Бакалаврлар учун
Download 4.54 Mb.
|
ТАРИХИЙ МАНБАШУНОСЛИК китоби
- Bu sahifa navigatsiya:
- 16.2.10. «Рашаҳоту айн ул-ҳаёт»
16.2.9. «Мақомоти хожа Аҳрор»
«Мақомоти хожа Аҳрор» («Хожа Аҳрорнинг ҳаёти») номли асар нақшбандия тариқатининг яна бир йирик намоёндаси, маърифатпарвар ва раиятпарвар инсон хожа Убайдулла Аҳрор Валининг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий фаолиятига бағишланган. Бу китоб эшон буванинг набираси хожа Абдулло томонидан ХVI асрда ёзилган. Хожа Абдулло ёшлигидан бобосининг хизматида бўлган ва мазкур асарида ҳазрат эшондан ўзи эшитган, унинг яқинлари ва мулозимлари, беклар ва амирларнинг оғзидан эшитган, шунингдек Темурийзодалар Султон Аҳмад (1469-1494 йй.) ва Умаршайхдан эшитганларини қунт билан тўплаб китоб ҳолига келтирган. Асарда Ўзбекистон ва у билан қўшни мамлакатларнинг ХV асрдаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётига оид ўта қимматли маълумотлар бор. Китоб нашр этилмаган, унинг қўлёзма нусхалари ЎзР ФА Шарқшунослик институтининг хазинасида сақланмоқда. 16.2.10. «Рашаҳоту айн ул-ҳаёт» «Рашаҳоту айн ул-ҳаёт» («Ҳаёт чашмасидан томчилар», 1503 йили ёзиб тамомланган) хожа Убайдулла Аҳрор ҳақида ёзилган муҳим бир асардир. Асар муаллифи кўпинча ас-Сафий (1453-1513 йй.) тахаллуси билан машҳур бўлган илоҳиёт, ҳадис, тафсир ва адабиёт фанларини чуқур билган олимдир. Унинг тўла исми Фахруддин Али ибн Али ал-воиз ал-Кошифий ал-Байҳақийдир. Асарларидан маълум бўлишича, у Байҳақ (Эрон)нинг ўқимишли хонадонларидан бирига мансуб бўлиб, отаси илоҳиёт, тафсир ва ҳадис илмига оид асарлар ёзган ва Нақшбандия тариқатининг етакчиларидан хожа Убайдулла Аҳрор (1404-1490 йй.), хожа Яҳё ва бошқаларнинг диққат эътиборини қозонган кишидир. Ас-Сафийнинг ўзи хожа Убайдулла Аҳрорнинг муридлари жумласидан бўлиб, унинг котиби лавозимида ишлаган. Хожа Аҳрор вафот этгандан кейин, темурий Султон Ҳусайн хизматига кирган ва унинг воизи бўлиб хизмат қилган. Ас-Сафий турли соҳаларга оид 10 га яқин асар ёзиб қолдирган. Турли латифа ва бадиъаларни ўз ичига олган «Латоиф аз-зароиф» («Зарофатли кишиларнинг латифалари»), «Маҳмуд ва Оёз» достони, ал-кимёга бағишланган «Тухфат ул-хоний» («Хоннинг тухфаси»), «Ҳирз ал-омон мин фатан аз-замон» («Замоннинг зийраклиги билан жодуни қайтарадиган тумор»), «Ахлоқи Муҳсиний», Нақшбандия тариқатининг таълимоти ва унинг йирик намоёндалари ҳаёти ва фаолиятига бағишланган «Усули Нақшбандия» каби асарлар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, ас-Сафий таржимонлик билан шуғулланган. Масалан, у шайх Шиҳобуддин Суҳравардийнинг (ваф.1234 й.) «Уюн ал-ҳақоиқ ва ихоҳ ал-тароиқ» («Ҳақиқатлар булоғи ва тариқатлар изоҳи») китобини арабчадан форс тилига таржима қилган. Бу таржима «Китоб кашф ул-асрори Қосимий» («Қосимий сирларининг кашф этилиши ҳақида китоб») номи билан маълум. Ас-Сафий Шарқда машҳур бўлган «Калила ва Димна» асарини ҳам қайта ишлаган ва унга «Анвори Суҳайлий» («Суҳайл юлдузининг нурлари») деб ном берган. Ўзбекистоннинг ХV аср иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий тарихини ўрганишда ас-Сафийнинг айниқса «Рашаҳот» асари муҳим ўрин тутади. Асар Нақшбандия тариқати машоиъларининг қисқача таржимаи ҳоли ҳамда тариқатнинг йирик намоёндаларидан хожа Убайдулла Аҳрорнинг ҳаёти ва мақомотларини ўз ичига олади. Ас-Сафий ўз асарини ёзишда хожа Муҳаммад Порсонинг «Фасл ул-хитоб», Шиҳобуддин ибн Амир Ҳамза (ваф.1405 й.)нинг «Мақоқоти Амир Кулол», Муҳаммад ал-Бухорийнинг (ХII аср) «Маслак ул-орифин», Мавлоно Муҳаммад қозининг (ваф.1516 й.)нинг «Силсилат ул-орифин ва тазкират ас-сиддиқин» асарларидан фойдаланган. Лекин асарнинг катта қисми, яъни хожа Убайдулла Аҳрорнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги қисми, муаллифнинг шахсий кузатувлари ва сўраб-суриштириб тўплаган маълумотлари асосида ёзилган. «Рашаҳот» қисқача сўз боши-дебоча, кириш-мақола ва уч қисмдан иборат. Сўз бошида мазкур асарнинг ёзилиш сабаблари, муаллифнинг исми шарифи, асарнинг ёзилиб тамомланган вақти, шунингдек, хожа Убайдулла Аҳрорнинг Нақшбандия тариқатига муносабати ҳақида сўз боради. Кириш қисмида Нақшбандия тариқати машойихларининг, хожа Юсуф Ҳамадонийдан то мавлоно Шамсуддин Руҳийгача қисқача таржимаи ҳоли баён қилинган. Асарнинг I-III қисмларида хожа Убайдулла Аҳрор ва унинг фарзандлари, хожа Зикриё, хожа Яҳё, шунингдек, зожа Аҳрорнинг яқин муридларининг ҳаёти ва мақомотлари ҳақида ҳикоя қилинади. «Рашаҳот»нинг биз учун қимматли томони шундаки, унда, айниқса асарнинг учинчи қисмида, Ўзбекистоннинг ХV асрдаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий аволига оид қимматли маълумотлар мавжуд. Хожа Убайдулла Аҳрорнинг ер-сувлари ва бошқа мулки, тамға солиғи, хорижий мамлакатлар билан бўлган савдо-сотиқ алоқалари ва мамлакатда кучайиб кетган ўзаро кураш ва бунда мусулмон руҳонийлари, хусусан хожа Аҳрорнинг иштироки ҳақидаги маълумот ва хабарлар шулар жумласидандир. «Рашаҳот» Ҳиндистонда 1890, 1897 ва 1906 йиллари ҳамда Тошкентда 1911 йили чоп этилган. Асар араб, 1852, 1889 йиллари ҳамда турк тилига 1888 йили таржима қилинган. ХVI-ХVIII асрларда ёзилган мақомотлар ҳам бир талай. Улар ҳам биографик асарлар сирасига киради. Уларнинг кўплари ХVI асрга оиддир. Маҳдуми Аъзам Косонийнинг набираси хожа Абулбақонинг қаоамига мансуб бўлган «Жомиъ ул-мақомоти Маҳдуми Аъзам Косоний» («Маҳдуми Аъзам Косоний мақомотлари мажмуъи»). Муҳаммад Раҳим тарафидан ёзилган «Сирож ус-салокин ва латоиф ул-орифин» («Тўғри йўлдан борувчилар учун чироғ ва доноларнинг лутф сўзлари»). Дўстмуҳаммад ал-Бухорийнинг «Жуйбор ул-асрор» («Кўп ирмоқли манзилнинг сиру асрорлари»). Ҳусайн ибн Мир Ҳусайн Сарахсийнинг «Маноқиби саъдия» («Хожа)Саъднинг мақомотлари»), Муҳаммад Толиб ибн хожа Тожиддиннинг «Матлаб ут-толибин» («Толиблар матлаби») китоби, Бадриддин Кашмирийнинг «Равзат ур-ризвон ва ҳадиқат ул-ғилмон» («Жаннат боғи ва чангалзор маҳрамлари»), ХVII-ХIХ асрларда ёзилган асарлардан Муҳаммад Қосимнинг «Насимот ул-қудс» («Қудсийликнинг майин шабадаси»), Муҳаммад Авазнинг «Зиё ал-қулуб» («Қалблар зиёси»), хожа Ҳошим Кишмийнинг «Зубдат ул-мақомот» («Мақомотлар зубдаси»), Сайид Али Зинданинг «Самарот ул-машойих» («Машойихлар натижаси»), Муҳаммад Тоҳир ибн Муҳаммад Таййиб Хоразмийнинг «Силсилати хожагони Нақшбандия» («Нақшбандия хожаларининг силсиласи») шулар жумласидандир. ХVI-ХVII асрларда яратилган уч-тўрт асарга алоҳида тўхталамиз. Download 4.54 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling