Қарши давлат университети


Тадқиқот натижаларининг апробацияси


Download 407 Kb.
bet7/21
Sana02.04.2023
Hajmi407 Kb.
#1320669
TuriДиссертация
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   21
Bog'liq
Қудратов avtoreferat 07.01.2023

Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Тадқиқот натижалари 5 та илмий анжуман ва семинарларда, жумладан, 2 та халқаро ва 3 та республика илмий-амалий анжуманларида муҳокамадан ўтган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича 10 та илмий иш чоп этилган. Шулардан ЎзР ОАК томонидан докторлик диссертацияларининг асосий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрларда 7 та мақола, жумладан, 4 та республика ва 3 та хорижий журналларида чоп этилган. 3 та мақола тўпламлардаги илмий тезис ҳамда мақолаларда ўз аксини топган.
Диссертация тузилиши ва ҳажми. Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тақдим этилган ушбу илмий тадқиқот иши кириш, учта боб, хулоса, фойдаланилган адабиётлар ва манбалар ҳамда шартли қисқартмалар рўйхати ва иловалардан иборат. Диссертация ҳажми 121 бетдан иборат.


ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ


Кириш қисмида диссертация мавзусининг долзарблиги асослаб берилган, ўрганилиш даражаси тавсифланган, ишнинг мақсад ва вазифалари, илмий янгилиги ва амалий натижалари баён қилинган, олинган натижаларнинг илмий ва амалий аҳамияти очиб берилган, натижаларни амалиётга жорий қилиниши, нашр этилган ишлар ва диссертация тузилиши бўйича маълумотлар келтирилган.
Диссертациянинг “Қадимги давр шаҳарларининг шаклланиши ва ривожланиш генезиси таҳлиллари” деб номланган биринчи бобида аввало тарихшунослик масалаларига эътибор қаратилади.
Мавзу бўйича олиб борилган тадқиқотлар ва илмий адабиётларни уч гуруҳга ажратиб таҳлил этиш мақсадга мувофиқдир. Жумладан, Россия империяси, собиқ советлар ҳукмронлиги даври, учинчи гуруҳга эса мустақиллик йилларида амалга оширилган тадқиқотлар ва нашр этилган адабиётлар киради.
Россия империяси ҳукмронлиги даврида, Туркистон ўлкасига турли мақсадларда ташриф буюрган рус ва европалик сайёҳ ҳамда элчиларнинг асарлари орасида Н.В.Ханыков, А.Бёрнс, Н.А.Маев, В.В.Крестовский, Б.Н.Литвинов, Д.Н.Логофет кабиларнинг асарларини алоҳида кўрсатиш мумкин1. Бу асарларда Ўзбекистондаги айрим археологик ёдгорликлар ҳақида дастлабки маълумотлар келтирилган.
ХХ асрнинг 70-йилларидан бошлаб Ўзбекистондаги деҳқончилик маданияти, дастлабки шаҳарларнинг пайдо бўлиш омиллари ва асослари, уларнинг тараққиёт босқичлари масалаларига бағишланган кўплаб илмий тўпламлар ва монографиялар пайдо бўлди2. М.М.Дьяконов, В.М.Массон, Ю.Ф. Буряков, А.А.Асқаров, Э.В.Сайко, Э.В.Ртвеладзе, И.В.Пьянков, Р.Х.Сулаймонов, А.С.Сагдуллаев, Т.Ш.Ширинов, Ш.Р.Пидаев, З.И.Усмонова, М.И. Филанович, М.Х.Исамиддинов, Ш.Б.Шайдуллаев, Б.Х.Матбобоев, А.Анорбоев, М.Мамбетуллаев, Б.Эшов каби кўплаб тадқиқотчилар Ўрта Осиё ҳудудларида бронза давридан бошлаб антик давргача бўлган шаҳарсозлик маданияти масалаларини кўриб чиқиб, Ўрта Осиё ва жаҳон цивилизацияларини қиёсий ўрганишга ҳаракат қилганлар.
Учинчи гуруҳ адабиётларига мустақиллик йилларида олиб борилаётган тадқиқотлар ва нашр этилган адабиётлар киради. Мустақиллик йилларида ҳаққоний, холис тарих яратиш долзарб вазифага айланиб, урбанизация тарихи масалаларини чуқур ўрганиш бошланди. Бу даврда мавзу бўйича кўпгина илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилди. Улар қаторига А.Асқаров, Э.В.Ртвеладзе, А.С.Сагдуллаев, Р.Ҳ.Сулаймонов, Т.Ш.Ширинов, М.А.Юсупова, Д.Ҳ.Зияева, Г.А.Агзамова, М.Х.Исамиддинов, Б.Матбобоев, Ш.Б.Шайдуллаев, Б.Ж.Эшов ва бошқа олимлар тадқиқотларини киритиш мумкин3.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида амалга оширилган тадқиқотлар қадимги урбанизация жараёнлари масаласини ўрганиш тарихида янги босқич юзага келишига, шунингдек, кўп йиллик тадқиқотлар натижаларининг янги концептуал-услубий асосларда қайта кўриб чиқилишига асос бўлди.
Мавзунинг ўрганилганлик даражасини кўриб чиқиш шуни кўрсатадики, ХХ асрнинг 30-йиллари охирларига қадар Ўрта Осиё қадимги шаҳарлари тарихи асосан ёзма манбаларга таянган ҳолда ўрганилган эди, 50-60 йилларидан бошлаб 70-80-йилларгача ва XXI аср бошлари мобайнида минтақа ҳудудларида кенг археологик тадқиқотлар амалга оширилиб, бронза асри ва илк темир даври шаҳарлари тарихига оид янги маълумотлар фанга жорий этилган.
Хуллас, қадимги ва антик давр шаҳарсозлик тарихи тарихшунослиги тадқиқотларининг қиёсий таҳлиллари шуни кўрсатадики, бу даврлар шаҳарлари маълум вазифаларни бажарувчи мустаҳкамланган манзилгоҳгина эмас, балки жамоа ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоавий мулкдорларнинг алоҳида шаклини ўзида жамлаган, эркин фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини назарда тутувчи ижтимоий тузилманинг муҳим бўғини бўлиб, турли хил меъморий тузилмалардан ташкил топган.
Минтақамизда дастлабки шаҳарсозликнинг пайдо бўлишида кўплаб ижтимоий-иқтисодий ва маданий факторлар сабаб бўлишига қарамай турли географик шароитларда у ёки бу гуруҳ омиллар нисбатан устунлик қилади. Шунингдек, дастлабки шаҳар цивилизациясининг муҳим кўринишларидан бири турли шаклдаги аҳоли пунктларининг пайдо бўлиши ва уларнинг ўзаро муносабатлари ҳисобланади. Шунинг учун ҳам турли шарт-шароитлар, турли шаклдаги аҳоли пунктлари, ўтроқ аҳоли билан кўчманчи аҳоли ўртасидаги чегаравий ҳудудлар–буларнинг барчаси аҳоли ҳудудий районлашувининг (маълум ҳудудларда ўтроқ турмуш тарзи юритган аҳоли жойлашуви) асоси ҳисобланади. Шунингдек, аҳолининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган (деҳқончилик, ҳунармандчилик ва бошқ.) фаолияти ҳам ўтроқлашувни белгилаб беради.
Тадқиқотлар таҳлилларига кўра, ўтроқ деҳқончилик хўжаликлари юритган аҳоли бронза давридаёқ воҳа-воҳа бўлиб яшаганлар. Аҳолининг бундай жойлашув тартиби табиий-шароитлар билан боғлиқ бўлган географик нуқтаи назаридан қараганда Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистоннинг қадимги ҳудудлари учун хосдир. Бу жараёнга иккита муҳим омил-кичик воҳаларда деҳқончиликнинг ривожланиши учун қулай шароит ҳамда дунё тарихида дастлабки деҳқончилик ўчоғлари бўлган Олд Осиё ва Эрон билан қадимий узвий алоқалар асос бўлди4.
Э.В.Ртвеладзенинг фикрича, айнан мана шу даврдан бошлаб илк темир асрининг бошларигача маълум чегараланган ҳудудларда жойлашган унчалик катга бўлмаган вохалар тизими Шимолий Бақтрия аҳоли жойлашувининг асосий ҳудудларига айланади5. Тадқиқотчи А.Асқаров шунга ўхшаш бронза даврига оид учта - Шеробод, Бандихон ва Шўрчи воҳаларини ажратса6, А.Сагдуллаев уларни тўртта – Улонбулоқсой (Музработ), Шеробод, Халқажар (Миршоди) ва Бандихон воҳалари мавжуд бўлганлигини таъкидлайди7. Э.Ртвеладзе эса, бу тадқиқотчиларнинг фикрларига қисман қўшилсада, воҳаларни қўйидагича гуруҳлайди: Улонбулоқсой (Музработ), Шеробод, Халқажар (Миршоди) ва Ҳисор. Унинг фикрича, марказларнинг районлашуви-воҳа даставвал, Кўҳитангдан бошланиб кейин, қадимда Амударёга қўйилувчи унча катта бўлмаган Улонбулоқсой пайдо бўлади8.
Илк шаҳарлар омиллари марказлашувини маданий факторлар нуқтаи назаридан таҳлил этсак, бу жараёнда ҳар бир ўзига хос район шу ҳудудда мавжуд бўлган манзилгоҳлар ва турли кўринишдаги турар-жойлар, диний ва ҳунармандчилик иншоотлари, ишлаб чиқариш ва турмушда ишлатиладиган буюмлар-меҳнат қуроллари, жанговар қуроллар, тақинчоқлар, сопол идишлар мавжудлиги ҳамда турмуш тарзининг юқори даражаси ва мафкуравий тасаввурларнинг ривожланганлиги билан характерлидир9.
Бронза даври Жанубий Ўзбекистон шаҳарлари ҳақида гап кетар экан шуни таъкидлаш жоизки, бу давр ёдгорликлари фақат археологик тадқиқотлар орқалигина ўрганилиб, бу даврдаги сиёсий-маъмурий тузилмалар ҳамда ижтимоий-иқтисодий муносабатлар эса ёзма манбаларсиз, қиёсий таққослаш асосида ўрганилади. Айнан мана шунинг учун ҳам тадқиқотчиларнинг ушбу жараёнлар хусусидаги хулосалари кўп ҳолларда тахминлардан иборат10. Масалан, А.Асқаров ва Б.Абдуллаевлар бронза даври ривожланишининг Жарқўтон босқичини (мил. авв. II минг йиллик ўрталари) ибтидоий жамоа тузуми емирилиш даврига, кўзали ва молали босқичларини (мил. авв. II минг иилликнинг охирлари) эса мулкий тенгсизлик муносабатлари пайдо бўлиши даврига оид деб ҳисоблайдилар.11 А.Асқаров эса, аксинча, мил. авв. II минг йилликнинг охири-I минг йилликнинг бошларида давлатчилик муносабатлари шакллана бошлаган Бақтриянинг умумий ижтимоий ривожланиш даражасини ошириб юбормасликни таклиф этади12.
Хуллас, бронза даври Жанубий Ўзбекистон ҳудудларида яшаган ўтроқ деҳқончилик жамоалари жамият тараққиётининг юқори поғонасида бўлиб, ибтидоийликнинг сўнгги босқичидан цивилизацияга ўтадилар. Ушбу ўзига хос цивилизациянинг бошланиши шаҳармонанд (протогород) белгиларни ўзида акс эттирган Сополлитепа бўлган бўлса, Жарқўтон айнан йирик шаҳар белгиларини узида мужассамлантирган марказ эди.
Диссертациянинг иккинчи боби “Ўрта асрлар урбанизация жараёнларининг таҳлиллари (умумийлик ва ўзига хослик)” деб номланган бўлиб, бу ерда аввало, илк ўрта асрлар даври шаҳарларининг тараққиёти масалалари таҳлил этилади.
Сўнгги йилларда олиб борилган археологик изланишлар натижасида Фарғона водийсидаги илк ўрта асрлар даври шаҳарлари (Ахсикет, Поп, Андижон, Қува, Ўш, Косон)нинг пайдо бўлиши, ривожланиш босқичлари, шаҳарсозлик маданияти масалалари бўйича кўпгина янги маълумотлар тўпланди13.
Илк ўрта асрлар Фарғона водийси шаҳарларининг ривожига аҳолининг бир жойдан иккинчи жойга кўчиши (миграция), сиёсий вазият, қўшни ҳудудлар ва давлатлар билан иқтисодий-маданий алоқалар ҳам таъсир этган. Бу даврда водийдаги шаҳар маданиятига биринчи навбатда Чоч, Уструшона, Суғд ва Шарқий Туркистоннинг таъсири етарли даражада бўлган. Шу билан бирга бу таъсирларнинг меъёри бир хил ва бир вақтда бўлмаган ҳамда ҳудудларга қараб оз ёки кўп даражада бўлган. Бу даврда водийдаги шаҳарларнинг барчаси дарё ёки сойлар (Косонсой, Қувасой, Исфарамсой ва бошқ.) бўйларида, ёхуд қадимги йўллар бўйида жойлашган эди.
Илк ўрта асрлар даври Сурхондарё ва Термиз шаҳри Тоҳаристон деб номланган йирик тарихий-маданий вилоят таркибида эди. IV аср охиридан Тармита-Термиз вақти-вақти билан Кидарийлар, Хионийлар ва Эфталийлар давлати таркибида бўлган. VI асрнинг ўрталарига келиб Тармита-Термиз шаҳри атрофида бой деҳқоларнинг чорбоғ-қўрғонлари қад кўтаради. Шаҳарда катта қурилиш ишлари олиб борилиб, VI асрнинг иккинчи ярми-VII аср бошида шаҳар атрофида мустаҳкам мудофаа иншоотлари барпо этилади14.
Қашқадарё воҳасининг илк ўрта аср марказий шаҳарларидан бири Кеш ҳисобланди. Ўрта аср ёзма манбаларида бу кўҳна шаҳар ва у жойлашган ҳудуд “Каш- Кашш”, “Kас-Кос”, “Кис-Кисс” шаклларида тилга олинади. Қадимги Хитой манбаларида шаҳар номи “Cушие”, “Циши”ёки “Cусе”, тарзида келтирилади. 726 йил ш турли шаклдаги аҳоли пунктларининг турли шаклдаги аҳоли пунктларининг турли шаклдаги аҳоли пунктларининг турли шаклдаги аҳоли пунктларининг у давлатини айланиб чиққан Хитой сайёҳи Сюан Цзан Кеш номини “Цзешуанна” деб қайд этади15. Туркий тилларнинг айрим тармоқларида Кеш сўз сув билан боғлиқ маънода қўлланиб келганлиги ҳам айтиб ўтилган.
Қашқадарё воҳаси ҳудудида турли тарихий даврларда шаклланган ва турли даврларда вайронага айланган илк ўрта аср шаҳарларидан бири Шулликтепа-Қарши шаҳридан 7-8 км чамаси шимолий-ғарбда, асосан Қашқадарёнинг сўл қирғоғида ҳозирги Тўқманғит қишлоғи яқинида жойлашган. Бу ҳудудда дарёнинг кенг майдонни эгаллаган ярим доира шаклидаги қайрилиши бўлиб мана шу қайрилиш ичида Нахшаб-Насафнинг арки, шаҳаристони ва рабоди жойлашган16. Кичик қишлоқлар кейинчалик Нахшаб- Насаф шаҳрининг, аниқроқ Нахшаб- Насаф шаҳристонининг шаклланишида бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас17.
Ўрта Осиёда юз берган тарихий жараёнларнинг таҳлили истеҳкомли манзилгоҳлари, шаҳар марказлари ва қалъалари бўлган алоҳида тарихий-маданий минтақалар бўйича ўхшаш жараёнларнинг таҳлилидан таркиб топади. Бутун Ўрта Осиёда ва унинг атрофидаги ҳудудларнинг тарихий ҳамда маданий ҳодисаларида муҳим ўрин тутган қадимги Хоразм ана шундай минтақалардан бири бўлган.
Қадимги Хоразм тадқиқотчиларининг фикрларига кўра, илк ўрта асрлар даври Хоразмнинг шаҳар типидаги истеҳкомли манзилгоҳлари майдони 5 гектардан 70 гектаргача бўлган. Уларнинг контурини ташқи девор аниқ кўрсатиб туради. Бу давр Хоразмдаги қўрғони мудофаа деворлари бўлган шаҳарларга Кўзалиқир-25гектар, Қалъалиқир-1-70 гектар, Оқшахонқалъа-56 гектар, Бозорқалъа-33 гектар, Ичанқалъа-Хива-26 гектар, Девкесган-20 гектар, Хазорасп-10 гектар, Тупроққалъа-17 гектар кабиларни киритиш мумкин18.
Суғд шаҳарларидан бири Пойкандда ҳам қизғин тадқиқот ишлари олиб борилган. Янада қадимгироқ даврда (антик) асос солинган ушбу кўҳна шаҳар илк ўрта асрлар даврига келиб кенгайиб боради ва V-VI асрнинг бошларига келганда уч қисмли йирик марказга айланади ҳамда умумий майдони 18 гектарга етади. Пойканд қазишмаларида илк ўрта асрларга оид кўплаб моддий маданият буюмлари топилган бўлиб, улар ҳақиқатдан ҳам Пойканд бу даврда араб манбаларида таърифланганидек, “Мадина-ат-тужжор”-“Савдогарлар шаҳри” бўлганлигидан далолат беради. 19
Илк ўрта асрлар даври ижтимоий-иқтисодий ҳаётда муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик марказлардан (эҳтимол, пойтахт шаҳарлардан) бири Бухоро эди. Тўғри тўртбурчак шаклдаги ушбу шаҳарнинг асоси 21 гектар бўлиб, бу ерда мустаҳкам ҳимоя иншоотлари, ҳукмдор саройи, мафкуравий иншоотлар, турар-жой қолдиқлари очиб ўрганилган. Топилган моддий маданий буюмлари Бухоро илк ўрта асрлардан бошлаб Ўрта Осиёнинг йирик маданий ва иқтисодий марказларидан бири бўлганлигидан далолат беради. Шунингдек бу даврда шаҳарнинг еттита дарвозаси бўлиб, бу ҳолат унинг муҳим савдо-транзит йўли устида жойлашганлигидан далолат беради. 20
Ёзма манбаларда қайд қилинишича, бозорлар катта-кичик шаҳарларда ва ҳатто қишлоқларда ҳам бўлган. Айниқса карвон йўллари бўйида жойлашган шаҳарларда бир нечтадан бозорлар бўлган. Бухоро, Хўжанд, Насаф, Кеш, Термиз, Ҳирот, Марв, Нишопур шаҳарларидаги бозорлар катта ва гавжум бўлган. Истахрийнинг маълумот беришича, Самарқандда Мовароуннаҳрнинг бош бозори жойлашган бўлиб, бу ерга кўпгина шаҳарлардан савдогарлар келган. Мовароуннаҳрда тайёрланган маҳсулотларнинг катта қисми Самарқандга келтирилган ва ундан кейин бошқа ўлкаларга тарқатилган. Ички ва ташқи савдода айрим кичик шаҳарларнинг ҳам ўрни катта бўлган.21
Бу борада Пойканд шаҳри муҳим аҳамият касб этади. Манбаларда қайд этилишича, бу шаҳарда Сомонийлардан олдин ҳам савдогарлар Хоразм, Каспий бўйидаги ўлкалар ва Хитой билан олди-сотти ишлари олиб боришган. Шаҳар раислари савдогарлар учун барча шароитлар яратиб беришга ҳаракат қилганлар. Шаҳарда ўнлаб карвонсаройлар мавжуд бўлган, улар бозорга яқин жойда жойлашган. Савдо расталари карвонсаройнинг ўзида ҳам бўлган. Карвонсаройлар йўлларда ҳам қурилган.
Ўрта Осиёлик савдогарлар ўз молларини араб халифалиги таркибига кирган давлатларга, Кавказга, Хазар ва Булғорияга, Хитой ва Ҳиндистонга олиб бориб сотганлар. Ўрта Осиёдан Хитой билан Ўрта ер денгизини бирлаштирувчи ва Жануби-Шарқий Европага олиб борувчи карвон йўллари ўтган. Айниқса, Ўрта ер денгизи билан боғловчи карвон йўли анча гавжум бўлган. Бу йўл Бағдод, Ҳамадон, Нишопур, Марв, Амул, Бухоро, Насаф, Кеш, Самарқанд, Уструшона, Чоч, Баласоғун орқали Хитойга олиб борган. Хитойга Ўрта Осиёдан отлар ва шиша буюмлар олиб борилган. Хитойдан эса турли-туман ипак газламалар келтирилган. Хазар, Булғор ва Рус ерларига Ўрта Осиёдан қуруқ мевалар, турли-туман газламалар, гуруч ва кумуш чиқарилган. Ўз навбатида Жануби-Шарқий Европадан Ўрта Осиёга мўйна, мис, тери, қорамол, қуллар келтирилган. Жануби-Шарқий Европа билан бўлган савдо алоқаларида хоразмлик савдогарларнинг ўрни катта бўлган.22
Қорахонийлар Ўрта Осиёни босиб олганларидан сўнг бу ердаги иқтисодий-маданий ҳаётда ҳам катта ўзгаришлар рўй берди, шаҳарлар тараққий этди, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожланди. Шаҳарлар ривожланиши билан шаҳар аҳолиси сони ҳам кўпайиб борди. Сомонийлар давридаёқ йирик шаҳарлар бўлган Самарқанд, Бухоро, Термиз, Марв, Қорахонийлар даврида янада кенгайди. Бу шаҳарлар энди уч қисмли-арк, шаҳаристон, работдан иборат шаҳарларга айланди. Уларда янгидан-янги ҳашаматли иморатлар пайдо бўлди. Бу иморатлар ўз тузилиши ва нақшлари билан ажралиб туради.
Амир Темур ва Темурийлар даври (XIV асрнинг иккинчи ярми охири - XV аср)да йирик ва кўркам шаҳарлар қурилиши давлатнинг асосий вазифаларига кирганлиги боис Соҳибқирон ва унинг ворислари салтанат шаҳарларини ривожлантиришга ҳамда дунёда уларнинг мавқеларини кўтаришга жуда катта эътибор беришган. Бу ишга жуда катта маблағ ва турли давлатлардан кўплаб ишчи кучлари жалб этилган.23
Г.А.Пугаченкова Амир Темур ва Темурийлар даври шаҳарларига қуйидагича таъриф беради: “арк-қалъалар – бу давлатнинг куч-қудрати, саройлар – хокимиятнинг шукуҳи ва савлати, ислом маданий бинолари – мусулмонлар мафкурасининг ғалабаси, бозор қурилмалари – ҳунармандчилик ва савдо-сотиқнинг ривожи, зич қурилган уй-жой ва даҳалар – мураккаб шаҳарлар тизимининг танаси ва қонидир”24.
Мовароуннаҳр Соҳибқирон ва темурийлар қўлига ўтгач, маданий ҳаёт анча жонланиб, тараққий эта бошлайди. Амир Темур ўзи қўлга киритган ерлардан нафақат моддий бойликларни, балки маънавий манбаларни ҳам ўз давлати ва пойтахтига тўплаган. Жумладан, жуда кўп юртлардан қимматли ва ноёб китоблар, машҳур олимлар, меъморлар ва бошқа кўплаб турли соҳалардаги салоҳиятли кишиларни Самарқандга олиб келган. Улардан ўз давлати ва унинг пойтахтини сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий жиҳатдан юксалтиришда фойдаланган.
Самарқандда ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ кенг ривожланган. Уларни тўғри ташкиллаштириш учун шаҳар ичида ва ташқарисида катта-катта очиқ майдонлар керак бўлган. Бу ерда бўлган испан элчиси Клавихо очиқ майдонлар ҳақида қуйидагиларни ёзиб қолдирган: “Шаҳарда кўплаб майдонлар бўлиб, бу ерларда гўшт... товуқ ва қушлар, нон ва мевалар ва бошқалар сотилади. Ҳаммаси топ-тоза ва озода. Майдонлар кечаю кундуз одамлар билан тўла ва савдо-сотиқ авжида”. Самарқанд шаҳрида илк бор Амир Темур замонасида усти ёпиқ савдо кўчаси бунёд этилган эди. Бу ҳақда ҳам Клавихонинг кундалигида ўқиймиз: “Самарқандда Хитой, Ҳиндистон, Татаристон ва бошқа жойлардан келтирилган ёки Самарқанднинг ўзида ишлаб чиқилган турли хил маҳсулотлар ҳар йили сотилади. Барча маҳсулотларни сотиш учун шаҳарда жой камлик қилгани учун, подшоҳ бутун шаҳар бўйлаб кенг савдо йўли ўтказишга ва унинг икки тарафида савдо расталари жойлаштиришга буйруқ беради... Бу йўл усти ёпилиб, баъзи жойларидан ёруғлик тушиши ва ҳаво айланиши учун дарчалар қолдирилади. Йўл бўйлаб маълум масофаларда ҳовузлар бунёд этилади”.25
Амир Темур ва темурийлар даврида Тошкент шаҳри янги қўрғон деворлар билан ўралиб, шаҳарга 12 та дарвозалар ва бирқанча қопқалар орқали кирилган. Бу даврларда шаҳар ичкариси ва ташқарисида маҳобатли иншоотлар қурилади, меъморий мажмуалар пайдо бўлади. Шаҳар одатдагидай уч қисмдан: арк, ҳисор ва рабоддан иборат бўлган. Тошкент шаҳрининг структуравий тузилиши радиал йўналишдаги кўчалар орқали белгиланган. Шаҳар марказида арк ва регистон мавжуд бўлган. Бу даврга оид шаҳар қўрғон девори, дарвозалари ва қопқалари сақланиб қолмаган.26
Бухоро қадимий шаҳарлардан бири ҳисобланиб, ўрганилаётган даврда йирик қўрғондеворлар билан ўралган. Шаҳар уч қисмдан иборат бўлган: арк, шаҳристон ва рабод. Шаҳарга 11 та кириш дарвозалари орқали кирилган. Улар Самарқанд, Имом, Ўғлон, Талипач, Шергарон, Қоракўл, Шайх Жалол, Намозгоҳ, Саллахона, Қарши ва Мозор каби номлар билан аталган. Бу дарвозалардан фақатгина Шайх Жалол дарвозасигина нисбатан яхши сақланиб қолган. Дарвозалар орқали кирувчи йўллар асосий йўллар ҳисобланиб, бирмунча кенг бўлган. Шаҳар марказига элтувчи бу йўллар бўйлаб савдо иншоотлари ва ҳунармандчилик устахоналари барпо этилган27.
Шаҳрисабз шаҳрининг XIV асрдаги топографик схемасига назар ташласак, бу вақтга келиб ҳисорга олти дарвоза орқали кирилган. Ғарбдан шарққа қараб кетган кўча вақт ўтиши билан кўп тирсакли шаклга эга бўлиб қолган. 1378-1379 йилларда Амир Темур бу шаҳарда катта ободонлаштириш ишларини олиб борган. Шаҳарнинг шимоли-ғарбий чорагида Амир Темур улкан иншоот – Оқ сарой иншоотини қурдирган эди. Унинг олдида Регистон майдони бўлган. Абдуллахон даврида ҳам бу ерларда арк бўлган деб тахмин қилинади. Шаҳарнинг жанубий ярмида Дор ус-сиёдат ва Дор ут-тиловат мажмуалари барпо этилган.28 Бу шаҳарда Мирзо Улуғбек Дор ут- тиловат мажмуаси таркибида жоме масжиди (1435 й.), шунингдек Кўк гумбаз масжиди (1435 й.) ва Гумбази Сайидон мақбара (1437 й.) ларини қурдирган.
Мирзо Улуғбекнинг шаҳарсозлик соҳасидаги бунёдкорлик фаолияти икки йўналишдан иборатдир. Биринчиси, бу масжид, мадраса, карвонсарой, ҳаммом, мақбаралар каби янги иморатлар қурилиши бўлса, иккинчиси битмай қолган иморатлар мажмуасини якунланган шаклига келтиришдан иборатдир.
Хулоса қилиб айтганда, Амир Темур ва темурийлар даврида шаҳарларда меъморий мажмуалар яратишга жуда катта эътибор берган. Бу мажмуалар шаҳарларнинг марказий қисмларига яқин жойда қурилган ва аҳоли энг кўп тўпланадиган жойларидан бири ҳисобланган. Айнан шу жойларда бозор қурилмалари ҳам ривожланган. Улар таркибига турли типдаги иншоотлар: илмий – мадрасалар, диний – масжидлар ва хонақоҳлар, дунёвий – карвонсарой ва ҳаммомлар кирган дея тахмин қилиш мумкин.
Диссертациянинг учинчи боби “Ўзбекистонда XVI-ХХ асрнинг бошларидаги шаҳарсозлик маданияти” деб номланган бўлиб, бунда даставвал хонликлар давридаги шаҳарлар ҳаётининг қиёсий таҳлиллари кўриб чиқилади.
Марказий Осиёдаги энг диққатга сазовор шаҳарлардан бири - Xива Амударёнинг чап соҳилида Ўзбекистоннинг ҳозирги Xоразм вилоятининг жанубида жойлашган. Бу минтақада бутунлигича сақланиб қолган ягона нодир обида - шаҳардир. 1967 йилда Xива қўриқxона - шаҳар деб эълон қилинди, 1990 йилдан бошлаб эса Xиванинг иккинчи қисми - Ичан қалъа ЮНЕСКО томонидан жаҳон аҳамиятига молик тариxий обида сифатида эътироф этилди.
XVI асрдан бошлаб Xива бир неча бор xонликнинг пойтаxти деб эълон қилинади. 29XVII аср бошларида, Араб Муҳаммад даврида (1602-1623 йиллар) Xоразмда нисбатан сиёсий барқарорлик ўрнатилгач, Xива ҳақиқатан ҳам давлатнинг пойтаxт шаҳрига айланди. Қурилиш ишлари бирмунча кенгайди, жумладан, маҳобатли Араб Муҳаммад мадрасаси қурилди. Xива айниқса XIX асрда юксак тараққий этди. Xива xонлиги кенгайиши ва мустаҳкамланиши муносабати билан Ичан қалъа ва Дишан қалъада қурилиш суръати жадаллашди. Маҳобатли шаҳар девори Xоразм мудофаа истеҳкомлари қурилишининг ёрқин намунасидир. Деворнинг баландлиги 10 метрга яқин, ташқи томондан бироз қиярок кўринишда бўлиб, ҳар 30 метр оралиқда буржлар ишланган. Девор юқориси кунгура билан якунланган.
Қўқон xонлиги даврида (1709-1876 йиллар), Қўқон шаҳри Марказий Осиёнинг энг йирик сиёсий, иқтисодий, маданий марказига айланди. 1798 йили Олимxон давридан бошлаб, мамлакатнинг номи расмий равишда “Қўқон xонлиги” деб номланди ва бошқарувчи эса “Xон” деб атала бошланди. Қўқон xони Умарxон даврида, шаҳар Қўқанди Латиф деган нисбатга эга бўлди. Бу гўзал, ёқимли ва нафис шаҳар деган маънони англатади. Меъморчилик, ҳунармандчилик, илм-фан, савдо-сотиқ ниҳоятда ривожланди. 30
Шаҳарсозлик маданияти анъанавий сўнги ўрта аср шаҳарлари усулида шаклланиб, битта умумий марказга эга бўлган шаҳристон аниқ режаланган бўлиб, баландлиги 7 метр келадиган қалъа девор билан ўралган. Деворлардан 12 та дарвоза очилган: Тошкент, Қудуғлик, Ғозиёғлик, Xўжанд, Афғон боғ ёки Исфара, Мўйимуборак, Қатағон, Риштон, Марғилон, Тоғлик, Наманган, Чуст дарвозалари. Дарвозалар жойлашган жойнинг номи ёки дарвозадан бошланган йўл қаерга олиб борса, ўша жойнинг номи билан номланган31.
Сўнгги ўрта асрларда Ўзбекистон шаҳарлари ўзининг режавий тузилиши бўйича бир қанча умумий ва айрим ўзига хос томонларга эга бўлган. Шаҳарларнинг кўпларига хос умумий жиҳатларлардан бири - уларнинг мудофаа деворлари билан ўралганлигида эди. Шаҳар деворлари уларни ташқи хавфдан ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий ҳаётни, тартибни бир маромда ушлаб туришда муҳим ўрин тутган. Шу сабабли улар маҳоботли ва мустаҳкам қилиб бунёд этилган. Қўрғондеворлар улар атрофидаги ҳандақлар билан биргаликда шаҳарларнинг энг яхши ҳимоя воситаси ҳисобланган.
Қўқон хонлиги шаҳарлари мудофаа деворлари билан муҳофазаланиши жиҳатидан Бухоро ва Хивадан фарқ қилган. ХIХ аср муаллифлари Қўқон шаҳарларининг мудофаа деворлари билан ўралмаганлигини қайд этади. Жумладан, Кун “...Марғилондан бошлаб, биз девор билан ўралган шаҳарларни жуда кам учратамиз”, - деб ёзади.32
Самарқанд шаҳри девори ҳақида Н.Хаников қуйидагиларни ёзган эди: “У анчагина тўғри тўртбурчак, аниқроғи трапеция кўринишида жойлашган... Бу девор кўп жиҳатдан Бухоронинг деворига ўхшайди”.33 Сўнгги ўрта асрлар давомида шаҳарлар ривожланиб, ҳудудий жиҳатдан кенгайиб борган.
ХIХ асрнинг 40-йилларида Н. Ханыков Қарши ҳақида, “шаҳар учта концентрик девор билан ўралган” – деб ёзган эди34. Бу маълумот ҳам шаҳар ҳудудининг кенгайиб борганлигидан далолат беради. ХIХ асрнинг биринчи ярмига келиб, айрим тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, шаҳар деворлари ўзларининг ҳарбий-истеҳком сифатидаги аҳамиятини йўқота борган.35
Тошкент дарвозалари ҳақидаги ушбу маълумотлар шаҳарнинг XVIII асрнинг охири - XIX аср бошларида кенгайиб борганлиги ва унинг савдоиқтисодий алоқалари доираси ўсиб борганлигидан далолат беради. 1842 йилда қурилган Қўқон шаҳри деворининг ҳам 12 та дарвозаси бўлган.36
Умуман олганда, турли хонликлар ҳудудида ўрин олганлигига қарамай, ягона ҳудуд - Ўрта Осиёда жойлашган сўнгги ўрта асрлар шаҳарларини бирлаштириб турувчи бир қатор жиҳатлар мавжуд эди. Улардан бири сифатида шаҳарларнинг тузилиши ва у билан боғлиқ айрим жиҳатларни кўрсатиш мумкин. Деворлар билан ўраб олиниши, дарвозаларнинг мавжудлиги, шаҳарларнинг ички тузилиши ва бошқалар ҳам шулар жумласидандир.
XIX асрнинг охири – ХХ аср бошларига келиб шаҳарлар тарихида янги босқич бошланади. Тарихшунослик маълумотларига кўра, бу даврга келиб жаҳон миқёсида урбанизация жараёнлари фаоллашиб, шаҳарсозлик маданияти ривожланди, шаҳарларнинг тузилиши, қиёфаси ўзгариб, уларнинг ҳудуди ва аҳолиси жадал ўсиб борди.
Бу даврдаги Ўзбекистон ҳудудларида мавжуд бўлган йирик тарихий шаҳарлар, ўрта ва кичик шаҳарчаларнинг меъморий тузилиши, ижтимоий-иқтисодий бошқарув тизими, мустамлака шароитида шаҳар маданияти, таркибий тузилиши ҳамда бошқарувидаги ўзгаришлар, умуман ўлкамиздаги урбанизация жараёнлари ва уларга таъсир этган омиллар ҳақида кўплаб манбалар мавжуд. Ушбу манбалар маҳаллий муаллифларнинг асарлари, статистик маълумотлар, рус зобитлари, сайёҳлари, олимларининг эсдаликлари ва асарлари, архив маълумотларидан иборатдир.
Статистик маълумотларга кўра, 1886 йилда “Туркистон ўлкасини бошқариш ҳақидаги Низом” тасдиқланиб, унга кўра Фарғона вилояти 5 та уездга бўлинади.37 Бундан олдинги йиллардаги Д.Романовский маълумотларига кўра, водийда Қўқон, Наманган, Марғилон, Косон, Чуст, Конибодом, Ўш, Тошкент, Чимкент каби шаҳарлар мавжуд бўлган.38 Аммо, бу рўйхатга водийнинг йирик шаҳарларидан бири бўлган Андижон киритилмаган.
Тадқиқотчи Д.Ҳ.Зияева сўнгги йилларда ўрганилаётган давр Ўзбекистон шаҳарлари тарихи бўйича самарали тадқиқотлар олиб борди. Олиманинг умумлашма хулосаларига кўра, Россия босиб олгунига қадар Қўқон хонлиги таркибида Тошкент, Қўқон, Андижон, Марғилон, Наманган, Туркистон, Сайрам, Чимкент, Косон, Чуст, Ўш, Конибодом, Балиқчи, Ўзган, Шаҳрихон, Асака каби 15 дан зиёд шаҳар ва шаҳарчалар бўлиб, улардаги аҳоли нуфузи 400 000 га борган. Хонлик 15 та бекликка бўлинган бўлиб, пойтахт Қўқондан ташқари 15 та беклик маркази, яъни, ҳам маъмурий, ҳам иқтисодий марказлар шаҳарлар сифатида мамлакат ҳаётида муҳим ўрин тутган эди.39
Самарқанд шаҳри XIX аср ўрталарида Бухоро амирлигида пойтахт шаҳридан кейин иккинчи ўринда турган. Шаҳар атрофи боғлар билан ўралиб, қайрағоч, тут ва мевали дарахтлар билан қопланган. Тарихшунослик маълумотларига кўра, ўрганилаётган даврда Самарқанд шаҳри 4 қисмга – Пайноб, Қаландархона, Сўзангарон ва Хўжа Ахрор даҳаларига бўлинган. Даҳалар эса маҳаллаларга бўлиниб, ҳар бир маҳалла шу ерда жойлашган масжидлар номи билан юритилган40. Самарқанд 1871 йилдан эски ва янги шаҳар қисмларига бўлинган. Шаҳардаги уйларнинг аксарияти бир ёки икки қаватли (болохонали) қурилган бўлиб, деворлари пахсадан бунёд этилган. Деразалар кўп ҳолларда ичкарига қараган. Ўзига тўқ хонадонлар оилаларида ҳовли йўлакларига ғишт ётқизилган.41
Тарихий манбалар Бухоро амирлиги шаҳарлари ҳақида ҳам кўплаб маълумотлар беради. Ўрганилаётган даврда амирликдаги энг йирик шаҳар Бухоро эди. Бу даврда шаҳарни 12 км бўлган баланд девор ўраб турар, унда 130 та ярим минора (буржлар) ва дарвозалар учун 11 та қўш миноралар бўлган. Шаҳарнинг Ҳазрати Имом, Самарқанд, Шайх Жалол, Мозори Баҳовиддин, Қарши, Намозгоҳ, Шергирон (Тиргирон), Талапоч, Қоракўл, Оқлон (Ўғлон), Бобои Порадўз номли дарвозалари бўлган.42
Маълумотларга кўра, ХХ аср бошларида Хива хонлигида пойтахт Хивадан ташқари Хазорасп, Янги Урганч, Хонқа, Хўжайли, Гурлан, Кўҳна Урганч, Тошҳовуз, Қўнғирот, Шовот, Кат каби катта-кичик шаҳарлар бўлган. Хонлик ҳудудидаги шаҳарларнинг аҳамияти нафақат маъмурий марказ, балки мудофаа объекти сифатида ҳам муҳим роль ўйнаган. Ҳар бир шаҳар ёки шаҳарча мустаҳкам қўрғон бўлиб, атрофи деворлар билан ўралган. Айниқса, Хива, Хазорасп, Янги Урганч, Гурлан, Кўҳна Урганч каби шаҳарлар йирик мудофаа марказлари ҳам эди.43
Бу даврдаги шаҳар маданияти ва шаҳарсозлик мустамлака манфаатлари доирасида ривожланиб, маҳаллий аҳоли манфаатлари инобатга олинмади. Бу ҳолат эса шаҳарсозлик маданиятининг нотекис ривожланишига олиб келди. Бу давр шаҳарларида ёнма-ён икки хил манзара – рус аҳолиси учун замонавий инфратузилмаларга эга янги шаҳарчалар ҳамда маҳаллий аҳоли яшовчи, замон талабларидан ортда қолган, ўтган аср қиёфасидаги шаҳарлар яққол кўзга ташланиб турди. Аммо, иқтисодий марказ мақоми барибир эски шаҳарларда сақланиб қолиб, янги шаҳарчалар эса иқтисодий марказ мавқеига эриша олмадилар.
Хулоса
Диссертация Ўзбекистон тарихий шаҳарларининг ривожланиш эволюцияси (энг қадимги давр – ХХ аср бошлари)ни ўрганиш натижасида қуйидаги хулосалар илгари сурилди:.
1. Мавзу тарихшунослигининг таҳлиллари шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳудудларидаги бронза ва илк темир даврига оид бўлган илк шаҳар марказлари билан боғлиқ кўплаб археологик тадқиқотлар амалга оширилиб, илмий маълумотлар доираси кенгайди. Ушбу тадқиқот ишида мавзуга оид кўплаб илмий адабиётлар қиёсий ўрганилиб, таҳлил қилиниб, илк шаҳар марказлари тарихига оид археологик маълумотлар тарихга йўналтирилди. Натижада Ўзбекистондаги қадимги урбанизация жараёнлари тарихий нуқтаи назардан таҳлил қилинди.
2. Мустақиллик йилларида шаҳарлар эволюцияси тарихи билан боғлиқ амалга оширилган тадқиқотлар қадимги урбанизация жараёнлари масаласини ўрганиш тарихида янги босқич юзага келишига, шунингдек, кўп йиллик тадқиқотлар натижаларининг янги концептуал-услубий асосларда қайта кўриб чиқилишига асос бўлди. Умуман, мустақиллик даври мавзуга оид билимларнинг босқичли кенгайиши ҳамда мавжуд маълумотларни миллий мафкура, миллий менталитет асосида қайта ўрганилиши даври сифатида намоён бўлди.
3. Диссертацияда мавзуга оид илмий адабиётлар ва ахборот доирасининг кенгайиши асосида қадимги урбанизация тарихи ўрганилишининг айрим масалалари ёндашувлар таҳлил қилиниб, антик давр шаҳарсозлиги масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Олиб борилган тадқиқотлар Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларидан антик даврга оид эллинизм маданияти билан боғлиқ бўлган шаҳар харобалари (Далварзинтепа, Холчаён ва бошқ.), турар-жойлар, моддий маданият буюмлари, танга пулларнинг топилиши бу ҳудудлардаги маҳаллий маданиятга эллин анъаналари (шаҳарсозлик, ҳайкалтарошлик, меъморчилик, бадиий-амалий санъат, алифбо ва бошқ.) маълум даражада таъсир этганлигидан далолат беради.
4. Аниқлинашича, Ўзбекистондаги шаҳарлар эволюциясида кўплаб ижтимоий-иқтисодий ва маданий факторлар сабаб бўлишига қарамай, турли географик шароитларда у ёки бу гуруҳ омиллар нисбатан устунлик қилган. Шунингдек, шаҳарлар эволюциясининг муҳим факторларидан бири – турли шаклдаги аҳоли пунктларининг пайдо бўлиши ҳамда уларнинг ўзаро муносабатлари ҳисобланади. Шунинг учун ҳам турли шарт-шароитлар, турли шаклдаги аҳоли пунктлари, ўтроқ аҳоли билан кўчманчи аҳоли ўртасидаги чегаравий ҳудудлар кабилар аҳоли ҳудудий районлашувининг асоси ҳисобланади. Шунингдек, аҳолининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган (деҳқончилик, ҳунармандчилик ва бошқ.) фаолияти ҳам аҳоли пунктлари пайдо бўлишини белгилаб беради.
5. Тадқиқот натижаларига кўра, илк ўрта асрлар Ўзбекистон шаҳарларининг ривожига аҳолининг бир жойдан иккинчи жойга кўчиш (миграция жараёнлари) сиёсий вазият, қўшни ҳудудлари ва давлатлар билан иқтисодий-маданий алоқалар ҳам таъсир ўтказган. Жумладан, бу даврда Ўзбекистондаги шаҳар маданияти эволюциясига Фарғона, Тохаристон, Суғд, Чоч, Уструшона ва Шарқий Туркистоннинг таъсири сезиларли бўлган. Шу билан бирга бу таъсирларнинг (кўҳна шаҳарлар харобаларидан топилган моддий маданият буюмлари мисолида) меъёри (айниқса, қурилиш услублари) бир хил ва бир вақтда бўлмаган ҳудудларга қараб оз ёки кўп даражада бўлган. Бу даврда катта ва кичик шаҳарлар сой, дарё бўйларида ёки қадимги йўллар ёқаларида жойлашган.
6. IX - XII аср бошлари даври Ўзбекистоннинг қадимги вилоятлари, жумладан, шаҳарлари тарихи ва маданиятида ўта мураккаб, сиёсий воқеаларга, кўплаб урушлар ҳамда сулолалар алмашинувига бой давр бўлиб, шаҳарларнинг тааққиёти ҳам ана шу воқеиликлар жараёнида кечган. Ёзма манбалар маълумотларига кўра, бу даврда карвон йўллари бўйида жойлашган Бухоро, Кеш, Самарқанд, Насаф, Термиз каби шаҳарларда бозорлар мавжуд бўлиб, улар катта ва гавжум бўлган. Бу давр шаҳарларининг ривожида ички ва ташқи савдонинг аҳамияти катта бўлиб, катта-кичик шаҳарлардаги карвонсаройлар йилнинг барча фаслларида доимо банд бўлган.
7. Амир Темур ва Темурийлар даврида йирик ва кўркам шаҳарлар қурилиши давлатнинг асосий вазифаларига кирганлиги боис Соҳибқирон ва унинг ворислари салтанат шаҳарларини ривожлантиришга ҳамда дунёда уларнинг мавқеларини кўтаришга катта эътибор беришган. Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Термиз каби шаҳарлар бу даврда тўртбурчак тарзда шаклланган. Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Қўқон, Андижон ва Қарши шаҳарларида айнан шу даврда Регистон номли марказий майдон шакллана бошлаган. Манба тили билан айтганда, Амир Темур ва Темурийлар даври шаҳарларида арк-қалъалар бу – давлатнинг куч-қудрати, саройлар – ҳокимиятнинг шукуҳи ва савлати, ислом маданий иншоотлари – мусулмонлар мафкурасининг ғалабаси, бозор қурилмалари – ҳунармандчилик ва савдо-сотиқнинг ривожи, зич қурилган уй-жойлар ва маҳаллалар – мураккаб шаҳарсозлик тизимининг ифодаси эди.
8. Хонликлар давридаги сиёсий вазият туфайли барча йирик шаҳарларнинг мудофаа иншооталарига асосий эътибор қаратилди. Хусусан, Бухорода 12 км лик шаҳар деворида 11 та дарвоза, Хиванинг 10 км лик деворида 10 та дарвоза, Қўқоннинг 14 км лик деворида 12 та дарвоза, Самарқандда 20 км га яқин деворида 12 та дарвоза, Тошкендаги 12 км лик деворда 11 та дарвоза бўлган. Шунга қарамасдан, Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонликларида каттаю-кичик шаҳарлар ривожини таъминловчи масжиду мадраса, хонақоҳ-работ, ҳаммомлар, карвонсаройлар бунёд этилган. Бу давр шаҳарларининг режавий тузилишида кўчаларнинг аҳамияти катта бўлган. Деярли барча шаҳарлардаги кўчалар шаҳар бозорларида кесишган бўлиб, улар шаҳар дарвозаларидан бошланган.
Тадқиқот натижалари қуйидаги таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш имконини берди:
- Ўзбекистонда тарихий шаҳарлар ҳақидаги уч тилдаги (ўзбек, рус, инглиз) буклетларни янада такомиллаштириш ички ва ташқи туризм ривожига хизмат қилади;
- катта ва кичик шаҳарлардаги мавжуд музей ва музей-қўриқхоналарда тарихий шаҳарларга бағишланган бўлимлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ;
- олий таълим талабалари учун шаҳарлар тарихининг қадимги даврлардан бугунги кунгача бўлган даврини қамраб олувчи ўқув қўлланмалари ва дарсликлар яратиш;
- тарихий шаҳарларда мавжуд бўлган тарихий-маданий обидалар, зиёратгоҳлар ва қадамжоларни реконструкция қилиш ҳамда асраб-авайлашга маҳаллий ҳокимият мутасаддилари эътиборини янада кучайтириш.


Download 407 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   21




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling