Араб эътиқод, ишонч, итоат худо ёки худолар, ғайритабиий кучлар мавжудлигига ишониш


 Диний урф-одатлар ва маросимлар қаерларда ўтказилади?


Download 80.05 Kb.
bet13/15
Sana14.12.2022
Hajmi80.05 Kb.
#1006351
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15
Bog'liq
ДИН

8. Диний урф-одатлар ва маросимлар қаерларда ўтказилади?
Диний ташкилотлар ибодат қилиш ёки диний расм-русумлар ўтказиш учун қулай жойлар ташкил этиш ва уларни сақлаб туриш, шунингдек зиёратгоҳларни сақлаб туриш ҳуқуқига эгадир.
Ибодат, диний расм-русумлар ва маросимлар диний ташкилотлар жойлашган манзилдаги ибодатхоналарда ва уларга тегишли ҳудудларда, зиёратгоҳларда, қабристонларда, зарур ҳолларда фуқароларнинг ихтиёрига биноан уларнинг уйларида ўтказилади.
Касалхоналарда, госпиталларда, кексалар ва ногиронлар уйларида, дастлабки қамоқ ва жазони ўташ жойларида ибодатлар ва диний расм-русумлар шу ердаги фуқароларнинг илтимосларига биноан ўтказилади.
Диний маросим ва ибодат биноларидан ташқарида ўтказиладиган оммавий ибодатлар, диний расм-русумлар ва маросимлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди.
Диний ташкилотлар диндорлар мажбурий пул йиғимлари ва тўловлар ундиришга, шунингдек уларга нисбатан шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи чораларни қўллашга ҳақли эмас.


Марказий Осиёда динлар тарихи ва диний бағрикенглик
Марказий Осиё қадимдан турли маданиятлар тўқнашган нуқта ҳисобланиб, ушбу ҳудудда турли савдо йўллари ва йирик марказлашган давлатлар шаклланган. Юқоридаги омиллар, шу билан бирга, турли сиёсий жараён ва урушлар, миссионерлик фаолияти туфайли юз берган миграцион жараёнлар ҳудудда турли дин вакилларининг тарқалишига сабаб бўлган. «Bugun.uz» колумнисти Жаҳонгир Остонов Марказий Осиёда динларнинг тарқалиш тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Ибтидоий шаклдаги динлар (фетишизм, тотемизм ва анимизм)нинг тарқалишига оид турли археологик моддий манбалар Ўзбекистоннинг кўплаб манзилгоҳларидан топилган. Хусусан, Тешиктош ғори, Селенғур, Кўлбулоқ ва бошқа объектларда бу каби топилмалар аниқлангани фикримизнинг далилидир.
Фото: «Xorazmiy.uz»
Минтақада Ислом дини кириб келмасдан олдин ҳам зардуштийлик, яҳудийлик, насронийлик, шомонизм, буддавийлик каби бир неча динлар мавжуд бўлган ва улар ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирган. Буддавийликнинг махаяна йўналиши айнан ушбу ҳудудда яралган ва Хитой, Япония каби бир қатор давлатларга тарқалган.
Марказий Осиёнинг суғдий ва туркий этнослари орасида зардуштийлик эътиқоди кўп асрлик (милоддан аввалги I минг йиллик – милодий VIII–IХ асрларгача) тарихга эга. Туркий қабилалар орасида Тангри, яъни яккахудолик ғояси етилиб, бу туркий хоқонлардан 552–576 йилларда ҳукмронлик қилган Истами хоқоннинг подшолик йилларига тўғри келади. Шунинг учун VII аср охири ва VIII аср бошларида кириб келган ислом динини қабул қилиш анча осон кечган. Чунки халқ яккахудолик ғоясини қабул қилишга деярли тайёр эди, деган фикрлар ҳам тадқиқотчилар томонидан илгари сурилади.
Тарихчи Азимхўжа Отахўжаев илк ўрта асрларда турк-суғд муносабатларига бағишланган монографиясида суғдийларнинг етакчи дини зардуштийлик экани, суғд колониал ҳаракати орқали зардуштийлик минтақага тарқалганини эътироф этади. Хитой сайёҳи ва буддавий роҳиби Сюан Сзан (VIII аср) «Турклар оловга эътиқод қилар эди. Шу боис улар ёғоч тахтдан фойдаланмасди», — деб ёзган бўлиб, тадқиқотчи буни туркийларнинг зардуштийликка бўлган эътиқодини назарда тутганини тахмин қилади.
568 йилда Еттисувга келган Византия элчиси Земархнинг ёзишича, элчилар Истами ябғу қароргоҳи олдида шарққа қараб чўккалаб ўтирган. Сўнгра бўри калласи тасвири туширилган байроққа таъзим бажо келтириб, ёниб турган олов билан покланган. Шундан сўнггина Истами ябғу ўтирган улкан чодир — қароргоҳга кирган. Бунда у турк-суғд умумийлигининг бир жиҳатини — туркларнинг тангричилик анъанаси: шарққа қараб ўтириш ва кўк бўри тотемига эътиқод ҳамда зардуштийликка хос бўлган муқаддас олов орқали покланиш удумлари қоришмасини кўрган эди.
Фото: «Stam.uz»
Суғдийлар Марказий Осиё бўйлаб тарқалган бўлиб, уларнинг шимолий-шарқий ҳудудларда тарқалган гуруҳи туркий халқларни доимий равишда зардуштийликка тарғиб қилган ва улар билан диний ритуалларни бажарган. Бунинг исботи сифатида Шарқий Туркистонда Суғддаги каби эҳром — «вағн» бунёд этилиб, коҳинлар — «вағнпатлар» диний амалларни бажо келтирган. Туркийларга хос самимийлик ва бағрикенглик туфайли манбаларда тангричиликка эътиқод қилган туркий қавмларнинг бу жараёнга монелик қилингани ҳақида маълумот учрамайди.
Марказий Осиёда туркий ва суғдийлар ёнма-ён яшаган манзилгоҳлардан топилган остадонлар мисолида бу икки қавмнинг зардуштийлик таъсирида умумийликка эга бўлган урф-одати мавжуд бўлганини кузатамиз. Марказий Осиёда мавжуд зардуштийлик Сосонийлар давлатидаги зардуштийликдан фарқланган. Хусусан, Эронда зардуштийлик расмий давлат дини мақомида, сиёсий воситалар орқали белгиланган қатъий қоидалар асосида ривожланган. Марказий Осиёда эса диний толерантлик негизида унга амал қилинган. Суғд зардуштийлиги маздачилик ёки маздаясна дини деб юритилади.
Юқоридаги фикрлар исботи сифатида, ҳудудда икки қавм ўртасидаги диний ва этник характерга эга можаролар ҳақида манбаларда маълумотлар учрамаслигини айтиб ўтиш лозим. Толерантлик масаласи ҳудудда асосий аҳоли эътиқод қилган тангричилик ва зардуштийлик динидан ташқари бошқа динлар учун хам хос характерга эга. Хусусан, Хитой томонидан доимий равишда буддавий роҳиблар Марказий Осиёга юбориб турилган. Машҳур сайёҳ Сюан Сзандан ташқари, Чжанг Чян, Бан Чао, Чжу Сишинг, Фа Сян, Сунг Юн Хуэй Шенг, Шюан Занг Ву Кунг каби роҳиблар турли мақсадларда ушбу минтақага ташриф буюрган. Мазкур дин антик давр ва илк ўрта асрларда Марказий Осиёга ёйилганини қатор археологик ашёлар ва ёзма ёдгорликлардаги маълумотлар тасдиқлайди.
Турк хоқонлигида яшаган халқларнинг диний эътиқоди, тасаввурлари ҳам турлича бўлган, кўп худолилик ҳукм сурган. Бу эса уларда турли хил осмоний ва ер жисмлари — қуёш, ой, ер, сув, ҳайвонлар ва бошқа нарсаларга сиғинишни келтириб чиқарган. Осмон худоси Тангри турк қавмларининг энг олий худоси ҳисобланган. Ҳозирда ҳам Тангри ибораси Аллоҳ номига нисбат сифатида қўлланади.
Фото: «Uzbekistan Travel»
Тадқиқотчи Э.Ибрагимов томонидан христианликнинг юртимизга кириб келиш тарихи Марв шаҳри билан боғлиқ экани, шаҳарда 334 йилларда христиан епархияси мавжуд бўлгани келтириб ўтилади. Мазкур келтирилган маълумот, ҳудудга христианлик дини юқорида келтирилган санадан анча олдин кириб келганини тасдиқлайди. Марказий Осиёда тарихий насронийлик черковлари Марв, Самарқанд, Хоразм, Талас, Еттисув каби шаҳарларда мавжуд бўлиб, бу ушбу шаҳарларда христианлик дини кенг тарқалгани ва фаолият юритганини кўрсатади. Христианликнинг Марказий Осиё ҳудудига тарқалишига бу минтақадаги давлатларнинг Буюк ипак йўли орқали Византия билан иқтисодий ва сиёсий алоқалари сабаб бўлган. Бу йўлдан нафақат миссионерлар, балки гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳунармандлар, деҳқонлар ҳам келган.
Марказий Осиё ҳудудларига кириб келган христианликнинг илк оқимлари монофизитлик ва несторианлик ҳисобланади. Монофизит юнон тилида (монофициа) ягона табиат маъносини билдиради, лекин бу йўналиш тарафдорлари ўзларини православлар ёки апостол черкови тарафдорлари деб атайди. Дунё бўйича монофизитларнинг умумий сони 36 миллионга етади.
Илк христиан йўналишларидан яна бири — несторианлик милоднинг V асри бошларида шаклланди. Несторианлар оқимига 428–431 йилларда роҳиб Несторий томонидан асос солинган. У Исо Худонинг ўғли эмас, балки «вужудида Худо яшаган инсон бўлган» деган таълимотни тарғиб қилган.
Умуман олганда, иккала оқим ҳам ҳукмрон Константинопол черкови томонидан таъқиб қилинган, қувғинда бўлган ва уларнинг Сурия ҳамда Эрон орқали Марказий Осиёга кириб келиши шу омил билан изоҳланади. Марказий Осиёга кириб келган илк христиан оқимлари ичида несторианлар кўп сонли бўлган деб тахмин қилинади.
Марказий Осиёда несториан ва монофизит оқимлари билан бир қаторда, «мулкийлар» оқими (Хоразм) ҳам мавжуд бўлиб, улар миссионерлик фаолиятидан ташқари, табиблик, олим, амалдор ва тадбиркор сифатида фаолият юритган. Мазкур омил ҳам ҳудудда турли дин вакиллари бағрикенглик руҳида яшаганидан далолат беради.
Ислом кириб келгандан сўнг зардуштийлик оташхоналари каби насронийлик черковлари ҳам дастлабки масжидлар учун таг жой вазифасини ўтаганини кўришимиз мумкин. Хусусан, Наршахийнинг маълумотига кўра, Бухородаги Аттарон дарвозаси яқинидаги черков араблар томонидан бузилиб, ўрнига масжид қурилган. Уни Наршахий «оташпарастлар калисиё (ибодатхона)си бўлган», — деб ёзади.
Насронийлик дини айнан шу ҳудуд орқали Шарқий Туркистонга кириб борган. Бу эса Марказий Осиё диний муроса ва бағрикенглик, маданият қоришуви учун қулай минтақа экани христианлик мисолида ўз тасдиғини топади.
Марказий Осиё тарихида Моний (216–276/277) таълимоти ва у тарғиб қилган дин зардуштийлик, буддавийлик, христианлик каби динлар қоришмаси бўлиб, моний таълимоти зардуштийликдан дуалистик назарияни, христианликдан хоч тимсолини олган. У диний реформатор бўлиш билан бир қаторда олим ва шоир сифатида ҳам танилиб, 21–23 ҳарфли оромий ёзуви асосида 29 ҳарф белгили махсус ёзувни яратган.
Марказий Осиёда бу дин Уйғур хоқонлиги, қадимги Хакас, Қирғиз ва Кимак каби туркий давлатларда то IХ–Х асрларга қадар мавжуд бўлган. Динлараро синтез маҳсули сифатида минтақа халқлари ҳаётида ўзига хос ўринга эга бўлди. Аммо Моний қарашлари Эронда зардуштий коҳинлар томонидан салбий қарши олиниши натижасида 275 йилда Баҳром I (275–282) фармони билан Моний қатл этилган. Унинг тарафдорлари Эрондан қувғин қилиниши натижасида Моний жамоалари Марказий Осиё ва Шарқий Туркистон (Кошғар)дан паноҳ топди.
Марказий Осиёда бу таълимотни Мар (Устоз) исмли шахс тарғиб қилган. IV асрда дастлабки моний ибодатхоналари — монастирлари пайдо бўлди. Таълимотнинг VI асрда туркийлар орасидаги тарғиботида самарқандлик Кан Сюан — Чан Мин («Мангу ёғду»)нинг муносиб ҳиссаси бор эди. Суғдийлар таъсирида Моний таълимоти Хитойга ёйилиб, 584 йилда Хитой шарқида моний жамоаларининг илк ибодатхонаси қурилди. 694 йилда эса бу таълимот пойтахт Чанъангача етиб борди.
Яҳудийлар Бухорога Оссуриядаги қатағонлардан Эрон орқали қочиб келиб нажот излагани айтилади. Бухоро яҳудийлари атамаси биринчи бўлиб XVI асрда пайдо бўлгани илгари сурилади. Инглиз миссионери Волф амир Насруллахон ҳукмронлиги даври (1826–1860)да Бухорода 10 минг яҳудий яшаганини кўрсатиб ўтган. Аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, 1926 йилда Ўзбекистонда 18 минг 172, 1989 йилда эса 28 минг 369, шу жумладан, Бухорода 4200 Бухоро яҳудийлари яшаган. Бугунга келиб Бухоро яҳудийлари деб ном олган бу жамоа илк даврларда Самарқандда яшагани айтилади.
Умуман олганда, Марказий Осиё ҳудудида қадимдан турли дин жамоалари ўзаро бағрикенглик руҳида яшагани, бу ,айниқса, мазкур динлар ушбу ҳудудга кириб келган дастлабки давр, яъни илк ўрта асрларда энг чўққисига чиққанини кўришимиз мумкин. Зеро, мазкур ҳудуд динларнинг турли ҳудудларга тарқалишида транзит вазифасини ўтагани, қадимги туркий халқларда бағрикенглик ғояси давлат бошқарувида устувор аҳамият касб этганини гувоҳи бўламиз. Бағрикенглик масаласи бугунги кунда ҳам турли конфессиялар мавжуд ҳудудда маълум қонунчилик механизмлари билан бир қаторда маҳаллий халқ орасида тарихий илдизга эга қадрият сифатида шаклланган.
Маълумки, жорий йилнинг 7 декабрида АҚШ Давлат котиби М.Помпео Ўзбекистонни диний эркинлик соҳасида “алоҳида назоратдаги” мамлакатлар рўйхатидан чиқарилганлиги тўғрисидаги қарорини эълон қилди.
Бунга, албатта, амалий ва узоқ муддатга мўлжалланган стратегик чора-тадбирлар натижасида эришилди.
Республикамизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, маданий ислоҳотларнинг устувор жиҳатларини таҳлил қилишда мамлакат аҳолисининг турмуш тарзида муҳим аҳамият касб этувчи дин омили билан боғлиқ бўлган вазиятни ўрганмай туриб уни тушуниш ва таҳлил қилиш ўта мураккаб вазифа ҳисобланади.
Ўзбекистон 2017—2020 йиллар мобайнида дин соҳасида ўзининг янгича муносабатини шакллантирди. Бу соҳада узоқ муддатга мўлжалланган аниқ стратегиясини белгилаб олди. 
Мазкур даврда диний соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда либераллашув жараёни бошланди. Хусусан, давлат томонидан маърифий исломни тарғиб қилиш, диний ташкилотлар фаолият олиб боришини енгиллаштириш, диний бағрикенгликни қўллаб-қувватлаш каби масалаларга чуқур аҳамият қаратилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳаси алоҳида устувор йўналиш этиб белгиланди.
Шунингдек, юртимизда дин соҳасида туб ўзгаришларга 2017 йил октябрь ойида мустақил Ўзбекистон тарихида илк марта БМТнинг Дин ёки эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонга ташрифи сабаб бўлди. Махсус маърузачи соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга ижобий баҳо ва тавсиялар берди. А.Шаҳиднинг тавсияларини амалга оширишга қаратилган Ўзбекистон Парламенти томонидан 52 та тадбирни ўз ичига олган “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги Фармони қабул қилиниб, унда Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Мазкур фармон билан Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази ташкил этилди. Марказга Дин ишлари бўйича қўмитанинг диний мавзуларга оид адабиётлар, Интернет ва оммавий ахборот воситалари материалларини чуқур таҳлил қилиш, диний-ижтимоий муҳитнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш фаолиятини амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Фармонга асосан Ўзбекистон халқаро ислом академияси, олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактаби ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди, шунингдек «Имом Бухорий» давлат мукофотини таъсис этиш, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги муассасаларда фуқароларга муқаддас Қуръони каримни ўргатувчи махсус курслар ташкил қилиш белгиланди.
Мазкур Фармон билан диний-маърифий соҳага оид қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиш, таҳлил қилиш, уларни такомиллаштириш, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш ва бошқа бир қанча чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 409-сон қарори билан Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Низомга асосан диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш учун ундириладиган давлат божлари ва тақдим қилинадиган ҳужжатлар сони камайтирилди. Шу билан бирга, диний ташкилотларга рўйхатдан ўтказувчи органга ҳисоботлар тақдим қилиш йилига бир марта амалга оширилиши ўрнатилди. Бундан ташқари, агарда диний ташкилот қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмаган тақдирда унинг фаолияти фақатгина суд тартибида тугатилиши белгиланди.
Йўл харитаси” доирасида “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Қонун билан Адлия вазирлиги ва Олий суди ўзининг расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали суд томонидан экстремистик ёки террористик деб топилган ҳамда Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерлар рўйхатини эълон қилиб, унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаши белгиланди.
Йўл харитаси”га асосан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳани ишлаб чиқишда энг аввало халқаро норма ва стандартлар талаблари, хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясиФуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактБМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги тавсиялари инобатга олинди.
Ушбу Қонун лойиҳасининг асосий мақсади ҳамма учун виждон эркинлигини кафолатлаш, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини таъминлаш, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаслик, ҳар бир шахснинг диний эътиқоди эркинлигини тўлиқ таъминлаш, шунингдек, динлараро ва миллатлараро тотувликни сақлаш мақсадида ваколатли давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик ва халқаро ҳамкорлар билан муҳокама қилинди. Жумладан, АҚШнинг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича элчиси С.Браунбэк офиси билан келишувга асосан 2020 йил мобайнида қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган видеоконференцалоқа шаклида маслаҳатлашувлар ва мамлакат тарихида диний соҳада илк бор Парламент эшитуви ўтказилди. Тадбирларда БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси, АҚШ Давлат департаменти ва бошқа хорижий ҳамкорлар вакиллари, миллий ва хорижий экспертлар, диний ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Мазкур тадбирларда хорижий ҳамкорларга Ўзбекистонда дин ва эътиқод эркинлиги соҳасида амалга оширилган ишлар, қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ), Венеция комиссияси ҳамда АҚШ Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси, Бригам Янг университети мутахассисларининг тавсиялари асосида, қолаверса, бутун дунёда содир бўлаётган ҳақиқий ҳолат ҳамда кўп асрлик тарихий ва диний қадриятлар асосида лойиҳа қайта кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 15 сентябрда биринчи ўқишда қабул қилиниб, иккинчи ўқишга киритишга тайёрланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда республикамизда 16 та конфессияга тегишли 2 298 та диний ташкилотлар фаолият юритиб келмоқда. Улардан 2107 таси исломий ҳамда 191 таси ноисломий ташкилотлардир. Шу жумладан, 15 та диний ўқув юртлари (13 та исломий диний ўқув юртлари – шундан 3 таси олий ва 10 таси ўрта махсус ислом билим юртлари ҳамда 2 та ноисломий олий ўқув юртлари) кенг фаолият юритиб келмоқда.
Аҳамиятлиси, биргина 2020 йил мобайнида адлия органлари томонидан жами 23 та диний ташкилот рўйхатдан ўтказилиб, уларнинг 8 таси черковлар, 14 таси масжидлар ва 1 таси исломий диний ўқув юртини ташкил этади.
Диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий нормалар мамлакатда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлашга асос бўлмоқда. Мамлакатимизда бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар дунё миқёсида ҳам муносиб эътироф этилиб, диний бағрикенгликнинг намунали модели сифатида баҳоланмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг диний эркинликлар соҳасида алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар рўйхатидан чиқарилганлиги, БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан 2017 йил 19 сентябрда таклиф этилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг қабул қилинганлиги бунга яққол мисолдир.
Биз ишонч билан айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон диний-маърифий соҳада кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошираётган давлатлардан бири ҳисобланиб, халқаро ташкилотлар ва АҚШ Ҳукумати томонидан бу борада ижобий баҳо берилаётганлиги барчамизни бирдек мамнун этади.
Жамиятда конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга йўналтирилган дин соҳасидаги олиб борилаётган Ўзбекистон сиёсати барқарорлик ва хавфсизликнинг муҳим омилидир.
Зеро диний соҳага оид қабул қилинаётган қонунлар, қарорлар нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун минтақа учун аҳамиятга молик эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Download 80.05 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling