги маданий мерос, маънавий қадриятлар, бойликлардан кенг фойдаланиш, улар асосида ривожланишдан иборат бўлди. Марказий Осиёда аввалги асрларда, хусусан IX-XIII асрларда яратилган маънавий-маданий бойликлардан, буюк муҳаддислар, алломалар имом Бухорий, Абу Исо Термизий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Форобий, Ибн Сино, Беруний меросидан; араб, форс ва туркий тилларда яратилган Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Румий, Тусий, Аттор каби алломалар меросидан, мусулмон Шарқи маънавий меросида кенг аҳамият касб этган қадимги юнон илмий-маънавий бойликларидан кенг фойдаланилди. Бу даврда Амир Темур салтанатининг таъсирида бўлган ва бўлмаган бошқа мамлакатлар ўртасида маданий алоқалар тез ривожландики, бундай алоқалар маънавий бойликларнинг ўзаро алмашинувига кенг йўл очиб берди.
Хусусан, Эрон, Араб мамлакатлари, Ҳиндистон, Хитой каби мамлакатлар билан бўлган алоқаларда маданий бойликлар алмашинуви муҳим аҳамият касб этди. Тўртинчи - ғоявий омил - маънавий омилнинг узвий давоми бўлиб, Марказий Осиёда Юсуф Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий таълимотларини ривожлантириш асосида шаклланган нақшбандия таълимоти ва унинг йирик вакиллари XIV-XV асрлардаги сиёсий-ижтимоий ҳамда маданий ҳаётда ниҳоятда муҳим роль ўйнади, маънавий ўзгаришлар маълум даражада эркинлик учун ғоявий асос, омил бўлиб хизмат қилди. Чунки Баҳоуддин Нақшбанднинг «Дил-ба ёр - у, даст-ба кор” “Кўнгил Худода бўлсину, қўл иш билан банд бўлсин” шиори етакчи тасаввуф намоёндалари билан бирга кенг жамоатчиликнинг ҳаёт тарзига айланган эди.
XV асрда яшаб ижод этган нақшбандия таълимотининг йирик вакили Хожа Аҳрор Валий нафақат маданий ҳаётда, балки ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётда ҳам муҳим ижобий роль ўйнади. Бу омиллар Темурийлар даври маданияти ва маънавиятининг тез ва юксак даражада кўтарилишига олиб келди, унинг ютуқлари эса узоқ асрлар давомида кейинги маданий ривожланиш учун асос бўлди. XIV-XV асрлардаги маънавий-маданий ривожланиш ислом мафкураси мустаҳкамланиб бориши билан узвий боғлиқ бўлган. «Темур тузуклари»да азиз-авлиёлар, шайх, сайид, уламолар фаолияти алоҳида қайд этилиб ўтилган. Амир Темур, мутасаввиф шоирлар ва олимларга катта ҳурмат билан муносабатда бўлган. Амир Темурнинг уч пири бўлган: Шамсиддин Кулол, Сайид Барака ва Зайниддин Абубакр Тойободий.
Тасаввуф таълимотининг Муҳаммад Порсо, Ёқуб Чархий, Хожа Аҳрор каби йирик вакиллари жамиятнинг маънавий покланиши ва ривожланиши йўлида фаол хизмат қилдилар, давлат арбоблари билан мулоқотда бўлиб, уларга таъсир ўтказдилар. Бу жиҳатдан, айниқса, Хожа Аҳрор фаолияти муҳим аҳамият касб этади.
XIV-XV асрлардаги Мовароуннаҳр ва Хуросондаги маданий тараққиётнинг тамал тоши буюк соҳибқирон Амир Темур томонидан қўйилди. Ҳозирги замон фани Амир Темур ва темурийлар даврини ҳақиқий Ренессанс – Уйғониш даври деб эътироф этмоқда. Зеро, бу даврда ўтмиш даврлар тажрибаларини ижодий ўзлаштиришга ва янгича ёндашувларга, олимлар, меъмор ва ҳунармандлар, миниатюрачи рассомлар, шоирлар, мусиқачилар, янги давр томоша санъати вакиллари олдида турган масалаларни ҳал этишда жиддий янгиликлар киритишга асосланган энг яхши анъаналар тикланди.



Download 184 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling