Бакалаврлар учун
Download 1.46 Mb.
|
ТАРИХИЙ МАНБАШУНОСЛИК китоби (2)
11.2.5. “Тарихи Рашидий”
“Тарихи Рашидий” (1544-1546 йилларда Кашмирда ёзилган) машҳур асар муаллифи Бобурнинг кичик холаваччаси Мирзо Муҳаммад Ҳайдар бўлиб, унинг ота-боболари Ўртубу, Пўлодчи, Худойдод, Саид Аҳмад, Сонсиз Мирзо, Муҳаммад Ҳайдар, Муҳаммад Ҳусайн турклашган мўғул уруғларидан дуғлот (мўғулча “доғолот”-чўлоқ) қабиласига мансубдир. Улар Мўғулистон хонлари, Чиғатойлар даврида улусбеги, Кошғар ҳокими лавозимида турганлар. Олимнинг отаси амир Муҳаммад Ҳусайн бир вақтлар Андижонда Умаршайх Мирзо, сўнгра Тошкент ҳокими Султон Маҳмудхон (1487-1508 йй.) хизматида бўлган. У 1495-1503 йиллари ана шу Султон Маҳмудхон номидан Ўратепани идора қилган. 1503 йили Султон Маҳмудхон ва Султон Аҳмадхон Ахси атрофида Шайбонийхон қўшинлари томонидан тор-мор келтирилгани ва асир олинганини эшитиб, амир Муҳаммад Ҳусайн Қоратегинга, ундан Қундуз, сўнг Ҳиротга, Султон Ҳусайн ҳузурига қочиб борди. Муҳаммад Ҳусайн кўп ўтмай Кобулга, Бобур Мирзо ҳузурига келди. 1507 йилги Бобурга қарши фитнада айбланиб, яна Ҳиротга қочиб борди. 1508 йили Шайбонийхоннинг амри билан Муҳаммад Ҳусайн қатл этилган. Муҳаммад Ҳайдар 1500 йили Тошкентда туғилди. Отасининг ўлдирилганидан кейин Муҳаммад Ҳусайнга содиқ кишилар уни бирмунча вақт Бухорода асрадилар, сўнг Бадахшонга олиб бориб қариндоши Султон Увайс Мирзонинг, Хон Мирзо деб аталган, қўлига топширдилар. Муҳаммад Ҳайдар кейинча Кобулга келди ва Бобур хизматида 1512 йилгача бўлди. 1512 йил кузида у Андижонга, Султон Саъидхон ҳузурига келди ва у билан қўшилиб Кошғарга кетиб қолди. Султон Саъидхон кўп ўтмай бу ерда Абубакр дуғлот устидан ғалаба қозонди ва Кошғар ҳамда Ёркандни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Муҳаммад Ҳайдар 1533 йилгача, яъни Султон Саъидхон вафотига қадар, унинг хизматида бўлди. Дастлаб хонзода Абдурашидхонга тарбиячилик-оталик қилди, сўнг йирик ҳарбий бўлинмаларга қўмондонлик қилди ва хоннинг Бадахшон, Лодак, Кофиристон ва Тибет устига қилган ҳарбий юришларида фаол иштирок этди. Отаси ўрнига ўтирган Абдурашидхон (1533-1570 йй.) дуғлот амирларини таъқиб остига олди, уларнинг баъзиларини қатл этди. Буларнинг орасида Муҳаммад Ҳайдарнинг тоғаси Саид Муҳаммад мирзо ва қариндошларининг кўпчилиги бор эди. Тибетда бўлган Муҳаммад Ҳайдар бундан хабар топиб, Бадахшон тарафга қочди ва кўп машаққатлардан кейин Кобулга, Бобур Мирзонинг ўғилларидан Комрон Мирзо ҳузурига келди, сўнг у ердан Аграга, Ҳумоюн подшоҳ ҳузурига борди ва унинг хизматига кирди. Муҳаммад Ҳайдар 1541 йили, Ҳумоюннинг ҳарбий ёрдами билан, Кашмирни бўйсундирди ва у ерда қарийб 10 йил ҳукмронлик қилди. У 1551 йили тоғлик қабилаларнинг бири билан бўлган тўқнашув пайтида ҳалок бўлди. Муҳаммад Ҳайдар замонасининг ўқимишли ва кенг маълумотли кишиларидан эди. Бобурнинг гувоҳлик беришига қараганда, у дурустгина шоир, хаттот, рассом, шунингдек, найза ва камон ясовчи уста бўлган. Муҳаммад Ҳайдарнинг бизнинг замонамизгача икки йирик асари етиб келган. Булардан бири “Жаҳоннома” деб аталиб, эртак тарзида ёзилган. Унинг ягона қўлёзмаси Германиянинг Берлин шаҳри кутубхоналаридан бирида сақланмоқда. Олимнинг иккинчи йирик ва машҳур асари “Тарихи Рашидий”дир. Китоб икки қисм, давтардан иборат бўлиб, биринчи қисмида Мўғулистон халқларининг тарихи Туғлуқ Темур (1348-1363 йй.)дан то Абдурашидхоннинг тахтга ўтиргани (1533 й.)гача бўлган даврни ўз ичига олади. Асарнинг биринчи давтари турли нақл-ривоятлар, шунингдек, Ёқут Ҳамавийнинг “Мўъжам ул-булдон”, Жувайнийнинг “Тарихи жаҳонкушой”, Рашидуддиннинг “Жомеъ ут-таворих”, Жамол Қаршийнинг “Мулҳақот ус-суроҳ”, Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Мирзо Улуғбекнинг “Тарихи арбаъ улус” ва ниҳоят, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъ ус-саъдайн” китобларидаги маълумотлар асосида ёзилган. Лекин унда ҳам Марказий Осиёнинг ХIV-ХV асрлардаги ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид янги, асл нусхада бўладиган маълумотлар кўп. Қолаверса, биринчи дафтар Кошғар, Қозоғистон, шунингдек, Мовароуннаҳр ва Туркистоннинг ХIV-ХVI аср бошларидаги сиёсий тарихини мукаммал қамраб олиши билан қимматлидир. Иккинчи дафтар биринчисидан кескин фарқли ўлароқ, эсдалик, хлтиралар тарзида ёзилган бўлиб, Кошғар, Мовароуннаҳр, Афғонистон ҳамда Шимолий Ҳиндистоннинг ХVI асрнинг биринчи ярмидаги тарихини ўрганишда асосий ва қимматли манбалардан ҳисобланади. Муҳаммад Ҳайдар ва унинг “Тарихи Рашидий” асари ўтган асрнинг ўрталаридан бери илмий жамоатчиликнинг диққат-эътиборини жалб этиб келади. Унинг айрим қисмлари уйғур, ўзбек ва рус тилларига таржима қилинган. Асарнинг қисқартирилган инглизча таржимаси бўлиб, 1895 йили Лондонда нашрдан чиққан. Тўла русча таржимаси сўз боши ва зарур изоҳлар билан, 1996 йили Тошкентда чоп этилган. “Тарихи Рашидий” асарининг қўлёзмалари Санкт-Петербург, Тошкент, шунингдек, кўпгина хорижий мамлакатларнинг кутубхоналарида сақланмоқда. Download 1.46 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling