Қарши давлат университети


ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ


Download 393 Kb.
bet8/16
Sana15.06.2023
Hajmi393 Kb.
#1477686
TuriДиссертация
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   16
Bog'liq
автореф 10.05.2023

ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ
Кириш қисмида тадқиқот мавзусининг долзарблиги ва зарурати асослаб берилган, мақсади ва вазифалари аниқлаштирилиб, объекти ва предмети белгилаб олинган. Ишнинг Ўзбекистон Республикаси фан ва технологиялари ривожланишининг устувор йўналишларига мослиги кўрсатилиб, илмий янгилиги ва амалий натижалари кўрсатиб берилган. Олинган натижаларнинг ишончлилиги, назарий ва амалий аҳамияти ёритилган. Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий қилиниши ва унинг апробацияси, ишнинг ҳажми, тузилиши, эълон қилинган ишлар бўйича маълумотлар келтирилган.
Диссертациянинг “Ўзбекистонда тарихий-меъморий ёдгорликларни сақлашга оид давлат сиёсатининг моҳиятидеб номланган биринчи бобида совет даври ва мустақиллик йилларида Ўзбекистонда тарихий маданий ёдгорликларга бўлган муносабат ҳамда истиқлол даврида уларда туризм соҳасини ривожлантириш масалалари ҳақида сўз юритилади.
Ушбу бобнинг “Совет даврида Ўзбекистондаги тарихий-маданий мерос объектларига бўлган муносабат” деб номланган биринчи параграфида Ўзбекистонда, хусусан Қашқадарё вилоятида бу даврда тарихий-маданий ёдгорликларнинг ҳолати, уларни ҳимоя қилиш иши тадбирлари ҳақида сўз боради.
Ўзбекистонда ёдгорликларни муҳофаза этиш, асосан ХХ асрнинг 20-йилларидан бошланган. 1921 йилнинг 22 майида Туркистон АССР ХКСнинг декретига мувофиқ, Маориф халқ комиссарлиги ҳузурида Музей ишлари, қадимги ёдгорликлар, санъат ва табиатни муҳофаза этиш Туркистон қўмитаси (Турккомстарис) ташкил этилди. Қўмитанинг дастлабки фаолияти асосан меъморчилик обидалари, маданият ва тарихий ёдгорликларни ўрганиш иши билан боғлиқ бўлди. У 1923 йилдан Средазкомстарис46 номи билан ташкил этилиб ва ўз фаолиятини давом эттирди47.
Қашқадарё вилоятида 1920 – 1930 йилларда мавжуд тарихий ёдгорликлардан 602 таси археологик, 192 таси меъморий ва шаҳарсозлик билан боғлиқ маданий обидалардан иборатлиги қайд этилган48. Жумладан, улардан бири – Қиличбой мадрасаси Қарши шаҳри ва унинг атрофидаги 1920 йилларгача мавжуд бўлган 49 та мадрасанинг энг кичиги ҳисобланади. Бу обида 1925 йилда Советлар даврида ГУПВнинг махфий идорасига айлантирилган49.
Амир Темур ва темурийлар даври меъморий обидалари тарихи билан боғлиқ, 1927 йилда Шаҳрисабз тарихий-меъморий ёдгорликлари Б.Н.Засипкин, 1930 йилларда Я.Ғ. Ғуломов, Т. Мирғиёсов, С.К. Кабановлар50 томонидан тадқиқ этилган. 1942 йилда М.Е. Массон, Г.А. Пугаченкова51, В.Л. Воронина52, 1948 йилда эса О.А. Сухарева Шаҳрисабзнинг маҳаллалари, гузарлари ва тарихий топографиясини ўрганган53.
1949 – 1954 йиллар давомида Шаҳрисабздаги Кўкгумбаз масжидида салмоқли капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, таъмирлашга жами 234 минг рубль ажратилган, шу маблағ ҳар битта объектга 74 минг рубльдан қилиб, бўлиб таъмирланган. Кўкгумбазни тамирлашга Холмат Ҳошимов ишчи гуруҳи жонбозлик кўрсатди. Шунингдек, Шоди Тўраев, Даврон Абдураҳмонов каби усталар меҳнат қилган54.
1945 – 1947 йилларда Ўзбекистон ССР ҳукумати меъморий обидаларни, қадамжоларни тиклаш ва таъмирлаш учун давлат бюджетидан 1 млн. 800 минг рубл миқдорида маблағ ажратди. Таъмирлаш ишлари учун режалаштирилган диний муассасаларнинг 22 таси мадраса, хонақоҳ ва мақбаралардан иборат бўлган55. Жумладан, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри марказида жойлашган Оқсарой ёдгорлигига 50 минг рубл маблағ сарфланди56.
1969 йил 27 июнда Қарши шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон тарихий ва маданий ёдгорликларини муҳофаза қилиш”га бағишланган II конференцияда ушбу жамият Қашқадарё вилоят Советининг раиси М.С.Самадовнинг ҳисоботида вилоятнинг деярли барча шаҳар ва туманларида тарихий ва маданий ёдгорликларни сақлаш жамиятининг бўлимлари ҳамда уларнинг бошланғич ташкилотлари тузилганлиги кўрсатиб ўтилган57.
1985 йил ҳолатига кўра, Қашқадарё вилояти бўйича 74 та (20 таси бюст) В.И.Ленин, 17 та К.Маркс ва Ф.Энгельс, Октябрь тўнтариши раҳнамоларига бағишланган ёдгорликлар рўйхати берилгани ҳолда, республика бўйича атиги 6 та тарихий-археологик ёдгорликлар рўйхати берилган58.
1988 йилда ёдгорликларни муҳофаза қилиш ишларини тарғиб қилиш мақсадида маҳаллий радио ва телевидениеда 47 та кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрланди59. Хусусан, Ёдгорликларни ташвиқот қилиш ва ободонлаштириш ойлигини муваффақиятли ўтказайлик, Тарихий ва маданий ёдгорликлар – халқ бойлигидир ҳамда Ёдгорликларни муҳофаза қилиш – умумхалқ иши номли мавзуларда радиоэшиттиришлар ана шулар жумласидандир60.
Хуллас, Совет даврида тарихий-маданий мерос ёдгорликларини сақлаш ва қайта таъмирлаш бўйича ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилган. Лекин кўплаб тарихий-меъморий обидалар қаровсиз ҳолатга тушиб қолган эди.
Мазкур бобнинг иккинчи параграфи “Ўзбекистонда маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ҳамда уларда туризм соҳасини ривожлантириш имкониятлари” деб номланган.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида буюк давлат ва жамоат арбоблари, улуғ алломалар, қадимий шаҳарлар юбилейлари билан ҳамоҳанг равишда тарихий-меъморий обидаларни таъмирлаш, қайта тиклаш соҳасида ҳам улкан ишлар амалга оширилди.
Маданият ишлари вазирлиги қошидаги Ёдгорликларни сақлаш бош бошқармаси томонидан 1992 йилда Маданий меросни асраш тўғридаги қонун ишлаб чиқилди61 ва ЎзНИПИ институти ва “Меъмор” таъмирлаш уюшмасига таъмирлаш ва тиклаш ишлари юклатилди62.
Ўзбекистонда соҳани ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этиб борилди. 1995 йили “Архитектура ва шаҳарсозлик” бўйича қонун қабул қилинди. Ушбу янги қонунга мувофиқ тарихни, маданий бойликларни, иқлимни, ҳудудимизга хос бўлган ҳолатларни эътиборга олган ҳолда 148 та миллий-давлат “Қурилиш меъёрлари ва қоидалари” ишлаб чиқилди ва ҳаётга татбиқ этиб борилди. Тарихий ва маданий ёдгорликлар Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлари билан ҳуқуқий муҳофазага олинган63.
1996 йил апрель ойида Ўзбекистон “Бутунжаҳон маданият ва табиат меросини сақлаш конвенцияси”га қабул қилинди. Мазкур конвенциянинг умуминсоний аҳамиятга эга бўлган бойликларини ҳисобга олиш “Бутунжаҳон мероси рўйхати”га 1996 йил июнь ойида республиканинг 22 та тарихий ёдгорлиги рўйхати юборилди64. Ўзбекистон Республикаси ЮНЕСКО ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида65 Хивадаги Ичан қалъа қўриқхонаси (1990) ҳамда Бухоронинг тарихий марказида (1993) жойлашган ёдгорликлар, Шаҳрисабз шаҳридаги Амир Темур ва темурийлар меъморий ёдгорликлари (2001) ва Самарқанд шаҳри марказидаги тарихий ёдгорликлар (2002) Халқаро жаҳон маданий мероси қўмитаси рўйхатига 13 та машҳур ёдгорликлар сифатида киритилди66.
Мустақиллик йилларида Қарши шаҳрининг ёшини аниқлаш мақсадида қатор саъй-ҳаракатлар олиб борилди. 1999 йил апрель ойида “Қадимий Қарши, Ўрта Осиё шаҳарсозлиги ва маданияти тарихи” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Шаҳар ёшини аниқлаш бўйича Ерқўрғон шаҳар харобасида таниқли қадимшунос олим Рустам Сулаймонов раҳбарлигида археологик экспедиция илмий-тадқиқот ишларини олиб борилди, “Қарши – Навтақ” жамғармаси тузилди67.
2001 йил 30 августда “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди. Миллий қонунчилик тизимидаги ушбу ижобий ўзгариш соҳада жадал суръатлар билан иш юритиш ва республикада мавжуд маданий мерос объектларини ҳисобга олиш, уларнинг техник ҳолатидан келиб чиққан ҳолда барча имкониятларни ишга солиб, қурилиш-таъмирлаш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратди68.
2002 йил 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 269-сонли қарори қабул қилинди69.
Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида жами 1321 та моддий-маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, шундан 1043 та археология, 210 та архитектура, 43 та монументал, 35 та диққатга сазовор жойлар мавжуд70.
Маълумки, Ўзбекистонда мавжуд тарихий обидаларнинг 411 таси ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Ислом маданияти обидаларини асраб-авайлаш ва тарихий обидаларга бой давлат сифатида Ўзбекистон 9-ўринни эгаллаб турибди71. Маданий тарихий аҳамиятга эга бўлган объектлардан 545 таси архитектура, 575 таси тарихий, 1457 таси санъат ва 5500 дан ортиғини археологик объектлар ташкил этади72.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2013 йил 1 ноябрда тасдиқланган 2013 – 2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури бу ишларнинг узвийлигини таъминлайди73. Мазкур дастурга асосан умумий қиймати 2 миллиард 98 миллион долларга тенг 555 лойиҳа амалга оширилди74. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 июлда Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникациясини ривожлантириш дастури асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилди75.
Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 19 декабрдаги “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти ва ҳудудларда унинг бошқармалари ташкил этилган. Шунингдек, 2019 – 2021 йилларда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, илмий тадқиқ этиш, тарғиб қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тубдан такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” ҳам тасдиқланган76.
Хуллас, мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб тарихий-маданий меросни асраш, сақлаш ва тарғиб қилиш ишлари изчил олиб борилиб, бу ишларнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди. Тарихий ёдгорликларни таъмирлаш ва сақлаш ишлари давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Бунда маҳаллий ва хорижий тажрибалардан фойдаланилди. Бундан ташқари тарихий-маданий ёдгорликларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам салмоқли ишлар олиб борилди.
Диссертациянинг иккинчи боби “1991 – 2021 йилларда Қашқадарё вилояти тарихий-меъморий объектларини таъмирлаш ва қайта тиклаш тадбирлари” деб номланиб, унда мустақиллик йилларида Қарши ва Шаҳрисабз воҳаларида тарихий маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилган тадбирлар ҳақида сўз юритилган.
Иккинчи бобнинг биринчи параграфи “Қарши воҳаси тарихий-маданий мерос объектларининг таъмирланиши ва қайта тиклаш ишларининг олиб борилиши” деб номланган.
Мустақиллик йилларида Қарши шаҳрида ҳам тарихий ёдгорликларни ўрганиш, таъмирлаш ва тиклаш имконияти пайдо бўлди. Шаҳар тарихий обидалари асосан тарихий шахслар ва шаҳарнинг 2700 йиллик юбилейи муносабати билан таъмирланди.
1994 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлаш тўғрисида қарори қабул қилинди77. Шу муносабат билан 1995 йилнинг 29 март куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида Амир Темурнинг воҳа аҳолиси тарихида тутган ўрнини ўрганишга бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда вилоят маданий-маърифий соҳаси вакиллари, тарихчи олимлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Қиличбой мадрасаси 1996 йилда таъмирланиб, 2001 йилнинг 30 июнидан эътиборан вилоят ҳокимининг қарори билан мадраса биноси Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамғармаси Қашқадарё вилоят бўлимига фойдаланиш учун берилди78.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 декабрдаги қарорининг 5-бандига асосан вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Амир Темур номи билан боғлиқ обидалар ва қадамжоларни таъмирлаш, консервациялаш ва ободонлаштириш тадбирлари белгиланди79. ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1996 йилда Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарорига асосан 1995 йил 26 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “1996 йилни “Амир Темур йили” деб эълон қилиш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди80.
1995 – 1996 йилларда Қарши шаҳрида жойлашган Кўкгумбаз жоме масжидида ҳам таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ёдгорликнинг атрофлари ободонлаштирилди. Асосан, иншоотнинг ташқи қисми кошинлари қайта тикланди, ички қисмида ҳам безак ишлари амалга оширилди. Бунда Олим Рўзиев, Исмоил Исмоилов каби моҳир усталарнинг хизматлари беқиёс бўлди81.
БМТнинг халқаро ЮНЕСКО ташкилоти Бош конференцияси 32-сессияси Қарши шаҳарсозлик маданиятини ҳам эътироф этиб, унинг 2700 йиллигини улкан байрам сифатида нишонлаш ҳақида карор қабул қилди82. ЮНЕСКО ташкилоти иштирокида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 29 сентябрда “Қарши шаҳрининг 2700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва кенг кўламда тадбирлар режаси белгиланиб, бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди.
Қарши шаҳрининг 2700 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича белгиланган тадбирлар, Амир Темур таваллудининг 670 йиллиги, мустақилликнинг 15 йиллиги арафасида вилоят марказида йирик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, кўплаб иншоотлар таъмирланди. Шаҳардаги 30 тадан ортиқ юбилей объектларида, хусусан, 10 та тарихий обидада қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, Кўкгумбаз, Одина, Чармгар масжидлари, Бекмир ва Абдулазизхон мадрасалари, Қашқадарё кўприги ва бошқа қатор ёдгорликларнинг қадимий меъморчилик услублари асосида қайта тиклангани шаҳримиз қиёфасини янада кўркамлаштириб юборди83.
Қаршидаги Кўкгумбаз масжиди (XVI аср) ўз маҳобати билан ажралиб туради84. Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги олдидан Кўкгумбаз жоме масжиди таъмири учун давлат томонидан 2 млрд. 900 млн. сўм ажратилди85.
Қарши шаҳри юбилейи муносабати билан таъмирланиб қайта тикланган “Сардоба” ва “Одина” мажмуаси атрофида кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Қурилиш ишларида иштирок этган соҳа мутахассисларининг эътирофича, “Бухоробунёдкортаъмир” МЧЖ га қарашли фирмасининг 50 нафар ишчиси 2005 йилнинг октябрь ойида Қарши шаҳридаги мазкур мажмуада қурилиш ишларини бошлаб юборишди. Мазкур мажмуада 150 нафардан ортиқ ишчилар меҳнат қилишди. Бу маскандаги таъмирлаш ишларининг тендер баҳоси 1 млрд 250 млн сўмни ташкил этган. Обидани таъмирлаш учун 30 нафар хоразмлик ишчилар тинимсиз меҳнат қилишди. Бу ерга эса 50 млн сўмдан ортиқ маблағ сарфланди86.
Вилоят ҳокимининг 2007 йил 18 октябрдаги Х-243/10-сонли “Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари кунини белгилаш ва нишонлаш тўғрисида”ги, Қарши шаҳар ҳокимининг 2007 йил 19 октябрдаги Х-623/10-сонли “Қарши шаҳри кунини белгилаш ва нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилиниб, ҳар йили 27 октябрь шаҳарда “Қарши шаҳри куни” сифатида жамоатчилик томонидан кенг нишонланиб келинмоқда87.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 1 ноябрдаги “2013 – 2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятдаги ёдгорликларни реставрация қилиш учун 17 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. 2013 йилда бу қарор асосида Қарши шаҳридаги Одина, Бекмир мадрасалари, ўзбек ҳаммоми ва Қарши қалъасида 567 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари олиб борилди88.
Хуллас, ушбу тарихий-маданий мерос объектларининг ҳар бири беқиёс тарихий аҳамиятга эга бўлиб, улар Қарши воҳасининг кўп асрлик ўтмиши, аждодларимизнинг бой маданияти, ақл-заковати, бунёдкорлик салоҳиятидан далолат бериб турибди. Табиийки, тарихимизнинг муҳим қисми бўлмиш ушбу обидаларни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
Мазкур бобнинг иккинчи параграфи “Шаҳрисабз воҳаси тарихий-меъморий обидаларини таъмирлаш ва қайта тиклаш жараёнлари” деб номланади.
Шаҳрисабз шаҳрида 1993 йил 5 январда Амир Темур ва Мирзо Улуғбек номлари билан боғлиқ меъморий ёдгорликлар таъмири бўйича ҳамда Жаҳонгир мирза мақбараси қолдиқларининг гидрогеологик шароитини ўрганиш, уни муҳофаза қилиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди89. Хусусан, Шаҳрисабз шаҳри тарихий-меъморий ёдгорликлари учун ажратилган маблағ 106,4 млн сўмни ташкил этган ва улар Шамсиддин Кулол мақбараси, Кўкгумбаз масжиди, Дорут-тиловат, Гумбази Саййидон мақбараси таъмирига сарфланган90.
1995 йили Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини ташкил қилиш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Унга кўра, 1995 йил декабрь ойига қадар Оқсарой аркини таъмирлаш-консервациялаш ва музейлаштириш тадбирлари белгиланди. Бу ишларга Тарихий ёдгорликларни илмий таъмирлаш Шаҳрисабз корхонаси пудратчи этиб, унга “Ҳисораксувқурилиш” трести ёрдамчи сифатида белгиланди. Қурилиш материалларини сотиб олиш учун 2 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди91.
1995 йилда Кўкгумбаз масжидида 1 миллион 82 минг сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди92. Бундан ташқари Қашқадарё илмий таъмирлаш устахонаси бунёдкорлари эса масжиднинг шимолий ва жанубий айвонларида 8 миллион 310 минг сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини бажарилди93.
1996 йил 18 октябрь куни Шаҳрисабзда Амир Темур ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу маросимда Биринчи Президент Ислом Каримов, вилоят ҳокими Озод Пармонов, Шаҳрисабз шаҳри ҳокими Азим Зайнуддиновлар иштирок этишди. Тантаналар давомида Шаҳрисабз шаҳрига “Амир Темур ордени” топширилди. Шунингдек, майдон атрофидаги Чубин ва Коба мадрасалари таъмирланди. Узунлиги 100 метр, баландлиги эса 16 метр бўлган қалъа девори қайта тикланди94.
2002 йили Шаҳрисабзда шаҳарнинг 2700 йиллиги тадбирларига тайёргарлик давомида Хива, Самарқанд, Бухоро ва Қўқон шаҳарларидан келган энг моҳир усталар шаҳардаги қадимий обидаларда таъмирлаш ва мустаҳкамлаш ишлари олиб боришди. Жумладан, Оқсарой меъморий обидасида 119 миллион сўмлик иш бажарилиб, уни Шаҳрисабздаги “Мерос” ҳиссадорлик жамияти усталари амалга оширди95.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралдаги “Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорига биноан қисқа фурсат ичида шаҳарда 20 та тарихий-маданий мерос объектлари қайтадан таъмирланди96. Мазкур қарорга мувофиқ, ҳудудни меъморий режалаштириш, қиёфасини яхшилаш мақсадида 36 та объектда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Хусусан, Оқсарой мажмуасини Дорут-тиловат ва Дорус-саодат мажмуалари билан бирлаштирувчи хиёбондаги одам нафасини қайтарадиган бетон қилинган майдонлар ўрнида гулзорлар билан ўралган яшил ҳудуд барпо қилинди97.
Хуллас, Кўҳна Шарқ меъморий дурдоналари ҳисобланган обидалар, миллий меъморий ёдгорликларни янада обод қилиш, сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида янги уй-жойлар, савдо мажмуалари, маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Диссертациянинг учинчи боби – “Воҳада тарихий зиёратгоҳлар ва йирик масжидларда олиб борилган таъмирлаш, тиклаш ва ободончилик жараёнлари” деб номланиб, бу бобда Қашқадарё вилояти зиёратгоҳ, қадамжолари ва йирик масжидларида олиб борилган тиклаш ва таъмирлаш ишлари баён этилган.
Учинчи бобнинг биринчи параграфи “Қашқадарё вилояти зиёратгоҳ ва қадамжоларни таъмирлаш, тиклаш ва ободонлаштириш тадбирлари” деб номланади.
Тарихчи олим А.Чориев Қашқадарё вилоят ҳудудида сакланган тарихий обидалар ва зиёратгоҳ қадамжоларнинг умумий сонини 78 та кўрсатиб, энг қадимийси IX – XII асрлар, аксарияти XVI ва XIX асрлар меъморий ёдгорликлари ташкил этишини қайд этади98. Мустақиллик йилларида xалқнинг маънавияти, ўзлиги қайтиши билан мазкур зиёратгохлар нафақат туризм, балки тарихий-маданий мерос объектига айлантирилиб, уларнинг ҳар бири давлат рўйхатига олинди. Масалан, 1992-1993 йилларда Шаҳрисабз тумани Мўминобод кишлоғида Саъд ибн Абу Ваққос номи билан боғлиқ рамзий қадамжо99, 1994 йилда Мири Жанди ота мажмуасида, 1995-1996 йилларда Шаҳрисабздаги Темурийлар даври ёдгорликларида таъмирлаш ва экспедиция ишлари олиб борилди100.
1992 йил бошларида Абу Убайда ибн Жарроҳ зиёратгоҳи ва унинг йиллар бўйи ташландиқ ётган қабристонида 29 март – Хотира куни муносабати билан ободонлаштириш, ёдгорлик ташқи қисмида таъмирлаш ишлари олиб борилди101. 2000 йилда зиёратгоҳ қайтадан таъмирланиб, атрофи обод этилган ва устига мақбара қурилган102. 2008-2010 йилларда мажмуада Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан бюджетдан ажратилган маблағ эвазига, ҳамда Республика темир йўл компанияси хомийлигида зиёратгохда катта ободонлаштириш ва қайта реставрация ишлари олиб борилган103. Қашқадарё вилоят ҳокимининг 2012 йил 7 мартдаги Б-1-02/60-сонли “Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ тарихий мажмуасини асраш ва ундан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Қарши шаҳридаги тарихий масканнинг обод этилишига олиб келди104. Мазкур мажмуани таъмирлаш учун 4,5 млрд сўм маблағ ажратилди105.
Қусам Шайх мажмуасини обдон ўрганиш ҳамда мажмуани таъмирлаш бўйича 1988 йилда Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги томонидан тегишли маблағ ҳам ажратилди. Шундан келиб чиқиб, воҳада “Обидаларни илмий таъмирлаш ва ишлаб чиқариш” корхонаси ташкил этилди. Қусам шайх мажмуасида шу йили таъмирлаш ишлари амалга оширилди106.
Ёдгорлик марказида Қусам Шайх ҳазратларининг мақбараси, зиёратхона ва икки кичик даҳма, унинг олдида тўққиз гумбазли масжид жойлашган. Мажмуа ҳовлисида кейинчалик қурилган масжид ва аввалги даврга оид қудуқ, ҳовуз жойлашган107. 1990-1995 йилларда Қусам Шайх мажмуаси қайтадан таъмирланиб, масжид олдидан Севинч ота, Мансур Муҳаммад ҳамда Исҳоқ ота мақбараларига йўлакчалар қурилган. Қарши шаҳрининг 2700 йиллик тантаналари олдидан Қусам шайх мажмуасининг ички қисми ва ташқи деворлари таъмирланди108.
“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг вилоятдаги ижросини таъминлашда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан вилоят ҳокимининг 2006 йил 12 июлдаги Х-1997-сонли қарорининг биринчи иловасидаги тадбирлар режасида Лангар ота мақбарасини капитал таъмирлаш 2007 йилда Қамаши тумани ҳокимлиги маблағи ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган. Вилоят Кенгашининг депутати Чоршанби Рўзибоевнинг бу масаладаги ташаббуси, хусусан Лангар ота тарихини тиклаш, бу табаррук қадамжодаги обидаларни таъмирлаш, ушбу зиёратгоҳ тарихини холисона ёритиш борасидаги таклифлари инобатга олинди109.
2008 йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида “Тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва қадамжоларда ҳамюртларимиз ва сайёҳларга хизмат кўрсатишни янада яхшилаш” мавзусида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ушбу масалага масъул бўлган вазирлик қўмита, ташкилот ва идоралар олдига қўйилган вазифалар аниқ белгилаб берилди.
Лангар ота зиёратгоҳи аждодларимиз буюк тафаккур ва юксак дид соҳиби бўлганликларининг яна бир исботидир. 2013 – 2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш Дастурига мувофиқ мазкур қадамжода кенг кўламли реставрация ишлари олиб борилди110. 2020 йилда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Лангар ота зиёратгоҳида бўлиб, ушбу муқаддас қадамжони янада обод қилиш бўйича тегишли кўрсатмалар берган эди. Шундан сўнг ишлар жадаллашиб, масжидни таъмирлаш учун хайрия акцияси эълон қилинди111.
Mамлакат Президентининг 2021 йил 9 февралдаги Фармонига мувофиқ вилоят ҳокимлиги ҳузурида бюджетдан ташқари Қашқадарё ҳудудида туризмни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ва унга Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 200 миллиард сўм миқдоpида маблағ ажратиш вазифаси кўйилди112.
Китоб тумани Хўжа Илмкон қишлоғида Имканагий зиёратгоҳи гавжум гўшалардан бирига айланган, ҳатто сайёҳларнинг қадами узилмас эди. Айниқса, 2010 йили Хўжа Имканагийнинг 500 йиллиги муносабати билан Китоб туманининг ўша пайтдаги ҳокими Узоқ Худойқулов раҳбарлигида 2010-2012 йилларда зиёратгоҳ обод қилинган эди113.
Касби туманидаги Султон Мир Ҳайдар ота зиёратгоҳида 2010 – 2011 йиллар мобайнида ҳашар йўли билан 2,5 миллиард сўмлик ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Мажмуага бориладиган 25 метр кенгликдаги 2,5 километрлик йўл очилиб, асфальтланди. Мажмуада капитал реконструкция ишлари давомида 301 миллион сўмлик иш бажарилди114. 2015 йили Султон Мир Ҳайдар мажмуасида бунёдкорлик ишлари қизғин давом этилиб, қарийб 1 миллиард сўм ўзлаштирилди115.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 1 ноябрдаги “2013 – 2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятдаги ёдгорликларни реставрация қилиш учун 17 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. 2013 йилда бу қарор асосида Қарши туманидаги Имом Мўъийн Насафий мажмуаси ва Хожа Шамсиддин Ҳалвоний мақбарасида, Қамаши туманидаги Ўғлонжон ота мақбарасида, Касбидаги Султон Мирҳайдар мажмуасида 567 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жорий йилда Қарши туманидаги Имом Мўъийн ан-Насафий мажмуасида 1 миллиард сўмлик иш бажарилиши мўлжалланган бўлиб, айни пайтда 168 миллион сўм маблағ ўзлаштирилди. Шунингдек, Касбидаги Султон Мирҳайдар, Косондаги Кусам Шайх, Қамашидаги Лангар ота мақбараси ва масжиди ва Яккабоғдаги Тезоб ота масжидида ҳам жорий йилда реставрация ишларини якунлаш кўзда тутилган ва бунинг учун 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди116.
Хуллас, мазкур соҳадаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, маънавиятнинг тарихий илдизларидан далолат берувчи обидалар диққатга сазовор объект сифатида туристик маршрутга киритилмаган. Бу жойларга фақат шу яқин жойда яшовчи маҳаллий аҳоли зиёратга боради. Бунинг учун шу жойларнинг тарихини аниқлаш, китоблар, йўл кўрсатгичлар нашр килиш ва аҳоли орасида реклама қилиш орқали бу жойларда туризм салоҳиятини ривожлантириш мумкин бўлади.
Ушбу бобнинг иккинчи параграфи “Вилоят ҳудудидаги йирик масжидларда амалга оширилган тиклаш, таъмирлаш ва обод қилиш жараёнлари” деб номланади.
Мустақиллик туфайли ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, улар қолдирган бой маданий меросни ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди117.
1992 йилда вилоят бўйича ёдгорликларни таъмирлаш учун атиги 700 минг сўм ажратилди. Жумладан, Касби туманидаги Тўра масжиди ҳам бу даррда қаровсиз ҳолатда бўлиб таъмирга муҳтож эди. Ушбу масжид маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан дастлабки даврда муҳофазага олиниб, атрофлари ободонлаштирилди118.
Яккабоғ туманидаги жойлашган тарихий ёдгорликларда тиклаш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 1992 йилда Тоторгузардаги Ғишт масжиди ва 1996 йилда Ёдгор Валламий мадрасаси таъмирланди119. Ёдгор Валламий мадрасасида 1988 йилда Ўзбекситон Республикаси тарихий обидаларни рўйхатга олиш ходимлари ва археолог олимлар бир муддат тадқиқот олиб бориб, иншоот остидаги ғиштлар XII асрга, юқори қисмидаги ғиштлар XVIII асрда тегишли эканлигини аниқлаган эди120.
1994 йили Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан Шаҳрисабз шаҳридаги Кўкгумбаз ва Ҳазрати Имом масжидлари тўлиқ таъмирланди121. Мирзо Улуғбек таваллуди муносабати билан кўҳна Кешда у қурдирган Кўкгумбаз, Ҳазрати Имом масжидлари тўлиқ таъмирланди122.
Шунингдек, Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Қарши тумани ҳудудидаги Кахлак қишлоғида жойлашган “Чоргумбаз” масжиди, Яккабоғ тумани ҳудудидаги “Тезоб” масжиди илмий жиҳатдан ўрганилиб, тузатиш, таъмирлаш ва консервация ишлари Маданият ишлари вазирлиги томонидан амалга оширилди123. Бундан ташқари, Яккабоғ қўрғони ҳудудидаги Шайх Ёдгор Валламий мадрасасини таъмирлаш ишлари ҳам 1995-1996 йиллар иш режасига киритилиб, таъмирлаш ишлари олиб борилди124.
Қарши шаҳрининг 2700 йиллик юбилейи олдидан шаҳарда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шаҳар тарихий обидалари орасида XVI асрда бунёд этилган Кўкгумбаз жоме масжидининг алоҳида ўрни бор. 2005-2006 йилларда Кўкгумбаз меъморий мажмуаси кайта таъмирланди ва ҳозирги кўринишдаги асл қиёфасига эга бўлди. Ушбу хайрли ишларни Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Намангандан келган 155 нафар тажрибали курувчи ва моҳир ҳунарманд-усталар бажаришди. Натижада бу ерда баландлиги беш метр бўлган ва бутун ҳовли атрофини эгаллаган улкан айвон қурилиши тугалланди. Кўкгумбаз масжиди ва янги айвонни наманганлик таниқли қурувчи Тоҳиржон Зарифбоев бошчилигидаги усталар амалга оширишди125.
2006 йилда Қашқадарё вилоятида 178 та жоме масжиди фаолият кўрсатди. Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги юбилейи олдидан йигирмадан ортиқ жоме масжиди қайтадан таъмирланди126. 2006 йилда мукаммал таъмирланган Чоргумбаз жоме масжидида косонлик мусулмонлар ҳайит ва жума намозларини адо этишлари учун барча шароитлар яратилди127.
Қарши шаҳрининг 2700 йиллик байрами шарофати шаҳардаги Кўкгумбаз, Одина, Хўжайи Жарроҳ, Хонақоҳ, Наво, Қумқишлоқ, Косон туманидаги Чоргумбаз, Муборак гуманидаги Муборак ал-Марвазий, Деҳқонобод туманидаги Танга ором, Чироқчи туманидаги Абу Бурҳониддин, Яккабоғ туманидаги Fуржоб, Шаҳрисабз туманидаги Ҳазрати Имом каби қарийб 20 дан зиёд жоме масжидлари қайтадан таъмирланди. 2011 йилда яна 40 тага яқин жомеъ масжидларида таъмирлаш ишлари олиб борилди128.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 1 ноябрдаги “2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятдаги ёдгорликларни реставрация қилиш учун 17 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. 2013 йилда бу қарор асосида Китоб туманидаги “Хўжа илм кони” мадрасаси 300 миллион сўм маблағ эвазига реставрация қилинди. Шунингдек, Касбидаги Султон Мирҳайдар, Косондаги Кусам Шайх, Қамашидаги Лангар ота мақбараси ва масжиди ва Яккабоғдаги Тезоб ота масжидида ҳам жорий йилда реставрация ишларини якунлаш кўзда тутилган ва бунинг учун 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди129.
Хуллас, Қашқадарё вилояти ҳудудида жойлашган тарихий масжидларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу тадбирларда давлат ташкилоти билан биргаликда маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам бирдек фаол қатнашишди.
ХУЛОСА
Қашқадарё воҳасида меъморий обидалар тарихини ўрганиш, таъмирлаш ва қайта тиклаш (1991 – 2021 йй.) борасида амалга оширилган жараёнлар ўрганилиб, қуйидаги асосий хулосаларга келинди:
1. Қашқадарё вилоятидаги маданий мерос объектларини сақлаш ва таъмирлаш соҳасида истиқлолнинг дастлабки йилларида эришилган ютуқлар билан бир қаторда, талай муаммолар ва камчиликлар ҳам мавжудлиги аниқланди.
2. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бош илмий-ишлаб чиқариш бошқармаси Қашқадарё вилоят инспекцияси фаолиятида молиявий тақчилликлар кузатилгани ва бу ҳолатлар кадастр ишларига, шунингдек, яроқсиз ҳолатга келиб қолган тарихий-маданий мерос объектларини илмий ўрганишга, таъмирлаш-тиклаш ишларини тизимли ташкил этишга салбий таъсир кўрсатгани аниқланди.
3. Ўрганилган даврда Ўзбекистонда соҳада кадрлар муаммоси, жумладан, қадимий қурилиш-таъмирлаш усулларини ўзлаштирган малакали рақобатбардош реставратор мутахассислар етишмаслиги сезилди.
4. Анъанавий, маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиши камайганлиги ёки бутунлай унутилганлиги сабабли, уларнинг ўрнига цемент, бетон, темир-бетон каби замонавий қурилиш материаллари қўлланила бошланди. Безак ишларида эса кошин ва парчинга бериладиган сирли пардоз ишларида анъанавий усулда эмас, янги минераллар ва кимёвий моддалардан тайёрланган бўёқлар ишлатилиши ўша даврнинг кўзга ташланадиган нуқсонли муаммоларидан ҳисобланган. Бу эса таъмирдан чиқарилган меъморий обидаларнинг табиий ҳолатига салбий таъсир қилди.
5. Меъморий обидаларни таъмирлаш масаласига эътиборсизлик оқибатида, шикастланган ва деформацияга учраган тарихий-меъморий иншоотларда уни чуқур ўрганмасдан, ҳолатини илмий асосламасдан юзаки таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Ёки аксинча, айрим меъморий обидаларда қисман таъмир ишлари, техник мустаҳкамлаш амалиёти талаб этилса-да, уларни тўлиқ таъмирдан чиқариш йўлидан борилган.
6. Юбилейлар муносабати билан қисқа вақт мобайнида амалга оширилган тезкор қайта тиклаш ишлари шуни кўрсатдики, юқори сифатли махсус таъмир материалларини олдиндан жамлаб қўймасдан, таъмирлаш ишларига кераклича вақт ажратмасдан, жаҳон тажрибасидан фойдаланмасдан, ҳудудларда реставрация мактабларини очмасдан туриб таъмирлаш ишларини сифатли ташкил қилиб бўлмайди.
Тадқиқот натижалари қуйидаги назарий, методологик, амалий ҳамда концептуал аҳамиятга эга таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш имконини берди:
1. Республика миқёсида тарихий-меъморий обидаларни таъмирлаш мукаммал замонавий тажриба талаб этаётганлиги сабабли бундай масъулиятли вазифани ўз ишининг юқори тажрибага эга бўлган реставратор моҳир-усталари бажаришига эътибор қаратиш;
2. Вилоятдаги олий ўқув юртларининг “Тарих” йўналиши ўқув режасига “Қашқадарё воҳаси тарихий-меъморий ёдгорликлари таъмири” курсини қўшимча тарзда киритиш.
3. Тарихий-меъморий обидаларни сақлаш, реставрация ва консервация қилиш борасида Қашқадарё вилоятида мавжуд тўпланган тажрибаларни умумлаштириш ва тарғиб этиш мақсадида минтақавий, республика ва халқаро илмий-амалий анжуманларини ташкил этиш.
4. Қашқадарё вилояти тарихий-меъморий меросининг аҳамиятини очиб берувчи ҳужжатли фильмлар яратиш, мавзуга оид кўрсатув ва телерадио кўрсатув ва эшиттиришларни кўпайтириш, рақамли технологиялар асосида обидалар асл кўринишини намойиш этувчи дастурлар тузиш.
5. Диссертация мавзуси бўйича монография яратиш.
6. Тарихий-меъморий ёдгорликларда зиёрат туризмига мос замонавий талаблар асосида инфратузилма яратишга амалий ёрдам бериш.



Download 393 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   16




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling