Асака тумани Хонақа маҳалласида яшовчи фуқаро У.Акбаров туман газ таъминоти корхонаси хизматчилари билан келишиб, аҳолига етказиб берилиш керак бўлган пропан газ ёқилғисини арзон нархда сотиб олиб, ушбу ёқилғини яшаш хонадонида пропан газ ёқилғисида ҳаракатланувчи ҳайдовчиларга сотаётганлиги аниқланган ва ушланган.
Унинг уйида 6 та газ баллонда пропан газ ёқилғиси сақлаётганлиги, 7 та бўш пропан газ баллони ва қўлбола усулда тайёрланган резина шланг мавжудлиги аниқланиб, олинган.
Балиқчи туманида фуқаро М.Холдоров ўзига тегишли савдо дўконини электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 8 млн 748 минг сўм моддий зарар етказганлиги аниқланган.
Андижон шаҳрида жойлашган "Саховат маркет" МЧЖга қарашли бензин қуйиш шаҳобчаси бензин нархини сунъий равишда ошириб, А-80 маркали ҳар бир литр бензин нархини 6 600 сўмдан сотаётганлик ҳолати аниқланган.
Худди шундай ҳолат, Хонобод шаҳрида жойлашган "Беқиёс диёр машъали" МЧЖга қарашли ва Бўстон туманида жойлашган "Достон" МЧЖга қарашли бензин қуйиш шаҳобчаларида ҳам аниқланган.
Мазкур бензин қуйиш шаҳобчалари раҳбарияти билан тегишли профилактик ишлар олиб борилиб, А-80 маркали ҳар 1 литр бензин нархини 5 700 сўмдан сотилиши йўлга қўйилди ва назоратга олинган.
Шунингдек, 2 та туманлар ҳудудидаги 3 та маҳаллада (Балиқчида 2 та “Кўлбўйича” ва “Каттабулоқ” МФЙ, Избосканда 1 та “Тошкечик” МФЙ) 6 минг нафардан ортиқ аҳоли ичимлик суви билан таъминланмаганлиги аниқланган.
Ушбу маҳаллаларни ичимлик суви билан таъминлаш учун 30 км сув тармоғи ва 3 дона сув қудуғи қуриш ҳамда 3 дона сув қудуғини реконструкция қилиш режалаштирилган.
Избоскан туманидаги “Чувама” қишлоқ врачлик пунктида болаларни даволовчи “педиатр” штат бирлиги мавжуд эмаслиги туфайли, қишлоқ аҳолиси фарзандларини 18 км узоқликдаги туман Марказий шифохонасига олиб бораётганлиги аниқланган.
Хонобод шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг иситиш қозонхонасида сувни ҳайдаш насоси ва Асака тумани Марказий шифохонасида ҳаво пуркаш насоси носозлиги сабабли иситиш тизими ишламаётганлиги аниқланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |