2.2.1-расм. Минтақа хизматлар кўрсатиш бозори таркиби.
Мана шу юқорида кўрсатиб ўтилган хизматлар бозори бўйича Қорақалпоғистон Республикасининг сўнгги беш йиллик даврдаги кўрсаткичларини таҳлил қилиб чиқадиган бўлсак, хизматлар соҳасининг жамият ва иқтисодиётда тутган ўрни қанчалик муҳимлигига яна бир карра амин бўламиз. Чунончи, бу хизматларнинг жами ҳажми, аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми, бу хизматларни кўрсатишда корхона ва ташкилотларнинг улуши, хизматлар соҳасидаги нархлар индекси (2.2.1-жадвал) бизга бу соҳанинг қандай ривожланганлиги, унинг иқтисодий ривожланиш даражаси билдирувчи барометр вазифасини қандай ўташи ҳақида маълумот беради.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари томонидан 2016 йилда кўрсатилган жами хизматлар ҳажми 2 949,0 млрд сўмни ташкил этган бўлса, кейинги йилда 661,9 млн сўмга ёки 22,4 % га ўсиш кузатилиб, жами 3 611,0 млрд сўмлик хизматлар кўрсатилган. Бу кўрсатилган хизматлар ҳажмини аҳоли жон бошига ҳисоблаб чиқадиган бўлсак, у ҳолда базис йилида аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми 1 718,0 минг сўмга тенг келган бўлса, 2017 йилда аҳоли жон бошига 1 974,0 минг сўмлик хизматлар кўрсатилишига эришилган.
Бу хизматларни кўрсатишда кичик бизнес субъектлари ичида юридик шахс мақомида фаолият юритган корхона ва ташкилотлар 2016 йилда жами хизматларнинг ярмидан кўпроғини, аниқроқ айтганда 55,7 % ини амалга оширганлар. Кейинги 2017 йилда эса корхона ва ташкилотларнинг кўрсатган хизматлари яна 0,4 минг сўмга ёки 0,7 % га ошгандир.
Хизматлар соҳасидаги нархларнинг ўзгариши бутун мамлакатимизда бўлганидек Қорақалпоғистон Республикасида ҳам истеъмол товарлари бозоридагига қараганда бирмунча секинроқ ўсиш тенденциясига эгадир. Бунга сабаб, истеъмол бозорларидаги кундалик товарлар нархи ошганда хизматлар нархининг ҳам оширилиши кичик бизнес субъектлари учун самара бериш ўрнига уларнинг хизматлари қимматлашиб кетиш оқибатида ҳатто банкротликкача олиб келиш хавфи мавжуд бўлганлиги учун хизматлар соҳасидаги кичик бизнес корхоналари нархларни оширишга унчалик тез киришмайдилар, балки, тактик нуқтаи-назардан иш кўриб, истеъмол бозоридаги нарх ўзгаришларининг таъсири вақт ўтиб бироз сусайгандан кейингина бундай ишга қўл урадилар.
2.2.1-жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |